Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Рамазоннинг тарихи, одоблари

Муаллиф: Шайх Атийя Муҳаммад Солим
Мадина Шаръий Маҳкамаси қозиси бўлиб ишлаган

Араб тилидан Муҳаммад Исмоил таржимаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбарлар сўнггиси саййидимиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ҳамда у зотнинг аҳлу асҳобига салавоту саломлар бўлсин. Уларга эргашган, уларни дўст тутган ҳидоят имомларидан, улар қатори бизлардан ҳам Аллоҳ рози бўлсин, барчамизни Ўзи суйган ва рози бўладиган амалларга муваффақ айласин.. Аммо баъд…

Асри саодатда мусулмонлар Рамазон ойини ўзгача бир муштоқлик билан кутиб олишар, унга қаттиқ аҳамият беришар, унинг келишидан бошлари осмонга етгудек қувониб, алоҳида тайёргарлик кўришар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қилардилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ражаб ойи кирганида: «Парвардигоро, Ражаб ва Шаъбонни бизлар учун баракотли қилгин ва бизларни Рамазонга етказгин» деб дуо қилардилар. (Имом Аҳмад, Табароний, Байҳақий ривоятлари).

Мусулмонлар уни: «Парвардигоро, Рамазон ойи кириб келмоқда. Уни бизга, бизни унга саломат етказгин, унинг рўзаси ва таровеҳларини бизга насиб айла. Унда бизни ибодатга астойдил бел боғлашимизга муваффақ қилиб, ялқовлик ва сустликдан узоқ қил. Унда бизни фитналардан асра» деган илтижолар билан кутиб олишарди.

Чунки улар Рамазоннинг фазилатини, бу ойда ўзларига бўладиган Аллоҳнинг фазлу марҳаматларини, Аллоҳ таоло бандаларига мўл-кўл раҳматини туширишини, улар устига файзу баракотини ёғдиришини, ризқи рўзларини сероб қилишини ҳамда уларни гуноҳ-хатолардан асрашини яхши билардилар. Чунки, бу ойда улар учун жаннатларнинг дарвозалари очилиб, жаҳаннам қопқалари беркитилади. Бу ой Ислом уммати учун фасли баҳор, ибодатлар мавсуми, яхшиликлар бозоридир. Мўмин учун бу ойдан афзали йўқ, бу ойда қилинган амаллардан афзалроқ амал йўқ. Бу, ҳақиқатан, мўминлар учун ғанимат ойидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَظَلَّكُمْ شَهْرُكُمْ هَذَا، بِمَحْلُوفِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا مَرَّ بِالْمُسْلِمِينَ شَهْرٌ قَطُّ خَيْرٌ لَهُمْ مِنْهُ وَمَا مَرَّ بِالْمُنَافِقِينَ شَهْرٌ قَطُّ أَشَرُّ لَهُمْ مِنْهُ، بِمَحْلُوفِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللَّهَ لَيَكْتُبُ أَجْرَهُ وَنَوَافِلَهُ وَيَكْتُبُ إِصْرَهُ وَشَقَاءَهُ مِنْ قَبْلِ أَنْ يُدْخِلَهُ، وَذَاكَ لِأَنَّ الْمُؤْمِنَ يُعِدُّ فِيهِ الْقُوَّةَ مِنْ النَّفَقَةِ لِلْعِبَادَةِ وَيُعِدُّ فِيهِ الْمُنَافِقُ ابْتِغَاءَ غَفَلَاتِ الْمُؤْمِنِينَ وَعَوْرَاتِهِمْ، فَغُنْمٌ يَغْنمُهُ الْمُؤْمِن (رواه أحمد وابن خزيمة).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

«Сизларга ушбу ойингиз кириб келмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасамёд қилувчи Зотга (Аллоҳга) қасамки, мусулмонларга бу ойдан кўра яхшироқ ой, мунофиқлар учун эса бу ойдан кўра ёмонроқ ой асло келмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасамёд қилувчи Зотга қасамки, албатта, Аллоҳ бу ойнинг ажру савобини ва инъомларини, ҳамда унинг гуноҳ ва бахтсизликларини уни киритмасдан илгариёқ ёзиб қўяди. Зеро, мўмин киши бу ойда ибодат қилиш учун (аввалдан) куч-қувватни ҳозирлаб қўяди, мунофиқ эса бу ойда (имкони бўлди дегунча зиён етказиш мақсадида) мўминларнинг ғафлат ва заифлик онларини пойлаб юради. Бу мўмин учун ғанимат фурсатдир.» (Имом Аҳмад ва Ибн Хузайма ривоятлари).

Зотан, бу ой мўмин учун ибодатлари ғанимат бўлган ойдир, унда намоз ва садақотларнинг ажри бир неча баробар зиёда қилинади, рўза билан биргаликда таровеҳ намозлари ажридан фойдаланиб қолиш имкони берилади, мўмин киши унда Қуръон тиловатига, иймоний мажлисларга интилади, келгуси йилгача етарли руҳий-маънавий озуқа жамғаради. Шу боисдан ҳам салафларимиз Рамазонга етказишини сўраб олти ой Аллоҳга дуо қилишар, Рамазонга етгач, бу ойда ўзларига тавфиқ, жидду жаҳд ва ғайрат тилашар ва Рамазондан кейин олти ой рўзаларини қабул қилишини сўраб дуо қилишар эди.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг фазилатидан маҳрум бўлган одам энди бошқа ойларда ҳаргиз унга етолмаслигини, Рамазонда гуноҳлари мағфират қилинмаган инсонни Аллоҳ жаҳаннамнинг узоқ қаърига улоқтиришини хабар берганлар.

Бир куни минбарга кўтарилиб: «Омин… Омин… Омин…» дедилар. Саҳобалар бундай дейишларининг сабабини сўрашганда: «Ҳузуримга Жаброил келиб: Ким Рамазон ойига етса-ю, гуноҳлари мағфират қилинмаган бўлса, Аллоҳ уни (Ўз раҳматидан) узоқлаштириб, дўзахга улоқтирсин, “Омин” денг, деди, мен “Омин” дедим. Ким ота-онасини ёки улардан бирини (кексалик пайтларида) топган бўлса-ю, (уларни норози қилиб) гуноҳлари кечирилмаган бўлса, Аллоҳ уни (Ўз раҳматидан) узоқлаштириб, дўзахга улоқтирсин, “Омин” денг, деди, мен “Омин” дедим. Ким сизнинг номингиз зикр этилганда сизга салавот айтмаса, Аллоҳ уни (Ўз раҳматидан) узоқлаштириб, дўзахга улоқтирсин, “Омин” денг, деди, мен “Омин” дедим.», дедилар. (Табароний, Байҳақий, Абу Яъло, Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Ажабо, Жибрил алайҳис-саломдек ваҳий ва раҳмат фариштаси бўлган зот Рамазон ойига етиб, гуноҳлари кечирилмаган мусулмон банда ҳақида «Аллоҳ уни дўзахнинг қаърига улоқтирсин» дебдилар, деган фикр кўнгилдан кечади. Лекин, Рамазоннинг фазилатларини тааммул қилиб кўрсак ва унинг хосиятларини ўргансак, ҳақиқатан унинг раҳмат ва мағфират ойи эканини, унда мағфират ва раҳматга сабаб бўлувчи тоат-ибодатлар бисёр ва муяссар эканини, хоҳлаган киши бунга осонгина эришиши мумкинлигини, ва шу билан бирга ёмонлик омиллари чекланган, шайтонлар занжирбанд этилган, Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб турган, Аллоҳ ҳар кеча дўзахдан ўзи хоҳлаганча одамни озод қилиб турган, жаннат дарвозаларининг ҳаммаси очиб қўйилган, дўзах эшиклари ёпиб қўйилган эканини, шунчалар имкониятлар бўлишига қарамасдан ушбу кимса гуноҳларининг кечирилишига эришмаганини билгач, ажабланишимиз ўз-ўзидан ғойиб бўлади. Ахир, шунчалар шароитлар муҳайё бўлатуриб, кимки Аллоҳнинг раҳматига эришолмаган бўлса, унда қачон эришади. Кимки шу ойда мағфиратга лойиқ бўлолмаса, энди қачон лойиқ бўлади?! Ким даромад мавсумида фойда ўрнига зиён қилса, унда қачон фойда қилади?! Ким денгизда чўмилиб, тозаланмаган бўлса, унда қаерда тозаланади?!

Худди шунга ўхшаш, кимки Рамазонда тавба билан, гуноҳлардан тийилиш, Аллоҳнинг ибодатига қайтиш, дуо ва илтижолар билан гуноҳларининг кечирилишига эришмаса, унда қачон эришади?! Минг ойдан яхшироқ бўлган бир кечада бу шарафга ноил бўлмаса, унда қачон ноил бўлади?! Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари мазмунига ўхшаб кетадики:

مَنْ لَمْ تَنْهَهُ صَلاتُهُ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ، لَمْ يَزْدَدْ مِنَ اللَّهِ إِلا بُعْدًا

«Кимни намози фаҳшу мункардан қайтармаса, унинг Аллоҳдан узоқлашиши яна ҳам зиёда бўлади.» (Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Яъни, бир кунда беш бор Парвардигорининг ҳузурида туриб, У зотга муножот қилиши ўз нафсига таъсир ўтказмаса, ким энди уни ёмонликдан тия олади?!! Рўза хусусидаги гап ҳам худди шунинг ўзи!

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир мўмин устидаги ҳақлари нақадар буюк ва Аллоҳнинг ҳузурида қадрлари қанчалар улуғ бўлгани ҳолда, Аллоҳ бу умматга ва бутун инсониятга ато этган яхшиликларни у зотнинг қўллари билан етказгани, бизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган бирон бир яхшилик борки унга йўллаганлари, бизларни Аллоҳдан узоқлаштирадиган бирон бир ёмонлик борки ундан огоҳлантирганлари ҳолда, Аллоҳ таоло у зотга салавот ва салом айтишимизга буюриб, ким бир марта салавот айтса унга ўнта салавот айтишни ваъда қилган бўлса-ю, номлари зикр қилинган пайтда у зотга салавот айтмаган ёки унга бепарво қараган одам куфрони неъмат ва нонкўрлик қилган бўлади, Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиб, жаҳаннамга улоқтирилишга лойиқ бўлади.

Шунингдек, ким дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасини топган бўлса-ю, уларни ўзининг жаннатга киришига сабабчи қилолмаса – ҳолбуки, жаннат оналар оёқлари остида – ота-онага яхшилик қилмасдан уларга оқ бўлса, бу одам ҳам ҳақиқатан, Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиб, дўзахга улоқтирилишга лойиқдир.

Мазкур учта иш – Рамазон ойи, ота-онага яхшилик қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари зикр қилинганда салавот айтиш жаннатга кириш сабабларидан ва дўзахдан узоқлаштирувчи ишлардан бўлиши жиҳатидан бир ўринда келтирилиши диққатни тортади. Зеро, ота-онанинг ҳаққи Аллоҳнинг ҳаққи билан боғлиқ ва ёнма-ён:

{وَقَضَى رَبُّكَ أَلا تَعْبُدُوا إِلا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً}

«Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди.» (Исро:23).

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зикрлари Аллоҳнинг зикри билан боғлиқ ва ёнма-ён. Худди шу каби, Рамазон ҳам ҳаққи улуғ ва фазли зиёда бўлгани учун ҳамда бу ойда ислом умматига ато этилган улуғ хосиятлар туфайли улар билан ёнма-ён келтирилди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أُعْطِيَتْ أُمَّتِي خَمْسَ خِصَالٍ فِي رَمَضَانَ لَمْ تُعْطَهَا أُمَّةٌ قَبْلَهُمْ خُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللَّهِ مِنْ رِيحِ الْمِسْكِ وَتَسْتَغْفِرُ لَهُمْ الْمَلَائِكَةُ حَتَّى يُفْطِرُوا وَيُزَيِّنُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ كُلَّ يَوْمٍ جَنَّتَهُ ثُمَّ يَقُولُ يُوشِكُ عِبَادِي الصَّالِحُونَ أَنْ يُلْقُوا عَنْهُمْ الْمَئُونَةَ وَالْأَذَى وَيَصِيرُوا إِلَيْكِ وَيُصَفَّدُ فِيهِ مَرَدَةُ الشَّيَاطِينِ فَلَا يَخْلُصُوا إِلَى مَا كَانُوا يَخْلُصُونَ إِلَيْهِ فِي غَيْرِهِ وَيُغْفَرُ لَهُمْ فِي آخِرِ لَيْلَةٍ قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَهِيَ لَيْلَةُ الْقَدْرِ قَالَ لَا وَلَكِنَّ الْعَامِلَ إِنَّمَا يُوَفَّى أَجْرَهُ إِذَا قَضَى عَمَلَهُ (رواه أحمد).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Рамазон ойида менинг умматимга улардан аввалги умматларга берилмаган бешта хислат берилди:

1) Рўзадор оғзининг бўйи Аллоҳнинг наздида мушк ҳидидан хушбўйроқдир;

2) Уларга то ифтор қилгунларига қадар малоикалар истиғфор айтиб турадилар;

3) Аллоҳ азза ва жалла ҳар куни жаннатини зийнатлайди, сўнг унга: «Солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан қутилиб, сенга келишларига оз қолди», дейди.

4) У кунда шайтонларнинг ашаддийлари занжирбанд қилиниб, бошқа пайт қилиб юрган ишларига эриша олишмайди;

5) Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари мағфират қилинади.

Шунда: – «Ё Расулаллоҳ, у кеча қадр кечасими?» – деб сўрадилар.

«Йўқ, хизматчи қачонки ишини тугатса унинг ҳақини тўла қилиб берилади», – дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ أَوَّلُ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ صُفِّدَتْ الشَّيَاطِينُ وَمَرَدَةُ الْجِنِّ وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ فَلَمْ يُفْتَحْ مِنْهَا بَابٌ وَفُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ فَلَمْ يُغْلَقْ مِنْهَا بَابٌ وَيُنَادِي مُنَادٍ يَا بَاغِيَ الْخَيْرِ أَقْبِلْ وَيَا بَاغِيَ الشَّرِّ أَقْصِرْ وَلِلَّهِ عُتَقَاءُ مِنْ النَّارِ وَذَلكَ كُلُّ لَيْلَةٍ (رواه الترمذي)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рамазон ойининг биринчи кечасидан шайтонлар ва жинларнинг ашаддийлари кишанланади. Дўзах қопқалари ёпилиб, уларнинг биронтаси очилмайди. Жаннат дарвозалари очилиб, уларнинг биронтаси ёпилмайди. Бир фаришта: «Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!»,- деб нидо қилиб туради. Бу ойда Аллоҳнинг марҳамати билан кўплаб дўзахдан қутулувчилар бўлур. Бундай фазилатлар унинг ҳар бир кечасида мавжуддир.» (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таолодан бизларни яхшиликларга муваффақ қилиши, яхши ишларга қадам қўйишни бизларга насиб айлаши, бизларни ёмонликлардан узоқ қилиши, қадамларимизни ёмонликдан тийиши ва бизларни Ўзининг марҳамати билан дўзахдан озод қилинувчилар сафида қилишини сўраймиз. У эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир.

Рўзанинг машруъ бўлиши

Рўза илгариги умматларга ҳам фарз қилиб келинган кўҳна ибодатлардандир. Аллоҳ таоло айтади:

{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ}

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди.» (Бақара:183). Демак, у биздан олдингиларга ҳам машруъ ва фарз қилинган бўлиб, илгаригиларнинг рўзаси билан бизнинг рўзамиз ўртасида кайфиятда фарқлар бўлиши мумкин. Зеро, ҳар бир уммат учун фаръий масалалари ва ибодатларининг кўринишида ўзига хос қонун-қоида ва йўл-йўриқлар бор.

Илгариги умматлар рўзаларининг турли кўринишлари мавжуд бўлиб, биз улардан айримларини мисол тариқасида келтириб ўтамиз:

а) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

أَحَبُّ الصِّيَامِ إِلَى اللَّهِ صِيَامُ دَاوُدَ كَانَ يَصُومُ يَوْمًا وَيُفْطِرُ يَوْمًا

«Рўзалар ичида Аллоҳга энг суюмлиси биродарим Довуднинг рўзасидир, у бир куни рўзадор, бир куни оғзи очиқ бўлар эди», дедилар. (Муттафақун алайҳ).

У: «Рўза тутган куним фақир-бечораларни эслайман. Рўза тутмаган куним эса Аллоҳнинг неъматига шукрона келтираман», деган эди.

б) Марям алайҳас-саломнинг рўзаси. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай ҳикоя қилади:

{فَإِمَّا تَرَيِنَّ مِنَ الْبَشَرِ أَحَداً فَقُولِي إِنِّي نَذَرْتُ لِلرَّحْمَنِ صَوْماً فَلَنْ أُكَلِّمَ الْيَوْمَ إِنْسِيّاً}.

«…агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг, ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин.» (Марям:26).

Унинг рўзаси таомдан эмас, балки сўзлашувдан тийилиш кўринишида эди.

в) Набийюллоҳ Мусо алайҳис-саломнинг Аллоҳ таоло билан ваъдалашган пайтидаги рўзаси:

{وَإِذْ وَاعَدْنَا مُوسَى أَرْبَعِينَ لَيْلَةً}

«Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимизни … эсланглар». (Бақара:51)

Уламоларнинг айтишларича, Мусо алайҳис-салом мулоқотга ҳозирланиб ва муножотга тайёрланиб кунларини рўза билан ўтказди.

г) Мусо алайҳис-салом Аллоҳ таоло уни Фиръавндан қутқарганига шукрона сифатида Ошуро куни рўза тутган, сўнг яҳудлар унинг рўзасини мерос олиб, тутиб келишган, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келган пайтларгача ҳам тутишарди. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилишича, араблар ҳам жоҳилият даврида шу куни рўза тутишар, шу куни Каъбани улуғлашар ва унинг ёпқичини янгилашарди.

Исломда рўза жорий бўлишининг аввали – Ошуро (яъни, Муҳаррам ойининг ўнинчи) куни рўзаси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага янги келганларида яҳудийлар шу куни рўза тутишларини билгач, улардан бунинг сабабини сўрадилар. Улар: «Аллоҳ Мусога шу куни Фиръавндан нажот берган, у бунинг шукронасига рўза тутган, биз ҳам шу сабабдан бу куни рўза тутамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз Мусога сизлардан кўра ҳақлироқмиз» дедилар ва рўза тутдилар, мусулмонларни ҳам шу куни рўза тутишга буюрдилар. Мадинанинг чор-атрофига жарчи юбориб: «Ким бугун рўза тутган бўлса рўзасини давом эткизсин, ким тутмаган бўлса куннинг қолган қисмида бўлса ҳам тутсин» деб эълон қилдирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Келаси йилгача ҳаёт турсам, (Муҳаррамнинг) тўққизинчи куни ҳам албатта рўза тутаман», дедилар. (Имом Муслим ривояти).

Яъни, ўнинчига тўққизинчи кунни қўшиб тутиш билан рўзаларини яҳудийларнинг рўзасидан бошқача қилишни истадилар[1]. Шу ерда бу икки иш тўғрисида андаккина фикр юритиб кўрайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ошуро куни рўза тутишлари яҳудийларнинг шу куни рўза тутишларига ўхшагани ҳолда, тўққизинчи кунини ҳам рўзага айлантиришлари энди уларга қарама-қарши иш қилиш бўлди. Биринчисида улар билан мувофиқлик, иккинчисида яна бир кун қўшиш билан эса уларга хилоф қилишлари кўринди.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ошуро куни рўза тутишлари фақатгина яҳудийлар ишини маъқуллашнинг ўзигина бўлмади. Бунга далил шуки, у зот тўққизинчи кунни қўшиш билан уларга хилоф қилдилар, бундан ташқари рўзаларининг сабаби – Мусо алайҳис-саломни рўза тутишга чорлаган айни сабаб, яъни Аллоҳ таоло денгиз ичра йўл очиб Мусо ва қавмини қутқаргани, Фиръавн ва унинг қавмини эса ҳалок қилганига шукрона рўзаси эканини эълон қилдилар. Мазкур сабабнинг пайғамбарларнинг умматлар билан бўлган тарихида ва барча динларда ўзига хос аҳамияти ва улкан маъноси бор. Чунки, бу воқеа қачон ва қаерда бўлганидан, бу воқеада иштирок этган шахслар кимлигидан қатъий назар, ҳақ билан ботил ўртасидаги давомий курашда ҳақнинг ботил устидан ғолиб чиқишининг исботи ва эълони эди. Шу сабабдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз Мусога сизлардан кўра ҳақлироқмиз», дедилар. Шунингдек ул зот пайғамбарлик алоқалари ўзаро чамбарчас боғлиқ эканини: «Биз пайғамбарлар жамоаси ота бир она бошқа фарзандлармиз, динимиз бирдир», деган сўзлари билан баён қилдилар. Зотан, Мусонинг душманидан нажот топиши Аллоҳнинг дини ва пайғамбарининг ғалабасидир. Моҳият жиҳатидан Мусо алайҳис-саломнинг замони бўлсин ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонлари бўлсин, ҳеч фарқсиз баробар. Чунки, масала – ҳақнинг қарор топиши ва адолатнинг ғалабаси масаласидир. Бу эса Исломнинг ва мусулмонларнинг асосий мақсадларидан.

Бу ерда эътибор қаратилиши керак бўлган нуқта – Аллоҳ таоло бу кунда яхшиликни ғолиб қилгани муносабати билан шу кунни рўза тутиш ила улуғлаш, уммат ўзининг тарихий воқеаларини хотирлашга ва уларни шаръий кўринишда нишонлашга ҳақли эканидир.

Сўнг ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон ойининг рўзаси фарз қилинди.

Рамазоннинг фарз бўлиши борлиқдаги энг улкан воқеага – ҳидоят тонгининг отишига, жаҳолат зулматларини ёриб ўтиб, саодат йўлларини ёритган ҳақиқат қуёшининг порлашига боғлиқдир:

{اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ}.

«Яратган Парвардигорингиз номи билан ўқинг!» (Иқроъ:1).

Ушбу оят рисолати Муҳаммадийянинг фотиҳаси бўлди. Бу эса Рамазон ойида бўлган эди:

{شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدىً لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ} .

«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган.» (Бақара:185).

Унинг нозил қилинган замони рўза тутиш билан шарафланишга ва таровеҳ намозлари билан нишонланишга ҳақли!! Тоинки уммат ўзининг Парвардигори билан бўлган алоқаларини мунтазам янгилаб турсин, динининг асосларига бўлган боғланишларини маҳкамлаб олсин!..

Ушбу улуғ рукннинг жорий бўлиши Алийм-Билимдон ва Хобийр-Хабардор Зотнинг ҳикмати тақозоси билан босқичма-босқич кечди. Энг аввал Ошуро рўзасини тутишга буюрилди, кейин аниқ чекловсиз мутлақ рўза фарз қилинди: «сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди», сўнг мужмалликдан батафсилликка кўчилди: «саноқли кунларда».. Гарчи кунларнинг саноғи чекланмаган бўлса-да, бир неча кунлар эканини билдирувчи “жамъул-қилла” билан ифодаланди. Бу Қуръондаги Юсуф алайҳис-саломнинг арзимас пулга сотилиши ҳикоя қилинган оятга ўхшаб кетади: «уни арзон баҳода – бир неча тангага сотиб юбордилар…» (Юсуф:20). Худди шунинг сингари бу ерда ҳам нафсларнинг қабул қилиши осон бўлиши учун «саноқли кунларда» дейилди. Рамазоннинг илк фарз қилиниши ихтиёрий кўринишда бошланди: «Рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим.» Сўнгра, қалбларга рўзанинг муҳаббати ўрнашиб, нафслар рўза тутишга анча кўниккач, рўза тутиладиган кунлар сони аниқ-тиниқ қилинди ва ихтиёрийлик олиб ташланди: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин».

Шу билан бир қаторда турли ҳолат ва муносабатлар билан тутиладиган нафл ва суннат рўзалар ҳам борки, бу борада рўза бошқа ибодатлар ичида алоҳида ўрин эгаллайди.

Жумладан: Ошуро кунининг рўзаси, у тўла бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.

Арафотда бўлмаган кишилар учун арафа кунининг рўзаси, у ўзидан олдинги ва кейинги йил гуноҳларига каффорат бўлади.

Шавволдан олти кун рўза тутиш, у Рамазон рўзаси билан биргаликда бир йиллик рўзага тенгдир.

Душанба кунидаги рўза, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни туғилганлар ва шу куни пайғамбар бўлганлар.

Булардан бошқа, – чекланмаган кунлардаги рўза – ой тўлган кунлардаги уч кун рўза, пайшанба кунининг рўзаси ва ҳоказолар каби.

Шунингдек, баъзи нуқсонлар ўрнини тўлдириш ёки хатога фидя ёки танг аҳволдан қутулиш учун ҳам рўза тутиш машруъ бўлди.

Нуқсон ўрнини тўлдиришга мисол: ҳажнинг таматтуъ турида қурбонлик ўрнига рўза тутиш каби.

Қилинган хатога фидя бўлишига мисол: иҳромдаги одам ов овлаб қўйганда, жарима сифатида овлаган ҳайвонига тенг чорва молини сўйишга қурби етмаса рўза тутиб бериши каби.

Танг ҳолдан қутулиш учун рўза тутишга мисол: зиҳор, қасам кабиларнинг каффорати ва бошқалар.

Мана шундай қилиб рўза бошқа ибодатлардан фарқли ўлароқ секин асталик билан, даражама-даража фарз бўлди. Қуръони Каримнинг рўзани фарз қилиниши борасида ўзига хос йўли мавжуд.

[1] – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага янги ҳижрат қилиб келганларида яҳудларга баъзи амалларда мувофиқ иш тутганлар. Вақт ўтиши билан Ислом ва мусулмонлар кучайиб, дин зоҳир бўлгач Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи шиор ва либосларда яҳудларга хилоф иш тута бошладилар. Ошуро рўзасини ҳижрат қилган йилларидан бошлаб то вафотларидан бир йил олдингача фақат ўнинчи кунда тутиб келдилар, вафотларидан олдин келгуси йилда яҳудларга хилоф ўлароқ тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишларини эълон қилдилар. Бундан равшан бўладики, рамазон рўзаси 2- ҳижрий йилда фарз бўлгунича ва ундан кейин ҳам Ошуро фақат бир кун тутиб келинган охирдан олдинги йили яҳудларга қарама-қарши иш тутиш учун тўққизинчи кунни тутиш эълон қилинган. ИНТдан.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.