Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашишга мажбурми? (6)

Жуда муҳим эслатма

 

Билингки, мужтаҳиднинг ижтиҳоди ва раъйи ҳеч қачон Аллоҳнинг ҳукми бўлолмайди. Агар у айни Аллоҳнинг ҳукм бўлсайди, Абу Юсуф, Муҳаммад ва бошқалар Абу Ҳанифанинг ижтиҳод ва раъйларига мухолиф бўлишлари асло мумкин бўлмасди. Шунинг учун ҳам Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтганки: «Бу менинг раъйим, ким ундан яхшироқ фикрни олиб келса, мен уни қабул қиламан». Бошқа имомлар раҳимаҳумуллоҳ ҳам айтишардики: «Биз ўз раъйимизни ижтиҳод қилдик, истаган киши қабул қилади, истаган киши қабул қилмайди».

Маъсумий айтади: Одамлар ичидан айни бир кишига – бошқасига эмас – тақлид қилувчи кишидан сўраймизки: «Сизнинг соҳибингизни қай бир сифати бошқалардан кўра тақлид қилинишга лойиқроқ қилди?»

Агар у: «Чунки, у ўз асрининг энг илмли кишиси, унинг фазли аввалгилардан кўра зиёда бўлган», деб айтса, унга айтилади: «Ўзингизга берган гувоҳлигингизга кўра, сиз аҳли илм эмас экансиз, унинг ўз замонасининг энг илмли кишиси эканини қаердан биласиз?! Бу нарсани (унинг энг илмли киши эканини) фақат мазҳабларни ва уларнинг далилларини билган, улардан қай бири кучли, қай бири кучсиз эканини ажрата оладиган кишигина биладику?! Агар сиз фақат энг илмли кишигагина тақлид қилувчи бўлсангиз, Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум мусумонлар ижмоъ-иттифоқига кўра, сизнинг соҳибингиздан илмлироқ эмасмилар?!».

Муқаллидга айтилади: «Сизлар тақлид қилаётган ва сўзларини шориънинг (яъни шариат соҳибининг) далиллари ўрнида кўраётган ва ҳатто ундан кўра ҳам эргашишга лойиқроқ деб билаётган фалончи-фалончилар мавжуд бўлишларидан илгари одамлар қандай бўлишган? Улар ҳидоятда бўлишганми ё залолатдами?!»

Уларнинг ҳидоятда бўлган эканларини эътироф этишдан бошқа чораси қолмайди.

Унга айтиладики: «Улар қилиб келган иш Қуръон, Суннат ва саҳобаларнинг асарларига эргашиш, Аллоҳ таолонинг, Пайғамбарининг сўзларини ва саҳобаларнинг асарлари-сўзларини уларга хилоф бўлган сўзлардан устун қўйиш ҳамда фалончи-фалончиларнинг сўзлари ва раъйларидан эмас, балки улардан ҳукм олиш эмасмиди ахир?!».

Ҳидоят шу бўладиган бўлса, энди ҳақдан кейин залолатдан бошқа нима қолади?!

Сир эмаски, кўр-кўрона тақлид қилувчиларнинг ҳар бир тоифаси барча саҳобаларни, барча тобиинларни, умматнинг аввалдан охиригача барча уламоларини – фақат ўзлари тақлид қилган кишилар бундан мустасно – сўзлари ҳисобга олинмайдиган, фатвосига қаралмайдиган бир ўринга тушириб қўйганлар. Уларнинг сўзлари ва фатволарига – агар ўз матбуъларининг (яъни ўзлари эргашган кишиларнинг) сўзларига хилоф бўлса – фақат уларга қарши рад жавоби айтиш учунгина қарайдилар. Ҳатто, агар матбуъларининг сўзи Аллоҳ ва Расули томонидан келган далилга хилоф келса, ўша далилни таъвил қилишга, уни ўз маъносидан буриб юборишга интилишади, ўз матбуъларининг сўзини устун қилиш учун уни (яъни Қуръон ва ҳадис далилини) даф қилишга қўлларидан келган ҳар қандай чорани қўллаб, зўр бериб уринишади. Уларнинг бидъатидан ва динни вайрон қилувчи таассубларидан Аллоҳга шикоят қиламиз. Агар Аллоҳ таоло бу динни ҳимоя қиладиган ва унинг ҳақиқатларини эълон қиладиган кишиларни чиқариб туришга Ўзи кафил бўлмаганида эди, иймоннинг тахти ва рукни аллақачон емирилиб битган бўларди. Ўз матбуъининг сўзини деб саҳобалар, тобиинлар ва мусулмон уламоларининг сўзларига заррача илтифот қилмайдиган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини камситадиган кимсалардан кўра беодоброқ ва ёмонроқ аҳволдаги одам бўладими?!

Муқаллидлар фирқаси Аллоҳ ва Расулининг амрларига, саҳобаларнинг йўли ва имомларнинг равишига мухолиф бўлдилар, аҳли илмларнинг йўлига зид йўлни тутдилар. Бу халафлар (яъни кейин келганлар) салафларнинг (яъни илгари ўтганларнинг) йўлини чаппасига айлантирдилар, Аллоҳнинг Китоби, Расулининг Суннати ҳамда у зотнинг халифалари ва барча асҳоблари сўзларини сохталаштирдилар, уларни ўзлари тақлид қилаётган кишиларнинг сўзларига солиштириб, шунга тўғри келса қабул қилдилар ва бўйсундилар, ўз матбуъларининг сўзига тўғри келмаган жойини «хасм (яъни, рақиб томон) шундай-шундай далил келтиради» деб ўтиб кетадиган ва қабул қилмайдиган, фузалолари (уламолари) уларни рад қилиш учун қўларидан келганича уринадиган бўлдилар, динни бўлган ва дин аҳлини фирқаларга ажратганлар шулар бўлди, ҳар бир фирқа ўзининг матбуъининг ёнини олади ва унга чақиради, унга мухолиф бўлганларни айблайди ва сўзларига амал қилишни раво кўрмайди, гўё улар бутунлай бошқа дин аҳли унинг назарида, ваҳоланки  барча мусулмонлар ўз ўрталарида баробар бўлган бир калимага бўйсунишлари лозим эди, яъни фақат улуғ пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишлари ва Аллоҳни қўйиб, бир-бирларини парвардигор қилиб олмасликлари зарур эди.

Билингки, уламоларнинг сўзлари ва қиёсларини ушлаш худди таяммум мақомидаги бир иш бўлиб, фақат сув бўлмаган ҳолдагина таяммум қилинади. Қаерда Китоб ва Суннат далили ҳамда саҳобаларнинг сўзлари мавжуд экан, уларни олиш вожиб бўлади, уларни қўйиб, уламоларнинг сўзларига қаралмайди. Лекин, кейинги даврлардаги тақлид аҳли олдиларида сув бўла туриб, таяммум қилишга ўтишди[1]. Муқаллидлардан таажжубки, улар имомларга муқаллид бўлган кейинги давр кишиларидан фалончи-фалончиларнинг сўзини ушлаб, унга амал қилишади, бироқ Имом Бухорий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Авзоий, Суфён Саврий кабиларнинг, ёки Саид ибн Мусаййиб, Ҳасан Басрий, Абу Ҳанифа, Молик раҳимаҳумуллоҳ ва уларга тенгдош зотларнинг сўзларини ва фатволарини тарк қилишади. Балки, ўзлари тақлид қилган кишига тобеъ бўлган айрим мутааххирларнинг сўзларини Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум фатволаридан муқаддам қўйишади. Ўшандай буюк зотларнинг сўзлари ва фатволарини мана буларнинг сўзлари ва фатволарига тенг кўрган кишилар эртага Аллоҳ ҳузурида қандай узр айтишаркин?! Энди у зотларнинг сўзларидан буларнинг сўзларини устун қўядиганлар, ҳукм ва фатвода фақат уларнинг сўзини олиб, саҳобаларнинг сўзларини олишни ман қиладиган кимсаларнинг аҳволига нима дейиш мумкин?!

 

Бу умматнинг охири унинг аввали тузалган нарса билангина тузалади

 

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтганидек, бу умматнинг охири фақат унинг аввали тузалган нарса билангина тузалади.

Шубҳасиз, умматнинг аввали ва энг яхшилари Китобу Суннатни ва салафи солиҳлар ижмоъ-иттифоқ қилган нарсаларни маҳкам ушлаган эдилар. Мусулмонлар Аллоҳ таоло шариат қилган нарсаларни қўйиб, Аллоҳга тенг кўрган кишиларини рози қиладиган нарсалар томонга бурилиб кетишгач, энди улар Аллоҳ таоло мўминларга ваъда қилган нусратдан маҳрум бўлишларида ажаб йўқдир. Чунки, улар Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаган сифатлар мажмуъидан чиқиб кетдилар. Биринчи ва иккинчи асрларда бундай кўр-кўрона тақлид ва бугун бўлиб турган бу ишлардан ҳеч бири бўлмаган эди. Агар бирор оқил киши ё тараққий этган халқ Исломга кирмоқчи бўлса, нимани ушлашини, асл ва фаръларда (яъни фиқҳнинг асос ва тармоқларида) қайси мазҳаб ва китобларга суянишини билмай, боши қотиб қолган бўлур эди, уни мана шу энг тўғри дин эканига, мазҳабларнинг ҳаммаси ўзаро ихтилофларга қарамай аслида битта нарса эканига ишонтиришимиз жуда қийин бўлур эди, ушбу рисоламиз ёзилишига сабаб бўлган япон зиёлилари воқеаси бунга далил бўлади. Агар биз мусулмонлар Қуръон ва ҳадислар белгилаб берган ҳад-ҳудудларда турсак, ҳеч қандай қийинчилик ва оғирлик йўқ бўлган олийжаноб тўғри йўл нималигини, эгрилик ва қарама-қаршилик йўқ бўлган холис дин нималигини жуда осон тушуниб олган бўлур эдик.

Агар фуқаҳоларнинг сўзларига, ўзаро ихтилофларига ва бу ихтилофнинг иллат-сабабларига назар солсак, ҳайратдан оғзимиз очилади. Ҳатто, баъзилари айтадики: «Бу далил жуда кучли, бироқ унга амал қилинмайди ва у билан фатво берилмайди». Нега?! Чунки, фалончи шундай деган. Жуда кўплаган инсонлар ичидаги – ҳатто кўпларининг тарихини ҳам билмаймиз – оддий бир инсоннинг сўзи саҳиҳ суннатни тарк қилиш учун кифоя қилади. Ана шундай қилиб, бугун биз яшаб турган ҳолат билан бу диннинг асли ва манбаи ўртасида чуқур жарлик ҳосил бўлди. Ваҳоланки, ҳеч бир кишига ўзининг ақида ва ибодатларида Аллоҳ ва Расулидан ўзгасини маржеъ (асл-асос) сифатида қабул қилиши жоиз бўлмайди. Шунингдек, биз ҳукм ёлғиз Аллоҳники, динни ундан ўзгадан олинмайди, деб эътиқод қилишимиз фарздир. Шу билан Аллоҳ таоло Ўз Китобида амр этганидек, динни Унинг ўзига холис қилган ҳақиқий муваҳҳид бўламиз. Ким бундан ташқарига чиқса, Аллоҳга шериклар қилган ҳалок бўлувчилар сафига қўшилади.

Аллоҳ таоло айтади: «У Кунда пешволар эргашувчилардан тонадилар ва ҳаммалари азобни (кўзлари билан) кўрадилар. (У Кунда уларни боғлаб турадиган)баҳонаю сабаблар узилади. Эргашувчилар: «Қанийди, яна бир карра (яшашнинг) иложи бўлса-ю, улар биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонсак», дейдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло уларнинг қилган амалларини ўзларига ҳасрат-надомат қилиб кўрсатади ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар» (Бақара: 166-167).

Билингки, бу оят муқаллидлар динда одамларнинг сўз ва раъйларига ёпишиб, тош қотишгани боис улар учун жуда қаттиқ зарбадир, улар тақлид қилган кишилар хоҳ тирик, хоҳ ўтиб кетган бўлсин, тақлидлари хоҳ ақида ва ибодатда бўлсин, хоҳ ҳалол-ҳаромда бўлсин, фарқсиз. Чунки, буларнинг ҳаммаси фақат Аллоҳ ва Расулидангина олинади, бунда бирон киши учун раъй ва сўз бўлиши мумкин эмас. Адаштирувчи имомлар бу гап остига дохилдир. Аммо, ҳидоят устидаги имомларнинг ҳар бири Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдан, динда Аллоҳдан бошқага ва Аллоҳнинг ваҳийсидан бошқага суянишдан қайтарганлар.

Баъзи муфассирлар бу каби оятларни кофирларга хос дейишади. Тўғри, улар айтгандек, бу оятлар кофирларга хос. Бироқ, бу дегани мусулмонлар билан Қуръон ўртаси ажралиб қолган дегани эмас, бундай деб тушуниш хато бўлади. У ҳолда Қуръондаги ҳар бир ваъид (азоб хабари) оятини фақат мушрикларга, яҳуд ва насороларга буриб юборилиб, ундан қасд қилинган эътибордан четланиб қолинган бўларди[2]. Шунинг учун ҳам мусулмонларни Қуръондан панд-асиҳат олмаётганини ва «ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси фақат тилда айтиб қўйилса, унинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этилмаса ҳам охиратдаги нажот учун кифоя деб гумон қилаётганини кўрилмоқда. Ваҳоланки, жуда кўп мунофиқ ва мушриклар ҳам бу калимани айтадилар. Аллоҳ таоло ширкнинг турларини, кофирларнинг сифатлари ва аҳволларини фақатгина Қуръонга иймон келтирган кишилар учун ибрат бўлсин ва улар ҳам ўшалар тушган ҳолатга тушиб, ҳалок бўлувчилар қаторига кириб қолмасин, деб баён қилган.

Лекин, тақлидбошилар у (яъни Қуръон оятлари) билан ҳидоятга ҳозир кишилар ўтиб кетишди, уларда фалон-фалон фанларни билиш каби бошқалар учун муяссар бўлмайдиган сифатлар мавжуд бўлгани учун энди ундайлар топилиши мумкин эмас, деган даъво билан мусулмонлар билан Парвардигорлари Китоби ўртасини тўсиб қўйдилар. Ваҳоланки, саҳобалар ва тобиинлардан иборат салаф солиҳлар, шу жумладан тўрт имом розияллоҳу анҳум бирон киши динда бировнинг сўзини то унинг далилини билмагунича ушлаши мумкин эмаслигига иттифоқ қилган эдилар. Кейин муқаллид уламолар келиб, муфтийнинг сўзини омий учун далил ўрнида қилиб қўйдилар, сўнг улар ортидан тақлидга ғарқ бўлган ўринбосарлар келиб, барча одамларни Китобу Суннатдан ҳар қандай ҳукм олишдан ман қилдилар, уларни тушуниш ва уларга амал қилишга уринувчиларни адашган санадилар. Бу эса ўта зиёнкорлик ва динга нисбатан қаттиқ душманлик бўлди. Одамлар бунда уларга эргашдилар, улар одамлар учун Аллоҳнинг шерикларига айландилар, Аллоҳ таоло хабар берганидек, эртага қиёматда баъзилари баъзиларидан безорлик эълон қиладилар.

Камина ожиз банда мазкур оят ҳақида бир рисола битиб, уни «Ал-Бурҳон ас-сотиъ фи табарруъил-матбуъи анит-тобиоъи» «Эргашилувчининг эргашувчидан безор бўлиши ҳақида ёрқин ҳужжат» деб атадим, бу рисола Аллоҳнинг мадади ила Мисрда босилиб чиқди. Эй ҳақ толиби, Аллоҳ мени ҳам, сизни ҳам тўғри йўлга йўлласин, сизга ўша рисолани ўқишни тавсия қиламан.

 

 

Фахр ар-Розийнинг уламолар Аллоҳнинг дини ва шариатини ўзгартиришгани ҳақидаги ҳикояси

 

Мен сизга ҳозир биз айтаётган (динни) ўзгартириш, алмаштириш ва издан чиқишга ўхшаган ишлар ўтган асрларда ҳам содир бўлганини айтиб бераман.

Фахруддин ар-Розий раҳимаҳуллоҳ (вафоти 606-ҳижрий) «Мин мафаатийҳил-ғойб» номли тафсирида (4/431): «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини… Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31) ояти тафсирида, шунингдек, Муҳйис-сунна ал-Бағавий «Маъалимут-танзийл»да (4/38-39) айтади: «Мен муқаллидлардан бир жамоасида ўзим шоҳид бўлган нарса шуки, уларга баъзи масалаларда Аллоҳ таолонинг Китобидан кўпгина оятларни ўқиб бердим, уларнинг мазҳаби ушбу оятларга хилоф эди. Улар бу оятларни қабул қилмадилар, уларга илтифот ҳам қилмадилар ва менга ажаблангандек қараб туравердилар. Яъни, бу оятларнинг зоҳирига қандай амал қилиш мумкин, ваҳоланки бизнинг салафларимиздан бунинг хилофи нақл қилинган-ку, деган маъно бор эди уларнинг қарашларида. Дурустроқ назар ташласангиз, бу касаллик дунё аҳлининг жуда кўпчилигига чуқур сингиб кетганини кўрасиз».

На ақида, на ибодат ва на ҳалол-ҳаром борасида илмсизлик билан, Аллоҳнинг Китобидан қатъий далилсиз ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мутавотир суратда амал қилиб, эргашиладиган суннатларидан ва далолати очиқ саҳиҳ ҳадисларидан бир ҳужжатсиз равишда, балки нассларга (яъни Қуръону ҳадиснинг очиқ далилларига) ва шу билан бирга ўз имомларининг (фиқҳдаги) усулларига хилоф ўлароқ, ўз анъанавий мазҳабларининг шайхларига кўр-кўрона тақлид қилувчилар ибрат кўзини очсинлар. Бу замонда Имом Розий зикр қилган кишилардан кўра ҳам ёмонроқ муқаллидлар топилади, огоҳ бўлинг. Шайх Саййид Муҳаммад Рашид Ризо «Манор» тафсирида (10/367) бунга ишора қилиб ўтган.

Камина банда «Авзоҳул-бурҳан фий тафсийри уммил-қуръан» номли уммул-қуръонга битган тафсиримда шу ҳақда тўла-тўкис баён қилдим. Маккатул-Мукаррамадаги «Уммул-қуро» матбаасида 1357-ҳижрийда босилиб чиққан, унга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Имом Аъзам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар, бошқа ҳеч ким эмас

 

Аллома Муртазо аз-Зубайдий «Иҳё»га ёзган шарҳида айтади: «Билингки, тақлид қилинишга сазовор зот фақат шариат соҳиби саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар».

Яна айтади: «Саҳобалар розияллоҳу анҳумга улар қилаётган ишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганликларига далолат қилиши жиҳатидангина тақлид қилинарди. Биз фақат у зотгагина эргашишга буюрилганмиз, бошқасига эмас. Шунинг учун Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Ҳар қандай кишининг илмидан олинади ҳам, тарк қилинади ҳам, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан мустаснодирлар». (Ироқий айтишича, буни Табароний «Ал-кабийр»да ривоят қилган, исноди ҳасан)».

Мазҳабий тақлид оғир дардга ва балои азимга айланди ва бу бало оламни тутди. Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатидан экани саҳиҳ-рост бўлган сўзни ўзларининг китобларидаги гаплардан ва машойихларининг сўзларидан юқори кўрадиган кишиларни жуда кам топасиз. Лекин, биз, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳозирда одамларни Аллоҳнинг тавҳидига чорлайдиган, Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қиладиган, тақлидчи, хурофотчи ва дажжолларга қарши курашадиган холис, муваҳҳид жамоани кўриб турибмиз. Бу мақсад йўлида жамиятлар ташкил этилиб, улар тавҳидни ёйиш ва тарқатишга ҳамкорлик қилишмоқда. Улар Ҳижоз, Миср, Судан, Ироқ ва бошқа жойларда фаолият кўрсатмоқдалар. Эй Парвардигор, Ўзинг уларнинг муваффақиятларини зиёда этгайсан, Сенинг динингга ёрдам берарканлар, Сен ҳам уларга нусрат ато этгайсан, ё роббал оламийн.

Саййид Сиддиқ Ҳасан «Фатҳул-баян фий мақосидил-қуръан» номли тафсирида (4/117) «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини… Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31) ояти тафсирида айтади: «Ушбу оятда тирик қалб эгасини Аллоҳнинг динида тақлид қилишдан ва ўтганларнинг гапларини Аллоҳнинг Китоби ва покиза суннатда бор бўлган нарсалардан юқори қўйишдан зажр қилиш (қайтариш) бордир. Дарҳақиқат, мазҳаблининг ўзи унинг сўзига эргашадиган ва суннатини ушлайдиган уламоларга итоат қилиши, насларда (яъни оят ва ҳадис далилларида) келган, Аллоҳнинг далил-ҳужжатлари барпо бўлган, Унинг китоблари ва пайғамбарлари айтган нарсаларга хилоф қилиб бўлса ҳам ўша уламоларнинг сўзини маҳкам ушлаши худди яҳуд ва насоролар Аллоҳни қўйиб, ўз донишманд ва роҳибларини парвардигор деб билишларининг айни ўзидир. Зеро, улар ҳам уларга ибодат қилмаганлар, балки итоат қилганлар, улар ҳаром қилган нарсани ҳаром деб, ҳалол қилган нарсани ҳалол деб билганлар. Бу умматдаги муқаллидларнинг иши ҳам айни шундан бошқа эмас, бу худди тухумнинг тухумга, хурмонинг хурмога, сувнинг сувга ўхшашидек ўхшаш нарсадир.

Эй Аллоҳнинг бандалари ва эй Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари, сизларга нима бўлдики, Китоб ва Суннатни бир четга суриб қўйиб, ўзингизга ўхшаган оддий инсонларнинг сўзларига суяндингиз, уларнинг ҳақиқий далил-ҳужжатга суянмаган раъйларига амал қилдингиз, ваҳоланки Китоб ва Суннат наслари (очиқ далиллари) бунга хилоф ва зид нарсаларга баланд овозларда чақирмоқда. Сизлар бу овозларга кар қулоқлар, қулфланган қалблар, касал тушунчалар ва ўтмас зеҳнлар билан ёндошдингиз, ҳолатингиз тили айтмоқдаки:

                              Ғузайя нима бўлса, мен ҳам айни ўшаман,

                              У тузалса тузалиб, адашса адашаман.

Аллақачон дунёдан ўтиб кетган салафларингиз битган китобларни қўйинг, уларни сизларнинг ҳам, уларнинг ҳам яратувчингиз, сизларнинг ҳам, уларнинг ҳам барҳақ маъбудингиз бўлган Аллоҳнинг Китобига алиштиринг! Ўз имомингиз деб билган кишиларнинг сўзларини ва раъйларини сизларнинг ҳам, уларнинг ҳам имомингиз, сизларнинг ҳам, уларнинг ҳам намунангиз бўлган Биринчи Имом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига алиштиринг!

Эй адашганни ҳидоят қилувчи, йўл йўқотганни йўлга солувчи Парвардигоримиз! Ўзинг бизни ҳаққа ҳидоят қилгин, тўғриликка йўллагин, бизга ҳидоят йўлини очиб қўйгин» (иқтибос тугади).

Далолати қатъий бўлган муҳкам оятларда собит бўлганки, бу диннинг эгаси Аллоҳ таолодир, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Унинг тарафидан етказувчидирлар: «Сизнинг зиммангизда фақат (Биз сизга нозил қилган ваҳийни) етказиш бор, холос» (Шуро: 48), «Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос» (Моида: 99), «Сизнинг зиммангиздаги нарса фақатгина етказишдир» (Оли Имрон: 20, Раъд: 40).

Аллоҳнинг Китобидаги насс билан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша нассдан муродни баён қилиб беришлари билан собит бўладиган ДИН РУКНЛАРИ учтадир:

Биринчи: Ақидалар.

Иккинчи:  Мутлақ ибодатлар, шунингдек, замону маконга ёки сифат ва ададга чекланган ибодатлар.

Учинчи: Диний жиҳатдан ҳаром қилиш.

Ундан бошқа шариат ҳукмлари эса нас бўлмаган ўринда ижтиҳод билан собит бўлади, унинг мадори (фаолият доираси) фойдаларни барпо қилиш ва зарарларни даф қилишдир. Тафаккур қилинг ва ғофиллардан бўлиб қолманг. Дарҳақиқат, бу хусусда Китоб ва Суннат наслари, салаф солиҳнинг иш ва сўзлари кўпдир.

Ислом имомларининг мазкур сўзларини биз мусулмонларни Қуръонни англашга, Қуръон билан ва уни баён қилиб келган ҳадислар билан ҳидоятланишга даъват қилиш учун зикр қилганимиз ҳужжат ва далилларни қувватлаш мақсадида келтирдик. Токи, мусулмонлар бу иккисидаги ибодатлар ва зикрлар билан кифояланиб, бошқа нарсаларга ғулув кетмасинлар, таассуб қилмасинлар ва ўзларини беҳуда қийнамасинлар, улардан ортган вақтларини Исломни мудофаа қилиш, азиз қилиш, унинг аҳлидан озорни, ўзгаларга қуллик қилишни ва зулмни даф қилиш каби фарзи кифояларга бағишласинлар, саҳиҳ-соғлом илм-фан ва тартиб-интизомга бино қилинган машруъ йўллар билан умматни кучлантириш ва бойитишга ва ўша бойликларни Аллоҳ йўлида сарфлашга ҳаракат қилсинлар. Мана шу ишлар билан машғул бўлиш ҳар хил бидъат вирду зикрларга берилишдан афзалдир.

 

Аллоҳ таоло бизни Тўғри Йўлни тутишга буюрган

 

Бу дунёда Аллоҳ таоло бизни Унинг Ўзи пайғамбарларига юборган ва шу билан китобларини нозил қилган, Ўзининг жаннати ва каромат ҳовлисига етказувчи сироти мустақийм деб хабар берган Тўғри Йўлга йўлланишимизга буюрган. Банда Аллоҳ таоло бу дунёда бандалари учун ўрнатган мана шу тўғри йўлда қанчалик собит турса, унинг қадами жаҳаннам устига ўрталиган сирот (кўприк)да ҳам шунчалик собит бўлади. Бинобарин, Аллоҳ таоло айтди: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом: 153).

Тўғри йўл талаб қилувчи киши жуда кўп одамлар ундан бурилиб кетган ишни талаб қилувчи бўлгани ва у йўлда юрувчи киши кўпинча ёлғизланиб қолгани боис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу йўлдаги ҳамроҳлар ким бўлишини эслатиб қўйди. Улар Аллоҳ таолонинг инъомига сазовор бўлган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ зотлар эканини билдирди. Токи, шу билан ҳидоят изловчидан ва тўғри йўлда юришни истаган кишидан ўзининг замондошлари ва атрофидаги одамлардан ёлғизланиб ва ғарибланиб қолганлик ҳисси кетсин, ўзининг бу йўлдаги рафиқлари Аллоҳнинг инъомига сазовор зотлар эканини билиб, кўнгли таскин топсин, бу йўлдан бурилиб кетганларнинг қилмишларига парво қилмасин. Зеро, улар адади кўп бўлгани билан қадри паст одамлардир. Салафлардан бири айтганидек: «Ҳақиқат йўлини лозим тут, бу йўлни тутганларнинг озлиги сени умидсизликка туширмасин. Ботил йўлдан сақлан, ҳалокат йўлини тутганларнинг кўплигига алданиб қолма». Қачон ёлғизликни ҳис қилсанг, илгари ўтганларга қара ва улар сафига қўшилишга интил, бошқалардан кўзингни юм. Зеро, улар сендан Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани беҳожат қила олишмайди. Йўл узра бораркансан, уларнинг чақириқларига парво қилма. Чунки, агар уларга ўгирилиб қарасанг, албатта сени ушлаб қолишади. Шунинг учун ҳам қунут дуосида келганки: «Эй Аллоҳим, мени Ўзинг ҳидоят қилган кишилар қаторида ҳидоят қилгин». (Саҳиҳ, Абу Довуд (№1425), Термизий (№464), Насоий (№3/248) ва бошқалар ривояти).

Банда ғазабга дучор бўлган ва адашган кимсаларнинг йўлларидан сақланиши лозим. Ғазабга дучор бўлганлар илми ва қасди бузуқ, ҳақни билиб туриб, ундан бурилиб кетганлардир, адашганлар эса илмлари бузилиб, ҳақни билмаган кимсалардир[3].

Ҳақ эса Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳоблари розияллоҳу анҳум тутган йўлдир, кишиларнинг раъйлари, сўзлари ва истилоҳлари эмас. У зотнинг нубувват зиёсидан таралган ҳар қандай илм, амал, ҳақиқат, ҳол ва мақом Тўғри Йўлдир, ундан ташқарида бўлган ҳар қандай нарса ғазабга дучор бўлганлар, адашганлар ва жаҳаннам аҳлининг йўлидир[4].

Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари розияллоҳу анҳум одамлар ичида динни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган нарсаларнинг маъноларини бошқа ҳар қандай кишидан кўра яхшироқ билувчи кишилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳақни билмаган бўлишлари ва уни бошқалар, яъни рофизийлар ва бидъат аҳли билган бўлиши амри маҳолдир. Агар иккала гуруҳнинг асарларига назар ташласак, ҳақ аҳлининг йўли очиқ ва равшан эканини кўрамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари куфр ўлкаларини фатҳ қилиб, уларни ислом диёрига айлантирдилар, қалбларни Қуръон, илм ва ҳидоят билан фатҳ этдилар, уларнинг асарларидан Тўғри Йўлда эканлари маълум бўлади. Аммо, рофизийлар, бидъатчилар ва муайян мазҳабларга нисбатланувчилар ҳамма замон ва маконларда бунинг акси эканини кўрамиз.

1360-ҳижрий (1941 мелодий) Рамазон ойининг ўнинчиси, Жумъа куни Тоифда, Абдуллоҳ ибн Аббос масжидида Аллоҳ таолонинг Китобини тиловат қилиб ўтирарканман, Қуръон оятларидан Фиръавн алайҳиллаъна одамларни гуруҳларга бўлган, турли йўл ва мазҳабларга бўлган кимса экани зоҳир бўлди, мазҳаб ва мазҳабчилик бидъати, одамларни ҳар хил йўлларга бўлиш залолати Фиръавннинг суннати ва ифлос сиёсатидан экани маълум бўлди. Бугун бунинг намунасини Европадаги шайтоний ҳукуматлар сиёсатида яққол кўриб турибмиз. Аллоҳ таоло айтади:

«Дарҳақиқат Фиръавн ерда туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни Бани Исроил қавмини) хорлаб ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди» (Қасас: 4).

«Мушриклардан бўлманглар! Улар динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум: 31-32).

Билингки, барча пайғамбарларга – алайҳимус-солату вас-салом – иймон келтириш, улар ўртасини ажратмаслик, улар келтирган нарсаларни қабул қилиш, улар олиб келган ҳаққа эргашиш, уларни ҳурмат-эҳтиром қилиш ҳидоятланган кишиларнинг сифатидир. Иш шундай бўларкан, энди пайғамбарларнинг ворислари бўлмиш саҳобалар, тобиинлар, тўрт имом каби мужтаҳид уламолар ва ҳадис аҳли имомларини ҳурмат қилиш вожиб бўлади. Мазҳаблардаги тош қотган муқаллидлар қилганидек, баъзи имомлар сўзинигина қабул қилиб, бошқалариникини тарк қилиш, айримларигагина муҳаббат қўйиб, бошқаларини ёмон кўриш на ҳидоятланганлар йўлидан ва на тақводор зотлар белгисидандир. Мазҳабларга нисбатланувчи кишилар ўртасидаги адоват мана шундан бошланди, ҳатто улар ўз мазҳабидан бўлмаган киши орқасида намоз ҳам ўқимайдиган даражага етишди. Таассуб уларнинг кўзларини ва дилларини кўр қилиб қўйди.

Залолат аҳлидан бўлган айрим кишилар мазҳабни асл-асос қилиб, Қуръонни унга (яъни мазҳабга) мослаб таъвил қилинадиган нарса қилиб қўйдилар. Ваҳоланки, Қуръон асл-асос бўлмоғи, диндаги барча мазҳаблар ва раъйлар унга мосланмоғи зарур эди, унга мувофиқ келгани мақбул саналиб, унга мухолиф бўлгани мардуд бўлмоғи шарт эди.

 

Ғазабга дучор бўлганларнинг сифатларидан бири – улар ҳақни ўз мазҳаблари аҳлидан бошқадан қабул қилмайдилар

 

Билингки, ғазабга дучор бўлганларнинг сифатларидан бири – улар ҳақни фақат ўзлари мансуб бўлган тоифа аҳлидангина қабул қилишади ва бу билан улар ўз эътиқодларига кўра ўзларига лозим бўлган нарсага эргашишмайди.  Илмда ё динда мутафаққиҳ ё мутасаввифлардан муайян бир тоифасига нисбатланган кўп кишиларнинг ҳолати шундайки, улар динда фақатгина ўз тоифалари келтирган раъй ва ривоятни қабул қиладилар, ваҳоланки Ислом дини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бирон кишининг шахсини тайин қилмасдан, ривоят ва раъй жиҳатидан мутлақ ҳақ бўлган нарсага эргашишга буюради. Чунки, ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсаси бўлиб, уни қаерда топса ҳам олаверади. 

Мазҳабни тутган одамнинг қалбида шахсни улуғлаш бўлади, ота-боболари ва ўз диёри аҳлига тақлидан унинг сўзига ўйлаб ҳам ўтирмай эргашади. Мана шу нарса айни залолатдир. Чунки, гапирувчига эмас, айтилган сўзга қараш керак бўлади. Алий розияллоҳу анҳу айтганидек: «Ҳақиқат кишилар билан билинмайди, сен ҳақни билгин, унинг аҳлини билиб оласан». Барча яхшилик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ва у зотнинг саҳобалари, шунингдек салаф солиҳлар қилган ишлардир. Барча ёмонлик ва барча залолат эса мутааххирлар (кейинги даврлар аҳли) дин ишларида пайдо қилган ишлардир. Шубҳасиз, мазҳаб ҳам диндаги бидъатлардан, уни амирлар ва султонлар ўз сиёсатлари тақозосидан келиб чиқиб ё ўз ҳавои-хоҳишларига эргашиб ё шон-шуҳратларини сақлаб қолиш ё ўз машойихларига таассуб қилиб пайдо қилганлар, тарихдан хабардор одамга бу нарса яхши маълум.

Валийюллоҳ Деҳлавий «Ат-тафҳиймат-ул-илаҳийя» китобида (1/206) айтади: «Оммани кўрасизки, хусусан бугунги кунда, ҳар бир ўлкада мутақаддимлар (илгари ўтганлар)нинг мазҳабига ўзларини боғлаганлар, инсон ўзи тақлид қилган кишисининг мазҳабидан чиқишини – агарчи биргина масалада бўлса ҳам – худди диндан чиқишдек деб кўрадилар, уни бамисоли пайғамбар деб, унга итоат қилишни ўзига фарздек билади. Аввалги имомлар ва тўртинчи юз йилликдан аввалги энг яхши асрлар аҳли бирон мазҳабга боғланган эмасдилар». Абу Толиб «Қуутул-қулуб» китобида айтади: «Китоблар ва тўпламлар янги пайдо қилингандир, одамларнинг гапларини гапириш, биргина одамнинг мазҳаби бўйича фатво бериш, унинг сўзини ушлаш, ҳар бир ишда ундан ривоят қилиш ва унинг мазҳабида илм ўқиш аввалда бўлмаган эди».

Балки, омма (авом халқ) у даврларда таҳорат, ғусл, намоз, закот, рўза, ҳаж, никоҳ, байъ ва шу каби ишларнинг сифатларини ҳар вақт ўз оталаридан ва ўз диёрларидаги муаллимлардан ўқиб ўрганардилар, бошларига бирон иш тушса, хоҳ Мадина аҳлидан, хоҳ Кўфа аҳлидан бўлган муфтийларга боришар ва улар берган фатволарга амал қилишар эди. Хос (яъни илмли) кишилар ичидан соҳиби ҳадис бўлганлари эса, ўзларига ҳадислар ва асарлар жиҳатидан возиҳ-равшан бўлган масалаларда фақат шариат соҳибигагина тақлид қилишарди, ўзларига возиҳ-равшан бўлмаган масалаларда то ҳадис топилгунича қавллар ва раъйларга эргашар эдилар. Улар ичидан тахриж соҳиби (яъни, ҳадисларнинг ривоят йўлларини аниқлаш илмига эга) бўлганлари эса фуқаҳоларнинг далилларини тахриж қилар эдилар, далиллари бўлмаган ўринларда эса уларнинг қоидаларини тахриж қилардилар. Омма халқ мазҳабларга ўзини боғлаган бир замонда Ибн Арабий каби айрим кушуфот соҳиблари битта мазҳабга боғланишни лозим кўрмасдилар. Ибн Арабий «Ал-футуҳотул-маккийя» ва бошқа асарларида айтади: «Банда агар фақат битта мазҳабни маҳкам ушлаб, ундан бошқасини раво деб кўрмасдан, қавмнинг мақомларида юрса, албатта бу мазҳаб уни имоми ўз сўзларини олган манбага олиб бориши аниқдир, ўша ерда у барча имомларнинг сўзларини битта денгиздан олинган эканини кўради. Шундан сўнг мазҳабига боғланиши ундан заруратан узилади ва ўзи бундан олдин эътимод қилиб юрган фикрга хилоф ўлароқ барча мазҳабларни тенг деб ҳукм қилиб қолади. Айримлари ё оммани ўзидан қочирмаслик учун ё эса айрим мазҳаблар баъзи жиҳатлардан – масалан тушида аён бўлган ва шу каби жиҳатлардан – устунроқ бўлгани учун мазҳабга боғланишда давом этади.

Баъзи буюк уламолар хоҳ ўзи амал қилишида бўлсин, хоҳ бошқаларга фатво беришида бўлсин, бир мазҳабга боғланмас эдилар, масалан Абу Муҳаммад ал-Жувайний «Ал-муҳийт» деган китоб тасниф қилган ва унда битта мазҳабда юришни ўзига лозим тутмаган» (иқтибос тугади).

Ушбу масала қавмни қўрқитди ва қўзғотиб юборди, фитналар ва таассублар пайдо бўлди.

 

Ҳақиқат шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни айнан бир мазҳабни лозим тутишга мажбур қилмаганлар

 

Ҳақиқат шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни имомлардан айнан бирининг мазҳабини лозим тутишга буюрмаганлар, балки у зот барчани ўзларига эргашишга буюрганлар. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг собит бўлган суннатларига хилоф қилса, унинг хилофи мардуд (рад қилинган)дир, Исломга мансуб бўлган бирон киши: «Мен ҳадисга амал қилмайман, фақат имомимнинг сўзига амал қиламан» деб айтиши мумкин эмас, бу уни муртадликка олиб боради, Аллоҳ сақласин.

Мусулмон киши собит (яъни саҳиҳлиги аниқ) бўлган ҳадисни тааммул қилиши, уни кўзига суртиши ва унга тишлари билан маҳкам ёпишиши, бутун вужуди ва жону дили билан қабул қилиши, унга хилоф бўлган сўзга қулоқ солмаслиги лозим. Бу жуда жиддий бир ишдир, сиз шуни мазҳаб сифатида ушланг ва ундан асло чиқманг. Бу жиддийликдан чиқишга мисол қилиб таҳоратда (яланғоч) оёқларга масҳ тортиш, мутъа никоҳини ҳалол санаш, маст қилувчи ичимликни оз миқдорда ичишни ҳалол санаш, хонаки эшаклар гўштини ҳалол санаш, пешин намозининг охирги вақти инсоннинг сояси ўзининг аслий соясидан кейин икки баробар бўлиши деган сўзни келтириш мумкин[5].

Кейин эй мусулмон, агар илмда ҳимматингиз юқорилаган ва тақвода азмингиз кучайган бўлса, Китобу Суннатдаги очиқ-равшан оят-ҳадисларни ва кўплаб салаф уламоларининг феълларини англашга иштиёқ кўрсатинг, ҳар хал ҳадислар ўртасини жамланг, муҳаддисларнинг китобларида ривоят қилинган саҳиҳ ва ҳасан хабарлар борасида изланинг, қувватлироқ, қиёсга лойиқроқ ва эҳтиётлироқ бўлганини олинг.

Ушбу услубни ҳосил қилиш жуда енгил бўлиб, «Муватто», «Саҳиҳайн», «Сунан Аби Довуд», «Жомиъут-Термизий», «Насоий»ларни ўқиб, ўрганишдан ортиқ нарсани талаб қилмайди. Ушбу китоблар маъруф ва машҳур бўлиб, уларни тезгина таҳсил қилиш мумкин. Сиз шуларни яхши билинг, агар ўзингиз билолмаган бўлсангиз ва баъзи биродарларингиз сиздан олдин буларни билган бўлсалар ва сизга ўзингиз тушунадиган тилда тушунтирган бўлсалар, энди сизда узр қолмайди. Валлоҳу таоло аълам.

Валийюллоҳ Деҳлавий «Ат-тафҳиймот»да (1/276) айтади: «Ўзларини фақиҳ деб номлайдиган, тақлидда тош қотган кишиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ санад билан ривоят қилинган ҳадисларидан бирор ҳадис етадики, у ҳадисни мутақаддим фуқаҳолардан жуда кўпчиликлари қабул қилган бўлади. Ушбу ҳадисни олмаган кишига тақлид қилишлари ҳалиги муқаллидларни уни қабул қилишдан тўсади. Улар фикри бузуқлик ва залолатдаги кимсалардир, ҳақ эса очиқ-равшан ишдир.

Аллоҳ номи билан Аллоҳга гувоҳлик бериб айтаманки, Аллоҳ таборака ва таоло одамларга то қиёмат Ўзининг шариатига амал қилишни топшириб туриб, кейин уни (шариатни) уларга тушунарсиз, жумбоқ ҳолда, улар унинг ичида ҳақ билан ботилни ажрата олмайдиган ҳолда қолдириб қўйишдан олийроқ ва адолатлироқ Зотдир. Аксинча, Аллоҳ таборака ва таоло фақат қайсар ва итоатсиз кимсаларгина ҳалок бўлиши учун ҳақни очиқ ва равшан қилиб қўйди, одамларнинг гапларидан ажралиб турадиган муҳкам Китобни туширди, уни ҳар турли ўзгартиришлардан Ўзи асради, уни икки киши у ҳақда ихтилофга бормайдиган мутавотир қилиб қўйди, Ўзининг Расулини ҳукмлар ва ҳикматлар билан сўзлатди, уларнинг бир қисмини лафзда ё маънода мустафийз (сероб, мўл-кўл) қилди.

Лафзда мустафийз деганда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уч ва ундан ортиқ саҳоба ривоят қилган ҳадисни назарда тутмоқдаман. Уларниг ростгўйлик ва тақводорликдаги ҳоллари маълум, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари уларни энг яхши аср аҳли деб гувоҳлик берганлар, одамларни уларни улуғлашга чорлаганлар, уларни сўкиш ва ҳақоратлашдан қайтарганлар. Мустафийз ҳадислар шу жиҳатдан олганда мутавотир ёки мутавотирга яқин бўлди. Улар фиқҳ, сийрат бобларидан ҳар бир бобда мавжуд ва бисёрдир.

Маънода мустафийз деганда шуни назарда тутдимки, мусулмонлар мазҳаблари ҳар хил ва ҳолатлари турлича бўлишига қарамай, уларнинг бошларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳақ шариатни баён қилиб бериш зиммаларига юклатилган бошлиқлари бор эди, улар ичида аҳли суннатлари ҳам, ундан бошқалари ҳам бор эди. Ўрталарида иттифоқ қилган масалалари ҳам, бир-бирига жуда яқин ихтилоф қилган масалалар ҳам бўлдики, зийрак одам бу каби ишлар ҳамма замонда ҳам ва ҳар бир нақл қилинадиган нарсаларда ҳам бўлишини осонгина илғаб олади. Ёки мусулмонлар ичида ихтилоф содир бўлган пайтларда ҳам савод аъзам (мутлақ кўпчилик) бир ишни маҳкам ушлаб, бунда хилоф қилганларнинг ишини инкор қилиб турди. Натижада, мухолифнинг ихтилофи ҳал қилувчи масалаларда эътиборсиз бўлиб қолаверди. Мухолиф эса доимо қўрқиб яшириниб юрди, бирон йиғинда улар билан жамланиб қолса, секингина жуфтакни ростлаб қоларди ёки қонини ва молини сақлаб қолиш учун жумҳур айтган гапни тил учида бўлса ҳам айтарди. Агар улар ва бу бирон далилга мурожаат қилишадиган бўласалар бу гапиришидан аввал мусулмонларнинг қулоғига етмаган бидъий йўллар билан қутулиб кетарди….

Шундан сўнг адолат эгаларининг нақли билан ривоят қилинган саҳиҳ ё ҳасан ҳадислар бўлиб, гарчи авом халқ билмаса ҳам, ушбу илм эгалари уларнинг ростлигига гувоҳлик беришган. Сиз ўша ҳадисларни ўрганишингиз ва уларга эргашишингиз лозим бўлади……..

Аллоҳни гувоҳ қилиб, Аллоҳ учун айтаманки, Аллоҳдан бошқа ҳоким йўқдир, ҳукм фақат Аллоҳникидир, Аллоҳ таоло вожиб (фарз), мандуб (суннат), мубоҳ, макруҳ, ҳаромлар ҳукмини Ўз арши устида чиқариб қўйган, сўнгра одамлар ичидан Ўзининг рисолатига танлаб олган Пайғамбарлар тилида уларга Ўзининг шариатини нозил қилди. Кимда-ким аниқ билимга эга бўлмасдан туриб, бу нарса фарз ё ҳаром деса, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўлади. «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаъ­нига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар» (Наҳл: 116)….

«Ат-тафҳиймот» мусаннифи сўзида давом этиб, айтади: Аллоҳни гувоҳ қилиб, Аллоҳ учун айтаманки, уммат ичидан тўғрилик ҳам, хато ҳам содир қилиши мумкин бўлган бир киши тўғрисида «Аллоҳ таоло менга шу кишига эргашишни фарз қилган, шу киши менга нимани фарз қилса, шу нарса менинг зиммамга фарз бўлади» деб эътиқод қилган киши Аллоҳга кофир бўлади. Ваҳоланки, ҳақ шариат бу одамдан анча аввал собит бўлган, уни уламолар англаганлар, ровийлар етказганлар, фуқаҳолар у билан ҳукм қилганлар. Одамлар уламоларга эргашишга фақат уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан шариатни етказувчилардир ва улар биз билмаган нарсаларни биладилар ва биз машғул бўлмаган илм билан машғул бўлганлар деган эътибор билан иттифоқ қилганлар. Шунинг учун уламоларга тақлид қилганлар. Агар бир ҳадис саҳиҳ бўлса, муҳаддислар унинг саҳиҳлигига гувоҳлик берган бўлсалар ва кўпчилик унга амал қилиб, иш зоҳир бўлган бўлса, шундан кейин ҳам биров ўзи эргашган кишиси айтмагани учун унга амал қилмаса, у жуда қаттиқ адашган бўлади.

Аллоҳни гувоҳ қилиб, Аллоҳ учун айтаманки, шариат икки даражага бўлинади:

Биринчи даража: Фарзларнинг ўзинигина ушлаш ва қатъий ҳаром қилинган ишлардан тийилиш ҳамда исломий амалларни адо этиш. Ушбу даража одамларнинг барча-барча тоифаларига – подшоҳларига ҳам, амирларига ҳам, мужоҳидларига ҳам, деҳқонларига ҳам, ҳунармандларига ҳам, тожирларига ҳам, қулларига ҳам, озод кишиларига ҳам мажбурийдир. Бу даража ҳеч оғирлиги бўлмаган жуда енгил ва осон-қулайдир.

Иккинчи даража: Бу даражани ушлаган киши муҳсин (яъни ҳақиқий ихлосли) обид бўлади. Ушбу даражанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва умматнинг илк пешқадам зотларидан маъсур бўлган (ривоят қилинган) суннатлари, одоблари ва парҳезлари мавжуд.

Икки даража ўртасида жуда катта фарқ бор, бу фарқларга эътиборсиз қараш зиёнкорлик ва жаҳолатдир. Уламолар ўртасидаги ихтилофларнинг аксарияти шу икки даража ўртасидаги фарқларга яхши эътибор бермасликдан келиб чиқди….

Ҳар бир мубоҳ қилган ва қайтарган ишларда Аллоҳ таолонинг сирлари бор, ҳар бир нарса Унинг ҳузурида ўлчовлидир. Биринчи даражада амри маъруф ва наҳий мункар қаттиқлик ва юмшоқлик билан бўлиши лозим бўлади. Биринчи даражада эҳтиёт ва парҳезкорлик юзасидан деган нарса бўлмайди. Унда фақат ҳаромлиги аниқ бўлган нарсалардан сақланиш бўлади. Саҳобаларнинг амаллари мана шу жиҳатдан фарқли бўлган. Улар орасида жангчилар, ҳунармандлар, савдогарлар бор эди, тирикчилик юзасидан сафарларда бўлишар ва шариатнинг асли-асослари билангина кифояланишарди. Саҳобалар ичида зоҳидлари ва ибодатга берилганлари ҳам бор эди, улар иккинчи даражани маҳкам ушлаб, шариат одобларига комил риоя қилишарди.. Тирикчилик ишлари билан машғул бўлган кишиларни, хусусан қул-чўрилар, деҳқонлар ва ҳунурмандларни биринчи даражадан ортиғига буюриш муносиб эмас эди. Акс ҳолда шариат уларга оғирлик қилиб қолар, охир-оқибат иш улар шариатни тарк қилишларига етиши мумкин эди. Бунда иш «Ичларингизда бездирувчиар бор» ҳадисига[6] дахлдор эди. Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам ана шу омманинг аҳволига хос кишилардан кўра кўпроқ риоя қилинарди. У авом кишилар ўз илмларини суфийлар ва мутакаллимлар (илми калом, мантиқ аҳли) илмига аралаштиришлари муносиб эмасди, балки уларга Китобу Суннатнинг зоҳири билан кифояланиш лозим эди. Шундан келиб чиқиб, мен ҳам ҳар бир гуруҳ аҳлига хитоб қилиб, сўнгида умумий одамларга хитоб қиламан.

Ўзлари нолойиқ бўлганлари ҳолда оталарининг шакли-шамойилига кириб олган шайхзодаларга (машойихларнинг ўғиларига) айтаман: Эй одамлар, сизларга нима бўлдики, гуруҳларга бўлиниб олдингиз ва ҳар бир раъй эгаси ўз раъйига эргашиб кетиб, Аллоҳ таоло одамларга раҳмат ва ҳидоят қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларида нозил қилган йўлни тарк қилдингиз, сизлардан ҳар бир киши ўзини имом даъво қилиб, одамларни ўзига чақирди, ўзи ҳодий ва маҳдий (ҳидоят қилувчи ва ҳидоят устида) деб гумон қилди, ваҳоланки у адашган ва адаштирувчи эди?! Биз одамлардан байъат оладиган ва шу билан арзимас дунё матосини сотиб оладиган, илм ўқиб, шу билан дунё топишга уринадиган кишиларга рози эмасмиз. Чунки, улар ўзларини ҳидоят аҳлига ўхшатиш орқали дунё топадилар… Улар йўлтўсарлардир, каззоб ва ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам фитналовчи адашганлардир. Сизлар ўзига чақираётганларга эмас, фақат Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатига чақирадиган кишиларга эргашинг. Биз шунингдек, мажлис ва йиғинларда сўфиёна шиорлар кенг ёйилишига ҳам рози эмасмиз. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларидан ибрат олсаларингиз бўлмайдими: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153).

Толиби илмларга айтаманки: Эй ўзини олим санаган сафиҳ (ақлсиз)лар! Сизлар юнонларнинг илмларини, сарфу наҳв ва мантиқ илмини ўқиб олиб, шуни илм деб гумон қилдингиз. Ҳолбуки, илм Аллоҳнинг Китобидаги муҳкам (аниқ-равшан) оятлар бўлиб, уларни тафсирлари ва нозил бўлиш сабаблари билан ўрганмоқдир. Шунингдек, илм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай намоз ўқиганлар, қандай таҳорат қилганлар, ҳожатга қандай борганлар, қандай рўза тутганлар, қандай ҳаж қилганлар, қандай жиҳод қилганлар, гапиришлари ва тилларини сақлашлари қандай эди, ахлоқлари қандай эди, мана шуларни ўрганмоқдир. Сизлар у зотнинг йўлларига эргашингиз, у зотнинг суннатларига – суннат ва ҳидоят деган эътибор билан, ўзингизга фарз ё вожиб деб эмас – амал қилингиз. Шунингдек, таҳоратнинг рукнларини, намознинг рукнларини, закотнинг нисобларини, вожибнинг миқдорини, меросдаги улушлар миқдорини билиш ҳам илмдир. Аммо, сийрат (тарих) китоблари ва саҳоба ва тобиинлар ҳаётларидан ҳикоя қилувчи, охиратга рағбат уйғотадиган китобларни ўқиш қўшимча фазлдир. Аммо, сизлар машғул бўлган ва унда ўта муболаға қилган нарсалар охират илмлари эмас, балки дунё (топиш) илмларидан саналади. Сизлар ўзингиздан олдин ўтган фуқаҳоларнинг фаръий (иккиламчи даражадаги) масалаларига шўнғиб кетдингиз. Ахир, ҳукм Аллоҳ ва Расули ҳукм қилган нарсалар эканини билмайсизми?! Сизлардан кўпчилигингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан бирор ҳадис етса, унга амал қилмайди ва бу ишини «Мен фалончининг мазҳабига амал қиламан, ҳадисга эмас» деб изоҳлайди, кейин айтадики, ҳадисни тушуниш ва у билан ҳукм қилиш мукаммал ва ўта етук уламолар иши саналади, бизнинг имомларимизга ушбу ҳадис махфий қолган бўлиши мумкин эмас, улар уни ё мансухлик ё маржуҳлик (заифлик) каби бирор сабаб туфайлигина тарк қилган бўладилар.

Билингизки, бу нарса диндан эмасдир. Агар Пайғамбарингизга иймон келтирган бўлсангиз, у зотнинг сўзу ишларига – мазҳабга тўғри келса ҳам, хилоф келса ҳам – эргашингиз. Аввал бошдан Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатлари билан машғул бўлиш энг тўғри ишдир. Агар бу иккисини ўқиб-ўрганиш сизларга енгил бўлса, жуда яхши. Агар тушунишга қийналсангиз, аввалги уламоларнинг тўғрироқ, сариҳроқ ва суннатга мувофиқроқ деб кўрганингиз фикрларидан ёрдамланинг..» (иқтибос тугади).

«Ат-тафҳиймот»да (2/161-162) яна шундай сўзлар келади: «Ким имомлардан бирига муқаллид бўлса ва унга бир масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан унинг имоми сўзига зид келувчи бир ҳадис етса, бу нақлнинг саҳиҳ экани гумонида ғолиб бўлса, энди унга бошқа бировнинг сўзини деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини тарк қилишга узр қолмайди. Бу мусулмонларнинг шаънидан саналмайди, агар шундай қилса, у кишига мунофиқлик хавфи бордир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлар ҳали ўзингиздан аввал ўтганларнинг йўлларига қаричма-қарич, газма-газ эргашиб кетасизлар, ҳатто агар доб (доб ва инининг суратини кўриш учун шу ерга босинг) инига киришса, сизлар ҳам улар ортидан кирасизлар». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, яҳуд ва насоролар (йўлига)ми?» деб сўраганларида: «Ким бўларди бошқа?!», деб жавоб берганлар[7].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рост айтган эканлар, иймони заиф мусулмонлардан кўпларини кўрдикки, худди яҳуд ва насороларга ўхшаб, Аллоҳни қўйиб, солиҳ кишиларни ўзларига парвардигор қилиб олдилар, уларнинг қабрларини масжидлар қилдилар.

Айрим кишиларни кўрдикки, худди илгаригилар: «Бизга дўзах ўти саноқли кунлардан бошқа ҳаргиз етмас» деб айтишганидек, сўзларни ўз ўринларидан ўзгартириб, «Солиҳлар Аллоҳники, толиҳлар (ёмонлар) меники» дейишади.

Агар ҳақни сўрасангиз, ҳамма тоифаларга таҳриф (ўзгартириш) етган.

Масалан, сўфийлар, хусусан тавҳид масаласида Китобу Суннатга мувофиқ деб билинмайдиган сўзларни изҳор қилишди ва шариат улар учун эътиборсиз нарсага айланаёзди. Фуқаҳоларнинг фиқҳида ушр ичидаги ушр, қудуқлар масаласи ва шу каби қанча ишлар борки, қаердан олганликларини билиб бўлмайди..» (иқтибос тугади).

Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Иъламул-муваққиъийн»да (4/261) айтади: «Омий одам маълум мазҳаблардан бирини маҳкам тутиши лозимми, йўқми? Бу ҳақда икки хил фикр бор:

Биринчиси: Бундай қилиш лозим эмас, мана шу фикр узил-кесил тўғри фикрдир. Чунки, Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани фарз қилган бўлсалар, шугина фарз бўлади. Аллоҳ ҳам, Расули ҳам бирон кишига биронта мазҳабни маҳкам тутишни ва динида фақат унга тақлид қилишни фарз қилмаган. Афзал асрлар аҳли бундай нисбатланишдан пок эканлари маълум. Балки, омий одам агар бирон кишининг мазҳабини маҳкам тутган тақдирда ҳам, унинг мазҳаби саҳиҳ бўлмайди. Зотан, омийнинг мазҳаби йўқдир. Чунки, мазҳаб дегани у ҳақда бир нави фикр ва қараши бўлган, мазҳаблар ҳақида бир мунча билимга эга бўлган ёки ўша мазҳабнинг фарълари (тармоқлари) ҳақидаги бирон китоб ўқиган, мазҳаб имомининг фатволари ва сўзларидан хабардор кишида бўлади. Аммо, булардан ҳеч бирига лаёқати бўлмаган бир киши, мен шофиийман ё ҳанбалийман ё бошқаман, дегани билан ўзи айтганидек бўлиб қолмайди. Бу худди бир киши, мен фақиҳман ё котибман ё наҳвшуносман, дегани билан ўшандай бўлиб қолмаганига ўхшайди.

Бунинг изоҳи шуки, ўзини шофиий ё моликий ё ҳанафий деб айтувчи одам бу билан ўша имомга эргашишини, унинг йўлини тутишини даъво қилаётган бўлади. Бу эса қачонки, у илм, маърифат ва далил олишда унинг йўлини тутган бўлсагина дуруст-тўғри бўлади. Аммо, имомнинг сийрати, илми ва йўлини умуман билмаган одам қандай қилиб қуруқ сўз билан унга нисбатланиши дуруст бўлсин?! Омий одамнинг мазҳаби саҳиҳ бўлиши тасаввур қилинмайди. Мабодо тасаввур қилинганда ҳам, на унга, на бошқа одамга айни бир кишининг мазҳабини маҳкам тутиши, яъни унинг барча сўзларини қабул қилиши, ундан бошқаларнинг ҳамма сўзларини тарк қилиши лозим келмайди.

Умматда пайдо бўлган бу қабиҳ бидъатни Ислом имомларидан биронталари айтган эмаслар. Улар одамларга буни лозим қилишдан пок ва юқори даражада, Аллоҳ ва Расулини яхши билган зотлар эди. Уламолардан бирон олимнинг мазҳабини тутишим лозим дейдиган, ёки тўрт мазҳабдан бирини лозим тутишим шарт деб айтадиган кишининг сўзи бундан кўра ҳам ҳақдан узоқроқдир.

Воажаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларининг мазҳаблари (йўллари), тобиинларнинг, уларга тобеъ бўлганларнинг ва бошқа ислом имомларининг мазҳаблари қуриб, йўқ бўлиб кетганмиш-да, барча имомлар ва фуқаҳолар ичидан фақат шу тўрт имомнинг мазҳаби қолган эмиш! Имомлардан биронтаси шу гапни айтганми ё шунга чақирганми ё гапларидан биронта лафзи шунга далолат қилганми?! Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга, тобиинларга ва уларнинг тобеларига фарз қилган иш улардан кейин то қиёматгача келувчи барча инсонларга фарз бўлгандир. Фарз гарчи унинг кайфияти ё миқдори замон, макон, ҳолат, қудрат, заифликка қараб турлича бўлса-да, унинг асли ўзгариб ҳам, бошқача бўлиб ҳам қолмайди.

Омий учун мазҳаб бўлишини саҳиҳ санаганлар айтганларки, у ўзи нисбатланган мазҳабни ҳақ деб эътиқод қилди, энди биз унинг эътиқоди тақозосига вафо қилишимиз лозим. Уларнинг бу гапларини тўғри дейдиган бўлсак, бундан у нисбатланган мазҳабдан бошқа мазҳаб аҳлидан фатво сўрашни, унинг имомига тенгдош ё ундан устунроқ кишининг мазҳабини маҳкам тутишини ҳаром санаш лозим келади. Балки, бундан яна, агар ўз имомининг сўзи билан бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ё у зотнинг тўрт халифаларининг сўзларини кўрса, уларнинг сўзларини тарк қилиб, ўзи нисбатланган имомнинг сўзини олиши ҳам лозим келади.

Шунга кўра, у тўртала мазҳабга эргашганлардан бўлсин ё бошқалардан бўлсин, ўзи истаган кишидан фатво сўраши мумкин, уммат ижмоъсига кўра, на унга ва на муфтийга тўрт имомдан бирига чекланиш вожиб деб кўрилади. Бу худди олим кишига фақат ўз диёри аҳлининг ё бошқа бирон диёр аҳлининг ривоят қилган ҳадисига чекланиши вожиб бўлмагани, балки агар ҳадис саҳиҳ бўлса, уни ривоят қилувчиси хоҳ ҳижозлик, хоҳ ироқлик, хоҳ шомлик, хоҳ мисрлик, хоҳ яманлик бўлсин, унга амал қилиш вожиб бўлгани кабидир» (иқтибос тугади).

Шу ўринда мен оқил кишига ибрат бўлиши учун, ушбу мазҳабларнинг баъзи ўлкаларда кенг тарқалиши сабабларидан ўзим воқиф бўлган бир сабабига тўхталиб ўтмоқчиман.

Тарихга мурожаат қилайлик.

Аҳмад ал-Муқрий ал-Мағрибий «Нафҳут-тийб мин ғуснил-андалусир-ротийб» китобида (3/158) ёзади: «Мағриб (Марокаш) аҳлининг Имом Молик раҳимаҳуллоҳ мазҳабини ушлаши сабабига келсак, аслида Мағриб ва Андалус аҳли аввалда, илк фатҳ этилган даврдан бошлаб Авзоъийнинг ва Шом аҳлининг мазҳабида эди. Андалуснинг умавийлар томонидан учинчи волийси Ҳакам ибн Ҳишом ибн Абдурраҳмон давлатида Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ ва Мадина аҳли раъйи бўйича фатво бериладиган бўлди. Бу Ҳакамнинг фикри ва ихтиёрига кўра, у кўзлаган бир сиёсий манфаат туфайли бўлди. Буни тақозо этган сабаб тўғрисида ихтилоф бор. Кўпчилик фикрига кўра, бунинг сабаби Андалус уламоларининг Мадинага сафар қилишлари бўлди. Улар Андалусга қайтиб келишгач, Имом Моликнинг фазли, чуқур илми ва юқори манзилатини васфлаб беришгач, уни яхши кўриб, мазҳабини ихтиёр қилганлар.

Бошқалар фикрига кўра, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ андалусликлардан Андалус подшоҳининг сийрати ҳақида сўраганида улар унинг сийрати ва хулқ-атвори ҳақида сўзлаб берадилар. Ўша даврдаги аббосий халифалар сийратидан кўнгли тўлмаган Имом Моликка Андалус ҳокимининг сийрати маъқул бўлиб, «Аллоҳ таолодан Ҳарамимизни сизнинг подшоҳингиз билан зийнатлашини сўраймиз», деб дуо қилган экан. Бу гап Андалус ҳукмдорига етиб келгач, у Моликнинг илми ва динининг салобатини яхши билганидан одамларни унинг мазҳабига ўтказади ва Авзоъийнинг мазҳабини тарк қилишга буюради, валлоҳу аълам.

Кейин Мағриб ҳукмдорлари ҳукм ва амал фақат Ибн Қосим ихтиёр қилган раъй устида бўлишига иттифоқ қилдилар. Хулоса шуки, мазҳаблар ҳукмдорларнинг ва улар сиёсатларининг ўйингоҳига айланди».

Маъсумий айтади: Агар мазҳабларнинг пайдо бўлиши сабаблари ва йўлларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Муқаддимату тарихи Ибн Халдун»ни мутолаа қилинг, у буни жуда чиройли баён қилиб берган, Аллоҳ уни хайрли мукофотлар билан мукофотласин. Унда айтилишича, мазҳабларнинг пайдо бўлиши ва ёйилишига асосан зўравон сиёсатлар ва ғаразли ажамларнинг мулкни истило қилишлари сабаб бўлган.

Ибн Қаййим «Иғосутал-лаҳфон мин масоидиш-шайтон» китобида (1/125) айтади: «Унинг (шайтоннинг) фириб найрангларидан бири – уларга бир хил кўриниш, бир хил кийим-бош, бир хил юриш-туриш, битта шайх, битта тариқат ва муайян бир мазҳабни лозим тутишга буюришидир. Уларга ушбуларни лозим тутишни фарз қилиб қўйганидан улар худди фарзларни лозим тутгандек лозим тутишади, ундан ташқарига чиқишмайди, чиқмоқчи бўлганларни айблаб, мазаммат қилишади.

Муайян мазҳабларга тақлид қилувчи аксарият кишилар, шунингдек хурофий сўфиёна тариқат эгалари, яъни нақшбандийлар, қодирийлар, саҳравардийлар, шозилийлар, тийжонийлар ва бошқалар бунга мисол бўладики, уларнинг таассуб ва тақлидларидан ғоят ҳазир бўлиш лозим. Улар русумларга эътибор қаратиб, шариат ва ҳақиқатдан бурилиб қолишди. Бидъат расм-русумлар билан машғул бўлиб, на фиқҳ аҳли билан, на ҳақиқат аҳли билан бирга бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари ва сийратлари ҳақида фикр юритиб кўрган одам у зотнинг йўллари уларнинг йўларига тамомила зид эканини кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари Парвардигорлари буюрган нарсадан бошқасига боғланмаслик ва шундан бошқасини ўзига лозим тутмаслик эди. Шундай экан, у зотнинг йўллари билан уларнинг йўллари ўртасида жуда катта жарлик бордир».

Маъсумий айтади: Агар Исломга зид бўлган ва мусулмонларни бўлиб ташловчи турли мазҳабларнинг қандай пайдо бўлганидан бохабар бўлишни истасангиз, «Иғосутал-лаҳфон мин масоидиш-шайтон» китобини, хусусан унинг охирги қисмини ўқишингизни тавсия қиламан. Унда Ибн Сино, Нусайр ат-Тусийларнинг чалғитувчи фикрлари, убайдийлар, фотимийлар[8] ва бошқаларнинг фитналари баён қилиб берилган.

Қисқаси, Ислом душманлари Ислом аҳлини турли мазҳаб ва тариқатларга бўлиб ташлаш орқали Исломни ўзгартириб юборишга эришдилар.

Абу Шома номи билан танилган Имом Шиҳобуддин Абдурраҳмон (вафоти 665ҳ) «Ал-муаммал лир-родди илал-амрил-аввал» китобида (1/10) айтади: «Одамлар Қуръон илмларидан фақат сураларини ёд олиш ва баъзи қироатларни нақл қилиш билан қаноатландилар ва унинг тафсири, маънолари, ундан ҳукмлар чиқариш илмидан ғофил бўлдилар. Ҳадис илмидан айрим китобларни ўзларидан ҳам жоҳилроқ бўлган шайхларидан эшитишга чекландилар. Айримлари эса одамларнинг фикр ва зеҳнлари чиқиндилари билан ҳамда мазҳаби аҳлидан нақл қилиш билан қаноатландилар. Орифлардан биридан: «Мазҳаб маъноси нима?» деб сўралганда «Унинг маъноси ўзгартирилган дин демакдир», деб жавоб берган.

Аллоҳ таоло айтади: «Мушриклардан бўлманглар! Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум: 31-32). Шу ҳолида у ўзини энг катта олим деб санайди, ваҳоланки у Аллоҳ наздида ҳам, дин уламолари наздида ҳам энг жоҳил кимса саналади…».

Мазкур китобдан (1/15) яна бир парча: «Тўртта мазҳаб машҳур бўлди ва бошқалари тарк қилинди, уларга (яъни мазҳабларга) эргашганларнинг ҳимматлари қосир бўлди, айримларигина бундан мустасно, пайғамбарлардан бошқасига тақлид қилиш ҳаром бўлиб келгани ҳолда улар тақлидга берилдилар, ҳатто имомларининг сўзлари улар наздида икки асл-асос (яъни Қуръон ва Суннат) ўрнида бўлиб қолди. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъносидирки: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини… Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31)».

Ушбу сўзлар муаллифи Абу Абдилкарим ва Абу Абдирраҳмон Муҳаммад Султон ал-Маъсумий айтади: Мен мазҳабларга тақлид қилиш ҳақида Узоқ Шарқдан, Япониядан келган саволга жавоб тариқасида тўплаганим сўзларга шу ерда нуқта қўйдим ва шу миқдор билан кифояландим. Чунки, томчи денгизга далолат қилади. Аллоҳ азза ва жалладан бу сўзларни барча ўлкалардаги бандаларига манфаатли қилишини, уларни холис Ўзининг ризоси учун қилинган амаллар жумласидан қилишини ва Ўзининг жаннатларига эришиш сабаби қилишини сўрайман.

Ушбу сўзларни Маккаи Мукаррама шаҳрида, Масжиди Ҳаром яқинидаги Бухорийлар маҳалласидаги хонадонимда битдим.

Бир минг уч юз эллик саккизинчи ҳижрий, Муҳаррам ойининг ўн бешинчи куни.

«Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан (яъни ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир. (Барча) пайғамбарларга Аллоҳ томонидан салом бўлгай! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ учундир!» (Вас-соффат: 180-182).

 

2011 йил 4-июл



[1] Маъсумий раҳимаҳуллоҳнинг бу сўзлари Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳнинг «Ар-рисала» китобидаги (599-600-саҳифалар) сўзлари маъносики, у киши айтганлар: «Чунки, хабар (ҳадис ё асар) мавжуд экан, қиёс дуруст бўлмайди, худди таяммум фақат сув имкони бўлмаган пайтда таҳорат ўрнига ўтгани ва сув бор пайтда таҳоратга ҳисоб қилинмагани каби..».

[2] Чунки, лафзнинг умумини эътибор қилинади, сабабнинг хослигини эмас.

[3] Улар яҳуд ва насоролардир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яҳудлар ғазабга дучор бўлганлар, насоролар адашганлардир», деганлар (Термизий (5/204), Аҳмад (18/68) Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъис-сағийр»да (6/369) саҳиҳ санаган).

Бунга шоҳид Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидаги яҳудлар ҳақидаги қуйидаги оят: «Бас, ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар» (Бақара: 90) ва насоролар ҳақидаги қуйидаги оятдир: «Йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавм…» (Моида: 77). Бу мавзуда бошқа оятлар ҳам кўп.

[4] Қаранг: Ибн Қаййим ал-Жавзийя: «Мадарижус-саликийн», Дорул-китобил-арабий (1/21-23).

[5] Бу ишлар шиъаларнинг исломга зид бўлган фиқҳи усул ва фаръларида муқаррардир: Таҳоратда оёқларга масҳ тортиш масаласида қаранг: ал-Омилий: «Васаилуш-шийъа ва мустадрокатуҳа» (1/369-383).

Мутъа никоҳи жоизлиги масаласида қаранг: Оятуллоҳ Хумайний: «Таҳрирул-васийла» (2/291), Тусий: «Ан-ниҳая» (489-с).

Пешиннинг охирги вақти масаласида қаранг: Муҳаммад Жавод ал-Омилий: «Мифтаҳуд-карома шарҳу қоваъидил-аллама» (1/13-25).

[6] Бухорий (№702), Муслим (№466) Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[7] Бухорий (Ал-фатҳ: 6/495), Муслим (16/219) Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[8] Убайдийлар ва фотимийлар ўртасида фарқ йўқ, улар аслида ҳар иккаласи Абдуллоҳ ибн Маймун ал-Қаддоҳнинг набираларининг исми бўлиб, рофизийлик номи ортига яшириниш мақсадида ўзларини фотимийлар деб аташган, уларнинг ботинида динсизлик ва куфр яширин, давлатлари мажусий давлатидир, уларнинг аҳли байтга ҳеч қандай алоқалари йўқдир. Буни Боқиллоний, Ибн Ҳазм, Ибн Хилликон, Ибн Ҳажар, Суютий каби ишончли тарихчилар таъкидлаганлар. Суютий «Тарихул-хулафо»да (524-с) уларнинг давлатини «хабис убайдийлар давлати» деб атайди. Уларнинг давлати олтинчи ҳижрийда инқирозга учраган, уларнинг Ал-Ҳоким Биамриллоҳга сиғинадиган қолдиқлари ҳануз сақланиб қолган, улар Шом диёридаги «дуруз»лардир.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.