Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Пайғамбаримиз (сав) намозларининг сифати

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг такбирдан саломгача худди кўриб турганингиздек бўлган кайфияти

Муҳаммад Носируддин ал-Албоний
Таржимон: Муҳаммад Исмоил

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Муқаддима

Бандаларига намозни фарз қилиб, уни чиройли ва тўкис адо этишларига буюрган, нажот ва муваффақиятни уни хушуъ билан адо этишга боғлиқ қилган, уни иймон билан куфр ўртасини ажратиб турувчи ва фаҳшу мункар ишлардан тўсувчи қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

“وَأَنزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ”

«Сизга эса одамларга нозил қилинган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун… бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик»[1] деган илоҳий хитоб ила хитобланган, сўнгра ўзларига юклатилган бу вазифани ҳаққи-рост адо этган улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсинки, намоз у зотнинг одамларга сўзу амалда баён қилиб берган энг улуғ ишларидан бўлди. Ҳатто, бир марта минбар устида намоз ўқидилар ва:

«إِنَّمَا صَنَعْتُ هَذَا لِتَأْتَمُّوا بِي وَلِتَعَلَّمُوا صَلَاتِي»

«Менга эргашишларингиз ва намозимни ўрганишларингиз учунгина шундай қилдим»[2] дедилар, намозда у зотга эргашишимизни вожиб қилиб:

«صَلُّوا كَمَا رَأَيْتُمُونِي أُصَلِّي»

«Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар»[3] деб буюрдилар. У зот ўқиганларидек намоз ўқиган кишини Аллоҳ жаннатга киритишга ваъда берганини хушхабар бериб, марҳамат қилдилар:

«خَمْسُ صَلَوَاتٍ افْتَرَضَهُنَّ اللَّهُ تَعَالَى مَنْ أَحْسَنَ وُضُوءَهُنَّ وَصَلاَّهُنَّ لِوَقْتِهِنَّ وَأَتَمَّ رُكُوعَهُنَّ وَ سُجُودَهُنَّ وَخُشُوعَهُنَّ كَانَ لَهُ عَلَى اللَّهِ عَهْدٌ أَنْ يَغْفِرَ لَهُ وَمَنْ لَمْ يَفْعَلْ فَلَيْسَ لَهُ عَلَى اللَّهِ عَهْدٌ إِنْ شَاءَ غَفَرَ لَهُ وَإِنْ شَاءَ عَذَّبَهُ (رواه أبو داود).»

«Аллоҳ таоло беш маҳал намоз ўқишни фарз қилди. Ким бу намозларга мукаммал таҳорат қилиб, уларни ўз вақтида адо этса, рукуъ-саждаларини ва хушуъсини комил қилса, уни кечиришни Аллоҳ Ўз зиммасига аҳд қилиб олди. Ким бундай қилмаса, уни кечиришни Аллоҳ Ўз зиммасига аҳд қилиб олмади – хоҳласа кечиради, хоҳласа азоблайди».[4]

Бизга пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари, сўз ва амалларини нақл қилган, уни ўзлари учун намуна ва йўл қилиб олган у зотнинг аҳли-оилалари ва саҳобаларига ҳамда улар ортидан эргашган ва то қиёматгача уларнинг йўлларидан юрадиган кишиларга ҳам салавоту саломлар бўлсин.

Маълумки, Исломда намознинг ўзига хос ўрни ва алоҳида эътибори бор, уни барпо қилган ва тўкис адо этган кишиларга улкан ажру мукофотлар мавжуд ва кишининг намози пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига қай даражада яқин ё узоқ бўлганига қараб ушбу ажру мукофотлар зиёда ё камроқ бўлади. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу маънога ишора қилиб, марҳамат қилганлар:

«إِنَّ الْعَبْدَ لَيُصَلِّي الصَّلاةَ مَا يُكْتَبُ لَهُ مِنْهَا إِلاَّ عُشْرُهَا تُسْعُهَا ثُمُنُهَا سُبُعُهَا سُدُسُهَا خُمُسُهَا رُبُعُهَا ثُلُثُهَا نِصْفُهَا.»

«Бир банда намоз ўқийди, унга намозидан фақатгина ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярми ёзилади.»[5]

Шундай экан, намозларимиз тўла-тўкис адо этилган бўлиши учун биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари қандай бўлганини ўрганмоғимиз, ундаги фарзу вожиблар, одобу кўринишлар, дуою зикрларни билмоғимиз, сўнгра уларни амалий равишда ўз намозларимизда татбиқ этмоғимиз лозим бўлади. Шундагина намозимиз бизни фаҳшу мункарлардан тўсувчи бўлишини ва бизлар учун ундан ажру савоблар келишини умид қилсак бўлади.

Бироқ, мазкур санаб ўтилганларни батафсил билиш кўпчилик намозхонларга, ҳатто муайян мазҳабга боғланиб қолган кўпгина олимларга ҳам муяссар бўлавермайди. Зеро, ҳадисшунос олимлар яхши биладиларки, ҳар бир мазҳабда бошқа мазҳабларда бўлмаган айрим суннатлар (ҳадислар) бор. Шунингдек барча мазҳабларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатланиши тўғри бўлмайдиган айрим сўз ва амаллар ҳам йўқ эмас. Бу нарса кўпроқ мутааххир(кейинги даврдаги)ларнинг китобларида учрайди.[6] Шунинг учун ҳадис уламолари баъзи машҳур фиқҳ китобларида келган ҳадисларнинг саҳиҳ, заиф ёки мавзуъ эканини баён қилиб берувчи тахриж китоблари ёзганлар. Шайх Абдулқодир ибн Муҳаммад ал-Қураший ал-Ҳанафийнинг «Ал-иноя бимаърифати аҳодисил-ҳидоя», «Ат-туруқ вал-васоил фий тахрижи аҳодиси хулосатид-далоил», Ҳофиз Аз-Зайлаийнинг «Насбур-роя лиаҳодисил-ҳидоя», Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг «Дироя», «Талхисул-хабир фий тахрижи аҳодис ар-рофиил-кабир» асарлари шулар жумласидандир.

Китобнинг ёзилиш сабаби

Ушбу мавзуни тўла қамраб олган бирор китобдан воқиф бўлмагач, ибодатларида пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлига эргашишни мақсад қилган мусулмон биродарларим учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг такбирдан саломгача бўлган кайфиятини имкон қадар тўлароқ қамраб олувчи, у зотнинг юқорида ўтган «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар» ҳадисидаги фармонларини рўёбга чиқаришларига ёрдам берувчи бир китоб ёзишни мақсад қилдим ва турли ҳадис китоблардан ушбу мавзуга тааллуқли ҳадисларни текшириш ва жамлашга бел боғладим. Ушбу китоб мана шу ҳаракатларнинг самараси ўлароқ вужудга келди. Унда мен – хоҳ намознинг ҳайъат-кўринишлари хусусида бўлсин, хоҳ ундаги зикру дуолар борасида бўлсин, хоҳ фазилатлар ё бошқа нарсалар ҳақида бўлсин – фақат санади собит (яъни саҳиҳ ва ҳасан) бўлган ҳадисларнигина келтиришни, санадида мажҳуллик бўлган ёки заиф ҳадислардан бутунлай воз кечишни ўзимга шарт қилдим.

Китобни «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг такбирдан саломгача худди кўриб турганингиздек бўлган кайфияти» деб номладим.

Аллоҳ таолодан уни холис Ўзи учун қилишини ва у билан мўмин биродарларимга манфаат етказишини сўрайман. У дуоларни эшитувчи ва ижобат қилувчи зотдир.

Китобнинг услуби

Китобнинг мавзуси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқишдаги йўлларини баён қилиб бериш бўлганидан мен муайян бир мазҳабга боғланмасликни, қадимги ва кейинги муҳаддис уламолар қилганларидек Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган суннатларнигина келтиришни муносиб кўрдим. Шу боис бу китоб ҳадис китоблари ва турли мазҳабларнинг фиқҳий китоблари ичидан мавзуга алоқали бўлган саҳиҳ ҳадисларни териб олувчи ва барчасини ўз ичига жамловчи бир китоб бўлажак, иншааллоҳ.

Ушбу услубни ўзим учун қабул қилар эканман, бу барча тоифа ва мазҳаб аҳлларини ҳам рози қилавермаслигини, улар ичидан менга нисбатан таъна тошлари ва маломат ўқларини отувчи кишилар бўлишини ҳам яхши биламан. Бироқ, нима ҳам қилардик. Ҳаммани бирдек рози қилиш имконсиз бир иш экан. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

«مَنْ أَرْضَى النَّاسَ بِسَخَطِ اللَّهِ وَكَلَهُ اللَّهُ إِلَى النَّاسِ»

«Ким Аллоҳни ғазаблантириб одамларни рози қилса, Аллоҳ уни одамларга топшириб қўяди.»[7]

Шоир айтганидек:

Таънагўйнинг сўзидан қутулмоғим кўп душвор,

Гарчи маконим эрур тоғ бағрида пинҳон ғор.

Одамларнинг тилидан ким ҳам қолур саломат?!

Йиртқичга ем бўлсанг ҳам, ортдан қолмас маломат.

Аллоҳ таоло мўминларга буюрган ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилиб берган энг тўғри йўл шу эканига иймоним комил экани мен учун кифоя. Саҳобалар, тобиинлар ва улардан кейинги улуғ зотлар, жумладан машҳур тўрт мазҳаб имомлари шу йўлни тутганлар ва барчалари суннатни маҳкам тутишга, унга қайтишга ва суннатга зид бўлган ҳар қандай сўзни – уни айтувчи ҳар қанча улуғ шахс бўлса ҳам – тарк қилишга иттифоқ қилганлар. Зотан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънлари барчадан улуғ ва у зотнинг йўллари энг тўғри йўлдир.

Шу боис ушбу китобни ёзиш асносида мен ҳам ўша улуғ зотларнинг тутумларини тутдим, изларидан эргашдим, уларнинг: «Гарчи бизнинг сўзларимизга хилоф бўлса-да, суннатга эргашингиз» деган кўрсатмаларига амал қилдим, суннатни қўйиб бошқалар сўзига кўр-кўрона эргашишдан воз кечиш йўлини тутдим. Аллоҳ у зотларнинг барчаларини улуғ мукофотлар билан мукофотласин.

Мазҳаб бошлиқларининг ҳадисга эргашиш ва уларнинг ҳадисга зид сўзларини тарк қилиш ҳақидаги сўзлари

Шу ўринда мазҳаб имомларининг бу борадаги баъзи сўзларини келтириб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак. Уларнинг мазҳабларига эргашган кишилар бу сўзлардан панд-насиҳат ва эслатма олсалар ажабмас.

1. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ:

Имомларнинг аввали Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит роҳимаҳуллоҳ бўлиб, у зот тарафидан бир неча сўз ва иборалар ривоят қилинганки, уларнинг бари битта нарсани – ҳадисга амал қилиш вожиблиги ва имомларнинг ҳадисга зид сўзларини тарк қилиш лозимлигини ифодалайди:

«إِذَا صَحَّ الْحَدِيثُ فَهُوَ مَذْهَبِي»

1- «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир.»[8]

«لا يَحِلُّ لأحَدٍ أَنْ يَأْخُذَ بِقَوْلِنا ما لَمْ يَعْلَمْ مِنْ أَيْنَ أَخَذْناهُ»

2- «Қаердан олганимизни билмасдан туриб бизнинг сўзимизни олиш ҳеч кимга дуруст эмасдир.»[9]

Бир ривоятда шундай деганлар:

«حَرامٌ عَلَى مَنْ لَمْ يَعْرِفْ دَلِيلِي أَنْ يُفْتِيَ بِكَلامِي»

«Далилимни билмаган кишининг менинг сўзим билан фатво бериши ҳаромдир.»

Бир ривоятда шундай деб қўшиб ҳам қўйганлар:

«فَإِنَّنَا بَشَرٌ نَقُولُ الْقَوْلَ الْيَوْمَ وَ نَرْجِعُ عَنْهُ غَداً»

«Биз ҳам инсонмиз, бугун бир сўзни айтамиз ва (мумкинки) эртага ундан қайтамиз.»

Бошқа бир ривоятда айтганлар:

«وَيْحَكَ يا يَعْقُوب! (هو أبو يوسف) لا تَكْتُبْ كُلَّ ما تَسْمَعُ مِنِّي, فَإِنِّي قَدْ أَرَى الرَّأْيَ الْيَوْمَ وَأَتْرُكُهُ غَداً, وَأَرَى الرَّأْيَ غَداً وَأَتْرُكُهُ بَعْدَ غَدٍ»

«Ҳолингга вой бўлсин эй Яъқуб ( яъни, Абу Юсуф), мендан эшитган ҳар бир сўзни ёзаверма. Чунки мен бугун бир фикрни ихтиёр этсам, (мумкинки) эртага уни тарк қиламан. Эртага бир фикрни ихтиёр этсам, (мумкинки) индинга уни тарк қиламан.»[10]

«إِذَا قُلْتُ قَوْلاً يُخالِفُ كِتابَ اللهِ تَعالَى وَخَبَرَ الرَّسُولِ r فَاتْرُكُوا قَوْلِي.»

3- «Агар мен Аллоҳ таолонинг китобига ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига мухолиф бирор сўз айтган бўлсам, менинг бу сўзимни тарк қилинглар!»[11]

2. Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ:

Имом Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ айтганлар:

«إِنَّما أَنَا بَشَرٌ أُخْطِئُ وَأُصِيبُ, فَانْظُرُوا فِي رَأْيِي فَكُلّ ما وافَقَ الْكِتَابَ وَالسُّنَّةَ فَخُذُوهُ, وَكُلّ ما لمَ ْيُوافِقِ الْكِتابَ وَالسُّنَّةَ فَاتْرُكُوهُ.»

1- «Мен ҳам бир инсонман. Тўғри ҳам айтаман, хатога ҳам йўл қўйяман. Шундай экан, менинг раъйимни текшириб боқингиз ва улардан китобу суннатга мувофиқ келган ҳар бир нарсани қабул қилингиз, қай бир фикрим китобу суннатга тўғри келмаса, уни тарк қилингиз!»[12]

«لَيْسَ أَحَدٌ بَعْدَ النَّبِيَِّ r إِلاَّ وَيُؤْخَذُ مِنْ قَوْلِهِ وَيُتْرَكُ, إِلاَّ النَّبِيّ r.»

2- «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг у зотдан бошқа ҳар қандай инсоннинг сўзи қабул қилиниши ҳам, тарк қилиниши ҳам мумкин.»[13]

3- Ибн Ваҳб айтади: «Имом Молик таҳоратда оёқ бармоқлари орасига қўл киритиб ювиш ҳақида сўралганида: «Бу нарса шарт эмас», деб жавоб берганларини эшитдим ва одамлар сийраклашгач, унга: «Менда бу ҳақда бир ҳадис бор», дедим.

«Қандай ҳадис?» деб сўрадилар.

Мен айтдим: «Бизга Лайс ибн Саъд, Ибн Луҳайъа ва Амр ибн Ҳорислар Язид ибн Амр ал-Маъофирийдан, у Абу Абдурраҳмон ал-Ҳаблийдан, у Муставрид ибн Шаддод ал-Қурашийдан ривоят қилдиларки, у деди: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқ бармоқлари орасини бармоқлари билан ишқалаб юваётганини кўрганман.»

Имом Молик дедилар: «Бу ҳадис ҳасан экан, уни мен энди эшитиб турибман.»

Сўнг қачон шу ҳақда сўралсалар, бармоқлар орасини ишқалаб ювишга буюрганларини эшитдим.»[14]

3. Шофеъий роҳимаҳуллоҳ:

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳдан бу борада кўп ва хўп нақллар борки, қуйида улардан айримларини келтирамиз:

«ما مِنْ أَحَدٍ إِلاَّ وَتَذْهَبُ عَلَيْهِ سُنَّةٌ لِرَسُولِ اللهِ r وَتَعْزِبُ عَنْهُ، فَمَهْما قُلْتُ مِنْ قَوْلٍ أَوْ أَصَّلْتُ مِنْ أَصْلٍ، فِيهِ عَنْ رَسُولِ اللهِ r خِلافُ ما قُلْتُ، فَالْقَوْلُ ما قالَ رَسُولُ اللهِ r ، وَهُوَ قَوْلِي.»

1- «Ким бўлишидан қатъий назар, унга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари етиб борган бўлиши ҳам, бормаган бўлиши ҳам мумкин. Шундай экан, мен қандай бир сўзни айтган ёки қандай бир асосни барпо қилган бўлмай, бу хусусда менинг сўзимга зид Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор ҳадислари бор бўлса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари сўздир ва у менинг ҳам сўзимдир.»[15]

«أَجْمَعَ الْمُسْلِمُونَ عَلَى أَنَّ مَنِ اسْتَبانَ لَهُ سُنَّةٌ عَنْ رَسُولِ اللهِ r لمَ يَحِلَّ لَهُ أَنْ يَدَعَها لِقَوْلِ أَحَدٍ.»

2- «Мусулмонлар ижмоъ (иттифоқ) қилганларки, кимга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор ҳадис маълум бўлса, бирор кимсанинг сўзини деб у ҳадисни тарк этиши мумкин эмасдир.!»[16]

» إِذا وَجَدْتُمْ فِي كِتابِي خِلافُ سُنَّةِ رَسُولِ اللهِ r فَقُولُوا بِسُنَّةِ رَسُولِ اللهِ r , وَدَعُوا ما قُلْتُ. (وفي رواية:) فَاتَّبِعُوها وَلا تَلْتَفِتُوا إِلَى قَوْلِ أَحَدٍ.»

3- «Менинг китобимда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига хилоф сўзни топсангиз, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини сўзлангиз ва менинг сўзимни тарк қилингиз! (Бир ривоятда:) Унга эргашингиз ва ҳеч кимнинг сўзига парво қилмангиз!»[17]

«إِذَا صَحَّ الْحَدِيثُ فَهُوَ مَذْهَبِي.»

4- «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир.»[18]

«كُلُّ مَسْأَلَةٍ صَحَّ فِيها الْخَبَرُ عَنْ رَسُولِ اللهِ r عِنْدَ أَهْلِ النَّقْلِ بِخِلافِ ما قُلْتُ, فَأَنا راجِعٌ عَنْها فِي حَياتِي وَبَعْدَ مَوْتِي.»

5- «Нақл аҳллари (муҳаддислар) ҳузурида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан менинг сўзимга зид бўлган саҳиҳ хабар бор ҳар қандай масалада мен – ҳоҳ ҳаётлигимда, ҳоҳ вафотимдан сўнг бўлсин, – у сўзимдан қайтурман.»[19]

«كُلُّ حَدِيثٍ عَنِ النَّبِيِّ r فَهُوَ قَوْلِي, وَإِنْ لمَ تَسْمَعُوهُ مِنِّي.»

6- «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир ҳадислари – гарчи уни мендан эшитмаган бўлсангиз-да – менинг ҳам сўзимдир.»[20]

4. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ:

«لا تُقَلِّدْنِي وَلا تُقَلِّدْ مالِكاً وَلا الشَّافِعِيَّ وَلا الأَوْزاعِيَّ وَلا الثَّوْرِيَّ, وَخُذْ مِنْ حَيْثُ أَخَذُوا.»

1- «Менга тақлид қилма, Моликка ҳам, Шофеъийга ҳам, Авзоъийга ҳам, Саврийга ҳам тақлид қилма, балки улар олган жойдан ол!»[21]

وفي رواية: «لا تُقَلِّدْ دِينَكَ أَحَداً مِنْ هَؤُلاءِ, ما جاءَ عَنِ النَّبِيِّ r وَأَصْحابِهِ فَخُذْ بِهِ, ثُمَّ التَّابِعِينَ بَعْدُ, الرَّجُلُ فِيهِ مُخَيَّرٌ.»

Бир ривоятда: «Динингда улардан бирортасига тақлид қилма, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳобларидан келган нарсани ол, сўнгра киши тобиъийнлар ортидан (эргашиш борасида) ихтиёрлидир…»

«وقال مرّة: اَلْإِتِّباعُ أَنْ يَتَّبِعَ الرَّجُلُ ما جاءَ عَنِ النَّبِيِّ r وَعَنْ أَصْحابِهِ, ثُمَّ هُوَ مِنْ بَعْدِ التَّابِعِينَ مُخَيَّرٌ.»

Бир ривояда: «Эргашиш – киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва асҳобларидан келган нарсага эргашишлигидир. Сўнгра у тобиъийнлар ортидан (эргашиш борасида) ихтиёрлидир.»[22]

«رَأْيُ الْأَوْزاعِي, وَرَأْيُ مالِكٍ, وَرَأْيُ أَبِي حَنِيفَةَ كُلُّهُ رَأْيٌ, وَهُوَ عِنْدِي سَواءٌ, وَإِنَّما الْحُجَّةُ فِي الْآثارِ.»

2- «Авзоъийнинг раъйи, Моликнинг раъйи, Абу Ҳанифанинг раъйи – барчаси раъйдир. Булар ҳаммаси менинг олдимда тенгдир. Ҳужжат эса фақат осор (ҳадислар)дадир.»[23]

«مَنْ رَدَّ حَدِيثَ رَسُولِ اللهِ r فَهُوَ عَلَى شَفَا هَلَكَةٍ.»

3- «Ким Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисини рад этса, у ҳалокат ёқасидадир.»[24]

Юқорида келтирилганлар мазҳаб бошлиқлари бўлмиш улуғ имомлар роҳимаҳумуллоҳларнинг ҳадисни маҳкам ушлашга бўлган буйруқлари ва уларга кўр-кўрона тақлид қилишдан қайтарган сўзлари эди. Мазкур сўзлар таъвил ва мунозарага ўрин қолдирмайдиган даражада очиқ-равшан экани кўриниб турибди. Уларга кўра, кимки, суннатда собит бўлган нарсани – гарчи, имомларнинг айрим сўзларига хилоф келса-да – маҳкам тутса, уларнинг мазҳабларига айри тушган ва уларнинг йўлларидан чиққан бўлмайди. Балки, у уларга эргашган ва «ал-урватул-вусқо» (мустаҳкам тутқич)ни маҳкам тутган бўлади. Аксинча, имомларнинг сўзларига мухолиф келгани боис саҳиҳ суннатни тарк этган киши бу иши билан уларга итоатсизлик ва уларнинг юқорида ўтган сўзларига хилоф иш қилган бўлади. Аллоҳ таоло айтадики:

فَلاَ وَرَبِّكَ لاَ يُؤْمِنُونَ حَتَّىَ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لاَ يَجِدُواْ فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجًا مِّمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُواْ تَسْلِيمًا

«Йўқ, Раббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнг сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмагунларича ва тўла бўйсунмагунларича асло мўмин бўла олмайдилар.»[25]

” فَلْيَحْذَرِ الَّذِينَ يُخَالِفُونَ عَنْ أَمْرِهِ أَن تُصِيبَهُمْ فِتْنَةٌ أَوْ يُصِيبَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ “

«(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!»[26]

[1] «Наҳл» : 44

[2] Бухорий ва Муслим ривояти

[3] Бухорий ва Аҳмад ривояти

[4] Абу Довуд ривояти

[5] Ибн Муборак «Зуҳд» асарида, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари

[6] Абул Ҳасанот ал-Лакнавий «Ан-нофеъул-кабир лиман ютолиъул-жомиъас-сағир» китобида ҳанафия фиқҳига доир китобларнинг даражаларини ва улардан қайсилари эътимодли, қайсилари эътимодсиз эканини санаб ўтгач, шундай дейди: «Биз санаб ўтган китоблар тартиби фиқҳий масалаларга кўра бўлиб, уларда келтирилган ҳадислар даражаси бу тартибга кирмайди. Чунки, улуғ фуқаҳолар ҳам эътимод қиладиган қанча эътимодли китоблар, хусусан фатво китоблари борки, мавзуъ (тўқима) ҳадислар билан тўлиб-тошган. Чуқур текширишларимиздан сўнг уларнинг соҳиблари гарчи комил зотлардан бўлсалар-да, ҳадислар нақл қилишда мутасоҳил (бўш) кишилардан экани маълум бўлди.»

Мен (Албоний) айтаман: Ана шундай мавзуъ, балки ботил ҳадислардан бири баъзи катта китобларда келган «Ким фарз намозлар қазосини Рамазон ойининг охирги жума куни ўтаб қўйса, бу унинг умридаги етмиш йиллик қазолари ўрнини тўлдиради» ҳадисидир. Ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ «Ал-осорул марфуъа фил-ахборил мавзуъа» асарида мазкур ҳадисни келтириб, «Алий Ал-Қорий ўзининг «Мавзуъот»ида буни қатъан ботил деган, чунки бу гап “Ҳеч бир ибодат бир неча йиллик ибодатлар қазосини ўтай олмайди” деган ижмоъга хилофдир» дейди

[7] Термизий, Қузоъий, Ибн Бишрон ва бошқалар ривояти

[8] Ибн Обидийн «Ҳошия»да (163) ва «Расмул муфтий» рисоласида, Шайх Солиҳ ал-Фуланий «Ийқозул ҳимам»да (62-бет) ва бошқалар ривоят қилишган. Ибн Обидийн Ибн аш-Шиҳнанинг «Шарҳул ҳидоя» китобидан қуйидагиларни нақл қилади: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса ва у мазҳабнинг зиддига бўлса, ҳадисга амал қилинади ва бу имом Абу Ҳанифанинг мазҳаби саналади, у зотнинг мазҳабидаги киши ушбу ҳадисга амал қилиш билан ҳанафийликдан чиқиб қолмайди. Зеро, имомнинг ўзлари: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир» деганлар. Бу сўзни имом Ибн Абдулбар имом Абу Ҳанифадан ва бошқа имомлардан ривоят қилган.»

[9] Ибн Абдулбар «Ал-интиқо фий фазоилис-саласатил-аимматил-фуқаҳо» китобида (145-бет), Ибнул Қоййим «Иъломул-муваққиъийн»да (2309), Ибн Обидийн «Ал-баҳрур-роиқ»қа битган «Ҳошия»сида (6293) ва «Расмул-муфтий»да (29 ва 32-бетлар), Шаъроний «Мезон»да (155) ривоят қилган.

Мен (Албоний) айтаман: Далилларини билмаган ҳолда уларнинг сўзларини ушлаган киши ҳақида шундай деган бўлсалар, далил уларнинг сўзларига қаршилигини билатуриб, далилга қарши фатво берадиган киши ҳақида нима деган бўлар эканлар?!!

[10] Чунки, имом Абу Ҳанифа ўз сўзларини кўпинча қиёс асосига қурар, ундан кўра кучлироқ қиёс чиқиб қолса ёки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари у зотга етса, ўшани олиб, аввалги сўзларини тарк қилардилар.

Шаъроний «Мезон»да (162) шундай ёзади: «Имом Абу Ҳанифа ҳақларидаги бизнинг эътиқодимиз ва ҳар бир инсофли кишининг эътиқоди шуки, фаразан у зот шариат (илмлари) девон қилинган ва ҳофизлар шаҳар-қишлоқларни кезиб, (ҳадисларни) жамлаганларидан сўнг яшаган бўлганларида ва ушбу (ҳадис)лар у зотнинг қўлларида бўлганида эди, албатта уларни олган ва қиёс қилган барча қиёсларини тарк қилган бўлар эдилар ва у зотнинг мазҳабларида ҳам қиёс бошқа мазҳаблардаги каби озроқ бўлган бўлар эди. Бироқ, шариат далиллари у зотнинг асрида тобиинлар ва тобиут-тобиинлар орасида шаҳар-қишлоқлар ва саҳрою водийлар ичра тарқоқ ҳолда бўлгани боис, қиёс қилган масалаларида нас (ҳадис) топилмагани сабабли зарурат юзасидан у зот мазҳабларида бошқа имомларга нисбатан қиёс кўп бўлган эди. Кейинги имомлар асри эса ҳофизлар ҳадисларни талаб қилиш ва жамлашга бел боғлаган, бу мақсадда шаҳар ва қишлоқларга сафарлар қилишиб, уларни китоблар шаклига келтиришга улгуришган давр эди. Уларнинг мазҳабларида имом Абу Ҳанифа мазҳабларига нисбатан қиёснинг кам экани сабаби шу эди.»

Таққослаш учун эслатма: Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ 80-150 ҳижрий йилларда яшаб ўтган бўлсалар, қолган уч мазҳаб имомлари – Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ 150-204 ҳижрий йилларда, имом Молик роҳимаҳуллоҳ 93-179 ҳижрий йилларда, имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ 164-241 ҳижрий йилларда яшаб ўтганлар. Машҳур муҳаддис уламолардан имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ 194-256 ҳижрий йилларда, имом Муслим роҳимаҳуллоҳ 204-261 ҳижрий йилларда, имом Термизий роҳимаҳуллоҳ 209-279 ҳижрий йилларда яшаб ўтганлар. (Тарж.)

Мен (Албоний) айтаман: Баъзи ўринларда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ ҳадисларга қасдсиз ва беғараз мухолиф бўлганлари борасидаги узрлари шундай бўлса – бу эса шубҳасиз, мақбул узрдир, зеро Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани юкламас – у зот ҳақларида айрим жоҳил кимсалардан содир бўлаётгани каби таъна-маломат сўзларини айтиш асло дуруст бўлмайди, балки у зотга нисбатан одоб сақламоқ лозимдир. Чунки у зот ушбу диннинг сақланиб қолишига ва унинг фаръ (шоҳ)лари бизларгача етиб келишига сабаб бўлган улуғ имомлардан биридирлар ва ҳар қандай ҳолатда ҳам, тўғри топган бўлсалар ҳам, хато қилган бўлсалар ҳам ижтиҳодлари боис ажрга эга бўлгандирлар. Бироқ, шу билан бирга у зотга эргашган кишилар у зотнинг саҳиҳ ҳадисга зид сўзларига тиш-тирноқлари билан ёпишиб олишлари ҳам дуруст эмасдир, зеро бундай қилиш юқоридаги сўзларига қараганда ҳам у зотнинг мазҳабларидан эмасдир

[11] Ал-Фуланий «Ийқоз»да (50-бет) келтирган.

Аш-Шаъроний «Мезон»да (126) шундай ёзади: «Агар сиз: «Имомим (мазҳаб бошлиғи)нинг вафотидан сўнг саҳиҳлиги маълум бўлган ва имомим олмаган ҳадисларни нима қиламан?», десангиз, жавоб шуки, сиз ўша ҳадисларга амал қилишингиз лозим. Чунки, имомингиз ўша ҳадисларга эга бўлганида ва улар унинг наздида саҳиҳ бўлганида, сизни уларга амал қилишга буюрган бўлар эди, албатта. Чунки барча имомлар шариат қўлида тобеъдирлар. Ким у ҳадисларга амал қилса, шубҳасиз, яхшиликни қўшқўллаб тутган бўлади. Кимки: «Мен фақат имомим олган ҳадисларгагина амал қиламан» деса, у кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди. Ҳолбуки, бу кишилар имомлари ўтиб кетганидан сўнг саҳиҳлиги маълум бўлган ҳар бир ҳадисга ўша имомларнинг ўз васиятларига кўра амал қилишлари лозим эди. Чунки, бизнинг у имомлар борасидаги эътиқодимиз шуки, агар улар яшаган даврда мазкур ҳадисларнинг саҳиҳлиги маълум бўлса эди, албатта уларни қабул қилган ва уларга амал қилган ҳамда қиёс қилган қиёсларини ва айтган сўзларини тарк қилган бўлур эдилар.»

[12] Ибн Абдулбар «Жомеъ»да (232), Ибн Ҳазм «Усулул-аҳком»да (6149) келтирган

[13] Ибн Абдулҳодий «Иршодус-солик»да (1227), Ибн Абдулбар «Жомеъ»да (291), Ибн Ҳазм «Усулул-аҳком»да (6145) келтирган

[14] Ибн Абий Ҳотимнинг «Жарҳ ва таъдил»и муқаддимаси, 31, 32-бетлар.

[15] Ҳоким ривоят қилган, шунингдек Ибн Асокирнинг «Тарихуд-Димашқ»ида, «Иъломул-муваққиъийн»да ва «Ийқоз»да келтирилган

[16] Ибнул Қоййим (2361) ва Ал-Фуланий (68-бет.)

[17] Ал-Ҳаравий «Заммул-калом»да, Ал-Хатиб «Ал-иҳтижож биш-Шофеъий»да, Ан-Нававий «Ал-мажмуъ»да, Ибн Асокир, Ибнул Қоййим ва Ал-Фуланий ривоят қилганлар

[18] Ан-Нававий «Ал-мажмуъ»да, Аш-Шаъроний (157) ва Ал-Фуланий (107- бет) ривоят қилганлар

[19] Абу Нуъайм (9107), Ҳаравий (471), Ибнул Қоййим «Иъломул муваққиъийн»да (2363) ва Ал-Фуланий (104-бет) ривоятлари

[20] Ибн Абий Ҳотим, «Ал-одоб» (93-94-бетлар)

[21] Ибнул Қоййим, «Иъломул муваққиъийн» (2363), Ал-Фуланий, «Ийқоз» (113-бет)

[22] Абу Довуд, «Масоилул имом Аҳмад» (276, 277-бетлар.)

[23] Ибн Абдулбар, «Ал-жомеъ» (2149)

[24] Ибнул Жавзий, «Ал-маноқиб» (182-бет)

[25] «Нисо» сураси, 65-оят

[26] «Нур» сураси, 63-оят.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.