Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Ийд намозларига доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Икки ийд – Ийдул-фитр ва Ийдул-азҳо – (яъни, рўза ҳайити ва қурбон ҳайити) намозлари Китобу Суннат ва мусулмонлар ижмоъси билан машруъдир. Мушрикларнинг вақтлар ва жойларга аталган байрамлари бўларди, Ислом уларни бекор қилди ва улар ўрнига шу икки байрамни – ийдул-фитр ва ийдул-азҳо байрамларини эваз қилиб берди. Бу намозлар Аллоҳ таолога Унинг мазкур икки улуғ ибодатни: рамазон рўзаси ва Байтуллоҳни ҳаж қилиш ибодатларини адо этилганлик шукронасига ўқилади.

Саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Мадина аҳлининг ўйин-кулгу қиладиган иккита байрам кунлари бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло сизларга улардан кўра яхшироғини – наҳр (қурбонлик бўғизлаш) ва фитр (рўзадан фориғ бўлиш) кунларини алмаштириб берди», дедилар (Абу Довуд (1134), Насоий (1155) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Мазкур икки ийд-байрамга зиёда қилиб, мавлуд ва шу каби бошқа байрамлар пайдо қилиш жоиз бўлмайди. Чунки, бу Аллоҳ машруъ қилган нарсага зиёдалик киритиш ва динда бидъат чиқариш саналади, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига хилоф қилиш ва кофирларга ўхшашга уриниш бўлади. Уларни байрамлар деб номланадими, хотиралар ё кунлар ё ҳафталиклар ё ойликлар ё йиллар деб номланадими, фарқсиз, барчаси Ислом суннатидан эмас, балки жоҳилларнинг тутумларидан ва ғарбу шарқдаги кофир давлатлар аҳлларига тақлиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, у ўша қавмдан», деганлар (Абу Довуд (431) ва Аҳмад (2/50, №5114) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Дарҳақиқат, сўзларнинг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилингани, ҳар бир бидъат залолатдир», деганлар (Муслим (867) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Аллоҳ таолодан бизларга ҳақни ҳақ қилиб кўрсатишини ва унга эргашиш бахтига муяссар этишини, ботилнинг ботиллигини билдириб, ундан сақланишга муваффақ этишини сўраймиз.

Ийд ҳар йили такрорланиб ва қайтиб келгани учун ийд (яъни, «қайтиш») деб номланган. У шодлик ва хурсандчилик олиб келади, унда Аллоҳ таоло бандаларига рўза ва ҳаж ибодатини адо этиб бўлишлари ортидан кўп яхшиликлар ато этади.

Ийд намозининг машруълигига Аллоҳ таолонинг: «Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг!» (Кавсар: 2) ҳамда «Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир» (Аъло: 14-15) оятлари далил бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотдан кейин халифалари уни давомли ўқиганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто аёлларни ҳам уни адо этишга буюрганлар. Аёл киши хушбўйланмаган, зийнат ва шуҳрат либосларини киймаган ҳолда ийдгоҳда ҳозир бўлиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хушбўйланмаган ҳолда чиқсинлар, эркаклардан четлансинлар, ҳайзли аёллар намозгоҳдан четда турсинлар», деганлар. Умму Атийя розияллоҳу анҳо айтади: «Бизлар ийд куни (намозгоҳга) чиқишга буюрилардик, ҳатто чимилдиқдаги қизлар ҳам чиқишарди, ҳатто ҳайзли аёллар ҳам чиқишар ва одамларнинг орқасида туриб, улар такбир айтса такбир айтишар, дуоларига шерик бўлишар, шу куннинг баракоти ва поклигидан умидвор бўлишарди» (Бухорий (981) ва Муслим (890) Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Мага шундай оммавий равишда ийдгоҳга чиқиш ва ийд намозини адо этишда Ислом шиорини (белгисини) изҳор қилиш бордир ва бу диннинг зоҳирий аломатларидандир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам илк бор ийд намозини ҳижрий иккинчи йили фитр (яъни, рўзадан чиқиш) куни ўқиганлар. Шундан кейин умрларининг охиригача уни давомий равишда адо этиб борганлар, мусулмонлар асрлар оша, авлодма-авлод уни ўқиб келадилар. Бирон диёр аҳли шартлари топилган ҳолида уни ўқишдан бош тортса, мусулмонларнинг имоми (энг катта раҳбари) томонидан уларга уруш эълон қилинарди. Чунки, у худди азон каби Исломнинг зоҳирий белгиларидан саналади.

Ийд намози шаҳарга яқин бўлган саҳро (ёки кенг яланглик) жойда адо этилиши яхши бўлади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ийд намозларини шундоққина Мадина ташқарисидаги намозгоҳда ўқирдилар. Абу Саид розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр ва қурбонлик кунлари намозгоҳга чиқардилар» (Муттафақун алайҳ). У зот ийд намозларини бирон узрсиз масжидда ўқиганлари нақл қилинган эмас. Чунки, саҳрога чиқиш мусулмонларнинг ва Исломнинг ҳайбатини кўрсатади, диний расм-русумларни зоҳир қилади, жумъадан фарқли ўлароқ, йилда бор йўғи икки марта адо этилгани учун кўпчиликка машаққат ҳам туғдирмайди. Фақат Маккаи Мукаррамада ийд намози Масжиди Ҳаромда адо этилади.

Ийд намозининг вақти кун чиқиб, найза бўйи кўтарилган пайтда бошланади, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу вақтда ўқирдилар, сўнг то завол пайтигача (қуёш тиккадан оғгунича) давом этади.

Ийд экани заволдан кейин маълум бўлса, эртаси куни қазосини ўқийдилар. Абу Умайр ибн Анас ансорийлардан бўлган амакиларидан ривоят қилишича: «Шавволнинг ҳилоли бизга кўринмади ва биз рўза тутган ҳолда тонг оттирдик. Кун охирлаб қолганида бир карвон келиб, кеча оқшом ҳилолни кўрганларига гувоҳлик бердилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу кунги рўзаларини очишга ва эртасига ийд намозига чиқишга буюрдилар» (Аҳмад (20584), Абу Довуд (1157) ва Дорақутний (2/170, №14) ривоятлари). Агар заволдан кейин ҳам адо этиш мумкин бўлганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асло эртасигача кечиктирмаган бўлардилар. Чунки, ийд намози оммавий равишда йиғилиш учун машруъ бўлган, одамлар унга тайёрланиб олишлари учун олдиндан бироз фурсат берилиши лозим.

Ийдул-азҳони (қурбон ҳайити) бироз эртароқ, ийдул-фитрни (рўза ҳайити) эса бироз кечиктириб ўқиш суннатдир. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Ҳазмга: «Азҳони тезлаштиринг, фитрни кечиктиринг, одамларга панд-насиҳат қилинг», деб мактуб юбордилар» (Шофеий, Ал-ум: 1/232, Байҳақий: 3/282). Бунинг сабаби – азҳо намозини тезлатиш билан одамларга қурбонликларини бўғизлашларига бемалолроқ вақт яратиб бериш ва фитр намозини кечиктириш билан одамлар намоздан олдин фитр закотини адо қилишга улгуриб олишлари учун бўлганди.

Фитр намозига чиқишдан олдин бир неча дона хурмо еб олиш, қурбонлик куни эса то намоздан қайтгунча бирон нарса емаслик суннатдир. Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр куни нонушта қилмасдан чиқмасдилар, қурбонлик куни эса то намоз ўқимагунларича бирон нарса емасдилар» (Термизий (542), Ибн Можа (1756), Аҳмад (22983) ривоятлари).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло: «Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг!» (Кавсар: 2) деб, намозни қурбонликдан муқаддам қилгани ва: «Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир» (Аъло: 14-15) деб, покланишни намоздан олдин зикр қилгани учун ийдул-фитрда садақани намоздан олдин чиқариш ва қурбонлик куни қурбонлик бўғизлашни намоздан кейин қилиш суннат бўлди.» (Мажмуъул-фатава: 16/200).

Ийд намозига имомга яқинроқ туриш ва намозни кутиб туриш фазилатига эришиб, савобни кўпайтириш учун эртароқ чиқиш суннатдир.

Мусулмон киши ийд намози учун энг яхши либосларини кийиб, ораста бўлиб чиқиши суннатдир. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки ийд ва жумъа учун киядиган жуббалари бор эди» (Ибн Хузайма (2/854, №1766) ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у киши икки ҳайит кунлари энг яхши либосларини киярдилар (Байҳақий (3/281) ривояти).

Ийд намози ўқилиши учун уни ўқувчилар худди жумъа намози учун шарт бўлгани каби ҳар жой аҳлининг ўз одатига кўра бинокорлик моддалари воситасида қурилган бинолар аҳллари бўлиши шарт қилинади. Жумъа намози ўқилиши шарти топилмаган ерда ийд намози ҳам ўқилмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажларида ийд намозига тўғри келдилар, бироқ уни ўқимадилар. У зотдан кейинги халифалари ҳам шундай қилганлар.

Ийд намози хутбадан илгари ўқиладиган икки ракъатдир. Ибн умар розияллоҳу анҳумо айтишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Умар, Усмон розияллоҳу анҳум ийд намозларини хутбадан олдин ўқирдилар» (Бухорий (962) ва Муслим (884) ривоятлари). Суннат шудир, аҳли илмлар омматан шунга амал қилганлар. Имом Термизий айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ва бошқа аҳли илмлар наздида амал шунгаки, икки ийд намозлари хутбадан илгари ўқилади» (Сунан ут-Термизий: 2/411).

Хутбани ийд намозидан кечиктириш ва жумъа намозидан муқаддам қилиш ҳикмати шуки, жумъа хутбаси намознинг шартидир, шарт машрутдан муқаддам қилинади, ийд хутбаси ундай эмас, у суннатдир.

Икки ийд намози мусулмонлар ижмоъ-иттифоқларига кўра, икки ракъатдир. «Саҳиҳайн»да ва бошқа ҳадис тўпламларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр куни чиқиб, икки ракъат намоз ўқидилар. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқимадилар (Бухорий (964) ва Муслим (885) ривоятлари).

Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Сафар намози икки ракъатдир, жумъа намози икки ракъатдир, ийд намози икки ракъатдир, (булар) Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари гувоҳлиги билан тўла намозлардир, қаср эмас» (Насоий (1420), Ибн Можа (1063) ва Аҳмад (1/37, №257) ривоятлари).

Ийд намози учун азон ҳам, иқомат ҳам машруъ бўлмаган. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Мен ийд намозини бир неча бор Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўқиганман. У зот намозни хутбадан олдин, азонсиз ва иқоматсиз бошлардилар» (Муслим (885) ривояти).

Биринчи ракъатда такбиратул-иҳром ва истифтоҳдан кейин ва тааввуз ва қироатдан олдин олтита такбир айтади. Такбиратул-иҳром зарурий рукн, усиз намоз бўлмайди, қолган такбирлар эса суннатдир. Такбиратул-иҳромдан кейин истифтоҳ дуосини ўқийди, сўнг зиёда олти такбир айтади, олтинчи такбирдан кейин тааввуз (аъувзу биллаҳи минаш шайтонин рожийм) ўқиб, кейин қироат қилади.

Иккинчи ракъатда қироатдан олдин, саждадан туришда айтиладиган такбирдан ташқари бешта такбир айтади. Амр ибн Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ийдда ўн икки такбир айтдилар, биринчи ракъатда еттита, иккинчи ракъатда бешта» (Муснад Аҳмад: 2/180, №6688).

Такбирлар адади борасида бундан бошқача ривоятлар ҳам келган. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари такбир борасида ихтилоф қилганлар, барчаси жоиздир» (Ибн Муфлиҳ, Ал-мубдиъ: 2/167).

Ҳар бир такбир билан қўлларини кўтаради. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир билан қўлларини кўтарардилар.

Такбирлар оралиғида: «Аллоҳу акбар кабийро, валҳамду лиллаҳи касийро, ва субҳаналлоҳи букротан ва асийла, ва соллаллоҳу ала Муҳаммадин-ин-набиййи ва алиҳи ва саллама таслийман касийро», дейди. Уқба ибн Омир айтади: «Мен Ибн Масъуддан ийд такбирларидан кейин айтиладиган нарса ҳақида сўраган эдим, у: «Аллоҳга ҳамд айтади, сано айтади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтади», деди (Байҳақий (3/289-290) ривояти).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: «Абу Абдирраҳмон тўғри айтибди», деганлар.

Агар бундан бошқа зикрларни ўқиса ҳам зарари йўқ, чунки бу борада муайян зикр йўқдир.

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) такбирлар оралиғида бироз сукут қилардилар, икки такбир ўртасида у зотдан муайян зикр нақл қилинмаган» (Зодул-маъод: 1/443).

Агар такбирлар сонида шубҳа қилиб қолса, аниқроғига, яъни озроғига биноан амал қилади.

Агар зиёда такбирни унутиб, қироат бошлаб юборса, такбир соқит бўлади. Чунки, бир суннатни қолдириб кетган бўлади.

Шунингдек, муқтадий етиб келганда имом қироат қилаётган бўлса, зоида такбирларни айтмайди. Ёки имомни рукуъда топса, такбиратул-иҳромни айтиб, рукуъ қилаверади, зиёда такбирлар айтиш билан машғул бўлмайди.

Ийд намози икки ракъат бўлиб, имом уларда қироатни жаҳрий қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ийд ва истисқо намозларида қироатни жаҳрий қилардилар» (Дорақутний (2/67) ривояти). Уламолар шунга ижмоъ қилганлар, буни халафлар салафлардан нақл қилганлар, мусулмонлар давомий равишда шунга амал қилганлар.

Биринчи ракъатда «Фотиҳа»дан кейин «Саббиҳисма»ни, иккинчи ракъатда эса «Ғошия»ни ўқийди. Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ийд намозида «Саббиҳисма» билан «Ҳал атака»ни ўқирдилар» (Аҳмад (5/14, №20161) ривояти).

Ёки биринчи ракъатда «Қоф»ни, иккинчи ракъатда эса «Иқтаробатис-саъату»ни ўқийди. «Саҳиҳ Муслим»да, «Сунан» ва бошқаларда келганки, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (икки ийд намозида) «Қоф» ва «Иқтаробат»ни ўқирдилар» (Муслим (891). Термизий (534), Насоий (724), Абу Довуд (1154) Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қандай сурани ўқиса ҳам худди бошқа намозларда жоиз бўлгани каби жоиз бўлаверади, бироқ асарларда келганидек «Қоф», «Иқтаробат» ва шу каби сураларни ўқиса, яхшироқ бўлади» (Мажмуъул-фатава: 24/219).

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Катта жамоатлар йиғиладиган намозларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатлари ана шундай, тавҳид, бошланиш ва оқибат, пайғамбарларнинг умматлари билан бўлган қиссалари, уларни ёлғончи қилган ва уларни инкор қилган кимсалар бошига Аллоҳ туширган бахтсизликлар ҳамда уларга иймон келтириб, уларни тасдиқлаган зотларга берган нажот ва офият каби мавзуларни ўз ичига олган суралар билан эди» (Зодул-маъод: 1/422).

Имом намоздан салом бергач, иккита хутба қилади, улар ўртасини бир ўтириш билан бўлади. Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ривоят қилишича: «Имом ийд намозларида икки хутба қилиши ва улар ўртасини ўтириш билан бўлиши суннатдир» (Шофеий «Ал-ум»да (1/238) ривоят қилган).

Ибн Можа Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: «(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тик туриб хутба қилдилар, сўнг бироз ўтирдилар, кейин яна турдилар» (Сунан Ибн Можа: 1289).

«Саҳиҳ»да ва бошқа ҳадис тўпламларида борки: «Аввал намозни ўқидилар, сўнг Билолга суяниб ўринларидан туриб, Аллоҳдан тақво қилишга буюрдилар, Унинг тоатига тарғиб қилдилар…» (Бухорий (961), Муслим (885) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Имом Муслим ривоятида: «Сўнг (намоздан) бурилиб, одамларга ўгирилиб тик турардилар, одамлар эса сафларида ўтирардилар» (Саҳиҳ Муслим: 889).

Ийдул-фитр хутбасида фитр закотини чиқаришга тарғиб қилади ва унинг миқдори, чиқариш вақти, чиқариладиган нарсалар тури ҳамда уни бериладиган одамларга оид аҳкомларини баён қилиб беради. Ийдул-азҳо хутбасида эса қурбонлик сўйишга тарғиб қилади ва унинг аҳкомларини баён қилиб беради. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам азҳо хутбасида унга доир кўп ҳукмларни баён қилганлар.

Ҳоказо, хатиблар ўз хутбаларини муносабатларга боғлашлари, вазиятдан келиб чиқиб, одамларга улар баёнига муҳтож бўлган нарсаларни баён қилиб беришлари ва албатта сўзларини Аллоҳдан тақво қилишга чорлаш, панд-насиҳат ва эслатмалар билан бошлашлари лозим. Хусусан, бундай катта жамоат тўпланган йиғинда хутба тингловчиларга фойдали бўлган, ғофилни уйғотадиган ва жоҳилга таълим берадиган бўлиши даркор.

Ийд намозига, юқорида айтилганидек, аёллар ҳам ҳозир бўлишлари лозим. Ийд хутбаси зимнида улар учун хос бўлган панд-насиҳатлар ҳам ўрин олмоғи лозим. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга у зотнинг сўзлари яхши эшитилмаётганини билгач, уларга яқинроқ бориб, ваъз-насиҳат қилганлар, уларни садақа қилишга чорлаганлар (Бухорий (98) ва Муслим (884) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Ҳоказо, ийд хутбаси мавзусида аёлларнинг ҳам насибалари бўлиши, бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашиш керак бўлади.

Ийд намозига доир ҳукмлардан бири – ийдгоҳда ундан олдин ҳам, кейин ҳам нафл намози ўқиш макруҳдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ийд куни икки ракъат намоз ўқидилар, ундан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқимадилар» (Муттафақун алайҳ).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мадина аҳли ундан олдин ҳам, кейин ҳам нафл намоз ўқимайдилар» (Ал-муғний: 3/281).

Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламоларимиздан бирорталаридан ҳам ушбу умматнинг салафларидан ҳеч бирлари мазкур намоздан олдин ҳам, кейин ҳам нафл намози ўқиганларини зикр қилганини эшитмадим» (Ал-муғний: 3/280).

Ибн Масъуд ва Ҳузайфа розияллоҳу анҳумо одамларни ундан олдин намоз ўқишдан қайтарардилар (Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да (9/305, №9524, 9525) ривоят қилган).

Уйига қайтиб келгач, нафл намози ўқиши мумкин. Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишларича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига қайтиб келгач, икки ракъат намоз ўқирдилар» (Аҳмад (3/28, №11226), Ибн Можа (1293) Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ийд намозига етолмай қолган одам ёки унинг бир қисмига етолмаган одам уни ўз шаклида, зоида такбирлари билан икки ракъат қилиб, қазосини ўқиб қўйиши суннатдир. Чунки, қазо ҳам худди адодек ўқилади. Бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари умумийлиги далил бўлади: «Етган жойингиздан ўқийверинглар, улгурмаганингизни кейин тўлдириб қўйинглар» (Муттафақун алайҳ). Агар бир ракъатга етолмаган бўлса, бир ракъат қўшиб қўяди. Агар келганида имом хутба қилаётган бўлса, ўтириб, хутбани тинглайди. Хутбадан кейин туриб, намознинг қазосини ўқиб қўяди. Ўзи ёлғиз ўқиса ҳам, жамоа бўлиб ўқилса ҳам жоиз.

Икки ийдда мутлақ такбир айтиш суннат бўлиб, бирон вақтга чекламасдан, овозини кўтариб такбир айтади. Фақат аёллар овоз кўтариб айтмайдилар. Такбирни икки ийд кечасида ва зул-ҳижжанинг ўн кунлигида айтади. Аллоҳ таоло айтади: «Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир» (Бақара: 185). Такбирни баланд овозда уйларда, бозорларда, масжидларда ва Аллоҳни зикр қилиш жоиз бўлган ҳар қандай ўринларда айтаверади. Намозгоҳга чиқишда ҳам овоз чиқариб айтиб боради. Дорақутний ва бошқалар Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича: «У фитр ва азҳо кунлари эрталаб то намозгоҳга етгунича овоз чиқариб такбир айтиб борарди, сўнг имом келгунича такбир айтиб ўтирарди» (Сунан Дорақутний: 2/45, №8). «Саҳиҳ»да келган ҳадисга кўра: «Ҳайзли аёлларни ҳам олиб чиқишга буюрилардик, улар ҳам одамлар билан бирга такбир айтишарди» (Бухорий (928) ва Муслим (890) ривоятлари). Такбир айтиш Исломнинг шиори-белгисини эълон қилиш бўлгани туфайли мустаҳаб амал саналади.

Аллоҳ таоло: «Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир» (Бақара: 185), дегани учун ҳам ийдул-фитрда такбир айтиш яна ҳам таъкидлироқдир.

Ийдул-азҳода эса мутлақ такбирга қўшимча равишда ҳар бир фарз намозни жамоат билан ўқигандан кейин айтиш машруъ бўлган муқайяд (белгилаб қўйилган) такбир ҳам бордир. Намоздан сўнг имом муқтадийларга ўгирилиб, такбир айтади, улар ҳам такбир айтадилар. Дорақутний, Ибн Аби Шайба ва бошқалар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни бамдодни ўқиганларидан кейин: «Аллоҳу акбар… деб такбир айтардилар» (Дорақутний: 2/50, №29).

Ушбу муқайяд такбир эҳромда бўлмаган кишилар учун Арафа куни бамдод намозидан кейин бошланади ва то ташриқ кунларининг охирги куни асригача давом этади. Эҳромдаги киши учун эса қурбонлик куни пешин намозидан бошланиб, ташриқ кунларининг охирги куни асригача давом этади. Чунки, бундан олдин у талбия (лаббайкаллоҳумма) айтиш билан машғул бўлади.

Дорақутний Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни бамдод намозидан то ташриқ кунларининг охирги асригача фарз намозларидан салом берганларидан сўнг такбир айтардилар». Бир лафзда: «Арафа куни бамдод намозини ўқигач, асҳобларига юзланиб: «Ўрнингиздан қимирламанг», дердилар, сўнг: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ва лиллаҳил ҳамд», дердилар» (Дорақутний: 2/49, №27).

Аллоҳ таоло: «Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!» (Бақара: 203), деди. Саноқли кунлардан мурод – ташриқ кунларидир.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кучлироқ гап шудир ва барча диёрларда амал шунгадир» (Ал-мажмуъ: 5/40).

Шайх Тақиюддин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жумҳур салаф, саҳобалар ва имомлардан бўлган фуқаҳоларнинг такбир борасидаги гапларининг энг саҳиҳи шуки, у Арафа куни бамдодидан то ташриқ кунларининг охиригача ҳар бир намоздан кейиндир» (Мажмуъул-фатава: 24/220).

«Сунан»да борки: «Арафа куни, қурбонлик куни ва Мино кунлари биз – Ислом аҳлининг байрамимиздир, бу кунлар ейиш-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир» (Термизий (773), Абу Довуд (2419), Насоий (3004) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Эҳромдаги киши муқайяд такбирни қурбонлик сўйиш куни пешин намозидан бошлаб айтишининг сабаби – талбия жамратул-ақабани отиш билан тўхтайди. Жамратул-ақаба отишнинг суннат вақти эса қурбонлик куни чошгоҳ вақтидир. Агар жамратул-ақабани бамдоддан олдин отган бўлса ҳам, ғолиб ҳолатга амал қилиб, такбирни фақат пешин намозидан кейин бошлайди.

Такбир қуйидагича айтилади: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ва лиллаҳил ҳамд».

Ҳамма бир-бирини муборакбод қилиши, «Аллоҳ сизу биздан қабул қилсин», дейиши мумкин.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир гуруҳ саҳобалар ана шундай қилганликлари ривоят қилинган, Имом Аҳмад ва бошқалар бунга рухсат берганлар» (Мажмуъул-фатава: 24/253).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ўзим биринчи бўлиб айтмайман, бироқ менга айтган одамга жавоб айтаман» (Мажмуъул-фатава: 24/253).

Чунки, саломга жавоб бериш вожибдир. Аммо, аввал бошлаб муборакбод қилиш буюрилган суннат эмас, қайтарилган ишлардан ҳам эмас. Муборакбод қилишда қўл беришнинг зарари йўқ.

Валлоҳу аълам.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.