Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Расулуллоҳ севгиси ва унинг аломатлари (2)

Учинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш аломатлари
Кириш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшнинг бир неча аломатлари бор. Уламолар ушбу мавзу ҳақида баъзи фикрларни билдирганлар. Масалан, Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “(Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатига ёрдамчи бўлиш, шариатини ҳимоя қилиш, унинг ҳаётлик даврида ҳузурига шошилиб, унинг йўлида жонини фидо ва бойликларини сарф қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшликдандир.” (Нававий шарҳи: 11/16).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шундай деди: “Мазкур муҳаббатнинг аломатларидан бири қуйидаги ҳолатда маълум бўлади. Имконида бўлган бир мақсади билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришдан маҳрум қолиш ўртасида танлов ихтиёри берилган одам, агар Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришдан маҳрум қолмасликни танласа, унинг муҳаббати самимийдир. Йўқса, самимий эмасдир. Бу топиш билан йўқотиш (маҳрум бўлиш)гагина чекланган эмас. Балки бунинг мисоли Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига ёрдамчи бўлиш, шариатини ҳимоя қилиш, унга мухолиф бўлганларни бартараф қилишда ҳам кўринади. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳам, шу жумладандир” (“Фатҳул-Борий”, 1 / 59).

Аллома Авний раҳимаҳуллоҳ шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни ҳоҳлаш ва Унга хилоф бўлган ишларни тарк этиш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш аломати эканини унутманг. Ҳолбуки бу, Ислом фарзларидан биридир” (“Умдатул-Қорий”: 1 / 144).

Уламоларнинг мазкур сўзларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат аломатларининг баъзилари қуйидагилар эканининг хулосасига боришимиз мумкин:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш, унинг суҳбатидан баҳраманд бўлишни севиш ва ундан маҳрум қолишни ўзи учун севимли энг қимматли нарсани йўқотишдан кўра оғирроқ мусибат деб билиш.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жони ва молини фидо этиш учун доимо тайёр туриш.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилиб,таъқиқларидан узоқ бўлиш.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини амалга оширишда ёрдамчи бўлиш ва Унинг шариатини ҳимоя қилиш.

Ўзида ушбу аломатларни кўрган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатга муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд айтсин ва ундан бу муҳаббатда мудом қолиш учун сабот беришини сўрасин. Бу муҳаббатдан бутунлай ёки қисман маҳрум бўлган инсонлар эса, на фарзанд ва на мол-дунё фойда бермайдиган ўзгача бир кунга етиб келишдан аввал, ўзини ҳисоб-китоб қилсин! Зеро, у кунда банданинг қилган ҳар бир амали ошкор бўлади. Шундай экан, у Аллоҳ ва мўъминларни алдаш у ёқда турсин, алдашни хаёлига ҳам келтирмасин! Чунки, Аллоҳ таолони алдамоқчи бўлган кимсалар ўзларинигина алдайдилар. «Улар Оллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар.» “Аллоҳ ва мўъминларни алдамоқчи бўладилар, бироқ, ўзларидан бошқасини алдамаслар. (Шундай бўлсада) буни билмайдилар” (Бақара: 9).

Қудратли Аллоҳнинг мадади билан саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатларини қоғозга тушурар эканман, биз мусулмонларнинг ҳозирги ҳолимизга ҳам бир назар ташлаб ўтмоқчиман. Шояд Аллоҳ таоло ҳолимизни ислоҳ этиб, бизни тўғри йўлга йўлласа. Ҳар бир аломатни алоҳида бир сарлавҳа остида келтиришга ҳаракат қиламан.

Биринчи аломат:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш ва унга суҳбатдош бўлишни орзу қилиш ҳамда булардан маҳрум бўлишни дунёдаги энг қимматли нарсадан маҳрум қолишдан кўра оғирроқ мусибат деб билиш

Маълумки, инсоннинг орзу қилиб, севиши мумкин бўлган катта нарса – суйган кимсасини кўриш ва унинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган ҳар бир одам, шубҳасиз, Уни кўриш ва Унинг суҳбатида иштирок этишни орзу қилади. Дунё ва охиратда У билан бирга бўлишни умид қилади. Бундай бахтга эришишни бутун иштиёқи билан кутади. Агар бу бахтиёрлигига дунё неъматларининг барчасини қиёсланса, у бу бахтни танлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғурурли юзига боқиб севинса, суҳбатдош бўлиш билан саодат шуурини ҳис этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш ва унга суҳбатдошликдан маҳрум қолиш қўрқуви уни қайғуга солади, Ундан узоқда қолиш, унинг кўзларидан ёшларни оқизади.

Қуйида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган кимсаларнинг лол қолдирувчи баъзи ишларини қаламга оламиз:

1. Абу Бакр ас-Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилишини эшитгани он, кўз ёши тўккани

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ онамиз Оиша разияллоҳу анҳодан ушбу ривоятни келтирди: “Кунларнинг бирида пешин иссиғи куйдирган бир пайтда бир киши Абу Бакрга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошини ўраб келмоқдалар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай вақтда бизникига келмас эдилар.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Ота-онам Унга фидо бўлсин! Аллоҳга қасамки, Уни бу вақтда келишга ўта муҳим бир иш мажбур қилган бўлса керак”- деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етиб келиб, кириш учун изн сўрадилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу унга изн берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр разияллоҳу анҳуга: “Ёнингизда ким бўлса, ташқарига чиқаринг!”- дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Отам Сизга фидо бўлсин, ёнимда бўлганларнинг барчаси Сизнинг оилангиздир”- деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳижрат қилиш учун менга рухсат берилди”, дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг: “Отам Сизга фидо бўлсин! Мен ҳам сиз билан бирга бўламанми?”, деб берган саволига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”- деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий: 3905; 7 / 231).

Абу Бакр разияллоҳу анҳу ушбу сафарнинг машаққат ва таҳликаларини жуда яхши биларди. Бироқ, бу унинг Расулуллоҳ оллаллоҳу алайқи ва саллам билан ҳамроҳликка на заррача таъсир кўрсатди ва на унга бўлган муҳаббатини камайтира олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг истагига ижобий жавоб берганини эшитган пайтда, кўзларидан севинч ёшлари оқа бошлади.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ деди: “Ибн Исҳоқ ривоятида шундай зиёда бор: “Оиша разияллоҳу анҳо: “Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг йиғлаганини кўрдим. Мен шу пайтга қадар севинчдан одам йиғлайди деб ўйламас эдим”- деди” (“Фатҳул-Борий”, 7 / 235. Ибн Ҳишом, “ас-Сийратун-набавийя”, 2 / 93).

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиши сабабли ансор-мадиналикларнинг севиниши

Ансор киром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юртларига ҳижрат қилгани ва у зотни кутиб олиш хабарини шавқ билан эшитдилар. Сунан-ҳадис ва сийрат китоблари уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олиш шавқлари ва улар ҳузурига келишлари сабабли севинчларини тасвир этган ифодаларни бизга қадар етказди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Урва ибн Зубайр разияллоҳу анҳудан Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни Мадинанинг ташқарисидаги Ҳаррада қандай кутганларини нақл қилмоқда. Унинг ривоятида шу жумлалар бор:

“Мадинадаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан чиққанликларини эшитган эдилар. Шунинг учун ҳам улар, ҳар куни Ҳаррага чиқишар ва чошгоҳ ҳарорати қовурмагунича у ердан жилмас эдилар. Кунларнинг бирида узоқ кутганларидан кейин уйларига қайтдилар. Улар уйларига кириб бўлишгач, бир яҳудий яҳуд қалъаларидан бирининг устига нимагадир қараш учун чиқди ва олисдан саробларда гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай келаётган оппоқ кийимдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ҳамроҳини кўрди-да: “Эй араблар, сиз кутган соҳибингиз келмоқда!”,- деб бор овози билан ҳайқиришдан ўзини тута олмади.

Мусулмонлар зудлик билан қуролларини қўлга олдилар ва Ҳарранинг ортида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан бирга ўнг тарафга қараб йўл олдилар ва Амр ибн Авф қабиласида қўноқладилар” (Имом Бухорий: 3906; 7 / 239).

Аллоҳу Акбар! Мадиналиклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олиш учун нақадар шавқли ва самимий эдилар! Ҳар куни эрталаб Ҳаррага чиқишар ва чошгоҳ ҳарорати қовургандагина уйларига қайтар эдилар!

Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида: “чошгоҳ иссиқлари куйдирганидагина уйларига қайтар эдилар” жумласи (“ат-Табақотул-кубро”, 1 / 233), Ҳокимнинг ривоятида эса: “Пешин иссиғи безовта қилмагунича кутиб турар эдилар” жумласи бор (“ал-Мустадрак”, 3 / 11).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорлар тарафидан Мадинада қуйидагича кутиб олинганини ҳам ривоят қилди. Анас разияллоҳу анҳу деди: ” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳарранинг ён тарафида қўноқладилар. Сўнгра, ансорларга келганлари ҳақида хабар юбордилар. Хабарни эшитган ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг олдига келиб, салом бердилар ва: “Ҳар икковингиз омонликда ва итоат қилинган ҳолда уловларингизга мининглар!”- дедилар.

Шундан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳу уловларига миндилар. Қуролланган одамлар уларни орқа томонларидан ўраб олдилар. Мадина аҳли “Набиюллоҳ (Аллоҳнинг пайғамбари) келдилар! Набиюллоҳ келдилар!” дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга чиқдилар ва Абу Айюб разияллоҳу анҳу хонадонининг яқинига етганларида тўҳтадилар” (Имом Бухорий: 3911; 7 / 250).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Анас разияллоҳу анҳудан қилган ривоятга қараганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳуни кутиб олиш учун беш юзга яқин мадиналик чиққан эди. Уларнинг ёнига етиб келган ансорлар: “Икковингиз ҳам омонлик ва итоат қилинган ҳолингизда юрингиз!”- дедилар (“ал-Фатҳур-Роббаний ли тартиби Муснадил-имам Аҳмад ибн Ҳанбал”: 155; 20 / 291. Ушбу ҳадисни имом Бухорий ҳам “ат-Тарихус-сағир”да ривоят қилди. Қаранг: “Фатҳул-Борий”, 7 / 250. Шайх Аҳмад Банно имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадис саҳиҳ эканини баён қилди. Қаранг: “Булуғул-амоний”, 20 / 292).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳуни мадиналиклар қандай кутиб олганларини Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг тилидан қуйидагича ривоят қилди: ” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ва мен) йўлда давом этдик ва Мадинага етиб келдик. Одамлар Расулуллоҳни кутиб олиш учун йўл ёқаси ва томлар устига чиққан эдилар. Чўрилар ва болалар югуришиб: “Аллоҳу Акбар! Расулуллоҳ келдилар” Муҳаммад келдилар!”- деб қичқирар эдилар. Мадина аҳлининг ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз уйда меҳмон қилиш учун бир-бири билан талашар эди… (“ал-Муснад”: 3; 1 / 155. Шайх Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг санади саҳиҳ эканини айтди).

Анас разияллоҳу анҳу ушбу муборак кунда кўрганларини қуйидагича эслади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Мадинага кириб келганларидек бошқа нурафшон ва гўзал кунни ҳеч ҳам кўрмадим” (Имом Аҳмад ривояти. “ал-Фатҳур-Роббаний”: 152; 20 / 290).

Бароъ ибн Озиб разияллоҳу анҳу мадиналикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакрнинг келиши муносабати билан кўрган севинчларини қуйидагича баён қилди: “Мадиналикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли севинганларидек, бошқа бир нарса сабабли севинганларини ҳеч ҳам кўрмадим” (Имом Бухорий: 3925; 7 / 260).

3. Саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўст бўлмай қолишларидан қўрқишлари

Аллоҳ таоло ансор-мадиналикларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлиш шарафига муяссар қилди. Саҳобалар бу шарафдан ажралиб қолишдан қўрқиб, бу шарафни имкони борича қўларида сақлаб қолиш учун барча чорани кўрар эдилар. Бунинг далилларидан бири Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг Макка фатҳини зикр қилар экан, тилга олган ушбу сўзларидир:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага яқин ерга етиб келдилар-да, Зубайр разияллоҳу анҳуни бир қанотга, Холид разияллоҳу анҳуни эса иккинчи қанотга қўмондон қилиб таъйинладилар. Абу Убайда разияллоҳу анҳуни эса зирҳсиз бўлинмага қўмондон қилиб таъйинладилар. Улар водийнинг ўртасидан юрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳам катта бир жамоа бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боқдилар ва мени кўрдилар-да: “Абу Ҳурайра” дедилар. “Лаббай, ё Расулуллоҳ?!”- дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг атрофимга ансорлардан бошқа кимса келмасин… кейин, сизлар билан Сафо (тепалиги)да кўришамиз!”- дедилар.

Биз ҳам йўлга тушдик. Ичимиздаги ҳар бир киши ҳоҳлаган (қурайшлик) кишини ўлдирар, Қурайшликлар бизга қарши ҳеч нарса қилмас эди. (Яъни ҳеч ким ўзини мудофаа қила олмаётган эди. Қаранг: Нававий шарҳи: 12 / 127). Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: “Ё Расулуллоҳ, қурайшликларнинг кўпчилиги ўлдирилди. Энди бундан кейин Қурайш бўлмайди”- деди

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Абу Суфённинг уйига кирса, у омондадир!”- дедилар. Буни эшитган ансорлар: “Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз шаҳрига рағбат қилиб, қабиласига меҳру шафқат кўрсатади”- дедилар.

Шу аснода ваҳий келди. Ваҳий тугаши биланоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, ансорлар жамоаси!”- дедилар. Ансорлар: “Лаббай!”- дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар бу одам энди ўз шаҳрига рағбат қилиб қолди!” дедингизми?”- деб сўрадилар. Ансорлар: “Ҳа, шундай гап оғзимиздан чиққан эди”- деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Асло! Шубҳасиз, мен Аллоҳнинг қули ва расулиман. Аллоҳ учун сизнинг диёрингизга ҳижрат қилдим. Мен учун ҳаёт – сизнинг ҳаётингиз, мамот эса – сизнинг мамотингиз!”- дедилар.

Ансорлар кўзларида ёш билан: “Аллоҳ номига қасамки, биз у сўзларни Аллоҳга ва сизга бўлган ҳарислигимиздан айтган эдик!”- дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ҳам, Унинг расули ҳам сиз айтган сўзларнинг тўғри эканини тасдиқлайдилар ва узрларингизни қабул этадилар”- дедилар (Имом Муслим: 1780; 3 / 1405).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан шундай дейди: “Ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маккаликларга шафқати ва уларни ўлдирмасликка ҳаракат қилишларини кўргач, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энди Маккада мудом қолиб, биздан айрилиб Мадинага қайтмас эканлар-да!”, деб ўйладилар. Бу ҳолат улар учун жуда ҳам оғир эди. Ўша пайтда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло пайғамбарига ваҳий қилди ва уларнинг бу ҳолатини билдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қуйидаги маънода хитоб қилдилар:

“Мен Аллоҳ йўлида сизларнинг диёрингизни ватан қилиш учун ҳижрат этдим. Буюк Аллоҳ учун қилган ҳижратимдан воз кечмайман ва сизларни ҳам тарк этмайман. Аксинча, сизлар билан бирга бўламан. Ҳаётим – сизнинг ҳаётингиз, мамотим – сизнинг мамотингиздир! Яъни, мен сизлар билан бирга яшаб, сизлар билан бирга ўламан!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзларни айтганларидан сўнг, ансорлар йиғлаб кўз ёшлари тўкиб, узр сўрадилар ва: “Аллоҳ номига онт ичиб айтамизки, бир оз аввал айтган гапларимизни сизга бўлган муҳаббатимиз, сиз билан ҳамсуҳбат бўлиб, баракотингиздан фойдаланиш ва бизни тўғри йўлга етаклашингизни умид қилиб, ёнимизда мудом қолишингиз учун айтган эдик. Чунки, Аллоҳ таоло: “Сиз тўғри йўлга етакловчисиз”, деб айтмоқда”- дедилар (Шуро: 52).

Ансорларнинг: “Биз Сизни қизғанганимиз ва эҳтиёт қилганимиз учун эди”- деб айтган сўзларининиг маъноси шу эди. Яъни, “Биз Сизнинг биздан айрилишингизни ҳоҳламадик, Балки, биз билан бирга қолишингизни ҳоҳладик. Биз сизни қизғандик”- демоқчи бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини тинглаганларидан кейин йиғлашларининг сабаби эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳижолат қиладиган сўзларни айтишлари эди. (Имом Нававий шарҳи: 7 / 128 – 129).

4. Бир саҳобанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жаннатда кўра олмасликдан қўрқиши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган бошқа бир саҳобани кўрмоқдамиз. Бу киши ўзи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлими, ўзининг жаннатга кирсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарлар билан бирга юксак мақомларда бўлишини билиб, унинг юзини жаннатда кўра олмаслигини ўйлаб қўрқиб кетди.

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ мазкур саҳобани онамиз Оишаи Сиддиқа разияллоҳу анҳонинг тилидан бизга шундай ривоят қилди:

“Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ё расулуллоҳ, сизнинг менга жонимдан ҳам, фарзандларимдан ҳам суюкли эканингизда ҳеч шубҳа йўқдир. Бироқ, ўз уйимда эканман сизни хотирлайман ва сизни яна бир марта кўрмасам ҳузурим бузилади. Ўзимнинг ва сизнинг ўлишимизни ўйлар эканман, пайғамбарлар билан юксак-олий мақомларда бўлганингиз учун, мен жаннатга кирсам ҳам, сизни кўра олмасмикинман, деб қўрқаман”- деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар. Ниҳоят Жибрил алайҳиссалом: “Кимда-ким Оллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Оллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар ҳақ-рост иймон эгалари, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан бирга бўладилар.”- оятини олиб келди (Нисо: 69) (“Мажмауз-заваид”, 7 / 7. Ушбу ҳадис ҳақида Ҳайсамий шундай деди: “Бу ҳадисни Табароний “ал-Муъжамус-сағир” ва “ал-Муъжамул-авсат”да ривоят қилган бўлиб, унинг Абдуллоҳ ибн Имрон Обидий раҳимаҳуллоҳдан бошқа барчаси саҳиҳ ҳадислар ровийларидир. У ҳам ишончли ровийлардандир”- деди.

Бу ҳадисни айни шаклда ибн Мардвайҳ ва Абу Нуайм раҳимаҳумаллоҳлар “ал-Ҳиля” китобида, Зиё ал-Мақсидий раҳимаҳуллоҳ “Сифатул-жаннати” китобида ривоят қилдилар. Мақдисий раҳимаҳуллоҳ: “Унинг санадида зарарли бирон нарса кўрмадим”- деди. Қаранг: “Зодул-Масир”, 2 / 126 (ҳошияси)).

5. Рабийъа разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишни орзу қилиши

Севимли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган саҳобалардан бири ундан бир нарсани сўраш имконини қўлга киритди. Бу саҳоба Аслам қабиласига мансуб Рабийъа ибн Каъб разияллоҳу анҳу эди. Унинг орзуси нима эди? Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ унинг орзусини ўз тилидан бизга шундай нақл қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кечалари бирга қолар эдим. У зотнинг эҳтиёжларини бажарар ва таҳорат сувларини олиб келар эдим. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “сўра”- дедилар. Мен: “Жаннатда сиз билан бирга бўлишни ҳоҳлайман!”- дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундан бошқа нарса ҳамми”- дедилар. Мен: “Менинг тилагим ўшагинадир”- дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, кўп сажда қилиб (кўп намоз ўқиб) менга ёрдам бер!”- дедилар” (Имом Муслим: 489; 1 / 353).

Бу одам – самимий суйган одамдир! Чунки у, бир нарса тилаш фурсатини биринчи ва иккинчи марта қўлга киритишига қарамай, танлашда тараддуд этмади. Ҳатто, танлаган нарсасининг ўрнига бошқа нарсани хаёлига ҳам келтириб қўймади!

6. Ансорларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўй ва туя сурувларидан афзал кўришлари

Бундай танловда Рабийъа ибн Каъб ал-Асламий разияллоҳу анҳу танҳо эмас эди. Аксинча, барча саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай суяр эдилар.

Ҳунайн жанггидан сўнг ансорларга ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёки (ўлжа қилиб олинган сон-саноқсиз) қўй ва туя сурувларини танлаш ихтиёри берилди. Улар одамларнинг дунё матоҳлари билан, ўзларининг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга уйга қайтишини танладилар. Сунан ва сийрат китоблари бу ҳолатни шундай баён қилган:

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осим разияллоҳу анҳунинг шундай деганини ривоят қилди: “Буюк Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳунайн куни ўлжалар инъом этди ва пайғамбаримиз уни қалбларни Исломга яқинлаштириш мақсадида янги исломга кирган одамларга тарқатдилар, ансорларга эса бирон нарса бермадилар. Бундан ансорлар хафа бўлгандай бўлдилар. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга хитоб қилиб: “Эй, ансорлар жамоаси! Мен сизларни адашган ҳолатда топмадимми ва Аллоҳ сизларни мен сабабли ҳидоятга йўлламадими?! Сизлар пароканда эдинглар, Аллоҳ қалбларингизни мен сабабли бирлаштирмадими?! Сизлар фақир ва мискин эдинглар, Аллоҳ мен сабабли сизларни бой-бадавлат қилмадими?!”- дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима десалар, улар: “Аллоҳ ва расули миннат қилишга ҳақлироқ”- дер эдилар.

(Абу Саид разияллоҳу анҳунинг ривоятида шундай дейилган: “Эй Аллоҳнинг расули, биз сизга нима деб ҳам жавоб беришимиз мумкин?! Ҳақиқат шуки, лутф ва миннат – Аллоҳ ва расулиникидир!”- дедилар” (“Фатҳул-Борий”: 8 / 50)).

Расуулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар ҳоҳласангиз, сиз бу ерга ундай бундай ҳолатда келган эдингиз, деб айтишингиз мумкин.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Анас разияллоҳу анҳудан қилган ривоятида шундай дейилган: “Бизга қўрқиб келдингиз, биз сизга омонлик бердик. Сиз бизга қувғин ҳолатда келдингиз, биз сизга турар-жой бердик. Ёрдамчисиз келдингиз, биз сизга ёрдамчи бўлдик!”, демайсизларми!”.

Одамлар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар уйларингизга Аллоҳнинг пайғамбари билан қайтишга рози эмасмисиз?!

Зуҳрий раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида: “Одамлар молу-дунёлари билан уйларига кетганларида…” дейилган (Аввалги манба).

Агар ҳижрат бўлмаса эди, мен ансорлардан бири бўлар эдим. Агар одамлар бир водий ёки сўқмоқдан юрсалар, мен ансорлар юрган водий ва сўқмоқдан юраман. Ансорлар ички, бошқа одамлар эса ташқи кийимдирлар. (Яъни, ички кийимдан мақсад, унинг инсон баданига бевосита тегиб туриши, ташқи кийимдан мақсад эса, ички кийим устидан кийилган кийимдир. Бу таъбир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорларга ўта яқинлигини ифода этиш учун истеъмол қилинган. Бундан ташқари улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хос одамлари экани ва бошқа одамлардан кўра уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқ эканликларини билдирмоқда. (Аввалги манбаъ: 7 / 52).

Сизлар Мендан кейин худбин одамларга дуч келасизлар. (Аввалги манбаъ: 8 / 52)). Ҳавз олдида мен билан учрашгунча, сабр қилингиз!” (Имом Бухорий: 4330; 8 / 47).

Абу Саид разияллоҳу анҳунинг ривоятида шу қўшимча бор: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, ансорларга, ансорларнинг фарзандлари ва набираларига раҳмат айла!”- дедилар”.

Абу Саид разияллоҳу анҳу: “Ансорларнинг барчаси соқоллари ҳўл бўлгунича йиғладилар ва: “Қисмат ва насибамиз бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишга розимиз!”- дедилар (“Фатҳул-Борий”: 8 / 52).

Имом ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қилган муомалалари билан англай олишмаган бир ҳикматни тушунтирганларидан кейин, итоат билан бўйсуниб, айтган сўзларидан қайтдилар ва энг катта файъ-улуш — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари билан бирга қайтиш эканини тушундилар. Ўлжа ўлароқ қўлга киритилган хотин-қиз ва болалардан иборат асирлар, қўй ва туя сурувларини олмаслик бадалига ҳаётлари ва ўлимларидан сўнгра ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қўшни бўлиб қолишга эришиб, тасаллий олдилар” (“Фатҳул-Борий”: 8 / 49).

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.