Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Кашфуш-шубуҳот

«Шубҳаларни аритиш» (Кашфуш-шубуҳот) китобига
шайх Муҳамад ибн Иброҳим оли Шайх томонидан қилинган шарҳ

Тартиблаб, нашрга тайёрлаган
шайх Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Қосим
Ислом Нури таржимаси

«Кашфуш-шубуҳот» китоби мавзуси

Китоб мавзусини шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ қуйидагича таърифлаганлар: «Китоб айрим мушрикларнинг ибодат тавҳиди борасида келтирган шубҳаларига раддия тарзида ёзилган. Шайх раҳимаҳуллоҳ Аллоҳга даъват қилишга бел боғлаб, кўпчилик одамлар ботиб қолган катта ширк турини баён қилиб бергач, баъзи жоҳиллар ўзларига ўхшаган жоҳилларни шубҳага тушириш мақсадида у кишига қарши фикрларни кўтариб чиқдилар ва мусанниф раҳимаҳуллоҳ мусулмонларни кофирга чиқараётганини даъво қилдилар. Бундай бўлишдан Аллоҳ сақласин, у киши аслида куфр амалини қилаётган ва куфрига ҳужжат барпо бўлган кишиларнигина кофир санайди. Шундан сўнг мусанниф – гарчи ўзи ўргимчакнинг тўридан ҳам заиф бўлса-да – жоҳилларни шубҳага туширган ўша шубҳаларни аритиш ва уларни рад қилиш мақсадида қўлга қалам олди.

Мусанниф раҳимаҳуллоҳ инсон шубҳаларга дучор бўлган пайтда пайғамбарларнинг дини ҳақиқатидан бохабар ҳолда бўлиши ва пайғамбарларнинг дини мушрикларнинг динидан афзал эканини билиб олиши учун аввал пайғамбарларнинг дини ва улар даъват қилган нарсанинг ҳақиқатини баён қилишда, шунингдек мушрикларнинг дини ва уларнинг аҳволини баён қилишда фойдали бўлган бир муқаддимани тақдим қилди ва замонасининг мушриклари ўтган мушрикларнинг динига эргашган эканларини тушунтириб берди».

Шубҳалар ва уларнинг жавоблари ҳақида қисқача

Бу шубҳаларга мусанниф раҳимаҳуллоҳ қисқача тарзда жавоб берган ва бунга Аллоҳ таолонинг: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус: 62) оятини тамсил қилиб келтирган, уларнинг «шафоат ҳақ» ёки «пайғамбарларнинг Аллоҳ ҳузурида жоҳлари (ҳақ-ҳурматлари) бор» деган сўзларини келтириб, ҳар бир шубҳага битта, иккита ё ундан ҳам кўпроқ жавобларни берган.

Биринчи шубҳа: Ким рубубият тавҳидига – яъни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ярата олмаслигига, ризқ бера олмаслигига, борлиқ ишларини тадбир қила олмаслигига – иқрор бўлса, шунингдек, Абдулқодир ва бошқалар у ёқда турсин, пайғамбаримиз Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари ҳам ўзлари учун бирон фойда ва зарар етказишга қодир бўлмасликларига гувоҳлик берса, солиҳлардан фақатгина шафоатларини ва Аллоҳ ҳузуридаги жоҳларини қасд қилса, у мушрик бўлмайди.

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши уруш қилган кишилар ҳам сиз зикр қилган ишларга иқрор эдилар, улар ҳам фақат сиз истаган нарсани истаган эдилар.

Иккинчи шубҳа: Ширк ҳақидаги оятлар бутларга сиғинадиган кишилар ҳақида нозил бўлган, биз бутларга сиғинмаймиз.

Жавоб: Кофирлар ичида бут-санамларга сиғинадиганлари бор эди, азиз-авлиёларга сиғинадиганлари бор эди, Ийсо ибн Марямга ва унинг онасига сиғинадиганлари бор эди, фаришталарга сиғинадиганлари бор эди. Маъбудалар ўртасида фарқ йўқ, ҳаммаси ҳам ширк, уларга сиғинганларнинг ҳаммаси ҳам мушрикдир. Аллоҳ таоло бутларга сиғинганларни ҳам кофир атади, солиҳларга ва фаришталарга сиғинганларни ҳам кофир санади.

Учинчи шубҳа: Улардан шафоат талаб қилиш ширк эмас.

Жавоб: Бу айни кофирларнинг сўзидан бошқача эмаски, улар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз» (Зумар: 3) дейишарди. Уларнинг биргина мақсадлари бор эди, яъни улар барчанинг Парвардигори бўлган Зотдан шафоат сўраш эди, У Зот уларни шу сабабли кофир санади.

Тўртинчи шубҳа: Ўзлари солиҳларга сиғинишларини рад қилишар, шу билан бир қаторда уларга дуо-илтижо қилишарди, уларга атаб жонлиқ сўйишарди, бу ишларнинг ибодат эканига иқрор ҳам бўлишган эди. Илгариги мушрикларнинг ибодатлари ҳам айни кўринишда эди. Агар бунинг ибодатлигини инкор қилишса ё буни билишмаса, мана бу ояту ҳадислар буни баён қилиб беради.

Бешинчи шубҳа: Ким пайғамбардан ва солиҳлардан шафоат талаб қилишни инкор қилса, у пайғамбарнинг шафоатини инкор қилган ва азиз-авлиёларни камситган бўлади.

Жавоб: Аксинча, шафоат Аллоҳнинг мулкидир, у фақат Аллоҳнинг изнидан кейингина бўлади. Аллоҳ эса фақат тавҳид аҳли учун изн беради, уни Аллоҳдан бошқадан талаб қилиш ширкдир ва шафоатдан маҳрум бўлишга сабабдир.

Олтинчи шубҳа: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга шафоат ато этилган, у зотдан уни талаб қилиш мумкин.

Жавоб: У зотга шафоат берилиши чекланган миқдорда, мутлақ эмас. У зотнинг шафоатлари осийлар учундир, мушрикларга эмас. Қолаверса, шафоат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқаларга ҳам берилади. Бу дегани уни ўзи истаган кишига бераверади ва ундан шафоат талаб қилиш мумкин деган нарсага далолат қилмайди.

Еттинчи шубҳа: Солиҳларга илтижо қилиш ширк эмас, бундай қилган киши мушрик бўлмайди.

Жавоб: Ундан ширк ўзи нималигини, Аллоҳга ибодат нималигини сўралади. У тавҳид нималигини, ўзи тушиб қолган ширк нималигини билмайди.

Саккизинчи шубҳа: Ширк бутларга сиғиниш дегани, биз бутларга сиғинмаймиз.

Ундан: «Улар ўша бутлар яратади ва ризқ беради деб эътиқод қилишадими?» деб сўралади.

Агар у: «Мушрик деб ёғочга, тошга, сағанага ё бошқа нарсага қасд қилиб борадиган, унга дуо-илтижо қиладиган, унга атаб жонлиқ сўядиган ва «улар бизни Аллоҳга яқинлаштиради, уларнинг баракоти билан Аллоҳ бизни асрайди» деб эътиқод қиладиган кишидир, деб жавоб берса, у бутларга сиғинишни тўғри сифатлаб берган бўлади. Унга: «Сизларнинг қилаётган ишингиз ҳам айни шунинг ўзи, қолаверса, ширк фақат бутларга сиғинишгагина чекланмайди», дейилади.

Тўққизинчи шубҳа: Сизлар мусулмонларни кофир санайсизлар ва бизни илгариги мушрикларга тенг қиласизлар. Ваҳоланки, биз «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик берамиз, қайта тирилишни тасдиқлаймиз, намоз ўқиймиз, рўза тутамиз, ҳаж ва умра қиламиз. Улар эса ундай эмасди. Сизлар қандай қилиб мана шундай хислатларга эга ва ўртада шунча фарқлар бўлган кишиларни бу хислатлардан бутунлай маҳрум кимсалар билан тенглаштирасизлар?!

Мусанниф бу саволга тўққизта жавоб билан жавоб беради ва жавобларида улар айтаётган фарқларнинг Китоб, Суннат ва ижмоъга таъсири ўтмаслигини, балки аксинча мана шу фарқлар ва хислатлар уларнинг куфрларинини яна-да катталаштиришини баён қилади.

Кимдаки пайғамбарни бир нарсада тасдиқлаб, бошқа нарсада ёлғончи қилиш сабабли куфрга туширувчи иш топилса ёки махлуқни холиқнинг даражасига чиқариб қўйиш орқали куфрга тушиш содир бўлса ёки солиҳлардан биронтаси ҳақида ғулувга кетиб, унда илоҳлик борлигини даъво қилиш билан куфрга кетиш вужудга келса, ёки шариат ҳаром қилган ишда, масалан икки опа-сингилни никоҳида жамлаш каби ишда шариатга хилоф қилиш содир бўлса, ёки муртадликнинг бирон тури орқали куфр содир бўлса, ёки Аллоҳни ё Унинг оятларини масхаралаш билан куфрга тушиш ҳосил бўлса… Хуллас, мазкур куфрга туширувчи ишлардан биронтаси орқали куфрга тушиш содир бўлса, у одам калимаи шаҳодатга гувоҳлик бериши ва бошқа амалларни қилишидан қатъий назар ўшалар билан баробар бўлади. Муртад бўлиш учун муртадликнинг барча шартларини ё ҳамма ширк турларини қамраб олиш шарт эмас. Муртадлик икки хил бўлади. Бири мутлақ муртадлик бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларнинг ҳаммасидан бутунлай қайтишдир. Иккинчиси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларнинг баъзисидан қайтишдир.

Ўнинчи шубҳа: Ким «ла илаҳа иллаллоҳ» деса, нима иш қилишидан қатъий назар, кофир бўлмайди ва ўлдирилмайди. Бунга далолат қилувчи ҳадислар бор.

Жавоб: Бу ҳадислар мазур шубҳа тарқатаётган киши даъво қилган нарсага, яъни «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтиб қўйишнинг ўзи уни кофир санашдан тўсишига далолат қилмайди. Кофир бўлгани ҳолда бу калимани айтадиган кишилар ҳам кўп топилади. Улар ё бу калиманинг маъносини билмаганидан ё унинг тақозосига кўра амал қилмаганидан ё унга зид бўлган иш содир бўлганидан кофир саналишади. Масалан, яҳудлар ҳам уни айтишади, саҳобалар уларга қарши уруш қилган Мусайламанинг тобеълари ҳам уни айтишарди, Алий розияллоҳу анҳу ўтда ёндирган кимсалар ҳам уни айтишарди. Уни тил билан айтиб қўйишнинг ўзи қон ва молни сақлаб қолишга кифоя қилмайди.

Ўн биринчи шубҳа: Аллоҳдан бошқадан мадад сўраш ширк эмас, чунки қиёмат куни пайғамбарлардан мадад сўраш жоиз бўлади.

Мусанниф уларнинг жаҳолатларини очиб ташлайди ва бу икки турли мадад сўраш ўртасидаги фарқни ажрата олмаганликларини тушунтириб беради.

Ўн иккинчи шубҳа: Ўликлардан ва ғоиблардан мадад сўраш ширк эмас, бунга Жибрил алайҳиссаломнинг Иброҳим алайҳиссаломга ёрдам таклиф қилгани далил бўлади.

Жавоб: Бу мадад сўраш бир жинсда, униси эса бутунлай бошқа жинсдадир. Ким иккиси ўртасини тенглаштирса, икки бутунлай бошқа нарсани тенглаштирган бўлади.

Хотима: Тавҳид қалб, тил ва амал билан бўлиши зарур. Агар булардан бирига халал етса, киши мусулмон бўлмай қолади.

Қуйида энди ушбу шубҳаларга берилган жавобларни кенгроқ баён қилишга ўтилади.

« بسم الله الرحمن الرحيم»

Мусанниф раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг Китобига эргашиб ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактуб ва ёзишмаларини «басмала» билан бошлаганларидан ўрнак олиб, «Ҳар қандай аҳамиятли иш «بسم الله الرحمن الرحيم» билан бошланмас экан, у кесилган (тўмтоқ)дир» ҳадисига амал қилиб, китобини «басмала» (яъни бисмиллаҳ айтиш) билан бошлади.

Муаллифнинг муқаддимаси

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ «басмала»дан кейин пайғамбарларнинг дини ва улар даъват қилган нарса ҳақиқатини, шунингдек, мушрикларнинг дини ва уларнинг аҳволи ҳақиқатини баён қилиб берувчи фойдали бир муқаддимани тақдим қилди. Сабаби, инсон шубҳаларга дуч келган пайтда пайғамбарлар дини ҳақиқатидан хабардор бўлиб, уларнинг дини мушрикларнинг динидан афзал эканини билиши керак. Муқаддимадан сўнг муаллиф уларнинг (мушрикларнинг) шубҳаларини келтириб, уларга бирма-бир жавоб беришга киришар экан, айтади: «Мен замонамиздаги мушриклар бизга қарши ҳужжат қилган гапларга жавоб тариқасида Аллоҳ таоло Китобида зикр қилган нарсалардан баъзиларини сизга айтиб бераман…». Китобнинг мавзуси ҳам шу ўзи.

Билингки – Аллоҳ сизни ўз раҳматига олсин – тавҳид Аллоҳни ибодатда ёлғизлашликдир.

«Билингки…». Бу сўзни бирон муҳим нарсани зикр қилишдан олдин келтирилади ва ўқувчи унга диққат қаратиши, ўзига айтилаётган гапни яхшилаб англаб олиши лозим бўлади. Дарҳақиқат, мусанниф бу китобида баён қилган нарсалар ғоят диққат билан қулоқ солинишга арзигулик гаплардир.

Бошқа ибора билан айтганда, сўзловчи «билингки» дейиш билан унинг ортидан келаётган гапни яхшилаб тушуниб олиш кераклигини қасд қилади. Яъни, жон-қулоғингизни беринг ва диққат қаратинг, сизга ҳозир айтиладиган гапларни англаб олинг, эътибор қаратишга, қалб ва қулоқни беришга арзигулик бундан кўра каттароқ нарса йўқ, зеро, тавҳид калимасидан кўра буюкроқ сўз бўлмайди.

«Аллоҳ сизни ўз раҳматига олсин». Кўпинча мусанниф раҳимаҳуллоҳ ўзи изоҳлаб бераётган нарса билан толибнинг ҳаққига қилинган дуони уйғунлаштиради. Бу унинг чиройли маслакидан, мусулмонларга нисбатан муҳаббати ва меҳр-мурувватидан дарак беради.

«Раҳимакаллоҳ» (Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин) дегани ўтган гуноҳларингизни кечирсин ва келгусида тавфиқ ато этсин, демакдир.

«Тавҳид», яъни, Аллоҳ таоло у билан пайғамбарларни юборган ва мукаллаф учун билиши ва амал қилиши фарз бўлган биринчи иш бўлмиш тавҳид –

«Аллоҳни ибодатда ёлғизлашдир». Мусанниф кўпинча мана шу иборани қўллайди. Зеро, бу таърифлар ичида энг гўзали ва энг қисқасидир.

Маълумки, тавҳид уч қисмдан иборат.

1) Улуҳият ва ибодат тавҳиди. Бу ерда айни шу тавҳид ҳақида сўз боради.

2) Рубубият тавҳиди. Ундан мурод Аллоҳ таолонинг яратувчи, ризқ берувчи ва борлиқ ишларини тадбир қилувчи (бошқарувчи, юргизувчи) эканини билиш ва бунга иқрор бўлишдир.

3) Исм ва сифатлар тавҳиди. Ундан мурод Аллоҳни У Ўзининг Китобида Ўзини сифатлаган, шунингдек Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида Уни сифатлаган сифатлар билан ҳеч қандай ўзгартиришсиз, бекор қилишсиз, шакллашсиз ва ўхшатишсиз сифатлашдир.

Биринчи қисм тавҳиди «ла илаҳа иллаллоҳ» (бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд – ибодатга сазовор зот йўқ) деган калиманинг мутобиқ мадлулидир[1] (яъни, шу калиманинг очиқ далолат қилиб турган маъносидир), шу билан бирга у қолган икки қисмга ҳам тазаммун йўли билан (яъни зимдан) далолат қилади[2].

«Ибодат» сўзи эгилиш, хорланиш маъносидаги «таъаббуд» сўзидан олинган. Араблар ишлатилган ва босиб юрилган йўлни «тариқ муъаббад» дейишади. Мукаллафларга юклатилган шаръий вазифаларни ибодатлар деб номланди. Чунки, улар бу вазифаларни бўйин эгиб ва хорлик билан адо этишади.

Шариатда унинг уламолар тарафидан берилган бир неча таърифлари бор.

Жумладан, шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ уни шундай таърифлаган: «Ибодат Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган ҳар қандай зоҳирий ва ботиний сўз ва амални ўз ичига олувчи жомиъ бир исмдир».

Фуқаҳолар уни шундай таърифлаганлар: «Ибодат – урф жиҳатидан амал қилиб келинишисиз ва ақл тақозосисиз шаръан буюрилган ишдир».

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ унга қуйидаги шеър билан шундай таъриф берган (шеър маъноси):

«Раҳмонга ибодат Унга бўлган муҳаббатнинг ғояси (яъни чўққиси) ҳамда ибодат қилувчининг хорлигидир, шу иккиси икки қутб (марказ)дир.

Ибодат фалаги модомики айланиб тураркан, фақат шу иккиси атрофида айланади.

Унинг мадори (ҳаракат йўли) (Аллоҳнинг) амри, пайғамбарининг буйруғидир, нафс-ҳаво ва шайтон йўриғи билан эмасдир».

У пайғамбарларнинг динидир, Аллоҳ таоло уларни шу дин билан бандаларига
юборган.

(Мусанниф тавҳидга) у аввалидан тортиб охиригача барча пайғамбарларнинг динидир, деб таъриф берди. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Менгина (барҳақдирман), бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25), «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36). Гарчи шариатлари турлича бўлса ҳам, Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин аҳли) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик» (Моида: 48). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Пайғамбарлар ота бир оға-инилардир, оналари бошқа, динлари бирдир» (Муттафақун алайҳ).

Демак, барча пайғамбарларнинг дини битта, улар ягона Аллоҳга ибодат қилишни олиб келганлар, халқлар аслида фақат улар олиб келган нарса учунгина яратилганлар, пайғамбарлар шу учун юборилган, китоблар шу учун нозил қилинган.

Уларнинг аввали Нуҳ алайҳиссаломдир, Унинг қавми солиҳ бандалар бўлмиш Вад, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Наср хусусида ғулувга берилишгач, Аллоҳ уни уларга элчи қилиб юборди.

«Уларнинг аввали Нуҳ алайҳиссаломдир». Нуҳ алайҳиссалом ер аҳлига юборилган биринчи пайғамбардир. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик» (Нисо: 163).

Одам алайҳиссалом билан Нуҳ алайҳиссалом ўртасида ўн аср ўтган, Одам авлодлари ҳаммаси Ислом динида бўлган эдилар[3].

«Унинг қавми солиҳ бандалар бўлмиш Вад, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Наср хусусида ғулувга берилишгач, Аллоҳ уни уларга элчи қилиб юборди». Нуҳ қавмида биринчи ширк ғулув сабабли, яъни солиҳларга бўлган муҳаббатда ва уларни таъзимлашда Аллоҳ машруъ қилиб қўйган чегарадан ошиш туфайли пайдо бўлди. Уларнинг қабрлари олдида (Аллоҳга) ибодат қилиб туриш, сўнгра тимсолларини (сурат ва ҳайкалларини) ясаш билан ҳаддан ортиқ улуғладилар. Аслида, уларга сиғинмадилар, балки суратларига сиғиндилар. Чунки, улар ўзларига ибодат қилишга буюрмаган эдилар. Ҳақиқатда улар суратларга ҳам ибодат қилишмаган, балки шайтонга ибодат қилган эдилар, чунки у уларни бунга буюрган эди.

Шу билан солиҳлар хусусида ғулув кетишнинг зарарлари билинади, зеро бундай қилиш қаттиқ ҳалокатдир. Улар сабабли ҳосил бўлувчи ширк нафсларга дарахт ва тошлар сабабли ҳосил бўлувчи ширкдан кўра яқинроқдир. Агар бу ширк қалбга ўрнашиб олса, уни чиқариб юбориш жуда қийин бўлади. Шунинг учун шариат унинг васила (восита)ларини ва унга олиб борувчи ва унга яқинлаштирувчи зариъа (сабаб)ларни кесиб ташлаш учун келган.

(Ширкка олиб борувчи) воситалар қавлий (оғзаки) ёки феълий (амалий) бўлади. Улар феълан ғулувга берилдилар, солиҳларнинг қабрларига кўп бориш билан ғулувга берилдилар. Бу аслида машруъ иш эди, бироқ улар буни кўпайтириб юбордилар ва у ерда давомий туриш билан ғулувга берилдилар. Шунинг ўзи ҳам ибодат ва унинг эгаларига ибодат қилишга василадир. Шайтон улардаги бу ҳолатни кўргач, у солиҳларнинг суратларини қилишни уларга чиройли кўрсатди. Мана шу икки зариъа – суратларини қилиш ва қабрлари устида туриш – ширкка олиб борувчи энг катта воситалардандир.

Вад, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Наср яхшилик, илм ва салоҳият эгаси бўлган кишилар эди. Улар бир-бирига яқин вақт оралиғида вафот этиб кетишгач, қавмлари уларнинг вафотларидан кўп ачиндилар ва уларнинг илмларидан маҳрум бўлдилар. Шунда шайтон уларга ўша солиҳларнинг қабрларига тез-тез бориб туришни ва у ерда қолишни зийнатли қилиб кўрсатди, кейинроқ эса уларни бундан кўра каттароқ ишга ундади, «Сизларни бир ишга йўллайми, агар шуни қилсангиз, уларнинг қабрларига тез-тез бориш ва у ерда қолишдан кўра ўзингиз учун анча енгил бўлади?», деди ва уларни ўша солиҳларнинг тимсолларини ясашга йўллади. «Шундай қилсангиз, бу сизларда кўпроқ ибодат қилишга иштиёқ уйғотади, гўёки сизлар уларнинг мажлисида ўтиргандек бўласиз ва уларнинг ҳолатидек ҳолатда бўласиз, фақат улар жисман ораларингизда йўқ бўлишади, холос», деди. Улар шундай қилишди. Сўнг бу авлод ўтиб кетгач, кейин келган авлодлар ушбу суратлар нима мақсадда қилинганини билмадилар ва: «Аввалгилар шу суратлар сабабли ёмғирланишар, яъни улардан сўрашар ва Аллоҳдан ўзлари учун ёмғир тилаб берадилар деб ўйлашарди», дейишди. Шундай қилиб, одамзотнинг ширки солиҳлар хусусида ғулувга берилиш орқали пайдо бўлди. Бу Аллоҳга ширк келтиришга олиб борувчи энг катта йўлдир.

Аллоҳ таоло Нуҳни қавмига пайғамбар қилиб юборгач ва у қавмини ягона Аллоҳнинг ибодатига чақиргач, унинг бу даъватига жуда озчилик кишилар ижобат қилдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло унга бир кема ясашни буюрди. Кема битгач, Аллоҳ таоло ер аҳлига тўфон юборди ва унга осий бўлган жамики халқларни сувга ғарқ қилди.

Ривоят қилинишича, Нуҳ қавми ғарқ қилингач, сел ҳалиги бут-санамларни Жиддага олиб бориб ташлади. Анча замон ўтганидан кейин Иблис Амр ибн Луҳай ал-Хузоъий олдига келди – у ўша даврда қавмининг бошлиғи эди – ва унга: «Жиддага бор, у ерда тайёр бут-санамларни топасан, уларни араблар ичида ривожлантир ва арабларни унга чақир, ижобат қилишади. Агар шундай қилсанг, улардан ҳеч ким сенга қарши чиқмайдиган бўлади», деди. У – лаъанаҳуллоҳ – шундай қилганидан сўнг бутларга сиғиниш авж олди.

Элчиларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар, мазкур солиҳларнинг сурат (ҳайкал)ларини синдирган ҳам у кишидирлар.

«Элчиларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар». У зот пайғамбарларнинг сўнггисидирлар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен пайғамбарларнинг сўнггисиман, мендан сўнг пайғамбар йўқдир» (Имом Муслим ривояти).

«Мазкур солиҳларнинг сурат (ҳайкал)ларини – яъни Нуҳ алайҳиссалом даврларида илоҳийлаштирилган Вад, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Насрнинг тимсолларини – синдирган ҳам у кишидирлар».

Қаранг, ширкнинг асоратлари нақадар узоқ давом этади, томирлари қанчалар чуқур ўрнашиб кетади! Бу бут-санамларга сиғиниш ўша даврдан бошланган бўлса, то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилгунларича ва уларни синдиргунларича давом этди[4]. Ширк пайдо бўлса, уни йўқотиш жуда оғир ва қийин бўлади. Нуҳ алайҳиссалом уларга тўққиз юз эллик йил кечаю кундуз, махфию ошкора тинимсиз насиҳат ва даъват қилишларига қарамай, унинг даъватига жуда озчилик кишиларгина ижобат қилдилар. Аллоҳ таоло шу туфайли бутун ер аҳлини ғарқ қилиб юборганига қарамай, мазкур бешта бут-санам то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилиб, уларни синдиргунларича йўқ бўлмади. Бундан маълум бўладики, ширк қалбларга ўрнашса, уни кетказиш жуда оғир кечади. Қаранг, энг биринчи пайғамбар даврида сиғинилган бутларни энг охирги пайғамбар синдирдилар.

Аллоҳ таоло у зотни ибодат қиладиган, ҳаж қиладиган, садақалар берадиган, Аллоҳни кўп зикр қиладиган, лекин шу билан бирга баъзи махлуқотларни, масалан фаришталарни, Ийсони, Марямни ва бошқа солиҳларни ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб: «Биз улар орқали Аллоҳга яқинлашишни истаймиз, Аллоҳ ҳузурида уларнинг шафоатларини истаймиз», дейдиган қавмга элчи қилиб юборди.

«Аллоҳ таоло у зотни… қавмга элчи қилиб юборди». Яъни Аллоҳ таоло у кишини Қурайш ва унинг ён-веридаги қавмларга юборди. Аслида, Аллоҳ таоло у зотни бутун инсониятга элчи қилиб юборган: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).

«Ибодат қиладиган, ҳаж қиладиган, садақалар берадиган, Аллоҳни кўп зикр қиладиган». Шу билан бирга қариндошлар билан алоқа қиладиган, меҳмонни икром қиладиган, яратиш ва бошқариш ягона Аллоҳнинг қўлида эканини биладиган, шиддат-машаққатлар пайтида фақат Аллоҳга ихлос қиладиган қавм эди улар[5].

«Лекин шу билан бирга баъзи махлуқотларни, масалан фаришталарни, Ийсони, Марямни ва бошқа солиҳларни ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб: «Биз улар орқали Аллоҳга яқинлашишни истаймиз, Аллоҳ ҳузурида уларнинг шафоатларини истаймиз», дейдиган қавмга…». Уларнинг офатлари шу эди, яъни уларни ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб олишганди. Уларнинг ибодатлари ўзлари учун бефойда, чунки ибодатда Аллоҳга ширк келтирдилар. Бу эса уларнинг барча ибодатларини фосид қилди ва улар шу билан қони ва моли ҳалол бўлган кофир ва муртадларга айландилар. Аввалги мушрикларнинг дини ва ақидаси мана шудир.

Муҳими, пайғамбарларнинг динини таниш ва унга эргашиш ҳамда мушрикларнинг динини таниш ва ундан сақланишдир. Зеро, жоҳилиятни танимаган инсон Исломни танимайди. Шайх раҳимаҳуллоҳнинг жоҳилият масалаларига доир китоби мавжуд.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни уларга боболари Иброҳим алайҳиссаломнинг динини янгилаш ва уларга бу каби яқинлик исташ ва бундай эътиқод холис Аллоҳнинг ҳаққи эканини, ундан бирон нарса Аллоҳдан ўзгаси учун – бошқалар у ёқда турсин, на муқарраб фариштага ва на юборилган расулга – дуруст бўлмаслигини хабар бериш учун юборди.

«Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни уларга боболари Иброҳим алайҳиссаломнинг динини янгилаш… учун юборди». Яъни, қавмлари ана шундай ҳолатда эканларида Аллоҳ таоло у зотни уларнинг боболари Иброҳим алайҳиссаломнинг ўчиб, йўқ бўлиб кетаёзган динини янгилаш учун юборди. Зеро, Қурайш ва уларга яқин қабилалар Иброҳим алайҳиссаломнинг авлоди ва зурриётидан саналишади. Улар аввалда у зотнинг ҳақ динларида бўлишган, лекин Амр ибн Луҳай бутларни чиқариб келтириб, араблар ўртасида тарқатганидан ва (ҳаж ва умрада айтиладиган) талбияни ўзгартирганидан сўнг Иброҳимнинг пок дини ўчиб, ўзгариб кетган эди[6].

«… ва уларга бу каби яқинлик исташ ва – олиҳаларига нисбатан қилишаётган – бундай эътиқод холис Аллоҳнинг ҳаққи эканини, ундан бирон нарса Аллоҳдан ўзгаси учун – бошқалар у ёқда турсин, на муқарраб фариштага ва на юборилган расул-элчига – дуруст бўлмаслигини хабар бериш учун юборди». Модомики, дин ва фазилат эгаларига нисбатан бундай эътиқод қилиш дуруст бўлмас экан, улардан беридагиларга нисбатан дуруст бўлмаслиги аниқдир. Демак, Аллоҳ таолодан бошқасига эътиқод қилинмайди, Ундан ўзгасидан талаб қилинмайди ва Ундан бошқани қасд қилинмайди, халқлардан бирон киши У билан бандалар ўртасида воситачи бўлмайди ва ўша воситачи орқали қурбат қилинмайди. Башар учун Роббул оламийннинг ҳақларидан бирон ҳақ дуруст бўлмайди ва дуруст бўлишга яқин ҳам бўлмайди. Шу билан Қурайшнинг дини ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динлари ўртасидаги фарқ маълум бўлади.

Йўқса, у мушриклар Аллоҳ ягона яратувчи ва Унинг шериги йўқ эканига, фақат Угина ризқ беришига, фақат Аллоҳ ўлдириши ва тирилтиришига, фақат Угина ишларни бошқаришига, етти осмон ва ундагилар, етти қават ер ва ундагилар ҳаммаси Унинг бандалари ҳамда Унинг тасарруфи ва қаҳри остида эканига иқрор эдилар ва бунга гувоҳлик берардилар.

«Йўқса, у мушриклар Аллоҳ ягона яратувчи ва Унинг шериги йўқ эканига, фақат Угина ризқ беришига, фақат Аллоҳ ўлдириши ва тирилтиришига, фақат Угина ишларни бошқаришига, етти осмон ва ундагилар, етти қават ер ва ундагилар ҳаммаси Унинг бандалари ҳамда Унинг тасарруфи ва қаҳри остида эканига иқрор эдилар ва бунга гувоҳлик берардилар». Улар рубубият тавҳидига иқрор ва бўйсунувчи эдилар, бу ҳақда тортишувга бормасдилар ва уларга бу жиҳатдан халаллик етмаганди. Улар Аллоҳни танишарди ва ҳар турли ибодатларни қилишарди. Улар фақат ибодат тавҳидида низолашдилар ва уларга воситачиларни ибодатда Аллоҳга шериклар қилиб олиш жиҳатидан халаллик кирди. Чунки, улар воситачиларни ўзларидан кўра Аллоҳга яқинроқ деб ишонишарди. Уларни кофир ва муртадга айлантирган ширклари шу эди.

Қурайшнинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам келишларидан илгариги амал қилган динининг ҳақиқати шу эдики, улар ўртага воситачилар қилиб, уларга дуо-илтижо қилишар, уларга атаб қурбнликлар бўғизлашар, уларнинг номларини айтиб дуо қилишарди. Ўзларини бевосита Аллоҳнинг ўзидан сўрашга лойиқ деб кўришмасди, шу боис Аллоҳдан сўраб бериш учун ўзларидан кўра Аллоҳга яқинроқ деб кўришган воситачиларни ўртага қўйишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга бу фақат Аллоҳнинг ҳаққи эканини, бу каби ишларнинг биронтаси Аллоҳдан ўзгасига дуруст бўлмаслигини хабар бердилар. Аммо, рубубият тавҳидини улар ўзлари ҳам эътироф этишарди.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган мушриклар бу айтилганларга гувоҳлик беришган эканига далил истасангиз, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқинг:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир Ўша зотдан қўрқмайсизларми?!» (Юнус: 31).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Агар билувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?!» Айтинг: «Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?» Улар: «Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас қандай алданмоқдадирсизлар?!» (Муъминун: 84-89).

Ва бошқа оятлар.

«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган мушриклар бу айтилганларга гувоҳлик беришган эканига далил истасангиз, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқинг:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир Ўша зотдан қўрқмайсизларми?!» (Юнус: 31).

Яъни, сизнинг бу саволингизга улар албатта буларни қилувчи зот ягона Аллоҳдир деб жавоб беришади. Сиз уларга: «Шундай бўлгач, Аллоҳнинг улуҳияти ва ибодатида шерик келтиришдан қўрқмайсизларми?!», деб айтинг.

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Агар билувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?!» Агар буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг мулки бўларкан ва улар учун бу мулкда ҳеч қандай шериклик йўқ экан, шунинг ўзидан ҳам ибодат қилинишга сазовор зот ёлғиз У эканига далил олмайсизларми?! Ва ягона Унгагина ибодат қилиб, ер ва ундаги бор жонзотларга эгалик қилишда заррача шериклиги бўлмаган бандаларни тарк қилмайсизларми?!

«Айтинг: «Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?» Улар: «Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар». Зеро, улар рубубиятда ширк келтирмаганлар, фақат ўртага воситачилар қилиш билан улуҳиятда ширк келтирганлар.

«Айтинг: «Бас қандай алданмоқдадирсизлар?!» (Муъминун: 84-89). Яъни, қандай алданиб, Унинг тоатидан ва тавҳидидан бурилмоқдасизлар, ахир ўзингиз Унинг Ўзи ёлғиз яратувчи ва ишларни бошқарувчи эканини эътироф этасизлар ва биласизларку?!

«Ва бошқа оятлар». Мушрикларнинг рубубиятга иқрор бўлишларига далолат қилувчи бундан бошқа ҳам оятлар бор. Жумладан: «Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз албатта «Аллоҳ» дерлар. Сиз «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин», денг. Йўқ, уларнинг кўплари (ана ўша Аллоҳгагина ибодат қилиш зарур эканини) билмаслар» (Луқмон: 25), «Қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва ерни яратган, қуёш ва ойни (Ўз измига) қаратган зот ким?» — деб сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», деб (жавоб қилурлар). Бас (шундоқ экан, ўша Аллоҳга ибодат қилишнинг ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?!» (Анкабут: 61).

Бу айтилганлар Аллоҳ таоло уларга қарши ҳужжат қилган нарсалар жумласидандир. Аллоҳ таоло мушриклар Аллоҳнинг рубубиятига иқрор бўлишганини Унинг улуҳиятини инкор қилишганига қарши ҳужжат қилиб келтирди. Зеро, рубубият тавҳиди асл-асосдир ва улуҳият тавҳидига йўлловчи далилдир. Модомики, Аллоҳ таоло самовоту ерни яратишда ёлғиз экан, бунда на муқарраб фаришта ва на мурсал набий шерик бўлмаган экан, Унинг ягона яратувчи эканлиги Унинг ягона маъбуд бўлишини тақозо этади. Чунки, махлуқнинг холиққа баробар бўлиши ёки холиқ сазовор бўлган нарсага сазовор бўлиши энг узоқ нарсадир. Бирон нарсада шериклиги бўлмаган махлуқни ҳамма нарсанинг молики бўлган Зотга баробар ва шерик қилинмайди. Уларнинг рубубиятга бўлган иқрорлари ноқисдир. Агар (рубубиятга иқрор бўлишлари) ҳақиқат бўлганида, албатта унинг тақозосига кўра амал қилишган бўларди. Агар Унинг ёлғиз яратувчи ва ёлғиз ризқ берувчи эканига ишончлари комил бўлганида, халқлардан бирон кимсани Унга баробар кўрмаган бўлишарди. Лекин, бу ишончларида заифлик бор, агар ишончлари комил бўлганида, Уни ибодатда ҳам ёлғизлашдан қолиб кетмаган бўлишарди.

Уларнинг бунга иқрор бўлишган эканига ва бу иқрорлари уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилган тавҳидга киргиза олмаганига ишонч ҳосил қилган бўлсангиз ва улар инкор қилган тавҳид замонамиз мушриклари «эътиқод» деб атайдиган ибодат тавҳиди эканини билган бўлсангиз, мисол учун улар кеча-ю кундуз Аллоҳга дуолар қилишар, кейин улардан баъзилари фаришталарга улар солиҳ ва Аллоҳга яқин бўлганлари учун дуо қилишар, ёки Лотга ўхшаган бирон солиҳ кишига ёки Ийсо каби бирон пайғамбарга дуо қилишар эди.

«Уларнинг бунга иқрор бўлишган эканига ва бу иқрорлари уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилган тавҳидга киргиза олмаганига ишонч ҳосил қилган бўлсангиз»… Яъни, юқорида ўтган гаплардан сиз уларнинг рубубият тавҳидига иқрор бўлган эканларини ва бу эътирофлари уларни тавҳидга, яъни Исломга кирита олмаганини ва муваҳҳидлар сафидан ўрин ололмаганликларини, балки мушрикликда қолиб кетишган эканини ва юқорида келтирилган оятлар бунинг далили эканини билган бўлсангиз.

«… ва улар инкор қилган тавҳид замонамиз мушриклари «эътиқод» деб атайдиган ибодат тавҳиди эканини билган бўлсангиз»… Улар уни инкор қилиш билан қони ва моли ҳалол бўлган, кофирга айланган “тавҳид” ибодат тавҳиди эканини билган бўлсангиз…

Юқорида айтиб ўтилган гаплар ҳақида яхшилаб фикр юритсангиз ва Исломга кириш учун рубубият тавҳиди кифоя қилмаслигини, балки унинг самараси ўлароқ улуҳият тавҳиди ҳам зарур эканини билган бўлсангиз ва улар ширк келтиришган ва унда ихлосли бўлишмаган тавҳид ибодат тавҳиди эканини билган бўлсангиз.. Бу тавҳидни замонамиз мушриклари «эътиқод» деб номлашади ва «фалончига эътиқод қўйиш мумкин» дейишади, бундан улар ўша фалончи фойда етказа олишига эътиқод қилиш дуруст, деган маънони кўзда тутишади. Агар бир шахсга эътиқодни даъво қилишса, бу унда улуҳиятни даъво қилишни англатади.

«… мисол учун улар – яъни илгариги мушриклар – кеча-ю кундуз Аллоҳга дуолар қилишар, кейин улардан баъзилари фаришталарга улар солиҳ ва Аллоҳга яқин бўлганлари учун – ўзларига шафоатчи бўлишлари учун – дуо қилишар, ёки Лотга ўхшаган бирон солиҳ кишига ёки Ийсо каби бирон пайғамбарга дуо қилишар эди».

Мана шу ( ўртада шафоатчиларни ушлаш) уларнинг ширкларининг ҳақиқатидир. Аммо, уларнинг динларининг моҳияти икки ишдан иборат:

1) Улар буни Аллоҳ яхши кўрадиган нарса деб ишонишарди.

2) Бу уларни Аллоҳга яқинлаштиради деб ўйлашарди. Шу боис улар Аллоҳдан узоқлаштирадиган нарса билан Унга қурбат-яқинлашиш ҳосил қилмоқчи бўлишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан мана шу ширк сабабли
урушганларини ва уларни ибодатни ягона Аллоҳга ихлос билан қилишга
чақирганларини билган бўлсангиз, Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта
(барча)
масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна
бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!»
(Жин: 18), «Ҳақиқий дуо-илтижо
фақат Унга қилинур. Ундан ўзга
(мушриклар) дуо-илтижо қилаётган
бутлар у мушрикларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас»
(Раъд: 14).

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан мана шу ширкка қарши урушганларини ва уларни ибодатни ягона Аллоҳга ихлос билан қилишга чақирганларини билган бўлсангиз, Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир…» Масжидлардан мурод сажда аъзолари экани айтилган, улардан мурод намоз ўқиш учун қурилган бинолар ҳам дейилган. Иккаласи ҳам тўғри. Масжидлар Аллоҳнинг якка Ўзига ибодат қилиниши ва Ундан бошқасига сиғинилмаслик учун бино қилингандир, аъзолар эса улар билан Аллоҳга ибодат қилиниши ва Ундан ўзгасига сиғинилмаслиги учун яратилган. «Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18)». Бу хитоб умумий бўлиб, анбиёлар ҳам, бошқа мукаллафлар ҳам унга дохил бўладилар. «Бирон кимсага» ибораси накрани (ноаниқлик шаклини) ифодалайди, яъни на тошга, на дарахтга, на набийга, на валийга…

«Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур…». (Раъд: 14). Аллоҳ ҳақдир, фақат Унинг ўзигагина қилинган дуо ҳақдир, Угина дуо қилувчиларига ижобат қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан» (Бақара: 186), «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди» (Ғофир: 60).

«Ундан ўзга (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у мушрикларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас» (Раъд: 14). Бу ҳам умумий бўлиб, пайғамбарларни ҳам, валийлар ва солиҳларни ҳам ўз ичига олади. «Биронта» сўзи накрани (ноаниқлик шаклини) ифодалайди ва ҳар қандай тур ва жинсни ўз ичига олади. Демак, дуо қилинувчи шахсга ва талаб қилинаётган нарсага ом бўлди. Ҳар қандай дуо қилинувчи – ким ва нима бўлишидан қатъий назар – ижобат қилолмайди, ҳар қандай талаб қилинган иш – нима бўлишидан қаъий назар – ҳосил бўлмайди. Аллоҳдан ўзгаси ботил ва уларнинг Ундан ўзгасига қилаётган дуолари ҳам ботилдир. Зеро, ўша бутлар ё ўлик, ё ғоиб, ё ҳозир бўлса ҳам қодир эмасдир.

Аллоҳ таоло айтди:

«(Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса (хурмо данагини ўраб турувчи) пардачалик нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар» (Фотир: 13, 14).

«Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга, сизлар илтижо қилаётган нарсалар ҳудди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга дуо қилинглар, улар сизларга жавоб қилсинлар-чи?!» (Аъроф: 194).

«Аллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар!» (Аҳқоф: 5).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар)» (Сабаъ: 22, 23).

«Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у мушрикларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас. Илло улар бир кимсага ўхшайдиларки, у кимса кафтларини сувга ёзиб, у сув оғзига етишини кутиб турар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етувчи эмасдир. (Яъни, худди сув жонсиз нарса бўлгани туфайли ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг оғзига бориб етмагани каби у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли уларнинг дуоларини эшитмас — муста­жоб қилмас.) Бундай кофирларнинг дуолари мутлақо бефойда хатодир» (Раъд: 14).

«Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг!» (Юнус: 106).

«Айтинг: Энди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз – агар Аллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса, ўша (бутлар) У зотнинг зиёнини арита олувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У зотнинг марҳаматини ушлаб қолувчимилар?!» (Зумар: 38).

Уларга дуо-илтижо қилишлари ширк бўлиш билан бир қаторда бекорга зое кетувчи ва қуруқ зиёндан иборат ишдир. Мушрик – одамлар ичида энг адашган ва дунёсини ҳам, охиратини ҳам совурган кишидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан дуонинг ҳаммаси Аллоҳга бўлиши, забҳ (жонлиқ сўйиш) ҳаммаси Аллоҳга бўлиши, назрнинг ҳаммаси Аллоҳга бўлиши, мадад сўрашнинг ҳаммаси Аллоҳдан бўлиши ва жамики ибодат турлари ҳаммаси Аллоҳга бўлиши учун урушган эканларини билган бўлсангиз, рубубият тавҳидига иймон келтиришлари уларни Исломга олиб киролмаганини, уларнинг қонларини ва молларини (мўминлар учун) ҳалол қилган нарса уларнинг айни ўша малоикаларни ё пайғамбарларни ё авлиёларни – шафоатларини истаб ва шу билан Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилишни истаб – қасд қилишлари бўлганини билган бўлсангиз, шундагина сиз пайғамбарлар унга чақирган ва мушриклар иқрор бўлишдан бош тортган тавҳидни билган бўласиз.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан дуонинг ҳаммаси Аллоҳга бўлиши, забҳ (жонлиқ сўйиш) ҳаммаси Аллоҳга бўлиши, назрнинг ҳаммаси Аллоҳга бўлиши, мадад сўрашнинг ҳаммаси Аллоҳдан бўлиши ва жамики ибодат турлари ҳаммаси Аллоҳга бўлиши учун урушган эканларини билган бўлсангиз, рубубият тавҳидига иймон келтиришлари уларни Исломга олиб киролмаганини, уларнинг қонларини ва молларини (мўминлар учун) ҳалол қилган нарса уларнинг айни ўша малоикаларни ё пайғамбарларни ё авлиёларни – шафоатларини истаб ва шу билан Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилишни истаб – қасд қилишлари бўлганини билган бўлсангиз, шундагина сиз пайғамбарлар унга чақирган ва мушриклар иқрор бўлишдан бош тортган тавҳидни билган бўласиз». Демак, юқорида «билган бўлсангиз» деб айтиб ўтилган гапларни яхши тушуниб олсангиз, пайғамбарлар даъват қилган ва мушриклар иқрор бўлишдан бош тортишган тавҳид сиз учун очиқ-равшан бўлади ва ҳақиқати-моҳияти аён бўлади, у улуҳият ва ибодат тавҳидидир.

Бошқа ибора билан айтганда, агар уларнинг рубубиятга иқрорликларини билсангиз, кейинги даврдагиларнинг ҳолати(ни англаш) сизга енгиллашади ва сиз учун пайғамбарларнинг дини мушрикларнинг динидан очиқ ажралиб кўринади.

Мана шу тавҳидгина «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ) деган сўзингиз маъносидир. Зеро, уларда (яъни арабларда) илоҳ дегани мана шу ишлар учун қасд қилинадиган зотдир, у хоҳ малоика бўлсин, хоҳ пайғамбар бўлсин, хоҳ валий бўлсин, хоҳ дарахт бўлсин, хоҳ қабр бўлсин, хоҳ жин бўлсин, фарқсиз. Улар илоҳ деганда яратувчи, ризқ берувчи ва ишларни бошқарувчинигина қасд қилмаганлар, бу ишлар ягона Аллоҳга хос эканини билишарди, балки улар илоҳ деганда замонамиз мушриклари «саййид» лафзи билан мақсад қилган маънони қасд қилишарди.

«Мана шу тавҳидгина «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ) деган сўзингиз маъносидир». Мусанниф тавҳид дейиш билан кифояланмади, балки очиқ-равшан қилиб: «Мана шу тавҳидгина «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси маъносидир», деди. Яъни, ибодатга лойиқ зот ёлғиз Аллоҳдир, бошқалар эмас, мана шу тавҳидгина «ла илаҳа иллаллоҳ» деган сўзингизнинг мутобиқ маъносидир.[7] Ва бу сўз айни шу маъно учун қурилган ва икки рукнни – рад қилиш ва исбот қилишни ўз ичига олади. Яъни, Аллоҳдан бошқа барчадан улуҳиятни рад қилиш ва уни фақат Аллоҳга исботлашни ўз ичига олади. Унинг маъноси: ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд (ибодатга сазовор зот) йўқ, демакдир. Аллоҳдан бошқа ҳар қандай маъбудга ибодат қилиш ва уни илоҳийлаштириш энг ботил ва энг залолатдир.

«Зеро, уларда (яъни арабларда) илоҳ дегани»… Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ичига пайғамбар бўлиб келган ва уларга: «Ла илаҳа иллаллоҳ» денглар, нажот топасизлар, деб хитоб қилган Қурайш ва бошқа араб тилида сўзлашувчи халқларда илоҳ дегани қурбонлик қилиш, назр қилиш, дуо қилиш ва шу кабилар билан…

«…мана шу ишлар учун қасд қилинадиган зотдир».. Яъни, шафоат талаб қилиш ва Аллоҳга яқинлаштиришларини умид қилиш учун қасд қилинадиган зотдир, «у хоҳ малоика бўлсин, хоҳ пайғамбар бўлсин, хоҳ валий бўлсин, хоҳ дарахт бўлсин, хоҳ қабр бўлсин, хоҳ жин бўлсин, фарқсиз».

«Улар илоҳ деганда яратувчи, ризқ берувчи ва ишларни бошқарувчинигина қасд қилмаганлар, бу ишлар ягона Аллоҳга хос эканини билишарди». Бу Ҳақда гап юқорида Аллоҳнинг Китобидан бўлган далиллари билан ўтди, «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур» (Юнус: 31) ва бошқа оятлар каби.

«Балки улар илоҳ деганда замонамиз мушриклари «саййид» лафзи билан мақсад қилган маънони қасд қилишарди». «Саййид» (эшон, валий, пир) деганда улар илоҳни кўзда тутишади. Гарчи бу лафзни қасд қилиб айтишмаса ҳам, маъноси барибир бандалар билан Аллоҳ ўртасида воситачилик қилишни, унга эътиқод қўйишлик фойда беришини, агар унга маҳкам ёпишиб, Аллоҳдан ҳожатларини тилаб беришни талаб қилинса бунинг албатта фойдаси бўлишини ифодалайди. «Бу одам авлиё, унга эътиқод қилиш дуруст» деганда улар ўша эътиқод қилинаётган киши фойда етказишга ва ижобат қилишга қодир, деб тушунишади, унга илтижо қилиш дуруст деб ўйлашади. Бинобарин, уларни Аллоҳга яқинлаштириши учун унга қурбат қиладилар, яъни уни воситачи қиладилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тавҳид калимасига даъват қилиб
келдилар, у «Ла илаҳа иллаллоҳ» эди. Бу калимадан мурод унинг маъносидир,
лафзининг ўзигина эмас. Жоҳил кофирлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу
калимадан муродлари Аллоҳни – ёлғиз Унга боғланиб ва Ундан бошқа ҳар қандай
илоҳни инкор қилиб ва ундан покланиб – ёлғизлаш эканини билардилар. Чунки, у зот
уларни «ла илаҳа иллаллоҳ» дейишга чақирганларида улар: «(Шунча) худоларни
битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!»
(Сод: 5),
дейишди.

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тавҳид калимасига даъват қилиб келдилар, у «Ла илаҳа иллаллоҳ» эди». Яъни, бу калима улар Аллоҳдан бошқасига ҳар турли ибодатлар билан боғланишадиган нарсаларнинг ҳаммасини бекорга чиқарадиган ва Роббул оламийнни ҳақиқатда, амалда ва фикрда улуҳият билан ёлғизловчи калима эди.

«Бу калимадан – яъни, ла илаҳа иллаллоҳ калимасидан – мурод унинг маъносидир, лафзининг ўзигина эмас». Гарчи банда мусулмон бўлиши пайтида уни тили билан айтиши зарур бўлса ҳам, лафзининг ўзи ундан кўзда тутилган мақсад учун кифоя қилмайди. Аслида, у калима бошқа нарса учун, яъни у далолат қилган нарсага амал қилиш учун мақсад қилинган. У воситалардандир, мақсад-ғоялардан эмас. Демак, маъносисиз лафзнинг ўзи кифоя қилмайди, лафзсиз маънонинг ўзи ҳам кифоя қилмайди.

«Жоҳил кофирлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу калимадан муродлари Аллоҳни – ёлғиз Унга боғланиб ва Ундан бошқа ҳар қандай илоҳни инкор қилиб ва ундан покланиб – ёлғизлаш эканини билардилар». Бунинг далили шуки: «Чунки, у зот уларни «ла илаҳа иллаллоҳ» дейишга чақирганларида улар – бош тортдилар ва ибодатни ягона Аллоҳнинг ўзига хослашни истамасдан: «(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5), дейишди». Яъни, шунча маъбудларни битта маъбуд (ибодатга лойиқ зот) қилиб олибдими?!, дейишди. Демак, бундан кўринадики, улар бу калиманинг маъносини яхши билардилар. Аллоҳ таоло улар ҳақида ҳикоя қилганидек: «Чунки улар ўзларича: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина барҳақдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» дер эдилар» (Вас-соффат: 35, 36). Тавҳид ҳақдир, тавҳид нурдир. Бироқ, уларнинг ақллари бузилган, уларнинг табиатларини ширк бузиб юборганди. Чунки, улар ўша ширкда улғайишган ва унга ўрганиб қолишган, уни умуман ёмон иш санамайдиган бўлиб кетишганди. Улар беморга ўхшаб қолишганди, мизожлари бузуқлигидан мазали нарсани бемаза деб кўрадиган бўлиб қолишганди. Шу боис ва тавҳид устида улғайишмаганлари сабабли тавҳидни инкор қилишди.

Кофирларнинг жоҳиллари ҳам буни билишган эканини билган бўлсангиз, энди Исломни даъво қиладиган, бироқ бу калиманинг тафсири ҳақида кофирларнинг жоҳиллари билган нарсани ҳам билмайдиган, балки ундан мурод қалб унинг маъноларидан бирон нарсани эътиқод қилишисиз ҳарфларини талаффуз қилиб қўйишнинг ўзи деб ўйлайдиган кишидан ажаб. Улар ичида сал дурустроқлари бу калиманинг маъноси «Аллоҳдан ўзга яратувчи ва ризқ берувчи, ишларни бошқарувчи йўқ» деб ўйлайди. Жоҳил кофирлар ҳам «ла илаҳа иллаллоҳ» маъноси ҳақида ундан кўра билувчироқ бўлган одамда яхшилик йўқ.

«Кофирларнинг жоҳиллари ҳам буни билишган эканини билган бўлсангиз, энди Исломни даъво қиладиган, бироқ бу калиманинг тафсири ҳақида кофирларнинг жоҳиллари билган нарсани ҳам билмайдиган… кишидан ажаб». Яъни, юқорида айтилгани каби, бу умматнинг фиръавни бўлмиш Абу Жаҳл ва шу каби кимсалар ҳам бу калима – ла илаҳа иллаллоҳ – маъносини билганлари ҳолда, Исломни даъво қиладиган, балки илмни даъво қиладиган ва ҳатто динда имомат-пешволикни даъво қиладиган кишилардан таажжубки, ушбу калима маъноси хусусида ўша кофир жоҳиллар билган нарсани билмайдилар. Зеро, бу нарса, яъни имоматни қўя туринг, илмни қўя туринг, Исломни даъво қилиши ва шу ҳолида жоҳил кофирлага маълум бўлган нарсани билмаслиги ҳақиқатда ажабланарли ишдир, балки энг катта жоҳиллик ва энг ёмон хатодир.

«…балки ундан мурод қалб унинг маъноларидан бирон нарсани эътиқод қилишисиз ҳарфларини талаффуз қилиб қўйишнинг ўзи деб ўйлайдиган кишидан ажаб». Агар Абу Жаҳл ва унга ўхшаганлар бу калиманинг маъносидан мурод шу деб ўйлаганларида эди, уни айтишдан асло бош тортишмаган бўлар ва бу ҳақда тортишиб ўтиришмаган бўларди. Шунингдек, агар улар бундан мурод рубубият деб тушунишганида эди, уни айтишдан асло тўхталишмаган ва бу ҳақда мунозара қилиб ўтиришмаган ҳам бўларди. Лекин, улар бу калиманинг маъноси – ибодат қилинадиган зот ягона Аллоҳ бўлишини ва Ундан ўзга барча илоҳлардан воз кечиш демаклигини, буни қалб билан эътиқод қилиш ва воқеда амалга ошириш кераклигини ва бу дегани ўзлари эътиқод қилиб келишган ота-боболарининг динини бекор қилиш эканини яхши англаган эдилар.

«Улар ичида сал дурустроқлари – яъни бундан мурод лафзидан бошқа нарсадир дейдиганлари ундан кўзда тутилган мурод борасида хато қиладилар ва – бу калиманинг маъноси «Аллоҳдан ўзга яратувчи ва ризқ берувчи, ишларни бошқарувчи йўқ» деб ўйлайдилар». Яъни, бу калима рубубият тавҳидига далолат қилади, дейишади. Маълумки, у тазаммун[8] йўли билан рубубият тавҳидига ҳам далолат қилади, лекин унинг мутобақат маъноси – ибодат қилинадиган зот ягона Аллоҳ бўлиши эканидир.

«Жоҳил кофирлар ҳам «ла илаҳа иллаллоҳ» маъноси ҳақида ундан кўра билувчироқ бўлган одамда яхшилик йўқ». Бундай одам яхши одам эмас, унда яхшилик йўқ, у ҳақда айтиладиган гапнинг энг енгили шудир. Мусанниф бу тўғрида айтилиши мумкин бўлган энг қисқа гап билан чекланди. Аслида, у ҳақида бундан каттароқ гаплар айтилиши ҳам мумкин эди. Агар бу умматнинг фиръавни бўлган Абу Жаҳл ва унга ўхшаганлар ушбу калима маъноси ҳақида бундан кўра билувчироқ бўлган бўлсалар, Ислом динининг асли-асоси ва пойдевори бўлган калима маъносини билмаган кишининг жоҳиллигидан кўра каттароқ жоҳиллик бўлмайди.

Ушбу айтганларимни дилингиз билан билиб олган бўлсангиз, Аллоҳ таоло у
ҳақда: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас.
Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур»
(Нисо: 48) деб
айтган ширкни билган бўлсангиз, Аллоҳнинг аввалдан охиригача барча
пайғамбарларни у билан юборган ва ундан ўзга динни бирон кишидан қабул
қилмайдиган динини билган бўлсангиз ва аксарият одамлар бу ҳақда билимсиз бўлиб
қолганини билган бўлсангиз, (мана шу билимингиз) сизга иккита нарсани ифодалаб
беради.

«Ушбу айтганларимни дилингиз билан билиб олган бўлсангиз..» Яъни, дилингизга чуқур ўрнашган билим ҳосил бўлган бўлса, фақат тил билан айтиб қўйиладиган давъо бўлиб қолмаса, зеро қалбда билим бўлмасдан қуруқ тилдаги даъво ҳақиқий билим-маърифат саналмайди.

«Аллоҳ таоло у ҳақда: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48) деб айтган ширкни билган бўлсангиз…» Бу гап хосни омга атф қилиш (боғлаш) жумласидандир, чунки аслида юқорида ўтган гаплар пайғамбарларнинг дини ҳақиқатини ва мушрикларнинг дини ҳақиқатини баён қилишга кифоя эди. Демак, сиз бу ширкнинг нималигини тасаввур қилган бўлсангиз… Зотан, мусанниф сизга тавҳид ҳақиқатини танитадиган нарсаларни тақдим қилди, энди унинг зидди бўлмиш ширк шу билан ҳам маълум бўлади.

«Аллоҳнинг аввалдан охиригача барча пайғамбарларни у билан юборган ва ундан ўзга динни бирон кишидан қабул қилмайдиган динини билган бўлсангиз…» Яъни, моҳияти тавҳиддан иборат бўлган динни билган бўлсангиз… Бу икки иш китобнинг аввалида пайғамбарларнинг дини ва мушрикларнинг дини ҳақида айтилган гаплар орасида ўтди.

«Ва аксарият одамлар бу ҳақда – яъни, тавҳид ва ширк мавзусида – билимсиз бўлиб қолганини билган бўлсангиз…» Зеро аксарияти Аллоҳнинг пайғамбарлари орқали юборган динини билмайдилар, жуда кўпчилик тавҳид ва ширк ўртасини яхши фарқлай олмайди, балки тавҳид аҳлига адоват қилиш, уларни айблаш ва уларга қарши курашиш билан бандлар, мушрикларнинг динига эргашиб кетганлар. Буларнинг ҳаммасига сабаб тавҳид ва ширк ўртасини фарқлай олмасликдир.

Агар мана шу тўртта иш ҳақидаги билим қалбингизга ўрнашган бўлса, «(мана шу билимингиз) сизга иккита нарсани ифодалаб беради».

Биринчи: Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидан хурсанд бўлишни. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус: 58).

Иккинчи: улкан қўрқувни. Чунки, агар инсон оғзидан чиққан бир калима сўз билан ҳам кофир бўлиб қолишини билсангиз – баъзан уни жоҳиллик билан гапириб ҳам қўяди, жоҳиллиги эса узрга ўтмайди, баъзан эса у сўзни худди мушриклар гумон қилганларидек, ўзини Аллоҳга яқинлаштиради деган гумонда айтиб қўяди, хусусан Аллоҳ таоло сизга Мусо қавмини солиҳ ва илмли бўлган ҳолларида унинг ҳузурига: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер» (Аъроф: 138) деб келишганини айтиб турган бўлса, ана шунда сизнинг қўрқувингиз ва ўзингизни ана шунга ўхшаш ҳолатдан қутқаришга ҳарислигингиз қаттиқ ортади.

«Биринчи: Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидан хурсанд бўлиш…» Яъни, пайғамбарларнинг динини, ақидасини таниш ва унга амал қилиш, мушрикларнинг динини билиш, ундан узоқлашиш ва уни инкор қилиш. Аллоҳ таоло сизга пайғамбарларнинг динини билдириб қўйганлиги, унга йўллаб қўйганлиги ва уларнинг йўлини танитиб қўйганлиги неъматдир. Айниқса, кўпчилик бу неъматдан бебаҳра бўлиб турганда унинг қадри янада ошади. Зотан, неъмат камчилик одамларгагина насиб қилиб турганда унинг неъматлиги зиёдалашади. Агар ҳамма одамлар унга йўлланган бўлиб, сиз уларга рўпара бўлсангиз, уларни яхши кўриш ўзи неъмат бўларди, энди кўпчилик одамлар ундан бебаҳра бўлгани ҳолда сиз унга йўлланишингиз жуда катта неъматдир.

«Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус: 58)». Ҳою-ҳавасга ва хурсандчиликка берилиш яхши эмас, оятда айтилганидек: «Аллоҳ хурсандликка берилувчи кимсаларни суймас» (Қасас: 76). Лекин, диний ишлар хусусида хурсанд бўлиш мақтовли ва суюмлидир, бу хурсандчилик юқоридаги оятда айтилгани каби хузуъ ва хушуъ хурсандчилигидир ва унинг заволидан қўрқувдир, ҳаддан ошиш ва ҳою-ҳавасга берилиш хурсандчилиги эмас. Зеро, шу неъмат – эй инсон – сизга бўлган энг катта неъматдир ва у одамлар у сабабли хурсанд бўладиган нарсадан, яъни бутун дунёнинг мол-мулки унинг қўлида бўлиб қолишидан ҳам яхшироқдир. Аслида, бутун дунёнинг мол-мулки бир одамнинг қўлида асло йиғилмайди, мабодо йиғилган тақдирда ҳам барибир бир кун йўқликка ва заволга юз тутади. Аллоҳ учун бўлган ва Аллоҳнинг розилиги қасд қилинган нарсагина заволсиз боқийдир. Демак, Аллоҳнинг фазли ва раҳматидан хурсанд бўлиш вожиб эканини ифодалаб берди.

«Иккинчи: улкан қўрқувни.» Бу унинг сизга ифодалаб берадиган иккинчи фойдаси бўлиб, юқорида ўтган хурсандчилик билан бирга ўз нафсингиз ва динингизга нисбатан хавф-қўрқувни ифодалаб беради. Натижада, сиз дин ва унга амал қилиш билан хурсанд бўласиз, мана шу неъматни заволга юз тутишидан ва мана шу нурни йўқ бўлишидан хавф қиласиз. Пайғамбарларнинг динини билиш ва унга эргашиш шудир, мушрикларнинг динини билиш ва ундан сақланиш шудир, ҳолбуки аксарият одамлар бундан умуман бехабар-жоҳилдирлар.

«Чунки, агар инсон – қалбидан эмас, шунчаки – оғзидан чиққан бир калима сўз билан ҳам кофир бўлиб қолишини билсангиз – баъзан уни жоҳиллик билан гапириб ҳам қўяди, жоҳиллиги эса узрга ўтмайди, баъзан эса у сўзни худди мушриклар гумон қилганларидек, ўзини Аллоҳга яқинлаштиради деган гумонда айтиб қўяди…» Яъни, мушриклар ширкларида ва Аллоҳдан бошқани ўртада воситачи қилишларида бу уларни Аллоҳга яқинлаштиради деб гумон қилишади ва жоҳилликлари туфайли холис ибодатни уларга буриб юборишади, «Улар биз учун Аллоҳдан сўраб берадилар ва улар Аллоҳга биздан кўра яқинроқдирлар», дейишади, лекин бу айни катта ширкдир.

«Хусусан, Аллоҳ таоло сизга Мусо қавмини солиҳ ва илмли бўлган ҳолларида – бутларга сиғинаётган қавмнинг ёнидан ўтиб боришаркан – унинг ҳузурига: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер» (Аъроф: 138) деб келишганини – шунда Мусо уларнинг бу сўзларини мункар-ёмон санаб: «Албатта, сизлар билмайдиган қавмдирсизлар» деганини – айтиб турган бўлса..»

«Ана шунда – инсон бир калима сўз билан кофир бўлиб қолиши мумкинлигини билгач – сизнинг қўрқувингиз ва ўзингизни ана шунга ўхшаш ҳолатдан қутқаришга ҳарислигингиз қаттиқ ортади». Бу оғир дарддан қутулиш сабаби – билмаган ҳолда унга тушиб қолишдан сақланиш учун унинг келиб чиқиш сабабларини, унга олиб борувчи воситаларни қидириб топишдир. Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу айтардилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари у зотдан яхшиликлар ҳақида сўрардилар, мен эса ўзимга ёмонлик етиб қолишидан қўрқиб, ёмонликлар ҳақида сўрардим» (Бухорий, Абу Довуд ривоятлари).

Бундан қутулиш йўлларидан яна бири Аллоҳга чин кўнгилдан ялиниб-ёлвориш ва Ундан собитқадам қилишини сўрашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча қуйидаги дуони ўқирдилар: «Эй Аллоҳим, эй қалбларни ва кўзларни буриб қўювчи зот, қалбимни динингда саботли қилгин» (Термизий ривояти). Иброҳим Халил алайҳиссалом Аллоҳга ёлвориб, шундай дуо қилганлар: «Мени ва болаларимни бутларга бандалик қилишдан йироқ қилгин. Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар» (Иброҳим: 35, 36). Ҳадисда келганки: «Ким динига нисбатан кўз очиб юмгунча Аллоҳдан хотиржам бўлса, (Аллоҳ) уни ундан олиб қўяди».

Билингки, Аллоҳ субҳанаҳунинг ҳикматидан бўлдики, қай бир пайғамбарни мана
шу тавҳид билан юборган бўлса, албатта у учун душманларни ҳам қилиб қўйди. Аллоҳ
таоло айтганидек: «Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган)
шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ)
сўзлар билан васваса қиладилар»
(Анъом: 112).

«Билингки, Аллоҳ субҳанаҳунинг ҳикматидан бўлдики – Нуҳ алайҳиссаломдан тортиб, то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача ўтган пайғамбарлардан – қай бир пайғамбарни мана шу тавҳид билан юборган бўлса, албатта у учун душманларни ҳам қилиб қўйди». У душманларнинг қасди иғво ва Аллоҳнинг динидан, Унинг Тўғри Йўлидан тўсиш бўлди. Бу етук ҳикмат бўлиб, яхшиларни ёмонлар билан синашдир, токи яхшилар учун жиҳод мартабалари мукаммал бўлсин. Бўлмасам, Аллоҳ агар истаса, ёмонлар учун ҳеч қандай ҳукмронлик бермаслиги мумкин эди: «Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди)» (Муҳаммад: 4).

Ёмонларни яхшиларга ҳукмрон қилиб қўйиши Унинг етук қонуниятидан бўлиб, пайғамбарларга ва бошқаларга ёмонларни мусаллат (ҳукмрон) қилди. Буни пайғамбарларни ва уларга эргашган зотларни хорлаш учун қилмади. Балки, яхшилар жиҳод қилишлари ва шу билан даражалари юксалиши, ажрлари кўпайиши ва олий мартабаларга етишлари учун қилди. Зеро, жаннат қимматбаҳодир, унга фақат меҳнат-машаққатларга сабр қилиш билангина эришилади.

«Аллоҳ таоло айтганидек: «Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик» (Анъом: 112).» Инсонлардан ва жинлардан бўлган у шайтонларда қайсарлик ва такаббурлик бор. Баъзи уламоларга кўра, аввал инсон шайтонларини зикр қилинишига сабаб, улар бу ўринда жин шайтонларидан кўра васвасаси кучлироқдир. Чунки, инсон шайтони меҳрибон ва ҳамдард насиҳатгўй суратида келади. Шундан сўнг уларнинг нима билан ҳақдан тўсишларини баён қилиб деди: «Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар».

Демак, шу билан сизга маълум бўлдики, гўзал иборалар билан айтилган сохта гапларнинг ҳам дилларга таъсири бўлади, баъзида эса ҳақни ботил суратида қилиб қўядиган гаплар ҳам бўлади. Шоир айтганидек (шеър маъноси):

Ялтироқ сўз билан ботилни чиройли қилиб кўрсатиш мумкин,

Ҳақни эса баъзан нотўғри ибора билан таъбир қилиш мумкин.

Асални кимдир асаларининг боли деб, кимдир арининг қусуғи деб атайди,

Ҳар икки сифат ҳам тўғри, фақат бирида мақтов, иккинчисида бузуқ таъбир бор.

Зотан, ҳақни баъзан ёмон сўз билан ҳам ифодаланади.

«Агар Парвардигорингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлур эдилар». Лекин, уларни имтиҳон ва синовга дучор этди, шу билан мужоҳидлар бошқалардан ажралишини, собирлар собир бўлмаганлардан ажралишини истади. «Бас, уларни туҳмат, бўҳтонлари билан бирга тарк қилинг!» (Анъом: 112). Бу уларга нисбатан қаттиқ азоб билан огоҳлантириш ва кучли пўписадир.

[1] Лафзнинг (сўзнинг) маънога далолат қилиши уч хил бўлади: мутобақа (айнан тўғри келиш) далолати, тазаммун далолати (зимнидаги нарсага далолат) ва илтизом далолати (ўшанга алоқадор бўлган нарсага далолат қилиши).

Мутобақа далолати лафз аслида нимага қурилган бўлса, айни шу маънога далолат қилишидир. Масалан, уй деганда деворлар ва шифтдан иборат бино тушунилгани каби.

Тазаммун далолати лафз ўзи қурилган маънонинг зимнидаги (ичидаги) бир бўлагига далолат қилишидир. Масалан, уй сўзи шифтга далолат қилиши каби, чунки уй деворлар ва шифтдан иборат бўлади.

Илтизом далолати лафз ўзи учун қурилган маънога алоқадор ва боғлиқ бўлган ташқи бир нарсага далолат қилишидир. Масалан, шифт сўзининг деворга далолат қилиши каби. Чунки, шифт сўзи деворга мутобақа далолати билан далолат қилмайди, чунки шифт деганда девор тушунилмайди. Шунингдек, у тазаммун далолати билан ҳам далолат қилмайди. Чунки, девор шифтнинг бир бўлаги эмас. Лекин, у деворга алоқали бўлган ва уни лозим тутган, бироқ унинг ичида бўлмаган алоҳида нарсадир (Равзатун-нозир ва шарҳуҳа: 50, 51-бетлар).

[2] Қолган икки қисмга далолат қилиши – ибодат қилинишга сазовор бўлган зот Ўзи сифатланган комил рубубият сифатлари ва бошқа олий сифатлари туфайли фақат У бўлиши эътибори биландир.

[3] Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизга зикр қилинишича, одам билан Нуҳ ўртасида ўн аср ўтган, ҳамма ҳидоят ва ҳақ шариат устида давом этиб келган, шундан сўнг ихтилофга берилишган, сўнг Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборган, у ер аҳлига илк пайғамбар бўлган экан (Мухтасар ас-сийра: 47-бет).

[4] Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг: «Одамлар бир уммат эдилар» (Бақара: 213) ояти тафсирида айтади: Ҳаммалари Исломда эдилар. Шайтоннинг уларга қилган биринчи макри солиҳларни улуғлаш бўлди. Аллоҳ таоло буни Ўзининг Китобида айтди: «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 23). Улар солиҳ кишилар эди, бир ой ичида вафот этишгач, яқинлари уларга дод-фарёд қилдилар ва суратларини тасвирладилар.

Бошқа сўзга кўра, уларнинг асҳоблари: «Агар уларнинг суратларини ясаб олсак, бу бизнинг ибодатга шавқимизни оширарди», дейишди. Шундай қилиб, бир киши ўзининг оғаси ва амакиваччаси (сурати)га борар ва уни улуғлар, шундай қилиб шу авлод ўтди. Кейинги авлодлар аввалгилардан кўра кучлироқ улуғладилар. Учинчи авлод келгач: «Илгаригилар буларни бекорга улуғламаганлар, Аллоҳ ҳузурида уларнинг шафоатларини умид қилганлар», дейишиб, уларга сиғинишни бошлашди. Аллоҳ таоло Нуҳни пайғамбар қилиб юборгач ва сувга ғарқ қилган кишиларни ғарқ қилгач, сув мазкур бут-санамларни оқизиб, Жиддага олиб бориб ташлади. Сув кетганидан сўнг улар соҳилда қолдилар ва шамол учириб келган қумлар остида қолиб кетдилар. Амр ибн Луҳай коҳин эди, жини бор эди. Бир куни жини унга: «Тезда йўлга чиқ, Тиҳомадан Жиддага бор, у ерда бут-санамларни топасан. Уларни Тиҳомага келтир, қўрқма. Арабларни уларга сиғинишга чорла, ижобат қилишади», деди. У Жиддага бориб, санамларни чиқариб олди, сўнг уларни Тиҳомага келтирди. Ҳаж мавсуми бўлганда одамларни уларга сиғинишга чақирди (Мухтасар ас-сийра: 48-б).

[5] Уларда Иброҳим алайҳиссалом динининг Байтуллоҳни улуғлаш ва тавоф қилиш, ҳаж ва умра, Арафот ва Муздалифада вуқуф қилиш, ҳайвонларни ҳадя (қурбонлик) қилиш каби қолдиқлари сақланиб қолган эди (Мухтасар ас-сийра: 71-б).

[6] Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Амр ибн Луҳай ал-Хузоъийни дўзахда ичакларини судраб юрганини кўрдим, у биринчи бўлиб соибаларни (чорва ҳайвонларни) бутларга атаб қўйиб юборган киши эди». Бир лафзда: «ва Иброҳимнинг динини ўзгартирган эди». Ибн Исҳоқдан ривоят қилинган лафзда: «У биринчи бўлиб Иброҳимнинг динини ўзгартирган ва васан (бут)ларни ўрнатган киши эди… Низор иҳлолида айтарди: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарика лака, илла шарийкан ҳува лак, тамликуҳу ва малак» (Маъноси: «Лаббай сенга эй Аллоҳим, сенинг фақат биттагина шеригингдан бошқа шеригинг йўқ, сен унга ҳам, у эга бўлган нарсаларга ҳам эгасан) (Мухтасар ас-сийра: 48-б).

[7] Мутобақа далолати ҳақида юқорида айтиб ўтилди.

[8] Тазаммун ва мутобақат
маънолари ҳақида юқорида айтиб ўтилди.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.