Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Ихлос (2)

Риёга интилишни даволаш

Ҳар қандай касалликнинг даволаш йўллари бор. Буни баъзилар билади, баъзилар эса билмайди. Риёга интилиш каби ихлосга зид касалликлар учун ҳам турли муолажалар мавжуддир. Бундай муолажалар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

1. Ҳар бир мукаллаф мусулмон шуни яхши англаб етмоғи керакки, у Аллоҳга нисбатан фақат қулдир, ундан ўзга эмас. Қул хўжайинига хизмат қилгани учун товон-бадал ёки ҳақ олишга ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас. Чунки у хўжайинига ўзининг ҳолати сабабидан хизмат қилиши лозимдир. Хизмати учун олиши мумкин бўлган ҳақ ёки мукофот товон-бадал эмас, балки хўжайини томонидан бўлган илтифот ва мурувват ҳисобланади.

2. Аллоҳ унга марҳамат ва ёрдам бераётганини, у бирон нарсани ўзича эмас, балки Аллоҳнинг тавфиқи-ёрдами ила қила олишини, унинг амаллари ўзининг хоҳиш-истакларига эмас, балки Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ эканини тушуниб етиш. Зеро, ҳар бир неъмат Аллоҳ Субҳанаҳу ва таолонинг марҳаматидан ўзга нарса эмас.

3. Ўзининг шахсий камчилик ва хатоларини ўрганиш, қайси иш ўзидан ва қайсиниси шайтон томонидан содир бўлаётганини тушунишга ҳаракаат қилиш. Чунки шайтон қўли тегмаган иш жуда кам. Шайтон хатто арзимас саналган ишларга ҳам аралашади. Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: Мен Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз вақтида бурилиш (аланглаш) ҳақида сўрадим, шунда у зот: “Бу шайтоннинг банда намозидан ўғирлайдиган ўлжасидир”,- деб айтдилар.

Гап бу ерда жасаднинг бурилиши ҳақида кетаяпти. Энди қалбнинг Аллоҳдан ўзгага
юзланиши ҳақида нима дейиш мумкин?!.[1]

4. Аллоҳ камолотга ва қалбни поклашга буюрганини ҳамда амалларни бошқаларга
риё қилаётган кимса Аллоҳнинг ёрдами ва иноятидан маҳрум бўлишини нафсга
эслатиш.

5. Риё сабабли амаллар савоби — улар қанчалик катта бўлмасин — ювилиб
кетишини ва агар амал фарзлардан бўлса, бунга кўшимча тарзда улкан гуноҳ
ёзилишини эслаш.

Риё қилувчининг риёси «масжиди зирорни» ташландиқ, ҳаробага айлантирди.
Мухлиснинг ихлоси эса соч-соқоли тўзиган, жулдур кийинган кимсанинг
қадр-мартабасини оширди, дуо қилса дарҳол қабул бўладиган қилиб қўйди.

(Масжиди зирор – мунофиқлар томонидан мусулмонларни фитнага солиш учун махсус
қурилган, ҳамда Аллоҳ таоло томонидан бузиб ташлашга буюрилган зарарли
масжиддир).

6. Қалб риёга интилаётганини кўрганида, Аллоҳнинг ғазаби келишидан қўрқиб
туриш.

7. Нафл ибодатларни иложи борича махфий қилишга интилиш, масалан, уларни
кечалари қилиш, садақани ҳеч ким билмайдиган даражада бериш, Аллоҳдан қўрқиб
йиғлашни якка ўзи қолганда, ҳеч ким пайқамайдиган пайтда қилиш.

Ал-Ҳурайбий айтадилар: “Саҳобалар солиҳ амалларини одамлар тугул, хатто аёли
ҳам билмайдиган даражада махфий қилишни афзал санашар эди”.

8. Ўлим ва унинг оғир лахзаларини, қабр ва унинг даҳшатини, хатто ёш
болаларни ҳам қаритиб юборадиган Охират кунини эсга олиш.

9. Риёга интилишнинг махфий томонларини ва бу интилиш инсон қалбида қандай
шаклланишини билишга ҳаракат қилиш.

10. Риё қилиш бу дунё-ю, у дунёда қандай оқибатларга олиб келишини
тушуниш.

Аллоҳнинг бандаси шуни яхши тушуниши керакки, агар барча одамлар унга бирон
манфаат етказиш учун тўплансалар, у учун бирон манфаат етказа олмайдилар, фақат
Аллоҳ ёзиб қўйган нарсанигина етказа оладилар. Зеро, фойда ва зарар фақат
Раҳмоннинг хоҳиши ва қўлидадир.

Салафлардан бири айтадилар: “Қалбдан риёга ундайдиган ҳар қандай нарсани
чиқариб ташлаш учун қалбинг билан кураш, одамлар сенинг назарингда гўё жонивор
ёки ёш бола сифатида намоён бўлсинлар, зеро, сен ибодат билан машғул
бўлганингда, у ерда жонивор ёки ёш боланинг бор ёки йўқлиги, уларнинг буни билиш
ёки билмаслиги аҳамиятсиздир. Ибодатларингни ёлғиз Аллоҳ билиб турганлиги билан
кифоялан”.

Умар разияллоҳу анҳу дедилар: “Кимнинг нияти нафс хоҳишига қарамай Ҳақ билан
боғлиқ турса, Аллоҳ бундай кишини одамлардан ҳимоялаб кўяди. Ким ўзини аслида
ўзида мавжуд бўлмаган сифатлар билан зийнатлаб кўрсатишга ҳаракат қилса, Аллоҳ
уни бадном қилади”.

Амирул-мўминийннинг бу сўзларини Ибнул-Қаййим шарҳлаб туриб, шундай деганлар:
“Ўзини ўзида мавжуд бўлмаган нарса билан зийнатлаб кўрсатишга ҳаракат қиладиган
киши мухлис одамнинг тескариси ҳисобланади. Бундай киши одамларга асл ҳолатига
тескари бўлган нарсани кўрсатишга интилади. Аллоҳ бунга шу билан жавоб берадики,
уни кўзлаётган мақсадига қарама-қарши бўлган ишни қилишга олиб келади… Қачон
мухлис банда ихлоси учун бу дунёда одамлар қалбидаги ёқтириш, муҳаббат ва ҳурмат
кўринишидаги мукофотни олса, бу мукофот ўзида йўқ сифатлар билан нафсини
зийнатлаб кўрсатишга интиладиган кишига ҳам етиши мумкин. Шунинг учун Аллоҳ уни
шундай жазолайдики, ҳамманинг олдида бадном, шарманда қилади. Зеро, у ўзини Аллоҳ
олдида бадном, шарманда қилиб бўлгандир…”.[2]

Амалларини риё қиладиган кишининг бу дунё-ю у дунёда тортадиган жазоси ҳақида
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким қилаётган ишларини
бошқаларга эшиттиришга ҳаракат қилса, Аллоҳ унинг шармандасини чиқаради, ким
амалларини бошқаларга кўрсатишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни шармандали ҳолда
кўрсатиб кўяди”
.[3]

Бундан ташқари, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг юқорида ўтган ҳадисларидан
ҳам маълум бўладики, амалларини хўжакўрсинга қиладиган кишилар дўзахга биринчи
бўлиб ташланар эканлар. Наузу биллаҳ мин залик.

11. Аллоҳ кишининг мухлис бўлишига ёрдам бериши ҳамда уни риёга интилишдан
сақлаши учун Унга дуо билан юзланиш зарур. Бунинг маъноси мусулмон киши Аллоҳдан
риё ва унга ундайдиган нарсалардан сақлашини тез-тез дуо билан сўраб турмоғи
лозим. Акс ҳолда риёдан саломат қолишига ҳечам ишонч йўқдир. Бундай дуонинг
зарур эканига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида ишора
қилиб ўтганлар: “Сизлардаги ширк ўрмалаб кетаётган чумолидан ҳам кўра
махфийроқ, сезилмайдиганроқдир. Лекин мен сизларни шундай нарсага йўллаб
кўяманки, агар уни қилсангиз, ширкнинг кичиги-ю каттаси сиздан кетади. Шундай
дейсиз: “Аллоҳумма инний аъузу бика ан-ушрика бика ва ана аъламу ва астағфирука
лима ла аъламу”.
(Маъноси: Эй Аллоҳ, мен Сендан Сенга ширк келтиришимдан
паноҳ беришингни сўрайман ва билмасдан келтирган ширким учун Сендан мағфират тилайман”).[4]

Салафи солиҳларнинг ихлос борасидаги сўз ва амалларидан
баъзи намуналар

Рабиъ ибн Хузайм айтганлар: “Қайси бир амалдан Аллоҳнинг юзи исталмаса, у
қуриб, йўқ бўлиб кетгувчидир”.

Имом Аҳмад ўғилларига насиҳат қила туриб, шундай деганлар: “Эй ўғилчам,
яхшиликни ният қил, зеро, агар сен яхшиликни ният қилсанг, доим яхшиликда
бўласан”.

Айюб ас-Сихтиёний айтадилар: “Аллоҳга қасамки, банда ҳолати-фазилатининг
бошқаларга билинмаслигидан хурсанд бўлсагина содиқ-мухлис бўлибди”.

Бир киши Шақиқ ибн Иброҳимдан: “Одамлар мени солиҳ деб айтишади, солиҳ ёки
солиҳ эмаслигимни қандай билсам бўлади?” — деб сўради. Шунда Шақиқ ибн Иброҳим:
“Яширин қиладиган ишларингни солиҳларга ошкор қил. Агар улар ундан рози бўлишса,
демак сен солиҳсан, бўлмаса солиҳ эмассан”, — дедилар.

Муҳаммад ибн Юсуф ал-Асбаҳоний нонларини бир новвойдан сотиб олишга
одатланмас эканлар. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Эҳтимол сизлар мени таниб
қолиб, ҳайбатланиб, нонни арзонроқ қилиб беришингиз мумкин, унда мен дини билан
кун кўрадиганлардан бўлиб қоламан”, — деган эканлар.

Сурайё Рабиъ ибн Хузайм ҳақида айтадилар: “Рабиънинг барча амали махфий эди.
Агар у зот ҳузурига бирон кимса келиб қолса ва ўша вақт Мусҳаф-Қуръонни очиб
қўйган бўлсалар, уни кўйлаклари билан бекитиб олар эдилар”.

Иброҳим ан-Нахаъий агар Мусҳафдан бирон сура ўқиётган бўлсалар ва олдиларига
бирон киши кириб қолса, уни бекитиб, яшириб кўяр эдилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак ғазотга чиқсалар, кимликлари билинмасин учун юзларини
ниқоблаб олар эканлар. Абдуллоҳ ибн Сулаймон айтадилар: “Мен ниқобнинг бир
четини ушлаб, тортдим. Шунда у зот: “Эй Абу Амр! Сиз бизни уялтириб, шарманда
қиладиган кимсалардан экансиз”, — дедилар”.

Ибн Муҳайриз кўйлак сотиб олиш истагида чақа пул билан дўконга кирдилар.
Шунда бир киши сотувчига қараб: “Бу Ибн Муҳайриз бўладилар, савдони чиройли
қилинг”, — деди. Шунда Ибн Муҳайриз савдони тўхтатиб, дўкондан чиқиб кетдилар
ва: “Биз фақат пулларимиз билан сотиб оламиз, динимиз билан сотиб олувчи
эмасмиз”,- дедилар.

Халаф ибн Тамим айтадилар: “Мен Суфён ас-Саврийни Маккада кўрдим, у зот
атрофларида ҳадис ўрганувчилар кўпайиб кетганида: “Инна-а лиллаҳи ва инна-а
илайҳи рожиу-у-н”, мен каби инсонга одамларнинг ҳожати тушгани сабаб Аллоҳ бу
Умматни йўқ қилиб юборишидан қўрқаман”, — дедилар”.

Имом Аҳмад айтадилар: “Бир киши Суфён ас-Саврийга у зотни тушида кўргани
ҳақида айтганда, “Ўзингни қийнама, мен нафсимнинг қандайлигини туш кўрувчилардан
кўра яхшироқ биламан”, — деган эканлар”.

Иброҳим ан-Нахаъий айтадилар: “Қилинган бир яхши амални гапирдим. Агар
гапирмасликдан қутулиш йўлини топганимда эди, гапирмасдим. Қайси бир замонда мен
Куфа фақиҳи бўладиган бўлсам, демак ўша замон ёмон замондир”.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Бир киши бир ерда зикр қилиб ўтирарди, қачон кўз
ёши келса, уни орқага қайтарарди. Агар кўз ёши чиқиб кетишидан қўрқса, туриб
оларди”.

Муҳаммад ибн ал-Восиъ: “Агар гуноҳларимга ҳид берилганида эди, сизлар менга
яқин келолмаган бўлардингиз. Мен шундай кишиларни кўрдим, улардан бирлари аҳли
билан бир ёстиқда ётарди. Кўз ёшидан чаккаси хўл бўлиб кетарди, аммо буни аёли
ҳис қилмасди. Яна шундай кишиларга етишдимки, улардан бири намозда бир сафда
туриб йиғларди, буни ёнида турган киши сезмасди” — дедилар.

Ҳассон ибн Синоннинг аёли айтади: “Ҳассон ибн Синон келиб тўшакка ётардилар,
сўнг мени худди она ўз боласини алдаб ухлатганидек алдаб ухлатишга ҳаракат
қилардилар. Агар ухлаганимни билсалар, секин тўшакдан суғурилиб чиқиб, хонадан
чиқиб кетардилар. Сўнг намоз ўқишга турар эдилар”.

Алий ибн Ҳусайн Зайнул-Обидийн раҳимаҳуллоҳ кечанинг энг охирги қисмида
орқаларига бир қоп нонни ортиб, уни одамларга махфий равишда улашиб чиқар
эдилар. Ул зот доимо: “Махфий қилинган садақа Аллоҳ Азза ва Жалланинг ғазабини
ўчирур”, — дердилар. Мадина аҳли айтадилар: “Биз махфий садақани Алий ибн Ҳусайн
вафот этгунларига қадар йўқотмадик”.

Амр ибн Қайс ал-Мулаий 20 йил нафл рўза тутдилар. Буни аҳл-оилалари билмади.
У зот тушликларини олиб, тонг-ла дўконга кетардилар ва ўша таомни садақа қилиб
юборардилар, буни оила аъзолари билмасди. Агар у зотга йиғи келиб қолса,
юзларини деворга қаратиб, шерикларига: “Шамоллаш қандай ҳам қаттиқ-а”,- дер
эканлар. Кеч кирганда уйларига қайтардилар ва аҳл-оилалари билан кечки
овқатни-ифторни бирга қилардилар.

Ихлосга оид баъзи масалалар

1. Амалларни махфий қилиш ҳақида юқорида ўтган сўзлар одамлар олдида
бутунлай амалларни тарк қилиш лозим
, деган маънони англатмайди. Амалларни
махфий қилиш қалбнинг риёдан хотиржам бўлиши жиҳатидан афзалликка йўйилади. Киши
амалларини одамлар мавжудлигида ҳам қилавериши мумкин. Айниқса у амаллар
инсоннинг доимий қилиб юрадиган ибодатлари бўлса, уни ҳар қандай ҳолатда адо
этиши жоиз. Фақат бунда қалбини риёдан қаттиқ сақлаши керак, одамларни жонивор
ёҳуд ёш бола сифатида эътиборсиз санаши керак (Бу одамларни камситишга кирмайди.
Чуни у бу тасаввурни кибр билан эмас, балки риёдан сақланиш учун қилмоқда. Бу
бандалар амал у учун қилнаётган Оллоҳ таоло олдида ҳақиқатда ҳақир махлуқлардир.
Тахр). Мусулмон киши риёдан сақланиш билан амаллардан тўсувчи шайтон васвасаси
орасини ажратиб олиши лозим, шунда у кўп яхшиликлардан ортда қолиб кетмайди.
Зеро, шайтон ҳам риё ва ундан қўрқиш мавзусини ибодатдан тўсиш учун қурол
қилиб олиши мумкин
. Бирон яхши амал қилмоқчи бўлган одамга — хоҳ у толиб
илм, хоҳ мударрис, хоҳ ваъз айтувчи бўлсин — келиб, бу ишнинг риёга олиб
боришини, агар тўхтамаса ширкка тушиб қолишини васваса қилиб, уни мақсадидан
тўсиши эҳтимол.

Имом Ибн ал-Жавзий айтадилар: “Иблис зийрак ваъз ўқувчини алдаб, унга: “Сен
каби одам маъруза қилмайди, панд-насиҳатни фақат хушёр одамгина ўқийди”,- деб,
уни жим бўлишга ва маърузасидан тўхташга ундайди. Мана шу шайтоннинг
ҳийла-найрангларидандир. Чунки у яхшилик қилишдан тўсяпти… Баъзан у келиб:
“Сен ўзинг келтираётган нарсаларинг (оят, ҳадислар) билан лаззатланаяпсан ва
бундан роҳат топаяпсан, эҳтимол сўзингга риё кириб қолгандир, бундан кўра
одамлардан узоқ бўлишинг тинчроқдир”,- дейди. Унинг бундан кўзлаган мақсади
яхшилик эшигини ёпишдир”.[5]

Агар риё ёки “сумъа” (одамлар кўрсин ёки эшитсин, деган тушунча) бирон амални
қилишга ундаётган бўлса, ўша амалдан тўхташ зарур, аммо кимнинг холис бошлаган
амалига риё васвасаси аралашса, амални тарк қилмай, бу васвасани бартараф этишга
ҳаракат қилмоқ керак.

Демак, мусулмон киши қалбидаги ниятини тўғрилаб, азму қарорини мустаҳкамлаб,
қаерда бўлмасин одатий солиҳ амалларини давом эттиравериши ва бунда шайтоннинг
васвасасига учиб қолмаслиги зарур. Лекин нафл амалларни одамлар кўзидан панада
қилишга одатланиши у учун авлороқдир.

2. Кўпинча шайтон солиҳ кишига у ҳақда одамларнинг мақташларини, илиқ сўз
айтишларини риё сифатида келтиради. Шак-шубҳа йўқки, ким амалини одамлар мақтови
учун қилса, бу риёдир. Бироқ, ким амалини холис Аллоҳ учун қилса ва амалидан
сўнг одамларнинг унга айтаётган мақтовларидан озгина хурсанд бўлиб қўйса, бу
ихлос ҳақиқатига зид эмас.

Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Яхшиликдан биронтасини қилиб,
сўнг одамлардан мақтов эшитган кишининг амалини риё деб ҳисоблайсизми?”
– деб
сўрашганида, у зот: “Бу мўминлар учун олдиндан берилган хушхабардир”, —
дедилар.

3. Баъзан киши амалини холис Аллоҳ учун бошлайди. Лекин ўша амал асносида
қалбига риё ҳиссиёти келади. Бунда унинг амали бекор бўлган ёки бўлмаганлиги
борасида иккиланиб қолади. Уламолар бу ҳақда турлича фикр билдирганлар. Бу
борадаги фикрларнинг тўғриси шуки, агар киши шу ҳолатда ўша риёга қарши курашса,
уни ёмон кўриб, қалбидан чиқариб ташлашга ҳаракат қилса, унинг амали бекор
бўлмайди. Аммо ўша хаёлга рози бўлиб, шу фикрда амалини давом эттираверса, унда
унинг амали бекор бўлади. Валлоҳу аълам.

4. Биз риёнинг ёмон иллат экани ҳақида гапирар эканмиз, масаланинг бошқа
томонларини ҳам назардан қочирмаслигимиз керак. Одамларни, айниқса ёшларни ва
Исломга янги кириб келаётганларни нафл ибодатларга рағбатлантириш, қизиқтириш ва
ўргатиш учун баъзан шу ибодатларни ошкора қилиш махфий қилишдан кўра афзалроқ
бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим учун нафл ибодатларини
аҳли аёллари олдида, баъзан саҳобалар билан бирга адо қилганлари, ҳамда баъзи
салафлар нафл амалларни бошқаларга ошкора кўрсатиб қилганлари бунга
мисолдир.

Агар ибодат диндаги фарз ёки муҳим таъкидланган суннатлардан бўлса, у ҳолда
уни таълим учун ошкора қилиб кўрсатиш афзал, балки зарур бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 271-оятида инфоқ-эҳсон ҳақида сўз юритиб
шундай дейди: “Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз, жуда ҳам яхши. Агар
уларни махфий қилсангиз ва фақир-камбағалларга берсангиз, бу сизлар учун яна-да
яхшироқдир. Аллоҳ гуноҳларингизни ўчирур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан жуда
яхши хабардордир”
.

Бу оят хусусида Имом Бағавий айтадилар:

“Айрим муфассирлар: “Бу оят нафл садақалар хусусидадир. Фарз қилинган закотни
эса одамлар эргашишлари учун ошкора бериш афзалдир. Бу худди фарз намозни
жамоатда ўқиш, нафлни эса уйда ўқиш афзал бўлгани кабидир”,- дейишган. Баъзилар
эса: “Бу оят фарз қилинган закот хусусидадир. Уни махфий бериш Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида яхшироқ бўлган. Бизнинг замонимизда эса
ёмон гумонларни кетказиш учун уни ошкор қилиб, кўрсатиб бериш афзалдир” —
деганлар”.

Риё бўлади, деб нафл амалларнинг ҳаммасини фақат яширин қилишга ўтиб
кетиладиган бўлса, ёшларни нафл ибодатларга ўргатилмаса, бунинг ўзига яраша
салбий натижалари ҳам бўлиши мумкин. Жумладан, фарзанд ёки шогирд нафл ибодат
қилаётганларни амалда кўрмаса, ибодатларга бўладиган тарғиботлар қуруқ ва хаёлий
гапдан иборат бўлиб қолади. Бу ҳолда гўёки устоз ёки ота-она ўзи амал
қилмайдиган нарсага бошқаларни тарғиб қилгандек бўлиб қолади. Демак, нафл
амалларни одамларнинг кўзидан йироқда қилиш риёдан холи бўлиши жиҳатидан афзал
эканини таъкидлаш билан бирга уларни одамларнинг кўз олдида ҳам риёдан холи
ҳолда қилишга ўрганишимиз ва ёшларга ўргатишимиз лозим. Зеро, бу ҳам дини Ислом
йўлида қилинадиган даъват ва тарбиядандир.

Сўзимиз охирида Аллоҳ таолодан Ўзининг гўзал исмлари ва олий сифатлари билан
риё ва унга ўхшаш ширк турларидан паноҳ беришини сўраб қоламиз.

Фойдаланилган асосий адабиётлар:

1. “Ат-тарбиятур-руҳийя”, “Ал-мифтаҳ” – Шайх Дувайш;

2. “Адабу толибил-илм” – Шайх Карзон.

[1] Бу уч нуқта
Ибнул-Қаййимнинг “Мадорижус-соликийн” китобидан олинган.

[2] “Иълам”,
3-жилд, 180-бет.

[3] Бухорий ва
Муслим ривоятлари.

[4]
“Саҳиҳул-жомиус-сағийр”, 3-жилд, 233-бет.

[5] “Талбису
иблис”, 125-бет.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.