Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Таровиҳ намози ҳақида фатволар

Ислом Нури таржимаси

Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар бўлсин.

Аммо баъд…

Қуйида уламоларнинг таровиҳ намозига доир айрим аҳком ва одоблар ҳақидаги сўзлари ва фатволари келтирилади. Аллоҳдан улар билан жумламизни фойдалантиришини ва уламоларимизга чиройли мукофотлар ато этишини сўраймиз.

Таровиҳ нима?

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади:

Таровиҳ Рамазонда жамоат бўлиб адо этиладиган қиёмул-лайл – тунги намоздир. Унинг вақти хуфтондан то тонг отиш пайтигачадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондаги қиёмул-лайлга тарғиб қилиб, шундай деганлар: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида (тунги намозда) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ).

(Рўза ва таровиҳ ҳақидаги фасллар).

Рамазондаги тунги намозни таровиҳ деб номланишидаги ҳикмат

Шайх Ибн Жибрийн раҳимаҳуллоҳ айтади:

Ибн Маҳмуд «Рўза китоби»да айтишича, бу намоз таровиҳ (дам олиш) деб номланишига сабаб, улар (саҳобалар) қиёмда узоқ туришганидан асоларига суяниб қолишгани ва тонг отишига яқин намоздан чиқишгани учун ҳар тўрт ракъатдан кейин дам олишарди.

(Мин фатава аимматил-ислам: 504-с).

Шайх Солиҳ ал-Фавзон ҳам шу маънода сўз айтган.

(Итҳафу аҳлил-ийман бидуруси рамазон: 48-с).

Таровиҳ ва қиём (тунги намоз) ўртасидаги фарқ

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади:

Рамазондаги (тунги) намознинг ҳаммаси қиём дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида (тунги намозда) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ). Агар имом билан биргаликда қодир бўлганича намозда турса, шуни ҳам қиём дейилади. Лекин, охирги ўн кунликда узунроқ намоз ўқиш мустаҳаб саналади. Чунки, бу тунларни намоз, қироат, дуо билан бедор ўтказиш машруъдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликда тунларни умуман бедор ўтказардилар. Шунинг учун уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларидек, узунроқ намоз ўқиш машруъдир.

(Ал-жавабус-саҳиҳ: 23-с).

Таровиҳ намозининг ҳукми

Таровиҳ хулафоир рошидийн бардавом амал қилганлари сабабли эркак ва аёллар учун суннати муаккададир.

(Аддур-алмухтор 246).

Шайх Фавзон айтади:

Таровиҳ намози суннати муаккададир, мусулмон киши уни тарк қилиши лойиқ эмас.

(Итҳафу аҳлил-ийман бидуруси рамазон).

Шайх Ибн Жибрийн раҳимаҳуллоҳ айтади:

У суннати муаккададир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тарғиб қилганлар.

(Мин фатава аимматил-ислам: 502-с).

Таровиҳни жамоат бўлиб ўқиш ҳукми

Одамлар Рамазон ойининг ҳар кечасида хуфтондан кейин жамланишлари лозим. Имомлари уларга беш тарвиҳа намоз ўқиб беради. Ҳар бир тарвиҳа тўрт ракъат, икки салом билан (яъни икки ракъатдан) бўлади. Ҳар икки тарвиҳа ўртасида бир тарвиҳа миқдорида дам олиб ўтиради. Бешинчисидан кейин ҳам шундай қилади. Кейин уларга витрни ўқиб беради.

(Ал-ихтиёр литаълилил мухтор Ҳанафий фатволар тўплами 15).

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ўқишни биринчи бўлиб йўлга қўйганлар, кейин умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб бу ишни тарк этганлар…

Ҳар бир киши таровеҳнинг савобидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун уни масжидда ўқишдан қолмасин. Агар таровиҳни имом билан бошлаган бўлса, то имом витрни ўқиб тугатмагунича кетиб колмасин. Чунки, имоми билан таровиҳнинг охиригача бирга бўлган киши кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганлик ажрига эга бўлади.

(Мажалис шаҳри рамазон: 18, 19-с).

Шайх Ибн Жибрийн Ибн Қудоманинг ушбу сўзини нақл қилади:

Абу Абдиллаҳ (яъни Аҳмад ибн Ҳанбал) ихтиёр этган фикр – уни жамоат билан ўқишдир. Юсуф ибн Мусо ривоятида айтади: Таровиҳда жамоат бўлиш афзалдир. Аҳмад айтганки: Жобир, Алий, Абдуллоҳ уни жамоат билан ўқишарди.

(Мин фатава аимматил-ислам: 508-с).

Таровиҳ ракъатлари сони ҳақида

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тунги намозда кенглик-қулайликка ҳамда ракъатлари сонини муайян ададга чекламасликка далолат қиладиган нарса собит бўлган. Жумладан, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Тунги намоз икки ракъат, икки ракъатдан (ўқилади.) Агар сизлардан бирингиз тонг отиб қолишидан хавф қилса, бир ракъат ўқийди, бу унинг ўқиган намозини витр (тоқ) қилиб қўяди» (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳонинг: «Рамазонда ҳам, бошқасида ҳам ўн бир ракъатдан зиёда ўқимасдилар» деган сўзлари тунги намознинг афзали Рамазонда ҳам, бошқа пайтда ҳам ўн бир ракъат эканига далолат қилади, ҳар икки ракъатда салом беради ва бир ракъат билан витр қилади.

Умар розияллоҳу анҳудан ҳам шу собит бўлган. Яна у кишидан собит бўлганки, саҳобалардан бир кишини имомликка тайинлаб, унга ўн бир ракъат ўқишни амр этганлар. Саҳобалардан шу ҳам собит бўлганки, улар Умар розияллоҳу анҳу буйруқлари билан йигирма уч ракъат ўқиганлар. Демак, бундан маълум бўладики, бу борада йўл кенг ва саҳобалар наздида бу хусусда анча кенглик-бемалоллик бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Тунги намоз икки ракъат, икки ракъатдан (ўқилади)» деган сўзлари ҳам шунга далил бўлади. Лекин, афзали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган иш, яъни ўн бир ё ўн уч ракъат ўқишдир.

(Ал-жавабус-саҳиҳ: 3-7-с).

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади:

Суннат – ўн бир ракъатга чекланиш ва ҳар икки ракъатда салом беришдир… Агар ўн бир ракъатдан зиёда ўқиса, зарари йўқ… Лекин, оҳисталик билан, шунингдек одамларни қийнаб қўймайдиган даражада узун ўқишлик билан суннатда келган ададга риоя қилиш афзал ва комилроқдир.

(Рўза ва таровиҳ ҳақидаги фасллар: 18-с).

Аёлларнинг таровиҳ намозига келишлари

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади:

Аёллар – улар томонидан ё улар сабабли фитна ҳосил бўлишидан омонлик бўлганда – масжидга таровиҳ учун келишлари дурустдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар», деганлар ва бу салаф солиҳнинг амалидан эди. Лекин аёллар ҳижобда, авратларини бекитиб, хушбўйланмаган, товушларини кўтармаган ва зийнатларини кўрсатмаган холда келишлари шарт.

Аллоҳ таоло деди: «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!» (Нур: 31).

(Мажалис шаҳри рамазон: 19-с).

Савол: Агар аёл киши таровиҳ учун масжидга чиқса-ю, эри бунга рози бўлмаган ва: «Уйда ўқигин, ажри кўпроқ бўлади», деган бўлса, унинг шундай дейиши тўғри бўладими?

Бунга шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ шундай жавоб беради:

Аввало, эрга: Аёлингни масжидга чиқишдан тўсмагин, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганлар ва «Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар», деганлар, деб айтамиз. Аёлга айтамизки, агар эринг сени ман қилса, унга итоат қилгин. Чунки, у бирон манфаат учун ё фитнадан хавф қилиб шундай қилаётган бўлиши мумкин. Унинг: «Уйда ўқиган намозинг масжидда ўқиган намозингдан афзал» деган сўзи тўғри. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйлари улар (яъни аёллар) учун яхшироқдир», деганлар.

Масжидлар ўртасида айланиб юриш

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади:

Бундай қилишни бирон зарари бор деб билмайман. Гарчи, кўнгли хотиржам бўлган бир масжидни лозим тутиши лозим, деган фикрга мойил бўлсам-да, бошқа бир имомга кўчиб ўтишида – агар бу билан яхшиликни қасд қилган бўлса ва риё ва шу каби бошқа қасди бўлмаса – бирон зарар бор деб билмаймиз.

(Ал-жавабус-саҳиҳ: 13, 14-с).

Шайх Ибн Жибрийн раҳимаҳуллоҳ айтади:

Шоҳид бўлинадики, қироати пухта бўлган, Қуръонни тағанний билан ўқийдиган, яхши тиловат қиладиган ва овози чиройли бўлган, қироат қилишидан Аллоҳ таолодан қўрқиши сезилиб турадиган қоридан Қуръон эшитган пайтда қалбда хушуъ ва хузуъ ҳосил бўлади.

Агар инсон ана шундай имом орқасида хушуъ ва ҳузури қалб топса, ўша имом ортида намоз ўқиши мумкин ва фойда олиш мақсадида узоқ-яқин масофадан у ерга келиши жоиз.

(Мин фатава аимматил-ислам: 512-с).

Қуръонни тағанний қилиш маъноси

Шайх Ибн Жибрийн раҳимаҳуллоҳ айтади:

Тағанний қилиш – Қуръонни чиройли овоз билан ўқиш ва уни тараннум этишдир. Бундай қилиш Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисга кўра мустаҳабдир: «Ким Қуръонни тағанний билан ўқимаса, биздан эмасдир» (Муслим ривояти).

Имом Муслим Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кеча оқшом сизнинг қироатингизга қулоқ солиб турганимни кўрганингизда эди! Дарҳақиқат, сизга оли Довуднинг мизморларидан бир мизмор (оҳанг, совт) берилган», дедилар.

Бир ривоятда Абу Мусо деди: «Агар сизнинг қулоқ солиб турганингизни билсам, бундан ҳам чиройлироқ қилиб ўқиган бўлардим».

Бироқ, ўта такаллуф билан ва чўзишларни ўта муболағали қилиб ўқиш жоиз эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатларида такаллуф бўлмаган.

(Мин фатава аимматил-ислам: 513-с).

Имом қўлида мусҳаф билан туриши ҳукми

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади:

Қувватлироқ сўзга кўра, бунинг зарари йўқ. Бу борада аҳли илмлар ўртасида хилоф бор. Лекин, тўғрироқ гап шуки, агар ёд олмаган бўлса ёки ҳифзи заиф бўлса ва Қуръонга қараб ўқиши ўзига ҳам, бошқаларга ҳам фойдалироқ бўлса, бунинг зарари йўқдир.

(Ал-жавабус-саҳиҳ: 25-с).

Маъмум (имомга иқтидо қилувчи) Қуръон ушлаб туриши ҳукми

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади:

Бу тўғрида бирор асл-асос борлигини билмайман. Зоҳирроғи хушуъ ва хузуъ билан туриш ва мусҳаф ушламасдан, балки ўнг қўлини чап қўлига қўйиб туришдир.

(Ал-жавабус-саҳиҳ: 26-с).

Таровиҳ намозини тўғри адо этиш йўл-йўриғи

Савол: Имом таровиҳ намозининг ҳаммасини битта салом билан тугатиши мумкинми? Бу хусусдаги тўғри йўл қандай? Шом намозига ўхшатиб, уч ракъат қилиб ўқиш жозми?

Шайх Ибн Жибрийн раҳимаҳуллоҳ жавоб беради:

Таровиҳ намозидаги ва таҳажжуд намозидаги суннат – ҳар икки ракъатдан сўнг салом беришдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тунги намоз икки ракъат, икки ракъатдан (ўқилади)» деганлар. Ҳадиснинг зоҳирига кўра, бунда туннинг аввалида ўқиладиган намоз билан туннинг охирида ўқиладиган намоз баробардир.

Аммо, Оиша розияллоҳу анҳонинг: «… Тўрт ракъат ўқирдилар, уларнинг чиройи ва узунлиги ҳақида асти сўраманг. Сўнг яна тўрт ракъат ўқирдилар, уларнинг чиройи ва узунлиги ҳақида асти сўраманг. Сўнгра уч ракъат ўқирдилар», деган сўзларидан мурод – тўрт ракъат ё уч ракъатни битта салом билан ўқирдилар, дегани эмас, балки ҳар икки ракъатда салом берган ҳолда биринчи тўрт ракъатнинг узунлигини ва иккинчи тўрт ракъатнинг узунликда ундан кўра сал камроқлигини сифатлаш эди. Ибн Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида ётиб қолган кечада у зот билан бирга ўқиган намози ҳақида айтганидек, у зот икки ракъат, кейин яна икки ракъат ўқиганлар.

Бироқ, Оиша розияллоҳу анҳодан собит бўлганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам беш ракъатни витр қилиб, фақат охирги ракъатдагина (ташаҳҳудга) ўтирардилар, етти ракъатни бирин-кетин (ташаҳҳудга ўтирмасдан) ўқирдилар, тўққиз ракъатни бирин-кетин ўқирдилар, саккизинчи ракъатдан сўнг ташаҳҳуд ўқиб, тўққизинчи ракъатдан кейингина салом берардилар. Эҳтимолки, бу у зот ҳаётларининг охирги пайтларида бўлган бўлса керак ва мудом шундай ўқимаган бўлсалар керак.

Дарҳақиқат, уламолар витрни беш ракъат қилиб, битта салом билан ўқишни, етти ракъат қилиб, битта салом билан ўқишни жоиз санаганлар. Баъзи уламолар уч ракъатни бирин-кетин (ташаҳҳудга ўтирмасдан) ўқишни жоиз деганлар. Кўпчилик уламолар (уч ракъатли) витрни худди шом намозидек икки ташаҳҳуд билан ўқишни макруҳ санаганлар, бироқ бу кароҳат билан бўлса-да жоиздир, валлоҳу аълам.

(Мин фатава аимматил-ислам: 520-с).

Овози чиройли қориларга тақлид қилиш ҳукми

Савол: Айрим имомлар таровиҳ намозида Қуръонни чиройли ўқиш учун қироати гўзал қорилар қироатига тақлид қилишади. Шундай қилиш жоизми?

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ жавоб беради:

Қуръонни чиройли овозда ўқиш машруъ ишдир, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга буюрганлар, ўзлари бир кеча Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг қироатига қулоқ солиб, унинг овозига маҳлиё бўлганлар ва унга: «Кеча оқшом сизнинг қироатингизга қулоқ солиб турганимни кўрганингизда эди! Дарҳақиқат, сизга оли Довуднинг мизморларидан бир мизмор (оҳанг, совт) берилган», деганлар (Муслим ривояти).

Шунга кўра, агар масжид имоми овози ва қироати чиройли бирон қорининг ўқишига тақлид қилса ва бу билан Аллоҳнинг Китобини чиройли ўқишни мақсад қилса, бу иши ўзига ҳам, бошқалар учун ҳам машруъдир. Чунки, бу билан ўз орқасидаги намозхонларнинг нашот билан туришларига ва уларда ҳузури қалб ҳосил бўлиб, Қуръон тиловатига иштиёқ билан қулоқ солишларига сабабчи бўлади. Аллоҳ Ўз фазлини Ўзи истаган кишисига ато этади, Аллоҳ буюк фазл эгасидир.

(Фатава уламаил-баладил-ҳаром: 195-с).

Йиғи билан овозлар кўтарилиб кетиши ҳақида

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади:

Менга мурожаат қилган кишилардан кўпларига бундай қилишдан сақланишни насиҳат қилганман. Чунки, бундай қилиш одамларга озор етказади ва уларни безовта қилади, намозхонларнинг ва қорининг хаёлини сочади. Мўмин киши йиғисини бошқаларга эшиттирмасликка уриниши ва риёдан сақланиши лойиқдир. Аммо, айрим кишилар бўладики, уларда бу ҳолат уларнинг ихтиёрларидан ташқари содир бўлади ва йиғиси овози беихтиёр кўтарилиб кетади. Бу эса кечириларли ҳолатдир.

(Ал-жавабус-саҳиҳ: 28-с).

Имомнинг баъзи оятларни қайтариб ўқиши ҳукми

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади:

Одамларни тадаббур (тафаккур) ва хушуъга, шунингдек ушбу оятлардан фойда олишга чорлаш мақсадида бўлса, бундай қилишнинг зарари йўқ, деб биламан. Лекин, имом айрим оятларни қайтариб ўқиши билан одамларни жунбушга келтириш ва йиғи билан овозларини кўтаришни қасд қилса, бундай қилмагани яхши бўлади. Аммо, бу иши билан фақат хушуъ, тадаббур ва намозга иштиёқ пайдо бўладиган бўлса, буларнинг ҳаммаси яхши ишлардир.

(Ал-жавабус-саҳиҳ: 19, 20-с).

Витрда муайян сураларни давомий ўқиш ҳукми

Савол: Ҳар куни витрда «Ал-аъло» (саббиҳисма), «Кафирун» ва «Ихлос» сураларини ўқиш шартми ё бошқа сураларни ўқиш ҳам мумкинми? Бу ҳақдаги суннат нима?

Шайх Ибн Жибрийн раҳимаҳуллоҳ жавоб беради:

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Саббиҳисма роббикал аъла», «Қул я айюҳал кафирун» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад» билан витр ўқирдилар (Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрда қайси сураларни ўқир эдилар?» деб сўралганида: «Биринчи ракаатда «Саббиҳисма роббикал аъла», иккинчи ракаатда «қул я аййуҳал кафирун» ва учинчи ракаатда «қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «муаввизатайн»ни (яъни “нас” ва “фалақ” сураларини) ўқир эдилар» деб жавоб берганлар. Лекин, Аҳмад ва Ибн Маъийн «муаввизатайн» зиёда қилинишини инкор қилганлар. Зоҳир шуки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сураларни кўп ўқирдилар, бироқ доимий суратда ўқимаганлар. Шундай экан, омма халқ ушбу сураларни ўқиш фарз экан, деб эътиқод қилиб қолмаслиги учун баъзан бошқа сураларни ҳам ўқиб туриш муносиб бўлади.

Имом Молик витрда – яъни охирги ракъатида – «қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «муаввизатайн» ўқишни айтган ва жуфтлик (яъни олдинги икки ракъат) ҳақида: «бу ҳақда маълум бир нарса менга етмаган», деган. Буни Ибн Қудома «Ал-муғний»да нақл қилган. Агар «Ал-аъло» ва «Ал-кафирун» сураларини ўқиш муттабаъ (яъни, ҳамма шунга эргашган иш) бўлганида дорул-ҳижра имоми бўлган Моликка бу махфий қолмаслиги керак эди. Бу эса ушбу суралар доим эмас, баъзи вақтларда ўқилганига далил бўлади.

(Мин фатава аимматил-ислам: 526, 527-с).

Таровиҳда дуони узун қилиш ҳукми

Савол: Айрим масжид имомлари Рамазонда (таровиҳда) дуони жуда узун қилишади, баъзилари эса қисқа дуо қилишади. Қай бири тўғрироқ?

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ жавоб беради:

Тўғрироғи – ғулув ҳам, қосирлик ҳам бўлмаслигидир. Одамларни қийнаб қўядиган даражада узоқ дуо қилишдан қайтарилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга Муоз ибн Жабалнинг ўз қавмига намозни узун ўқиши хабари етгач, ғазабланганлар ва «Эй Муоз, сиз ҳали бездирувчимисиз?!», деб танбеҳ берганлар (Муттафақун алайҳ).

(Ҳадисларда) келган сўзларга чекланиш ё бирмунча зиёда қилиш лойиқ бўлади.

Шубҳасиз, узоқ чўзиб юбориш одамларга, хусусан улар ичидаги заиф кишиларга қийинчилик туғдиради ва уларни чарчатиб қўяди. Баъзи кишиларнинг ишлари бўлиши, бироқ имомдан олдин намоздан чиқиб кетишни истамасликлари мумкин. Имом биродарларга насиҳатим, ўртача ҳолатда бўлсинлар. Шунингдек, одамлар вожиб деб эътиқод қилиб қолмаслиги учун баъзи-баъзида дуони тарк қилиб туриш ҳам керак.

(Фатава уламаил-баладил-ҳаром: 194-с).

Қуръонни хатм қилиш дуоси ҳукми

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади:

Салафлар ҳам Қуръонни хатм қилишар ва Рамазон (таровиҳ) намозида хатм дуосини ўқишар эди. Бу тўғрида улар ичида низо борлигини билмайман. Бу каби ишларда (ҳаққа) яқинроғи шуки, у ўқилади. Лекин, одамларга (малол келарли даражада) узун қилинмайди ва фойдали, жомиъ дуоларни ўз ичига олган бўлади.

(Ал-жавабус-саҳиҳ: 43-с).

Хатмга ҳозир бўлиш учун Макка ва Мадинага сафар қилиш ҳукми

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади:

Рамазонда бўлсин ё бошқа пайтда бўлсин, умра учун ёки Масжид Ҳаромда ва Масжид Набавияда намоз ўқиш мақсадида Макка ва Мадинага сафар қилиш мусулмонлар ижмоъсига кўра, қурбат (ибодат) ва тоатдир. Бунда ҳеч қандай зарар йўқдир. Чунки, хатмда ҳозир бўлиш ҳам икки ҳарамдаги намоз ичида бўлади. Баъзан бунда умра ҳам бўлади. Бу эса нур устига нурдир.

(Ал-жавабус-саҳиҳ: 51-с).

Имомларга насиҳат

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади:

Аммо, айрим кишилар қилгани каби, (таровиҳни) ўта шошилиб ўқиш машруъга хилофдир. Агар бу намознинг бирор рукни ё вожибини халалли қилишга олиб келса, намозни ботил қилади.

Кўпчилик имомлар таровиҳ намозида шошилиб, бесабрлик қилишади. Бу эса хатодир. Чунки, имом нафақат ўзи учун, балки бошқалар учун ҳам намоз ўқийди. У валий (ишбоши) ўрнида бўлиб, ҳамма учун салоҳиятли ишни қилиши лозим бўлади. Аҳли илмлар зикр қилишларича, имом ўз орқасида намоз ўқиётганлар фарзни адо этолмайдиган даражада шошилиб ўқиши макруҳ бўлади.

(Рўза, таровиҳ ва закот ҳақидаги фасллар: 18-с).

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.