Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Пайғамбаримиз (сав) намозларининг сифати (2)

Тобеъларнинг суннатга эргашиб, имомларининг айрим сўзларини тарк қилганлари

Шу сабабдан ҳам аввалги имомларнинг тобеълари бўлмиш уламолар ўз имомларининг барча сўзларини ҳам олишавермас, балки улардан айримларини суннатга мухолиф келгани сабабли тарк қилишар эди. Ҳатто, имом Муҳаммад ибн Ҳасан ва имом Абу Юсуф роҳимаҳумаллоҳ устозлари Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга мазҳабнинг тахминан учдан бирида хилоф қилганлар.[1] Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг тобеъларидан имом Музаний ва бошқалар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу ҳақда кўплаб мисоллар келтириш мумкин бўлгани ҳолда биз икки мисол билан чекланамиз:

1) Имом Муҳаммад “Муватто” асарида (158-бет) айтади: «Муҳаммад деди: Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ истисқо (ёмғир тилаш) учун намоз ўқиш йўқ, дер эдилар. Биз айтамизки, имом одамлар билан икки ракъат намоз ўқийди, сўнг дуо қилади ва ридосини айлантиради.»

2) Имом Муҳаммаднинг соҳибларидан ва имом Абу Юсуфнинг мулозимларидан бўлган Исом ибн Юсуф ал-Балхий «кўпинча имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг далилини билмагани боис у зотнинг хилофича фатво берар, бошқа имомнинг далили зоҳир бўлса ўша билан фатво берар эди.»[2] Ва шу боис мутавотир ҳадисда келганидек «рукуъга боришда ва ундан қайтишда қўлларини кўтарар эди,»[3] ҳар учала имоми бунинг хилофини айтганлиги уни мазкур ҳадисга амал қилишдан тўсмас эди.

Ҳар бир мусулмон киши тўртала мазҳаб имомлари ва бошқа уламоларнинг тавсияларига кўра айни шундоқ сифат эгаси бўлмоғи лозим бўлади.

Шубҳалар ва жавоблар

1. Савол: Баъзилар айтади: Динимиз ишларида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлланмаларига қайтиш вожиб эканида шубҳа йўқ, айниқса намоз каби соф ибодатга тааллуқли ишларда фикр ва ижтиҳодга асло ўрин йўқ. Чунки булар тавқифий ишлардир. Лекин биз машойихлардан кўпларини биламизки, ихтилофга рози бўладилар ва буни умматга бўлган бир енгиллик деб баҳолайдилар. Фикрларига далил сифатида:

«اِخْتِلافُ أُمَّتِي رَحْمَةٌ»

«Умматимнинг ихтилофи (улар учун) раҳматдир» ҳадисини келтирадилар. Ушбу ҳадис сиз чақираётган манҳажга зид эмасми, сиз бунга нима дейсиз?

Жавоб: Ушбу саволга жавобимиз икки тарафлама:

Биринчидан, бу ҳадис саҳиҳ эмас, аксинча, ҳеч қандай асоси йўқ бўлган ботил бир сўздир. Аллома ас-Субкий айтадилар:

«Бу ҳақда на саҳиҳ, на заиф, на тўқима бўлсин, бирор санаддан воқиф бўлмадим.»

Мен айтаман:

«اِخْتِلافُ أَصْحابِي لَكُمْ رَحْمَةٌ»

«Саҳобаларимнинг ихтилофи сизлар учун раҳматдир» ҳамда

«أَصْحابِي كَالنُّجُومِ, فَبِأَيِّهِم اقْتَدَيْتُم اهْتَدَيْتُمْ»

«Саҳобаларим юлдузларга ўхшайди. Қай бирига эргашманг, албатта ҳидоятга эришасиз» деган лафзлар билан ривоят қилинган сўзлар бор бўлиб, ҳар иккиси саҳиҳ эмас. Биринчиси жуда ҳам заиф, иккинчиси эса мавзуъ – тўқима ҳадисдир. Бу ҳақда мен «Заиф ва мавзуъ ҳадислар силсиласи»да (58,59,61- рақамлар билан) таҳқиқотимни эълон қилганман.

Иккинчидан, мазкур ҳадис заиф эканидан ташқари, Қуръони Каримга ҳам зиддир. Зеро, Қуръонда динда ихтилоф қилишдан қайтарувчи ва иттифоқликка буюрувчи кўпдан-кўп оятлар ворид бўлган. Мисол учун:

” وَلاَ تَنَازَعُواْ فَتَفْشَلُواْ وَتَذْهَبَ رِيحُكُمْ “

«Талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур.»[4]

“وَلا تَكُونُوا مِنَ الْمُشْرِكِينَ مِنَ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا كُلُّ حِزْبٍ بِمَا لَدَيْهِمْ فَرِحُونَ”

«Мушриклардан бўлманглар! Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар.»[5]

” وَلاَ يَزَالُونَ مُخْتَلِفِينَ إِلاَّ مَن رَّحِمَ رَبُّكَ “

«Улар мудом ихтилоф қилурлар. Магар Раббингиз раҳм қилган кишиларгина (ҳақ йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар.)»[6]

Раббингиз раҳм қилган кишиларгина ихтилоф қилмасалар, демак фақат ботил аҳллари ихтилофга берилар эканлар. Шундай экан, қандай қилиб ихтилоф раҳмат бўлиши мумкин?!

Хулоса шуки, мазкур ҳадис санад жиҳатидан ҳам, матн жиҳатидан ҳам саҳиҳ эмас. Шундай бўлгач, китобу суннатга имомлар буюрганидек амал қилиш йўлидан тўсиш учун уни восита қилиб олиш асло жоиз эмас.

2. Савол: Баъзилар айтади: Динда ихтилоф қилишдан қайтарилган бўлса, у ҳолда саҳобаларнинг ва улардан кейинги имомларнинг ихтилофлари ҳақида нима дейсиз? Уларнинг ихтилофлари билан кейинги даврдагиларнинг ихтилофлари ўртасида нима фарқ бор?

Жавоб: Бу ихтилофлар ўртасида жуда катта фарқ бор ва бу фарқ икки нарсада – уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва қолдирган асоратларида кўринади.

Саҳобаларнинг ихтилофларига келсак, улар зарурат юзасидан ва уларнинг тушунчаларидаги табиий фарқлардан келиб чиққан ҳамда улар тарафидан қасдсиз ҳолда ўртага чиққан ихтилофлар эди. Бунга қўшимча равишда, уларнинг даврида юз берган ва ихтилофларига сабаб бўлган, кейинги даврларга келиб барҳам топган ишлар ҳам борки, бундай пайтда ихтилофдан батамом халос бўлиш имконсиз бир иш эди.[7]

Муқаллидлар ўртасида келиб чиққан ихтилофлар эса, аксарият ҳолларда ҳеч бир узрсиз ихтилофлардир. Чунки, кўпинча улардан бировига Китобу Суннатдан бўлган, бироқ унинг мазҳабидан бошқа мазҳаб фикрини қувватловчи далил-ҳужжат маълум бўлади-ю, бироқ мазҳабига хилоф келгани учун ундан воз кечади. Гўёки, унинг наздида мазҳаб асл–асосдек ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган дин унинг мазҳабигагина чекланган ва бошқа мазҳаб алоҳида, мансух бир диндек.

Бошқа баъзилар эса, аксинча, бу мазҳабларни турли шариатлардек кўриб, мусулмон киши уларнинг ҳар биридан ўзи ҳоҳлаганини олиши ва ҳоҳлаганини тарк қилиши мумкин, чунки у ҳам шариат, бу ҳам шариат, деб ҳисоблашади. Улар ҳам, булар ҳам ўзларининг ихтилоф узра қолаверишларига юқорида айтганимиз тўқима ҳадисни – «Умматимнинг ихтилофи раҳматдир»ни ҳужжат қилишади…

…Хулоса шуки, ихтилоф умуман яхши нарса ҳам, раҳмат ҳам эмас. Бироқ, улар ичидан инсон учун айб саналадиганлари бор – айрим мутаассиб кишиларнинг ихтилофлари каби – ва айб-маломат қилинмайдиганлари бор – саҳобалар ва уларга эргашган имомларнинг ихтилофлари каби. Зеро, саҳобалар ихтилофга мажбур бўлганлар, ўзлари ихтилофни инкор қилишар ва имкони борича ундан қочишга ҳаракат қилишар эди. Муқаллидлар эса, ихтилофдан қутулишга имконлари бўла туриб иттифоққа келишмайди ва унга ҳаракат ҳам қилишмайди, аксинча ихтилофга рози бўлишади.

Бу сабаб жиҳатидан бўлган фарқ эди.

Аммо, асорат жиҳатидан бўлган фарққа келсак, саҳобалар розияллооҳу анҳум фаръий масалаларда айрим ихтилофларга борган бўлсалар-да, бирлик-ҳамжиҳатлик кўринишларини сақлаб қолишга қаттиқ эътибор беришар, ҳамжиҳатликни парчалаб юборадиган ва сафларни бўлиб ташлайдиган ишлардан мутлақо узоқда эдилар. Масалан, улардан баъзилари намозда «Бисмиллоҳ»ни жаҳрий айтишни машруъ деб кўрсалар, баъзилари машруъ деб кўрмас, баъзилари қўлларни кўтаришни (рафъул ядайн) мустаҳаб санасалар, баъзилари бундай санамас, баъзилари аёл кишига қўл теккизиш таҳоратни синдиришини айтсалар, баъзилари синдирмаслигини айтишар, бироқ, шундай бўлса-да, барчалари битта имом ортида намоз ўқийверишар, улардан бирортаси мазҳабий ихтилоф туфайли битта имом ортида намоз ўқишдан четланишмас эди.

Муқаллидларнинг ихтилофлари бундан тамоман фарқли бўлиб, уларнинг асоратидан мусулмонлар ҳатто иймондан кейинги энг катта рукн бўлмиш намозда бўлиниб кетдилар. Улар ўзга мазҳабда бўлган имомнинг намози ботил ёки ҳеч бўлмаса макруҳ деган эътиқод билан бир имом ортида намоз ўқишдан бош тортиш даражасига етдилар. Биз бундай ҳолатларга ўзимиз гувоҳ бўлдик, қулоқларимиз билан эшитиб, кўзларимиз билан кўрдик. Баъзи мазҳабларнинг машҳур китобларида бу ҳақда очиқдан-очиқ айтиб ҳам қўйилган. Бунинг натижаси ўлароқ, айрим Жомеъ масжидларида тўртта меҳроб борлигига, уларда тўртта имом бирин-кетин намоз ўқишига ва бир имом намоз ўқиётганида бир қанча одамлар ўз имомларини кутиб намоз ўқимай туришганига гувоҳ бўлинади.

Баъзи муқаллидларда ихтилоф бундан-да кучайиб, ҳатто улар ҳанафий эркак билан шофеъийя аёл ўртасида никоҳланишни ман қилиш даражасига етиб боришди. Кейинроқ, айрим ҳанафий уламолари тарафидан ҳанафий эркакнинг шофеъийя аёлга уйланишига ижозат берувчи фатво ҳам чиқди. Ва бунга «шофеъийя аёл аҳли китоблар манзилатида кўрилади» деган иллат – сабаб кўрсатилди.[8] Демак, бундан келиб чиқадики, улар наздида бунинг акси – яъни, шофеъий мазҳабидаги кишининг ҳанафий мазҳабидаги аёлга уйланиши мумкин эмас, худди аҳли китоб эркакнинг муслима аёлга уйланиши мумкин бўлмаганидек.

Кўплаб келтириш мумкин бўлган бу каби мисоллардан оқил одам кейинги асрлардагиларнинг ихтилофлари ва ихтилоф устидаги ўжарликлари қандай ёмон оқибатларга олиб келганини пайқаб олиши унча қийин эмас. Ҳолбуки, салафларнинг ихтилофлари тамомила бошқача бўлиб, улар уммат учун бирор ёмон оқибат олиб келмаган эди. Шу боис динда бўлинишдан ман қилувчи оятлар мазмуни уларнинг эмас, балки кейингиларнинг ихтилофларини қамраб олган десак хато бўлмайди.

Кошки, мазкур ихтилофларининг зарари уларнинг ёлғиз ўзларигагина чекланиб қолиб, ушбу умматдан ташқарига ўтмаганида, у ҳолда кулфат бир оз енгилроқ бўлар эди. Бироқ, афсуски, ихтилофлар таъсири мусулмон бўлмаган юртлар аҳлига ҳам ўтиб, уларнинг Аллоҳнинг ҳақ динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб киришлари йўлига тўғаноқ ҳам бўлди.

Устоз Муҳаммад Ғаззолийнинг «ظلام من الغرب» (Ғарбдан келган зулмат) китобида қуйидаги сатрларни ўқиш мумкин:

«Америкадаги Бренстон университетида ўтказилган конференсияда қатнашувчилардан бири шундай саволни ўртага ташлади: «Мусулмонлар ўзлари даъват қилаётган Исломнинг аниқ чек-чегарасини биладиларми ўзи? Улар оламга қайси таълимотларни тақдим этишмоқчи? Суннийлар тушунчасидаги таълимотларними ёки шийъалар тушунчасидаги таълимотларними? Қолаверса, суннийлар ҳам, шийъалар ҳам ўзаро ички ихтилофлардан холи эмаслар. Айни бир масала устида баъзилари маълум маънода прогрессив фикрласалар, баъзилари эскича ва қолоқ фикр юритишади! Хуллас, Исломга даъват қилувчиларнинг ўзлари боши берк кўчада-ку, бошқаларни нимага чақиришмоқчи?!»

Аллома Муҳаммад Султон ал-Маъсумий роҳимаҳуллоҳнинг «Япония мусулмонларига Султоннинг ҳадяси» рисоласи муқаддимасида шундай дейилади:

«Менга Япониянинг Токио ва Осака шаҳри мусулмонларидан шундай мазмунда савол келди:

Ислом динининг ҳақиқати нима? Мазҳабнинг маъноси нима? Ислом динига мушарраф бўлишни истаган киши албатта тўрт мазҳабдан бирида бўлиши шартми? Бу саволни беришимизнинг сабаби – Япония зиёлиларидан бир неча нафари Ислом динига кириш ва иймон неъматига мушарраф бўлиш истагида бўлиб, бу истакларини Токиодаги «Мусулмонлар жамияти»га билдиришганда асли келиб чиқиши Ҳинд аҳлидан бўлган бир жамоа: «Улар имом Абу Ҳанифа мазҳабини ихтиёр этишлари лозим, чунки у зот умматнинг шамчироғидирлар» десалар, Индонезиядан бўлган жамоа: «Шофеъий мазҳабини ихтиёр этишлари лозим» деб туриб олишди. Бу сўзлар японларни ҳайрон қолдирди ва уларнинг қасду-қарорларида иккиланиш пайдо бўлди, мазҳаблар масаласи уларнинг Исломга киришларига тўғаноқ бўлди.»

3. Савол: Баъзилар даъво қиладики, сизлар чақираётган нарса – яъни суннатга (ҳадисга) эргашиш ва имомларнинг суннатга мухолиф сўзларини қабул қилмаслик дегани – уларнинг сўзларини олишни, ижтиҳод ва раъйларидан истифода этишни мутлақо тарк қилиш маъносини англатади!

Жавоб: Бу даъво ҳақиқатдан жуда йироқ ва ботил бир даъводир. Зотан, юқоридаги сўзларимиздан ҳам бу нарса англашилган бўлса керак. Аксинча, биз даъват қилаётган нарса – замонамиз фуқаҳолари қилаётганидек, шахсий ҳолатлар, никоҳ-талоқ ва бошқа масалаларда ҳақ-ноҳақ ўртасини ажратишда китобу суннатга қайтиш ўрнига ҳукмларни мазҳаблар асосига қуришдан, мазҳабларни гўё дин сифатида қабул қилишдан, баҳс-мунозара ўринларида ва фавқулодда ҳолларда янги ҳукмлар чиқаришда уларни китобу суннат ўрнига қўйишдан қайтариш, холос!

Аммо, китобу суннатда очиқ ҳужжат келмаган ёки изоҳталаб бўлган ихтилофли масалаларда у улуғ имомларнинг сўзларига мурожаат қилишдан, улардан истифода этишдан ва ёрдам олишдан биз ҳеч қачон қайтарган эмасмиз, аксинча, биз бунга буюрамиз ва тарғиб қилиб келамиз. Зеро, китобу суннат билан ҳидоятланиш йўлини тутган киши учун бундан кўп манфаатлар ҳосил бўлишидан умидвормиз…

4. Савол: Баъзи муқаллидларда уларни мазҳабларига хилоф бўлган суннат(ҳадис)га эргашишдан тўсувчи бир гумон борки, у уларнинг «суннатга эргашиш мазҳаб соҳибини хатокор санашни лозим қилади, хатокор санаш дегани эса имомга таън етказиш (айблаш) маъносини англатади, оддий бир мусулмонга таън етказиш мумкин эмас-ку, қандай қилиб улуғ имом шаънига мумкин бўлсин» деган гумонларидир.

Жавоб: Бу асоссиз ва суннатни (ҳадис илмини) яхши билмасликдан келиб чиққан бир гумондир. Йўқса, оқил мусулмон қандай қилиб бу каби сўзни айтиши мумкин, ҳолбуки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«إِذَا حَكَمَ الْحَاكِمُ فَاجْتَهَدَ ثُمَّ أَصَابَ فَلَهُ أَجْرَانِ وَإِذَا حَكَمَ فَاجْتَهَدَ ثُمَّ أَخْطَأَ فَلَهُ أَجْرٌ» (البخاري ومسلم)

«Агар ҳоким ҳукм қилса ва ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр-савоб бордир. Агар ҳукм қилса ва ижтиҳод қилиб, хато қилса, унга бир ажр-савоб бордир»[9], деган бўлсалар?!!

Ушбу ҳадис очиқ далолат қиладики, бир одам: «Фалончи олим хато қилган» деса, бу шаръий истилоҳда «Фалончи олим битта ажрга эга бўлган» деган маънони билдиради. Шундай экан, ўша фалончи уни хатокор санаган одамнинг фикрида бир ажрга эга бўлган бўлса, уни хатокор санашидан қандай қилиб унга таън етказиш маъноси тушунилиши мумкин?!

Бундай гумонга борган одамнинг ўзи мусулмонлар шаънига, бўлиб ҳам улардан оддий бир шахсга эмас, балки саҳобалар, тобиийнлар ва мужтаҳид имомлар шаънига таън етказган бўлади. Чунки, у улуғ зотлар баъзан бир-бирларининг ишларини хато санаганликлари, баъзилари баъзиларининг сўзларини рад этганликлари маълум. Бирорта оқил одам: «Улар бир-бирларининг шаънига таън етказишган эди», деб айтадими, ахир?! Балки, саҳиҳ ҳадисда келишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу бировнинг тушини таъбир қилганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўзларини хато санаб: «Бир қисмини тўғри топибсиз, бир қисмини хато айтибсиз» деганлар.[10] Бу сўзлари билан у зот Абу Бакр розияллоҳу анҳу шаънларига таън етказган бўладиларми?!

Бу хил гумон ўз эгаларини уларнинг мазҳабларига мухолиф бўлган суннатга эргашишдан тўсиб қўяди. Чунки, бундай суннатга эргашиш уларнинг наздида имомнинг шаънига таън етказиш саналади. Аммо, суннатга хилоф бўлса-да, имомнинг сўзини қабул қилиш уни эҳтиром қилиш маъносини англатади. Шу боис улар ўз гумонларича имомга таън етказишдан қочиш мақсадида унинг сўзларини маҳкам ушлаб тураверадилар.

Бу ишлари билан улар ўзлари билмаган ҳолда қочган нарсаларидан кўра ҳам ёмонроқ нарсага тушиб қоладилар. Яъни, уларга биров: «Агар эргашишлик эргашилаётган шахсни эҳтиром қилишга далолат қилса, унга мухолиф бўлиш эса унинг шаънига таън етказишни англатса, у ҳолда сизлар қандай қилиб пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мухолиф бўлишни ва маъсум бўлмаган, эргашмаслик куфр саналмайдиган оддий бир инсон бўлмиш имомнинг сўзини деб суннатни тарк қилишни ўзингизга жоиз санайсизлар?! Агар сизнингча, имомга мухолафат қилиш унга нисбатан таън етказиш маъносини англатса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мухолиф бўлиш у зот шаънларига таън етказиш, балки айни куфр эмасми?!» деса, унга жавоб айтишга қодир бўлишмас, нари борса: «Биз мазҳаб имомига ишонганимиз учун суннатни тарк қиламиз, чунки у суннатни биздан кўра яхшироқ билади», деган бўлишарди.

Бу сўзларига ҳам бир неча жавобларимиз бўлгани ҳолда гапни узайтмаслик мақсадида фақат биттаси билан кифояланмоқчиман:

Суннатни сиздан кўра яхшироқ билувчи киши ёлғиз мазҳабингиз имомигина эмас, балки суннатни сиздан яхшироқ билувчи ундан бошқа-да ўнлаб ва юзлаб имомлар ҳам бор. Агар бирор саҳиҳ суннат мазҳабингиз хилофига келган ва уни мазкур имомлардан бирорталари олган бўлса, у ҳолда ўша суннатни олиш сизга ҳам вожиб бўлади. Сизнинг юқоридаги сўзингиз бу ерда ўтмай қолади. Чунки, рақибингиз сизга айтиши мумкинки: «Биз бу суннатни уни олган имомга ишонганимиз учун олдик, суннатни олган имомга эргашиш унга мухолиф бўлган имомга эргашишдан кўра лойиқроқ.»

Шу боис мен айта оламанки:

Бизнинг бу китобимиз пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай намоз ўқиганлари ҳақида собит бўлган (яъни, саҳиҳ ва ҳасан) ҳадисларни қамраб олгани боис энди уларга амал қилмасликка ҳеч кимда узр қолмайди. Унда келтирилган айрим ҳадисларни мазҳаб имомларидан бирорталари олмаган бўлсалар, улар маъзур ва битта ажр билан маъжурдирлар. Зеро, улар учун бу ҳадиснинг саҳиҳлиги аниқ маълум бўлмаган ёки бу ҳадис уларга умуман етиб келмаган бўлиши мумкин. Аммо кейингилар имомлари ўтиб кетгандан кейин собит бўлган ҳадисларни тарк қилган ҳолда, имомларининг уларга зид сўзларига эргашишлари тўғри бўлмайди.

Аллоҳ азза ва жалла айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اسْتَجِيبُواْ لِلّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُم لِمَا يُحْيِيكُمْ وَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ يَحُولُ بَيْنَ الْمَرْءِ وَقَلْبِهِ وَأَنَّهُ إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ “

«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага даъват қилар экан, уни қабул қилинглар ва билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини тўсиб қўюр ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига тўпланурсизлар.»[11]

Аллоҳ ҳақни сўзлагувчи ва ҳаққа йўллагувчидир. У нақадар яхши дўст ва нақадар яхши мададкордир.

Ва соллаллоҳу ала Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллам. Валҳамду лиллаҳи роббил аламийн.

Муҳаммад Носируддин ал-Албоний

[1] Ибн Обидийн, «Ҳошия» (162)

[2] «Ал-Баҳрур-роиқ» (693) ва «Расмул-муфтий» (128)

[3] Абдулҳай ал-Лакнавий «Ал-фавоидул баҳийя фий тарожимил ҳанафийя»да (116-бет) келтириб, сўнг шундай изоҳ беради: «Шундан Макҳул Абу Ҳанифадан ривоят қилгани айтилган: «Ким намозда қўлларини кўтарса, унинг намози бузилади» деган сўзнинг ботил экани маълум бўлади. Зеро, Исом ибн Юсуф Абу Юсуфнинг мулозимларидан бўлиб, намозда қўлларини кўтарар эди. Агар бу ривоятнинг асоси бўлганида, Абу Юсуф ва Исом буни билган бўлар эдилар. Яна шу ҳам маълум бўладики, ҳанафий мазҳабидаги киши агар бирор масалада бошқанинг далили кучли бўлгани учун имомининг фикрини тарк этса, бу билан у мазҳабига тақлид қилишдан чиққан бўлмайди, балки бу кўр-кўрона тақлидни тарк этиш кўринишидаги айни тақлиддир. Кўрамизки, Исом ибн Юсуф Абу Ҳанифанинг қўл кўтармаслик ҳақидаги йўлларини тарк қилгани ҳолда ҳанафий уламолар сафида саналади… Замонамиз жоҳилларидан арз-додимиз Аллоҳгаки, бирор масалада кучли далилга эга бўлгани боис имомига тақлидни тарк этган одамни айблаб, муқаллидлар жамоасидан чиқариб юборадилар. Авомдан ажабланмаса ҳам бўлади, бироқ олимлик даъвосидаги кимсалардан таажжуб!!»

[4] «Анфол» сураси, 46-оят

[5] «Рум» сураси, 31,32-оятлар

[6] «Ҳуд» сураси, 118,119-оятлар

[7] Ибн Ҳазмнинг «Ал-иҳком фий усулил аҳком» ва Ад-Деҳлавийнинг «Ҳужжатуллоҳил-болиға» асарларидан мавзуга доир кенгроқ маълумотлар олишингиз мумкин

[8] «Ал-баҳрур-роиқ» китобига қаралсин

[9] Бухорий ва Муслим

[10] Бухорий ва Муслим

[11] «Анфол» сураси, 24-оят.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.