Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Тавҳид китоби (9)

Аҳли байтнинг фазли ва улар хусусида жафо ҳам қилмай, ғулув ҳам кетмай эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида

Аҳли байт – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг садақа ейишлари ҳаром бўлган хонадон аҳллари бўлиб, улар Алий оиласи, Жаъфар оиласи, Ақил оиласи, Аббос оиласи, Ҳорис ибн Абдулмуттолиб авлоди ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ва қизларидир.

Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди холос» (Аҳзоб: 33).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қуръонни тадаббур қилган киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам мазкур оят остига киришлари ҳақида шак-шубҳа қилмайди, чунки аслида гапнинг оқими улар ҳақида бормоқда. Шунинг учун кейинги оятда: «(Эй пайғамбар аёллари,) Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар!» (Аҳзоб: 34) дейилади. Яъни, Аллоҳ таборака ва таоло сизларнинг уйларингизда Ўз Расулига нозил қилаётган Китоб ва Суннатга амал қилинглар (Қатода ва бошқалар тафсирига кўра), бутун инсонлар орасидан фақат сизларга хосланган бу неъматни зикр қилинглар, зотан ваҳий бошқаларнинг эмас, айнан сизларнинг уйингизда тушмоқда. Оиша Сиддиқа бинт Сиддиқ розияллоҳу анҳумо улар ичида ушбу неъматга энг лойиқроқ ва бу хусусда улуши энг кўп ва бу умумий раҳматдан хосланганроқдирлар. Чунки, ул зоти шарифанинг ётар ўринларидан бошқа бирон аёлнинг жойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлган эмас. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар».

Аҳлус-сунна вал-жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини яхши кўрадилар, дўст тутадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар хусусида Ғадири Хумда (жойнинг номи) қилган васиятларини ёдда тутадилар: «Аҳли байтим хусусида сизларга Аллоҳ(дан қўрқиш)ни эслатаман».[1]

Аҳлус-сунна уларни яхши кўрадилар ва ҳурмат қиладилар. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва ҳурматлаш жумласидандир. Фақат шарти шуки, улар худди аждодлари бўлмиш Аббос ва унинг авлоди, Алий ва унинг авлоди каби суннатга эргашувчи, динда мустаҳкам турган бўлишлари керак. Аммо суннатга хилоф қилган ва динда барқарор бўлмаган кишиларни гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, дўст тутиш жоиз эмас.

Аҳлус-сунна вал-жамоа аҳли байтга нисбатан мўътадил ва инсоф билан муносабатда бўладилар, улар ичидан динда мустаҳкам турувчи кишиларни дўст тутадилар, суннатга мухолиф бўлган ва диндан четланган кимсалардан гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, воз кечадилар. Зеро, ундай кимсаларнинг аҳли байтдан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошларидан бўлишлари то динда барқарор бўлмагунларича уларга ҳеч қандай фойда бермайди.

«Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуъаро: 214) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қариндош-уруғларини чорлаб, уларга шундай хитоб қилдилар:

«Эй Қурайш жамоаси – ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар – ўз жонингизни қутқариб олинг, мен Аллоҳнинг олдида сизларга бирон фойда беролмайман. Эй Аббос ибн Абдулмутталиб, мен Аллоҳнинг олдида сизга бирон фойда бера олмайман. Эй Расулуллоҳнинг аммаси София, мен Аллоҳнинг олдида сизга бирон фойда бера олмайман. Эй Фотима бинт Муҳаммад, молимдан истаганингча сўра, бироқ мен Аллоҳнинг олдида сенга бирон фойда бера олмайман».[2]

Яна ҳадис шариф борки: «Қай бир кимсани амали (саодат даражасига етишда) сусайтирган бўлса, насаби уни тезлата олмайди».[3]

Аҳлус-сунна вал-жамоа аҳли байтнинг баъзилари хусусида ғулув кетиб, уларни гуноҳдан мутлақ пок деб даъво қиладиган рофизий (шиа)лардан ҳам, ҳақ йўлда барқарор бўлган аҳли байтларга адоват қиладиган, уларга таъна-маломат тошлари отадиган носибийлардан ҳам, аҳли байтни Аллоҳга восита қиладиган ва уларни илоҳийлаштирадиган бидъат ва хурофот аҳлидан ҳам ўзларини пок деб биладилар.

Аҳлус-сунна бу ва бошқа хусусларда мўътадил манҳаж ва тўғри йўл устидадир. Улар аҳли байт ва улардан бошқалар ҳақида ҳаддан ҳам ошмайдилар, сустлик ҳам қилмайдилар, жафо ҳам қилмайдилар, ғулув ҳам кетмайдилар, ғулув кетувчилардан ўзларини пок санайдилар. Амирул мўъминийн Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ўзи ҳақида ғулув кетган кимсаларни тириклай ўтга ташлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо уларни ўлдиришни қўллаб-қувватлади, бироқ ўтда ёндириш ўрнига қилич билан қатл қилиш тарафдори бўлди. Али розияллоҳу анҳу ғулувчиларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Сабаъни ўлдириш мақсадида излатганида у қочиб яширинди.

Саҳобаларнинг фазилатлари ва улар хусусида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар ҳақида

Саҳобадан мақсад нима? Улар хусусида қандай эътиқод қилиш керак бўлади?

Саҳоба – саҳобий сўзининг кўплиги бўлиб, у мўмин ҳолда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиб, мўмин ҳолида ўлган кишидир. Уларни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлганлик, бирга жиҳод қилганлик, у зотдан шариатни қабул қилиб, ўзларидан кейингиларга етказганлик хусусиятлари билан умматнинг энг афзали, авлодларнинг энг яхшиси деб эътиқод қилиш вожиб бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг улуғ Китобида мақтаб, шундай дейди:

«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).

«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шоҳлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29).

«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир» (Ҳашр: 8-9).

Бу оятларда Аллоҳ субҳанаҳу муҳожир ва ансорларни мақтади ва уларни яхшиликлар сари шошилувчи пешқадамлар деб сифатлади ҳамда улардан рози эканлигини, уларга жаннатларни ҳозирлаб қўйганлигини хабар берди. Уларни ўзаро бир-бирларига меҳрибон, кофирларга нисбатан қаттиққўл деб, рукуъ саждалари кўп, қалблари пок ва иймону тоат белгилари билан танилиб турадилар, деб сифатлади. Уларни кофир душманларни ғамга солишда Набийсига шерикликка танлаганини айтди. Шунингдек, муҳожирларни ўз ватанларини, мол-дунёларини Аллоҳ учун, динининг нусрати учун, Аллоҳнинг фазли ва розилигини умид қилиб тарк қилдилар ва шунда содиқ қолдилар деб сифатлади. Ансорларни эса ҳижрат ва нусрат ҳовлиси соҳиблари ва содиқ иймон аҳли деб сифатлади, уларнинг муҳожир биродарларига бўлган муҳаббатларини, муҳожирларни ўзларидан афзал кўрганларини ва уларга нисбатан ҳамдард бўлганларини, бахилликдан саломат бўлганларини васф қилди ва шу билан нажотга эришганларининг хабарини берди. Бу айтиб ўтилганлар уларнинг умумий фазилатларидан баъзиси бўлиб, муҳожиру ансорлардан ҳар бирининг баъзиларини баъзиларидан афзал қилиб турадиган мартабалари, хос фазилатлари бор ва бу уларнинг Исломга, жиҳодга, ҳижратга ўзганликларига қараб ўлчанади. Аллоҳ улардан рози бўлсин.

Саҳобаларнинг афзали тўрт халифа – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумлардир. Сўнг жаннат хушхабари берилган 10 киши – мазкур 4 халифа ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Авом, Абдурраҳмон ибн Авф, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Аби Ваққос, Саид ибн Зайдлардир розияллоҳу анҳум ажмаийн.

Муҳожирлар ансорлардан, Бадр ва Байъатур-ризвон аҳлларидан афзалдирлар. Фатҳдан илгари Исломга кириб, жанг қилганлар Фатҳдан кейин Исломга кирганлардан афзалдир.

Саҳобалар ўртасида воқеъ бўлган фитна ва жанглар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг тутган йўли:

Фитна сабаби:

Яҳудлар Исломга ва мусулмонларга қарши тил бириктиришди, улардан бири Яман яҳудларидан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Сабаъ исмли маккор ва ифлос бир кимса ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, мусулмонлар ичида хулафои рошидийнларнинг учинчилари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши кин-адоват ва заҳар пуркай бошлади, унинг зиддига туҳматлар ёғдира бошлади. Унинг сўзларига алданган фикри тор, иймони заиф, фитнани яхши кўрадиган кимсалар унинг атрофида тўпландилар. Тил бириктирув халифаи рошид Усмон розияллоҳу анҳунинг мазлум бўлиб ўлдирилиши билан ниҳоя топди. Унинг ортидан мусулмонлар орасида ихтилоф келиб чиқди. Мазкур яҳудий ва унинг тобеълари ташаббуси билан фитна авж олди, охир-оқибат саҳобалар орасида уларнинг ижтиҳодларига кўра жанг бўлди.

Таҳовия шарҳловчиси айтади: «Олимларнинг айтишларича, рофизийликнинг аслини — мақсади ислом динини йўқ қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантириш бўлган зиндиқ мунофиқ келтириб чиқарган. Абдуллоҳ ибн Сабаъ ўзини мусулмон кўрсатиб, ўз макри ва ифлослиги билан худди Булис насроний динига қилганидек Ислом динига путур етказишни истади. У ўзини художўй қилиб кўрсатди, амри маъруф, наҳий мункар қилувчи бўлиб кўринди. Охири бориб Усмон розияллоҳу анҳуга фитна уюштириш ва ўлдириш ишига харакат қилди. Кейин Кўфага келиб, ўзининг ғаразли мақсадларига эришиш учун Алий розияллоҳу анҳу хусусида ғулув қилиш ва унга мадад беришни изҳор қилди. Бу нарса Алий розияллоҳу анҳуга етиб боргач, у киши уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Шунда у Қирқийсга қочиб кетди. Бу хабар тарихда машхур.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгач, қалблар бирлаша олмай қолди, қайғу ғамлар улканлашди, ёмонлар ғолиб бўлиб, яхшилар хор бўлди. Фитна чиқара олмай юрганлар ҳаракатга тушдилар. Яхшилик, ислоҳни яхши кўрадиган кишилар уни барпо қилишдан ожиз бўлиб қолдилар ва амирул муъминийн Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳуга байъат бердилар. Дарҳақиқат у киши ўша пайтда халифаликка энг лойиқ ва бошқалардан кўра афзалроқ эди. Аммо қалблар тарқоқ, фитна олови ёқилган эди, сўзлар бир-бирига тўғри келмас, жамият издан чиққан, халифа ва яхши инсонлар ўзлари мақсад қилаётган барча яхшиликларга имкон топа олмасдилар. Кўпчилик бўлиниш ва фитнага аралашиб кетди ва бўлар иш бўлди».[4]

Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасидаги урушга аралашган саҳобаларнинг узрларини баён қилиб, яна шундай дейди: «Муовия халифаликни даъво қилмаган, у Алий билан жангга кирганида унга халифа сифатида байъат берилмаган ва халифа сифатида жангга кирмаган, халифаликка лойиқ ҳам эмасди. Буни Муовия ҳам, унинг тарафдорлари ҳам эътироф этишарди. Муовия ва тарафдорлари Алий ва унинг тарафдорларига қарши уруш бошлаш ва уларга ғолиб бўлишни ўйламаган ҳам эди. Бироқ, Алий розияллоҳу анҳу ва унинг асҳоблари у кишига итоат қилиш ва байъат бериш лозим, чунки мусулмонлар учун фақат битта халифа бўлиши керак деган фикрда эдилар ва Муовия ва унинг тарафдорларини Алийнинг итоатидан ташқарида ҳисоблаб, уларни ягона халифага итоат қилдириш ва жамоатни сақлаб қолишни ўз вазифалари деб кўрдилар, бу вазифани адо қилиш мақсадида уларга қарши жанг қилиш фикрида бўлдилар. Муовия ва унинг тарафдорлари эса: Алийга итоат қилиш бизга вожиб эмас, агар бизга қарши уруш очилса, биз мазлум ҳолда урушга кирамиз, чунки Усмон билиттифоқ мазлум бўлиб ўлдирилди, унинг қотиллари Алийнинг лашкари ичида, улар шавкат ва қудрат соҳиби, агар биз тийилсак улар бизга ҳам зулм ва тажовуз қилишади, Алий эса худди Усмонни ҳимоя қила олмаганидек бизни ҳам улардан ҳимоя қила олмайди, бизлар бизнинг ҳақимизда инсоф қилишга қодир бўлган халифага байъат қилишимиз лозим, дейишарди.»

Саҳобалар орасида урушлар келтириб чиқарган фитна ва пайдо бўлган ихтилофлар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг фикри икки ишда умумлашади:

Биринчи иш: Улар саҳобалар орасида вужудга келган нарсалар ҳақида гапиришдан тўхталадилар ва у ҳақда баҳс юритишдан тийиладилар, чунки бундай ҳолатларда сукут сақлаш омонлик йўлидир ва айтадилар:

«Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

Иккинчи иш: Саҳобаларнинг камчиликлари ҳақида ривоят қилинган сўзларга бир неча тарафлама жавоб айтилади:

Биринчи: Бу сўзлар орасида душманлар уларнинг обрўларини тўкиш учун тўқиб чиқарган ёлғонлар мавжуд.

Иккинчи: Бу сўзларга қўшиб юборилган, камайтирилган, яъни аслидан ўзгартирилиб ёлғонлар киргизилган, шу боис уларга эътибор берилмайди.

Учинчи: Бу сўзлар ичидан тўғри бўлганлари ҳам – улар жуда оз – улар бунда маъзурдирлар. Чунки улар мужтаҳидлардир, ижтиҳодлари ортидан ё тўғри топган ё эса хато қилган бўлиб чиқадилар. Чунки бу ижтиҳод қилинадиган ўринлардан бўлиб, агар мужтаҳид тўғри топса икки ажрга, хато қилса бир ажрга эга бўлади ва унинг хатоси олдиндан кечирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса унга иккита ажр, ижтиҳод қилиб хато қилса унга битта ажр бўлади».[5]

Тўртинчи: Саҳобалар ҳам инсон, шахс сифатида хато қилишлари мумкин. Улар шахсларга нисбатан гуноҳдан пок эмаслар. Лекин улардан содир бўлган нарсаларга бир неча каффоратлар бор:

1) Тавба қилган бўлишлари мумкин. Тавба ҳар қанча гуноҳни ўчириб юборади. Бу ҳақда далиллар келган.

2) Агар улардан бирор хато содир бўлган тақдирда ҳам уларнинг ўша хатонинг кечирилишига олиб келадиган фазилатлари, хусусиятлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур» (Ҳуд: 114).

Уларга бошқалардан кўра кўпроқ яхшиликлар берилган. Фазлда ҳеч ким уларга тенглаша олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари билан собит бўлганки, улар энг яхши авлод кишилари, улардан бирларининг бир муд (ховуч) қилган садақаси бошқаларнинг Уҳуд тоғича қилган садақаларидан ортиқроқ.[6] Розияллоҳу анҳум ва арзоҳум ажмаъийн.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: Бутун аҳлус-сунна вал-жамоа ва дин имомларининг ҳаммалари саҳобалардан биронтасини, энг яқинларини ҳам, собиқийнларини ҳам, бошқаларини ҳам маъсум – гуноҳдан пок деб эътиқод қилмайдилар. Балки улар ҳам гуноҳга тушиб қолишлари мумкин. Аллоҳ таоло уларни тавба сабабли кечиради, даражаларини кўтаради ва гуноҳларни ўчирувчи яхшиликлар ёки бошқа сабаблар билан кечиради. Аллоҳ таоло айтади:

«Рост Қуръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вассалом) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) – ана ўшалар тақводор зотлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни жаннатда) ўзлари хоҳлаган нарсалари бордир. Бу чиройли амал қилувчи кишиларнинг мукофотидир. Зеро Аллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган энг чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар» (Зумар: 33-35).

«Энди қачон у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта мен Сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта мен мусулмонлардандирман», деди. Ана ўшалар шундай зотлардирки, Биз улардан қилган энг чиройли амалларни қабул қилурмиз ва жаннат эгалари қаторида уларнинг ёмонлик гуноҳларидан ўтиб юборурмиз» (Аҳқоф: 15-16).[7]

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг душманлари фитна вақтида саҳобалар орасига тушган ихтилоф ва жангу жадални уларни камситиш ва ҳурматларига тил теккизишга сабаб қилиб олдилар. Баъзи замондош ёзувчилар ҳам бу ифлос йўлдан юришди ва билмаган нарсалари ҳақида вайсашди. Ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари орасида гўё ҳакам қилиб олиб, нодонлик билан, ҳеч қандай далилсиз равишда баъзиларини тўғри қилган дейишади, баъзиларини хато қилган дейишади, шарқшунослар ва уларнинг думлари бўлмиш ғаразли кимсалар сўзини такрорлашади. Айрим саёз билимли мусулмон ўсмирларни ўзларининг улуғ умматлари тарихига ва асрларнинг яхшиси бўлган салафи солиҳлари тарихига нисбатан шубҳага соладилар, Исломни айблашни ва мусулмонларнинг бирлигини бўлиб ташлашни, истайдилар, салафи солиҳларга эргашиш ва Аллоҳ таолонинг: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10) деган сўзларига амал қилиш ўрнига бу умматнинг охиргилари қалбига аввалгиларга нисбатан адоват солишни кўзлайдилар.

Саҳобаларни ва ҳидоят имомларини сўкишдан қайтарилганлик ҳақида

1) Саҳобаларни сўкишдан қайтарилганлик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига нисбатан қалблар ва тилларнинг саломат бўлиши аҳлус-сунна вал-жамоанинг асосларидандир. Аллоҳ таоло уларни мана шу сифат билан сифатлаган: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Саҳобаларимни сўкманглар! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла инфоқ-эҳсон қилса ҳам улардан бирининг бир муд ёки ярим муд қилган инфоқига етолмайди».[8]

Аҳлус-сунна саҳобаларни сўкадиган, уларни ёмон кўрадиган, фазилатларини инкор қиладиган рофиза ва хаворижларнинг йўлидан покдирлар. Улар саҳобаларнинг фазилатлари ҳақида Китобу Суннатда келган сўзларни қабул қиладилар ва уларни энг яхши аср кишилари деб эътиқод қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Энг яхшиларингиз менинг асрим(да яшаганларингиз)».[9]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматнинг етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ва ҳаммаси дўзахда бўлиб, фақат биттаси нажот топишини айтганларида саҳобалар бу қайси фирқа эканини сўрадилар. «Улар бугун мен ва асҳобларим тутган йўл устида бўлган кишилар» деб жавоб бердилар.[10]

Имом Муслимнинг энг катта устозларидан бўлган Абу Зуръа айтади: «Агар бирон кишининг саҳобалардан бирортасини камситаётганини кўрсанг, билгинки, у зиндиқдир. Зотан Қуръон ҳақ, Расул ҳақ, у олиб келган нарсалар ҳақ, буларнинг ҳаммасини бизга саҳобалар етказганлар. Ким уларни камситса, Китобу Суннатни бекорга чиқармоқчи бўлибди. У одам айбланишга лойиқроқ ҳамда зиндиқлик ва адашганлик билан ҳукм қилинишга ҳақлироқ бўлибди».

Аллома Ибн Ҳамдон «Ниҳоятул мубтадиийн»да айтади: «Ким саҳобалардан бирини сўкса ва бундай қилишни ҳалол санаса кофир бўлади, ҳалол санамаса фосиқ бўлади. Ким уларни фосиқ санаса ё динлари ҳақида таън етказса ё уларни кофир санаса, кофир бўлади».

2) Бу уммат уламоларидан ҳидоят имомлари бўлган зотларни сўкишдан қайтарилганлик:

Улуғлик, фазилат ва мартабада саҳобалардан кейин уларга яхшилик билан эргашган тобиин ва табъа тобиийнлардан бўлган ҳидоят имомлари турадилар. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Тавба: 100).

Уларни камситиш ва сўкиш жоиз эмас, чунки улар ҳидоят маёқларидир. Аллоҳ таоло айтади: Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).

Таҳовия шарҳловчиси айтади: «Демак, ҳар бир мусулмон Қуръон айтганидек, Аллоҳ ва Расулини дўст тутганидан сўнг мўминларни дўст тутиши, хусусан, пайғамбарларнинг ворислари ҳамда зулматларда йўлчи юлдуз мақомида бўлган зотларни дўст тутиши вожиб бўлади. Мусулмонлар уларнинг ҳидоят ва билим эгалари эканларига иттифоқ қилганлар.

Зеро, улар пайғамбарнинг умматидаги халифаларидир, у зотнинг унутилган суннатларини тирилтирувчилардир, Қуръон улар сабабли ҳаётга кўчди, улар Қуръон билан қоим бўлдилар, Қуръон уларнинг тиллари билан сўзлади, улар Қуръон ҳукмларини сўзладилар. Барчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш вожиб эканига қатъий иттифоқ қилганлар. Лекин улардан бирорталари бир сўз айтган бўлса-ю, унинг зиддига саҳиҳ ҳадис мавжуд бўлса, у ҳадисни тарк қилишида узри бўлмоғи зарур бўлади.

Узрлар жами уч турли бўлиши мумкин:

Биринчи: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисни айтмаганлар деб эътиқод қилиши;

Иккинчи: Бу сўз билан ўша масалани ирода қилмаганлар деб эътиқод қилиши;

Учинчи: (Ҳадиснинг) ҳукми мансух деб эътиқод қилиши.

Бизлардан илгари ўтганликлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборилган динни бизларга етказганликлари билан уларга бизнинг зиммамизда фазлу миннатлар бордир. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни ҳам рози қилсин.

«Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

Уламоларнинг баъзиларидан ижтиҳодий хато содир бўлгани сабабли уларнинг қадрларини пастлатиш бидъатчиларнинг йўлидир ва уммат душманларининг Ислом динини шубҳа остига қўйиш, мусулмонлар орасига адоват солиш, умматнинг халафини салафидан ажратиб ташлаш, ҳозирда бўлаётгани каби ёшларни уламолардан узоқлатиш мақсадида тузган режаларидандир. Фуқаҳоларнинг ва исломий фиқҳнинг қадрини пастлатишга уринаётган, уни ўрганишдан ва унда бўлган ҳақ ва тўғриликлардан фойдаланишдан юз ўгираётган айрим ғўр талабалар кўзларини очсинлар, фиқҳлари билан ғурурлансинлар, уламоларини ҳурмат қилсинлар, адаштирувчи ва ғаразли чақириқларга алданиб қолмасинлар. Аллоҳ Ўзи муваффақ қилсин.

[1] Муслим ривояти.

[2] Бухорий ривояти.

[3] Муслим ривояти.

[4] Мажмуъул фатово (25/304-305).

[5] Муттафақун алайҳ.

[6] Муттафақун алайҳ.

[7] Мажмуъул фатово: (35,69).

[8] Муттафақун алайҳ.

[9] Муттафақун алайҳ.

[10] Аҳмад ва бошқалар ривояти.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.