Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Рўзага доир ҳукмлар

الشيخ محمد حسان

أحكام الصيام

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимиз рўзага доир аҳкомлар мавзусида бўлади. Одатимизга кўра, уни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

  1. Биринчи: Рўзанинг маъноси ва ҳикмати.
  2. Иккинчи: Рўзанинг рукнлари.
  3. Учинчи: Рўзани бузувчилар.
  4. Тўртинчи: Рўзанинг рухсатлари ва одоблари.
  5. Бешинчи: Рўзадаги баъзи хатолар.
  6. Биринчи: Рўзанинг маъноси ва ҳикмати

Рўза (الصيام) луғатда тўхталиш, бир нарсадан тийилиш маъносини англатади. Аллоҳ таоло Марям алайҳассалом тилидан ҳикоя қилиб, айтганидек: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман» (Марям: 26). Яъни, сўзлашдан тийилишни назр қилганман, маъносидадир.

Шаръий истилоҳда эса тонг отганидан то кун ботгунича ният қилган ҳолда рўзани очиб юборувчи ишлардан тийилиш, маъносида тушунилади.

Рўзанинг машруъ бўлиши ҳикматлари жуда кўп, валиллаҳил ҳамд.

Аллоҳ таоло бандаларига машруъ қилган ҳар қандай ибодат борки, уни етук ҳикмат сабабли машруъ қилгандир, буни билган билади, билмаган билмайди. Бирон ибодат остида яширинган ҳикматни билмаслигимиз унинг ҳикмати йўқлигига далил бўлмайди, балки ўша ибодат остидаги Аллоҳнинг ҳикматини билишдан ожизлигимизга далил бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизларга жуда оз илм берилгандир» (Исро: 85).

Бинобарин, рўза ибодати остидаги энг катта ҳикматлардан бири – у Аллоҳдан тақво қилишга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Тақво – Аллоҳ таолонинг аввалгилар-у охиргиларга қилган тавсиясидир.

Тақво – Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу таърифларича, Аллоҳга итоат қилиш ва Унга осий бўлмаслик, Аллоҳни зикр қилиш ва Уни асло унутмаслик, Аллоҳга шукр қилиш ва асло куфр келтирмаслик (ношукрчилик қилмаслик)дир.

Талқ ибн Ҳабиб тақвога шундай таъриф беради:

Тақво – Аллоҳ томонидан бўлган нур билан Аллоҳнинг тоатида амал қилишдир.. Аллоҳнинг савобини умид қилишдир.. Аллоҳ томонидан бўлган нур билан Аллоҳнинг маъсиятини тарк қилишдир.. Аллоҳнинг азобидан қўрқишдир.

Рўза нафсларни Аллоҳнинг амрларига бўйсуниш ва қайтариқларидан тийилиш орқали Унинг тақвосига ҳозирлайдиган энг улкан ибодатлардан биридир.

Зеро, рўза рўзадорнинг нафсига ва виждонига топширилган бир ибодат бўлиб, унга Аллоҳдан бошқа бирон ташқи назоратчи йўқдир.

Шундан бўлса керак, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман». Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутган бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. Рўзадорни хурсанд қиладиган икки қувончи бор, бири ифтори олдида, иккинчиси Парвардигорига йўлиққанида» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: 4/88-94, Муслим: №1151).

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири шуки, нафсни хоҳишларидан тийиш, кибрини синдириш ва ҳаққа бўйсундириш орқали тарбия қилиш ҳосил бўлади.

Рўзанинг етук ҳикматларидан яна бири – Аллоҳнинг ноз-неъматларига ғарқ бўлиб яшаётган бой-бадавлат кишиларга нафақат Рамазонда, балки йилнинг бошқа пайтларида ҳам давомий очлик азобини тортадиган ва ҳатто айримлари очликдан ўлиб кетаётган биродарлари борлигини эслатиб қўйишдир. Ажабмаски, шу сабабли қалби тирик ва ҳамиятли инсонлар инфоқ-эҳсон ва хайру-саховат ишларига қўл урсалар.

Рўзанинг соғлик учун бўлган фойдаларини эса билмайдиган киши топилмаса керак.

Аллоҳнинг ҳикмати нақадар буюк, У нақадар етук ҳикмат соҳибидир! Аллоҳ таоло рост айтганидек: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14).

Иккинчи: Рўзанинг рукнлари
Биринчи рукн: Ният

Ният аслида, барча ибодатларда рукн саналади. У қалб амалларидан бир амалдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга … буюрилган эдилар» (Баййина: 5).

Бухорий ва Муслим Умар ибн Хаттобдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Амаллар ният билан (эътибор қилинади) ва ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлади».

Жумҳур фуқаҳолар фарз рўзада ниятни тунда (яъни тонг отмасидан туриб) қилиш лозимлигини айтганлар. Чунки, «Сунан» соҳиблари саҳиҳ санад билан Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким рўза ниятини тун пайтидан қилмаган бўлса, унинг рўзаси йўқдир», деганлар (Абу Довуд: №2454, Ибн Хузайма: №1933, саҳиҳ: Ал-ирвоъ: №914).

Бу фарз рўзага хосдир. Аммо, нафл рўзада ниятни тун пайтидан қилиш фарз эмас, балки тонг отганидан сўнг ҳеч нарса тотинмаган бўлса, рўзага кундузида ният қилса ҳам жоиз. Чунки, имом Муслим ва бошқалар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда келадики: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга кириб: «(Ейиш учун) бирор нарса борми?», дедилар. «Йўқ», дедим. «Ундай бўлса, мен (бугун) рўзадорман», дедилар. Кейин бошқа бир куни яна олдимга кириб келдилар. Менга ҳайс (хурмо, ёғ, пишлоқ (сузма) қўшиб тайёрланган таом) ҳадя қилинган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайсни яхши кўрганлари учун озгинасини олиб қўйган эдим. Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳайс ҳадя қилинган эди. Шундан сизга ҳам олиб қўйган эдим», дедим. «Қани, кўрсат-чи, бугун кунни рўза билан бошлаган эдим», дедилар. Кейин ундан едилар» (Муслим: №1154, Насоий: №2455, Термизий: №733).

Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: бир ой рамазон рўзаси учун битта ният кифоя қиладими?

Жавоб: Уламолар бу борада икки хил сўзга бўлинганлар.

1) Моликийлар ойнинг бошида қилинган битта ният бутун ой рўзасига кифоя қилади, дейдилар.

2) Жумҳур фуқаҳо ҳар бир кун учун шу кечада янги ният қилиш фарз дейдилар, шу фикр қувватлироқ, валлоҳу аълам.

Аллоҳнинг жуда катта раҳмати бўлдики, У ниятни тилда қилишни шарт қилмади. Балки, дилда ният қилиш кифоя бўлди. Қолаверса, рўзадорнинг саҳарлик қилиши унинг учун ниятга ўтади.

Иккинчи рукн: Тонг отганидан кун ботгунига қадар рўзани очиб юборувчи барча нарсалардан тийилиш

Чунки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. (Ва то тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча еб-ичаверинглар.) Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).

Оқ ипдан мурод тонгнинг оқариши, қора ипдан мурод эса тун қоронғулигидир.

Чунки, «Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу айтади: «Оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» ояти нозил бўлганида мен оқ ва қора арқонни олиб, ёстиғим остига қўйиб олдим. Тунда унга қарардим, бироқ (оқ-қоралиги) ажралмас эди. Тонг отганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, хабар берган эдим, у зот кулдилар ва: «Ундай бўлса, сизнинг ёстиғингиз жуда кенг экан. У кечанинг қоронғулиги ва кундузнинг ёруғлигидир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Шубҳасиз, учинчи рукн рўзадорнинг шахсиятига тегишли бўлиб, рўза тутувчи киши мусулмон, балоғатга етган, оқил ва рўза тутишга қодир бўлмоғи шарт қилинади. Бу эса барчага аниқ нарсадир, иншооллоҳ.

Учинчи: Рўзани бузувчилар
1) Жимоъ

Бу рўзани бузувчи нарсаларнинг энг каттаси ва гуноҳи каттароғидир. Рўзадор киши Рамазоннинг кундуз кунида, рўза фарз бўлган ҳолида жимоъ (жинсий алоқа) қилса, унинг рўзаси бузилади ва унга қазо ҳамда муғаллаз (оғирлаштирилган) каффорат лозим бўлади. Каффорат қуйидаги тартибда бўлади: бир мўмин қулни озод қилади. Агар тополмаса, икки ой сурункали равишда, ўртада бир кун ҳам қолдирмай рўза тутади. Фақат икки ҳайит ва ташриқ кунлари каби шаръий узр ёки касаллик ва сафар каби ҳиссий узр бўлган ҳолдагина ўртада ўша кунлари рўза тутмаслиги мумкин. Ўртада бир кун бўлса-да узрсиз рўза тутмаса, каффорат рўзасини яна бошидан бошлаб тутиши лозим бўлади. Агар икки ой пайдар-пай рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмишта мискинга таом беради.

Фуқаҳолар ушбу каффоратлар ихтиёрийми ёки тартиб бўйича бўлиши лозимми эканида ихтилоф қилганлар. Қувватлироқ гап – унинг тартиб билан берилиши лозимлигидир. Бу жумҳур уламолар фикридир.

Бунга далил Бухорий ва Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик, бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, ҳалок бўлдим», деди.

«Саҳиҳ»даги бир ривоятда: «Ё Расулуллоҳ, ёниб кетдим», деди.

«Нима бўлди?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

«Рўзадор ҳолимда аёлимга қўшилиб қўйдим», деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қул озод қила оласанми?», деб сўрадилар.

У: «Йўқ», деди.

«Узлуксиз икки ой рўза тутиб беришга қодирмисан?», деб сўрадилар.

«Йўқ», деди.

«Олтмишта мискинга таом бера оласанми?», дедилар.

«Йўқ», деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим туриб қолдилар. Шу орада у зот ҳузурларига бир сават хурмо олиб келиб қолинди.

«Савол сўровчи қаерда қолди?», деб сўрадилар у зот.

Оиша розияллоҳу анҳо ривоятида: «Бояги ёниб кетган одам қани?», деб сўрадилар.

«Шу ердаман», деди ҳалиги киши.

«Шуни олгин-да, садақа қилиб юбор», дедилар.

Шунда ҳалиги киши: «Ўзимдан кўра ҳам фақирроқларгами? Аллоҳга қасамки, (Мадинанинг) икки ҳарраси (яъни, икки чеккасидаги тошлоқ) оралиғида менинг хонадонимдан кўра фақирроқ хонадон йўқ», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулиб юбордилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди. Сўнгра: «Буни аҳли-оилангга едир», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳул Борий: №1936, Имом Муслим ривояти: №3/139).

Фуқаҳолар Рамазоннинг кундуз кунида эри жимоъга мажбурлаган аёлнинг ҳукми борасида ҳам уч хил сўзга ихтилоф қилганлар.

Қувватлироқ гап шуки, у аёлга фақат қазо лозим бўлади, каффорат лозим бўлмайди, валлоҳу аълам. Унга каффоратни лозим қиладиган саҳиҳ далил келмаган.

2) Бўса олиш, силаб-сийпаш, истимно (онанизм, капаки) каби йўллар билан ихтиёрий равишда маний (сперма) тўкиш.

Чунки, бу нарса рўзада сақланиш шарт бўлган шаҳват жумласига киради. Ҳадиси қудсийда айтилганидек: «…Таоми, шароби ва шаҳватини Мени деб тарк қилади» (Имом Бухорий ривояти).

Ким Рамазоннинг кундуз кунида шаҳват билан маний тўкса, унинг рўзаси бузилади ва фақат қазо вожиб бўлади. Чунки, каффорат фақат жимоъда бўлиши собит бўлган. Бундан бошқача сўзни айтадиган кишиларнинг ҳужжати йўқ, валлоҳу аълам.

Эҳтилом (яъни шаҳвоний туш) билан маний тўкилган ҳолда рўза бузилмайди. Чунки, эҳтилом рўзадорнинг ихтиёрисиз содир бўлади. Агар рўзадор Рамазоннинг кундузида ухласа ва уйғонгач ўзининг эҳтилом бўлганини билса, ғусл қилади ва рўзасини давом эттиради. Унинг рўзаси дуруст саналади.

Аммо, агар рўзадор маний тўкишсиз аёлини ўпса ё қучса, бу билан рўзаси бузилмайди. «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида хотинларини қучоқлар ва ўпар эдилар. Лекин у зот сизларнинг ичингизда ўз шаҳватига тўла эга бўлган киши эдилар» (Бухорий: №1/480, Муслим: №3/135).

Ушбу баҳсга тегишли яна бир муҳим савол қолди. Яъни, кечаси аёли билан қовушган, сўнг ухлаган ва то бомдод азонигача ғусл қилмаган кишининг ҳукми нима бўлади?

Жавоб шуки, унинг рўзаси дуруст бўлади. Чунки, Бухорий ва Муслим Оиша ва Умму Салама розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳтиломдан эмас, жимоъ туфайли жунуб бўлиб тонг оттирар, сўнг Рамазон рўзасини тутар эдилар.

3) Қасддан ейиш ёки ичиш.

Яъни, оғиз ё бурун йўли орқали ҳар қандай озуқанинг ичга кириши. Аллоҳ таоло айтади: «То тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача (Ва то тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча) еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).

Аммо, бир киши Рамазон кундузида эсида йўқ еб-ичиб қўйса, унга ҳеч нарса лозим бўлмайди, рўзаси дуруст бўлади. Чунки, Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким рўзадор ҳолида унутиб еса ёки ичса, рўзасини охирига етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичирибди», деганлар (Муттафақун алайҳ, Бухорий: 1/481, Муслим: №3/160).

4) Қасддан қусиш

Яъни, рўзадор ошқозонидаги нарсани оғиз орқали чиқариб ташлаши.

Ким шундай қилса, унинг рўзаси бузилади ва қазо лозим бўлади. Аммо, ихтиёрсиз равишда ҳосил бўлган қусишнинг зарари йўқдир, бундай ҳолат юз берганда рўзасини давом эттиради ва рўзаси дуруст саналади.

Чунки, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган, Ҳоким «Мустадрак»да саҳиҳ санаган, шайхулислом Ибн Таймия ҳам саҳиҳ санаган ва «Рўзанинг ҳақиқати» китобида келтирган ҳадисда келадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзадор ҳолида ихтиёрсиз қусган кишига қазо лозим эмас. Қасддан ҳаракат қилиб қусса, рўзасининг қазосини тутиб берсин», деганлар

5) Аёл кишидан ҳайз ва нифос қони келиши

Аёл киши қачон ҳайз ё нифос қони келганини кўрса, рўзаси бузилади. Куннинг аввалги қисмида бўладими, охиридами, кун ботишига бир неча дақиқа қолгандами, фарқи йўқ. Неча кун тутолмаган бўлса, покланганидан кейин шунча кун қазо тутиши лозим бўлади. Чунки, «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисга кўра, Оиша розияллоҳу анҳодан: «Нима учун ҳайзли аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?», деб сўралганда: «Биз –Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида – ҳайз кўрар, шунда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар, намознинг эса қазосини ўқишга буюрилмас эдик», деб жавоб берганлар.

Рўзани бузувчи ишларнинг энг машҳурлари мана шулардан иборат.

Тўртинчи: Рўзанинг рухсатлари ва одоблари

Аллоҳ таоло бандаларидан ноқулайлик ва қийинчиликни кетказиш мақсадида рўзага доир бир неча рухсат ва енгилликларни берди. Жумладан:

1) Бемор киши, шунингдек рўза тутишга қийналадиган мусофир киши Рамазон кундузида рўзасини очиши мумкинлиги.

Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).

2) Рўзадор истаган пайтида, заволдан олдинми, заволдан кейинми, фарқсиз, мисвок ишлатиши мумкинлиги. Мана шу гап саҳиҳ-тўғри гапдир, иншооллоҳ. Баъзи аҳли илмлар заволдан (яъни, кун тиккадан оғганидан) кейин мисвок ишлатиш жоиз эмаслигига Алий розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинган мана бу ҳадисни далил қилишади: «Агар рўза тутсаларингиз, эрталаб мисвок ишлатинг, кечки пайт мисвок ишлатманг». Байҳақий ва Дорақутний ривоят қилган ушбу ҳадис жуда заифдир. (Қаранг: «Ас-силсилатуз-заифа: №401).

Мисвок билан оғизни тозалаш рўзадор учун ҳар доим машруъдир. Хусусан, нас (очиқ далил) келган қуйидаги олти ўринда:

  1. Биринчи: Намоз олдидан;
  2. Иккинчи: Таҳорат қилганда;
  3. Учинчи: Уйга кирганда;
  4. Тўртинчи: Уйқудан турганда;
  5. Бешинчи: Қуръон ўқиш олдидан;
  6. Олтинчи: Оғиз ҳиди ўзгарганида.

3) Рўзадор томоғига сув кетиб қолмаслиги учун ўта муболағали қилмаган (яъни, чуқур тортмаган) ҳолда оғиз ва бурунга сув олиб чайиши ҳам мазкур рухсатлар жумласига киради. Термизий, Насоий, Абу Довуд ва Аҳмад Лақит ибн Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «…Рўзадорлигингдан бошқа пайтда истиншоқни муболағали қил (яъни бурунга чуқур сув ол)» (Саҳиҳ, Термизий: №38, Насоий: №1/66, Абу Довуд: №142, 143, 144, Аҳмад: №4/33).

4) Таом ҳозирлаётган киши таом пишириш асносида унинг таъмини (тузини) тотиб кўришига рухсат этилади, шу шарт биланки, томоғига кетиб қолмаслиги керак.

5) Рўзадор иссиқ ва ташналик шиддатини ўзидан енгиллатиш мақсадида сув ва бошқа нарсалар билан салқинланиши жоиз. Абу Бакр ибн Абдурраҳмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бирларининг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни рўзадор ҳолларида ташналик ё иссиқдан бошларига сув қуяётганларини кўрганман», деганини ривоят қилган (Имом Молик ва Абу Довуд ривояти).

6) Рўзадор агар зарур бўлса, кўзига дори қуйса ёки сурма қўйса, унинг таъмини томоғида ҳис қилса ҳам рўзаси очилмайди. Чунки, бу нарсалар емак-ичмак ҳам, унинг маъносида ҳам эмас. Қулоққа дори томизиш ва жароҳатга малҳам қўйиш ҳукми ҳам шундай. Шунингдек, агар рўзадорда нафас қисиши касаллиги бўлса, нафаси қисган пайтда дори пуркагич ишлатишига ҳам рухсат берилади ва унинг рўзаси дуруст бўлади. Чунки, нафас йўлини очиш учун пуркалган ушбу модда ҳам емак-ичмак ва унинг маъносидаги нарса саналмайди.

Рўзанинг бир қанча одоблари бор. Жумладан:

1) Саҳарлик қилиш. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга буюриб, айтганлар: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ).

Саҳарлик озгина егулик билан ҳам, бир қултум сув билан бўлса ҳам амалга ошади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар қандай саҳарлик таоми баракадир. Сизлардан бирингиз гарчи бир қултум сув билан саҳарлик қилса-да, саҳарликни тарк қилманглар! Чунки Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтиб туради», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Саҳарликни субҳга қадар давом эттириш суннатдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Собит билан бирга саҳарлик қилдилар. Саҳарликдан фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, намоз ўқидилар». Анас розияллоҳу анҳудан: «Саҳарликдан фориғ бўлишлари билан намозга киришишлари ўртасида қанча вақт бор эди?» деб сўралганда: «Бир киши эллик оят қироат қилиши миқдорича», деб жавоб бердилар (Бухорий: 4/138/1921).

2) Кун ботиши билан ифтор қилишга (яъни оғиз очишга) шошилиш. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар модомики ифтор қилишга шошилар эканлар, яхшилик узра бўлаверадилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

3) Ифтор (яъни, оғиз очиш) пайтида дуо қилиш. Чунки, рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган энг гўзал дуолардан бирини Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай ривоят қилади:

وَكَانَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم إِذَا أَفْطَرَ قَالَ :«ذَهَبَ الظَّمَأُ وَابْتَلَّتِ الْعُرُوقُ وَثَبَتَ الأَجْرُ إِنْ شَاءَ اللَّهُ»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифтор қилган пайтларида: «Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ», дердилар (Абу Довуд: №2357).

3) Ғийбат, чақимчилик ва ёлғончиликни тарк қилиш.

Севикли дўстим, қорнингиз емак-ичмакдан қандай тийилган бўлса, бошқа барча аъзоларингиз ҳам гуноҳу маъсиятлардан ана шундай тийилмоғи лозим.

Аллоҳ жалла ва алодан барчамизни сўзларга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Бешинчи: Рўзадаги баъзи хатолар

Шубҳасиз, рўзадорлар Аллоҳ таолонинг энг яхши бандаларидан бўлишади. Бироқ, баъзи рўзадорлар айрим ҳолларда билиб-билмай айрим хатоларга ҳам йўл қўйиб қолишади. Жумладан:

1) Баъзилар Рамазоннинг илк кунларида ибодатга бошқача бир шавқ билан иқбол қилишади, намозларни жамоат билан адо этишга эътибор беришади, Қуръон тиловат қилишади, зикру истиғфорларни кўп айтишга ҳаракат қилишади, таровиҳ намозларига иштиёқ билан келишади. Бир неча кун ўтганидан кейин аста-секин иштиёқлари пасайиб, ялқовликка берилиш ҳоллари кўрина бошлайди. Севикли дўстим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларини ёдингиздан чиқарманг: «Амалларнинг яхшироғи оз бўлса ҳам давомлироқ бўлганидир» (Муттафақун алайҳ). Яна у зот: «Амаллар фақат хотималарига қарабдир», деганлар (Бухорий: №6606, Муслим: №112).

2) Айрим рўзадорлардан содир бўладиган хатолардан яна бири – қўполлик, тошбағирлик, рўза тутган одам бўлиб, қўл остидагилар билан бўлсин ё бошқалар билан бўлсин, ёмон муомалада бўлишдир. Нима, рўза сизни қўполликка буюрадими?! Ё тошбағирликка, хунук муомалага ундайдими?! Асло ундай эмас!! Рўза барча фазилат ва яхши хулқлар устида тарбия қиладиган мадрасадир. «Саҳиҳайн»да келган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу насиҳатларини асло эсингиздан чиқарманг: «Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутган бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман», десин» (Муттафақун алайҳ).

3) Айрим рўзадорлардан содир бўладиган хатолардан яна бири – улар Рамазонни уйқу, ялқовлик ва истироҳат учун қулай фурсат деб билишади. Айримларни кўрасизки, кун бўйи ухлайди, баъзан намозларни ҳам зое қилади, кейин кечаси билан бедор бўлади. Баъзилари: «Рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодатдир» деган ҳадисни ҳужжат қилишади, ваҳоланки бу ҳадис заифдир (Қаранг: «Ас-силсилатуз-заифа: №4696).

4) Катта хатолардан яна бири – эҳтиёждан ортиқча егуликлар ҳозирлаб, қоринлар ёрилгудек еб-ичиб, кейин ортиб қолганини ахлатга ташлайдилар. Бундай қилиш исроф ва ҳаромдир. Қолаверса, бу рўзадан кўзда тутилган ҳикматга ҳам зиддир. Мана бу гап жуда топиб айтилганки: «Сизлар қозонлаб овқат еб, челаклаб сув ичиб, кун бўйи ухлаб, яна ўзингизни қаҳрамон қилиб кўрсатасизми?!».. Мақсадимиз, ўртача бўлайлик ва ҳаддан ошмайлик, дейиш холос. Аслида, бизнинг Аллоҳ бандаларига ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаром қилиш ниятимиз йўқ.

Буюк арш соҳиби бўлган Парвардигоримиздан рўзаларимизни, тунги намозларимизни, закотларимизни қабул қилишини сўраймиз. У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

2010 йил 22-июл

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.