Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Узрли кишиларнинг намози ҳақидаги боб

Узр эгалари – беморлик, мусофирлик ва хавф-хатар ҳолида турган кишилар бўлиб, улар намозни узрсиз кишилар адо этганидек тўла-тўкис адо этиш имкониятига эга бўлмайдилар. Шу боис шариат соҳиби уларга енгиллик яратиб берган ва улардан намозни имкониятлари даражасида ўқишни талаб қилган. Бу эса шариатимизнинг енгил-қулайлиги ва олийжаноблиги кўринишларидан бўлиб, аслида шариатимиз қийинчиликни даф қилиш учун келгандир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78).

«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286).

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар» (Тағобун: 16).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизларни бир ишга буюрсам, қодир бўлганингизча қилинг» (Муттафақун алайҳ).

Бундан бошқа ҳам Аллоҳнинг бандаларига бўлган фазлини ҳамда шариатини енгил қилиб берганлигини баён қилувчи оят ва ҳадислар кўп.

Биз бу ерда сўз юритмоқчи бўлган мавзу, яъни, касаллик, мусофирлик ё хавф-хатар ҳолида бўлган узрли киши қандай намоз ўқиши ҳақидаги мавзу ҳам мазкур енгилликлар жумласидандир.

1) Бемор кишининг намози:

Намоз – ҳеч қачон тарк қилинмайдиган ибодатдир. Бемор киши ҳам намозни тик туриб адо қилиши лозим. Агар эҳтиёж бўлса, асо ва шу каби нарсага суяниб турса ҳам зарари йўқ. Чунки, фарз нима билан тўла-тўкис бўлса, ўша нарсани қилиш ҳам фарздир.

Агар бемор киши намозда тик туришга қодир бўлмаса ёки тик туриш уни қийнаб қўйса ёки тик туриб ўқиши сабабли дарди зўраядиган ё тузалиши орқага суриладиган бўлса, бундай ҳолларда ўтириб ўқийди.

Ўтириб намоз ўқиш мубоҳ бўлиши учун тик туролмаслик шарт қилинмайди, бунинг учун арзимас қийинчилик кифоя ҳам қилмайди, балки қийналиш очиқ кўриниб турган бўлиши эътибор қилинади.

Уламолар ижмосига кўра, фарз намозда тик туришдан ожиз бўлган киши ўтириб ўқийди, кейин қайтариб ўқимайди, ажри ҳам кам бўлмайди. Ўзига қулай бўлган кўринишда ўтираверади. Чунки, шариат соҳиби ундан хос кўринишда ўтиришни талаб қилмаган, қандай ўтирса ҳам жоиз.

Агар бемор ўтириб намоз ўқишга ҳам қодир бўлмаса, ўтириб ўқиш унга оғирлик қилса ёки ўтириб ўқишга ожизлик қилса, ёнбошлаб, юзини қиблага қилган ҳолда ўқийди. Ўнг ёнига ёнбошлаб ўқигани афзал. Агар юзини қиблага қилиб ёткизиб қўядиган одам бўлмаса ва ўзи мустақил бурилишга қодир бўлмаса, қайси тарафга қараб ётган бўлса ҳам ўқийверади.

Агар бемор ёнбошлаб ўқишга қодир бўлмаса, чалқанча ётганича ўқийди, имкони бўлса оёқларини қиблага узатади.

Бемор ўтириб намоз ўқиса ва сажда қилишга қодир бўлмаса ёки юқорида айтилганидек ёнбошлаб ё чалқанчасига ўқиётган бўлса, рукуъ ва сужуд учун боши билан ишора қилади, саждага бўлган ишорани рукуъ ишорасидан пастроқ қилади. Агар ўтириб ўқиётган бемор ерга сажда қилишга қодир бўлса, сажда қилиши фарз, ишора сажда ўрнига ўтмайди.

Бемор кишининг юқорида айтилганидек намоз ўқиши жоизлигига далил Имом Бухорий ва «Сунан» соҳиблари Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир: «Менда бавосир бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз ҳақида сўраган эдим: «Тик туриб ўқи, агар қодир бўлмасанг ўтириб ўқи, бунга ҳам қодир бўлмасанг ёнбошлаб ўқи», деб жавоб бердилар». Имом Насоий ривоятида қуйидагича зиёда қилинган: «Агар қодир бўлмасанг, чалқанча ётган ҳолда ўқи. «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286)».

Шу ўринда диққат қаратиш керак бўлган бир нарса бор. У ҳам бўлса, баъзи беморлар ва хоссатан жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказганлари кўп ҳолларда намозни мукаммал сифатда ўқиёлмасликлари ёки таҳорат қилолмасликлари ёки кийимларига нажосат теккани каби узрлар билан намоз ўқишни тарк қиладилар. Бу жуда катта хатодир. Чунки, мусулмон киши намознинг баъзи шартлари ё рукнлари ё вожибларидан ожиз бўлганлик сабаби билан намозни ташлаши жоиз бўлмайди. Балки, уни ҳолати кўтаришига қараб ўқийверади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар» (Тағобун: 16), деган.

Айрим бемор кишилар: «Тузалганимдан кейин қолдирган ҳамма намозларимнинг қазосини ўқиб оламан» дейишади. Буни улар томонидан бўлган жоҳиллик ёки бепарволик деб баҳоланмоғи керак. Намоз имкони борича ўз вақтида ўқилиши даркор, уни вақтидан кечиктириш мумкин эмас. Бундан огоҳ бўлиш ва ўзгаларни огоҳлантириш лозим. Шифохоналарда диний билим савиясини оширишга ёрдам берувчи, беморларга намоз ва бошқа диний мажбуриятлари соҳасида зарур маълумотлар улашувчи тадбирлар (ёки шундай маълумотлар қўйилган бурчаклар) ташкил қилиниши зарур.

Юқорида баён қилинган ҳукмлар намозни бошидан охиригача узрли ҳолда ўқийдиган кишилар ҳақида эди. Энди бир киши агар намозни тик туриб ўқий бошлаган бўлса-ю, кейин ожизлик етиб қолса ёки тик туришга қодир бўлмаган ҳолда бошлаб туриб, намоз асносида қодирлик пайдо бўлса, ёки ўтириб ўқий бошлаган киши намоз асносида ўтиришга қодир бўлмай қолса, ёки ёнбошлаган ҳолда намоз бошлаган киши намоз асносида ўтиришга қодир бўлиб қолса, мазкур ҳолатларда шаръан ўзи учун муносиб бўлган ҳолатга кўчиб ўтади ва намозни ўша шаклда охирига етказади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар» (Тағобун: 16), деган. Намоз асносида агар тик туришга қодир бўлиб қолса, тик туриб олади, тик туришга қудрати етмай қолса, ўтириб олади ва ҳоказо.

Агар тик туриш ва ўтиришга қодир бўлса-ю, рукуъ ва сужудга қодир бўлмаса, рукуъ ва сужуди ораси имкон қадар фарқли бўлиши учун рукуъга тик турган ҳолида, сужудга эса ўтирган ҳолида ишора қилади.

Бемор агар тик туриб намоз ўқишга қодир бўлса-ю, унга ишончли мусулмон табиби: «Ҳозирча сизга тик туриб намоз ўқиш мумкин эмас, ётиб ўқишингиз зарур» деса, унинг айтганича ётиб ўқиши жоиз бўлади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари ёрилганда ўтириб намоз ўқиганлар (Бухорий (805) ва Муслим (411) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), Умму Салама розияллоҳу анҳо кўз оғриғи туфайли саждани тарк қилганлар (Ибн Аби Шайба (1/243, №2901) ва Байҳақий «Кубро»да (2/307) ривоят қилганлар).

Намоз Исломда жуда катта ўрин тутади. Бинобарин, мусулмон киши уни соғлик пайтида ҳам, беморлик ҳолида ҳам адо этиши фарздир, беморлик туфайли намоз соқит бўлмайди, бироқ киши ҳолати кўтаришига қараб ўқиши мумкин. Мусулмон киши Аллоҳ буюрганидек, намозни муҳофаза қилиши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин.

2) Отлиқ кишининг намози:

Отлиқ киши агар уловидан ерга тушса, лой ёки ёмғир туфайли озор етиши мумкин бўлса, ёки от-уловидан тушгач қайтиб минолмай қоладиган бўлса, ёки уловидан тушса, ҳамроҳларидан қолиб кетиш хавфи бўлса, ёки уловидан тушса, жонига душман ё бирон ваҳший ҳайвон хавфи бўлса, бундай ҳолларда у узр соҳиби саналади ва миниб бораётган улови устида намоз ўқийверади ва намоз учун ерга тушмайди. Яъло ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан бирга бир тор дарага етиб бордилар, у зот туяда эдилар. Тепаларидан ёмғир қуяр, оёқлари ости эса нам-лой эди. Шунда намоз вақти бўлиб қолди. У зот муаззинга буюрдилар, у азон ва иқомат айтди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяга минган ҳолларида олдинга ўтдилар ва уларга имо-ишора билан намоз ўқиб бердилар, саждаларини рукуъларидан пастроқ қилдилар» (Имом Аҳмад (4/174, №17573) ва имом Термизий (411) ривоятлари).

Юқоридаги каби узрлардан биронтаси сабабли фарз намозни улови устида ўқиётган одам қодир бўлса қиблага юзланиши фарз. Чунки, Аллоҳ таоло: «Юзингизни Масжид-ал-Ҳаром (Макка) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз!» (Бақара: 144), деган. Бундай киши ўзи қодир бўлганича рукуъ, сужуд ва уларнинг ишорасини қилиши ҳамда хотиржамликка риоя қилиши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар» (Тағобун: 16), деган. Инсондан қодир бўлмаган нарсаси талаб қилинмайди. Агар қиблага юзланишга қодир бўлмаса, қиблага юзланиши соқит бўлади ва ўзининг ҳолатидан келиб чиқиб ўқийверади.

Тоира (учоқ) йўловчиси ҳам қодир бўлганича тик туриб ё ўтириб, рукуъ ва сужудларни бажариб ё ишора билан қилиб, қиблага юзланган ҳолда намоз ўқийди. Чунки, унинг қиблага юзланиш имконияти бор.

3) Мусофирнинг намози:

Мусофир ҳам узр эгаларидан бўлиб, намозни қаср ўқиши, яъни тўрт ракъатлик намозни икки ракъатга қисқартириб ўқиши машруъдир. Бунга Қуръон, Суннат ва ижмоъ далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Сафар қилиб бошқа ерларга борганингизда агар кофирлар фитнасидан қўрқсангиз, намозингизни қаср (қисқа) қилиб ўқишингизнинг гуноҳи йўқдир» (Нисо: 101). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда фақат қаср ўқиганлар, уламолар ижмоига кўра, сафарда қаср ўқиш тўла ўқишдан кўра афзалроқдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Аллоҳ намозни фарз қилган пайтда уни муқимликда ҳам, сафарда ҳам икки ракъат–икки ракъатдан фарз қилди, кейин сафар намози ўрнида қолдирилиб, муқимликдаги намозга зиёда қилинди» (Бухорий (350) ва Муслим (685) ривояти).

Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Сафар намози тўла икки ракъатдир, қаср эмас» (Насоий (1420), Ибн Можа (1063) ва Аҳмад (1/37, №257) ривоятлари).

Қаср ўқиш мусофир ўз шаҳрининг обод қисмидан чиқиши билан бошланади. Чунки, Аллоҳ таоло қасрни ерда сафар қилган кишилар учун мубоҳ қилди. Шаҳридан чиқмасидан туриб киши мусофир саналмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиққанларидан кейингина қаср ўқишни бошлардилар. Чунки, сафар – «саҳрога чиқмоқ» маъносидаги «исфáр» сўзидан олинган.

Мусофир кишининг сафари такрорланиб турувчи бўлса ҳам намозни қаср ўқийверади. Масалан, шаҳарлараро почта ташувчилар ёки такси, автобус ҳайдовчилари каби кўп вақтлари шаҳарлар орасидаги йўлларда ўтадиган кишилар ана шу тоифага кирадилар.

Мусофир киши пешин билан асрни, шунингдек, шом билан хуфтонни уларнинг бири вақтида қўшиб ўқиб олиши мумкин. Қаср ўқиши жоиз бўлган ҳар қандай мусофир учун мазкур намозларни қўшиб ўқиб олиш ҳам жоиздир. Бу – ҳожат тушганда, масалан, йўлда шошилиб бораётганда қилинадиган оризий рухсатдир. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук жангидаги сафарларида агар йўлга отланишларидан аввал кун қиёмидан оғса, пешин билан асрни жамлаб ўқиб олар эдилар, аммо лашкар қуёш қиёмидан оғмасидан ўрнидан қўзғалган бўлса, аср вақти киргунича пешинни кечиктириб турар ва пешин билан асрни жамлаб ўқир эдилар. Шомда ҳам худди шундай – яъни – агар қуёш аскар қўзғалишидан аввал ботса шом билан хуфтонни жамлаб ўқиб олар эдилар, аммо лашкар қуёш ботишидан олдин ўрнидан қўзғалган бўлса, хуфтон вақти киргунича шомни кечиктириб, кейин шом билан хуфтонни жамлаб ўқир эдилар» (Абу Довуд (1220) ва Термизий (553) ривоятлари).

Агар мусофир йўл асносида дам олиш учун тушса, ҳар бир намозни ўз вақтида, жамламасдан, қаср қилиб ўқиши афзалдир.

Жамламаса, қийинчилик етиши мумкин бўлган бемор киши ҳам пешин билан асрни, шом билан хуфтонни қўшиб ўқиши мумкин.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жамлаб ўқиш умматдан қийинчиликни кўтариш учунгина эди. Агар жамлаб ўқишга эҳтиёж сезсалар, жамлаб ўқийдилар. Барча ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан қийинчиликни кўтариш учун бир вақтда икки намозни жамлаб ўқиганларини кўрсатади. Намозни жамламасликда Аллоҳ бу умматдан кўтаришни истаган қийинчилик ҳосил бўлса, уни жамлаш мубоҳ бўлади. Бу эса алоҳида ўқишидан қийинчилик пайдо бўладиган бемор кишининг намозларни жамлаб ўқиши албатта мумкин бўлишига далолат қилади» (Мажмуъул-фатово: 24/84).

Яна айтади: «Беморлик туфайли жамлаб ўқиш мумкин, чунки мустаҳозанинг намозларни жамлаб ўқиши ҳақида ҳадислар келган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита ҳадисларида мустаҳозага намозларни жамлаб ўқишга буюрганлар» (Мажмуъул-фатово: 24/26).

Давомий бавл томчилаб турадиган ёки жароҳатидан қон оқиб турадиган ёки бурнидан қон келиб турадиган ёки шу каби сабаблар туфайли ҳар бир намозга таҳорат қилиши лозим бўлган ва бундай қилишдан ожизлик қиладиган одам ҳам мустаҳозага қиёсан намозларни жамлаб ўқиши жоиз бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан истиҳоза ҳақида фатво сўраган Ҳамна бинт Жаҳшга: «Агар пешинни кечиктиришга ва асрни тезлатишга қодир бўлсанг, ғусл қиласан ва пешин билан асрни жамлаб ўқийсан. Сўнг шомни кечиктирасан ва хуфтонни тезлатасан-да, ғусл қилиб, иккала намозни жамлаб ўқийсан», деганлар (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривоятлари, Термизий саҳиҳ санаган).

Ёмғир туфайли кийимлар уйиб кетиши ва машаққат ҳосил бўлиши мумкин бўлган ҳолда ҳам хусусан шом билан хуфтонни жамлаб ўқиш жоиз бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғирли кечада шом билан хуфтонни жамлаб ўқиганлар (Бухорий (543) ва Муслим (705) ривояти). Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ҳам шундай қилганлар (Мусаннаф Абдирраззоқ (4440) ва Мусаннаф Ибн Аби Шайба (2/44).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Зулматли кечалари изғирин шамол ва лойгарчилик пайтида – уламолар сўзларининг саҳиҳроғига кўра, ёмғир ёғмаётган бўлса ҳам – жамлаб ўқиш жоиз бўлади. Бу ҳар ким намозни ўз уйида ўқиганидан афзалдир. Балки, жамлаб ўқишни тарк қилиб, уйларда намоз ўқиш суннатга зид бўлган бидъатдир. Чунки, суннат – беш вақт намозни масжидда жамоат билан ўқишдир. Ва бу мусулмонлар иттифоқига кўра, намозни уйда ўқишдан афзалдир. Жамлаб ўқишни жоиз санайдиган, Молик, Шофеий, Аҳмад каби имомлар иттифоқича, намозни уйда ёлғиз-ёлғиз ўқигандан кўра масжидларда жамоат бўлиб, жамлаб ўқиш лойиқроқдир (Мажмуъул-фатово: 24/29).

Жамлаб ўқиши жоиз бўлган киши ўзига қулай бўлганини танлаб, истаса жамъи таъхир, истаса жамъи тақдим қилиши мумкин.

Арафотда афзали – пешин билан асрни жамъи тақдим қилиш, Муздалифада афзали – шом билан хуфтонни жамъи таъхир қилишдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Арафотда жамъи тақдим қилиш вуқуфни улаб кетиш учун, Муздалифада жамъи таъхир қилиш эса йўлда тўхтамасдан бориш учундир.

Умуман олганда, Арафот ва Муздалифада намозларни жамлаб ўқиш суннат, бошқа пайтлардагиси зарурат пайтларда қилинадиган мубоҳ (рухсат)дир. Агар зарурати бўлмаса, мусофир киши ҳар бир намозни ўз вақтида ўқигани афзалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж кунлари фақат Арафот ва Муздалифада жамлаб ўқиганлар, Минода жамламаганлар. Мино туриш жойи бўлиб, фақат йўлда юрган пайтларида жамлаганлар.

Аллоҳ таолодан барчамизни фойдали илм ва солиҳ амалга муваффақ қилишини сўраймиз.

4) Хавф намози:

Хавф намози кофирлар, золимлар ва душманларга қарши олиб борилаётган ҳар қандай мубоҳ урушлар пайтида машруъдир. Чунки, Аллоҳ таоло: «агар кофирлар фитнасидан қўрқсангиз» (Нисо: 101), деди. Урушиш жоиз бўлган бошқа гуруҳлар ҳам шунга қиёс қилинади. Бироқ, ҳаром қилинган урушда хавф-хатар пайти ўқиладиган намоз ўқилмайди.

Хавф-хатар пайти ўқиладиган намознинг машруълигига Қуръон, Суннат ва ижмоъ далил бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон сиз (жанг майдонида) мўминлар орасида бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси қуролланган ҳолларида сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач (яъни намознинг бир ракъатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (сизларни қўриқлаб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сиз билан бирга намоз ўқисинлар. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар» (Нисо: 102).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хавф намози Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан беш ё олти кўринишда саҳиҳ ривоятларда келган бўлиб, барчаси жоиздир» (Найлул-автор: 4/3).

Бу намоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида машруъ бўлган ва машруълиги қиёматгача давом этади. Бунга саҳобалар ва умматнинг – озчилик, саноқли кишиларидан бошқа – ҳаммаси ижмоъ-иттифоқ қилганлар.

Хафв намози зарурат пайтида сафар бўлсин, муқимликда бўлсин, мусулмонларга душман ҳужуми хавфи бўлганда ўқилаверади. Чунки, ушбу намозни мубоҳ қилувчи сабаб хавф-хатардир, сафар эмас. Лекин, муқимликда хавф намозида ракъатлар сони қисқартирилмайди, фақат намознинг кўриниши қисқаради. Сафарда ўқилган хавф намозида эса тўрт ракъатли намознинг ракъатлари сони ҳам, намознинг кўриниши ҳам қисқаради.

Хавф намози машруъ бўлишининг иккита шарти бор:

Биринчи шарти: Душман, юқорида айтганимиздек, у билан урушиш ҳалол қилинган душман бўлиши керак.

Иккинчи шарти: Намоз ўқилаётган ҳолатда мусулмонлар учун душман ҳужуми хавфи мавжуд бўлиши керак. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар кофирлар фитнасидан қўрқсангиз» (Нисо: 101), деди, «Кофирлар сизлар қурол-яроғ ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда устингизга бирданига ҳамла қилишни истайдилар» (Нисо: 102), деди.

Хавф намозининг бир неча кўринишлари мавжуддир:

1) Саҳл ибн Аби Ҳасма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган кўриниши. Имом Аҳмад шунга амал қилишни ихтиёр қилган. Чунки, бу Қуръонда зикр қилинган сифатга энг яқин кўриниш бўлиб, бунда намознинг ҳам, жангнинг ҳам эҳтиёти кўрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кўринишдаги намозни Зотур-риқоъ ғазотида ўқиганлар. Ушбу намознинг Саҳл розияллоҳу анҳу ривоят қилганидек кўриниши қуйидагича: Бир гуруҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафга турди, бир гуруҳ эса душманга юзланиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари билан намоз бошлаган кишилар билан бир ракъат намоз ўқиб, сўнг тик турган ҳолда кутиб турдилар, улар намозни ўзлари тамомлаб, бориб, душманга юзланиб турдилар ва иккинчи гуруҳ келиб, сафга турди. Улар билан бирга намознинг қолган қисмини ўқидилар, сўнг ўтирган ҳолларида кутиб турдилар, улар намозларини тўла қилишгач, у зот салом бериб, намозни (биргаликда) тугатдилар (Бухорий (4131) ва Муслим (841) ривоятлари).

2) Хавф намозининг Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган кўриниши. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан хавф намозида ҳозир бўлдим. Биз икки саф бўлиб турдик. Душман биз билан қибламиз оралиғида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир айтдилар, биз ҳам такбир айтдик. Сўнг рукуъ қилдилар, ҳаммамиз рукуъ қилдик. Сўнг рукуъдан бошларини кўтардилар, биз ҳам кўтардик. Сўнг у зот биринчи саф билан бирга саждага бордилар, иккинчи саф душманга юзланиб турди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждани қилиб бўлгач, биринчи саф ўрнидан турди ва иккинчи саф сажда қилиб, улар ҳам тик турдилар. Сўнг иккинчи саф олдинга ўтиб, биринчи саф орқага ўтди. Сўнг рукуъ қилдилар, ҳаммамиз рукуъ қилдик. Сўнг рукуъдан бошларини кўтардилар, биз ҳам кўтардик. Сўнг у зот ўз ортларида турган, биринчи ракъатда орқа сафда бўлган саф билан саждага бордилар. Иккинчи сафда турганлар душманга юзланиб турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи саф билан сажда қилгач, иккинчи саф саждага йиқилиб, сажда қилди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом бердилар, ҳаммамиз салом бердик (Имом Муслим (840) ривояти).

3) Хавф намозининг сифати ҳақида Ибн Умар розияллоҳу анҳумо қуйидагича ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хавф намозида икки гуруҳнинг бири билан бир ракъат ўқиб, икки сажда қилдилар, иккинчи гуруҳ душман қаршисида турди. Сўнг (биринчи гуруҳ) бурилиб, душманга юзланиб турган биродарлари ўрнига турдилар ва улар келиб (намозга турдилар), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан ҳам бир ракъат ўқиб, салом бердилар, улар ҳам, булар ҳам бир ракъатни кейин ўқиб олдилар (Бухорий (4133) ва Муслим (839) ривоятлари).

4) Хавф намозининг яна бир кўриниши – ҳар бир тоифа билан алоҳида намоз ўқиб, салом берганликларидир (Абу Довуд (1248), Насоий (1551), Аҳмад (5/49, №20497) Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

5) Хавф намози кўринишларидан яна бири – Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги кўринишдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бориб, Зотур-риқоъга етиб бордик… Намозга нидо қилинди, у зот бир гуруҳ билан икки ракъат ўқидилар, сўнг улар орқага ўтишди, иккинчи гуруҳ билан ҳам икки ракъат ўқидилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт ракъат, қавм икки ракъат намоз ўқидилар» (Бухорий (4136) ва Муслим (543) ривоятлари).

Мазкур сифатлар хавф-хатар жуда қаттиқ кучайиб кетмаган ҳолларда қилинади. Аммо, хатар ўта кучайиб кетган ва уруш қизиб, ур-чоп авжига чиқиб турган ва ким кимлигини ажратиб олиш қийин бўлган ҳолларда намоз вақти бўлиб қолса, ҳар ким ўз ҳолича, ким отлиқ, ким пиёда, имкони бор қиблага қараган, бўлмаса бошқа ёққа қараб бўлса ҳам, қодир бўлса, рукуъ ва сужуд қилиб, бўлмаса, ишора билан намоз ўқийверади, намозни вақтидан кечиктирмайдилар. Чунки, Аллоҳ таоло: «Энди агар (душман ҳужумидан) хавфда қолсангиз, пиёда ёки отлиқ ҳолингизда (намоз ўқийверингиз)», дейди (Бақара: 239).

Хавф намозида киши оғир бўлмаган ва ўзини ҳимоя қилишга етарли даражада бўлган қуролини ёнидан қўймаслиги яхшидир. Чунки, Аллоҳ таоло: «эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар», деди.

Бирон душмандан ёки тошқин селдан ёки йиртқич ҳайвондан қочиш пайтида ҳам, шунингдек, ўзи таъқиб қилиб келаётган душманни кўздан қочириб қўйиш хавфи бўлганда ҳам худди хавф кучайган пайтдаги каби, яъни, отлиқ ё пиёда, қиблага юзланиб ё юзланмай, рукуъ ва сужудларни ишора билан қилиб, намоз ўқийверади.

Хавф намозини ана шундай ажиб кўринишлар ва қулай тартибларда ўқилишидан ҳам намознинг ва хусусан, жамоат намозининг Исломдаги ўрни нақадар аҳамиятли эканини билиб олиш мумкин. Зеро, ҳар иккиси ҳам ана шундай қийин соатларда ҳам мўминнинг зиммасидан соқит бўлмайди. Шунингдек, бундан шариати исломиянинг нақадар комил шариат экани ва у ҳар бир ҳолатга ўзига муносиб ва мувофиқ келувчи ечимлар қўллаши, унинг ушбу умматдан қийинчиликни кўтариб юборган ва ҳар бир замон ва маконга яроқли шариат экани маълум бўлади.

Аллоҳ таолодан барчамизни ушбу шариатни маҳкам ушлаш ва унда вафот этишга
муваффақ этишини сўраймиз.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.