Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Кема ғарқ бўлмай туриб

قبل أن تغرق السفينة

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимизни «Кема ғарқ бўлмай туриб» деб номладик. Одатимизга кўра, уни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

  1. Биринчи: Кемамиз битта.
  2. Иккинчи: Гуноҳ ва маъсиятларнинг хатари.
  3. Учинчи: Гуноҳ ва маъсиятлар аянчли хотима сабабидир.
  4. Тўртинчи: Нажот дарғалари.
  5. Бешинчи: Қачон тавба қиламиз?

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. Зеро, ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир ва ўшалар ақл эгаларидир.

Биринчи: Кемамиз битта

Мусулмон биродарлар. Ҳаммамиз битта кемага миниб бормоқдамиз. Бу кемага солиҳлар ҳам, толиҳлар (ёмонлар) ҳам, тақводорлар ҳам, гуноҳга ботганлар ҳам минган. Кема чўкишдан саломат бўлса, ҳаммамиз нажотга эришамиз, агар кема ғарқ бўлса, ҳаммамиз тенг ҳалок бўламиз, солиҳлар ҳам, толиҳлар ҳам ҳалок бўлади, тақводорлар ҳам, гуноҳга ботганлар ҳам ҳалок бўлади, тоат-ибодат аҳли ҳам, маъсият аҳли ҳам ҳалок бўлади. Шунинг учун ҳам ўз ҳавои нафсларидан сўзламайдиган Содиқу Амин зот – пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтганлар: «Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳад-ҳудудларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагиларни босиб (оралаб) ўтардилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар қўлларидан ушлаб қолишса ҳаммалари нажот топишади» (Бухорий (№2493), Термизий (№2174) ривоятлари).

Ғоят етук, ғоят гўзал пайғамбарона ўхшатиш!

Биз ҳаммамиз инсоний жамият кемасига минганмиз. Бу жамиятдаги одамлар уч қисмга бўлинган.

Бир қисм одамлар Аллоҳ жалла ва алони ягона деб билиб, барча ҳолатларида Унинг назоратини ҳис қилиб, махфию ошкора Унга итоат қиладилар. Улар солиҳ ва ислоҳчи кишилардир.. Улар нажот дарғаларидир… Аллоҳ таолодан бизларни ҳам ўшалар сафида қилишини сўрайман.

Яна бир қисм одамлар гуноҳу маъсиятларга ғарқ бўлишган. Улар жамият учун жуда катта хатар туғдирадилар.

Яна бир қисм одамлар бефарқ ва лоқайд, сукут сақлаб турувчи кишилардир. Улар на ислоҳчиларга ёрдам беришади, на бузғунчиларнинг ишини инкор қилишади. Бу қисм одамлар ҳам нопок ва хатарли кимсалар бўлиб, тубан ва арзон шаҳватлари кўйидагина ҳаёт кечиришади, улар учун фақат тижоратлари, мол-мулклари бўлса бас.. Ушбу қисм ҳам гуноҳга ботган ҳалок бўлувчилар сафида ҳалок бўладилар.

Аллоҳ таоло ҳаммани тенг ҳалок қилса, солиҳлар ҳам ҳалок бўлиб кетсалар-да, қиёмат куни улар ниятларига ва қилган тоат-иботдатларига қараб қайта тириладилар.

Қуйидаги ҳадисни бир тафаккур қилиб кўринг! Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни қўрққан ҳолда кириб келдилар – бир ривоятда: «қўрққан ҳолда уйқудан турдилар» – ва: «Яқинлашиб қолган бир ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжужнинг деворидан шунча очилди», деб бош бармоқларини кейинги бармоқ билан ҳалқа қилдилар. Шунда уммул-муъминийн Зайнаб: «Ё Расулуллоҳ, ичимизда солиҳлар бўлгани ҳолда ҳалок қилинамизми?!», деб сўрадилар. «Ҳа, агар нопоклик-бузуқлик кўпайса», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Солиҳлар ҳам толиҳлар билан бирга ҳалок бўладилар, бироқ ниятларига кўра тириладилар.

Ҳаммамиз битта кемага миниб бораётганимизни яхши англашимиз керак, агар кема ҳалокатга учраса, ҳаммамиз ҳалок бўламиз, агар кема қутулса, ҳамма нажот топади.

Демак, солиҳлар ва ислоҳчилар беақл ва бебошларнинг қўлидан тутишлари, гуноҳ ва маъсиятга ботганлар ишини инкор қилишлари, нафақат уларга, балки бутун жамиятга гуноҳ ва маъсиятларнинг хатарини тушунтириб беришлари вожиб бўлади. Шунинг учун Роббимиз жалла ва ало айтади: «Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам фасод (турли офат-балолар) юз берди…» (Рум: 41).

Қуруқликда фасод юз берди, сувликларда фасод юз берди, ҳатто ҳавода (фазода) ҳам фасод юз берди. Аллоҳга қасамки, одам боласи гуноҳу маъсиятлари билан булғамаган биронта ўрин қолмади. Ҳатто, Аллоҳнинг раҳмати ва амри билан осмон қўйнида парвоз қиладиган тайёралар ҳам уларнинг гуноҳлари балчиғидан омон қолмади, одамзот улар бағрида ҳам ичкиликлар ва бузуқликлар билан Аллоҳга осий бўлмоқда. Фасод қуруқликни ҳам, денгизларни ҳам, самоларни ҳам қўймай кириб борди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шуро: 30).

Шунинг учун аҳли солиҳ ва оқил кишилар гуноҳу маъсият аҳлининг қилмишини мункар (ёмон) санашлари, мусулмон киши маъсиятни кўриб туриб, бунинг унга ҳеч қандай тааллуқи йўқдек қўл силтаб кетавермаслиги, Аллоҳ таолонинг: «Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас» (Моида: 105) деган сўзларини ўзига далил қилиб олмаслиги керак бўлади. Чунки, бу оят мазмуни шундайки, модомики, сизлар маъруфга буюрган, мункардан қайтарган бўлсангиз, бироқ буйруқ ва қайтаришингизни гуноҳу маъсиятга ботганлар қабул қилмаган бўлса ва ҳақиқатан ушбу мункарнинг қилинаётганига дилларингиз ёнаётганига Аллоҳни гувоҳ қилган бўлсангиз, шундагина адашган кимсаларнинг адашишлари, бузғунчиларнинг фасодлари сизларга зарар етказа олмайди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларида туриб, одамларга ушбу оятнинг тўғри тушунчасини баён қилиб бергандилар. У киши Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай дедилар: «Эй одамлар! Сизлар Аллоҳ таолонинг: «Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас» оятини ўқияпсизлар. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Агар одамлар мункарни кўриб туриб, уни ўзгартирмасалар, Аллоҳ таоло уларга оммавий азоб тушириши мумкин» деганларини эшитганмиз (Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ривоят қилганлар, Албоний саҳиҳ санаган).

Ибн Можа саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо қилсангизлар ижобат қилинмай қолишидан илгари амри маъруф ва наҳий мункар қилиб қолинглар», деганлар.

Маъсиятларнинг хатари улкан бўлиб, нафақат гуноҳ қилувчиларнинг ўзига, балки бутун жамиятга таъсири уради. Суҳбатимизнинг давоми шу ҳақда бўлади.

Иккинчи: Гуноҳ ва маъсиятларнинг хатари

Мусулмон биродарлар! Гуноҳ ва маъсиятлар ҳамма бахтсизлик ва балоларнинг ўчоғи, дунёдаги танглик ва охиратдаги ҳалокат сабабидир.

Иблисни Аллоҳнинг раҳматидан қувғин қилган нарса нима эди?!

Фиръавн ва унинг одамларини ҳалок қилиб юборган нарса нима эди?!

Од қавмини ҳалок қилган нарса нима эди?!

Самуд қавмини ҳалок қилган нарса нима эди?!

Қорунни ҳалок қилган нарса нима эди?!

Ҳар бир замон ва ҳар бир макондаги зўравон тоғутларни ҳалок қилган нарса нима эди?!

Жавоб бор-йўғи бир калимада: Маъсиятлар эди!!! Тури ҳар хил бўлган, даражаси фарқли бўлган, Аллоҳга ширк келтиришдан тортиб, буюк Яратувчи ҳаққида қилинадиган энг кичик гуноҳларга қадар… Ширк гуноҳларнинг энг каттасидир, агар киши ширк билан ўлиб кетса, жаҳаннамда абадий қолади. Аллоҳ таоло айтган: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).

Маъсият бахтсизлик, ҳалокат ва танглик сабабидир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубҳасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 123-127).

Ким Аллоҳнинг тоатидан ва Аллоҳнинг зикридан-эслатмасидан юз ўгирса, танг ва бахтсиз ҳаёт кечиради. Гарчи, бир қарашда ноз-неъматларга ғарқ бўлиб яшаётгандек кўринса-да, аслида ўзидан бошқа одам сезмайдиган ҳолда танг ҳаётда яшаётган бўлади. Аллоҳ таоло айтган: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур». Бола-чақаси хусусида танглик кўради, аҳли-аёли хусусида танглик кўради, дили танг, амали танг, ҳамма вақт тангликда бўлади.

Гуноҳу маъсиятлар хорлик ва хўрлик сабабидир. Зотан, ҳақиқий иззат Раҳмонга итоатда, ҳақиқий зиллат-хорлик Раҳмонга осийликдадир.

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, Аллоҳ таоло Унга осий бўлган кимсани – гарчи учқур отларда учиб юрган бўлса ҳам – хор қилишдан бошқа нарсага рози бўлмайди. Зеро, уларнинг дилларида маъсият хорлиги ўрнашган бўлади. Шундан келиб чиқиб айтаманки, Аллоҳ таоло ўзига итоат қилган ва тақво қилган кишиларни азиз қилишдан бошқа нарсага рози бўлмайди.

Уммат ҳозирги пайтда бошидан кечириб турган хорлик ва хўрликлар фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг маъсиятига ботиб қолгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан бурилиб кетгани сабабли эмасми, ахир?!!

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Агар ийна (рибо тури) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди», деганларини эшитганман» (Абу Довуд (№3462), Аҳмад (2/27, №4825) ривоятлари, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (11) саҳиҳ санаган).

Дарҳақиқат, муомалаларимизга рибо аралашди, дунёнинг ҳамма матоси ортидан чопдик, экин-тикинга машғул бўлдик, жиҳодни тарк қилдик. Шу сабаб уммат иззатдан сўнг хорликка, музаффарликдан сўнг мағлубликка, қудратдан сўнг заифликка маҳкум бўлди. Уммат ер халқлари ичида заифлик ва хорлик битилган энг хор ва разил миллат қўлида хорликка гирифтор бўлди. Бу раббоний қонуниятдир.

Ҳабиб ва маҳбуб зотнинг – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – сўзларини бир тадаббур қилиб кўринг, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай дейдилар: «Эй муҳожирлар жамоаси! Беш нарса борки, улар билан мубтало бўлсангизлар – улар сизларга етишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман: – (1) қайси бир қавмда фаҳш пайдо бўлиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади. (2) Ўлчов ва тарозидан уриб қоларканлар, қурғоқчилик, қаттиқ етишмовчилик ва подшоҳнинг зулмига дучор этиладилар. (3) Молларининг закотини бермас эканлар, уларга самодан ёмғирни тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз қолишарди. (4) Аллоҳга беришган аҳдни ва Расулига беришган аҳдни бузишаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар буларнинг қўлларидаги баъзи нарсаларни тортиб олишади. (5) Раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас эканлар ва яхшиликни Аллоҳ нозил қилган нарсада деб билмас эканлар, Аллоҳ уларнинг жабр-зулмларини ўз ўрталарида қилади» (Ибн Можа (№4019), Ҳоким (4/540) ва бошқалар ривояти, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (№106) саҳиҳ санаган).

Ушбу ҳадис ҳақида бир фикр юритиб кўрайлик.

«… Қайси бир қавмда фаҳш пайдо бўлиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади…»

Ҳа, бугун фаҳш тизгинсиз кўриниш касб этди, у билан ҳамма жойда очиқ-ошкор шуғулланмоқдалар. Шунинг учун ҳозирга келиб, ОИТС (СПИД ёки иммун тақчиллиги синдроми) деб аталган, инсоннинг иммунитетини (касаллика бардошлилигини) вайрон қиладиган касаллик ёйилди… Ундан бошқа ҳам илгарилари умуман билинмаган ва эшитилмаган хилма-хил ва янги-янги касалликлар пайдо бўлмоқда.

Бу эса, табиийки, фаҳшнинг кенг тарқалиши ва зинонинг кўпайиши оқибати экани ҳаммага ойдай маълум. Тунги клублар кечани кундузга айлантириб юборди, ҳар қадамда фоҳишахоналар пайдо бўлди, уларни зўр бериб ривожлантирмоқдалар, ҳатто айрим мусулмон мамлакатларида фоҳишалик қонунийлаштирилди.

«Тарелка» деб аталган параболик телеантенналар пайдо бўлдики, фаҳш ва зинонинг ривожланишига жуда катта хизмат қилмоқда. Мусулмон диёрларида ушбу балои офат кириб бормаган хонадон қолмади ҳисоб. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ..

«… Ўлчов ва тарозидан уриб қоларканлар, қурғоқчилик, қаттиқ етишмовчилик ва подшоҳнинг зулмига дучор этиладилар…».

Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳавои хоҳишларидан сўзламайдилар, у зотнинг сўзлари ваҳийдан иборатдир.. Ҳозирги замонда ўлчов ва тарозидан уриб қолиш кенг ёйилди. Уммат бугунги кунларда бошдан ўтказаётган қийинчиликлар мана шу қусурнинг натижаси деб билмоқ керак. Қанча-қанча инсонлар очлик ва муҳтожликка маҳкум бўлиб яшамоқда. Қанча-қанча яланғочлар, қанча-қанча очлар, қанча-қанча беморлар устларига кийим, егани нон, касалига дори-дармон тополмайдилар!!..

«… Молларининг закотини бермас эканлар, уларга самодан ёмғирни тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз қолишарди…».

Исроилиёт хабарларида келишича – биз уларнинг Қуръон ва саҳиҳ ҳадисга зид келмаган хабарларини оламиз – Аллоҳ таоло узоқ вақт Бану Исроилдан ёмғирни тўсиб қўйганида, ҳатто елинлар қуриб, экинлар нобуд бўлиб, одамлар қаттиқ балога дучор бўлишгач, Сулаймон пайғамбар ҳузурига келишиб: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Юринг биз билан, Аллоҳдан ёмғир ёғдиришини сўраб, дуо қилинг», дейишди. Сулаймон алайҳиссалом улар билан бирга чиқиб борарканлар, йўлда чумолилар водийсидан ўтдилар. Ҳаммангизга маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга қурт-қумурсқалар тили рамзларини ечиб берганди. Шунда кўрдиларки, бир чумоли Парвардигор жалла ва алога муножот қилиб, ажойиб бир сўзларни айтарди: «Эй Парвардигор! Ўзинг яхши биласанки, бало фақат гуноҳ сабабли тушади ва фақат тавба сабабли кўтарилади. Биз Сенинг бир заиф халқингмиз, бизларни одамзотнинг гуноҳлари сабабли ҳалок қилмагин»…

«… Аллоҳга беришган аҳдни ва Расулига беришган аҳдни бузишаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар буларнинг қўлларидаги баъзи нарсаларни тортиб олишади…».

Рост айтасиз эй Расулуллоҳ! Қаранг бугун ер юзидаги мусулмонлар аҳволига, ерлари тортиб олинган, ҳамма нарсаларидан маҳрум бўлишган… Андалусия қўлдан кетди, Фаластин қўлдан берилди, Жўлон тепликлари зое бўлди, Кашмир бой берилди… Болқонда ва бошқа ерларда юз бераётган воқеаларни кўриб турибсиз…

«… Раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас эканлар ва яхшиликни Аллоҳ нозил қилган нарсада деб билмас эканлар, Аллоҳ уларнинг жабр-зулмларини ўз ўрталарида қилади…». Чор-атрофда юз бераётган бедодликлар бунга жонли гувоҳ бўлиб турибди. (Барча раҳбарлар Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб, ожиз инсоний ақл маҳсули бўлган қонунлар билан ҳукм қилмоқдалар)

Аллоҳ учун севган дўстларим! Гуноҳу маъсиятлар келтирадиган шумликларга боқинг, улар неъматларни йўқотиб, азоб-уқубатларни келтирмоқда. Уқубат етиши ва неъмат кетиши фақат гуноҳ сабабли бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шуро: 30).

Аллоҳ таоло айтади: «Бунга (яъни, уларнинг азобга гирифтор бўлишларига) сабаб Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмаслиги ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи эканлигидир» (Анфол: 53).

Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11).

Бандалар то шукрни куфрга алмаштирмас, неъматларни маъсиятлар билан қаршиламас эканлар, Аллоҳ таоло неъматларни бало ва жазога алмаштирмайди.

Шеър (мазмуни):

Неъмат ичида бўлсанг, унинг қадрига ет

Зеро, гуноҳлар неъматни кетказиб қўяди.

Уларни Парвардигорнинг тоати билан асра,

Зотан, Аллоҳнинг жазоси тездир.

Сиз айтишингиз мумкин: Қанчадан-қанча кофиру динсизлар, ҳаром билан тижорат қиладиган, ҳаром еб, ҳаром ичадиган, судхўрлик билан шуғулланадиган кимсалар борки, неъматларга ғарқ бўлиб юришибди, бунга нима дейсиз?!!

Мен бунга жавобни ҳавойи нафсларидан сўзламайдиган Содиқу Масдуқ зотдан олиб келаман. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар Аллоҳ таолонинг маъсиятларга ботган бир бандага у яхши кўрадиган нарсаларни бераётганини кўрсангиз, билингки, бу Унинг тарафидан истидрождир» (яъни, секин-аста ҳалокатга етказишдир). Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг: «Энди ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар. Бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсинки, золим қавмнинг думлари қирқилди (ҳалок қилиндилар)» (Анъом: 44, 45) оятларини ўқидилар». (Аҳмад, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилганлар, Ҳофиз Ироқий ҳасан санаган, шайх Албоний саҳиҳ санаган).

Неъматларнинг зиёда бўлиши розилик маъносини англатмайди, худди шунга ўхшаш, неъматларнинг камайиши ғазаб маъносини ҳам англатмайди. Агар бир бандага маъсиятларга ғарқ бўлгани ҳолда Аллоҳ таоло Ўз фазлидан бериб турганини кўрсангиз, аниқ ишонингки, бу унга нисбатан Аллоҳ таоло томонидан бўлган истидрождир. Гуноҳу маъсиятлар албатта неъматларни кетказиб, азобни туширади.

Яна бир ҳадисга қулоқ беринг, уни Абу Нуъайм «Ҳиля»да Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Руҳул Қудус – яъни Жибрийл алайҳиссалом – қалбимга солдики, ҳеч бир зот то ажалини тўлатмагунича ва ризқини тўлиқ олмагунича ҳаётдан кўз юммайди. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар. Ризқ талабида чиройли ҳаракат қилинглар. Ризқу рўзнинг камроқ ёки секинроқ келиши сизларни маъсият-гуноҳ орқали ризқ қидиришга бошламасин. Зеро, Аллоҳ ҳузуридаги нарсага фақат Унинг итоати билан эришилади».

Билингки, ризқингиз ўлчаб, белгилаб қўйилган. Аллоҳга қасамки, минг йил яшасангиз ҳам, ер юзидаги бирон бир қувват сиздан Аллоҳ белгилаб берган ризқингизни тўсишга қодир бўлмайди, ер юзидаги бирон бир қувват сизга Аллоҳ белгилаб берганидан ортиқ ризқ беролмайди.

Аллоҳ таоло айтади: «Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ­-равшан Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда) бордир» (Ҳуд: 6).

Зеро, ризқ Аллоҳдан, Аллоҳ ҳузуридаги нарсага фақат Унга итоат билан етилади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3).

Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳдан қўрқса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур» (Талоқ: 4).

«Ким Аллоҳга таваккул қилса, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3).

Шундай экан, Аллоҳ ҳузуридаги нарсани Унинг маъсияти билан талаб қилманг, ризқ Аллоҳдан, Аллоҳ ҳузуридаги нарсага фақат Унга итоат билан эришилади.

Учинчи: Гуноҳ ва маъсиятлар аянчли хотима сабабидир

Ким нима ҳолатда ҳаёт кечирган бўлса, ўшанинг устида ўлади. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, фақат шаҳват ва лаззатлари кетидан қувиб, гуноҳларга ғарқ бўлиб яшаган инсон ўлим келган чоғида, ўлим тўшагида ётган пайтида лабларини тавҳид калимаси билан қимирлатишга зўр бериб уринса-да, кўп ҳолларда гуноҳлари ғолиб келиб, гуноҳ қалбини муҳрлаб қўйгани сабабли қулфи дили очилмай, иймонсиз кетиб қолади.

Гуноҳ қалбни бутунлай қоплаб олганидан тил ҳам фақат қалбда бор нарсани ташқарига олиб чиқади. Шу боис тавҳид калимасини айтишга ҳарчанд уринмасин, умр бўйи дилига ўрнашган нарсалардан бошқаси тилига кўчмайди. Иймон калимасини айтишга урингани билан лаблари худди икки улкан тоғдек, қимирламай тураверади. Аксинча, кўп ҳолларда ўлим соатида ундай кишининг тилига қалбида бўлган шаҳват ва лаззатлар севгиси сизиб чиқади. Бу ҳақда Ибн Қаййим, Табарий, Ибн Жавзий ва бошқа илм аҳлларининг ибратли ва таъсирли сўзлари бор.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтишларича, умр бўйи тижоратдан бошқа ғами бўлмаган, дилига мол-дунё муҳаббати мустаҳкам ўрнашган, молдаги Аллоҳнинг ҳақларини адо этмаган бир тожир ўлим тўшагида ётганида унга: «Ла илаҳа иллаллоҳ дегин», деб айтилса, тилига «икки минг, уч минг, тўрт минг»дан бошқа сўз келмаган, жони чиққунича ҳам фақат шу сўзларни такрорлаб ўтиб кетган экан.

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Карамли Парвардигор Ўз карами билан бир одат-қонунни жорий қилдики, ким нима нарса устида яшаб ўтса, ўша нарса устида вафот этади. Ким нима устида ўлса, ўша нарса устида тирилади.

«Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир банда ўзи вафот этган нарса устида тирилади» (Муслим (№2878) ривояти).

Муҳтарам дўстларим! Гуноҳ ва маъсиятларнинг энг хатарли асоратларидан бири шуки, улар кишининг ҳаёти ёмон хотима билан якун топишига сабаб бўлади. Эй ўйин-кулгига берилганлар, эй осийлар, эй гуноҳга ғарқ бўлганлар! Кўзингизни очинг, ҳозироқ қайтинг! Зеро, бизлар кутадиган энг яқин ғойиб нарса ўлимдир. Ўлим на каттани, на кичикни, на соғни, на беморни, на эркакни, на аёлни қолдиради.

Шундоқ экан, Аллоҳга қайтинг ва Унга тавба қилинг! Билингки, агар тоатда яшаб ўтсангиз, тоат устида вафот этасиз. Ёмон улфатлар даврасини тарк қилинг, Аллоҳнинг уйига, иймон ва яхшиликлар даврасига қайтинг, поклик, иффат ва ёмонлардан безорлик даврасига қайтинг! Аллоҳга қайтинг ва У Зотга иқбол қилинг! Зеро, гуноҳ ва маъсиятларнинг энг хатарли асорати шуки, маъсият дилингизга ғолиб келиб, ўлим тўшагида ётганингизда ҳаётингиз аянчли ҳолда якун топишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таолодан ҳаммамизнинг умримизни чиройли хотима билан якун топтиришини, солиҳ амалларимизни мақбул айлашини сўрайман.

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Тўртинчи: Нажот дарғалари

Ушбу жамият кемасидаги нажот дарғалари – кемани нажот соҳили сари бошқариб борувчилар уламолардир, даъват соҳибларидир, Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилувчи, бутун фикру зикрлари одамларга Аллоҳни танитиш билан банд бўлган, уларни маъруфга буюриб, мункардан қайтаришга бел боғлаган солиҳ ва муслиҳ зотлардир. Сиз ҳам ўзингизни ана шундай яхшиликдан маҳрум этманг.

Шундай экан, мўмин биродар, масжидга, намоз учун бораётиб, йўл устида биргина кишини бўлса ҳам намозга даъват қилишдан сизни нима ман қилади?!

Нажот йўли шудир, нажот дарғалари ана шундай кишилардир.

Аёлингиз, қизингиз ё синглингизни очиқ-сочиқ ҳолда кўчага чиқиб кетишини била туриб дилингиз куймаса, томирларингизда қон қизимаса, билингки, сиз катта хатар устидасиз.

Мусулмон биродарларингизни қосирлик ва йўлдан озиш устида, гуноҳ ва маъсиятлар устида кўриб туриб, худди сизга бунинг ҳеч қандай алоқаси йўқдек, бемалол кулиб, қорнингиз тўйиб еб-ичиб юришингиз, хотиржам ухлаб ётишингиз жуда катта хатар устида эканингизга белгидир.

Имом Муслим ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир» (Муслим (№49), Термизий (№2173), Абу Довуд (№1140), Насоий (8/111), Ибн Можа (№4013) ривоятлари).

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110).

Аллоҳ таоло айтади: «Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир» (Оли Имрон: 104).

Ширин тил билан маъруфга буюриб, юмшоқлик билан мункардан қайтаринг. Қўлингиз билан ўзгартиришга қодир бўлсангиз ва бунинг ортидан каттароқ зарар етмаса ё ўша мункардан ҳам ёмонроқ мункар келмаса, қўлингиз билан ўзгартиринг. Агар қўл билан ўзгартириш имкони бўлмаса, яхши гап ва таъсирчан сўзлар орқали тилингиз билан ўзгартиринг. Бундан ҳам ожиз бўлсангиз, қалбингиз билан ўзгартиринг. Мункарни қалб билан ўзгартириш фақат иккита шарт билан рўёбга чиқади:

Биринчи шарт: Аллоҳ сизнинг дилингизда ўша мункарга бўлган нафратни кўрсин.

Иккинчи шарт: Агар мункарни ўзгартиришдан ожиз бўлсангиз, ўша мункарни қилинаётган ўринда турманг. Аммо, ўша мункардан лаззатланиб, мункарни қилаётганлар билан улфат бўлиб ўтираверсангиз, сиз ҳам маъсият аҳлидан бўлиб қоласиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамлар зулм қилаётган кишини кўриб туриб, унинг қўлларидан тутмасалар, Аллоҳ уларга оммавий азоб тушириши мумкин» (Аҳмад (№30), Абу Довуд (№4338) ривоятлари, шайх Албоний саҳиҳ санаган).

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар ё яхши ишларга буюрасизлар ва ёмон ишлардан қайтарасизлар, ёки бўлмаса Аллоҳ таоло устингизга Ўзи тарафидан бир қаттиқ азоб туширади-да, ундан кейин дуо қилсангизлар дуоингизни ижобат қилмайди» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 1762).

Амри маъруф ва наҳий мункар бу диннинг марказий ўқидир. Агар уни тарк қилсак, залолат ёйилади, жаҳолат авж олади, мамлакатлар хароб, бандалар ҳалок бўлади, ўз ҳалокатларини улар қиёмат куни сезадилар. Шундай экан, таёқ билан эмас, ҳикмат ва мулойимлик билан, ширин сўз ва яхши панд-насиҳатлар билан маъруфга буюринг.

Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингизнинг йўли динига донолик ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала мунозара қилинг!» (Наҳл: 125).

Бешинчи: Қачон тавба қиласиз?

Эй ўйин-кулгига берилган ва эй тавбани унутган инсон!

(Шеър мазмуни):

Ғўрлик даврингда қилиб келган ишларни қўй энди,

Гуноҳларингни эсга ол ва улар учун кўз ёш тўк.

Сен унутган бўлсанг ҳам икки фаришта унутмаган,

Сен гуноҳга ғарқ, улар эса ёзишга машғул эдилар.

Жон сенга берилган бир омонатдир,

Уни мажбуран қайтариб беришинг бор.

Сен мағрур бўлиб, у учун югуриб-елган дунё

Ҳақиқатан йўқ бўлувчи бир матодир.

Билиб қўй, кеча ва кундузда олган

Ҳар бир нафасларимиз саноқлидир.

Гуноҳларингиз ҳарчанд катта бўлмасин, маъсиятларингиз нақадар улкан бўлмасин, нажот фақат тавбада ва Аллоҳга қайтишдадир. Келинг, нажот йўлига киринг, Аллоҳга тавба қилинг, Аллоҳга қайтинг. Билингки, гуноҳларингиз ҳар қанча катта бўлмасин, сидқидилдан тавба қилсангиз, Аллоҳ таоло тавбангиз билан қувонади.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

2010 йил 16-октябр

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.