Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Тавҳид китоби (3)

Жоҳилият, фисқ, залолат, муртадлик: уларнинг қисмлари ва ҳукмлари
1) Жоҳилият

Жоҳилият – арабларнинг Исломдан олдинги даврда бўлиб келган: Аллоҳни, пайғамбарларини, дин шариатларини билмаслик, насаблар билан фахрланиш, кибрланиш, зўравонлик каби ҳолатларидир.[1] Илмсизлик ёки илмга эргашмаслик маъносидаги «жаҳл» сўзидан олинган.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Ҳақни танимаган одам жаҳолати содда бўлган жоҳилдир. Агар ҳақнинг зиддини эътиқод қилса, у жаҳолати мураккаб бўлган жоҳилдир.

Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилинишларидан олдин ана шу маънодаги жоҳилиятда эдилар. Ўрталарида юрган гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатларни уларга жоҳил чиқариб берган ва унга фақат жоҳилгина амал қилади. Шунингдек, пайғамбарлар олиб келган нарсаларга зид бўлган яҳудия ва насрония каби барча йўллар ҳам жоҳилият бўлиб, бу оммавий равишдаги жоҳилият эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилганларидан кейин жоҳилият кофирлар диёрларидаги каби, бир жойда бор бўлса, бошқасида бўлмаслиги мумкин. Ёки бир шахсда жоҳилият бўлиб, бошқасида бўлмаслиги мумкин. Масалан, бир одам Исломни қабул қилишидан олдин гарчи ўзи ислом диёрида яшаса-да, жоҳилиятда бўлган ҳисобланади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин мутлақ замонга нисбат бериладиган жоҳилият даври йўқолди. У зотнинг умматларидан бир тоифа то қиёмат қойим бўлгунича ҳақ устида ғолибона давом этади. Аммо баъзи мусулмон диёрларида кўпгина мусулмон шахсларда чекланган жоҳилият бўлиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Умматим ичида тўртта иш борки, улар жоҳилият ишларидандир».[2] Абу Зарга айтганларидек: «Сен жоҳилият (феъл-атвори) бор киши экансан!»[3] ва шу маънодаги бошқа сўзлари ҳам бор».[4]

Илмсизлик маъносидаги жаҳлга нисбат берилган жоҳилият икки қисмга бўлинади:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилиб юборилишларидан олдинги умумий жоҳилият. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биъсатлари (юборилишлари) билан ниҳоясига етди.

2) Айрим давлатларга, айрим шаҳарларга, айрим шахсларга хос бўлган жоҳилият, у ҳозирда ҳам мавжуд. Бу билан жоҳилиятни ҳозирги замонга оммавий равишда нисбатлаб: «Ушбу аср жоҳилияти» дейдиган кишиларнинг сўзлари хато экани маълум бўлади. Бунинг ўрнига «бу асрдаги айрим кишиларнинг жоҳилияти ёки бу асрдаги кўпчилик одамларнинг жоҳилияти» дейилса тўғри бўлади. Оммавий жоҳилият деб аташ нотўғри. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилишлари билан оммавий жоҳилият барҳам топган.

2) Фисқ

Фисқ луғатда «чиқиш» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳнинг тоатидан чиқиш демакдир. У Аллоҳнинг тоатидан батамом чиқишни ҳам англатади ва шу нуқтаи назардан кофирни фосиқ ҳам деб аталади. Жузъий чиқишни ҳам англатади, гуноҳи кабиралардан бирортасини қилган мўминга ҳам фосиқ деб айтилади.

Фисқ икки хилдир:

1) Диндан чиқарадиган фисқ – яъни куфр. Кофирни фосиқ ҳам деб номланади. Аллоҳ таоло иблис ҳақида зикр қилиб: «Бас, Парвардигорининг амридан чиқди» (Каҳф: 50) дейди. Шайтондан содир бўлган бу фисқ (чиқиш) куфр эди. Аллоҳ таоло: «Фосиқ бўлган кимсаларнинг маъволари эса дўзахдир» (Сажда: 20) дейди ва бу билан кофирларни кўзда тутади. Бунга оятнинг давоми далил бўлади: «Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотингиз», дейилур» (Сажда: 20).

2) Мусулмонлар ичидан осий бўлганларига ҳам фосиқ дейилади, бироқ фосиқлиги уни Исломдан чиқармайди. Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир» (Нур: 4). Яна айтади: «Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, фосиқлик (гуноҳ ишлар) ва жанжал-сурон қилмайди» (Бақара: 197). Уламолар бу оятдаги “фосиқлик” калимасини гуноҳ ишлар деб тафсир қилганлар.[5]

3) Залолат

Залолат – тўғри йўлдан адашиш маъносини англатади ва у ҳидоятнинг зиддидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур» (Исро: 15).

Залолат–адашиш бир неча маъноларда истеъмол қилинади:

1) Гоҳо куфрга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Кимки Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига кофир бўлса, демак, у жуда қаттиқ адашибди» (Нисо: 136);

2) Гоҳо ширкка истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ адашибди» (Нисо: 116);

3) Гоҳо куфрдан пастроқ бўлган мухолифликка истеъмол қилинади. “Адашган фирқалар” дейилганга ўхшаш;

4) Гоҳо хатога истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «(Мусо) айтди: «Ўшанда мен у ишни билмаган ҳолда қилган эдим» (Шуъаро: 20);

5) Гоҳо нисён – унутишга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Бири унутиб адашса, яна бири унга эслатади» (Бақара: 282);

6) Гоҳо адашиб-улоқиб кетишга истеъмол қилинади. “Йўқолган туя” дейилганга ўхшаш.

4) Муртадлик, унинг қисмлари ва ҳукмлари

Риддат ёки муртадлик луғатда «ортга қайтиш» маъносини англатади. Фиқҳий истилоҳда: «Мусулмон бўлгандан сўнг яна куфрга қайтиш» демакдир. Аллоҳ таоло деди: «Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 217).

Қисмлари: Муртадлик Исломни бузувчи амаллардан бирортасини қилиш билан ҳосил бўлади. Исломни бузувчи нарсалар кўп бўлиб, улар тўрт қисмга бўлинади:

1) Сўз билан муртад бўлиш. Аллоҳ таолони ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ё малоикаларни ё пайғамбарлардан биронтасини сўкиш ёки ғайбни билишни даъво қилиш ё пайғамбарлик даъво қилиш ё пайғамбарлик даъво қилган одамни тасдиқлаш ё Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш ё Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда бошқадан мадад сўраш ё паноҳ тилаш каби.

2) Феъл билан муртад бўлиш. Бут-санамга, дарахтга, тошга, қабрларга сиғиниш, уларга атаб қон чиқариш, Қуръонни ифлос жойларга ташлаш, сеҳргарлик қилиш, сеҳрни ўрганиш ва ўргатиш, Аллоҳ нозил қилмаган ҳукм билан – уни ҳалол деб эътиқод қилиб[6] – ҳукм қилиш каби.

3) Эътиқод қилиш билан муртад бўлиш. Аллоҳнинг шериги бор деб ёки зино, ароқ ва судхўрликни ҳалол деб ёки нонни ҳаром деб ёки намоз фарз эмас деб эътиқод қилиш каби ҳалол ё ҳаромлиги ёки вожиблигига қатъий иттифоқ қилинган ва билмаслик мумкин бўлмаган нарсалар.

4) Юқорида ўтганлардан бирортасида шак-шубҳа қилиш билан муртад бўлиш. Ширкнинг ҳаромлигига ёки зино ва ароқнинг ҳаромлигига ёки ноннинг ҳалоллигига шубҳа қилиш ёхуд Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига ё бошқа бирон пайғамбарнинг рисолатига ёки Ислом дини ҳақида, унинг ҳозирги даврга яроқлилиги ҳақида шубҳа билан қараш каби.

Муртадлиги аниқ бўлган кишига ижро этиладиган ҳукмлар:

1) Муртад бўлган кишидан тавба қилиши талаб қилинади. Агар тавба қилса ва уч кун ичида Исломга қайтса, бу ундан қабул қилинади ва ўз ҳолига қўйилади.

2) Агар тавба қилишдан бош тортса, уни қатл қилиш фарз бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким динини ўзгартирса, уни ўлдиринглар», деганлар.[7]

3) Тавба қилиши талаб қилинган муддат мобайнида мол-дунёсида тасарруф қилишдан ман қилинади. Агар Исломга қайтса моли ўзиники бўлади. Йўқса ўлдирилган ё муртадликда ўлган пайтидан моли ўлжа сифатида байтулмолга олинади. Муртад бўлган пайтидан бошлаб мусулмонлар фойдасига ишлатилади, ҳам дейилган.

4) У билан яқин қариндошлари ўртасида мерослашиш ман қилинади, уларга меросхўр бўлмайди, улар ҳам ундан мерос олмайдилар.

5) Муртадлик билан ўлса ё ўлдирилса, ювилмайди, жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига қўйилмайди, балки кофирлар қабристонига кўмилади ёки мусулмонлар қабристонидан бошқа бирон жойга кўмиб ташланади.

Иккинчи боб: Тавҳидга зид бўлган ёки уни нуқсонли қиладиган сўзлар ва феъллар

Бу бобда қуйидаги бўлимлар бор:

Биринчи бўлим: Кафтга, қартага қараш ёки мунажжимлик қилиш билан ғайбни билишни даъво қилиш.

Иккинчи бўлим: Сеҳргарлик, фолбинлик, башоратчилик.

Учинчи бўлим: Қабрлар ва зиёратгоҳларга қурбонлик, назр ва ҳадялар келтириш ва уларни улуғлаш.

Тўртинчи бўлим: Ҳайкал ва монументларни улуғлаш, таъзим бажо келтириш.

Бешинчи бўлим: Динни масхара қилиш, унинг ҳурматларини поймол қилиш.

Олтинчи бўлим: Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилиш.

Еттинчи бўлим: Қонун чиқариш, ҳалол ва ҳаром қилиш ҳаққини даъво қилиш.

Саккизинчи бўлим: Динсиз тоифаларга, жоҳилий ҳизбларга аъзо бўлиш.

Тўққизинчи бўлим: Ҳаётга моддиюнчилик (материалистлик) назари билан қараш.

Ўнинчи бўлим: Туморлар, руқялар.

Ўн биринчи бўлим: Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш, Аллоҳ қолиб махлуқ билан тавассул қилиш ва ундан мадад сўраш.

Кафтга, қартага ва шу каби нарсаларга қараш билан ғайбни билишни даъво қилиш

Ғайбдан мурод – одамларга махфий бўлган келажак ва ўтмиш ишлари[8] ва улар кўра олмайдиган нарсалар бўлиб, унинг илмини Аллоҳ таоло фақат Ўзига хослаган. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»» (Намл: 65). Ғайбни ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Гоҳо бирон ҳикмат ва манфаат юзасидан пайғамбарларига ғайб ишларидан Ўзи истаганини билдиради. Аллоҳ таоло деди: «(У зот) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган пайғамбарнигина (Ўзининг ғайбидан сир-асрорининг айримларидан огоҳ этар)» (Жин: 26-27). Яъни, Ўзининг рисолатига танлаб олган зотларгагина ғайбдан Ўзи истаган нарсани билдиради. Чунки, пайғамбар мўъжизалар билан, шу жумладан Аллоҳ унга билдирган ғайб хабарлари билан ўзининг пайғамбарлигини исботлайди. Бу эса фаришталардан ва инсонлардан бўлган расул-элчиларни ўз ичига олади, баъзи ғайб ишларни билиш мана шу икки тоифага хосланган. Аллоҳ истисно қилган расуллардан бошқа кимда-ким, қайсидир йўллар билан – кафтга ё ойнага қараш билан бўлсин, коҳинлик ё сеҳр ё мунажжимлик билан ё бошқа бирон йўл билан бўлсин – ғайб илмини биламан деб даъво қилса, у ёлғончи ва кофирдир. Баъзи кўзбўямачи лўттибоз ва дажжоллардан содир бўлаётган, йўқолган нарсаларнинг қаердалигини айтиб бериш, айрим касалликларнинг сабабларидан сўзлаб: «фалончи сенга фалон-фалон амални қилганлиги туфайли сен шу касалга чалингансан» дейишлари кабилар айни шу қабилдаги ишлардир. Бу ишлар аслида уларга жин ва шайтонлар ёрдамида ҳосил бўлади, бироқ улар одамларни алдаб, ўзларини юқорида айтилганидек ишлар орқали ғайбни билгандек кўрсатишади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Фолбинлардан баъзиларининг уларга боғланган жин ва шайтонлари бўлиб, (фаришталардан) ўғринча эшитиб олган ғайб хабарларини уларга етказишар, сўнг улар бунга ёлғонларни қўшиб-чатишарди… Улардан баъзисига шайтон у юртда бўлмайдиган таомларни: мева ва ширинликларни келтиради. Уларнинг баъзисини жин Макка, Байтул Мақдис каби жойларга учириб олиб боради».[9]

Гоҳо уларнинг ғайбдан гапиришлари мунажжимлик – ерда бўлажак воқеа-ҳодисаларни фалакдаги ўзгаришларга қараб айтиб бериш орқали бўлади. Шамолларнинг эсиш даврини, ёмғирларнинг ёғиш вақтларини, нарх-наволарнинг ўзгаришини ва шу каби бошқа ишларни юлдузларнинг ҳаракатланишига, йиғилишига ва тарқалишига қараб билишларини даъво қиладилар. Фалон юлдуз кўринганда уйланса, шундай-шундай яхшиликлар ҳосил бўлади, фалон юлдуз чиққанда сафар қилса, бундай бўлади, фалон юлдуз фалон жойда турганида туғилган фарзанд мана бундай бахтга ёки бахтсизликка эришади, деган гапларни гапиришади. Айрим газета-журналларда «Мунажжим башорати» рукнида бериладиган уйдирмалар ҳам айни шу қабилдаги гаплардандир.

Айрим жоҳил ва иймони заиф кишилар кўпинча мунажжимлар ҳузурига ўзининг келажаги ҳақида, бошига қандай кунлар келиши, кимга уйланиши ё турмушга чиқиши ва ҳоказолар ҳақида сўраб боришади. Ваҳоланки, кимда-ким ғайбни билишни даъво қилса ёки шундай даъво эгасини тасдиқласа, у мушрик ва кофир бўлади. Чунки у Аллоҳга Унгагина хос бўлган илмда шерикликни даъво қилган бўлади. Юлдузлар яратилиб, бўйсундириб қўйилган, улар бирон ихтиёрга эга эмас, бировнинг бахти ё бахтсизлигига, ўлими ё ҳаётига уларнинг алоқаси йўқ. Буларнинг ҳаммаси гап ўғриси бўлган шайтонларнинг ишларидан.

Сеҳргарлик, фолбинлик, башоратчилик

Бу ишларнинг ҳаммаси ҳаром ва шайтоний ишлар бўлиб, ақийдага зид, унга халал етказади. Чунки булар фақат ширк амаллари воситасида ҳосил бўлади.

1) Сеҳр – сабаби махфий ва кўзга кўринмайдиган нарса.

У афсунлар, руқялар, сеҳрган айтадиган ҳар хил сўзлар, дорилар ва тутатқилар ёрдамида қилинадиган махфий ишлар билан ҳосил бўлади. Унинг ҳақиқатан қалбларга ва баданларга таъсири бўлиб, кишини касал қилиши, ўлдириши, эр-хотиннинг ўртасини ажратиб юбориши мумкин. Унинг таъсири Аллоҳнинг кавний қадарий[10] изни билан бўлади. У шайтоний амалдир. Улардан кўпига фақат ширк ва хабис руҳларга улар яхши кўрадиган нарсалар билан қурбат ҳосил қилиш воситасида эришилади. Шунинг учун шариат соҳиби уни ширкка боғлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи нарсадан сақланинглар», дедилар. «Улар нималар?» деб сўраганларида: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр…», дедилар.[11]

Сеҳр ширкка икки тарафдан дохилдир:

Биринчи тараф: унда шайтонлар хизматидан фойдаланиш, уларга боғланиш, сеҳргарнинг хизматини бажаришлари учун уларга яхши кўрадиган нарсалари билан қурбат-яқинлик ҳосил қилиш борлиги учун. Зотан, сеҳр – шайтонларнинг таълимидан бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шай­тонлар кофир эдилар» (Бақара: 102).

Иккинчи тараф: Ғайбни билиш даъвоси ва бунда Аллоҳга шериклик даъвоси борлиги учун. Бу эса куфр ва залолатдир. Аллоҳ таоло деди: «Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку» (Бақара: 102). Демак, шундай бўлар экан, ҳеч шак-шубҳасиз бу иш ақийдага зид бўлган ва у билан шуғулланган одамни қатл қилиш лозим бўлган куфр ва ширкдир. Катта саҳобалардан бир жамоаси уларни ўлдирганлар. Ҳозирда одамлар сеҳр ва сеҳргарликка енгил ва бепарво қарайдиган бўлиб қолган. Кўпинча уни алоҳида бир фан деб санашиб, у билан фахрланишади, у билан шуғулланувчиларга мукофотлар, рағбатлантирувчи совғалар беришади. Сеҳргарлар учун алоҳида клублар, йиғилишлар, мусобақалар ташкил қилишади, уларда минглаб ишқибозлар ҳозир бўлади. Бу эса динни билмаслик, ақийдага лоқайдлик билан қараш, уни мазах қилувчиларга имконият яратиб беришдан бошқа нарса эмас.

2) Фолбинлик ва башоратчилик:

Улар ғайбни ва ғойиб ишларни билишни даъво қилишдир. Ерда вужудга келажак ва содир бўлажак нарсаларнинг хабарини бериш, йўқолган нарсанинг қаердалигини айтиб бериш каби. Бу эса осмондан гап ўғирлайдиган шайтонларнинг хизматидан фойдаланиш билан бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини уларга ташлайдилар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончилардир» (Шуаро: 221). Яъни, жин малоикаларнинг гапларидан битта сўзни эшитиб олиб (бу сўз келажакда бўладиган ишларни фаришталар юқоридан пастга етказаётган пайтларидаги сўзларидан бири бўлади холос), уни фолбиннинг қулоғига етказади. Фолбин эса бу сўзга юзта ёлғон қўшиб чатийди, осмондан эшитиб олинган ўша битта сўз туфайли одамлар унга ишонишади, чунки ўша битта сўз айтилган нарсаларга тўғри келиб қолган бўлади. Ғайбни фақат Аллоҳ билади. Ким фолбинлик ва шу каби ишлар билан ғайб ишларидан биронтасида Аллоҳга шериклик даъво қилса ёки шундай даъво қилган одамни тасдиқласа, Аллоҳга Унинг хусусиятларидан бўлган нарсада шерик исбот қилган бўлади.

Фолбинлик ширкдан холи бўлмайди, чунки у шайтонларга улар яхши кўрган ишлар билан қурбат ҳосил қилиш билан бўлади. Бу эса Аллоҳнинг илмида Унга шериклик даъво қилиш жиҳатидан рубубиятдаги ширк бўлса, бирон турли ибодат билан Аллоҳдан бошқага қурбат ҳосил қилиш жиҳатидан улуҳиятдаги ширк бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким фолбинга бориб, унинг гапларини тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди».[12]

Эътибор қаратиш ва огоҳланиш лозимки, сеҳргар, фолбин ва башоратчилар одамларнинг ақийдалари билан ўйнашадилар. Ўзларини табиблар мақомида кўрсатиб, беморларга Аллоҳдан бошқага атаб, фалон-фалон сифатдаги қўй-қўзи ёки хўроз каби жонлиқ сўйиб, қон чиқаришни буюришади. Ёки уларга бўйинларига осиб оладиган ё уйларига, сандиқларига солиб қўядиган туморлар шаклидаги ширкона тилсимлар ва шайтоний афсунларни ёзиб берадилар. Бошқа бирлари эса йўқолган нарсаларнинг жойларини айтиб берувчи сифатида ном чиқарадилар. Йўқотган нарсаси ҳақида сўраб ҳузурларига келган жоҳил одамларга жин-шайтонлардан бўлган ёрдамчилари кўмагида йўқолган нарсанинг жойини айтиб берадилар ёки олиб келиб берадилар[13]. Яна баъзилари ўзларини кароматли авлиёлар қилиб кўрсатишади, ёниб турган ўтга кириб, зиён-захматсиз чиқишади, баданларига тиғ уриб ёки ўзларини автоулов (машина) ғилдираклари остига ташлаб, ҳеч қандай зарар кўришмайди. Бу аслида шайтоннинг амалидан бўлган ва адаштириш учун уларнинг қўлларида содир бўлаётган сеҳр ва кўзбойлашдир.

Ёки улар ҳақиқати бўлмаган ҳаёлланадиган ишлардир, балки улар Фиръавннинг сеҳргарлари асо ва арқонлар билан бошқаларнинг кўз ўнгида қилгани каби махфий ҳийлалардир. Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг Рифоийяларнинг бир фирқаси бўлмиш батоиҳий аҳмадий сеҳргарлари билан қилган мунозараси ҳақида айтади: «Батоиҳийлар шайхи менга овозини кўтариб: «Бизда мана бундай, мана бундай ҳолатлар бор» деб, ўтда ёнмаслик ва шу каби ишларнинг уларга хос эканини даъво қилди. Шунда мен ҳам овозимни кўтариб, ғазаб билан: «Мен машриқдан мағрибгача барча аҳмадийларга хитоб қилиб айтаманки, сизлар ўт билан нима иш қилсангиз, мен ҳам худди шуни қиламан. Ким ўтда куйса мағлуб бўлади — ёки «унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» дедим шекилли, — лекин бир шарт биланки, аввал жисмларимиз сирка ва иссиқ сув билан яхшилаб ювилади» дедим. Амирлар ва одамлар мендан бунинг сабабини сўрадилар, мен уларга: «Чунки, буларнинг ўт билан алоқаларида (куймайдиган қилиб қўядиган) ҳийлалари бор, уни қурбақанинг ёғи, норинж пўстлоғи, талқ тошидан тайёрлашади (ва баданларига уни суртишади)» дедим, шунда одамлар шовқин кўтаришди. У бу ишга қодирлигини кўрсатиб: «Сен ҳам, мен ҳам жисмларимизга олтингугурт суртиб, бўйрага ўраламиз» деди. Мен: «Бўпти, тур» дедим ва уни бунга зўрлай бошладим. У кўйлагини ечмоқчи бўлгандай қўлини кўтараётган эди, мен: «Йўқ, аввал иссиқ сув ва сирка билан ювинасан» дедим. У ўзларининг одатларига кўра одамларни чалғитмоқчи бўлди. Сўнг: «Ким амирни яхши кўрса, бир боғ ўтин келтирсин» деди. Мен айтдим: «Бу вақтни чўзиш ва жамоатни тарқатишга ҳаракат, бу билан мақсуд ҳосил бўлмайди. Унинг ўрнига чироқ ёқилсин-да, мен ҳам, сен ҳам бармоқларимизни аввал ювиб, сўнг унга тиқамиз. Кимнинг бармоғи куйса, ўша мағлуб ҳисобланади – ёки унга Аллоҳнинг лаънати бўлади, дедим шекилли». Бу гапимдан сўнг унинг авзойи ўзгарди ва мағлуб бўлди.[14]

Бу қиссани келтиришдан мақсад ўша лўттибозларнинг мана шундай яширин ҳийлалар билан одамларни алдашларини баён қилиш эди.

[1] Ибн Асир, Ан-Ниҳоя (1/323).

[2] Муслим ривояти.

[3] Муттафақун алайҳ.

[4] Иқтизоус-сиротил-мустақийм (1/225-227).

[5] Ибн Таймия, Китобул иймон (278-с).

[6] Бу фикр муаллифнинг шахсий фикри бўлиши мумкин. Чунки бу ҳақда аҳлиссунна уламолари бошқа гапларни ҳам айтганлар. (ИНТ)

[7] Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари.

[8] Ғайб илмини даъво қилиш деб — рўй бермаган ҳодисаларни аввалдан айтиш, охиратга тегишли ишлар (агар улар Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бермаган ишлар бўлса), уларнинг кайфияти ҳақида гапириш, уларни билиш фақат Аллоҳ таолога ва муайян фаришталарига хос бўлган ишлар ҳақида гапиришга айтилади. Бу ишларнинг илми Ёлғиз Аллоҳга хос. Аммо баъзи ўтмишга ёки хозирга хос ғайб ишлари бўлади-ки, уларнинг ғайблиги нисбийдир. Масалан, йўқолган нарса, уни эгаси билмаслиги мумкин аммо уни топиб олган ёки қаердалигини кўрган киши билади. Демак, бу мисолдаги ғайб илми нисбийдир, йўқотган кишига нисбатан номаълум, кўрган кишига маълум. Фалончининг хозир қаерда экани уни билган одамга маълум, билмаганга эса номаълум. Лекин буларнинг барчаси Аллоҳга маълумдир. Юқорида кимки ғайбни сўраб фолбинга мурожаат қилса, кофир ва мушрик бўлади деб айтилди. Мана шу ҳукм йўқолган нарсасини сўраб фолбинга мурожаат қилган кишига ҳам татбиқ қилинадими? Ҳолбуки унинг йўқолган нарсасининг илми нисбий ғайбга киради. Ҳа, бунинг ҳукми ҳам юқоридаги билан бир хил, чунки у йўқолган нарсасини билишлари мумкин бўлган одамлардан умумий қилиб, ким фалон нарсани кўрди, ёки топиб олди деб сўраса, жоиз эди. Аммо у фолбинга бориши билан, у одамлар ичида мутлақ ғайбни билади деган эътиқодни қилади. Биз ҳозиргина таъкидладик барча турдаги ғайбни — у мутлақ бўлсин, нисбий бўлсин — Аллоҳ таологина мутлақ суратда билади, ундан бошқа бирон кимса бу билимга эга эмас. (ИНТ)

[9] Мажмуъатут-тавҳид (797-801).

[10] Кавний — бор бўлиш, қадарий — азалда битиб қўйилган яъни, бирон нарса Аллоҳнинг изнисиз бўлмайди, бўладиган ҳар бир нарсани азалда Аллоҳ таоло Лавҳул-Маҳфузга битиб қўйган. Сеҳр Аллоҳ таоло изн бермаса таъсир қилмайди, Аллоҳ сеҳрнинг амалга ошишига изн бериши кавний жиҳатдандир, аммо шаръий жиҳатдан Аллоҳ уни ҳаром қилган, унга амал қилишга рози бўлмайди. Демак, ҳаётда содир бўлаётган ҳар бир иш ҳалол бўлсин ҳаром бўлсин Аллоҳнинг кавний изни ва иродаси билан бўлади, уларнинг ҳалолларини Аллоҳ таоло шаръан ҳам ирода қилади ва рози бўлади, ҳаромларини эса шаръан ирода қилмайди ва бўлишига рози бўлмайди. (ИНТ)

[11] Бухорий ва Муслим ривоятлари.

[12] Абу Довуд ривояти.

[13] Улар ҳамма сўралган нарсаларни топиб бера олмайдилар. Балки баъзиларини топиб бера оладилар, холос. Мана шу баъзининг ўзи жоҳиллар учун кифоя. Мабодо нарсаси топилмаган ҳолда ҳам фолбинга ёмон гумон қилмайди, унинг фирибгарлиги ҳақида ўйламайди, балки ўзининг ихлосни ёки бирон ишни жойига келтира олмаганига йўйиб қўя қолади.

[14] Мажмуъул фатово (11/446-465).

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.