Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Тавассул, унинг ҳукми ва турлари

Тўпловчи: Абу Ҳасан Алий ибн Ҳусайн Абу Лавз
Таржимон: Муҳаммад Исмоил

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Шариати исломияда муқаррарки, инсон бажарадиган ҳар қандай амал Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида мақбул бўлиши учун унда иккита шарт топилиши лозим:

Биринчи: Амал Аллоҳ учун холис бўлмоғи зарур, у билан риё ва сумъа, шунингдек, бирон дунёвий манфаат кўзланган бўлмаслиги лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин!» (Каҳф: 110).

Иккинчи: Амал тўғри бўлиши яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлиши лозим, агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига хилоф бўлса мақбул бўлмайди.

Ҳамма даврларда ҳам айрим одамлар тушуниб олиши қийин бўлган масалалардан бири – тавассул (восита қилиш) масаласидир. Шу боис кўпчилик тавассулнинг тақиқланган ва бидъат бўлган ҳамда Ислом асосларига ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятларига зид бўлган турларига аралашиб қолиб, уларнинг амаллари қабул бўлишидаги шартларнинг иккинчисидан маҳрум бўлади.

Аҳли суннат вал-жамоатнинг жумҳур уламолари тавассулнинг шаръий нуқтаи назардан жоиз эканига иттифоқ қилишган, бунга оятлар ва саҳиҳ ҳадислардан далиллар келтиришган.

Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида икки ўринда василани хос лафзи билан зикр қилди:

«Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун восита изларлар» (Исро: 57).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш учун йўл-восита излангиз» (Моида: 35).

Ҳадисларга келсак, имом Бухорий «Саҳиҳ»ида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким азонни эшитган вақтда: «Бу мукаммал чақириқнинг, ҳозир бўлган намознинг Рабби бўлган эй Аллоҳим! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга васила (воситачилик) ва фазилат ато этгин. Эй Аллоҳим, уни Ўзинг ваъда қилган мақтовли ўринда тургизгин», деб дуо қилса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлади», дедилар.

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис келтирилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муаззиннинг (азонини) эшитсангиз, у айтаётган сўзларни айтинглар, сўнг менга солавот айтинглар. Чунки, ким менга битта солавот айтса, Аллоҳ унга ўнта раҳмат ато қилади. Сўнг Аллоҳдан менга васила (воситачилик ато этишини) сўранглар. Зеро, у жаннатдаги бир мартабаки, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандага насиб бўлади. Мен ўша банда бўлишни умид қиламан. Ким менга васила сўраса, унга шафоат ҳалол бўлади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўраладиган васила – юксак, олий даражадир.

Тавассулнинг жоизлиги ҳақида уламолар ўртасида хилоф йўқ, бироқ унинг кайфияти ҳақида хилоф бор. Халқлардан кўплари бугун айни шу кайфият борасида йўлдан оғиб кетишган ва бидъий ва ширкий тавассулга кириб қолишган. Улар заиф ва мавзуъ (тўқима, сохта) ҳадисларни далил қилиб, маҳкам ушлаб олишади. Қолаверса, тавассул ҳақида келган оятларни ва саҳиҳ ҳадисларни ботил ва ислом динининг асосларига зид таъвиллар билан таъвил қилишади.

Тавассул мавзусининг аҳамиятидан келиб чиқиб ва кўпчилик – хусусан, тасаввуф ва тариқат аҳли кенг тарқалган, азиз-авлиёларнинг мозорлари ва уларни тавоф қилиш кўп бўлган диёрларда – тавассулнинг ман қилинган турига тушиб қолаётгани боис мен ушбу рисолани аллома шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг китоблари ичидан териб жамладим. Шайх мазкур масалани лўнда ва тушунарли қилиб очиб берган, унинг турларини бирма-бир санаган, улар ичидан машруъ-шариатга мувофиқ ва мамнуъ-шариатга зид бўлганларини баён қилиб берган. Аллоҳ у кишини яхши ажру мукофотлар билан сийласин, Ўз раҳматига олсин ва илми билан халқларимизни фойдалантирсин.

Аллоҳ таолодан ушбу амалимизга ажру савоблар ато этишини, қиёмат куни у билан амалларимиз тарозисини оғир қилишини сўраймиз. У бунга қодир Зотдир. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

Абу Ҳасан Алий ибн Ҳусайн Абу Лавз
8 муҳаррам 1417ҳ.
25.5.1996.

Тавассулнинг таърифи

«Тавассул» – мақсадга етказувчи сабаб ва восита маъносидаги «васила» сўзидан олинган бўлиб, воситачи қилмоқ маъносини англатади.

Шаръий истилоҳда эса у билан Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига етишиш ирода қилинадиган ибодатга айтилади. Шунинг учун: «Барча ибодатлар дўзахдан қутулиш ва жаннатга киришга воситадир», деб айтамиз. Аллоҳ таоло айтади: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорларига қай бирлари яқинроқ бўлиш учун восита-ибодат турлари (ни қилиш)да мусобақалашадилар» (Исро: 57).

Рамазоннинг рўзаси гуноҳларнинг кечирилишига восита, тунги намоз гуноҳларнинг кечирилишига восита, қадр кечаси ибодат билан бедор бўлиш гуноҳларнинг кечирилишига восита, бунинг шарти, буларнинг ҳаммаси иймон билан ва ажр умидида бўлиши керак. Демак, яхши амалларнинг барчаси восита, яхши амаллар қилишдан мақсад эса Аллоҳ айтганидек: «Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгандир» (Оли Имрон: 185). Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳаннамдан паноҳ тилаб: «Аллоҳдан жаҳаннамдан паноҳ тилайман, жаҳаннам аҳлининг ҳолига вой», дердилар.[1]

Тавассул турлари: жоиз тавассул ва ман этилган тавассул

Аллоҳ таолога тавассул қилиш – дуони ижобат қилиши учун дуо қилувчи ўзи билан Аллоҳ ўртасига бир воситачини қўйишини англатади. Аллоҳга дуо қилишдаги тавассул дуо қилувчи дуосининг ижобат бўлишига сабаб бўладиган бирор нарсани дуосига қўшиши билан бўлади. Ўша нарса унинг дуоси қабул бўлишига сабаб бўла олишига далил керак бўлади, далил эса фақат шариат тарафидан бўлади. Ким шариат тарафидан бирон далилсиз қайсидир бир ишини дуоси қабул бўлиши учун восита қилса, у Аллоҳ шаънида ўзи билмаган нарсани айтган бўлади. Чунки, у одам ўзи восита қилаётган нарса Аллоҳни рози қилиши ва дуосининг қабул қилинишига сабаб бўлишини билмайди-ку!

Дуо ҳам ибодат, ибодат эса шариатга мувофиқ бўлиши лозим. Аллоҳ таоло Унинг изнисиз бирон шариатга-йўлга эргашишни ёмон иш деб санади ва ширк деб атади:

«Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ изн бермаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!» (Шуро: 21).

«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 31).

Аллоҳга дуо қилишдаги тавассул икки қисмдир:

Биринчи қисм: Жоиз тавассул, яъни шариатда бор бўлган бирон нарсани восита қилиш. Бу ўзи бир неча турга бўлинади:

1) Аллоҳ таолога Унинг исмлари билан тавассул қилиш;

2) Аллоҳ таолога Унинг сифатлари билан тавассул қилиш;

3) Аллоҳ таолога Унинг феъллари билан тавассул қилиш;

4) Аллоҳ таолога Унга бўлган иймонини тавассул қилиш;

5) Аллоҳ таолога дуо қилувчининг ҳолати билан тавассул қилиш;

6) Аллоҳ таолога дуоси қабул бўлишидан умид бўлган солиҳ кишининг дуосини тавассул қилиш;

7) Аллоҳ таолога солиҳ амал билан тавассул қилиш.

Иккинчи қисм: Ман қилинган тавассул, бу икки қисмдир:

1) Шариатда у ҳақда ҳеч нарса дейилмаган бирон нарсани васила қилиш.

2) Мушрикларнинг ўз бут-санамлари билан, жоҳилларнинг азиз-авлиёлари билан тавассул қилишлари.

Қуйида иншааллоҳ, мазкур икки қисмни барча турлари билан бирга, ҳар бир тур ҳақида далиллар келтириб, батафсил айтиб ўтамиз.

Биринчи қисм: жоиз тавассул

Машруъ ва жоиз тавассул – матлубга етказадиган тўғри восита билан тавассул қилиш бўлиб, у шариатда бор бўлган нарсани васила қилиш билан бўлади. У бир неча турли:

Биринчи тур: Аллоҳ таолога Унинг исмлари билан тавассул қилиш

Бунинг икки хил кўриниши бор:

Биринчи кўриниши: Аллоҳ таолога Унинг исмлари билан умумий суратда тавассул қилиш.

Бунинг мисоли: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ғам-қайғу дуоси ҳақидаги саҳиҳ ҳадисда айтилади:

«Эй Аллоҳим! Албатта, мен Сенинг қулингман. Қулингнинг ўғлиман. Чўрингнинг ўғлиман. Тасарруфим Қўлингда (яъни, мени ҳохлаган томонингга бурасан). Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Менинг устимдаги қазоинг (ҳукминг) адолатдир. Сендан Ўзингнинг ҳар бир исминг билан сўрайманки, у исм билан Ўзингни номлагансан ёки уни қайсидир Китобингда нозил қилгансан ёки уни бирон бандангга билдиргансан ёки уни Ўз олдингдаги ғайб илмида сақлаб қўйгансан. (Шу исмларнинг ҳаммаси билан сўрайманки), Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўнглимнинг нури, маҳзунлигимнинг ариши ва ташвишимни кетиши қилгин».[2]

Бу ҳадисдаги далил – «Сендан Ўзингнинг ҳар бир исминг билан сўрайман» иборасидир.

Дуоларимизда айтамизки: «Эй Аллоҳим, Сендан Ўзингнинг гўзал исмларинг билан сўрайман». Бунинг далили – Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлидир: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша исмлар билан дуо қилинглар» (Аъроф: 180).

Иккинчи кўриниши: Аллоҳ таолога хос исми билан тавассул қилиш:

Бунинг мисоли: «Эй Ғафур, мени мағфират эт! Эй Раҳим, менга раҳм қил! Эй Аллоҳим! Сен афв қилишни яхши кўрадиган Афувсан, мени афв эт!» каби дуоларки, бу Аллоҳга хос исми билан тавассул қилиш.

Бу хил тавассулда исм дуога муносиб бўлмоғи лозим. Агар Аллоҳдан ризқ сўрамоқчи бўлсангиз: «Ё Раззоқ» дейсиз, мағфират тиламоқчи бўлсангиз: «Ё Ғафур» дейсиз, афв сўрамоқчи бўлсангиз: «Ё Афув» дейсиз ва ҳоказо.

Бироқ, «Эй қаттиқ жазолови Зот, мени афв эт» дейишингиз муносиб эмас. Чунки, жазога далолат қилувчи исмни қандай қилиб Аллоҳ азза ва жалладан афв сўраш учун тавассул қиласиз?! Аллоҳ таолодан нимани сўраётган бўлсангиз, ўшанга муносиб исмлари билан дуо қиласиз.

Бунга яна бир мисол: Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намозида ўқиши учун бирор дуо ўргатишларини сўраганида у зот: «Эй Аллоҳим, мен ўзимга катта зулм қилдим, гуноҳларни фақат Сенгина мағфират қиласан, мени Ўз ҳузурингдан бўлган мағфират ила кечиргин ва менга раҳм-шафқат қил. Албатта, Сен Ғафурсан, Раҳимсан», деб дуо қилинг», дедилар.[3] Мазкур дуода матлабга мувофиқ икки исм билан Аллоҳга тавассул қилиниб, “Албатта, Сен Ғафурсан, Раҳимсан” дейилди.

Тавассулнинг бу тури Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша исмлар билан дуо қилинглар» (Аъроф: 180) деган каломига дохилдир. Зеро, бу ерда дуо – сўров дуосини ҳам, ибодат дуосини ҳам ўз ичига олади.

Иккинчи тур: Аллоҳ таолога Унинг сифатлари билан тавассул қилиш

Бунинг ҳам икки хил кўриниши бор:

Биринчи кўриниши: Аллоҳ таолога Унинг сифатлари билан умумий тарзда тавассул қилиш.

Бунинг мисоли: Дуо қилган пайтингизда: «Эй Аллоҳим, мен Сендан гўзал исмларинг ва олий сифатларингни восита қилиб сўрайман» деб, сўнг матлубни зикр қиласиз. Бу тавассул тўғри.

Иккинчи кўриниши: Аллоҳ таолога Унинг хос бир сифати билан тавассул қилиш.

Бунинг мисоли: Ҳадисда келганки: «Аллоҳнинг иззати ва қудрати билан, ўзим сезаётган ва хавфланаётган нарсамнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман».[4]

Бу ерда Аллоҳнинг сифатларидан хос икки сифат; “иззат” ва “қудрат” сифатини васила қилинмоқда.

Бунга яна бир мисол: Ҳадисда келганки: «Эй Аллоҳим, ғайбни билишинг ва бутун махлуқларинг устидаги қудратинг билан сўрайман, модомики ҳаёт мен учун хайрли эканини билсанг, мени яшатгин. Агар ўлимни мен учун хайрли деб билсанг, вафот эттиргин»[5]. Бу ерда матлабга муносиб бўлган Аллоҳнинг “илм” ва “қудрат” сифатлари билан тавассул қилинмоқда.

Учинчи тур: Аллоҳ таолога Унинг феъллари билан тавассул қилиш

Бу шундай бўладики, Аллоҳдан бирор нарсани сўраб дуо қиласиз, сўнг ўша нарсани рўёбга чиқаришига худди шунга ўхшаш бошқа бир феълини восита қиласиз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш ҳадисида келадики: «Эй Аллоҳим, Иброҳим ва унинг аҳли-оиласига салавот йўллаганинг боис Муҳаммад ва Муҳаммаднинг аҳли-оиласига ҳам салавот йўллашингни сўраймиз».[6]

Зеро, Аллоҳнинг Иброҳим ва унинг аҳли-оиласига салавот йўллаши Унинг феълларидан. Аллоҳнинг бандасига салавот йўллаши уни малаул аълода (Ҳузуридаги муқарраб фаришталар олдида) уни мақташи ва уни яхшилик билан тилга олиши. Баъзи уламолар Аллоҳнинг салавот йўллаши унинг раҳмати деганлар, бу заиф гап. Уни Қуръон ояти инкор этади. «Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот ва раҳмат бордур.» оятда раҳматни салавотга атф қилинмоқда атф фарқлиликни тақозо қилади.

«Эй Аллоҳим, бизга ёмғир ёғдирганинг каби, уни фойдали ёғин қилгин» деб дуо қилсангиз Аллоҳ таолога Унинг феълини восита қилган бўласиз. Зеро, бунда Аллоҳнинг ёмғир ёғдириш феълини восита қилинмоқда.

Тўртинчи тур: Аллоҳ таолога Унга бўлган иймонни тавассул қилиш

Яъни, инсон Аллоҳ таолога ва Унинг пайғамбарига бўлган иймонини восита қилиб: «Эй Аллоҳим, Сенга ва пайғамбарингга бўлган иймонимни ўртага қўйиб, Сендан фалон-фалон нарсани сўрайман» деса дуруст бўлади. Бунга қуйидаги ояти карима далил бўлади: «Парвардигоро, албатта биз: «Парвардигорингизга иймон келтирингиз!» деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад алайҳис-саломнинг нидоларини) эшитдигу иймон келтирдик. Парвардигоро, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қил, қилган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиздан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга вафот топдир!» (Оли Имрон: 193).

Яъни, Сенга бўлган иймонимиз сабабли бизни мағфират қил, деб Аллоҳга бўлган иймонни мағфират қилиниш учун васила қилинмоқда.

Қуйидаги оятлар ҳам шунга далил бўлади:

«Аниқки, Менинг бандаларимдан бир гуруҳ бор эди. Улар: «Парвардигоро, (Ўзингга) иймон келтирдик. Бас сен Бизларни мағфират қилгин ва бизларга раҳм айла: Сен Ўзинг раҳм қилувчиларнинг яхшироғидирсан», дер эдилар» (Муъминун: 109).

«Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга эргашдик. Бас, бизни (Ўзингнинг бирлигингга, пайғамбарингнинг ҳақлигига) гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!» (Оли Имрон: 53).

Демак, Аллоҳга ва Расулига бўлган иймонни ҳамда Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатни васила қилиш жоиз. Чунки, мазкур иймон ва муҳаббат кишининг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади.

[1] Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад, Табароний ривоятлари.

[2] Имом Аҳмад ривояти.

[3] Бухорий ва Муслим ривояти.

[4] Муслим ривояти.

[5] Бухорий ва Муслим ривояти.

[6] Бухорий ривояти.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Батафсил

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Батафсил

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Батафсил

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Батафсил

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Батафсил

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Батафсил

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Батафсил

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Батафсил

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Батафсил

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Батафсил

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.

en_USEnglish