Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Тинчлик ва омонлик

الأمن والأمان

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз, бизларни Ўзининг тоати устида жамлаган Аллоҳ таборака ва таоло барчамизни Ўзининг улуғлик ҳовлиси бўлмиш жаннатида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Олам бугунга келиб тинчлик ва омонлик неъматидан маҳрум бўлиб қолди. Замонавий илм-фан орқали эришилган ҳайратомуз хавфсизлик воситаларининг куч-қудратига қарамай, янги-янги пайдо бўлаётган хавфсизликни таъминлаш ускуналарининг кўплигига қарамай, ҳамма жойда зўравонлик ва жиноятга қарши курашиш учун психология ва социология фанига асосланган кўплаб илмий лойиҳаларга эга бўлишига қарамай, олам ҳануз тинчлик ва омонлик неъматидан маҳрум бўлишда давом этмоқда.

Олам бугун кўплаб ядровий, биологик ва атом қуролларига эга эканига қарамай, қудратли ҳарбий салоҳиятга эга эканига қарамай тинчлик ва омонлик неъматидан маҳрум бўлиб қолди. Олам бугун ҳар хил халқаро ташкилот ва кенгашларига, улар тарафидан қабул қилинаётган қарорларнинг кўплигига қарамай, тинчлик ва омонлик неъматидан маҳрум бўлиб қолди.

Балки, миллионлаб кишилар қўрқув, даҳшат, беқарорлик ва безовталик остида, ҳар лаҳза ўлимни кутиб яшайдиган бўлиб қолди. Инсониятни, бутун бошли миллат ва элатларни қирғин қилиш одатий ҳолга айланиб бормоқда бугун. Инсон ҳаётидек арзон ва беқадр нарса топилмай қолаёзди бугун.

Чунки, башариятнинг оламни ва одамзотни ҳимоя қилиш мақсадида ихтиро этган хавфсизлик воситалари бугун унинг ўзига қарши қирғин воситаларига, инсониятни кўз очиб юмгунча йўқ қилиб юборувчи қирғин қуролларига айланди. Ҳа, ядровий каллаклар, ракеталар, ҳарбий тайёралар ва бошқа хавфсизлик воситалари бугунга келиб қўрқитиш, даҳшатга солиш ва ҳалок этиш воситасига айланди.

Овозлар кўкка ўрлаган, муфаккирлар, қаламкашлар ва сиёсатчилар дунёнинг ҳар ер, ҳар ерида ушбу қирғин қуроларини бутунлай йўқ қилиб ташлашга чақириб, атрофга жар солган..

Шунга қарамай, барибир бугунги кунда миллионлаб инсонлар ҳар лаҳза ўлимни кутиб яшамоқдалар, дунё кенг бўлишига қарамай, уларнинг кўзига тор бўлиб кетган, дунё ёруғ бўлишига қарамай, уларнинг кўзига қоронғу бўлиб қолган!!.

Бутун олам бугун юрак тинчлиги, қалб барқарорлиги, дил ёруғлиги ва кўнгил хотиржамлигини ҳис қилолмай қолган..

Ҳоказо, олам бугун ҳар хил халқаро ташкилот ва кенгашларига, улар тарафидан қабул қилинаётган қарорларнинг кўплигига қарамай, тинчлик ва омонлик неъматидан маҳрум бўлиб қолди.

Бугун мен инсон ўзининг инсон биродарига нисбатан ўрмондаги ваҳшийлар ҳам хижолат бўладиган жиноятларни амалга оширмоқда, десам асло муболаға қилган бўлмайман.

Олам бугун тинчлик ва омонлик неъматидан маҳрум бўлиши ортидан иқтисодий барқарорликдан ҳам маҳрум бўлди. Катта-катта банклар, улкан бозорлар ва гигант савдо марказларининг кўплигига қарамай, олам бугун иқтисодий барқарорликдан маҳрум. Иқтисоднинг барча жабҳаларига энг янги технологиялар кириб келганига, ишлаб чиқариш кундан-кунга ортиб бораётганига қарамай, миллионлаб инсонлар бир тишлам нон илинжида, эгниларини ўрайдиган кийим, жонларини сақлаб тургудек турар-жой илинжида эртадан кечгача ғимир-ғимир қилади, баъзилари очлик ва совуқдан ҳалок бўлади, баъзилар тоғу-тошларни, айримлар очиқ мозорларни ўзига маскан тутган.

Бутун олам бугун тинчлик ва омонликдан маҳрум бўлиши ортидан юрак тинчлиги, қалб барқарорлиги, дил ёруғлиги ва кўнгил хотиржамлигини йўқотган!.

Кўнгил хотиржам бўлмас экан, инсоният на маишатлардан, на дабдабали ҳаётдан, на энг сўнгги модадаги кийим-бошлардан, на юмшоқ ўрин-тўшаклардан, на битмас-туганмас бойликлардан ва на фахрли автоуловлардан маза топади.. На шон-шуҳрат, на обрў-мансаб, на мол-мулк инсонга руҳий хотиржамлик ва кўнгил саодатини бахш эта олади. Бу Аллоҳ жалла ва алонинг одамлар табиатига ўрнатиб қўйган фитратидир. Сиз бу моллар, бу матолар, бу обрўлар, бу нуфузлар, бу шуҳрат ва бу мансаблар инсон кўнглига хотиржамлик бахш эта олади, қалбга барқарорлик ва дилга ёруғлик олиб келади, деб ўйламанг! Гарчи, бу нарсалар ҳам инсон саодатининг бир бўлаги бўлса-да, бироқ, ҳақиқий қалб хотиржамлиги ва тўла кўнгил тинчлигини асло рўёбга чиқариб беролмайди. Бунинг учун бутунлай бошқа даво зарур.

Севикли дўстларим! Олам бугун бошдан кечириб турган эминликдан маҳрумлик ҳамда иқтисодий ва руҳий беқарорлик ҳолатини Аллоҳ таоло қуйидаги оятларида мана бундай тавсиф этган: «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубҳасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 123-127).

Ягона барҳақ маъбудимиз бўлган Аллоҳга қасамки, Парвардигоримиз Қуръонда тавсиф этган бахтсиз ҳаёт айни шудир.

Ҳоким «Мустадрак»да, Ибн Можа «Сунан»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ва шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда ўз хоҳиш-ҳаволаридан келиб чиқиб гапирмайдиган ростгўй зот – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатни шундай тавсифлаганлар: «Эй муҳожирлар жамоаси! Беш нарса борки, улар билан мубтало бўлсангизлар – улар сизларга етишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман: – қайси бир қавмда фаҳш ёйилиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади. Ўлчов ва тарозидан уриб қоларканлар, қурғоқчилик, қаттиқ етишмовчилик ва подшоҳнинг зулмига дучор этиладилар. Молларининг закотини бермас эканлар, уларга самодан ёмғирни тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз қолишарди. Аллоҳга беришган аҳдни ва Расулига беришган аҳдни бузишаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар буларнинг қўлларидаги баъзи нарсаларни тортиб олишади. Раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас эканлар ва яхшиликни Аллоҳ нозил қилган нарсада деб билмас эканлар, Аллоҳ уларнинг жабр-зулмларини ўз ўрталарида қилади» (Ибн Можа: №4019, Ҳоким: 4/540, Саҳиҳул-жомиъ: №7978).

«… Қайси бир қавмда фаҳш ёйилиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади…»

Ахир яқин ўтмишда ким эшитган эди СПИД деган балони?! Қай биримиз билганмиз инфаркт деган дардни?! Қай биримиз билганмиз мияга қон қуюлиб қолиш, буйрак функцияси бузилиши деган касалликларни?! Яқин ўтмишда қай биримиз захм, сифилис деган таносил касалликларини эшитганмиз?!

«… Ўлчов ва тарозидан уриб қоларканлар, қурғоқчилик, қаттиқ етишмовчилик ва подшоҳнинг зулмига дучор этиладилар…»

Аллоҳга қасамки, бугун фақат ўлчов ва тарозидангина уриб қолинмаяпти. Агар шундай бўлганида иш анча енгил бўларди. Балки, бугун ўлчовлар ва мезонларнинг ўзи бутунлай ўзгартириб ташланди!

«… Молларининг закотини бермас эканлар, уларга самодан
ёмғирни тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз
қолишарди…»

Аллоҳга қасамки, закотда ҳам ҳийла қилишга ўтдик, садақалар чиқаришни
тўхтатдик, Аллоҳ раҳм қилган кишиларгина бундан мустасно. Яна шунча аҳволимиздан
кейин ҳам бошимизга ёғаётган мана бу ёмғирлар фақат чорва ҳайвонлари туфайли,
саждага бош қўйган мўйсафидларимиз, эмизикли болаларимиз сабабли Аллоҳнинг
раҳмати бўлмоқда. Аллоҳга қасамки, агар ер юзига бало ёғилса, ҳашароту
қурт-қумурсқалар одамзотни лаънатлайди. Чунки, бало одамзотнинг гуноҳи
сабаблигина ёғади, балони фақат тавба билан даф қилиш мумкин.

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ зикр қилишича, Сулаймон пайғамбар даврларида
қурғоқчилик бўлиб, елинлар қуриб, одамлар ҳалок бўлаётганида Сулаймон
алайҳиссалом Бану Исроилни истисқо (ёмғир сўраш) намози учун чиқишга
чорлайдилар. Йўлда борар эканлар, бир чумолининг Аллоҳ таолога муножот қилиб
турганини кўрадилар…

Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга қушлар ва қурт-қумурсқалар
тилини билдириб қўйган ва бу ҳақда Қуръони каримда мана бундай зикр қилган:
«То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар,
уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган
ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди,
(Сулаймон) унинг
сўзидан кулиб-табассум қилди ва деди: «Парвардигорим, мени Сен менга ва
ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши
амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ
бандаларинг қаторига киритгин»
(Намл: 18-19).

Хуллас, Сулаймон алайҳиссалом қулоқ солсалар, чумоли шундай деб дуо қилаётган
экан: «Эй Аллоҳ! Ўзинг яхши биласанки, бало фақат гуноҳ сабабли тушади, бало
фақат тавба билан кўтарилади. Биз Сенинг халқларингдан бир халқмиз. Бизни
одамзотнинг гуноҳлари сабабли ҳалок қилмагайсан»..

«… Аллоҳга беришган аҳдни ва Расулига беришган аҳдни
бузишаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар буларнинг
қўлларидаги баъзи нарсаларни тортиб олишади…»

Мусулмонлар! Биз аҳдларни буздик, битимларни ҳурмат қилмай қўйдик, натижада
нима бўлди?! Ерларимиз тортиб олинди, мулкларимиз қўлдан кетди, уммат маймун ва
тўнғизларнинг инилари қўлида асирга айланди!!

«… Раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас эканлар ва
яхшиликни Аллоҳ нозил қилган нарсада деб билмас эканлар, Аллоҳ уларнинг
жабр-зулмларини ўз ўрталарида қилади…»

Ота-онам сизга фидо бўлсин ё Расулуллоҳ!

Ҳақиқий бахтсизлик ана, нимада! Барча замон ва маконларда одамлар Аллоҳнинг манҳажидан юз ўгирган пайтда дучор бўлишадиган ҳақиқий ҳалокат шудир.

Бу хавфсизликдан маҳрумликдир.. Иқтисодий маҳрумликдир.. Юрак сиқилишидир.. Бахтсизлик сўзининг ҳамма маъноларини ўз ичига олган бахтсизликдир.. Ҳеч муболағасиз, бирон кун йўқки, қон тўкилмаётган бўлса, жон олинмаётган бўлса, бинолар вайрон қилинмаётган бўлса, экинзорлар пайхон этилмаётган бўлса, мактаб-мадрасалар қулатилмаётган бўлса!!. Балки, ўз ҳалокати қуролини ўз қўли билан ясаган ушбу инсон қўллари билан бутун бошли маданиятлар вайрон этилмоқда!.

«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа: 124).

Адолатли натижа.. Адолатли жазо!!

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Мана бу сўзларимни яхши эслаб қолинг ва уларни доим такрорлаб юринг: Албатта башарият ҳаёти Аллоҳнинг санъати билан яралгандир: «(Бу) барча нарсани пухта қилган зот — Аллоҳнинг санъатидир» (Намл: 88).

Унинг фитрати қулфларини фақат Аллоҳнинг санъати билан ясалган калитлар билангина очиш мумкин! Унинг дардларини фақат Аллоҳнинг қўли билан тақдим этилган дори билангина муолажа қилиш мумкин!

Башарият агар ўзининг илк яратувчиси ва буюк Парвардигори билан боғланмас экан, ўзи эга бўлган барча ҳазоратлари билан ва ўзи ясаган барча энг янги технологиялари билан бирга у жуда ҳам қадрсиз, юксак мақсадсиз ва ўта фойдасиз бўлиб қолаверади.

Севикли дўстларим! Олам Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига қайтмоғи зарур. Умуман олам ва хусусан ислом олами модомики, Аллоҳнинг манҳажига қайтмас экан, мана шундай ҳалокатли дашту биёбонларда, зулмат ва залолат ичида юраверади, бахтсизлик, танглик ва қийинчиликдан боши чиқмайди. Чунки, шарқу ғарб дунёси у ёқда турсин, ислом оламининг ўзи ҳам бугун Аллоҳнинг манҳажидан юз ўгирган, Аллоҳ раҳм қилганларгина бундан мустасно, холос. Олам бугун Аллоҳ таолонинг: «Ҳукм фақат Аллоҳникидир» (Юсуф: 40) деган сўзларидан нақадар узоқлашиб кетди?!!

Қани хонадонларимизда, иқтисодий муомалаларимизда, корхоналаримизда, далаларимизда Аллоҳнинг Китобига амал қилганимиз?!!

Мусулмонлар ўртасида ислом ахлоқлари қаёққа ғойиб бўлди?!!

Саудия мамлакатининг Робиғ шаҳридан бир муҳтарама муслима синглимиз қўнғироқ қилиб қолди. У ҳаж пайтида, Каъбани тавоф қилиш асносида ўзи гувоҳ бўлган мусулмонларнинг аҳволидан куйиниб, ачиниб, тўлиб-тошиб, йиғлаб, қуйидаги воқеани айтиб берди: «Муҳтарам устоз, кечирасиз-у, бу тавоф эмас, гўё уруш, жанжал, кураш майдони эди гўё! Кучлилар заиф-ожизларни риоя қилиши, ёшлар кексаларга йўл бериши, эркаклар аёлларга мурувват кўрсатиши деган тушунчалар умуман унут бўлган! Аёлларнинг на ҳурматига ва на ҳижобига риоя қилиш бор!…»

Шонли тарихимизда яҳудий фитначилари тарафидан аврати очилган биргина аёлнинг ёрдам сўраб қилган фарёди натижаси нима бўлганини эсга олинг. Қудратли ислом қўшини яҳудларни Мадинадан бутунлай суриб ташлаган эди! Лекин, Аллоҳнинг Уйида бир муслиманинг ҳижоби ечилса, яҳудлар тарафидан эмас, мусулмон биродарлари тарафидан!! Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъуун!!!

Муслима синглимиз сўзида давом этиб, деди: «Шу ҳолда тавоф қилар эканмиз, биз билан бирга тавоф қилаётган бир муслима синглимиз тўсатдан беҳол бўлиб, ўзидан кетиб қолди.. Биз атрофга аланглаб, сув қидира бошладик. Шунда бир аёлнинг қўлида сув тўлдирилган идиш билан тавоф қилаётганига кўзимиз тушди. Хайрият, сув топилди, деб Аллоҳга ҳамд айтдим. Кейин шошиб, ҳалиги аёлга яқинлашиб, бизга бир оз сув керак, бир муслима ўлим ҳолатида ётибди, десак, нима бўлди денг?! Аллоҳга қасамки, ҳалиги муслима аёл Аллоҳнинг Уйида туриб, бир қултум сувини бизга раво кўрмади ва сувидишини қучоқлаганича тавофида давом этаверди!!..».

Қани у шонли кунларимиз, жиҳод майдонида жароҳат олиб, йиқилиб ётган улуғ зотлардан бирининг оғзига бир қултум сувни яқинлаштирилганида у ёнидаги биродарига ишора қилиб, унга беринглар, деган, у эса яна бошқа бир биродарига ўтказиб юборган, шундай қилиб, сув айланиб яна ўша биринчи кишига етиб келган, бу орада ҳаммалари шаҳидлик бахтига эришиб, жаннат ҳовузларидан нўш этган ўша ажиб исломий биродарлик намуналари?!! Улар қаёқда-ю, биз қаёқда?!! Қани Ислом ахлоқи?!

Ислом ахлоқдир.. Ислом воқеликдир, ҳаёт дастуридир.. Дин муомаладир.. Қани буюк исломимиз?! Қаерда қолди ўзаро раҳм-шафқат деган тушунчалар?! Қаерда қолди муҳаббат, дўстлик деган нарсалар?! Қаерда қолди бағрикенглик, олижаноблик туйғулари?! Қани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларига амал қилишимиз:

«Сизларнинг бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича иймонли бўлмайди» (Муттафақун алайҳ).

«Раҳм қилувчиларга Раҳмон раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилингиз, самодаги Зот сизларга раҳм қилади» (Термизий: №1925, Абу Довуд: №4941, Саҳиҳул-жомиъ: №3522).

«Мўминларнинг ўзаро дўстлашиш, бир-бирига раҳм-шафқат кўрсатиш ва меҳр-оқибатли бўлишдаги мисоллари битта жасад мисолидирки, жасаднинг бир аъзоси оғриса, бошқа барча аъзолари бедорлик ва иситма билан ҳозир бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Аксинча, бугун мусулмонлар бу ягона жасадни ҳалокат чоҳига судрашга тушдилар.. Қўлларидан келса, уни еб битиришган бўларди.. Аллоҳга қасамки, биз бу ягона жасадимизнинг ўлик танасини кечаю кундуз тинмай ғажимоқдамиз! Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир» (Ҳужурот: 12).

Ислом олами Аллоҳнинг манҳажидан узоқ бўларкан, мана шундай беқарорлик, танглик ва бахтсизликда қолаверади. Агар у ўз саодатини ва қўлдан берган раҳбарлигини қайтариб олишни истаса, ўзининг иззати, шарафи, фахри ва кароматининг асл манбаи бўлган Исломга қайтсин! Умар Форуқдан Аллоҳ рози бўлсин, унинг қуйидаги машҳур сўзи бор: «Бизлар хор бир қавм эдик, Аллоҳ бизни Ислом билан азиз қилди. Энди азизликни Исломдан ўзгасидан истасак, Аллоҳ бизни хор қилади».

Ҳа, азиз дўстларим! Ер юзида Аллоҳнинг манҳажигина тинчлик ва омонликни, роҳат ва фароғатни, қалб хотиржамлиги ва кўнгил тинчлигини рўёбга чиқариб берган!

Мен буни ҳиссиётларга берилиб ёки ичимдан тўқиб айтмаяпман! Бу воқеликдир! Тарихни ўқинг, ўқишни ва ҳақиқатларни билишни истаган киши учун унинг саҳифалари очиқ! Ҳа, Аллоҳнинг манҳажи остида нафақат ушбу манҳажни ҳаётда рўёбга чиқарган мусулмонлар учун, балки ер юзининг қаерида бўлмасин, шу манҳаж остида ҳаёт кечирган яҳудий ва насронийлар учун ҳам тўлақонли тинчлик ва эминлик рўёбга чиққанди!

Ҳазрат Алийнинг совутини ўғирлаб олган яҳудий воқеасини кўпчигингиз эшитган чиқарсиз. Ўша пайтда ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу халифа эдилар, ислом оламининг амири эдилар. Совутларини яҳудий қўлида кўрган ҳазрат Алий уни таниб, қайтариб олмоқчи бўлганларида яҳудий уни ўзининг совути эканини айтиб, беришдан бош тортади. Кейин нима бўлганини биласизми?!

У киши ҳалиги яҳудийни қўл-оёғига кишан урдиларми?! Зиндонбанд қилдиларми?! Қатл қилдирдиларми?! Совутларини зўрлик билан қайтариб олдиларми?! Йўқ!! Унинг устидан ўз қўл остиларида қозилик мансабида турган Шурайҳга шикоят қилдилар!!

Алий яҳудий билан бирга мусулмон қози олдида даъволашиб турдилар.

Қози ҳазрат Алийни ҳурматлаб, кунялари билан мурожаат қилиб: «Эй Абул Ҳасан!», деди, яҳудийни эса ўз исми билан чақирди. Шунда Алий розияллоҳу анҳунинг жаҳллари чиқиб, ё ҳар иккалаларини куня билан чақиришни, ё эса ҳар иккалаларини ҳам кунясиз, ўз исми билан чақиришни талаб қилдилар.

Шундан сўнг қози амирул-муъминийндан нима даъвоси борлигини сўради. Ҳазрат Алий: «Мана бу совут меники, уни сотмаганман, ҳадя ҳам қилмаганман», дедилар. Қози Шурайҳ яҳудийдан: «Хўш, сен нима дейсан?», деб сўради. Яҳудий сурбетлик ва айёрлик билан: «Совут меники, амирул-муъминийнни ёлғончи деб билмайман», деб жавоб берди.

Шурайҳ Алийдан: «Далил-исботингиз борми?», деб сўрайди.

Алий: «Йўқ, ҳеч қандай далил-исботим йўқ», дейдилар.

Қозиларининг сиёсати ҳам худди амирул-муъминийн сиёсатларидек гўзал эди. У даъвогарда – яъни амирул-муъминийн Алийда – етарли далил-исбот бўлмагани учун совутни яҳудийга ҳукм қилди!

Яҳудий совутни кўтариб бораркан, ўзига ўзи сўзларди: «Амирул-муъминийн менинг устимдан ўзининг қозисига шикоят қилса-ю, қози унинг зиёнига ҳукм чиқарса?!! Аллоҳга қасамки, бу шак-шубҳасиз, пайғамбарлар ахлоқидир!».

Кейин у ҳазрат Алий ҳузурларга келиб: «Эй амирул-муъминийн! Совут ҳақиқатан сизники эди, уни мен туянгиздан тушиб қолганида олгандим. Мен сизнинг олдингизда «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик бераман», деди.

Ҳазрат Алий табассум қилиб: «Исломга кирган бўлсанг, майли у энди мендан сенга ҳадя бўлсин», дедилар..

Қаранг, бу яҳудийга бу қадар эминлик ва омонликни ким рўёбга чиқариб берди?!

Ёки яна бир мисол: Бир қибтий (Мисрнинг туб аҳолиси вакили) Миср волийси Амр ибн Оснинг ўғлидан ўзиб кетади. Шунда Амрнинг ўғли оддий бир қибтий волийнинг ўғлидан ўзиб кетганидан ғазабланиб, унинг бошига калтак билан уради ва: «Ол, улуғзодалар калтаги зарбини тотиб кўр!», дейди. Шундан сўнг ҳалиги қибтийнинг отаси адолат талаб қилиб, Мисрдан адолат ва тинчлик-омонлик воҳасига, Мадинаи Мунавварага, халифа Умар ибн Хаттоб ҳузурларига йўл олади. Воқеадан хабардор бўлган Умар розияллоҳу анҳу Миср волийси Амрни ўғли билан бирга зудлик билан Мадинага етиб келишга амр қиладилар. Сўнг қибтийга қасос ҳукмини чиқариб, унинг қўлига калтак тутқазиб: «Ур улуғзодалар ўғлини!», дейдилар. Кейин Амрга юзланиб, мана бу машҳур сўзларини айтадилар: «Эй Амр, қачон сизлар одамларни қул қилиб олдингиз, оналари уларни озод туққан эди-ку?!».

Қандай гўзал ахлоқ!! Нақадар буюк тақво!! Қаранг, нақадар улуғ дин бизнинг Исломимиз!!

Абу Убайда ибн Жарроҳ Шом диёрини фатҳ қилган кезларида уларни мудофаа қилиш ва Рум шоҳи Ҳирақл лашкаридан ҳимоя қилиш шарти билан шомликларга жизя солиғи солинган эди. Ҳирақлнинг мусулмонларга қарши юриш қилиш мақсадида катта қўшин ҳозирлаётгани хабари келгач, Абу Убайда шомликларни ҳимоя қилолмай қолишдан хавф қилиб, улардан олинган жизяни қайтариб бердилар ва: «Ҳирақл бизга қарши жангга ҳозирланаётгани хабари келди. Мен сизларни ҳимоя қилолмай қолишдан қўрқаман», дедилар.

Ҳа, Аллоҳнинг манҳажи Аллоҳнинг ерида нафақат мусулмонлар учун, балки ушбу манҳаж остида ҳаёт кечирган яҳудий ва насронийлар учун ҳам тўлақонли тинчлик ва эминликни рўёбга чиқариб беради.

Биз ўзларининг динлари ва қонунлари рўёбга чариб берганидан кўра кўпроқ эминлик ва хотиржамликни рўёбга чиқариб берувчи ушбу Аллоҳнинг динидан қўрқадиган кишилар учун ҳақиқатлар ошкор бўлишини истаймиз!

Қолаверса, Аллоҳнинг манҳажи иқтисодий фаровонликни ҳам рўёбга чиқарди.

Оддий мисол, Умар ибн Абдулазиз халифалик даврларида у кишининг буйруқлари билан жарчи айланиб: «Ким фақир-муҳтож бўлса, унинг эҳтиёжи байтул-мол зиммасига!», деб жар соларди. Камбағаллар эминликка эришдилар, байтул-мол эса ўз баракасини йўқотмай қолаверди…

Бир давр буғдой дони хурмо уруғи катталигида бўлган экан, унга «Бу ер юзига Аллоҳнинг баракаси келган кундир» деб ёзиб қўйилган экан. Абдуллоҳ ибн Имом Аҳмад «Муснад»да ана шундай ривоят қилган.

… Жарчи иккинчи марта: «Кимнинг зиммасида қарзи бўлса, уни мусулмонларнинг байтул-молидан тўланади!» деб жар солди.. Байтул-мол қарздорларнинг қарзларини тўлади, шундан кейин ҳам баракасини йўқотмай тураверди.

Шундан сўнг жарчи чиқиб: «Уйланолмай юрган ёшларни байтул-мол ҳисобидан уйлантирилади!» деб жар солди. Ёшлар уйландилар, байтул-мол эса ўша-ўша баракали бўлиб қолаверди.

Жарчи кейинги марта чиқиб: «Эй одамлар! Байтуллоҳни ҳаж қилишни истаган, бироқ бунга қодир бўлмаётган кишилар келсин, мусулмонларнинг байтул-молидан бунинг учун нафақа ажратилади», деб жар солди. Ҳаж қилишни истаганлар ҳаж қилишди, байтул-мол эса баракасини йўқотмай қолаверди!!

Аллоҳнинг манҳажи ерда ана шундай фаровонликни рўёбга чиқарганди! Аллоҳнинг мана бу сўзларига иймон келтирмаганмизми ахир:

«Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик» (Аъроф: 96).

«Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12).

Азиз дўстларим!

Саодат ҳам, нажот ҳам, зафар ҳам фақат Аллоҳнинг манҳажига Аллоҳ истаганидек ва Унинг пайғамбари истаганидек қайтиш орқали амалга ошади. Иймон қуруқ тил билан айтиб қўйиладиган сўзгина эмасдир. Балки, иймон мўминнинг зиммасига жуда катта масъулият юклайдиган омонатдир. Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Иймон таҳаллий (зийнатланиш) ҳам, таманний (орзу-хаёл қилиш) ҳам эмасдир, балки у қалбларда ўрнашган ва амаллар уни тасдиқлаган нарсадир. Ким яхшиликни гапирса ва яхши амал қилса, ундан қабул қилинади. Ким яхшиликни гапирса ва ёмон амал қилса, ундан қабул қилинмайди».

Биз исломимизни воқеликка ва амалга айлантиришга ғоят муҳтожмиз!

Аввало ўзимга, кейин сизларга насиҳат қиламан, Аллоҳ азза ва жалладан гўзал исмлари ва олий сифатларини восита қилиб сўрайманки, сизу бизни ушбу динга амал қилиш бахтига мушарраф қилсин, кўзларимизни Исломнинг ғалабаси ва мусулмонларнинг иззатга эришиши билан қувонтирсин.

Дуо…

2010 йил 26-ноябр

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.