Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Огоҳ бўлинг, ўлим келмоқда!

انتبه، فإن الموت قادم !

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Зўравонларнинг бўйинларини ўлим билан хорлаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.. Ҳукмдорларнинг орзуларига ўлим билан чек қўйган, уларни ўлим сабабли қасрлардан қабрларга, саройлар ёруғидан мозорлар зулматига, қиз-жувонлар қучоғидан қурт-қумурсқалар ўчоғига, маишатлар лаззатидан тупроғу лойлар ваҳшатига кўчирган Аллоҳга мақтовлар бўлсин.

Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, У ёлғиздир, шериги йўқдир..

Қиёмат куни барча халқлар фанога йўлиққач: «Мен Подшоҳман.. Мен Жабборман.. Мен Мутакаббирман.. Мен Ғолибман..», деб хитоб қилади.. Сўнгра: «Бугун подшоҳлик кимники?!», деб сўрайди ва Ўзи: «Ягона ва Қудратли Аллоҳники!» деб жавоб беради.

Уни поклайман.. Иззат ва қудрат Эгасини поклайман.. Мулк ва малакут Эгасини поклайман.. Бутун махлуқотига фано ва йўқликни битган, Ўзи эса ўлмас Барҳаёт Зотни поклайман..

Гувоҳлик бераманки, набийимиз ва ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар.. Халқлари ичидан танлаб олган софийи ва халилидирлар.. Қалбларини Унинг Ўзи мунаввар қилиб қўйди.. Зикрларини баланд қилиб қўйди.. Хатоларини Унинг Ўзи аритди.. Барча халқларидан афзал ва ортиқ қилиб қўйди.. Ҳар бир ишларида Ўзи поклади.. Барчасидан сўнг Ўзи унга: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар хам ўлувчидирлар» (Зумар: 30) деб хитоб қилди.. Эй Парвардигор! Ўзинг у зотга, аҳлу асҳобига ҳамда то қиёмат у зотнинг йўлларига йўлланган, суннатларини тутган, изларидан эргашган кишиларга тўхтовсиз саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд…

Севикли дўстларим, барчангиз даврамизга хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанотлар бўлсин. Аллоҳ таолодан юзларингизни ёруғ қилишини, қалбларингизни очишини ва дилларингизни поклашини, сизу биздан солиҳ амалларни қабул қилишини, барчамизни дунёда Ўзининг тоатида ва охиратда пайғамбарлар саййиди билан бирга Ўзининг жаннатида жамлашини сўрайман. Зотан, У бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимиз мавзуси мени кўп изтироб ва аламга солувчи мавзулардан. Чунки, даъватчиларимиз ва шайхларимиз бу ҳақда хос муносабатлардагина гапиришади. Ҳолбуки, у доим ва тинимсиз гапириб, эслаб туриш керак бўлган мавзудир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрганлар. «Сунан» асҳобларидан баъзилари Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумдан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Лаззатларни кесувчини кўп эсга олинглар!». «Лаззатларни кесувчи нима, ё Расулуллоҳ?» деб сўралганда: «Ўлим», деб жавоб берганлар (Саҳиҳул-жомиъ: №121, Насоий: 1/258, Термизий: 2/50, Ибн Можа: 2/4258, Ибн Ҳиббон: №2559, Ҳоким: 4/321 ва бошқалар ривояти).

Огоҳ бўлинг, эй мусулмон биродар, ўлим яқинлашиб келмоқда.. Биз моддапарастлик ва шаҳватлар туғён урган даврда яшамоқдамиз.. Жуда кўпчилик одамлар еру осмонлар Парвардигори билан йўлиқиш борлигини бутунлай унутган.. Ушбу ҳақиқат сизнинг зеҳнингизда, ақлингизда ва қалбингизда мустаҳкам ўрнашиши зарур.. Дунё ҳаёти чекланган, ажал-муҳлат белгилаб қўйилган. Бир кун у албатта ниҳоясига етади, солиҳлар ҳам ўлади, толиҳлар (ёмонлар) ҳам ўлади, мужоҳидлар ҳам ўлади, панада ўтирганлар ҳам ўлади, ақида билан юксалганлар ҳам ўлади, қулларга бўйин эгиб ўтганлар ҳам ўлади, хорликка қарши бош кўтарган содиқ ва мухлис инсонлар ҳам ўлади, қандай қилиб бўлмасин, яшаб қолишга ҳарис бўлган қўрқоқлар ҳам ўлади.. Улкан ҳиммат ва юксак ғоялар эгалари ҳам ўлади.. Арзон ва енгил-елпи ҳаётни ихтиёр этган пасткаш ва тубан кимсалар ҳам ўлади.. Ҳамма ўлади. «Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир» (Оли Имрон: 185).

Шунинг учун ҳам бу ҳақиқат Қуръони каримда «ҳаққи-рост» деб номланди. Аллоҳ таоло айтади: «Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб) келди. (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочувчи бўлган нарсадир. (Қайта тирилишга даъват қилувчи) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган Кундир! Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдовчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик берувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди. (Эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни мана бу Қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир» (Қоф: 19-22).

Ўлим мастлиги ҳаққи-рост етиб келди. Ҳақ шуки, сиз ўласиз, ёлғиз Аллоҳ таоло абадий ўлмаяжакдир..

Ўлим мастлиги ҳаққи-рост етиб келди. Ҳақ шуки, сиз ўлимингиз пайтида раҳмат фаришталарини ёки азоб фаришталарини кўзингиз билан кўрасиз..

Ўлим мастлиги ҳаққи-рост етиб келди. Ҳақ шуки, қабрингиз жаннат боғларидан бир боғга, ё эса дўзах чоҳларидан бир чоҳга айланади..

«(Эй инсон), бу (ўлим) сен қочувчи бўлган нарсадир».. Бу сен қўрққан нарсадир..

Касаллик етса, табибга қараб чопасан.. Ўлимдан қўрқиб..

Очлик етса, таомга югурасан.. Ўлимдан қочиб..

Ташналик етса, сувга қараб интиласан.. Ўлимдан даҳшатга тушиб..

Лекин… Хўш, кейинчи?! Охири нима бўлади?!

Эй куч-қувват эгаси.. Эй оқил.. Эй кучли талант соҳиби.. Эй каттакон.. Эй вазир.. Эй амир.. Эй сағир..

Ҳар бир йиғловчи устидан йиғлайдилар..

Ҳар бир хабарчининг ҳам ўлими хабари берилур..

Ҳар бир асралган нарса ҳам тугайди..

Ҳар қандай зикр қилинувчи ҳам унутилади..

Аллоҳдан бошқа ҳеч ким боқий қолмайди..

Ким устунман деса, Аллоҳ ундан устундир..

Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат (жон) халқумга етган, (вафот қилаётган кимсанинг атрофидагилар томонидан): «Дам солиб-ўқиб қўювчи бирон киши борми?», деб қолинган, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу ҳолатнинг ҳаёти-дунёдан) ажралиш эканини англаган ва (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалмашиб қолган бир вақтда ана ўша Кунда ёлғиз Парвардигорингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир!» (Қиёмат: 26-30).

Жон ҳалқумга етган пайтда.. «Руқя қилиб – дам солиб қўядиган одам борми? Даволай оладиган бирон киши борми? Уни ўлимдан тўсиб қолишга қодир бирон киши борми?», деб қолинган вақтда..

Қаранг унга!! Ким эди у?! Салтанат эгаси эди!! Туганмас мол-дунё соҳиби эди!! Дабдабали автоуловлари, ҳашаматли саройлари бор эди!! Вазирлари хизматига қўл қовуштириб турарди!!

Ўлим тўшагида ётган ҳолатига қаранг.. Атрофини табиблар ўраб олган.. Кимдир дам солаётган.. Яна кимдир даволашга уринаётган.. Улар бир нарсани истайдилар, подшоҳлар подшоҳи эса бошқа нарсани истайди..

Унинг аҳволига боқинг.. Юзи сарғайган, ранги ўчган, аъзои бадани совқотган, терилари тортишган, қўл-оёқлари бармоқларига муз югураётганини ҳис қилиб ётибди.. Тилини тавҳид калимаси билан қимирлатишга зўр бериб уринади.. Тили эса тоғдек оғир, қимир этмайди.. Аллоҳ таоло «ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтишга муяссар қилмаган одамнинг тили қимирламай тураверади. Фақат иймон билан яшаб, иймон устида вафот этган киши бундан мустасно. Парвардигоримиз жалла ва ало айтганидек: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир» (Фуссилат: 30-32).

Аҳли-оиласига, ёру-дўстларига мўлтираб қарайди.. Уларнинг юзлари гоҳ тиниқлашиб, гоҳ шарпадек хиралашиб кўринади.. Ўзи ётган хона гоҳ кичрайиб, игнанинг тешигидек бўлиб қолаётгандек, гоҳ эса кенгайиб, бепоён фазога ўхшаб қолаётгандек бўлади..

Ўлим мастлиги ва шиддати ичида ўзига келган пайт атрофидагиларга жавдираб, раҳм-шафқат тилагандек, умидвор ва ялинчоқ назар билан боқади.. Гапира олса тили билан, тили сўзга келмаса, ҳолати тили билан уларга айтади:

Қадрдонларим.. Болаларим.. Ўғилларим.. Мени ташлаб кетманглар, қабрда ёлғиз қолдириб кетманглар.. Мен отангизман, сизларни севган падарингизман.. Сизларга бу қасрларни мен қуриб берганман.. Бу ҳовли-жойларни мен обод қилганман.. Тижоратингизни мен ривожлантирганман.. Мен обрў-эътибор эгасиман.. Мен вазорат эгасиман.. Мен салтанат соҳибиман.. Мен туганмас мол-дунё эгасиман.. Мен мансаб ва курси эгасиман.. Мен.. Мен.. Мени ташлаб кетманглар, қабрда ёлғиз қолдирманглар!!

Менга ўз умрингиздан бир чимдимгина беринг.. Қай бирингиз умримни ҳеч йўқ бир-икки соатга узайтира олади?..

Ана шу пайтда ҲАҚ овози юксалади. Аллоҳ жалла ва ало айтганидек:

«Бас, қачон (вафот қилаётган кишининг жони) халқумига етганида — ҳолбуки ўша вақтда сизлар қараб турурсизлар ва Биз унга сизлардан кўра яқинроқ бўлурмиз, лекин сизлар (буни) кўрмайсизлар (билмайсизлар) — Бас, агар сизлар эгасиз бўлсангизлар, (ва ўзларингизнинг: «ҳеч қандай эга — Парвардигор ҳам, қайта тирилиш ҳам йўқ», деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангизлар ўша (жонни яна жасадга) қайтара олсангизлар эди! (Йўқ, ҳеч қачон қайтара олмассизлар). Энди агар ўша (вафот қилувчи киши Аллоҳга) яқин қилинган (пешқадам)лардан бўлса, у ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир! Энди агар у ўнг томон эгаларидан бўлса, у ҳолда (эй саодатманд бандам), сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай! Энди агар у (қайта тирилишни) ёлғон деювчи гумроҳлардан (яъни чап томон эгаларидан) бўлса, у ҳолда қайноқ сувдан иборат «зиёфат» ва дўзахга киритилиш бордир! Шак-шубҳасиз (ушбу сурада зикр қилинган нарсалар) айни ҳақиқатнинг ўзидир! Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) поклаб-тасбеҳ айтинг!» (Воқеа: 83-96).

Сени поклайман, эй ўлим билан зўравонлар бўйнини хорликка гирифтор этган Зот!

Сени поклайман, эй ҳукмдорлар орзуларига ўлим билан чек қўйган Зот!

Сени поклайман, эй уларни ўлим сабабли қасрлардан қабрларга, саройлар ёруғидан мозорлар зулматига, қиз-жувонлар қучоғидан қурт-қумурсқалар ўчоғига, маишатлар лаззатидан тупроғу лойлар ваҳшатига кўчирган Зот!!

«Дарҳақиқат (жон) халқумга етган, (вафот қилаётган кимсанинг атрофидагилар томонидан): «Дам солиб-ўқиб қўювчи бирон киши борми?», деб қолинган, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу ҳолатнинг ҳаёти-дунёдан) ажралиш эканини англаган ва (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалмашиб қолган бир вақт…»

Дунёдан фақат шугина нарса билан кетадими?!.. Биргина кафанлик.. Бор йўғи бир бўлак мато.. Қани мол-мулки?! Қани обрўси?! Қани мансаб курсиси? Қани салтанати? Қани долларлари? Қани кўзининг оқу-қораси бўлган болалари? Қани армияси? Қани самолётлари? Қани танклари? Қани вазирликлари?..

Дунёдан шу биргина кафан билан кетадими?!..

Маййитнинг ортидан уч нарса – моли, аҳли-оиласи ва амали эргашиб боради, биттаси қолиб, иккитаси қайтиб кетади. Аҳли-оиласи ва моли қайтиб кетади.. Мол-мулки ворисларига тақсим қилиб берилади. Фақат амали у билан қолади.

Эй мол-дунёси Аллоҳ жалла ва алонинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этишдан машғул қилиб қўйган инсон!

Эй мол-мулки Аллоҳ жалла ва алога сажда қилишдан машғул қилган инсон!

Эй уйида ё дўконида ё даласида ё идорасида ё вазирлигида экани ҳолда муаззиннинг «Намозга шошилинглар!» деган нидосини эшитган, бироқ Аллоҳ таолога бандалик ва хорлик изҳор қилиб, пешонасини саждага қўйиш учун ўрнидан қўзғолиб ҳам қўймаган инсон! Фикр юрит.. Сенга ҳолат тили билан айтилмоқда:

Бир ўзингни ёлғиз ташлаб қайтдилар.. Сени тупроққа дафн этдилар.. Ҳисоб-китобга кўндаланг этдилар.. Сени ташлаб кетмаган ва ёнингда қолган бўлганларида ҳам, барибир ҳеч нарса қилиб беролмас эдилар.. Сенга бирон фойда етказа олмас эдилар.. Сенинг ёнингда фақат қилган амалларинг-у, Аллоҳ таолонинг раҳматини умид қилишдан ўзга бирон илинж қолмади..

Ҳаммаси тугади.. Фалончи қани? Ўлди!..

Қанча ҳолатлар бўладики, одамлар оқшомни шод-хуррамлик, ўйин-кулгилар билан бедор ўтказадилар.. Эрта тонгда эса атрофни уларнинг йиғи овозлари тутади.. «Албатта охирги чегара ёлғиз Парвардигорингиз олдига (бормоқлик)дир. Албатта кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир. Албатта ўлдирган ҳам, тирилтирган ҳам Унинг Ўзидир» (Нажм: 42-44).

Ҳаммамизнинг пешонамизга фано-йўқлик битилган, ғолиб ҳам, мағлуб ҳам кетади..

Ҳорун ар-Рашид ўлим тўшагида ётаркан, атрофидаги яқинларига: «Дафн этилажак қабримни кўришни истайман», деди. Уни қабри ёнига кўтариб олиб келдилар.. Ҳорун ар-Рашид қабрга боқиб йиғлади, сўнг уни кузатиб келган кишиларга қараб: «Менга мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!», деди (Ал-ҳааққо: 28, 29). Сўнг бошини осмонга кўтариб, йиғлаган кўйи: «Эй мулку салтанати абадий Зот! Салтанати қўлдан кетган кимсага Ўзинг раҳм қилгайсан», деди..

Фузайл ибн Иёз бир кишидан: сўради:

– Ёшингиз нечада?

– Олтмишда, – жавоб берди у.

– Демак, сиз олтмиш йилдан бери Аллоҳ ҳузурига қараб бораяпсиз экан, етишингизга ҳам оз қолибди.

– Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъувн (Ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва Аллоҳ ҳузурига қайтамиз), – деди киши.

– Эй биродар, бу сўзларнинг маъносини биласизми? – сўради Фузайл.

– Ҳа, биламан. Мен Аллоҳнинг бандасиман ва Унинг ҳузурига қайтаман.

– Эй биродар! Ким ўзининг Аллоҳга банда эканини ва Унга қайтажак эканини билса, ўзининг Унинг олдида туришини билади. Ким Унинг олдида туришини билса, ўзининг сўроққа тутилажак эканини билади. Ким ўзининг сўроққа тутилишини билса, саволга жавобини тайёрлаб қўйсин.

– Чораси нима? – сўради ҳалиги киши йиғлаб.

– Осон – деди Фузайл.

– Менга айтиб беринг, Аллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин.

– Қолган умрингизда Аллоҳдан тақво қиласиз, Аллоҳ ўтган ва бўлажак гуноҳларингизни кечиради.

Ҳамма ўлади.. Ҳаёт дегани шу, эй одамзот! Эй тупроқдан бинога келган, эртага яна тупроққа қўшилиб кетадиган ожиз банда! Нечун бунчалар кибр?!! Недан бу қадар ғурур?!!

Аслингни унутдингми?! Ожизлигингни эсдан чиқардингми? Заиф ва муҳтожлигинг ёдингдан чиқдими?! Тупроқдан яралганинг ва яна тупроққа айланиб кетишинг эсингда йўқми?!

Шундоқ экан, нима учун Аллоҳнинг динига, Пайғамбарининг суннатларига қарши уруш олиб борасан?! Аллоҳнинг йўлидан тўсишга жон-жаҳдинг билан уринасан?!

Кўзингни оч.. Ғафлатдан уйғон.. Агар мансаб курсиси бировга вафо қилганида, ҳеч қачон сенга етиб келмаган бўларди!!

Дунё ҳаёти ҳар қанча узоқ бўлмасин, барибир қисқа.. Дунё ҳар қанча улкан бўлмасин, барибир ҳақир.. Чунки, кеча ҳар қанча узун бўлмасин, барибир тонг отиши бор.. Умр ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қабрга кириш бор..

Огоҳ бўлинг ва унутмангки, дунё йўл-йўлакай қўниб ўтиладиган ҳовли.. Охират эса абадий қароргоҳдир..

Бас, шундай экан, муваққат қўнимгоҳингиздан абадий қароргоҳингизга керакли нарсаларни ола кетишни унутманг.. Барча сир-асрорингиздан бохабар Зот олдида пардаларингиз чок-чокидан сўкилиб, сирларингиз тўкилиб қолмасин..

Луқмон ҳаким фарзандига деди: Эй фарзанд! Сен дунёга келган кунингдан бошлаб, дунёни ортингда қолдириб, охират сари юриб бормоқдасан.. Сен ўзинг яқинлашиб бораётган ҳовлига узоқлашиб бораётганинг ҳовлидан кўра яқинроқсан..

Қанча умр кўрасан?!! Эй сўроққа тортилувчи банда! Эй зиммасига Аллоҳ омонатни – ҳукмдорлик омонатини, ахборот воситалари омонатини, вазирликлар омонатини, тарбия омонатини, йўл-йўриқ кўрсатиш омонатини, ота-оналик омонатини юклаб қўйган инсон!

Эй муслим.. Эй муслима..

Бир ҳақиқат асло ёдимиздан кўтарилмаслиги шарт: Ўлим яқинлашиб келмоқда!

Замонлар ва маконлар оша ҳар бир тирик жоннинг ақлига ва қулоғига етиб бориши лозим бўлган улкан ҳақиқат шуки, боқийлик фақат Мангу Барҳаёт Зотга тегишлидир.

Бу шундай ҳақиқатки, унинг олдида мутакаббирларнинг кибри синади.

Бу шундай ҳақиқатки, унинг олдида динсизларнинг қайсарлиги иш бермай қолади.

Бу шундай ҳақиқатки, унинг олдида ўзини худо санаган энг катта зўравонлар ҳам тиз чўкади.

«(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-раҳмон: 26, 27).

Огоҳ бўлинг, ўлим келмоқда..

Зеҳнда мустаҳкам ўрнашиши зарур бўлган ҳақиқат бу..

Зеро, агар масъул шахс бу ҳақиқатни дилида сақласа, ўзининг қўл остидагилар хусусида Аллоҳдан қўрқади.

Ота бу ҳақиатни дилида сақласа, фарзандлари ва аҳли-аёли хусусида Аллоҳдан қўрқади.

Она агар бу ҳақиқатни дилида сақласа, эри ва болалари ҳаққида Аллоҳдан қўрқади.

Яқин кунда мол-мулкини ташлаб кетишини, мансаб курсисидан айрилишини, бор обрў-эътибори қўлдан кетишини билади.. Ўзининг подшоҳлар подшоҳи, еру осмонлар Эгаси ҳузурида туришини кўз олдига келтиради.. Ҳа, яқин кунлар ичида Ҳақ таоло сиз билан гаплашади.. Ўртада таржимон бўлмаган ҳолатда гаплашади.. «Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори қиёмат кунида ўртада таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас, шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!» (Бухорий (№6539), Муслим (№1016) ривоятлари).

Кўзингни оч, эй бечора!

Дунё қозиларидан бир қози олдида турсанг (яъни маҳкамага тортилсанг), аъзои баданинг титраб-қақшаб, рангинг сарғайиб, танангдан мадор кетиб, оёқларинг қалтираб қолади.. Подшоҳлар подшоҳи жалла ва ало ҳузурида туришингни ўйлаб кўрдингми ҳеч?!

Шеър мазмуни:

«Тасаввур қил, ҳисоб куни маҳшаргоҳ ичра,

Турасан қўрқиб, гангиб, вужудинг титраб..

Жаҳаннам даҳшат ва ғазаб билан осийларни ўз бағрига чорлайди..

Арш соҳиби ғазабнок дейди:

«Эй банда, китобингни бирма-бир ўқи..

Унда биргина бўлсин, сен қилмаган иш ёзилибдими?!»

Китобингни ўқиб, ундаги ҳамма нарсага иқрор бўлганингдан сўнг,

Жалил нидо қилур: «Ушланг уни эй фаришталарим,

Бу осий бандани унга ташна бўлган дўзахга судранг!».

Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар,

Мўминлар абадий жаннатда қоларлар».

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.