Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Ташриқ кунлари қилинадиган ҳаж амаллари ва тавофул-вадоъга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Ийд куни тавофи ифозадан сўнг Минога қайтиб, у ерда тунаш вожибдир. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисга кўра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч кимга Маккада тунаб қолишга рухсат бермадилар, ёлғиз Аббосга сиқоят (яъни, ҳожиларни зам-зам билан суғориш юмуши) борлиги учун (рухсат бердилар)» (Ибн Можа (3066) ривояти).

Шошилмаса, Минода уч кеча тунайди, агар шошилса, икки кеча – ўн биринчи ва ўн иккинчи кечалари тунайди.

Намозларни жамламасдан, ҳар бир намозни ўз вақтида қаср қилиб ўқийди.

Ташриқ кунлари ҳар куни заволдан кейин учала жамарот (тошлари)ни отади. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни чошгоҳ вақтида тош отдилар, қолган кунлари эса, қуёш тиккадан оғганидан сўнг отдилар» (Муслим (1299), Бухорий (3/731) «Китобул-ҳаж»да таълиқ қилган, Абу Довуд (1971), Термизий (894), Насоий (3063), Ибн Можа (3053) ривоятлари).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Кутиб турардик, кун зоил бўлгач, отардик» (Бухорий (1746) ва Абу Довуд (1972) ривоятлари).

«Кутиб турардик» деганидан мурод – тош отиш керак бўлган вақтни кутиб турардик, деганидир.

Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нусукларингизни (яъни, ҳажга доир ибодатларингизни) мендан (ўрганиб) олинглар», деганлар (Муслим (1297) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ўн биринчи куни ва ундан кейинги кунлар тош отиш вақти заволдан кейин бошланади, ундан олдин отиш кифоя қилмайди. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз феъллари билан шу вақтларни белгилаб берганлар ва: «Нусукларингизни (яъни, ҳажга доир ибодатларингизни) мендан (ўрганиб) олинглар», деганлар (Муслим (1297) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Намозни вақтидан олдин ўқиш жоиз бўлмаганидек, тош отишни ҳам вақтидан олдин бажариш жоиз бўлмайди. Чунки, ибодатлар тавқифийдир.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатда ворид бўлганидек тош отишларини сифатлар экан, шундай дейди: «Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни Минога қайтиб, унда тунадилар. Тонг отгач, завол вақтини кутиб турдилар. Завол пайти бўлгач, жамралар сари яёв кетдилар, уловга минмадилар. Биринчи бўлиб Хайф масжиди яқинидаги биринчи жамрага келиб, еттита тош отдилар. Уларни биттама-битта отиб, ҳар бир тош отишда «Аллоҳу акбар», дердилар. Сўнг олдиндаги жамра сари бир оз юриб, қиблага юзланиб турдилар, қўлларини кўтариб, «Бақара» сураси миқдорича, узоқ дуо қилиб турдилар. Сўнг ўртадаги жамрага бордилар, уни ҳам айни шаклда отдилар. Сўнг водийнинг сал чапроқ томонига тушиб, қиблага юзланиб турдилар, қўлларини кўтариб, аввалги туришларига яқин муддат дуо қилиб турдилар. Сўнг учинчи жамрага – Жамратул-ақабага – бордилар, жамрага юзланиб, Байтни чап томонларида, Минони ўнг томонларида қилган ҳолда еттита тош отдилар…» (Зодул-маъод: 2/285).

«Тошларни отиб бўлгач, дарҳол ортга қайтдилар ва Жамратул-ақаба ёнида тўхталмадилар. Бунинг сабабини тоғда жой торлиги учун, деб айтилади. Бошқа сўзга кўра – шуниси тўғрироқ – у зотнинг дуолари ибодатнинг ичида, ундан фориғ бўлишларидан илгари бўлди. Тошларни отиб бўлгач, ибодатдан фориғ бўлдилар. Ибодатнинг ичида қилинган дуо ундан фориғ бўлгандан кейинги дуодан афзалдир. У зотнинг намоздаги дуолари борасидаги суннатлари ҳам айни шундай, намознинг ичида дуо қилардилар» (Зодул-маъод: 2/286).

Тош отиш тартиби қуйидагича бўлиши зарур:

Аввал биринчи жамрадан, яъни Минога яқин, Хайф масжиди яқинидаги жамрадан бошлайди. Кейин ўртадаги жамрага отади, охирида Макка томонга яқинроқ катта жамрага – Жамратул-ақабага – отади. Ҳар бир жамрада еттитадан тош отади, ҳар бир тош отишда қўл кўтариб: «Аллоҳу акбар», дейди, ҳар битта тош ҳовузга тушиши зарур, хоҳ унда ўрнаб қолсин, хоҳ думалаб кетсин, фарқсиз, агар ҳовузга тушмаса, отилган ҳисобланмайди.

Беморлар, кекса ёшли кишилар, ҳомиладор аёллар, шунингдек, йўлда ёки жамрада тиқилинчга дош беролмаслиги хавфи бўлган аёллар тош отишга бошқа бировни вакил қилишлари мумкин.

Вакил ҳар бир жамрада ўзининг тошини отиш билан бирга уни вакил қилган кишининг тошини ҳам отади. Аввал учала жамрада ўз тошларини отиб бўлиб, кейин бировнинг тошларини яна бошқатдан отиб чиқмайди. Чунки, бундай қилинганда тиқилинч кунларда ортиқча машаққат ва ноқулайлик келиб чиқади.

Агар вакил фарз ҳажни адо қилаётган бўлса, ҳар бир жамрада аввал ўзининг тошларини отиши, кейин уни вакил қилган кишининг тошларини отиши зарур.

Ўн иккинчи куни ҳар учала жамраларни отиб бўлганидан сўнг агар шошилаётган бўлса, кун ботмасидан туриб Минодан чиқиб кетади. Хоҳласа, шу кеча ҳам тунаб, ўн учинчи куни заволдан кейин учала жамрани отиб, кейин кетади, шуниси афзалроқ. Аллоҳ таоло айтади: «Ким икки кунда шошилса (зикрни тўхтатса) унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир» (Бақара: 203).

Агар Минодан чиқмасидан туриб кун ботиб қолса, шу кеча ҳам тунаб қолиши ва ўн учинчи куни ҳам тош отиб, кейин кетиши лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ким икки кунда шошилса», деди (Бақара: 203), кун дегани кундузни билдиради, оқшомга қолиб кетган киши икки кунда шошилган одамлар қаторига кирмай қолади.

Аёл киши агар эҳромдан олдин ҳайз ё нифосли бўлиб қолиб, шу ҳолида эҳромга кирган бўлса, ёки пок ҳолида эҳромга кириб, кейин ҳайз ё нифосли бўлиб қолса, эҳромида қолаверади ва ҳожилар қилган барча амалларни қилади – Арафотда вуқуф қилади, Муздалифада тунайди, Минода тош отади ва тунайди, фақат то ҳайзи ё нифосидан покланмагунича Байтуллоҳни тавоф қилмайди, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилмайди.

Лекин, агар поклик ҳолида тавоф қилган бўлса ва кейин ҳайз кўриб қолган бўлса, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилаверади, ҳайзи бунга монеъ бўла олмайди. Чунки, саъй учун таҳоратли бўлиш шарт эмас.

Ҳожи Маккадан жўнаб кетишни ва юртига ё бошқа жойга қайтишни истаса, барча ишларидан фориғ бўлиб, фақат сафарга чиқиб кетиш қолгач, охирги иши Каъбани етти бор тавоф қилиш бўлмоғи лозим. Фақат ҳайзли аёлга вадоъ (хайрлашув) тавофи лозим эмас, тавофсиз ҳам жўнаб кетавериши мумкин. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилганидек: «Одамлар охирги аҳдлари (лаҳзалари) Байт билан бўлишига буюрилдилар, фақат бу ҳайзли аёлдан енгиллатилди» (Бухорий (1755) ва Муслим (1328) ривоятлари).

Бир ривоятда: «Одамлар ҳар тарафдан жўнаб кетаётган эдилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч ким охирги аҳди (лаҳзаси) Байт билан бўлмагунча кетмасин», дедилар (Муслим (1327), Абу Довуд (2002), Ибн Можа (3070), Аҳмад (1/222, №1936) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзли аёлга агар у ифоза тавофини қилган бўлса, Байтни тавоф қилмасдан йўлга чиқиб кетишига рухсат бердилар» (Аҳмад (1/370, №3505), Табароний (11/110, №11206) ривоятлари).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Софийя бинт Ҳуяй ифоза тавофини
қилгандан сўнг ҳайз кўриб қолди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламга айтилганда у зот: «У бизни (йўлдан) тўсиб қолар эканда», дедилар. Шунда
мен: «Ё Расулуллоҳ, у ифоза тавофини қилганидан сўнг ҳайз кўрди», дедим. «Ундай
бўлса, йўлга чиқаверсин», дедилар (Бухорий (1762) ва Муслим (1211)
ривоятлари).

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.