Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Пайғамбаримизнинг уйида бир кун (8)

Ҳилм, мулойимлик ва сабр

Зўравонлик, ҳуқуқларни куч ишлатиб поймол қилиш золимлар аломатидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ўз ҳаққини олишда ҳақдорларга ёрдам бериш ва адолат қоидаларини тузиб қўйдилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эгулик ва унинг йўлида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ато этган буюриш ва таъқиқлашни жорий қилдилар. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйида зулм, қаттиққўллик, тажовузкорлик ва талон-тарожлик бўлишидан қўрқмаймиз.

Оиша розияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан бошқа пайтда на бир хотинларини ва на бир хизматкорларини урдилар! Шахсиятларига нисбатан қилинган ишлардан ўч олмас эдилар. Аллоҳнинг ҳаромларини қилинган пайтдагина Аллоҳ таоло учунгина интиқом олар эдилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Анас розияллоҳу анҳу деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан йўлда кетар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эгниларида четлари дағал қилиб тикилган Нажроний тўн бор эди. Бир аъробий ул зотга етиб олди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўнларидан қаттиқ тортди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўйинларида қаттиқ тортиш оқибатида тўннинг дағал четлари из қолдирганини кўрдим. Кейин у аъробий: «Эй Муҳаммад, амр этгин, ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан (менга ҳам берилсин)» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўгирилиб қарадилар ва кулдилар. Кейин унга беришга амр этдилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайн жангидан қайтганларида аъробийлар эҳтиёжларини айтиб у зотга эргашдилар ва бир дарахт олдига сиқиб олиб бориб қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларига минган ҳолларида эдилар, ҳалиги дарахт у зотнинг тўнларини илиб қолди. Шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўнимни қайтириб беринглар! Сизлар мени бахиллик қилишимдан қўрқяпсизларми?! Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, шу дарахтлар сонича туяларим бўлса, ўртангизда тақсим қилиб берар эдим, кейин эса мени бахил, қўрқок ва ёлғончи эмаслигимни билар эдингиз» — дедилар (Имом Бағавий, «Шарҳус-сунна». Албони бу ҳадисни «саҳиҳ», деди).

Барча ишлардаги мулойимлик, манфаатларни билиш ва зарарларни қайтариш таълим-тарбиянинг энг гўзал кўринишларидандир.

Саҳобаларни ғайирликлари тутди. Чунки, улар хато қилаётган одамни кўриб туришган ва унга инкор қилиш учун унинг олдига шошишган эди. Улар эса бунга ҳақли ҳам эдилар. Бироқ, ҳалим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тўхтатдилар. Чунки, бу ишни қилган одам жоҳил ва унга қаттиқ инкор қилишнинг ортида зарар бор эди. Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган ишлари тўғрироқ эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Бир аъробий масжидга бавл қилди (сийди). Шунда саҳобалар уни айблаш учун ўринларидан турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Уни ўз ҳолига қўйинглар ва бавли устидан бир челак сув қуйинглар. Сизлар қийинлаштирувчи эмас, енгиллаштирувчи қилиб жўнатилгансизлар!» — дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъват ишида қилган сабрлари ундан намуна олиш, унинг услубини қўллаш ва ўзи учун ўч олмасликка чақирмоқда. Оиша розияллоҳу анҳо: «Уҳуд кунидан кўра бошингизга оғирроқ бир кун келганми?» — деб савол берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай жавоб бердилар: «Сизнинг қавмингиздан кўп нарса кўрдим. Уларнинг энг оғири Ақаба куни бўлган эди. Мен ўзимни (ҳимоя қилиши учун) ибн Абдёлил ибн Абдқилалга кўндаланг қилдим. У мен хоҳлаган нарсани қабул этмади. (Мен у ердан) ғамгин ҳолатда бошимни эгиб юриб, Қарнус-саолибга етиб келганимни сезмай қолибман. Бошимни кўтардим, бир парча булут менга соя солиб турар эди. Қарасам, у булутда Жибрил алайҳиссалом ўтирибди. Шу пайт у менга нидо қилди: «Аллоҳ таоло қавмингизнинг Сизга берган жавобларини эшитди ва сизга тоғлар фариштасини (қавмингиз) ҳақида хоҳлаган нарсангизга буюришингиз учун юборди» — деди. Тоғлар фариштаси менга нидо қилиб, салом берди ва: «Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло қавмингизнинг сизга айтган сўзларини эшитди. Мен тоғлар фариштасиман. Раббингиз мени сизнинг ҳузурингизга мени хоҳлаган нарсангизга буюришингиз учун жўнатди, сиз нима хоҳлайсиз? Хоҳласангиз икки тоғни уларнинг устиларига ёпиб кўяй?!» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, мен Аллоҳ таолодан уларнинг пуштикамарларидан Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қиладиган Унга бирон нарсани шерик қилмайдиган одамларни чиқаришини умид қиламан» — дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Баъзи одамлар бугунги кунда даъват ишида шошқалоқлик қилиб, ҳосилни тезроқ олишни хоҳлайдилар. Нафс учун ўч олиш даъватга ва унинг ихлосига путур етказади. Шунинг учун ҳам, баъзи даъватлар унинг даъватчилари ўртасида мазкур иш ёйилгани учун мувафкиятсизликка дучор бўлди. Ахир сабр ва таҳаммуллик қаерда?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умид қилган нарсалари бир неча йиллар ўтганидан ҳамда сабру- курашлардан сўнг рўёбга чиқмадими?!!

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг пайғамбарларидан бирини (уларга Аллоҳнинг саловату саломлари бўлсин!) қавми қонатгани, у қонни юзидан артиб: «Аллоҳим, қавмимни кечир! Чунки улар, билмайдилар!», деб, хикоя қилганларини ҳали ҳам кўриб тургандекман» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалар билан жанозада эдилар Зайд ибн Суъна исмли яҳудий қарзини талаб қилиб у зотнинг олдига келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чопонларининг ёқасини жамлаб, тутиб, ғазабнок ҳолатида боқди ва «Ҳой Муҳаммад, ҳаққимни бермайсанми?!» — деб, қўпол сўзларни айта бошлади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аччиқланиб, Зайдга боқди, унинг кўзлари ғазабининг қаттиқлигидан чаноқларидан чиқаёзганди: «Ҳой Аллоҳнинг душмани, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мен эшитган сўзларни айтиб, мен кўрган ишларни қилаяпсанми?! У зотни ҳақ билан юборган Зотнинг номига онт ичиб айтаманки, Унинг маломатидан чўчимаганимда эди, сенинг каллангни қиличим билан олар эдим!» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳуга хотиржамлик билан боқдиларда: «Эй Умар, мен ва у бундан бошқа нарсага муҳтож едик. Сиз мени (қарзни) яхши ўташга, уни эса қарзини чиройли сўрашга чақиришингиз керак эди. Эй Умар, уни олиб бориб, ҳаққини беринг ва йигирма соъ хурмони зиёда қилинг!» —дедилар.

(Яҳудий) Зайд Умар розияллоҳу анҳунинг йигирма соъ хурмони ошириб берганидан сўнг: «Эй Умар, бу ортиқчаси нима учун?» — деб сўради. Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенинг қилган ғазабинг звазига буни зиёда қилдилар!» — деди. Зайд: «Эй Умар, мени танийсанми?» — деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Йўқ, сен кимсан?» —деди.

— Зайд ибн Суънаман.

— Ҳабр (руҳоний) ми?

— Хабр (руҳоний).

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нега ундай муомала қилиб, у сўзларни айтдинг?

Эй Умар, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзига қараганимда пайғамбарлик белгиларининг иккитасидан бошқа ҳаммасини кўрдим. Бу иккисини синаб кўрмаган эдим: ҳалимлиги жаҳлига ғолиб келадими ва жаҳлининг ошиши ҳалимлигини зиёда қиладими? Мен энди у иккисини синаб кўрдим. Эй Умар, сени гувоҳ қилиб айтаманки, Аллоҳни Парвардигор, Исломни дин ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб рози бўлдим. Яна сени гувоҳ қилиб айтаманки, бойликларимнинг ярми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умматига садақа бўлсин. Умар розияллоҳу анҳу айтдиларки: Уларнинг баъзилари учун бўлақолсин. Чунки, сен уларнинг ҳаммасига еткиза олмайсан. Зайд, баъзиларига бўлақолсин — деди. Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келди ва: «Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу» «Аллоҳдан бошқа (ҳақ) илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман» — деди, у зотга иймон келтириб, уни тасдиқлади. (Хоким «ал-Мустадрак» китобида бу ҳадисни зикр қилиб, «саҳиҳ» деди).

Биз бу ҳолат, унинг хотимаси ва узоқ давом этган суҳбат ҳақида ўйланиб кўрайлик. Шояд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларга нисбатан қилган сабрлари, уларни мулойимлик ва ҳилм билан қандай даъват этганлари, яхшилик қилсалар қандай рағбатлантирганлари ва уларга қандай қувонч улашганларидан ўрнак олсак.

Оиша розияллоҳу анҳо деди: «Мадинадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга умра қилиш учун чиқдим. Маккага етиб келгач: «Ота-онам фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, (намозни) қаср (икки ракаат қилиб) ҳам, тўла (тўрт ракаат) қилиб ҳам ўқидим. Рўзадор ҳам, оғзи очиқ ҳам бўлдим» — дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, яхши қилибсиз!» —дедилар ва мени айбламадилар» (Насоий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таомлари

Дастурхонлар ва қозон-товоқлар халқнинг юқори табақаси ва бошлиқларининг уйларида бориб келаверади. Юртлар-у одамлар Умматнинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўл остида. Туялар устида озиқ-овқатлар юкланган ҳолда келар, у зотнинг олдларида олтин-кумуш тўлиб-тошар эди! Айтингчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг еб-ичишлари қандай бўлганди?! Подшоҳлар ҳаёти каби эдими, ёки улардан кўра буюк ва азаматли эдими? Давлатманд бойларнинг овқатлари каби эдими? Ёки уларникидан яхшироқ эдими?! Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таоми, унинг озлиги ва соддалигини кўрганингизда ҳайратга тушманг!

Анас розияллоҳу анҳу бизга ривоят қилиб деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдида камдан кам ҳолатларда нон ва гўшт пешинлик ёки кечки овқат пайтида жамланган». (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда ҳам қийинчилик билан қоринларини тўйдирар эдилар. Ёҳуд фақат меҳмонлар билангина қоринларини тўйдирар эдилар. Унда ҳам меҳмонларнинг кўнгли учун мажбур қоринларини тўйдирар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар у зотнинг оила аъзолари кетма-кет икки кун арпа нонига тўймаганлар. (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ривоятда эса: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оила аъзолари Мадинага келгандан сўнг, кетма-кет уч кеча буғдой нонига тўймадилар токи ул зот қабз руҳ бўлдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ейдиган бирон нарса топа олмай, оч ухлар эдилар! Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг оиласи кетма-кет кечаларда кечки овқат учун бирон нарса топа олмасдан оч ухлар эдилар. Уларнинг нони кўпроқ — арпа нони эди» (Имом Термизий ривояти).

Гап озлик ва танқисликда эмас. Чунки, бойликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўл остида тўлиб тошган ва ҳузурига юклар ортилган туялар келар эди. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун мукаммал ва энг тўғри ҳаётни танлаган эди.

Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз билан бирга аср намозини ўқидилар кейин, шошилиб уйларига кириб кетдилар. Ҳеч қанча вақт ўтмади ҳамки, қайтиб чиқдилар. Бўлган ҳолат ҳақида мен сўрадим ёки бошқа одам сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйда садақадан бўлган олтинни қолдирган эдим. Уни кечаси билан олиб қолишни ёқтирмадим-да, тақсим қилиб юбордим» — дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Ҳайратомуз саховат ва мисли кўрилмаган эҳсонкорлик, бу Умматнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламда мужассам эди. Анас розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломга кириш эвазига ҳар нарсадан сўралсалар берардилар. Ҳатто, бир киши келганида икки тоғ орасидаги қўйларни бердилар. У одам қавми олдига бориб: Эй қавмим мусулмон бўлинглар, албатта Муҳаммад камбағалликдан қўрқмайдиган кишининг эҳсонини қилмоқда!» — деди» (Имом Муслим ривояти).

Мана шу эҳсон ва соховат соҳиби бўлган пайғамбарнинг аҳволи ҳақида тафаккур қилиб кўринг! Анас розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот етгунларига қадар на хон устида овқатландилар ва на юпқа нон едилар» (Имом Бухорий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келар ва: «Овқатингиз борми?» — дер эдилар, Оиша розияллоҳу анҳо: «Йўқ» деб айтса: «Мен бугун рўза тутдим» — дердилар. (Имом Муслим ривояти).

Бир ёки икки ой ўтар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадони фақат хурмо ва сув билангина кун кечирар эди. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Таомлари ва таом турларининг озлигига қарамай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олий ахлоқи ва исломий одоби Аллоҳнинг неъматига шукроналар келтириш, таомни тайёрлаганларга миннатдорчилик билдириш, хато қилсалар, айбламасликка ундар эди. Чунки, у (хато қилувчи) тиришган, бироқ, хато қилган-да. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомни айбламас, пиширувчини маломат қилмас, бор нарсани рад, йўқ нарсани талаб қилмас эдилар! Уммат пайғамбарининг ғами қорни ва овқати эмас эди!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон таомни айбламаганлар: агар хоҳласалар еганлар, хоҳламасалар емаганлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Севикли дўстларимиз учун шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини мухтасар қилиб келтирмоқчиман:

«Ейиш ва кийинишдаги энг яхши йўл — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имкони бўлган нарсани иштаҳа қилса ер, бор нарсани қайтармас, йўқ нарсани талаб қилмас эдилар. Агар нон ва гўшт ҳозир бўлса ер эдилар. Агар мева, нон ва гўшт ҳозир бўлса ер эдилар. Агар хурмонинг ўзи ёки ноннинг ўзи ҳозир бўлса ер эдилар. Агар икки хил таом ҳозир бўлса: «Мен икки хил таомни емайман» демас, лаззатли ва ширали таомлардан бош тортмас эдилар. У зотнинг сўзларидан: «…Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. (кечалари намоз учун) тураман ҳам, ухлайман ҳам. Хотинларга ҳам уйланаман. Гўшт ҳам ейман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас».

Аллоҳ таоло ҳалол нарсаларни ейиш ва Аллоҳ таолога шукр этишга амр этди. Шунинг учун ҳам, ҳалол нарсаларни ҳаром қилган одам, ҳаддидан ошган, Аллоҳга шукр қилмаган одам эса, Аллоҳнинг ҳаққини зое қилган танбал бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли — энг тўғри йўлдир. Ундан бурилиш эса икки тарафга олиб борадир: исроф қилган ва маъсулиятларни адо этишдан юз ўгириб, майилликларига берилган инсонлар. (Иккинчиси эса), ҳалол нарсаларни ҳаром қилган, Аллоҳ таоло буюрмаган роҳибликни ўйлаб топган инсонлар. Ҳолбуки, Ислом динида роҳиблик йўқдир».

Давом этиб роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Ҳар бир ҳалол — ёқимлидир. Ҳар бир ёқимли ҳалолдир. Аллоҳ таоло бизга ёқимли нарсаларни ҳалол қилиб, жирканч нарсаларни ҳаром қилди. Унинг ёқимлилиги, биз учун фойдали ва лаззатли бўлишидир. Аллоҳ таоло бизга зарарли бўлган ҳар бир нарсани ҳаром қилди, фойдали бўлган барча нарсага рухсат берди».

Кейин, яна шундай дедилар: «Одамлар емоқ, киймоқ, очлик ва тўқликда турлича бўладилар. Ҳаттоки, бир кишининг ҳоли ҳам турлича бўлиши мумкин. Бироқ, амалларнинг энг яхшиси Аллоҳ таолога итоатли ва қилган одамга фойдали бўлганидир» (Ибн Таймийя, «Мажмуъул-фатово: 22310 (қисқартиб олинди).

Бошқаларнинг шарафини ҳимоя қилиш

Мажлисларнинг энг яхшиси – илм ва зикр ўтиришларидир. Агар шу мажлисда Одам фарзандининг сараси ва Уммат муаллими ўзининг сўзлари, таълимлари ва ўгитлари билан иштирок этсалар нима дейсиз! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлисларининг соф ва сийратининг тозалиги сабабли хато қилганларни тузатар, билмаганларга ўргатар, ғофил қолганларни огоҳлантирар ва мажлисларида фақатгина яхшиликларнигина қабул қилар эдилар. Агар бировга қулоқ солсалар, жим эшитар, бироқ, ғийбатни қабул қилмас, чақимчилик ва туҳматларга рози бўлмас эдилар.

Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда намоз ўқиб бўлганларидан кейин уйдагилардан бири: «Молик ибн Духшун қаерда?» — деди. Бир киши: «У Аллоҳ ва расулини яхши кўрмайдиган мунофиқдир» —деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай дема, кўрмайсанми, у «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган ва у бу билан Аллоҳнинг юзини хоҳлайди. Дарҳақиқат, Аллоҳ, Аллоҳнинг юзини умид қилиб: «Ла илаҳа иллаллоҳ» — деган одамни жаҳаннамга ҳаром қилди» — дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғондан гувоҳлик бериш ва ҳуқуқларни поймол қилишдан огоҳлантирар эдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Катта гуноҳларнинг каттароғини айтиб берайми?» — дедилар. Биз: «Ҳа, эй Расулуллоҳ» — дедик. «Аллоҳга шерик қилиш ва ота-онага оқ бўлиш» — дедилар. Ёнбошлаган эдилар, ўтириб олдилар: «Огоҳ бўлинглар! ёлғон гувоҳлик бериш» — дедилар. Бу сўзни такрорлайвердилар, такрорлайвердилар хатто: «Кошки, сукут сақласалар!» — деб қолдик» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Уммул мўминийн Оиша розияллоҳу анҳога муҳаббатлари буюк бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғийбат қилишларини инкор қилдилар ва ғийбатнинг катта хатарларини баён қилдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Софиянинг бундай-бундай бўлиши етарлидир» — дедим». Баъзи ровийлар бу сўзлари билан София розияллоҳу анҳонинг бўйи пастлигидан киноя қилдилар, дедилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз шундай бир сўзни айтдингиз-ки, агар уни денгиз сувига аралаштирилса, денгиз сувининг барчасини бузар эди» — дедилар ( Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биродарларининг шарафларини ҳимоя қилган одамга башорат бериб дедилар: «Биродарининг шарафини ғийбатдан ҳимоя қилган одамни жаҳаннам азобидан озод қилиш, Аллоҳ таолонинг зиммасида ҳақдир» (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш

Биринчи мураббий ва Уммат пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодат қилиш ва қалбни Аллоҳга боғлашга катта эътибор берар эдилар. У зот бир лаҳзани Аллоҳнинг зикри, ҳамди, шукри, истиғфор ва Аллоҳга ялинишсиз ўтказмас эдилар. Ҳолбуки, у зотнинг аввалги ва кейинги барча гуноҳлари кечирилган эди. У — шукроналар келтирган банда ва пайғамбар, ҳамдлар айтувчи расулдир. У Раббининг қадрини билди, Унга ҳамд айтиб, дуо қилди ва ялинди, вақтининг қадрига етиб, ундан фойдаланди ва унинг тоат- ибодат билан обод бўлишига ҳарис бўлди.

Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолони ҳар лаҳзада зикр қилар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ўтиришда «Раббиғфирлий ва туб алаййа иннака антат таввабур роҳим» «Раббим, мени кечир ва тавбаларимни қабул эт. Сен раҳмли ва тавбаларни қабул этувчи зотсан» — деб юз марта такрорлаганларини санар эдик» (Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтиб, тавбалар қиламан» деганларини эшитганман» (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу деди: «Биз бир йиғинда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юз мартадан ортиқ: «Раббиғфирлий ва туб алаййа иннака антат таввабур роҳим» «Раббим мени кечир ва тавбаларимни қабул қилгин. Чунки, Сен — меҳрибон ва тавбаларни қабул қилувчи зотсан» — деб айтганларини санар эдик» (Имом Термизий ривояти).

Уммул мўминийн Умму Салама розияллоҳу анҳо ҳузурида бўлганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўп қилган дуолари: «Ё муқаллибал қулуб саббит қалбий ала дийник» «Эй қалбларни айлантирувчи зот, менинг қалбимни динингда мустаҳкам қил!» бўлганини зикр этди. (Имом Термизий ривояти).

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.