Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Тўрт нарсадан сўралиш

Охират ҳовлиси силсиласи

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

السؤال عن أربع

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Аллоҳнинг тавфиқи билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан сизлар билан бугунги суҳбатимиз ўн бешинчи суҳбат бўлади.

Ёдингизда бўлса, бундан аввалги икки учрашувимизда қиёмат куни Аллоҳ таоло бандаларини унинг асосида ҳисоб қиладиган адолат мезонлари ҳақида сўзлаб ўтган, сўнгра биринчи бўлиб ҳисобга чорланадиган уммат билан, биринчи бўлиб ажрим қилинадиган кишилар билан, биринчи бўлиб ҳисобга тортиладиган амал билан танишиб ўтган эдик. Бугунги суҳбатимиз ҳам ҳисоб майдонида, Аллоҳ таоло ҳузурида туриш мавзусида давом этади. Намоз ҳақида ҳисоб қилганидан сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандадан қуйидаги тўрт нарса ҳақида сўрайди:

Умрини нима билан ўтказгани ҳақида;

Илмига қандай амал қилгани ҳақида;

Молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани ҳақида;

Жисмини нима ишларда қаритгани ҳақида.

Мана шу тўрт нарса бугунги суҳбатимиз мавзуси бўлади.

Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратасиз деб умид қиламан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни ер юзида ҳам, ер остида ҳам, ҳисоб кунида ҳам Ўз карами билан ўрашини сўрайман. Албатта, У Ҳалим, Меҳрибон ва Раҳмли зотдир.

Шубҳасиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандани дунёда қилиб ўтган ҳамма амалларидан сўроққа тутади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқолича яхшилик қилса (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7-8).

Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингиз номига қасамки, албатта, уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш амаллари ҳақида сўраймиз» (Ҳижр: 92-93).

Унутиб юборган не-не гуноҳларингизни Аллоҳ у куни эслатиб қўяди. Яшириб ўтган қанча маъсиятларингизни Аллоҳ таоло очиб ташлайди.

Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандани намоздан сўнг яна тўрт нарсадан сўроққа тутади.

Термизий «Сунан»ида, Табароний «Муъжам ус-Сағир»ида, Хатиб «Тарих»да ривоят қилган, шайх Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да саҳиҳ санаган, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Қиёмат куни банда тўрт нарсадан – умрини нима билан ўтказгани ҳақида, илмига нима амал қилгани ҳақида, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани ҳақида ва жисмини қайси ишларда қаритгани ҳақида сўралмагунча қадами силжимайди» (Термизий: №2419, Албоний: Ас-силсилатус-саҳиҳа: №946).

Биринчи: Умр ҳақида сўралиш

Аллоҳ йўлидаги дўстим! Умр кишининг сармоясидир. Ким сармоясини зое қилса, аниқ зиёнкорга айланади.

Сиз ўз умрингиз бўлмиш ва сизга сездирмай ўтиб бораётган бу кунлар, бу ойлар, бу йиллардан Аллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб бермайман деб ўйлайсизми?!

Аллоҳ таоло айтади: «Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)! Зотан Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир. Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар У – улуғ арш соҳиби барҳақдир » (Муъминун: 115-116).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди. Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?! (Албатта Аллоҳ бунга қодирдир) (Қиёмат: 36-40).

Ана шундай зот бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни дунёда қилиб ўтган каттаю кичик амалларидан ҳисоб беришлари учун қайта тирилтиришга ва Ўз ҳузурида тургизишга қодир эмасми?!

Эй мусулмон! Кунлар ўз ортидан ой ва йилларни эргаштириб ўтиб бораверади. Бир авлод ортидан иккинчисининг умри поёнига етмоқда. Охир оқибат бу дунёдан ўтиш ва Буюк Подшоҳ ҳузурида туриш бордир.

Яшаб ўтган умрнинг ҳар соатидан, ҳар кунидан, ҳар ойидан, ҳар йилидан, қўйингки умрнинг ҳаммасидан ҳисоб бериш турибди олдимизда!!

Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Эй одамзот! Сен кунлар йиғиндисидан иборатсан. Бир кунинг ўтгани бир бўлагинг ўтганидир, бир бўлагинг ўтганинг ҳамманг ўтганидир».

Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ яна айтадилар: «Ҳар бир кун тонг отаркан, ҳол тили билан: «Эй одамзот, мен янги яратилган кунман, сенинг амалингга гувоҳман, мени ғанимат билгин, кетсам то қиёматгача қайтиб келмайман», деб нидо қилади».

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтардилар: «Аллоҳга қасамки, қуёши ботиб, умрим муҳлати бир кунга қисқарган, аммо амалим зиёда бўлмаган кунга ачинганимча бирор нарсага ачинмадим».

Умр ҳақиқий сармоядир. Қасамки, бизга ушбу муборак сармоя ўйин-кулги ва енгил-елпи ҳаёт кечириш учун берилмаган! Қасамки, биз беҳуда ишлар учун яралмаганмиз, улуғ ғоя ва буюк мақсадлар учун яратилганмиз.

Аллоҳ жалла ва ало айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зарият: 56).

Аллоҳ таоло халқларини мана шу мақсад учун яратган. Қасамки, биз умрларимизни бечора умматимиз ҳаётида жиддий ишга айланиб қолган сериаллар, спорт мусобақалари, филмлар томоша қилиш, беҳуда ўйин-кулгилар учун яратилган эмасмиз.

Қуръони каримда Аллоҳнинг пайғамбари Яҳё алайҳиссалом ҳақларида келган мана бу сўзлар нақадар гўзал: «(Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик» (Марям: 12).

Жумҳур муфассирлар сўзларига кўра, Аллоҳ таоло унга гўдаклик чоғидан ҳикмат-донишмандлик ато этган экан. Пайғамбарлик берилишидан олдин бир куни тенгдошлари унинг олдига келиб: «Юр, ўйнаймиз, эй Яҳё», дейишганида у: «Аллоҳга қасамки, биз ўйин-кулги учун яратилган эмасмиз, Аллоҳга қасамки, биз беҳудалик ва лаҳв учун яратилган эмасмиз», деб жавоб берган экан.

Ҳа.. Аллоҳга қасамки, биз умрларни зое қилиш учун яратилган эмасмиз.

Аксарият одамлар деярли ҳамма вақтини телевизор олдида ўтказадиган бўлиб кетган. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм.

Эй бепарволик билан умрини зое қилаётган инсон! Унутмагин, ўтаётган мана шу соатларинг учун албатта ҳисобга тортиласан!

Эй умрини ғафлатда ўтказаётган инсон! Унутмагин, дунё ҳаёти ҳар қанча узоқ бўлмасин, барибир қисқа.. Дунё ҳар қанча улкан бўлмасин, барибир ҳақир.. Чунки, кеча ҳар қанча узун бўлмасин, барибир тонг отиши бор.. Умр ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қабрга кириш бор.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам орзу-ҳавасларга берилишдан огоҳлантириб, Ибн Умар розияллоҳу анҳумога айтганлар: «Дунёда ғариб ёки йўловчидек бўл» (Имом Бухорий ривояти: 6413).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтардилар: «Кун ботса, тонгни кутма, кун чиқса, кеч бўлишини кутма» (яъни, ҳозирги умрингдан фойдалан, амал қил. Кечгача ё эртагача бормисан ё йўқмисан. Тарж).

Иброҳим Адҳамдан сўрадилар: – Эй Иброҳим, қандай қилиб дунёдан зоҳид бўла олдингиз?.

Иброҳим деди: – Уч нарса билан.

– Нима у уч нарса?

– Қабрни ваҳшатли эканини, унда менга бирон мунис, ҳамдам бўлмаслигини кўрдим. Йўлнинг узоқлигини, ёнимда эса йўл озуқаси йўқлигини кўрдим. Осмонлару Ернинг Парвардигори қози бўлишини, ундан мени ҳимоя қиладиган ҳимоячим йўқлигини кўрдим.

Севикли биродарларим! Дунёнинг ҳаммаси заволга юз тутади, умрнинг охири фанодир.

Улкан бойлик соҳиби бўлган Султон Фотиҳ Муҳаммад ибн Маликшоҳ ўлим тўшагида ётаркан: «Қўл остимдаги барча қул-чўриларимни, ходиму ходималаримни, мол-дунё-ю дурру жавоҳирларимни ҳузуримга келтиринглар, лашкаримнинг барини ҳозир қилинглар», деб буюрди. Сўнг султон ўзининг шу қадар улкан мулкига боқиб, йиғлади ва: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар ўлим фариштаси рози бўлса, мана шу мулкимнинг ҳаммасини бериб, жонимни қутқариб олган бўлардим», деди.

Сўнг ўзининг лашкарига боқиб, деди: «Аммо, булар, Аллоҳга қасамки, менинг умримга бир соат ҳам қўшиб беролмайди».

Сўнг фарёд қилиб деди: «Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» (Ал-ҳааққа: 28-29).

Самодаги булутга хитоб қилиб: «Эй булут, истаган ерингга ёмғирингни тўк, иншооллоҳ, барибир хирожи менинг хазинамга келиб тушади!», деган Ҳорун ар-Рашид бир кун келиб, ўлим тўшагида ётганида яқинларига: «Мени ўзим қўйиладиган қабрга олиб боринглар», деди. Уни қабр ёнига олиб келдилар. Шунда қабрга қараб йиғлади ва осмонга қараб: «Эй мулку салтанати абадий Зот! Салтанати қўлдан кетган кимсага Ўзинг раҳм қилгайсан», деди..

Ғўрлик даврингда ўтган

Ишларингни қўй энди,

Гуноҳларингни эслаб,

Кўзингдан ёш қуй энди.

Гарчи сен эдинг ғофил,

Икки фаришта огоҳ,

Сен маъсиятга машғул,

Улар ёзишга, эвоҳ!

Бу жон сенга берилган

Омонатдир билсанг гар.

Эгасига у бир кун

Албатта қайтарилар.

Сен алданиб, ортидан

Елиб-югурган дунё

Ҳовлидир бир ўткинчи,

Алдамчи мисли рўё.

Билки, кечаю кундуз

Олганинг ҳар бир нафас

Ҳисоблидир барчаси,

Кетмагай беиз, абас.

«Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)! Зотан Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир. Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар У – улуғ арш соҳиби барҳақдир » (Муъминун: 115-116).

Азиз биродарим! Қиёмат куни умрингиздан сўралмагунча қадамингиз қимирламайди.

Эй ғафлат ичра қимматбаҳо матоси ва ҳақиқий сармояси бўлган умрини зое қилиб юрган инсон, кўзингни оч!! Унутмагинки, ўтаётган ҳар бир кунинг сени дунёдан узоқлаштириб, охиратга яқинлаштирмоқда!

Луқмон ҳаким фарзандига деди: Эй фарзанд! Сен дунёга келган кунингдан бошлаб, дунёни ортингда қолдириб, охират сари юриб бормоқдасан.. Сен ўзинг яқинлашиб бораётган ҳовлига узоқлашиб бораётганинг ҳовлидан кўра яқинроқсан..

Фузайл ибн Иёз бир кишидан сўради:

– Ёшингиз нечада?

– Олтмишда, – жавоб берди у.

– Демак, сиз олтмиш йилдан бери Аллоҳ ҳузурига қараб бораяпсиз экан, етишингизга ҳам оз қолибди.

– Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуун (Ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва Аллоҳ ҳузурига қайтамиз), – деди киши.

– Эй биродар, бу сўзларнинг маъносини биласизми? – сўради Фузайл.

– Ҳа, биламан. Мен Аллоҳнинг бандасиман ва Унинг ҳузурига қайтаман.

– Эй биродар! Ким ўзининг Аллоҳга банда эканини ва Унга қайтажак эканини билса, ўзининг Унинг олдида туришини билади. Ким Унинг олдида туришини билса, ўзининг сўроққа тутилажак эканини билади. Ким ўзининг сўроққа тутилишини билса, саволга жавобини тайёрлаб қўйсин.

– Чораси нима? – сўради ҳалиги киши йиғлаб.

– Осон – деди Фузайл.

– Менга айтиб беринг, Аллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин.

– Қолган умрингизда Аллоҳдан тақво қиласиз, Аллоҳ ўтган ва бўлажак гуноҳларингизни кечиради.

Иккинчи: Билган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралиш

Яхши билингки, эртага, қиёмат куни жумъа хутбаларида эшитган ё илм мажлисларида эшитган ё китобдан ўқиб билган ҳар бир калима ҳақида сўроққа тутиласиз. Ўқиган-билган илмингиздан сўраласиз, илмингга қандай амал қилдинг, деган савол сизга кўндаланг бўлади! Ўйлаб кўринг, қачонлардан бери, қанчалаб марта Аллоҳнинг каломини эшитганмиз?! Қачонлардан бери, қанчалаб марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини эшитганмиз?! Шундай бўлгани ҳолда, билган нарсамиз, яъни илмимиз билан унга амал қилиш ўртасида жуда катта жарлик борлиги кўриниб туради. Мана шу жарлик нифоқ сабабларидан биридир, агар билсангиз!

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтасизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Саф: 2-3).

Аллоҳ таоло айтади: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара: 44).

Аллоҳ таолодан барчамизга сўзу амалда сидқу ихлос ато этишини сўрайман.

Севикли дўстларим! Илм бу ҳаётда талаб қилинадиган энг қимматбаҳо матодир. Ҳеч шубҳасиз, Аллоҳни таниш, дунёю охиратда Унинг розилигига етиш йўли фақат шаръий илм ўрганиш орқали бўлади. Илм йўлида мол сарф қилинади, илм учун умр сарф қилинади, илм учун вақт сарф қилинади. Катта фидокорлик талаб қилувчи энг қимматбаҳо нарса ҳам илмдир. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига бирон нарсада зиёдалик талаб қилишни буюрмагани ҳолда, фақат илмда зиёдалик талаб қилишга амр этди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан шундай деди: «Айтинг: Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин» (Тоҳа: 114).

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олимларгина қўрқур» (Фотир: 28).

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала: 11).

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай барҳақ тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи ҳақлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай барҳақ тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи ҳақдир. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18).

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўралганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади» (Бухорий: 1/174, Муслим: №2673).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ кимга яхшилик истаса, уни динда фақиҳ-олим қилиб қўяди» (Бухорий: 3116, Муслим: №1037).

«Саҳиҳайн»да ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга айтганлар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сен сабабли бир кишини ҳидоят қилиши сен учун қизил туялар бўлишидан кўра яхшироқдир» (Бухорий: №3701, Муслим: №2406).

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилган ва шайх Албоний ҳасан санаган, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Ким илм талабида бир йўлга кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўюр. Дарҳақиқат, фаришталар илм толибининг бу қилган ишидан рози бўлиб, ўз қанотларини унинг оёқлари остига тўшарлар. Олимга осмонлару-ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам дуо-истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан афзаллиги худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидирлар, пайғамбарлар эса тилла ҳам, кумуш ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмнигина мерос қилиб қолдирганлар. Кимда-ким уни олган бўлса, мўл улушни олибди» (Абу Довуд: №3641, 3642, Термизи: №2683, 2684, Саҳиҳул-жомиъ: №6297).

Аллоҳ кимга илм ато этган бўлса, унга ҳамма яхшиликни ато этибди. Чунки, Аллоҳ таоло дунёни Ўзи яхши кўрган кишисига ҳам, суймаган кишисига ҳам бераверади. Аммо, динни фақат Ўзи суйган бандасига беради. Аллоҳ кимга яхшилик истаса, уни динда фақиҳ, яъни олим қилиб қўяди.

«Саҳиҳ Муслим»да ва бошқа ҳадис тўпламларида ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан» (Муслим: №1631, Абу Довуд: №2880, Термизий: №1376).

Агар илм сизнинг қалбингизни ва аъзоларингизни амалга ва Аллоҳнинг тақвосига қўзғотолмаса, у илмда на яхшилик, на барака бор.

Илм агар амалга етакламаса, унинг нима фойдаси бор?! Илм агар сизу бизни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқинлаштирмаса, унинг нима фойдаси бор?!

Диллар агар еру осмонлар Парвардигорига ибодат қилмаса, у дилларни ларзага келтирадиган бу маърузаларнинг, хутбалару таъсирчан сўзларнинг нима фойдаси бор?!

Бу илм бизга Аллоҳдан қўрқишни олиб келмаса, бу илм қалбимизга тақво ҳосил қилмаса, унинг нима фойдаси бор?!

Бу илм бизга суннатга муҳаббат ва бидъатга нафрат олиб келмаса, унинг нима фойдаси бор?!

Имом Шотибий ўзининг қимматли «Ал-мувофақот» номли китобида айтади: «Амални ифода этмайдиган ҳар қандай илмни шариатда яхши санашга далолат қилувчи нарса йўқдир».

Аллоҳ таоло айтади: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара: 44).

«Саҳиҳайн»да Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни бир кишини олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Ичаклари қорнидан чиқиб кетиб, улар билан тегирмон айлантираётган эшакдек (доира шаклида) айланаверади. Жаҳаннам аҳли унга йиғилиб келиб: «Эй фалончи, сизга нима бўлди, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб юрган эмасмидингиз ахир?», дейишади. «Ҳа, яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилаверар эдим», дейди» (Бухорий (6/238), Муслим (№2989).

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фойдасиз илмдан паноҳ тилардилар. «Саҳиҳ Муслим» ва «Сунан ут-Термизий»да Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида шундай дердилар:

اللَّهُمَّ إِنِّى أَعُوذُ بِكَ مِنْ عِلْمٍ لاَ يَنْفَعُ
وَمِنْ قَلْبٍ لاَ يَخْشَعُ وَمِنْ نَفْسٍ لاَ تَشْبَعُ وَمِنْ دَعْوَةٍ لاَ
يُسْتَجَابُ لَهَا

«Эй Аллоҳим, мен фойдасиз илмдан, хушуъсиз қалбдан, тўймас нафсдан ва қабул қилинмас дуодан Ўзинг паноҳ беришингни тилайман» (Абу Довуд (№1548), Насоий (8/263) ривоятлари).

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қиёмат куни мендан: «Илм ўқидингми ё жоҳил бўлдингми?» деб сўралса, мен: «Илм ўқидим» десам, шунда Аллоҳнинг Китобидан биронта ҳам буюрувчи ё қайтарувчи оят қолмасдан, ҳаммаси менинг олдимга келиб, унга амал қилганимдан сўраса, буюрувчи оят келиб: «Буйруғимга бўйсундингми?!», деса, қайтарувчи оят келиб: «Қайтариғимдан тийилдингми?!», деса, мен ана шундан қаттиқ қўрқаман. Бас, шундоқ экан, мен фойдасиз илмдан, хушуъсиз қалбдан, тўймас нафсдан ва қабул қилинмас дуодан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ тилайман» (Байҳақий, Доримий, Ибн Абдилбар ривоят қилганлар).

Илм кўп ривоят қилиш дегани эмас, ҳақиқий илм Аллоҳдан қўрқув олиб келадиган, амалга чорлайдиган илмдир.

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Эй илм аҳли, унга амал қилингиз! Зеро, олим – илм ўқиган, сўнг амал қилган ва илми амалига мувофиқ келган кишидир. Ҳали шундай қавмлар келадики, илмлари ҳалқумларидан ўтмайди, ичлари ташларига зид келади, илмлари амалларига хилоф бўлади, бир-бирларига мақтанишиб, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтиришади, ҳатто бир киши ўз ҳалқасидаги киши бошқа бир ҳалқага бориб ўтирса, ундан ғазабланади ва уни тарк қилади. У кишиларнинг бу амаллари Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига кўтарилмайди».

Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Олим агар илмига амал қилмаса, унинг мавъизаси қалбларда худди ёмғир томчиси силлиқ тошда ўрнамаганидек ўрнамайди.

Ибн Саммок раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, қанча-қанча Аллоҳни эслатувчи кишилар бўладики, ўзлари Уни унутган бўлади. Қанча-қанча Аллоҳдан қўрқитувчилар бўладики, ўзлари Аллоҳдан қўрқмайдиган бўлади. Қанча-қанча Аллоҳга яқинлаштирувчилар бўладики, ўзлари Аллоҳдан узоқ бўлади. Қанча-қанча Аллоҳга чорловчилар бўладики, ўзлари Аллоҳдан қочувчи бўлади. Қанча-қанча Аллоҳнинг Китобини ўқувчилар борки, ўзлари Аллоҳнинг оятларидан суғурилувчи бўлади.

Модомики, илм ўз эгасини Аллоҳ жалла ва алога бандалик қилдирмас экан, унинг асло қиймати йўқдир. Илм ўз эгасини Аллоҳ жалла ва алога яқинлаштирмас экан, унинг ҳеч қандай вазни йўқдир. Илм ўз соҳибига Аллоҳдан қўрқувни келтирмас экан, унда яхшилик йўқдир. Шаръан эътиборли илм – ўз соҳибини Аллоҳнинг амрларига бўйсуниш ва қайтариқларидан тийилиш ҳамда Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларида туриш орқали Аллоҳга яқинлаштирадиган ҳар қандай ишга мажбурлайдиган илмдир.

Қиёмат куни банда то илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралмай туриб, унинг қадами ўрнидан жилмайди.

Учинчи: Молини қаердан топгани ва нималарга сарфлагани ҳақида сўралиши

Мол энг катта неъматлардан биридир. Мол-дунё ва бола-чақа дунё ҳаёти зийнатидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир» (Каҳф: 46).

Эътибор беринг, ушбу оятда Аллоҳ таоло мол-мулкни бола-чақадан олдин зикр қилди. Мол-мулк зийнатдир, улкан неъматдир. Лекин, бу неъматнинг қадрини молдан бўлган ғоя-мақсадни тўғри англаган кишигина билади. Мол нақадар яхши неъматдир агар унинг жилови солиҳ кишилар қўлида бўлса!!

Мол-мулк неъматдир, унинг қадрини фақат молдан бўлган мақсадни яхши тушунган, молнинг йўқолиб кетувчи соя ва қайтариб олинадиган омонат эканини яхши англаган солиҳ ва тақволи зотлар билади.

Мол-мулк Аллоҳ таоло томонидан сизга ато этилган неъматдир, Аллоҳ таоло сизни у билан зийнатлаган зийнатдир.

Лекин, билиб қўйинг, мана шу мол-мулкнинг ҳаммасидан сўраласиз, қаердан топганингиз ва нима ишларга сарфлаганингиз ҳақида жавоб берасиз. Ҳа, жиддий ўйлаб кўрсангиз, бу жуда оғир савол! Банданинг қалбига қўрқув соладиган ва молни қўлга киритишдан олдин ўз нафсини минглаб марта саволга тутишга мажбур этадиган савол!

Эй ҳаром нарсалар билан савдо қилувчи, мол-дунё йиғишдан бошқа ғами бўлмай, жигарбандларимиз жисмларини тилка-пора қилувчи гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи! Кўзингни оч, эртага бу ҳаром йўллар билан топган молингнинг ҳисобини қандай берасан?! Махфию ошкор барча нарсани билувчи Зот ҳузурида ҳисобга туришдан, молингни қаердан топдинг ва нима ишларга сарф этдинг, деган саволга тутилишдан олдин, шу бугун молингни тозалаб ол!

Мол нақадар яхши неъматдир агар унинг жилови солиҳ кишилар қўлида бўлса!!

Молдан бўлган ғоя-мақсад нималигини, молнинг инсон ҳаётидаги вазифаси нимадан иборат эканини яхши билувчи тақволи мўмин учун мол-дунё улкан неъматдир.

Бинобарин, «Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:

«Фақат икки нарсага ҳасад (яъни ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло бировга мол-давлат берса ва у кеча-кундуз молидан инфоқ-эҳсон қилса. Аллоҳ таоло бировга Қуръон ато этса ва у кеча-ю кундуз Қуръон (ўқиш, унга амал қилиш) билан қоим бўлса!» (Бухорий: №9/65, Муслим: №815).

Имом Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилган, шайх Албоний саҳиҳ санаган, Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

«Уч нарсани қасам билан айтаман ва сизларга битта ҳадис айтиб бераман. Эслаб қолинглар: Банданинг моли садақа туфайли камайиб қолмайди. Бир банда кўрган зулмига сабр қилса, Аллоҳ унинг азизлигини орттиради. Банда агар сўраниш (тиламчилик) эшигини очаркан, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очгай. Энди сизларга битта ҳадис айтиб бераман, эслаб қолинглар: Дунё тўрт нафарникидир. Биринчиси шундай кишики, Аллоҳ таоло унга мол-дунё ва илм берган. Ушбу нарсалар ҳақида у Раббидан тақво қилади, силаи раҳм қилади ва бу нарсалардаги Аллоҳнинг ҳаққини танийди. Бу энг олий мартабадаги кишидир. Иккинчи бир кишига Аллоҳ таоло илм берган, лекин мол-дунё бермаган. У сидқи ният билан айтадики: «Агар менда ҳам мол-дунё бўлганда мен ҳам фалончи сарф қилганидек сарф қилардим.» Бу икки киши ажр борасида тенгдирлар. Учинчиси шундай бир кишики, Аллоҳ таоло унга мол-дунё бергану, илм бермаган. У мол-дунёсини жоҳиллик билан нотўғри тасарруф этади. Моли хусусида Аллоҳдан тақво қилмайди. Моли билан силаи раҳм қилмайди. Молидаги Аллоҳнинг ҳақини танимайди. У энг ёмон манзилатдаги кишидир. Тўртинчиси шундай кишики, Аллоҳ таоло унга илм ҳам, мол-дунё ҳам бермаган. У айтадики: «Агар менда ҳам мол-дунё бўлганда эди, мен ҳам фалончи қандай сарф қилган бўлса шундай сарф қилардим». Унинг ҳоли ниятига қарабдир. Бу иккаласи гуноҳ борасида тенгдирлар» (Термизий: 2326, Аҳмад: 4/230, Ибн Можа: №4228).

Мол қачонки ундан бўлган ғояни биладиган бир солиҳ кишининг қўлига тушсагина неъматга айланади. Ортимизда қолдириб кетадиган молимиз бизнинг молимиз бўлмайди, энди у аллақачон ворисларнинг молига айланган бўлади. «Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бирингизга ворисининг моли ўзининг молидан суюмлироқ?», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, ҳаммамизга ҳам ўз моли ворисининг молидан кўра суюмлироқ», деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, (охирати учун) юбориб қўйгани ўз молидир, ортида қолдиргани эса ворисларининг молидир». (Бухорий: №6442).

«Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Шиххир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим, у зот: «Алҳакумут-такасур» сурасини ўқиётган эканлар. Айтдилар: «Одамзот: «молим, молим» дейди. Эй одамзот, сенга молингдан фақат еб-тугатганинг ё кийиб-эскиртирганинг ёки садақа қилиб, (охиратингга) ўткизиб қўйганингдан бошқа бирон нарса борми?!». (Муслим: №).

Шунинг учун ҳам «Сунан ут-Термизий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Бир қўй сўйилди ва садақа қилинди, фақат курагигина қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўй гўштидан бирор нарса қолдими?» деб сўрадилар. «Фақат кураги қолди», дедилар. «Курагидан бошқа ҳамма жойи қолибди», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Термизий: №2472, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2544).

Эртага қиёматда, мол-дунё ҳам, фарзандлар ҳам фойда бермайдиган кунда амалларингиз тарозисида фақат садақа қилиб юборган ўша молингиз қолади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисларига қулоқ солинг. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Аллоҳ пок Зот, фақат покиза нарсаларни қабул қилади, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрди: «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар!» (Муъминун: 51), «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз покиза нарсалардан енглар» (Бақара: 172). Сўнг у зот узоқ йўл босиб, чангга беланган, қўлларини кўкка чўзиб: «Эй Парвардигорим, эй Парвардигорим!», деб дуо қилаётган, бироқ егани, ичгани, кийгани ҳаром бўлган ва ҳаром билан озиқланган киши ҳақида сўзлаб: «Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!», дедилар (Муслим: №1015, Термизий: №2992).

Ҳаром еган одамнинг дуоси қандай ижобат бўлсин?! Ҳаром ичган одамнинг дуоси қандай ижобат бўлсин?! Бола-чақасига ҳаром едириб-ичирган одамнинг дуоси қандай ижобат бўлсин?! Ҳозирги пайтда ҳалол-пок емак-ичмак талаб қилиш борасида жуда катта эътиборсизлик кўзга ташланади. Одамларни кўрасизки, қандай қилиб бўлмасин, мол-дунё жамғариш пайида, ҳалолдан топадими, ҳаромданми, ҳатто судхўрлик қилиб топадими, одамларнинг молларини ботил йўл билан қўлга киритиш биланми, фарқсиз, мол йиғса бўлди!! Ваҳоланки, бу дунёдан кетар пайти бир дирҳам ё бир доллар ўзи билан олиб кетолмайди!

Шеър (мазмуни):

Нафс камбағалликдан қўрқиб, оҳ-воҳ қилади,

Ҳолбуки, фақирлик туғёнга етакловчи бойликдан яхшидир.

Нафсларнинг бойлиги борига қаноат қилишдир,

Акс ҳолда ер юзининг ҳамма бойлиги ҳам етмайди.

Қаноатни лозим тут, подшоҳга айланасан

Гарчи тан соғлигидан бошқа ҳеч нарсанг бўлмаса ҳам.

Бутун дунёга подшоҳ бўлган кишини кўр,

Кетар чоғи хушбўйлигу кафандан бошқасини олиб кета олдими?!

Ҳа.. Қиёмат куни банда молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани ҳақида сўралмагунча қадами силжимайди..

Тўртинчи: Жисмини нима ишларда қаритгани ҳақида сўралиши

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, қулоқ, кўз, қалб — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур» (Исро: 36).

Қалб ўзида жо бўлган эътиқоддан сўралади. У Аллоҳ ва Расулининг муҳаббати билан тўла бўлганми, мўминларга муҳаббат руҳи билан суғорилганми, шу билан бирга ширкка, мушрикларга, ботил ва унинг аҳлига нисбатан нафратга тўла бўлганми, мана шу ҳақда сўралади.

Қулоқ ўзи эшитган ҳар бир нарса тўғрисида, кўз ўзи кўрган ҳар бир нарса тўғрисида сўроққа тутилади.

Банда Аллоҳ ҳузурида фақат мана шу аъзоларидангина сўралади, деб ўйлайсизми?!

Йўқ.. Ундай эмас.. Бутун жисмидан, баданидаги ҳамма аъзоларидан сўроққа тутилади.

Жисмидаги аъзолари ўзлари воситасида унинг нима қилгани, нима қўйгани, қаерга боргани, нималар дегани, нимани кўргани, нимани эшитгани, нимани яхши кўргани, нимани ёмон кўргани… ҳақида гувоҳлик беради. Қўл-оёғи ва барча аъзолари унга қарши шоҳидлик беришади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида — уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур» (Ясин: 65).

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳнинг душманлари дўзахга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (эсланг). Энди қачонки улар (дўзахга) келишгач, (ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. Шунда) уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради. Улар териларига «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?», дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган зот Аллоҳ сўзлатди, дедилар. Сизларни дастлаб У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзигагина қайтарилурсизлар», » (Фуссилат: 19-21).

Бутун баданингиз сизга қарши гувоҳлик беради. Сиз ҳали бу жисмни нима ишлар устида қаритганингиз ҳақида сўроққа тутиласиз. Жисмингизни дунё ва охират ишларида қаритмоқдамисиз ё фақат дунё иши билангинами?!

Инсон жисмини дунё ва охират ишларида қаритса, зарари йўқ. Аммо, агар ўз жисми ва жасадида бўлган Аллоҳнинг ҳаққини, охират ҳаққини зое қилиб туриб, уни фақат дунё ишларида қаритган бўлса, мана шуниси зарар ва ўзи учун ёмон зиёнкорлик бўлади.

Аллоҳ йўлидаги дўстим! Майли, тижорат қилинг, дунёнгизни обод қилинг, бунёдкорлик билан машғул бўлинг, ҳалолдан мол жамғаринг. Лекин, Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳаққини ҳам унутманг! Дунёнгиз учун абадий яшайдигандек, охиратингиз учун эса худди эртага ўладигандек амал қилинг. Бу иккисини бирга олиб боришнинг зарари йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳим, мен учун ишларимнинг ҳаммасини саломат сақловчи бўлган динимни, тирикчилигим бўлган дунё ҳаётимни, оқибатим бўладиган охиратимни ислоҳ этгайсан» деб дуо қилардилар (Муслим: №2720).

Бутун умрингизни дунё учун сарфлаб, охиратни эсдан чиқариб қўйманг. Қиёмат куни бўлганида дунёга қайтарилишни истаб қоласиз, қанийди қайтарилсам, фақат охиратим учун амал қилган бўлардим, деб орзу қилиб қоласиз.

Аллоҳ таоло айтади:

«97. Айтинг: «Парвардигорим, мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ
беришингни сўрайман.

98. Яна мен Сендан (ё) Парвардигорим, улар менинг ҳузуримга келишларидан
паноҳ беришингни сўрайман».

99. Токи қачон улардан (яъни иймонсизлардан ёки иймонни даъво қилиб Аллоҳнинг буйруқларига амал қилмаганлардан) бирига ўлим келганида: «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар.

100. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 97-100).

Шундай экан, шу бугун, ортга қайтишни орзу қиладиган кун келмасдан туриб, дунё ва охират учун амал қилиб қолинг.

Шуни яхши билингки, бир умр охиратни унутиб, фақат дунё учун ишлаб ўтганингизда ҳам дунёдан Аллоҳ тақдир қилгандан ортиқ нарсага эришолмайсиз. Мана бу ҳадисни бир тадаббур қилиб кўринг. Термизий ва бошқалар ривоят қилган, шайх Албоний саҳиҳ санаган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг бойлигини қалбида қилиб қўяди, сочилган ишларини жамлаб қўяди, дунё ўзи истамаган ҳолда унинг ҳузурига келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг фақирлигини икки кўзи ўртасида қилиб қўяди, йиғилган ишларини сочиб ташлайди, дунёдан эса унга Аллоҳ битиб қўйганидан бошқаси келмайди». (Термизий: 2/76, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№949) саҳиҳ санаган).

Севикли дўстим! Ўзингизга бир савол бериб кўринг, жисмингизни дунё ва охират ишларида қаритмоқдамисиз ё фақат дунё ишидами?!

Аллоҳ ва Расулининг тоатида қаритмоқдамисиз ё Аллоҳ ва Расулининг маъсиятидами?!

Ўтган умрингиз ҳақида ўзингизни бир саволга тутинг, жисмингизни Аллоҳ ва Расулининг тоатига бўйсундирдингизми ё Аллоҳ ва Расулининг маъсиятигами?!

Аллоҳ сизга бу жисм неъматини у билан Ўзига осий бўлишингиз учун берганми ё Унга итоат этишингиз учунми?!

Яхши билингки, маъсият дунё ва охиратдаги барча бахтсизликлар, танглик ва балоларнинг сабабидир. Тоат эса дунё ва охиратдаги барча муваффақият, зафар ва яхшиликлар сабабидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Тоат таъсирида юзда нур, қалбда нур, баданда қувват, ризқда кенг-мўллик, халқлар қалбида муҳаббат ҳосил бўлади Маъсият таъсирида эса юзда қоралик, қалбда зулмат, баданда заифлик, ризқда танглик, халқлар қалбида нафрат ҳосил бўлади».

Бир киши Иброҳим ибн Адҳам ҳузурига келиб:

– Эй Иброҳим! Қандай қилиб Аллоҳ жалла ва алога маъсият қилишни тарк этсам бўлади? – деб сўради.

Иброҳим деди:

– Беш нарсани эсда тут, агар шуларга амал қилсанг, ҳаргиз Аллоҳнинг маъсиятига тушмайсан ва қадаминг тойилса, тезлик билан Аллоҳ жалла ва алога тавба қиласан.

– Майли, айтинг эй Иброҳим – деди киши.

– Биринчиси, агар Аллоҳга маъсият қилмоқчи бўлсанг, Аллоҳ берган ризқдан ема.

– Қандай қилиб, ахир ҳамма ризқ ҳам Аллоҳнинг қўлида-ку?!

– Аллоҳ берган ризқни еб туриб, Аллоҳга осий бўлишни ўзингга муносиб кўрасанми?!

– Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, эй Иброҳим. Иккинчисини айтинг.

– Иккинчиси, қачон Аллоҳга осийлик қилишни истасанг, Аллоҳнинг мулкига дохил бўлмаган жойга бориб, ўша ерда осий бўл.

– Қандай қилиб, ахир еру осмонлар ҳаммаси Унинг мулки-ку?!

– Мулк эгасига Унинг мулкида туриб осийлик қилишдан уялмайсанми?!

– Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин. Учинчисини айтинг.

– Учинчиси, агар Аллоҳ жалла ва алога маъсият қилмоқчи бўлсанг, Аллоҳ сени кўрмайдиган жойга бориб қил.

– Қандай қилиб, Аллоҳ ҳамма жойда кўриб ва эшитиб туради-ку?!

– Аллоҳ сени кўриб турганини аниқ билиб туриб, Унга осийлик қилишдан уялмайсанми?!

– Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин. Тўртинчисини айтинг.

– Ҳузурингга жон олғувчи фаришта келганида сен унга: «Менга бир соатгина муҳлат бер, токи Аллоҳга тавба қилиб, Унинг тоатига кириб олай», деб айт.

– Қандай қилиб, эй Иброҳим?! Ахир Аллоҳ таоло айтган-ку: «Қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар» (Аъроф: 34), деб!

– Шуни билиб туриб, тавба ва солиҳ амаллар қилишни ортга суришни қандай ўзингга эп кўрасан?!

– Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин. Бешинчисини айтинг.

– Бешинчиси, жаҳаннам посбонлари сени жаҳаннамга олиб кетиш учун олдингга келганларида, асло улар билан борма!

Шунда ҳалиги одам қаттиқ йиғлади ва Аллоҳга тоат-ибодат қилишга аҳд берди.

Эй мусулмон! Аллоҳга осий бўлишдан олдин мана шу беш нарсани хаёлингдан ўтказ, билгинки, сен бир заиф инсонсан, қадаминг Аллоҳнинг маъсиятига тойилса, дарҳол тавбани янгилаб ол, унутмагинки, Аллоҳ таоло тавба қилувчиларни ва мудом ўзларини пок тутувчиларни суяди.

Дунё яралибдики, ҳар кеча Аллоҳ азза ва жалла Ўз камоли ва жалолига муносиб кўринишда дунё осмонига тушади ва: «Мен Подшоҳман, Мен Подшоҳман, ким Менга дуо қиладики, ижобат қилсам?! Ким Мендан сўрайдики, унга ато этсам?! Ким Менга истиғфор айтадики, гуноҳини кечирсам?!», дейди ва тонг отгунича мана шу ҳолат давом этади (Бухорий: №1145, Муслим: №758).

Шундай экан, севикли дўстим, Аллоҳга қайтинг, Аллоҳга тавба қилинг, мазкур тўртта саволга жавоб ҳозирлаб олинг ва унутманг: «Қиёмат куни банда тўрт нарсадан – умрини нима билан ўтказгани ҳақида, илмига нима амал қилгани ҳақида, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани ҳақида ва жисмини қайси ишларда қаритгани ҳақида сўралмагунча қадами силжимайди» (Термизий: №2419, Албоний: Ас-силсилатус-саҳиҳа: №946).

Буюк арш соҳиби бўлган Улуғ Аллоҳдан барчамизнинг хотимамизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодир Зотдир.

Дуо…

2011 йил 4-ноябр

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.