Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Иёс ибн Муовия ал-Музаний

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо

Таржимон: Абу Туроб

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Иёс ибн Муовия ал-Музаний

Амрнинг мардлиги, Ҳотимнинг саҳовати, Аҳнафнинг ҳалимлиги, Иёснинг заковати…”. (Абу Таммам)

 

Мўминларнинг амири Умар ибн Абдулазиз тунни мижжа қоқмай, безовталаниб ўтказди. Дамашқнинг бу совуқ кечасида унинг уйқусини қочирган, уни машғул қилган иш Басра аҳли ўртасида адолат тарозисини қоим қиладиган, уларга Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қиладиган, ҳақни барпо қилишда уни қўрқув ва рағбат ушламайдиган қозини танлаш эди. Ўйлай-ўйлай ихтиёри икки кишига тўхтади. Иккалалари ҳам, динда олим, ҳақда салобатли, теран фикрли, ўткир назар ва фаҳму фаросатли бўлиб, бу сифатларда улар бамисоли эгизаклардек ўхшаш эдилар. Халифа уларнинг бирида бошқасидан ошиқча бир фазилатни топса, бунинг муқобилида бошқасидан ҳам бунга баробар келадиган фазилатни топар эди. Тонг отгач Дамашқда ҳозир бўлган Ироқдаги волийси Адий ибн Артоҳни чақириб: “Иёс ибн Муовия ал-Музаний ва Қосим ибн Робиъа ал-Ҳорисий билан суҳбатлашиб, иккисидан бирини Басрага қози қилиб тайинлагин” — деб, амр қилди. Волий: “Хўп бўлади, эй амийрул-мўминин” — деди.

Адий ибн Артоҳ Иёс ва Қосимни жамлаб:

— “Мўминларнинг амири – Аллоҳ умрларини зиёда қилсин –иккингиздан бирингизни Басрага қози этиб тайинлашимга амр қилдилар, хўш, нима дейсизлар?” — деди. Уларнинг ҳар бирлари биродарларининг фазилатлари, илми ва билимини зикр қилишиб, бу мансабга ҳақлироқ эканини айтишди. Бу билан масала ҳал бўлмаслигини кўрган волий: “Бу мажлисдан то масалани ҳал қилмагунингизча чиқмайсиз” — деб, қатъий сўз айтгач, Иёс сўз бошлади:

— “Эй амир, сиз мен ва Қосим ҳақида Ироқнинг икки олими Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийриндан сўранг, ана улар бизнинг ўртамизда ажрим қилишга энг қодир кишилардир” — деди. Бу икки улуғлар билан Қосимнинг борди-келдиси бўлиб, Иёснинг улар билан ҳеч алоқаси йўқ эди. Қосим Иёснинг тадбирини тушунди. Агар амир улар билан маслаҳатлашса, улар албатта Қосимни тайинлашга маслаҳат беришади. Шунда Қосим амирга сўз қотди:

— “Эй амир, мен ҳақимда ҳам, Иёс ҳақида ҳам ҳеч кимдан сўраманг. Эй амир, Аллоҳга қасам ичиб айтаман, Иёс мендан Аллоҳнинг динида билимлироқ ва қозилик ишларида олимроқдир. Агар мен бу қасамимда ёлғон сўзлаётган бўлсам, мендек сўзида ёлғон аралаштирадиган кишини қозиликка тайинлаш дуруст бўлмайди. Агар мен бу қасамимда ростгўй бўлсам, ҳақли одамни қўйиб, ҳақсиз одамни тайинлаш ҳам дуруст бўлмас”. Шунда Иёс волийга:

—“Эй амир, сиз бир кишини чақириб, унга қозиликни таклиф қилишингиз билан, уни жаҳаннам четига олиб бориб қўйдингиз. Энди у, ёлғон қасам ичиб бўлса ҳам ўзини бундан халос қилмоқда. Кейин ёлғон қасам ичгани учун Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қилади ва қўрққан нарсасидан ўзини қутқариб қолади” — деди. Шунда Адий:

— "Шуни фаҳмлаган сиздек заковат соҳиби қозиликка ҳақлироқ ва лойиқдир” — деди ва Иёсни Басрага қози этиб тайинлади.

Умар ибн Абдулазиздек зоҳид халифа Басрага қози бўлишини ихтиёр этган бу киши ким бўлди экан? Ҳотим ат-Тоийнинг сахийлиги, Аҳнафнинг ҳалимлиги ва Амр ибн Маъдий Карибнинг мардлигида зарбул-масал қилингани каби, унинг заковати ва фаҳму фаросати ҳақида зарбул-масал қилинган бу киши ким ўзи? Келинглар бу кишининг ҳаётини бошидан ўрганамиз. Зеро, унинг ҳаёти нодир ҳодисаларга бой, қизиқарли ҳаётдир.

Иёс ибн Муовия ибн Қурра ал-Музаний ҳижратнинг қирқ олтинчи йили, Нажднинг Ямома минтақасида дунёга келди. Оиласи билан Басрага кўчиб, шу ерда ўсиб-улғайиб, таълим-тарбия олди. Ўсмирлик чоғида у Дамашққа ҳам тез-тез қатнаб, ҳаёт бўлган саҳобаи киромлар ва улуғ  тобеинлардан дарс олди. Музанийлик бу болада болалик чоғиданоқ улуғворлик ва заковат аломатлари зоҳир бўлиб, бу ҳақдаги хабарлар ва нодир ҳодисалар одамлар орасида айланиб юрар эди. Шулардан бири “Иёс аҳли зиммалардан бўлган бир яҳудийда ҳисоб илмини таълим оларди. Бир куни муаллимининг олдига ўзига ўхшаган яҳудий дўстлари жамланиб, дин ҳақида гаплашиб ўтиришди. Уларнинг назаридан четда қолган Иёс эса, сукут сақлаб уларнинг сўзларини тинглаб ўтирарди. Муаллим дўстларига: “Мусулмонлардан ажабланмайсизми?, улар жаннатда турли таомлар ейишар, аммо қазои хожат қилмас эмишлар!" — деди.  Шунда Иёс муаллимга қараб:

— “Сиз ажабланаётган иш ҳақида гапирсам майлими?” — деди.

— “Майли, гапир” — деди муаллим. Иёс:

— “Шу дунёда ейилган ҳар бир нарса, чиқинди бўлиб хожатда чиқиб кетадими?”

— “Йўқ”.

— “Унда чиқмайдигани қаерга кетади?”

— “Жисмга озуқа бўлиб сингиб кетади”.

— “Шу дунёнинг ўзида еганларимизнинг баъзиси жисмимизга озуқа бўлиб сингиб кетар экан, жаннатда унинг ҳаммаси озуқа бўлиб сингиб кетишидан нега ажабланасиз?” Муаллим қўли билан унга ишора қилиб:

— “Ҳа, яшшамагур, сен бола,” деб қўйди.

Иёс йилдан йил улғайган сари, унинг заковати ҳақидаги хабарлар ҳам улғаяверди. Ривоят қилинишича Иёс ўспиринлик чоғида Дамашққа келади. Иттифоқо у ерда Дамашқ аҳлидан бўлган бир қария билан бир ҳақ устида тортишиб қолади. Уни ҳужжат билан қониқтира олмагач, қозининг ҳузурига борадилар. Қозининг ҳузурида Иёс бироз қизишиб, даъволашаётган қарияга баланд овозда гапириб юборди. Шунда қози:

— “Овозингни пастроқ қил эй бола, сени қаршингда ёши ва қадри катта инсон турибди” деди. Иёс:

— “Лекин ҳақиқат ундан-да каттароқдир”. Қозининг жаҳли чиқиб:

— “Жим бўл” деди. Иёс:

— “Мен жим бўлсам, менинг ҳужжатимни ким гапиради”. Қозининг ғазаби зиёдалашиб:

— “Қозихонага кирганингдан бери фақат ботил сўзларни сўзлаяпсан-а!” Иёс:

— “Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир, У ягонадир шериги йўқдир. Бу ҳақми ёки ботилми?”. Қози ғазабидан тушиб:

— “Ҳақ, ҳақ… Каъбанинг Роббига қасамки ҳақ” деди.

Музанлик бу йигит илм таҳсил қилишга астойдил киришиб, Аллоҳ насиб этганича ундан қониқиб-қониқиб симирди. Ҳатто у илмда катта даражага эришди. Ёш бўлишига қарамай катталар унга бўйсунар, уни ўзларига имом қилиб орқасидан иқтидо қилишар ва қўлида шогирд бўлиб таълим олишар эди. Йилларнинг бирида Абдулмалик ибн Марвон — халифа бўлишидан аввал —  Басрага келганида тўртта яшил чопонли, соқолли қориларнинг олдида, ҳали мўйлаби сабза урмаган Иёснинг уларга имом бўлиб намоз ўқимоқчи эканини кўриб: “Мана бу соқол эгаларига ажаб, ичларида ўзларига пешво қилишга лойиқ бирон ёши катта олим йўқмики, мана бу ёш болани ўтказибдилар” — деди. Сўнгра Иёсга қараб: “Ҳой бола, ёшинг нечада?” — деб сўради. Иёс: “Ёшимми, ёшим… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар бўлган лашкарга амир этиб тайинлаган Усома ибн Зайднинг ёшида” — деб жавоб берди. Бу жавобдан лол қолган Абдулмалик ибн Марвон: “Боракаллоҳ! Ўтавер болам, ўтавер” — деди.

Йилларнинг бирида одамлар улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу бошчилигида Рамазон ҳилолини кўриш учун очиқ кенгликка чиқдилар. У ўша кунларда юз ёшни қаршилаган эди. Ҳамма осмонга тикилган, Ойни қидирган, ҳеч ким кўрмаётган дамда, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу осмонга тикилиб: “Мен кўряпман ҳов ана Ой, ҳов ана” деб қўллари билан ишора қилдилар. Бироқ ҳеч ким уни кўрмади. Ҳамма осмонга қараганда, фаросатли Иёс Анас розияллоҳу анҳуга қаради. Қараса қошларининг узун бир толаси кўзларига тушиб турган экан, одоб билан изн сўраб, қошларини силаб тўғрилаб қўйди ва: “Эй Расулуллоҳнинг соҳиби, энди қарангчи” — деди. Анас розияллоҳу анҳу осмонга тикилиб қараб: “Йўқ, энди кўринмаяпти, энди кўрмаяпман” — дедилар.

Иёс ибн Муовия ал-Музанийнинг заковати ҳақидаги хабарлар тарқалганда тарқалди. Одамлар унинг ҳузурига ҳар тарафлардан келиб, ўзларининг илм ва дин ишларидаги мушкулларини арз қилар, баъзилар маърифатни истасалар, баъзилар эса ожиз қолдириш, ботил нарсаларда тортишишни хоҳлардилар. Шундай воқеалардан: “Кунларнинг бирида бир қабила раиси келиб:

— “Эй Абу Воила (бу Иёс ибн Муовиянинг куняси) мускир (маст қилувчи ичимлик) ҳақида нима дейсиз?” — деди. Иёс ибн Муовия:

— “Ҳаромдир”.

— “Нега ҳаром бўлади, ахир у оловда қайнатилган сув ва мевадан таркиб топган бўлса, буларнинг ҳаммаси ҳалол нарсалар эмасми?”.

— “Гапириб бўлдингми эй раис ёки яна гапинг борми?”.

— “Гапириб бўлдим”.

— “Агар бир ховуч сув олиб, уни юзингга сепсам, оғритадими?”.

— “Йўқ, оғритмайди”.

— “Агар бир сиқим тупроқ олиб юзингга сочсамчи, оғритадими?”.

— “Йўқ, оғритмайди”.

— “Агар бир сиқим сомон олиб юзинга отсам, оғритадими?”.

— “Йўқ, оғритмайди”.

— “Энди айтчи, шу тупроқни олиб, унга сомонни аралаштириб, устидан сув солиб гувала қилсам ва уни қуёшда қуритсам, кейин у билан юзингга урсам оғритадими?”.

— “Ҳа, оғритади, ўлдириб қўйиши ҳам мумкин”.

— “Маст қилувчи ичимликнинг ҳукми ҳам худди шундай. Унинг ҳам бўлаклари жамланиб ачитилса ҳаром бўлади”.

Иёс ибн Муовия қозилик вазифасига тайинлангач, унинг заковатининг очилмаган қирралари, тадбирининг кенглиги ва ҳақиқатни очишдаги нодир маҳорати зоҳир бўла бошлади. Шулардан: Икки киши даъволашиб унинг ҳузурига келишди. Улардан бири иккинчисига маълум миқдордаги молни омонат қолдиргани, энди шу омонатни қайтариб беришни сўраганида инкор қилаётганини айтди. Иёс ибн Муовия инкор қилувчи кишидан омонатни сўраган эдилар, у яна инкор қилиб:

— “Даъвогарнинг хужжати бўлса олиб келсин, бўлмаса қасам ичишдан бошқа менинг устимда ҳаққи йўқдир” деди. Иёс ибн Муовия қасам билан бировнинг моли ноҳақ еб кетилишидан қўрқиб, даъвогарга:

— “Қайси жойда молингни омонат берган эдинг?”. Даъвогар:

— “Фалон жойда”. Иёс ибн Муовия:

— “Ўша ерда нима бор эди”. Даъвогар:

— “Катта бир дарахт бор эди. Дарахтнинг сояси остида ўтириб таомландик, сўнг кетишимиздан олдин омонатни бердим”. Иёс ибн Муовия:

— “Ўша дарахтнинг олдига қайтиб бор, шояд дарахт сенга молингни қаерга қўйганингни ва нима қилганингни эслатса, кейин ҳузуримга қайтиб келиб нима ҳол бўлганини менга айтасан” — деди. Даъвогар кетгач, Иёс ибн Муовия омонатни инкор қилаётган кишига қараб:

— “Даъвогар қайтгунига қадар бу ерда ўтира тур” — деди ва ҳузурида ўз навбатини кутиб турган бошқа даъвогарларга юзланиб, уларни эшита кетди. Бироқ, омонатни инкор қилаётган кишидан назарини узмай, кўзининг қири билан уни кузатиб турди. Бир оз вақт ўтгач, уни хотиржам, бепарво ўтирганини кўриб, тўсатдан:

— “Нима деб ўйлайсан, даъвогар сенга омонатни берган жойга етиб бордимикин?” — деб сўради. У киши ўзи билмаган ҳолда, ўйламай:

— “Йўқ, ҳали етиб бормаган бўлса керак. У ер анча узоқ” — деб қўйди. Шунда Иёс ибн Муовия:

— “Эй Аллоҳнинг душмани, омонатни инкор қиласан, аммо уни қаерда олганингни биласан… Аллоҳга қасамки сен хоинсан!” — деди. У киши ҳайратда, дахшатланиб жим бўлиб қолди ва хиёнат қилганига иқрор бўлди. Иёс ибн Муовия уни даъвогар келгунига қадар ушлаб турди ва омонатни қайтариб беришга амр қилди.

Яна шундай воқеалардан бири: Икки киши эркаклар бошларига ташлаб юрадиган икки рўмол устида тортишиб,  Иёс ибн Муовиянинг ҳузурига даъволашиб келдилар. Рўмолларнинг бири яшил рангли, қимматбаҳо янги рўмол, иккинчиси эса қизил рангли эски рўмол эди. Даъвогар сўз бошлади:

— “Чўмилиш учун кийимларимни ечиб ховузга тушдим. Рўмолимни ховузнинг четига кийимларим ёнига қўйган эдим. Бу киши келди ва ўзининг қизил рўмолини менинг рўмолим ёнига қўйиб, ховузга тушиб чўмилди, кейин мендан аввал ховуздан чиқди ва кийимларини кийиб, менинг рўмолимни бошига ташлаб кетиб қолди. Орқасидан югуриб: “Ҳой биродар, ахир бу менинг рўмолим-ку, қайтариб беринг!”, — деб айтган эдим, бу унинг рўмоли эканини айтмоқда. Иёс гумондорга қараб:

— “Сен нима дейсан?”

— “Рўмол меники, мана қўлимда турибди” — деди. Даъвогарга:

— “Рўмол сеники эканига бирон ҳужжатинг борми?” — деб сўраган эди. Даъвогар:

— “Йўқ” — деб жавоб берди. Шунда Иёс ходимларидан бирига:

— “Менга тароқ олиб келинг!” — деб амр қилди. Тароқ олиб келингач, даъволашаётган икки кишининг сочларини таради. Бирининг сочидан қизил толалар, бошқасидан эса яшил толалар чиқди. Сочидан қизил толалар чиққан кишига қизил рўмолни, яшил толалар чиққан кишига яшил рўмолни беришга ҳукм қилди.

Иёс ибн Муовия ал-Музанийнинг фаросати ва заковатининг ўткирлигига далолат қилувчи воқеалардан яна бири: Кўфа шаҳрида одамларга ўзини тақволи, солиҳ қилиб кўрсатадиган бир киши бор эди. Бу киши ҳақидаги мақтовлар ва унга ишонувчилар кўпайиб кетди. Одамлар сафар қилмоқчи бўлсалар молларини унга омонат қолдирадиган, ажаллари яқинлашиб қолганини сезганлар эса, болаларига уни васий қилиб қолдирадиган бўлишди. Кунларнинг бирида бир киши келиб унга ўзининг бир қанча молини омонат қолдириб кетди, кейин қайтиб келиб молини қайтариб беришини сўраганида, у инкор қилди. Бу ҳолдан ҳайрон қолган киши нима қиларини билмай, ахийри қози Иёснинг ҳузурига бориб арзини баён қилди. Иёс унга: “Мени ҳузуримга шикоят қилиб келишингни унга айтганмидинг?” — деб сўради. Шикоятчи: “Йўқ”, — деди. Иёс ибн Муовия: “Ҳозир кетавер, эртага ҳузуримга яна келгин.” — деб тайинлаб, ҳалиги омонатдор деб танилган кишини чақиртирди. У келгач унга: “Менинг ҳузуримда қаровчиси йўқ етим болаларнинг кўпгина моллари йиғилиб қолди. Шуни сенга топширишни ва етим болаларга сени васий қилишни ихтиёр этдим. Шунга вақтинг бемалол ва жойинг ишончлими?” — деб сўради. У: “Ҳа, бемалол муҳтарам қози” — деб жавоб берди. Иёс: “Ундай бўлса молни сақлашга жой ҳозирлаб, индинга молни кўтариб кетишга ҳаммоллар билан келгин!” — деди. Эртасига талабга биноан шикоятчи келди. Иёс: “Ҳозир сен унинг олдига боргин, яна бир бор молингни қайтариб беришини талаб қил, агар яна инкор қилса, “Қозига шикоят қиламан” — деб айт!” — деди. Шикоятчи бориб ундан молини қайтаришни талаб қилганида, у ҳеч қандай омонат олмаганини айтиб, молни беришдан бош тортди. Шунда шикоятчи Иёс айтганидек: “Ундай бўлса қозига шикоят қиламан” — деди. Бу сўзни эшитиши биланоқ омонатини қайтариб берди ва кўнглини ҳам кўтариб қўйди. Шикоятчи Иёснинг ҳузурига қайтиб: “У омонатимни қайтариб берди, Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан мукофатласин” деб миннатдорчилик билдирди. Ваъдалишилган кунда ўзини омонатдор қилиб кўрсатиб юрган киши, бир қанча ҳаммоллар билан қозининг олдига келганида, Иёс ибн Муовия унинг кирдикорларини фош қилиб шарманда қилди ва: “Сен қандай ҳам ёмон одамсан, эй Аллоҳнинг душмани! Дунё топиш учун динни қопқон қилиб олибсан-а!” — деб, уни койиди.

Иёс ибн Муовия ўткир заковати, топқирлиги ва ҳозиржавоблигига қарамай, баъзида уни ҳужжат билан қониқтириб, чорасиз қолдирганлар ҳам бўлган. Ўзи ҳақида ҳикоя қилиб деди: “Мени биров мағлуб қила олмаган эди. Аммо бир кишигина бунга муваффақ бўлди. Бир куни Басрада қозихонада эдим, ҳузуримга бир гувоҳни олиб келишди. У фалон боғ фалончининг боғи эканига гувоҳлигини айтиб, боғнинг ҳудудини белгилаб берди. Мен унинг гувоҳлигини текшириб: “Боғнинг ичида қанча дарахти бор?” — деб, сўрадим. У бир оз бошини ҳам қилиб туриб, сўнг бошини кўтариб деди: “Муҳтарам қози неча йилдан бери шу хонада қозилик қиладилар?” — деди. Мен: “Фалонча йилдан бери” —дедим. У: “Унда айтингчи, шу шифтнинг вассажуфтлари нечта?” — деди. Мен билмадим ва унга: “Сен ҳақсан” — деб, унинг гувоҳлигини қабул қилдим”.

Иёс ибн Муовия ёшлари етмиш олтига етганда туш кўрдилар. Тушларида оталари ва ўзлари от миниб ёнма-ён борар, на оталари ва на ўзлари ўтиб кетмай, баробар кетишаётган экан. Оталари етмиш олти ёшда вафот қилган эдилар. Шу кечада Иёс ибн Муовия аҳли-оиласига: “Бу кеча қандай кечалигини биласизми?” — дедилар. Улар: “Йўқ” — деб жавоб беришди. Иёс ибн Муовия: “Бу кеча отамнинг умрлари ниҳоясига етган кечадир” — дедилар ва тонгга етмай шу кечада вафот етдилар.

Қози Иёсни Аллоҳ Ўз раҳматига олсин. Дарҳақиқат ўз замонасининг заковат ва фаросатда ҳамда ҳақни билиш ва унга етишдаги  нодир шахслардан бири эди.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.