Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Дуо (2)

Ислом мусулмонларни ўз биродарларига ғоибона дуо қилишга чақирди. Бу билан улар ўз алоқаларини мустаҳкамлайдилар, ўзаро дўстликларини давом эттирадилар. Аллоҳ таоло айтди: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтадилар: «Роббим, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин” (Ҳашр: 10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мукаллаф фаришта ўз
биродарига ғоибона дуо қилган ҳар бир мусулмон бандага: “Омин, сенга ҳам шунинг
мислича бўлсин”- дейди”[1].

Ислом дини мусулмонларни сўз ва амалда мўътадил бўлишларига эътибор берди. У
мусулмонларни ўзларига яхшилик қилган кишига яхшилигини эътироф ва у кишининг
фазилатини изҳор этиш билан, дуо қилишга рағбатлантириб, уларга: “Жазокаллоҳу
хойрон”
(Аллоҳ сизга яхши мукофотлар берсин!) дейишни ўргатди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дуони қилган одам, яхшилик қилган
кишини етарлича тақдирлаганини баён қилдилар. Чунки бу одам у қилган ишга лойиқ
нарсани беришдан ожиз эканини изҳор қилиб, уни Қодир Аллоҳга ҳавола қилган
бўлади. Иш бу билан тўхтаб қолмайди. Балки Аршни кўтарувчи ва Арш атрофидаги
фаришталар Аллоҳга дуо қилиб, мўъминларнинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб
турадилар. Аллоҳ таоло айтди: “Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги
(фаришталар) Роббиларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни барча айбу
нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтадилар ва У зотга иймон келтирадилар, ҳамда
иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрайдилар: «Роббимиз, Ўзинг
раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас (ширк
амаллардан) тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг
мағфират қил ва уларни дўзах азобидан сақла. Роббимиз, уларни ҳам, уларнинг
ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ-мўмин бўлган
кишиларни ҳам ўзинг уларга ваъда қилган мангу жаннатларга дохил қил. Албатта
Сенинг Ўзинггина қудрат ва ҳикмат соҳибидирсан. Ўзинг уларни барча ёмонликлардан
асра. Кимни ўша Кундаги
(Қиёматдаги) ёмонликлардан асрасанг» бас
ҳақиқатан унга раҳм-шафқат қилибсан. Мана шу буюк бахтдир”
(Ғофир: 7 –
9).

Фаришталарнинг мазкур дуоларига ихлосли ва қилган гуноҳларидан тавба қилган
мўъминларгина сазовор бўладилар.

Айрим инсонлар барча ишни Аллоҳга топширишни раво кўрадилар ва: “Дуо қилиш –
инсоннинг барча ишларини Аллоҳга топширишига зид!”- деб ўйлайдилар. “Менгагина
дуо қилинглар мустажоб қиламан!” (Ғофир: 60) ояти эса дуо қилиш барча ишларни
Аллоҳга топширишдан афзал эканини кўрсатмоқда. Буни ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний
раҳимаҳуллоҳ ҳам таъкидлаган[2]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламдан ҳам дуо қилишга рағбатлантирувчи ривоятлар бор. Саҳобалар ҳам
расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзларининг ҳаққига дуо қилишларини,
баъзилар эса дуо ўргатишларини сўрар эдилар, — Аллоҳ уларнинг барчасидан рози
бўлсин!

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Абу Бакр розияллоҳу анҳу
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Менга намозимда ўқийдиган бир дуо
ўргатинг, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эй Аллоҳим
мен ўзимга кўп зулм қилдим, гуноҳларни фақатгина сен кечирасан. Сен мени Ўз
ҳузурингдан бўлган мағфират билан кечир ва менга раҳм қил. Сен гуноҳларни
кечирувчи ва раҳмлисан!”- деб айтинг[3].

Термизий Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам менга ўргатиб дедилар: “Айтинг: “Аллоҳим, ботинимни зоҳиримдан афзал
қил ва ошкора ишларимни тузат! Аллоҳим, мен Сендан бандаларингга берадиган
мол-дунё, оила ва фарзандларнинг адашмайдиган ва адаштирмайдиган солиҳларидан
(беришингни) сўрайман”[4].

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига дуо ўргатишга
ҳарисликларининг сабаби улар дуоларида Аллоҳ таолога лойиқ бўлганидек ҳамду сано
айтишлари, пурмаъно сўзларни ишлатишлари, дунё ва охират матлабларини биргаликда
сўрашлари ҳамда дуо дуогўйнинг ҳолатига муносиб бўлишига эътиборни қаратиш эди.
Ҳолбуки, баъзи одамлар гоҳида билмасдан ўзларининг зарарларига ҳам дуо қилиб
юборадилар.

Дуонинг таъсирлик тарафларидан бири – унда тасбеҳ, таҳлил ва ҳамдларнинг
борлигидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Зикр қилганингиз
Аллоҳнинг улуғлигига оид тасбеҳ, таҳлил ва ҳамдлар Арш атрофида айланиб туради.
Уларнинг асалари ғўнғиллашидек товушлари бўлади. Улар ўзлари(ни зикр қилган
одам)ни тилга оладилар. Сизлардан бирингиз (у ерда) уни тилга олиб турадиган
нарсанинг бўлишини хоҳламайдими?!”[5].

Қуръон Каримнинг ушбу: (Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалади ва яхши
амални ҳам
(Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтаради” (Фотир:10) ояти яхши сўз
билан солиҳ амал ўртасини боғлади. Шубҳасиз, хуш сўзларнинг энг афзали –
расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббисига дуо қилган, ҳамду санолар
айтган сўзлардир. У сўзлар – пурмаъно сўзлар. Шунинг учун ҳам, мусулмон бу
дуоларнинг баъзиларини ёд билиши ва Роббисига муножот қилаётганда истеъмол
қилиши керак. Зеро хуш сўз, Аллоҳ таолога кўтарилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд
розияллоҳу анҳу айтди: “Агар сизларга бирон ҳадисни айтган бўлсак, унинг
тасдиқини Аллоҳнинг Китобидан келтирдик. Агар мусулмон банда: “Субҳоналлоҳи ва
биҳамдиҳи, Алҳамду лиллаҳи, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Таборакаллоҳ” деса
фаришта уни олиб қанотлари остига қўяди-да, осмонга у билан кўтарилади. (Йўлда)
фаришталарнинг қайси гуруҳи олдидан ўтмасин улар у сўзларни айтган бандага
истиғфор айтадилар. Охири фаришта у сўзларни Аллоҳнинг ҳузурига олиб келади”.
Шундай деб Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: (Ҳар бир) хуш сўз
Унга юксалади ва яхши амални ҳам
(Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтаради”
(Фотир: 10) оятини ўқиди[6].

Салаф уламоларининг кўпчилиги солиҳ амалгина хуш сўзларни кўтаришини
таъкидлаганлар. Чунки, амалсиз сўзнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Абдуллоҳ ибн
Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Хуш сўз – Аллоҳнинг зикри. Солиҳ амал эса, Аллоҳ
фарзларини адо этиш, демак. Фарзларини адо этар экан Аллоҳни зикр қилган банда,
бу фарзлар устига зикрни юклаган бўлади. Бу фарзлар у зикрни ўзлари билан Аллоҳ
ҳузурига кўтариб чиқадилар. Аллоҳни зикр қилсада, Аллоҳнинг фарзларини бажо
келтирмаган одамнинг сўзлари ортга қайтарилади. Унинг бундай бўлиши тўғридир”[7].

Қатода ва Мужоҳид раҳимаҳумаллоҳлар каби тобиинлар ҳам, шу маънодаги сўзларни
айтдилар.

Сўзимизнинг хулосаси шуки, сўз билан амал бирга бўлсин. Чунки амал, сўзнинг
ростлигига далил бўлиб, ҳаётда сўздан кўра кўпроқ таъсирга эга. Ҳолбуки, Ислом
дини назария ва сўзларгагина чекланиб қолмади, балки амалий тарафга кўпроқ
эътибор берди. Шунинг учун ҳам саҳобалар, Қуръондан ўн оят ўрганар, у оятлардаги
одоб ва аҳкомларни билмай, уларга амал қилмай туриб бошқа оятларга ўтмас эдилар.
Натижада, таълимлар сулук ва амалларга айланар эди. Қуръон комил бўлмади ҳамки,
Қуръон таълимотлари билан тарбияланган, уни ҳаётининг ажралмас бир парчаси деб
билган ва ҳаётига татбиқ қилган бир УММАТ пайдо бўлди. Бу УММАТ ер юзида юрувчи
ИСЛОМ эди. Унинг ўрнаги ва мураббийси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам
эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
ахлоқи ҳақида сўралганда: “Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқи
Қуръон эди!”- дея жавоб берган эдилар[8].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Аллоҳни ҳар замон зикр
қилишни ўргатдилар. Улар расулуллоҳ соллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳга сано
айтиш, неъматларига шукр қилиш, мағфиратни сўраш, сабрни изҳор қилиш,
мусибатларга розиликни ифодалаш учун дуоларни ўргандилар. Шунинг учун ҳам
расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўъминнинг ишига ажабланаман: Унинг
барча иши яхшиликдир. Бу фақат мўъмингагина хосдир: унга қувончли нарса етса
шукр қилади, бу унинг учун яхшидир. Бошига мусибат етса сабр қилади, бу ҳам у
учун яхшидир”[9].

Шукр ва сабр зикр билан намоён бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу деди:
“Аллоҳнинг зикридан кўра Аллоҳнинг азобидан нажот берувчироқ бирон нарса йўқ!”[10]. Чунки зикр
бандадан ёмонлик васвасалари ва осийлик сабабларини узоқлаштиради. У
расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келгуси ҳадисларида ифода этилган
мустаҳкам қўрғон бўлиб қолади: “Мен сизларни Аллоҳни зикр қилишга буюраман!
(Аллоҳни зикр қилган) одамнинг мисоли душман унинг изидан тезлик билан чиққан, у
эса мустаҳкам қўрғонга етиб бориб у билан ўзини душмандан ҳимоя қилган одамнинг
мисолига ўхшайди. Шунингдек, банда ўзини шайтондан Аллоҳнинг зикри билангина
ҳимоя қилади”[11].

Бир киши расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё, расулуллоҳ! Нафл
ибодатлар кўп бўлганидан уларни қилишдан ожиз қолдим. Менга ўзи енгил, савоби
эса кўп бир амални айтсангиз, мен уни маҳкам ушласам”- деди. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тилинг Аллоҳнинг зикри билан доимо намланиб
турсин!”- дедилар[12].

Банда Аллоҳни кўп зикр қилгани сайин, Аллоҳга яқинлиги ортиб боради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло деди: “Мен
бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман. Мени зикр қилар экан Мен у билан биргаман.
Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. Бирор жамоа (инсонлар)
ичида зикр қилса, Мен уни у (жамоа)лардан кўра яхшироқ бўлган жамоа ичида зикр
қиламан. Агар у Менга бир қарич яқин келса, Мен унга бир газ, бир газ яқин келса
Мен унга бир қулоч яқин келаман. Менга юриб келса, Мен унга югуриб келаман!”[13].

Аллоҳни зикр қилиш – қалбни ҳақ ва ботил, ёмонлик ва эзгулик ўртасини ажрата
олмайдиган қилиб, соғлом туйғу ва қийматларни йўқ қилиб ташлайдиган осийлик,
гуноҳ, Аллоҳдан ғафлатда қолиш ва нафсу ҳавога эргашиш кирларидан тозалаб, унга
жило беради. Аллоҳ таоло айтди: “Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб
қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга
итоат этманг!”
(Каҳф: 28).

Мусулмон Аллоҳнинг зикридан ғофил, нафсу ҳавосига эргашган, Аллоҳнинг
амрларига эътиборсиз кимсаларга эргашмасин! У эзгу ишларни қилувчи, солиҳ,
ҳидоят ва яхшилик йўлларида юрган: “Аллоҳни кўп зикр қилувчи зокир ва
зокиралар”
дан айрилмасин!

Зикр энг осон ва енгил ибодат бўлишига қарамай, унинг савоблари каттадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Субҳоналлоҳ, валҳамдулиллаҳ ва
ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” ни айтишим мен учун Қуёш нурини сочган ҳамма
нарсадан яхшироқ”[14].

Мудом Аллоҳни зикр қилиш инсонни ҳушёр, ҳаракатчан, фаол, дунё ва охирати
учун интиладиган қилиб қўяди. Аллоҳни унутиб, Уни зикр қилмаган одам эса, қилган
амалининг жинси билан жазоланади: Аллоҳ таоло уни ўзига унуттиради, дунё ва
охират манфаатларини эсидан чиқартиради. Бу – айрим “зокирлар”нинг манфаатларга
интилмаслик ва ободончиликдан узоқлашиш каби даъволарининг зиддидир. Аллоҳ таоло
айтди: “ Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У зотнинг амр-фармонларига
итоат этмаган), бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб
қўйган
(яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз
ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз
кимсалардир!”
(Ҳашр: 19).

Ер юзида харобалар ўрнини текислаб, Аллоҳга иймон келтирадиган маданият
қасрини қуриш йўлида Ислом уммати руҳ, ақл ва жисмни уйғотишга ўта муҳтождир!
Биз ғафлатдан уйғониш, вақтлардан унумли фойдаланиш, фойдаларни қўлга киритиш,
кучларни ўз ерига ишлатиш, узоқ асрлар давомида ўзлигимизни унутиб, биёбонларда
саргардон бўлгандан кейин яна янгитдан маданият жиловларини қўлга олиш учун
жиддий қадамлар ташлашга жуда ҳам муҳтожмиз! Зеро саргардонлигимизнинг ягона
сабабчиси: Биз Аллоҳни унутдик ва Аллоҳ бизга ўзлигимизни унуттирди!

Ислом дини ҳақ, инсонга ҳақни билдиради. Мусулмонларга ўз ҳуқуқ ва
масъулиятларини танитади. Уларни бир-бирларига зулм қилишдан қайтариб, мазлумлар
ҳаққини золимлардан олиб беради. Аҳкомларни тоқатга қараб юклайди. Тоқат қилиб,
Умматнинг ҳуқуқлари, ҳурмати, шарафи ва молу мулкини, булардан ҳам аввал
эътиқодини ҳимоя қилган кишидангина амалларни қабул қилади. Бундан ташқари,
катта-ю кичик, ҳокиму фуқароларнинг барчаси бир қонун олдида тенг ҳуқуқли бўлиб,
унга бўйсунади. “Дин – халқ учун афъюндир!”- деб айтган саргардон кимсаларнинг
даъволари қаерда? Аслида бу даъво, душманлар озиқланиб, мусулмонлар юртига
Исломнинг эътиқод қўрғонлари ва ахлоқий қийматларини бузиш, бир халқ ўртасида
тарқоқлик ва келишмовчилик ёйиш учун кириб келган залолат ва жаҳолат
фикрларигагина муносибдир! Чунки ушбу режа амалга ошса мусулмонлар душманларини
қўйиб, ўзлари билан ўзлари овора бўлиб, келажакларини унутадилар-да!!

Аллоҳнинг зикри – ишларни пухта бажариш, савдо-сотиқ ва бошқа муомалаларда,
омма манфаатларини кўзлаш, ҳақ ва ҳуқуқларни риоя қилиш ва уларга тажовуз
қилмаслик, одамларга юмшоқлик қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини поймол этмаслик,
уларга ҳамкор бўлиб, сўз ва амалда ҳамдард бўлиш, шараф, молу мулк, ва Ватанни
Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ розилиги учун жиҳод қилиб мудофаа қилишда ўзига хос
уйғонишни вужудга келтиради.

Хуллас, зикр – улуғ ибодатлардандир. Ҳолбуки у, ҳар бир инсон учун осон ва
қулай, ажри эса улкандир. У маданий қиймат нуқтаи назаридан доимо ҳозирлик ва
мудом уйғоқликни шакллайди. (Сўфийларда юз берадиганга ўхшаш) саросимага тушиш
ва эс-хушни йўқотиш эмас, балки зикр хушёрликнинг ўзгинасидир.

Юнус алайҳис-салом дунё ҳаётида дуч келган имтиҳон – инсон бошига келадиган
энг катта синовлардан бири эди. Аллоҳ таоло Юунус алайҳис-саломни қавми –
Найнаво халқини даъват этиш учун элчи қилиб юборди. Улар бутпараст эдилар. Юнус
алайҳис-салом уларни Ислом динига даъват этди. Уларнинг даъватни қабул
қилмаганларини кўрганида, бошларига келадиган Аллоҳ азобидан огоҳлантирди ва
Аллоҳнинг изни келмай туриб, уларнинг шаҳарларидан чиқиб кетди. Аллоҳ азоби
келганида, қавм Ислом динини қабул қилди. Аллоҳ улардан азобни йироқлаштирди.
Буни кўрган Юнус алайҳиссалом аччиқланди: “Ахир қавм унинг ёлғон гапирганига ҳеч
гувоҳ бўлмаган эди-ку! Ана энди одамлар унинг ҳақида қандай гумонга боришлари
мумкин?!”. У уларнинг иймон келтирганларини ва нима учун Аллоҳ уларни
азобламаганини ҳам билмас эди. Дарғазаб ҳолида кемага минди. У Аллоҳ мени бу
қилган ишим учун жазоламайди, деб ўйлаган эди. Бироқ Аллоҳ таоло кемани қаттиқ
тўлқинларга дуч келтирди ва кемадагилар кемани ғарқ бўлишдан сақлаш учун қуръа
ташлашди, кимнинг номи чиқса уни сувга улоқтиришади. Уч марта қайта-қайта
ташланган қуръаларда Юнус алайҳиссаломнинг чиқавергач, ноилож уни денгизга
улоқтирдилар. Наҳанг балиқ келиб, Юнус алайҳиссаломни ютиб юборди. Юнус
алаҳиссалом уч қоронғилик – кеча, денгиз ва балиқ қорнидаги қоронғилик ичида
қолди. Аллоҳ таоло Уни тасбеҳ айтишга илҳомлантирди ва у қоронғи зулматлар
ичида: “Ла илаҳа илаа анта субҳонака, инний кунту миназ-золимийн” (Сендан
ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сени поклайман! Дарҳақиқат, мен ўз жонига жабр қилганлардан
бўлдим!”- дея нидо қилди. Аллоҳ таоло унинг дуоларини ижобат қилди-да, наҳанг
балиққа Уни соҳилга олиб бориб чиқаришни ваҳий қилди. Аллоҳ таоло шундай қилиб
Юнус алайҳиссаломнинг мусибатини кетказди. Бу – Юнус алайҳиссалом айтган тасбеҳ
сабабли эди.

Аллоҳ таоло тасбеҳ айтган мўъминларни ҳам бало ва мусибатлардан мана шундай
қутқаради: “Зуннун — Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз
қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган
пайтини, сўнг
(Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу
зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор,
дарҳақиқат мен
(ўз жонимга) жабр қилувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо
қилган
(пайтини эсланг). Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик
ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берамиз”

(Анбиё: 77, 78).

Юнус алайҳис-салом қиссасида мўъминлар йўлини мунавар қиладиган ибрат ва
тушунчалар бор.

А) Азоб агар осий ва кофир қавм устига тушажак бўлса, улар устига албатта
тушади, гарчи улар азобни кўрган пайтларида иймон келтиришган бўлса ҳам. Аммо
Юнус алайҳиссаломнинг қавмидан азобнинг кўтарилиши фақатгина уларга хос бўлган.
Аллоҳ таоло айтди: “ Қани энди (биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида)
бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида)
иймон келтирсалар эди, албатта иймонлари фойда қилган (яъни, ҳалок
бўлмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон
келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик ва уларни маълум
бир вақтгача
(яъни ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик”
(Юнус: 98).

Б) Мўъмин Аллоҳнинг амри, қазо ва қадарига рози ва таслим бўлиши керак. Ўзи
ғазабланмаслиги ва Роббисини ҳам ғазаблантирмаслиги, “Қилган ишимга бирон бир
жазо берилмайди”- деб ўзини овунтирмаслиги керак. Чунки, Юнус алайҳиссалом
наҳанг қорнидаги бу синовни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Агар Аллоҳнинг қазосига
рози бўлса эди, бу уқубатга дучор бўлмасди.

В) Тасбеҳнинг фазилати. Тасбеҳ айтмаса Юнус алайҳиссалом наҳангнинг қорнидан
қайтиб чиқмас эди.

Г) Аллоҳ таоло бизга Қуръон Каримнинг ушбу қиссаси билан, шартлари комил
бўлганда мустажоб бўладиган дуо лафзларини ўргатди. Юнус алайҳиссаломнинг ушбу:
“Ла илаҳа илла анта субҳанака” деб айтган дуоси, уч табақа зулмат пардаларини
ёриб, узоқ масофаларга юксалмоқда. У мана шундай гуноҳига иқрор бўлди ва тавба
қилди. Унинг тасбеҳи – кечаю-кундуз узилмасдан давом этувчи силсила эди. У
наҳанг ютган пайтдаги оғир имтиҳон пайтидагина тасбеҳни унутди, холос. У тезда
тасбеҳ айтишга қайтди, шу пайт жисмида ҳаракатни ҳис қилди ва ҳаёт эканини идрок
этди. Натижада, дуолари мустажоб бўлди. Аллоҳ таоло айтди: “Бас уни
(Роббисининг изнисиз ўз қавмини ташлаб чиқиб кетгани сабабли) маломатга
лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди. Энди агар у
(Аллоҳга
доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаса эди, албатта у (балиқ) қорнида то
қайта тириладиган кунларигача
(яъни қиёматгача) қолиб кетган бўлур
эди”
(Вас-соффат: 142 – 144).

Юнус алайҳис-салом айтган тасбеҳ унинг қутулишига сабаб бўлган бўлса, бу
унинг ўзигагина хос эмас. Бу тасбеҳ ҳар замон ва ҳар макондаги мўъминнинг
нажотига сабаб бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло айтди: “Биз шундай қилиб
мўъминларга нажот берамиз!”
.

Термизий Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни ривоят қилди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Зун-нун (Юнус алайҳис-салом)
балиқ қорнида экан: “Ла илаҳа илла анта субҳанака. Инний кунту
миназ-золимийн”
дуосини мўъмин одам қайси нарса учун ўқиса унга ижобат
қилади”[15].

Ҳоким Термизийникига ўхшаш ҳадисни нақл қилиб, уни саҳиҳ деди ҳамда шу
қўшимчани илова қилди: “Бир одам: “Ё расулуллоҳ, Юнуснинг дуоси ўзига хос эдими
ёки барча мўъминлар учунми?”- деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: “Аллоҳ таолонинг: “Биз уни ғам-ғуссадан қутқардик. Мўъминларни ҳам
шундай қутқарамиз!”-
деб айтаётган сўзларига қулоқ солмайсанми?”- деб жавоб
бердилар[16].

Одамларнинг синов ва машаққатларга нисбатан муносабатлари турлича бўлади.
Улардан баъзилари сабр қилади, ибрат олади, истиржоъ айтади (Инна лиллаҳи ва
иннаа илайҳи рожиувн)
ва савоб умидида бўлади. Зеро, Мутарриф фарзанди вафот
этганида қавми олдига соч-соқолини мойлаб, чиройли кийимларини кийиб чиқди.
Унга: “Абдуллоҳ вафот этса-ю, сен ҳузуримизга мойлар суриб чиқсанг?!”- деб
эътироз билдирганларида: “Уни деб ишларимни тўхтатайми! Ахир Роббим бу мусибатга
сабр қилишимга бир неча хислатлар беришни ваъда қилган. Бу хислатларнинг ҳар
бири менга дунё ва ундаги барча нарсалардан севимлироқдир. Аллоҳ таоло айтди:
Бирон мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва
албатта биз у зотга қйтгувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг
(эй Муҳаммад). Ана ўшаларга Роббилари томонидан саловот
(мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топувчилардир”[17].

Баъзи одамлар бошларига синов келганида доду-фарёд чекадилар. Бардошларини
йўқотадилар. Аллоҳга бўлган таваккулни унутиб, Ундан савоб умид қилмайдилар.
Гоҳида бу ҳолат уларни аччиқланиш ва тақдирдан норози бўлишга олиб боради. Улар
Аллоҳ таолога дуо қилиш, ибодат ва яхши амаллар билан яқинлашиш ўрнига,
ибодатларга эътиборсиз бўлиб қоладилар ва: “Дуонинг фойдаси йўқ!”- деб даъво
қиладилар. Бунинг сабаби эса иймон заифлиги, ибодатларни одат каби адо этиш
ҳамда қалбнинг қалб ибодатларидан бўш бўлишидир. Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади:
“Саксонни қоралаб қолган оқсоқолни кўрдим. Уни жуда яхши танир эдим. У
намозларни жамоат билан ўқир ва диндор одамлардан бири эди. Унинг невараси вафот
этди. У: “Ҳеч ким дуо қилмасин, чунки Аллоҳ ижобат қилмайди!”- деди. Сўнгра:
“Агар ўжарлик қилиб дуо қилсак, Аллоҳ бизнинг биронта фарзандимизни (тирик)
қўймайди!”- деди. Мен унинг намозлари ва қилаётган хайрли ишлари одат бўлиб
қолгани учун адо этилганини, билим ва иймондан келиб чиқмаганини фаҳмладим.
Шундай одамларгина Аллоҳга кўр-кўрона ибодат қиладилар”.

Онгли мўмин оғир пайтларда Аллоҳгагина суянади. Унинг ортидан эса солиҳ
авлодлари дуо қилади. Йўқотган оиласи, молу-дунёси ва обрўсига албатта бадаллар
берилади.

Қуръон Карим ҳикоя қилган Айюб алайҳис-салом қиссасида синов пайтидаги сабр
ва Аллоҳга суянишнинг гўзал намунаси бор. Аллоҳ таоло айтди: ” Айюбнинг
Роббисига нидо қилиб: «
(Роббим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат
қилувчиларнинг раҳмлироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини
(эсланг). Бас
Биз унинг
(дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда
Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат
бўлсин, деб
(Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг
мислича бола-чақа ато этдик”
(Анбиё: 83, 84). Аллоҳ таолонинг Айюб
алайҳис-саломнинг оиласини кетказиши, молу дунёларини йўқ қилиши ва баданини
касал қилиши Аллоҳ таоло мусаллат қилган уқубат эмас, балки унинг иймонини ва
бардошини синаш учун эди. У сабр қилиб, Аллоҳга раҳматини умид қилиб суянганида,
Аллоҳ унинг дуоларини мустажоб қилди. Унга шифо берди, аҳл-оиласини кўпайтириб,
қайтадан бойликлар ато этди. Унинг Аллоҳга суяниши ва шайтондан паноҳ сўраши
жуда ҳам чиройли бўлган эди. Аллоҳ таоло айтади: (Эй Муҳаммад),
бандамиз Айюбнинг Роббисига нидо қилиб «Дарҳақиқат мени шайтон бало ва азоб
билан ушлади», деган пайтини эсланг!
(Шунда унга айтилди): «Оёғинг билан
(остингдаги ерни) тепгин!» (У Аллоҳнинг амрини бажарган эди, ўша
ердан бир чашма отилиб чиқди. Сўнг унга айтилди): Мана шу муздек чўмиладиган
ва ичимлик сувдир»
. (Қачонки Айюб у сувда чўмилиб, сўнг ундан ичгач унинг
барча зоҳирий ва ботиний дардлари дарҳол шифо топди). Биз Ўз томонимиздан
меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб,

(Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан кўшиб, яна ўшаларнинг мислича
(бола-чақа) ҳадя этдик.

(Яна Биз Айюбга айтдик): «Қўлингга бир боғ (новдани) олиб, у билан
(хотинингни) ургин – қасамингни бузмагин».

И з о ҳ. Айюб алайҳис-салом касаллик чоғларида боқиб парвариш қилган
хотинлари бир куни у кишига бепарволик кўрсатганида, Айюб пайғамбар диллари
оғриб «Тузалганимда, албатта сени юз дарра ураман», деб қасам ичган эканлар. Шу
боисдан шифо топганларидан сўнг, Аллоҳ таоло у кишига ичган қасамларининг
устидан чиқишлари учун юзта новдани бир боғлам қилиб боғлаб, у билан хотинларини
бир марта уришга амр қилди.

Дарҳақиқат Биз (Айюбни) сабр қилувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши
бандадир. Ҳақиқатан у
(Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай
қайтувчидир”
(Сод: 41 – 44).

Айюб алайҳис-салом, бошига мусибат етган ҳар бир киши учун, мусибат қанчалар
оғир бўлмасин сабр, Аллоҳга ёлбориш ва Аллоҳга доимий ибодат қилишида катта
намунадир.

Ислом дини инсонни сабр қилиш ва Аллоҳдан ёрдам сўрашга йўллаган ҳамда
қайғуриш ва жазавага тушишдан қайтарган экан, ислом тарихини ёритган асарлар
саҳифаларида хилма-хил мусибат ва синовларга бардош берган сон-саноқсиз сабрли
мусулмонлар ҳақида ўқишимиз ажабланарли ҳол эмас. Ибн Аби Шайба раҳимаҳуллоҳ
Собит ал-Буноний раҳимаҳуллоҳдан нақл қилади: “Сила ибн Ашям ғазотларидан бирида
бўлиб, у билан ўғли ҳам бирга эди. У ўғлига: “Ўғлим, олға бос, жанг қил, мен
Аллоҳдан шаҳид бўлишингни умид қилиб қоламан!”- деди. У олдинга ўтди, жанг қилди
ва ҳалок бўлди. Кейин ота ҳам ҳужумга ўтди ва ҳалок бўлди. Аёллар тўпланиб,
унинг хотини Муоза ал-Адавийянинг олдига келдилар. У уларга қарата: “Агар мени
табриклаш учун келган бўлсангиз, хуш келибсиз! Агар бошқа мақсадда келган
бўлсангиз, орқангизга қайтаверинглар!”- деди[18].

Ушбу исломий оиланинг эркаклари мужоҳид-шаҳид, аёллари эса сабрли-савоб
умидида эдилар. Уларнинг барчаси Аллоҳ қўлидаги нарсага ўзларининг қўлларидаги
нарсадан кўра қаттиқроқ ишонган эдилар. Абу Зар розияллоҳу анҳу айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Дунёда зоҳид бўлиш ҳалолни
ҳаром қилиш ва молу дунёни зое қилиш билан эмас. Дунёда зоҳид бўлиш – Аллоҳнинг
қўлидаги нарса, сенга, ўзингнинг қўлингдагидан кўра ишончлироқ бўлиши ҳамда
бошингга етган мусибат(дан келадиган) савоб, мусибат сенда қанчалар қолсада, сен
учун энг севимли нарса бўлиб қолишидир”- дедилар”[19].

Хотима

Дуо, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Мўъминнинг
қуроли, диннинг устуни ва самовоту Ернинг нуридир”[20].

Келинг, ўзлигимизни танийлик ва фарзандларимизга қандай дуо қилишни
ўргатайлик!

Арабчадан ўзбекчага таржима қилиш 2006 йили 7
июнда (1427 ҳижрий йилнинг Жумодул-аввал ойининг 11 куни)
якунланди.

Оятлар таржимасида шайх Алоуддин Мансурнинг “Қуръони
Карим” изоҳли таржимасидан қисман ўзгартишлар билан фойдаланилди.

[1] – Имом Муслим
: 4/ 2094, ҳадис № 2732.

[2]
“Фатҳул-Борий”: 11/ 94.

[3] – Бухорий
ривояти 799-ҳадис.

[4] – Термизий
ривояти: “ал-Жомеъ” 5/ 573, ҳадис № 3586, ғариб ҳадис.

[5] – Ибн Можа
“Сунан”: 2/ 1252, ҳадис № 3809.

[6]
Тафсирут-Табарий: 22/ 120.

[7]
Тафсирут-Табарий: 22/ 121.

[8] – Имом Муслим
: 1/ 513, ҳадис № 746.

[9] – Имом Муслим
: 4/ 2295, ҳадис № 2999.

[10] – Термизий
ривояти: 5/ 149, ҳадис № 3377.

[11] – Термизий
ривояти: 5/ 149, ҳадис № 2863.

[12] – Термизий
ривояти: 5/ 458, ҳадис № 3375.

[13]
“Фатҳул-Борий”: 13/ 384, ҳадис № 7405; Имом Муслим : 4/ 2061, ҳадис № 2675.
Ҳадис лафзи имом Бухорийники.

[14] – Имом
Муслим : 4/ 2072, ҳадис № 2695.

[15] – Термизий
: 5/ 529, ҳадис № 3505.

[16] – Мунзирий
“ат-Тарғиб ват-Тарҳиб”: 2/ 618.

[17] – Бақара:
156, 157, имом Аҳмад “Зуҳд”: 2/ 200.

[18] – Муҳаммад
Ҳанбалий “Таслияту аҳлил-масоиб”, 34.

[19] – Ибн Можа
“Сунан”: 2/ 1373, ҳадис № 4100. Термизий шунга ўхшаш лафз билан ривоят қилди: 4/
571, ҳадис № 234.

[20] – Ҳоким
“Мустадрак”: 1/ 492, саҳиҳ ҳадис.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.