Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бадном қилиш (2)

Севикли дўстларим! Юқорида ўтганлардан маълум бўлдики, аёлини зино устида
топган, бироқ бунга далил-исбот (тўртта гувоҳ) келтира олмаган эркак киши учун
лиъон (лаънатлашув) дали-исбот ўрнига ўтади.

Лиъондан сўнг қуйидаги ҳукмлар жорий қилинади:

1) Эр-хотинни ажратиб юборилади;

2) Хотин эрга умрбод ҳаром бўлади;

3) Фарзандни унга нисбат берилмайди;

4) Бадномчи (туҳматчи)га бериладиган жазо ундан соқит бўлади;

5) Хотинга ражм (тошбўрон қилиниш) вожиб бўлади.

Агар хотин ҳам лаънатлашса ва эрини ёлғончи деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик берса, бешинчисида агар эри рост айтаётган бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўраса, унга бу лаънатлашуви ортидан фақат битта ҳукм, яъни ундан жазонинг соқит бўлиши жорий бўлади.

Бировни бадном қилишнинг ҳукми шудир, бадномчига дунёда бериладиган жазо шудир.

Охиратдаги жазоси ҳам жуда оғир бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У кунда (қиёматда) қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур. Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг аниқ-ҳақ эканини билурлар» (Нур: 23-25).

Тўртинчи: Жирканч туҳматга бир мисол

Иффат соҳибаси, тоҳира ва покиза зот, Сиддиқа бинт Сиддиқа Оиша розияллоҳу анҳога нисбатан ана шундай жирканч туҳмат воқеаси содир бўлган эди..

Келинг, бу воқеани мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг ўзларидан эшитайлик:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқишни истасалар, аёллари ўртасида қуръа ташлардилар ва қуръа кимга тушса, ўша аёлларини ўзлари билан бирга олардилар. Бир ғазотларида қуръа ташлаганларида қуръа менга тушиб, у зот билан бирга чиқдим. Бу воқеа ҳижоб ояти тушганидан кейин бўлганди. Мени ҳавдажимда (туяга ўрнатиладиган, аёллар учун махсус тахтиравонда) кўтариб юришар ва ҳавдаж билан бирга туширишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ғазотларидан фориғ бўлганларидан сўнг қайтдилар. Мадинага яқинлашган (ва дам олишга тушган) эдик, тунда йўлга отланишга эълон бўлди. Йўлга отланишга чақиришган пайт мен туриб, қўшиндан четроққа чиқдим. Ҳожатимни ўтагач, карвонга қайтдим. Кўкрагимни ушлаб кўриб, маржоним тушиб қолганни билдим. Орқага қайтиб, маржонимни қидириш билан овора бўлиб, анча ушланиб қолдим.

Менинг ҳавдажимни юклаб-туширишга бириктирилган кишилар келиб, мени ҳавдаж ичида деб ўйлаб, ҳавдажимни мен миниб юрадиган туяга ортиб қўйибдилар. Ўша вақтда жуда кам таом ейишгани учун аёллар енгил, этсиз, ориқ бўларди. Шунинг учун одамлар ҳавдажни кўтариб ортишганда унинг енгиллигини сезишмаган. Қолаверса, мен ҳали кичик ёшли қиз эдим. Улар туяни ўрнидан қўзғотиб, кетиб қолишибди.

Мен маржонимни топганимда қўшин йўлга чиқиб кетган, қайтиб келсам, у ерда ҳеч ким йўқ экан. Мен ўзимнинг жойимга келиб ўтирдим ва одамлар менинг йўқлигимни билиб, қидириб келиб қолишса керак, деб ўйладим.

Ўтирган жойимда кўзим илиниб, ухлаб қолибман.

Сафвон ибн Муаттал ас-Саламий аз-Заквоний қўшиннинг ортидан келарди. У кечаси йўлга тушиб, тонг пайти мен турган жойга етиб келибди. Ухлаб ётган кишининг қорасини кўриб, менинг олдимга келиб, мени танибди. Ҳижоб (фарз бўлиши)дан олдин у мени кўрган эди. У мени таниб истиржо айтди (яъни, «Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожиуун» деди). Мен унинг истиржосидан уйғониб кетдим. Юзимни жилбобим (ҳижобим) билан ёпдим. Аллоҳга қасамки, у менга бирор сўз айтмади, истиржосидан бошқа бирор сўзни ундан эшитмадим.

У туясини чўктирди. Туя чўккач, мен унга миндим. У туяни етаклаб йўлга тушди ва қўшинга кун қиздира бошлаган пайт, лашкар дам олишга тўхтаган пайтларида етиб келдик. Шундан сўнг менинг шаънимда одамлар бўлмағур гапларни гапиришибди. Бўхтоннинг каттасини бошлаган Абдуллаҳ ибн Убай ибн Салул эди…»

Ушбу узун ҳадисни Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар.

Баъзи ривоятларда келишича, Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Сафвон ибн Муаттал розияллоҳу анҳуни уммул-муъминийн розияллоҳу анҳо минган туяни етаклаб келаётганини кўриб:

«Ким бу?», деб сўради.

Улар: «Оиша (розияллоҳу анҳо)», дейишди.

Шунда мунофиқлар бошлиғи: «Аллоҳга қасамки, бу ундан, у эса бундан саломат қолмаган!», деди.

Кейин: «Пайғамбарларингнинг аёли эрталабгача бир эркак билан кечани ўтказди, кейин у уни олиб келмоқда», деди.

Нақадар ифлос ва нопок сўзлар бўлмаса бу сўзлар!!

Нақадар оғир ва гуноҳга ботирувчи сўзлар эди бу!! Мунофиқнинг оғзидан учган бу бадбўй сўзлар мунофиқлар орасига ёйилди.. Бу орада айрим мусулмонлар ҳам ҳалокат жарига қулаб, уларнинг тиллари ҳам бу бўҳтонни тортқилай бошлади!

Мадинаи мутоҳҳара бир ой ушбу аламли хабар тўлқини остида қолди!!

Аллоҳу акбар.. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонлари ҳақида туҳматга қолсалар!! Яна ким хусусида денг?!

Чин дилдан севган жуфтиҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо ҳақларида!!

Покликлари бутун оламга тўлиб-тошган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зот ўз тўшаклари поклигида туҳматга қолсалар!!

Бутун умматга ҳурматларни асраш борасида васий бўлган зот ўз ҳурматларини асрай олмасик билан айблансалар!!

Оиша ҳақларида туҳматга тутилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ҳамма нарсада туҳматга қолиш дегани эди!!

Тўшаклари поклигида туҳматланиш.. Ўз шарафлари ҳақида туҳматланиш.. Қалблари (севгиси)да туҳматланиш.. Пайғамбарликларида туҳматланиш деганини англатар эди бу!!

Ёлғиз Ўзига маълум бўлган ҳикматга кўра, Аллоҳ таоло тўла бир ой бу ишни тек қўйди ва бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оят нозил қилмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса тоғлар ҳам кўтаришга бардоши етмайдиган аламни бошдан кечирардилар!

Тоҳира ва Сиддиқа зот, юксак поклик ҳукм сурган хонадонда тарбия топган Оиша розияллоҳу анҳо ҳар қандай аёл учун энг азиз саналган шараф ва поклик хусусида туҳматга қолган эди!

Ислом боғида ва ваҳий бўстонида очилган у покиза чечак ўз иймони ҳақида туҳматга қолганди!

Абу Бакр Сиддиқ ҳам аламдан тилка-пора бўлаёзган эди!

Ахир у ор-номуси хусусида туҳматга учраган эди! Ким ҳақида денг?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, дўсти, ҳабиби, набийси бўлган зотга жуфтиҳалол бўлган қизи шаънида туҳматга қолган эди!!

Бу улкан сабр-бардош эгаси алам-аччиқ билан айтарди: «Аллоҳга қасамки, жоҳилиятда ҳам бундай туҳматга қолмаган эдик, энди Исломда қандай бунга рози бўлайлик?!».

Улуғ саҳобий, тоҳир ва пок зот, Аллоҳ йўлидаги мужоҳид Сафвон ибн Муаттал ўз Пайғамбарига хиёнат қилишда айбланаётган эди!! У бу билан ўз Исломида, шарафида ва омонатида туҳматланаётган эди!

Аллоҳу акбар.. Сўзнинг хатари нечоғлик ёмон-а!!.

Яна онамизнинг, уммул-муъминийн Оиша розияллоҳу анҳонинг сўзларига қайтамиз. Одамларнинг ўз шаънларида шундай бўҳтон гапларни гапириб юришганини билганларидан кейинги ҳолатларини шундай ифодалайдилар:

«Буни эшитиб мен: «Субханаллоҳ, одамлар шундай деб гапириб юришибдими?!», дедим.

Сўнгра шу кеча тонг отгунча йиғлаб чиқдим, кўз ёшим тинмади, кўзимга уйқу қўнмади. Йиғлаган ҳолда тонг оттирдим.

Ваҳий келиши узоқлашиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳлларидан ажралиш ҳақида маслаҳатлашишга Алий ибн Аби Толиб ва Усома ибн Зайдни чақирдилар.

Усома ибн Зайд Расулуллоҳ аҳли-оилаларининг поклигини билгани ва дилида уларга нисбатан муҳаббат бўлгани учун: «Ё Расулуллоҳ, улар аҳлингиздир, Аллоҳга қасамки, биз улардан фақат яхшиликни биламиз», деди.

Алий ибн Аби Толиб эса: «Аллоҳ таоло сизни аёллардан қисмаган. Ундан бошқа аёллар ҳам кўп», деди…

… Шу куни ҳам менинг кўз ёшим тинмади, кўзимга уйқу қўнмади. Эртаси куни ҳам кўз ёшим тинмади, кўзимга уйқу қўнмади, ҳатто йиғи жигаримни тилка-пора қилиб юборса керак, деб ўйладим.

Ота-онам менинг олдимга ўтиришган, мен эса йиғлаётган эдим, бир ансорий аёл киришга изн сўради. Мен унга изн бердим. У ҳам келиб, мен билан бирга йиғлаб ўтирди.

Шу ҳолда эканмиз, тўсатдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келиб, салом бердилар ва ўтирдилар.

Мен ҳақимда гап-сўзлар тарқалганидан бери олдимда ҳеч ўтирмаган эдилар.

Бир ойдан бери мен ҳақимда у кишига бирор нарса ваҳий қилинмаган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирганларидан сўнг шаҳодат калималарини айтдилар, сўнг шундай дедилар:

«Аммо баъд, эй Оиша, менга сен ҳақингда шундай-шундай гаплар етди. Агар сен бу гаплардан пок бўлсанг, Аллоҳ тез орада сенинг поклигингни кўрсатади. Агар гуноҳга қўл урган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, тавба қил. Чунки, банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тугатгач, кўз ёшларим таққа тўхтади ва бир томчи ҳам ёш оққанини сезмадим. Сўнг отамга: «Менинг ўрнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига жавоб беринг», дедим.

Отам: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима дейишни билмайман», деди.

Кейин онамга: «Менинг ўрнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб беринг», дедим.

Онам ҳам: «Аллоҳга қасамки,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима дейишни билмаяпман», деди.

Шунда мен дедим: «Мен кичик ёшли қизман. Қуръондан кўп нарса ўқиёлмайман. Аллоҳга қасамки, билишимча, сизлар бу гап-сўзни эшитганингиздан сўнг у дилингизга ўрнашиб, ҳатто сизлар унинг ростлигига ишониб ҳам қолибсизлар. Агар мен ҳозир сизларга: «Мен бундан покман» десам ҳам – поклигимга эса Аллоҳнинг Ўзи шоҳид – сизлар менга ишонмайсизлар, агар гуноҳни эътироф этсам – Аллоҳ Ўзи менинг бу гуноҳдан поклигимни яхши билиб турибди – сизлар бунга ишонасизлар. Қасамки, мен сизлар билан ўртамиздаги ҳолатга Юсуфнинг отаси айтган қуйидаги сўзлардан бошқа ўхшаш тополмайман: «Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир» (Юсуф: 18)».

Шундан сўнг тескари ўгирилиб, ётиб олдим. Аллоҳга қасамки, мен шу пайтда ўзимнинг поклигимни ва Аллоҳ мени албатта поклашини билиб турардим.

Лекин, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мен ҳақимда тиловат қилинадиган оят нозил қилишини ҳеч ўйламаган эдим. Ўзимни Аллоҳ таоло Қуръонда менинг ишим ҳақида сўзлашидан ҳақирроқ деб кўрардим.

Лекин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир туш кўриб, шу тушларида Аллоҳ таоло мени оқласа керак, деб ўйлардим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали ўринларидан қўзғалмасларидан, уйдагилардан бирортаси чиқмасидан туриб Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига оят нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келгандаги оғриқли ҳолат содир бўлди. Ҳатто, нозил қилинаётган Сўзнинг оғирлигидан у зотдан совуқ кунда тер маржондек оқа бошлади.

Ваҳий тушиш ҳолати кўтарилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларида табассум порлаб, энг аввал айтган сўзлари: «Хушхабар, эй Оиша, дарҳақиқат, Аллоҳ Ўзи сени оқлади!», дейиш бўлди.

Шунда онам менга: «Тур, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бор!», деди.

Мен: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, у киши учун турмайман, фақат Аллоҳга ҳамд айтаман, У менинг поклигимни эълон қилиб, оят нозил қилди», дедим. Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

«Шак-шубҳасиз бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир. (Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!» десалар бўлмасмиди?! Улар (яъни Оишани бандом қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Энди агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар. Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, албатта сизларни тинмай сўзлаган нарса — бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир). Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!» десангизлар бўлмасмиди?! Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур. Ва Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат соҳибидир. Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати ва Аллоҳнинг меҳрибон ва раҳмли экани бўлмаса эди (албатта сизларга бу қилмишларингиз учун азобни нақд қилган бўлур эди)». (Нур: 11-20).

(Шундан сўнг Мистаҳ ибн Асоса, Ҳассон ибн Собит ва Ҳамна бинт Жаҳш каби бадномчиларга саксон даррадан урилди).

Ушбу жирканч ва қоп-қора сурат – бўҳтон сурати муқобилида энди бир бошқа, бу сафар нурли бир суратни кўриб ўтайлик.

Бу ҳали ўн ёшдан ҳам ошмаган бир болакай билан бўлган ҳодисадир.

Бу боланинг исми Умайр ибн Саъд бўлиб, отаси вафот этиб кетган, онаси Жулос ибн Сувайд исмли бир бадавлат кишига турмушга чиққан эди. Жулос Умайрни қаттиқ яхши кўрарди.

Ҳижратнинг тўққизинчи йили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни Табук ғазотига ҳозирланишга буюрдилар. Содиқ мўминлар бу ишда кимўзарга мусобақага киришдилар, мунофиқлар эса ялқовлик қилдилар. Мўмин йигитча Умайр ибн Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларини бажо келтириш йўлида бор мулкларини сарфлаётган содиқ мўминлар ҳақида кўрган-эшитган нарсаларини Жулосга келиб айтиб берарди.

Шу аснода Жулоснинг оғзидан кишини бир даъфада Исломдан чиқариб, куфрга улоқтирадиган ёмон бир гап чиқди. У Умайрга: «Агар Муҳаммад пайғамбарлик даъвосида ҳақ бўлса, биз эшаклардан ҳам баттар эканмиз!!», деди.

Йигитча Жулосга юзланиб: «Эй Жулос, Аллоҳга қасамки, ер юзида мен учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин сиздан кўра суюклирок инсон йўқ эди. Сиз мен учун энг афзал, кўп яхшиликлар кўрсатган кишисиз. Бироқ, сиз ҳозир шундай бир гапни айтдингизки, уни фош этсам, сизни шарманда қилган бўламан. Агар ичимга ютиб кетсам, омонатга хиёнат қилиб, жонимни ҳам, динимни ҳам ҳалокатга ташлаган бўламан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, сизнинг гапингизни етказишга қарор қилдим. Ўзингизга ҳушёр бўлинг», деди. Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, Жулос ибн Сувайднинг гапларини айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз олдиларида қолдириб, асҳобларидан бирини Жулосни чақириб келишга юбордилар. Жулос келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бериб, у зотнинг олдиларида ўтирди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умайр ибн Саъд сендан эшитган гап тўғрими?!», дедилар ва боланинг гапини айтдилар.

«У ёлғон айтибди, ё Расулуллоҳ. Менинг оғзимдан бу гапларнинг биронтаси ҳам чиққани йўқ. Мен Аллоҳ номига қасам ичаманки, сизга Умайр етказган гапдан биронтасини ҳам айтмаганман», деди Жулос.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умайрга қарадилар. Унинг юзи қип-қизариб кетган, кўзларидан шошқатор ёш оқиб, ёноқларига, ундан кўкрагига томар, тили эса: «Эй Аллоҳ, Пайғамбарингга менинг сўзларим ҳақлигини билдиргайсан», деб илтижо қилар эди.

Аллоҳ таоло бу мўмин йигитчанинг дуосини қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий тушиш ҳолати зоҳир бўлди. Ҳамма нафасини ичига ютиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тикилганларича жим бўлиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқиб бердилар:

«Улар (яъни, мунофиқлар сизга етиб келган ҳақорат сўзларини) айтмаганликларига қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини аниқ айтган эдилар ва исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтган эдилар ҳамда ўзлари етолмаган нарсага қасд қилган эдилар. Улар (мунофиқлар) Аллоҳ ва Унинг пайғамбари уларни фақат Ўз фазлу карамидан бой-бадавлат қилиб қўйгани учунгина (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини) ёмон кўрдилар, холос. Бас, энди агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши бўлур. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунёю охиратда аламли азоб билан азоблар ва улар учун ер юзида бирон дўст ва ёрдамчи бўлмас!» (Тавба: 74).

Эшитган оятлари даҳшатидан қўрқувга тушган Жулос титраб-қалтираб: «Мен тавба қиламан, ё Расулуллоҳ! Мен тавба қиламан, ё Расулуллоҳ! Умайр тўғри айтди ё Расулуллоҳ! Мен ёлғон сўзладим!», дея бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болакайга юзландилар. Қувонч ёшлари иймон нури ила йўғрилган юзини юваётган Умайрнинг қулоқларини муборак қўллари билан тутиб: «Қулоқларинг эшитганига вафо қилди, Раббинг сени тасдиқлади эй Умайр», дедилар (Суютий, Ибн Аби Ҳотим, Ибн Аби Шайба, Ибн Исҳоқ ва бошқалар ривоят қилганлар. Қаранг: Ибн Касир: Тафсирул-қуръанил-азийм: 2/371).

2011 йил 17-март

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.