Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Солиҳ амалларда бардавомлик мўминлар белгисидир

المداومة على العمل الصالح شعار المؤمنين

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини восита қилиб сўрайман, бу дунёда барчамизни доимо Ўзининг тоатида бирга қилсин, охиратда эса Ўзининг жаннатида ва улуғлик ҳовлисида ҳам ҳаммамизни жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган зот билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг хожаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги, Рамазон ойидан кейинги биринчи жумъа хутбамизни «Солиҳ амалларда бардавомлик мўминлар белгисидир» деб атадик. Одатимизга кўра, уни қуйидаги бир неча моддага бўлиб олиб борамиз:

  1. Биринчи: Бўшашиш ва футур.
  2. Иккинчи: Покиза самаралар.
  3. Учинчи: Солиҳ амалда бардавом бўлишга ёрдам берувчи сабаблар.
  4. Тўртинчи: Нурли намуналар.
  5. Бешинчи: Ўлимни ёдга олинг.

Сўзларимга диққат-эътибор қаратишингизни умид қиламан. Зеро, суҳбатимиз мавзуси бугунги кунимиз учун ғоят долзарб мавзулардан биридир. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Биринчи: Бўшашиш ва футур

Севикли дўстларим! Соатлар ўз ортидан кунларни эргаштириб, мана, хаш-паш дегунча Рамазон ҳам ўтиб кетди. Кимлардир ундан улкан фойдалар олиб қолди, кимлардир уни зиён билан чиқарди. Кимнингдир амаллари мақбул бўлди, яна кимдир Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлди.

Дўстларим! Рамазон ойи мобайнида масжидлар рўзадорларнинг хуш нафаслари билан обод, намозхонларнинг сафлари билан тўла бўлди. Рамазон ичи масжидларда зикр ва Қуръон тиловати овозлари эшитилиб турди, аҳли хайр кишиларнинг инфоқ-эҳсонларидан қалблар шодликка тўлди.

Бироқ… Рамазон тугаб, Шаввол ойининг илк кунлари бомдодидан бошлаб қалбга алам-оғриқ киради, кўз йиғлайди, кўнгил ҳасрат чекади..

Қани мўминлар?! Қани Рамазонда сафларни тўлдириб турган намозхонлар?! Қани Рамазон тунларида намоз билан бедор бўлган кишилар?! Қани Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар?!

Рамазон чиқиши билан масжидлар ҳувиллаб қолгани сезилади. Шавволнинг биринчи кунидан бошлаб масжидлар ўз ҳолидан Аллоҳга шикоят қилади!!

Аллоҳу акбар!! Нима бўлди ўзи?!

Покиза ва тақводор қалбларни одамларда юз берган бўшашиш ва футур аламга солади.

Футур луғатда бир ишда бардавом бўлиб турган кишининг бўшашиб қолиши, ялқовланиб, сусткашликка йўл қўйиши маъносини англатади.

Рамазоннинг охирги кечаси ўтиши билан жуда кўпчиликни футур эгаллаб олгани яққол кўзга ташланиб қолади. Ва ҳатто, Каъбанинг Раббига қасамки, агар ҳозир сизларга ушбу футур ва бўшашиш кўпчиликнинг нафақат нафл ибодатлардан, балки айрим фарз намозларидан ҳам бира тўла юз ўгириб кетишига айланиб кетади, деб айтсам асло муболаға қилмаган бўламан.

Эй Аллоҳнинг бандаси! Нима, сен Рамазонда бир парвардигорга, Рамазондан бошқа ойларда бошқа худога сиғинасанми?!

Рамазоннинг Рабби бошқа ой-у кунларнинг ҳам Раббидир.. У ягона ҳақ маъбуддир.. Унинг шериги йўқдир.. Унинг тенги йўқдир.. Унинг рақиби йўқдир. Унинг отаси йўқдир.. Унинг боласи йўқдир.. У ягонадир.. Исмларида ҳам ягона.. Сифатларида ҳам ягона.. Феълларида ҳам ягонадир.

Эй Рамазонда Аллоҳ учун намоз ўқиб, Рамазон ўтганидан сўнг намозни зое қилган кимса! Билиб қўй, бу ишинг мунофиқлик белгиси саналади.. Аллоҳдан қалбларимизни иймон билан лиммо-лим қилишини сўрайман..

Солиҳ амалларда бардавом бўлиш мўминлар белгисидир. Бундай қилиш Аллоҳ Роббул оламинга энг суюмли қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш йўлидир. «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қурбингиз етадиган ишларни ўзингизга лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сизлар амал қилавериб малоллансангиз ҳам Аллоҳ ажр-савоб беришдан малолланмайди. Дин (амаллари)нинг Аллоҳга энг суюмли бўлгани – эгаси унда давомли бўлганидир». У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари бир амални қилсалар, унда сабот билан турардилар (Бухорий: 1/109, 110, Муслим: №782).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар уйқу ё беморлик каби бирон сабаб билан тунги намозни ўқий олмаган бўлсалар, кундузида ўн икки ракъат намоз ўқиб қўярдилар.

Мен бугун аввало ўзимга, қолаверса биродарларимга тоатларда бардавом бўлишнинг фазлини эслатиб ўтишни истадим. Суҳбатимизнинг иккинчи моддаси шу ҳақда давом этади.

Иккинчи: Покиза самаралар

Парвардигорни рози қиладиган солиҳ амалларда бардавом бўлишнинг покиза самаралари.. Ким солиҳ амалда бардавом бўлса ва бу бардавомликнинг ҳаловатини тотган бўлса, дунё ва охират саодатига эришади.

Қуйида Аллоҳни рози қиладиган солиҳ амалда давомли бўлишнинг энг муҳим самараларини айтиб ўтамиз.

Биринчи: Солиҳ амалда бардавомлик қалбни нифоқдан покланишига ва Парвардигорига боғланишига сабабдир. Қалб инсондаги асл-асосдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтганларидек: Қалб подшоҳ, аъзолар унинг лашкаридир. Агар подшоҳ яхши бўлса, лашкари ҳам яхши бўлади, подшоҳ бузуқ бўлса, лашкари ҳам бузуқ бўлади. Қалбни тузатиш билан бутун бадан тузалади, қалб бузилиши билан бутун бадан бузилади. «Саҳиҳайн»да Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек: «Огоҳ бўлинглар, жасадда бир тишлам гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхши бўлади, агар у бузилса, жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир» (Бухорий: 1/117, Муслим: №1599, Абу Довуд: №3329, Термизий: №1205).

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ ҳузурида амаллар кўплиги ва шаклларига қараб эмас, қалблардаги тафовутига қараб тафовутланади..».

Шунинг учун ҳам «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло сизларнинг ташқи кўринишларингизга ва мол-дунёларингизга қарамайди. У сизларнинг қалбларингизга ва амалларингизга қарайди» (Бухорий: 9/171, Муслим: №2563).

Қалб иймон ва тавҳид нури билан мунаввар бўлса, унга яхшилик элчилари ҳар тарафдан келади ва унинг соҳибини бир тоатдан иккинчи тоатга кўчириб юради.

Агар қалб бало ва ёмонлик булутлари билан қоронғилашса, унга ҳар тарафдан ёмонлик элчилари келиб, эгасини бир маъсиятдан иккинчи маъсиятга қараб судрайди. Натижада у зулматлар ичра кўрдек тентираб юради. Қалб поклиги ва саҳиҳлигининг энг катта аломати унинг соҳиби солиҳ амалларда бардавом бўлиши, шу билан бирга ўзини қосир санаб, Парвардигор унинг амалларини қабул қилмаслигидан қўрқувда бўлишидир.

Аллоҳ таоло айтганидек: «(Камбағал-бечораларга) берган садақаларини (қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган холда берадиган кишилар – ана ўшаларгина (барчадан) ўзувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар» (Муъминун: 60).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «(Қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорига қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда (камбағал-бечораларга) садақалар берадиган кишилар» ояти ҳақида cўраб:

– Булар ароқ ичадиган, ўғирлик қиладиганларми? – дедим.

– Йўқ, эй Cиддиқнинг қизи! Улар рўза тутадилар, намоз ўқийдилар, cадақалар берадилар, лекин улардан қабул қилинмай қолишидан қўрқиб турадилар. Ана ўшаларгина яхшиликлар қилишга шошурлар,- деб жавоб бердилар» (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

Ибн Аби Мулайка айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан ўттизтасини кўрганман, барчалари ўзларига нифоқ етишидан қўрқардилар. Улардан биронталари ҳам: «Менинг иймоним Жибрил ва Микоилнинг иймонидек», деб айтмас эди» (Бухорий ривояти).

Умматнинг Форуқи бўлган, Аллоҳ ҳақни унинг тили ва дилига жорий қилган Умар розияллоҳу анҳудек зот Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу ҳузурларига бориб: «Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, эй Ҳузайфа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенга мени мунофиқлар қаторида зикр қилганмилар?», деб сўрардилар. Умардек зот ўзларига нифоқ етишидан шунчалар қўрқардилар.

Ҳасан Басрий айтадилар: «Нифоқдан фақат мунофиққина хотиржам бўлади, нифоқдан фақат мўмингина қўрқади» (Бухорий ривояти).

Хулоса шуки, солиҳ амалда бардавомлик қалбни нифоқдан покланишига ва Парвардигорига боғланишига сабаб бўлади.

Иккинчи: Фарз бўлсин, нафл бўлсин, солиҳ амалда бардавом бўлишнинг энг катта самараларидан яна бири – банда у сабабли Аллоҳнинг муҳаббатига эришади.

Эътибор беринг, мен банданинг Аллоҳга муҳаббат қўйишига сабаб, демадим, балки Аллоҳнинг бандага муҳаббат қўйишига сабаб, дедим.

Бу икки даража ўртасида жуда катта фарқ бор! Чироқ нури қаёқда-ю, қуёш нури қаёқда?!

Банданинг Парвардигорга муҳаббати табиий ишдир. Аммо, Парвардигорнинг бандага муҳаббати унинг олдида фасоҳату балоғат эгаларининг ҳам тиллари тутилиб қоладиган ишдир!!

Аллоҳ жалла ва ало ҳадиси қудсийда айтади: «Ким Менинг (тоат-ибодатимда мустаҳкам бўлган) дўстимга душманлик қилса, Мен унга душманлик эълон қиламан. Бандам унга фарз қилган амалларимдан кўра Менга суюмлироқ бўлган бошқа бирор нарса билан Менга яқинлаша олмайди. Бандам Менга нафл амалларини қилиш билан яқинлашиб бораверади, ҳаттоки Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, Мен унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига, ушлайдиган қўлига ва юрадиган оёғига айланаман. (Яъни, у фақат мен хоҳлаган ва мени рози қиладиган нарсаларни эшитади, кўради ва ҳоказо.) Агар сўраса, албатта бераман, паноҳ тиласа, албатта паноҳимга оламан. Ўзим қиладиган бирон ишда мўминнинг жони(ни олиш)да тараддудланганимча тараддудланмайман. У ўлимни ёмон кўради, мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман» (Бухорий (11/292) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Учинчи: Солиҳ амалда бардавом бўлишнинг энг катта самараларидан яна бири шуки, у мусибат ва қийинчиликлардан қутулишга сабабдир. Ким бемалоллик ва фаровонлик пайтида солиҳ амал қилишга ҳарис бўлса, Аллоҳ таоло уни машаққатлар пайтида ташлаб қўймайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога қилган қимматли насиҳатларида айтилганидек: «Эй болам, мен сенга бир неча калималарни таълим бераман. Аллоҳни ёдда тут, сени Аллоҳ ёдда тутади, Аллоҳни ёдда тут, У зотни рўпарангда топасан. Кенглик-енгиллик пайтда Аллоҳга танилиб ол, У машаққат пайтда сени танийди. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра, агар ёрдам истасанг Аллоҳдан иста. Билгинки, бутун уммат агар сенга фойда етказамиз деб тўпланишса, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа бирон нарса билан фойда етказиша олмайди. Агар сенга зарар етказиш учун тўпланишса, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа бирон нарса билан зарар етказиша олмайди. Қалам (то қиёматгача бўладиган нарсаларни) ёзиб бўлган ва саҳифалар қуриган» (Шайх Арнаъут «Жомиъул-усул» тахрижида: «Барча йўллари билан ҳасан ҳадис, баъзиси Аҳмадда, баъзиси Термизийда, баъзиси бошқаларда», деган).

Тўртинчи: Солиҳ амалда бардавом бўлишнинг энг катта самараларидан яна бири – у чиройли хотима ва жаннатга эришишга сабаб бўлади.

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ Карим Ўз карами билан жорий қилганки, ким нима устида яшаса, ўша устида ўлади, ким нима устида ўлса, ўша нарса устида тирилади».

Мўмин Аллоҳнинг тоати устида ўз нафсига қарши жиҳод қилиб бораверади, ҳатто унинг ҳаёти чиройли хотима билан якун топади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

«Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим: 27).

Термизий ва Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ бир бандага яхшилик истаса, уни ишга солиб қўяди», дедилар. «Қандай ишга солади?», деб сўралганда: «Солиҳ амалга муваффақ қилиб қўяди-да, сўнг шунинг устида жонини олади», дедилар (Термизий: №2143).

Эй Аллоҳнинг бандаси! Агар солиҳ амалга муваффақ этилган бўлсанг ва шунда бардавом бўлсанг, шу солиҳ амал устида вафот этасан ва иншооллоҳ, шу солиҳ амал устида тириласан!..

Ўтган ҳафта эшитганим қизиқ бир ҳодисани сизларга айтиб бераман.

Ўн ёшлар чамаси бир ёш бола.. Қоҳиранинг қайси масжидида жумъа хутбаси ё муҳозара-маъруза қилишга борган бўлсам, уни минбарга яқин ўринда кўрардим ва уни таниб қолган эдим.

Ўтган жумъа куни болага кўзим тушмади, отаси ўзи ёлғиз келибди. Мен ундан: «Ўғлингиз қани?», деб сўрадим. У йиғлаб юборди. «Субҳаналлоҳ, ўзи нима бўлди?», деб сўрадим. «Ўғлим вафот этди», деди.

«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиуун.. Аллоҳ сизга ундан-да яхшироғини эваз қилиб беришини ва уни ҳавз устида сизни кутиб турувчи бўлишини тилайман», дедим.

У деди: «Эй муҳтарам зот! Мен унинг фироқига йиғламаяпман, ўлими олдидан унда кўрганим ҳолатга йиғлаяпман, биз жуда қизиқ ҳолатга гувоҳ бўлдик».

Кичиккина бу боланинг ҳаётида катталар учун дарс ва ибрат бор.. У ширинлик ва сув-ичимликлар учун отасидан кундалик оладиган пулига маъруза ёзилган кассета сотиб олиб, аввал ўзи эшитар, кейин ўртоқларига берар экан.. Пулининг бир қисмини масжиддаги садақотлар қутисига ташлаб, қолганига ширинлик сотиб олиб, фақирларга тарқатар экан..

Рамазон ойининг биринчи жумъаси бўлган муборак бир кунда ювиниб-тараниб, отасига: «Масжидга эртароқ борайлик, биринчи сафдан жой тегмай қолиши мумкин», дейди. Сўнг оппоқ кийимларини кийиб, хушбўйланиб, отаси билан масжидга қараб йўл олади. Машинадан тушиб, масжид эшигига бир неча одим қолганида, тўсатдан бир машина елдек учиб келиб, болани уриб, учириб юборади.. Болакайни зудлик билан Демирдош шифохонасига етказадилар.. Шифокорлар болани асраб қолиш имконсизлигини, у ўлим олди ҳолатида эканини айтишади.. Шу пайт шифохона яқинидаги масжид мезаналаридан жумъа намозига айтилаётган азон товуши тарала бошлайди.. Шунда ўзини билмай ётган болакайнинг қўли тўсатдан ҳаракатга келади ва еру осмонлар Парвардигорининг тавҳидини эълон қилиб, кўрсаткич бармоғини юқори кўтаради..

Тили тавҳид калимасини такрорлашга ожизлик қилади.. Шунда кўксидаги юраги ҳаракатга келиб, ўз лашкари бўлган аъзоларига амр этади ва қўл ҳаракатга келиб, кўрсаткич бармоқ тавҳидни эълон қилиб, ишора қилади.. Бу ҳусни хотимадир эй Аллоҳнинг бандалари.. Аллоҳ таолодан барчамизга чиройли хотима ато этишини сўрайман..

«Ҳар бир банда нима устида вафот этса, ўша нарса устида тирилади».

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим: 27).

«Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

Эй Аллоҳ! Ўзинг бизларни муҳсинлардан – эҳсон сифатига эга кишилардан қилгин..

Эй нафсига қарши курашган, тоат йўлида нафсини бўйсиндира олган, нафсини маъсиятдан жиловлай олган зот! Билингки, Аллоҳ сизни тўғри йўлда собитқадам ва барқарор қилишга қодир, У сиз билан бирга.. Чунки, сиз ҳозир муҳсинлар сафидасиз. Муҳсин деб Аллоҳга гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилувчи, ва гарчи Аллоҳни кўрмаётган бўлса-да, Аллоҳ уни кўриб турганига аниқ ишониб ибодат қилувчи кишига айтилади.

Жаброил фаришта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келгани ҳақидаги машҳур ҳадисда келганидек, у (Жаброил) «Эҳсон нима?» деб сўрадилар. «Аллоҳга гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг, гарчи сен Уни кўрмасанг-да, У сени кўриб турибди», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Бухорий ривояти).

Шу ерда бир савол ўртага чиқади: Ана шундай яхшиликка етказадиган йўл қайси?

Солиҳ амалда бардавом бўлишимизга ёрдам берадиган сабаблар борми?

Суҳбатимизнинг учинчи қисми ана шу сабаблар ҳақида бўлади.

Учинчи: Солиҳ амалда бардавом бўлишга ёрдам берувчи сабаблар

Солиҳ амалда бардавом бўлишга ёрдам берувчи энг катта сабаблардан бири – Аллоҳ азза ва жалладан ёрдам ва мадад сўрашдир. Зеро, Аллоҳнинг ёрдамига эга банда ҳақиқий мадад устида, Аллоҳнинг ёрдамидан маҳрум кимса ҳақиқий ёрдамсиздир.. Шундай экан, Аллоҳдан сизни тўғри йўлда қилишини, ҳаққа муваффақ этишини, Ўзи сизни қўллаб-қувватлашини ва Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар устида сизга ёрдам беришини сўранг.

Имом Аҳмад, Термизий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муознинг қўлини ушлаб туриб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман. Сиз ҳар бир намоздан кейин:

اللَّهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَشُكْرِكَ وَحُسْنِ
عِبَادَتِكَ

«Эй Аллоҳ, менга Сени зикр қилишимга, Сенга шукр қилишимга ва Сенга чиройли ибодат қилишимга ёрдам бергин» деб айтишни асло қўйманг», дедилар (Албоний «Саҳиҳул-калимит-тоййиб»да (№95) саҳиҳ санаган).

Шундай экан, сиз Аллоҳдан Уни рози қиладиган солиҳ амалларда сизга ёрдам беришини сўранг.

Солиҳ амалда бардавом бўлишга ёрдам берувчи энг катта сабаблардан яна бири – тоат ва амалларда мўътадил бўлиш, ғулувга ҳам кетмаслик, сусткашликка ҳам йўл қўймасликдир. Зотан, ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғулув кетиш ва йўлни ўта тор олишдан қайтарганлар.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзи учун) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилгай. Шундай экан, (амалда) ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар, эртаю кеч ва туннинг бир қисмида (ибодатлар ила) мададланинглар» (Бухорий: №39).

«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (масжидга) кириб, икки устун орасига тортилган арқонни кўрдилар ва: «Бу қандай арқон?», деб сўрадилар. «Бу Зайнабнинг арқони, (намозда) толиқиб қолганида шунга осилиб олади», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, ечиб ташланглар. Сизлардан бирингиз тетик ҳолида намоз ўқисин. Толиқса, ўтириб олсин», дедилар (Бухорий: 3/278).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилганида, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса?», дедилар. Улардан бири: «Мен кечалари доимо намоз ўқийман», деди. Иккинчиси: «Мен кундузлари доимо рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мувозанат ва мўътадиллик манҳажини ер юзида амалий манҳажга айлантирдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги дуолари ҳақида бир тафаккур қилиб кўринг: «Эй Аллоҳ, мен учун ишимнинг тутқичи бўлган динимни, тирикчилигим бўлган дунё ҳаётимни, оқибатим бўладиган охиратимни ислоҳ этгайсан! Ҳаётни мен учун барча яхшиликларнинг зиёдаланиши, ўлимни мен учун барча ёмонликлардан роҳат қилгайсан!» (Муслим: №2720).

Ана шундай, мўжаз лафзлар ва етук услуб билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўътадиллик, ўртачалик, дин ва дунё ўртасини мувозанатда тутиш қандай бўлишини кўрсатиб бердилар.

Солиҳ амалда бардавом бўлишга ёрдам берувчи муҳим сабаблардан яна бири – тоат-ибодатда даражама-даража юксалиб бориш, аввал енгилроқ, қулайроқ ва дилга ёқимлироғидан бошлаб, секин-аста юқорироқ даражаларга кўтарилиб боришдир.

«Саҳиҳул Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Қуръондан илк нозил қилинган суралар жаннат ва дўзах зикри ҳақида бўлди. Ҳатто, қачонки одамлар Исломга оқиб кира бошлаганларидан сўнг ҳалол ва ҳаром (мавзусидаги оятлар) нозил бўлди. Агар аввал-бошда «Маст қилувчи ичимлик ичманглар» ёки «Зино қилманглар» деган оятлар нозил бўлганида одамлар: «Ароқ ичаверамиз» ва «Зинони асло ташламаймиз», деган бўлардилар».

Рошид халифалардан бўлган Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳунинг тушунчалари ҳам айни шундай бўлган эди. У кишига тақводор ва жонкуяр ўғиллари Абдулмалик бир куни айрим ноҳақ ишларни ўзгартиришга шошилмаётганлигини танқид қилиб: «Отажон, нега одамларни ҳаққа бирдан ва тўла-тўкис мажбур қилмаяпсиз?», деганида доно ота шундай жавоб берадилар: «Шошилманг эй ўғлим, Аллоҳ таоло ҳам Қуръонда ароқни икки марта айблаб, сўнг учирчи мартасида ҳаром қилди. Мен одамларни ҳаққа бира тўла мажбурласам, улар бира тўла ҳақни ташлаб кетишларидан ва фитна келиб чиқишидан қўрқаман».

Солиҳ амалда бардавом бўлишга ёрдам берувчи муҳим сабаблардан яна бири – сизга Аллоҳ азза ва жалланинг тоатида ёрдам берувчи яхшилар суҳбатида бўлишдир.

Инсон ўз атрофидаги биродарларини Аллоҳ жалла ва алонинг тоатида кўрса, ўзида ибодатга рағбат пайдо бўлади, биродарларининг тоатда бардавомлигини ва ўзидаги қосирликни кўриб баъзан хижолат чекади. Покиза ва яхши кишиларни, аҳли илм ва аҳли фазл зотларни кўриш ҳам инсонга Аллоҳ таолони эслатади ва уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тоатига тарғиб қилади.

Ибн Можа ривоят қилган ҳасан ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамлар орасида яхшилик калитлари ва ёмонлик қулфлари бўлган кишилар бордир» (Ибн Можа: №237).

Эй Аллоҳнинг бандаси! Яхшилик калитларига ошно бўлинг, улар қалбингизни Аллоҳнинг муҳаббатига, Аллоҳнинг зикрига ва Аллоҳнинг тоатига очадилар. Ёмонлик калитларидан узоқ бўлинг, улар қалбингизни Аллоҳнинг тоати, Аллоҳнинг муҳаббатидан ва Аллоҳнинг зикридан тўсадилар.

Яхшилар суҳбатига ошиқинг.. Азиз ва Ғаффор Зотни ёдингизга солувчи покиза зотлар суҳбатига ошиқинг. Зеро, улар суҳбати сизга Аллоҳнинг тоатида ёрдам беради ва сизнинг қўлингиздан тутиб, солиҳ амалларда бардавом бўлиш сари етаклайди.

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд…

Тўртинчи: Нурли намуналар

Мен ҳозир сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан икки буюк намуна соҳибини зикр қилишни истадим. Токи у зотлар шу дунёда яшаб турган ҳолларида қандай қилиб жаннат билан хушхабарланган эканларини билиб олишингиз мумкин.

Улардан бирлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эдилар.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирган ҳадисда айтилишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ичларингизда ким бугун рўза тутди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун жанозада қатнашди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун бир мискинни тўйдирди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун бир беморни бориб кўрди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ушбу ишлар қай бир кишида жамланса, у албатта жаннатга киради», дедилар (Муслим: №1028).

Иккинчилари Ислом сабабли қулликдан қутулиб, юксак даража соҳибига айланган Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу эдилар.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Билол, Исломда қилган энг умидбахш амалингизни менга айтиб беринг. Чунки, мен жаннатда оёқ кийимингиз товушини эшитдим», дедилар. Билол: «Мен кечаси ё кундузининг қай соатида таҳорат қилсам, ўша таҳорат билан Аллоҳ қанча ўқишимни (тақдиримга) битган бўлса, шунча намоз ўқиб оламан, бундан умидлироқ амалим йўқ», дедилар.

Бу еру осмонлар Парвардигорини рози қиладиган солиҳ амаларда бардавом бўлишнинг покиза самараларидир.

Бешинчи: Ўлимни ёдга олинг

Ўлим сиз кутаётган ғойиблар ичида энг яқини эканини билсангиз, умрингизнинг ҳар бир соатини Аллоҳ таолонинг тоатида ишлатиб қолишга ҳарис бўласиз.

Эй дўстим, ўша яқинлашиб келаётган ғойибни эсга олинг..

«Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб) келди. (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочувчи бўлган нарсадир» (Қоф: 19).

Ҳақ шуки, сиз албатта ўласиз, ёлғиз Аллоҳ абадий барҳаёт зотдир..

Ҳақ шуки, ўлимингиз пайтида ё раҳмат фаришталарини, ё эса азоб фаришталарини кўзингиз билан кўрасиз..

Ҳақ шуки, қабрингиз ё жаннат боғларидан бир боғчага, ё эса дўзах чоҳларидан бир чоҳга айланади.

«(Эй инсон), бу (ўлим) сен қочувчи бўлган нарсадир» (Қоф: 19). Сен ундан қочасан.. Бирон дардга чалинсанг, ўлимдан қочиб, табибга югурасан.. Оч қолсанг, ўлимдан қўрқиб, емакка ўзингни урасан.. Ташналик етса, ўлимдан қўрқиб, сувга интиласан.. Хўш, кейинчи?! Кейин нима бўлади?!

Эй кучли паҳлавон! Эй ўткир ақл ва талант соҳиби! Эй адиб! Эй мутафаккир! Эй вазир! Эй давлат бошлиғи! Эй подшоҳ! Эй катта! Эй кичик!

Ҳар бир йиғловчи устида ҳам бир куни йиғлайдилар.. Ўлим хабарини етказувчи кишининг ҳам бир куни ўлими хабарини берадилар.. Ҳар қандай номдор шахслар ҳам унутилади.. Ёлғиз Аллоҳ адабий барҳаёт қолади.. Ким ўзини олийман деса, Аллоҳ ундан олийроқдир..

Солиҳ амалларда бардавом бўлиш мўминларнинг белгисидир.

Аллоҳ таолодан сизу бизни Ўзи рози бўладиган солиҳ амалларда бардавом қилишини сўраб қоламан. Зеро, У бунга қодирдир.

Дуо…

2010 йил 16-сентябр

b

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.