Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Хатоларни тузатишнинг пайғамбарона услублари

الأساليب النبوية في معالجة الأخطاء

Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид
Ислом Нури таржимаси

Муқаддима

Бутун оламлар ҳожаси, меҳрибон ва раҳмли, жазо кунининг эгаси, аввалгилар-у охиргиларнинг барҳақ маъбуди, самовоту ернинг бошқарувчиси бўлмиш Аллоҳга ҳамду санолар, Унинг омонатдор пайғамбари, халқларга устоз ва оламга раҳмат қилиб юборилган зотга саловоту саломлар бўлсин.

Аммо баъд..

Инсонларга таълим бериш фойдаси умумий ва яхшилиги мўл бўлган улуғ ибодатлардан саналади. Бу иш даъватчи ва мураббийлар учун пайғамбарлар меросидан теккан улушдир. Ҳадисда келганидек: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло, Унинг малоикалари, самовоту ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли-ю, (сувдаги) балиқлар одамларга яхшиликни таълим берувчи кишига салавоту салом йўллаб турадилар» (Термизий ривоят қилган ва: «бу ҳасан, ғариб, саҳиҳ ҳадис» деган, Аҳмад Шокир: №2685). Таълим беришнинг турлари ва йўллари бор, услублари ва воситалари бор. Хатоларни тузатиб қўйиш ҳам таълим беришнинг бир тури бўлиб, бу иккиси бир-биридан ажралмас эгиз нарсадир.

Хатоларни муолажа қилиш ва тузатиш барча мусулмонларга вожиб бўлган диндаги насиҳат жумласидандир. Унинг амри маъруф ва наҳий мункар фаризасига алоқаси жуда яқин ва кучлидир. Фақат айтиб ўтиш керакки, хато доираси мункар доирасидан кўра кенгроқ, хато баъзан мункар бўлиши, баъзан мункар бўлмаслиги ҳам мумкин.

Хатоларни тўғрилаш раббоний ваҳий ва қуръоний манҳаж ҳам ўзи ичига олган ишлардан бўлиб, Қуръони каримда буйруқлар, қайтариқлар, иқрор, инкор, хатоларни – ва ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан содир бўлган хатоларни ҳам – тўғрилаш мазмунидаги оятлар нозил бўлган, у зотга хитобан айрим танбеҳ ва итоблар ҳам келган. Жумладан:

«У (пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз қаердан билурсиз, эҳтимол у (сиздан ўрганадиган илму маърифати ёрдамида ўз гуноҳларидан) покланар. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар?! Энди (ўз мол-мулки билан иймондан) истиғно қилиб турган кимсага келсак, бас, сиз ўшанга иқбол қилиб юзланмоқдасиз! Ҳолбуки у (ўзининг куфридан) покланмаслиги са­бабли сизга бирон зиён етмас! Энди (Аллоҳдан) қўрққан ҳолда олдингизга югуриб-елиб келган зотга келсак, бас, сиз ундан чалғиб юз ўгириб олмоқдасиз!» (Абаса: 1-10).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва сиз (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом қилган кишига (яъни Зайд ибн Ҳорисага): «Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин (яъни талоқ қилишга шошмагин), Аллоҳдан қўрқгин», деб Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда, сиз одамлардан (яъни уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз» (Аҳзоб: 37).

«Бирон пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Анфол: 67).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сиз учун бу ишда (яъни бандаларга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яъни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг Ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар» (Оли Имрон: 128).

Қуръони каримнинг бир неча ўрнида айрим саҳобалар қилган хато ишларни баён қилиб берувчи оятлар нозил бўлган. Жумладан, Ҳотиб ибн Аби Балтаа розияллоҳу анҳу Қурайшга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккага уруш мақсадида отланаётганлари ҳақида хабар берувчи мактуб йўллаш билан жуда катта хатога йўл қўйганида қуйидаги оятлар нозил бўлди: «Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар! Улар пайғамбарни ҳам сизларни ҳам Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганларингиз сабабли (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқармоқдалар-ку! Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш учун ва Менинг розилигимни истаб чиққан бўлсангизлар (у ҳолда мушрик-кофир кимсаларни дўст тутманглар)! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар! Ҳолбуки Мен сизлар яширган нарсани ҳам, ошкор қилган нарсани ҳам жуда яхши билувчидирман! Сизлардан ким шу (иш)ни қилса, бас, аниқки, у тўғри йўлдан озибди!» (Мумтаҳана: 1).

Уҳуд ғазотида камончилар ўзларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан қимирламай туришга буюрилган жойларини ташлаб кетиб, хатога йўл қўйишганида улар ҳақида қуйидаги оят нозил бўлди: «То сусткашлик қилиб, (пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг (устидан ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонга) буриб юборди» (Оли Имрон: 152).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига адаб бериш мақсадида улардан ўзларини тортганларида баъзи одамлар у зот аёлларини талоқ қилдилар деб гап тарқатиб юборишганида қуйидаги оят нозил бўлди: «Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар» (Нисо: 83).

Айрим мусулмонлар ҳеч қандай шаръий узрсиз Маккадан Мадинага ҳижрат қилмай қолишганда қуйидаги оятлар нозил бўлди: «Албатта (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофир­лар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: «қандай ҳолда яшадингиз?» — деганларида: «Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик», дедилар. (Шунда фаришталар): «ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)» — дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир. Қандай ёмон жойдир у!» (Нисо: 97).

Оиша розияллоҳу анҳо ноҳақ туҳматга учраганларида айрим саҳобалар мунофиқларнинг миш-миш гапларига ишониб ушбу фитнага аралашиб қолганларида Аллоҳ таоло ушбу ҳодисани ёритиб берувчи оятлар нозил қилди. Уларда жумладан, қуйидаги оятлар бор эди: «Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, албатта сизларни тинмай сўзлаган нарса — бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир). Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!» десангизлар бўлмасмиди?! Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур» (Нур: 15-17).

Баъзи саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида жанжаллашиб, овозлари кўтарилиб кетганда қуйидаги оятлар нозил бўлди: «Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!» (Ҳужурот: 1, 2).

Жумъа хутбаси қилиб турилган пайтда савдо карвони келиб қолиб, айрим кишилар хутбани ташлаб, тижорат учун югуришганида қуйидаги оятлар нозил бўлди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (иймон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ берувчиларнинг яхшироғидир!» (Жумъа: 11).

Хатоларни тўғрилашнинг ва улардан сукут қилиб турмасликнинг нақадар муҳимлигига далолат қилувчи шу каби оятлар бундан бошқа ҳам бир неча ўринларда нозил бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мункарни инкор қилиш ва хатони тўғрилаш борасида Парвардигорлари томонидан кўрсатиб берилганидек йўл тутдилар, бунга асло бепарво қарамадилар. Шундан келиб чиқиб уламолар – раҳимаҳумулоҳ – қуйидаги қоидани ишлаб чиққанлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишнинг баёнини зарур вақтидан кечиктиришлари мумкин эмасди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари тўқнаш келган одамларнинг хатолари билан муомала қилишдаги манҳажларинини билиш жуда муҳимдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорлари томонидан қўллаб-қувватланган зотдирлар, у кишининг сўзлари ва феъллари ваҳий билан ҳамоҳанг бўларди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг услублари ҳикматли ва фойдали бўлиб, ушбу услуб қўлланганида одамларнинг қабул қилишлари осонроқ бўлади. Мураббийнинг ушбу услуб ва йўлларга эргашиши унинг тарбия усули тўғрилигига далил бўлади. Қолаверса, набавий манҳаж ва услубларга эргашиш билан намуна ва ўрнак соҳиби бўлмиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиш ҳосил бўлади ва табиийки бунинг ортидан агар ният холис бўлса катта ажрга эришилади.

Тарбиянинг пайғамбарона услубларини ўрганиш бугун ер юзини тўлдириб юборган тарбия услубларининг муваффақиятсизлиги сабабларини очиб беради ва уларга эргашиш йўлларини беркитади. Зеро, улардан кўплари хатолиги аниқ бўлган ҳамда мутлақ эркинлик назарияси каби бузуқ назарияларга қурилган ёки ота-боболарга кўр-кўрона эргашиш каби ботил анъаналарга қурилган тарбия йўлларидир.

Шуни ҳам айтиб ўтиш зарурки, ушбу пайғамбарона манҳажни воқеликда амалий татбиқ қилиш жуда катта куч талаб қилади. Яъни, юзага келган ҳар бир вазият ва ҳолатга ўзига муносиб ва ўринли услубни қўллаш керак бўлади. Инсон руҳиятини яхши билган кишигина бир-бирига ўхшаш ва бир-бирига яқин ҳолатларни мулоҳаза қилиб, улардан ҳар бирига мувофиқ келувчи набавий услубларни танлаб олишга қодир бўлади.

Бу китоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшаган ва у зот тўқнаш келган одамларнинг ҳар хил даража ва кўринишдаги хатоларига нисбатан у зотнинг муносабатларини очиқлаб берувчи набавий услубларни ўрганишга уриниш деб қабул қилинсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан тавфиқ беришини ва хатолардан сақлашини, ушбу ишимни ўзимга ва мусулмон биродарларимга манфаатли қилишини сўрайман. У бунинг Эгаси ва бунга Қодирдир, У тўғр йўлга йўлловчи Зотдир.

Хатоларни муолажа қилишда риоя қилиш зарур бўлган фарқлар ва
билдиришлар

Баҳс мавзусига чуқур киришишдан аввал бировларнинг хатоларини тўғрилашдан олдин ва бу ишга киришиш пайтида риоя қилиш зарур бўлган айрим фарқлар ва эътиборли жиҳатларга диққат қаратиш яхши бўлса керак:

– Аллоҳ учун холис ҳаракат қилиш

Хатоларни тўғриламоқчи бўлган киши бу билан фақат Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиши лозим бўлади, бу ишдан мақсади ўзини бошқалардан юқори эканини билдириб қўйиш, кўнгилда бўлган носамимий бир ғаразни қондириш, шунингдек одамларни қойил қолдириш бўлмаслиги керак.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Шуфай ал-Асбаҳийдан ривоят қилади: Мадинага кириб келиб, одамларнинг бир киши атрофида йиғилиб ўтиришганини кўрдим. Ким бу киши, деб сўрасам, Абу Ҳурайра, дейишди. Мен ҳам унга яқинлашиб, олдига келиб ўтирдим. У одамларга ҳадис сўзлаб бераётган экан. Гапини тугатиб, ўзи холи қолган пайт мен унга дедим: «Мен сиздан ҳақ билан ва ҳақ билан сўрайманки, менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзингиз эшитган, яхши тушуниб ва билиб олган бир ҳадисни сўзлаб беринг». «Хўп, мен сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзим эшитган, англаб ва яхши билиб олган бир ҳадисни айтиб бераман», деди Абу Ҳурайра, сўнг бирдан оҳ тортиб, ўзидан кетиб қолаёзди. Бироздан сўнг ўзига келди, сўнг: «Мен сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга мана шу уйда иккаламиздан бошқа ҳеч ким бўлмаган ҳолда айтиб берган бир ҳадисни айтиб бераман», деди. Кейин яна бир оҳ тортиб, ўзидан кетиб қолаёзди. Бироздан кейин ўзига келиб, юзини силади. Кейин: «Мен сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга мана шу уйда иккаламиздан бошқа ҳеч ким бўлмаган ҳолда айтиб берган бир ҳадисни айтиб бераман», деди. Кейин яна бир оҳ тортиб, ўзидан кетиб қолаёзди. Бироздан кейин ўзига келиб, юзларини артди. Сўнг: «Ҳа, шундай қиламан. Мен сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга мана шу уйда иккаламиздан бошқа ҳеч ким бўлмаган ҳолда айтиб берган бир ҳадисни айтиб бераман», деди. Кейин бу сафар яна ҳам қаттиқроқ оҳ тортиб, беҳол бўлиб йиқилиб қолди. Мен анча вақт уни суяб ўтирдим. Кейин ўзига келгач, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга айтиб бердилар: «Қиёмат куни бўлганида Аллоҳ таборака ва таоло бандалари олдига улар ўртасида ҳукм қилиш учун тушади. Ҳар бир уммат тиз чўккан ҳолда бўлади. У биринчи бўлиб, Қуръонни жамлаган (ёд олган) кишини, Аллоҳ йўлида жанг қилган кишини, мол-дунёси кўп бўлган кишини чақиради. Аллоҳ таоло қорига айтади: «Мен сенга Ўз расулимга нозил қилган нарсаларни билдириб қўймадимми?!». У: «Ҳа, шундай, эй Роббим», дейди. «Хўш, ўзингга билдирилган нарсаларга қандай амал қилдинг?», дейди. У: «Мен кечалари ва кундузлари улар билан намозда қоим бўлардим», дейди. «Ёлғон айтдинг», дейди Аллоҳ таоло, «ёлғон айтдинг», дейди фаришталар. «Йўқ, сен «фалончи қори» дейишларини истадинг, шундай ҳам дейилди», дейди Аллоҳ таоло. Кейин бой-бадавлат бўлган кишини олиб келинади. «Мен сенга мўл-кўллик яратиб бермадимми, сени бировга муҳтож бўлмайдиган қилиб қўймадимми?!», дейди Аллоҳ таоло унга. «Ҳа, шундай, эй Роббим», дейди у. «Хўш, Мен сенга берган молда нима амал қилдинг?», деб сўрайди ундан. «Силаи раҳм қилардим, садақа қилардим», деб жавоб беради у. «Ёлғон айтдинг», дейди Аллоҳ таоло, фаришталар ҳам «ёлғон айтдинг», дейишади. «Йўқ, сен «фалончи сахий» дейишларини истадинг, шундай ҳам дейилди», дейди Аллоҳ таоло. Кейин Аллоҳ йўлида жанг қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ таоло ундан: «Нима мақсадда жанг қилдинг?», деб сўрайди. «Сенинг йўлингда жиҳод қилишга буюрилдим ва то ўлгунча урушдим», деб жавоб беради у. «Ёлғон айтдинг», дейди Аллоҳ таоло, «ёлғон айтдинг», дейди фаришталар. «Йўқ, сен «фалончи қўрқмас» дейишларини истадинг, шундай ҳам дейилди», дейди Аллоҳ таоло. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиззамга уриб: «Эй Абу Ҳурайра, ўша уч киши Аллоҳнинг қиёмат куни дўзахга қаланадиган энг биринчи бандалари бўлади», дедилар» (Термизий ривоят қилиб: «ҳасан, ғариб ҳадис» деган).

Насиҳат қилувчининг нияти тўғри бўлса ажр ҳам ҳосил бўлади, Аллоҳнинг изни билан гапининг таъсири ва қабули ҳам бўлади.

– Хато қилиш инсон табиатида бор нарса

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамзотнинг ҳаммаси хатокор, хатокорларнинг яхшиси тавба қилувчилардир» (Термизий (№2499) ва Ибн Можа ривоятлари, лафз Ибн Можаники, Абдулбоқий таҳқиқи, №4251).

Мана шу ҳақиқатни яхши англаб олиш ва уни кўз олдида тутиш билангина ишлар ўз маромидан чиқиб кетмайди. Мураббий инсонларни идеал ва хатодан пок шахслар сифатида қабул қилмаслиги ва уларга мана шу мезон ва андозадан келиб чиқиб қарамаслиги лозим, акс ҳолда каттароқ хатога қўл урган ё хатони такрорлаган кишидан ҳафсаласи совуб, унинг тузалишидан бутунлай умидини узиб қўйишига тўғри келади. Бунинг ўрнига у одамлар билан воқеий муносабатда бўлиши, башарий нафснинг билимсизлик, ғофиллик, ноқислик, ҳавога берилиш ва унутиш каби салбий сифатлардан таъсирланувчи табиатини яхши англаган ҳолда муомала қилиши зарур бўлади.

Ушбу ҳақиқатни билишнинг яна бир фойдаси; бировнинг хатосига дуч келиш натижасида мувозанатни йўқотиб қўймасликдир. Акс ҳолда бу ҳолат нохуш реакцияларга олиб келиши мумкин бўлади.

Ушбу ҳақиқатни англашлик мураббий ва даъватчига ўзининг ҳам худди хатога қўл урган кишидек оддий бир инсон эканини, ундан ҳам худди шундай хато содир бўлиши мумкинлигини эслатиб туради ва хато қилган кишига қўполликдан кўра кўпроқ раҳм-шафқат билан муомала қилиш кераклигига йўллайди. Чунки, аслида мақсад хатони тузатиш эди, хато қилган кишини жазолаш эмас.

Бироқ, юқорида айтилган гаплар хатокорларни тек ташлаб қўйиш кераклигини, осийларни ва гуноҳи кабираларга қўл урувчиларни маъзур санаб, инсон хатодан холи бўлмайди деб, ё булар ҳали ёш деб, ё чор-атрофлари фитналар ва йўлдан урувчилар билан тўлган деганга ўхшаш важ-карсонлар билан уларни оқлаш кераклигини англатмаслиги лозим. Аксинча, шариат андозасидан чиқмаслик шарти билан инкор қилиш ва тергаш зарур бўлади.

– Бировни хатокор санаш очиқ ҳужжатли шаръий далилга қурилган бўлиши, жаҳл (яъни илмсизлик)дан ёки мизож (яъни хулқ-атвор)дан келиб чиққан бўлмаслиги

Муҳаммад ибн ал-Мункадирдан ривоят қилинади: «Жобир розияллоҳу анҳу биргина изорда намоз ўқиди, уни гарданига боғлаб олганди (Сабаби – уларда сирвол-шалвар бўлмаган, руку ва сужуд қилганда тўсиброқ туриши учун изорларини гарданларидан ўтказиб боғлаб олишарди (Фатҳул-Борий: 1/467)), кийими эса қозиқда илиғлик эди. Бир киши унга: «Биргина изорда намоз ўқийсизми?!», деди. Шунда у: «Сен каби аҳмоқлар кўрсин деб шундай қилдим. Ахир Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида қайси биримизнинг иккита кийими бўларди?!», деди (Имом Бухорий ривояти. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: Аҳмоқ деганда бу ерда жоҳилларни кўзда тутган.. Мақсад эса, гарчи иккита кийимда намоз ўқиш афзал бўлса ҳам, биргина кийимда ҳам намоз ўқиш жоизлигини билдириш бўлган. Гўёки, у (яъни Жобир розияллоҳу анҳу) бу билан: «Мен жоҳил-илмсиз одам менга ё эргашади ё эса инкор қилади, мен эса унга бунинг жоизлигини таълим бериш учун шундай қилдим, қаттиқ-қўпол дашном бериш билан уларни уламоларга инкор қилишдан қайтаришни қасд қилдим» дегандек бўлади: Фатҳ: 1/467).

– Хато қанча катта бўлса, уни тўғрилашга бўлган эътибор шунча кучли бўлиши

Масалан, эътиқодга тааллуқли хатоларни тўғрилашга бўлган эътибор одоб-ахлоққа тааллуқли хатоларни тўғрилашга бўлган эътибордан кучлироқ бўлиши лозим ва ҳоказо.. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширкнинг барча турига тааллуқли хатоларни текшириш ва тузатишга жуда катта аҳамият берардилар. Чунки, бу энг муҳим масала саналарди. Қуйида бунга бир неча мисолларни келтириб ўтамиз:

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида (ўғиллари) Иброҳим вафот этган куни кун тутилди. Одамлар: «Кун Иброҳимнинг ўлими сабабли тутилди», дейишди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кун ва ой бировнинг ўлими ё туғилиши учун тутилмайди. Агар (тутилганини) кўрсаларингиз, намоз ўқингиз ва Аллоҳга дуо қилингиз», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайн жанги учун чиққанларида мушрикларнинг қуролларини унга илиб қўйишадиган (ва буни ғалаба сабаби деб кўришадиган) Зоту Анвот деб аташадиган бир дарахтлари ёнидан ўтдилар. Шунда саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, анавиларда Зоти Анвот бўлгани каби, бизга ҳам Зоти Анвот қилиб беринг», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Субҳаналлоҳ! Бу Мусонинг қавми айтган: «Анавиларнинг илоҳлари бўлгани сингари, бизларга ҳам бир илоҳ ясаб беринг!», деган гапнинг айни ўзи! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳали сизлар ўзингиздан аввал ўтган қавмлар йўлига эргашасизлар» (Термизий (2180) ривоят қилиб: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган).

Абу Воқиддан қилинган бир ривоятда: «Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Маккадан Ҳунайнга қараб йўлга чиқдилар. Кофирларнинг унинг олдида тўхтаб ибодат қиладиган ва қуролларини унга илиб қўйишадиган бир сидр дарахтлари бор бўлиб, уни Зоту Анвот деб аташарди. Биз бир катта, ям-яшил сидр дарахти ёнидан ўта туриб: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳам Зоту Анвот қилиб беринг», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар худди Мусонинг қавми: «Анавиларнинг илоҳлари бўлгани каби бизга ҳам илоҳ ясаб беринг» деганидек гапни айтдинглар. Ҳали сизлар ўзингиздан олдингиларнинг йўлларига изма-из эргашиб кетасизлар», дедилар (Имом Аҳмад ривояти: 5/218).

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбийяда ёмғир ёғиб ўтган тундан сўнг биз билан бомдод намозини ўқидилар. Намоздан бурилгач, одамларга юзланиб: «Раббингиз нима деганини биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди. Ул зот: «Раббингиз: Бандаларимдан баъзилари мўмин бўлиб, баъзилари кофир бўлиб тонг оттирди. Кимки: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан бизга ёмғир ёғди», деган бўлса, у Менга иймон келтирган ва юлдузга кофир бўлган кишидир. Аммо, кимки: «Фалон, фалон юлдузлар сабабли ёмғир ёғди», деган бўлса, у юлдузга иймон келтирган ва Менга кофир бўлган кишидир, деб айтди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотга мурожаат қиларкан, гап орасида: «Аллоҳ ва сиз хоҳласангиз» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени Аллоҳга тенг қилдингми?! Йўқ, фақат Аллоҳ хоҳласагина» дедилар (Аҳмад ривояти: 1/283).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у Умар ибн Хаттобни бир жамоа ичида топди, у отаси билан қасам ичаётган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга нидо қилиб: «Огоҳ бўлинглар! Аллоҳ оталарингизга қасамёд қилишдан қайтаради. Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳга қасам ичсин, йўқса жим бўлсин!», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Имом Аҳмад «Муснад»да ривоят қилишича, Саъд ибн Убода айтади: «Мен Ибн Умар билан бир ҳалқада ўтирган эдим, у бошқа ҳалқадаги бир кишининг гапи орасида: «Отамга қасамки, йўқ», деганини эшитиб қолиб, унга қараб майда тош отди ва: «Бу (айтганинг) Умарнинг қасами эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бундай қасам ичишдан қайтарганлар ва уни ширк деганлар», деди (Ал-фатҳур-раббоний: 14/164).

Абу Шурайҳ Ҳониъ ибн Язиддан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир қавм элчи бўлиб келди. У зот улар бир кишини Абдулҳажар (Тошнинг қули) деб чақиришганини эшитиб, ундан: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Абдулҳажар», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, сен Абдуллоҳсан», дедилар (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да (813) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳул-адабил-муфрад»да (623) саҳиҳ санаган).

– Хатони тўғрилаётган шахснинг мавқеини эътиборга олиш

Бир хил одамлар борки, бошқалардан қабул қилинмайдиган гапни улардан қабул қилинади. Чунки, уларнинг одамлар ичида алоҳида ҳурматлари ва обрў-эътиборлари бўлади. Ёки уларнинг ўша хато ишни қилаётган одамга нисбатан хос мавқелари бор бўлади. Масалан, отанинг ўз ўғлига нисбатан, устознинг ўз шогирдига нисбатан, раҳбарнинг ўз қўли остидаги кишига нисбатан бўлган мавқеига ўхшаш. Шунингдек, катта одамнинг мавқеи тенгдошникига ёки кичик ёшли одамнинг мавқеига ўхшаган бўлмайди, яқин одам бошқача, бегона одам бошқача бўлади. Қўлида ҳукмронлиги бор одам ҳукмронлиги йўқ одам билан бир хил бўлмайди. Мана шу фарқларни яхши англаш ислоҳ қилувчи кишини ишларни ўз ўрнига қўйишига ва ҳамма нарсанинг ўлчовини тўғри олишига етаклайди. Натижада унинг хатони инкор қилиши ёки тўғрилаши ундан кўра ёмонроқ мункарга ва каттароқ хатога олиб бориб қўймайди. Инкор қилувчининг хато қилган одамнинг қалбида тутган ўрни ва ҳайбати инкор даражасини белгилашда ва қаттиққўллик ва мулойимлик меъёрини аниқлаб олишда жуда муҳимдир. Бундан биз иккита фойдани чиқариб олишимиз мумкин:

Биринчиси, Аллоҳ таоло обрў-эътибор ва ҳукмронлик ато этган киши ўзидаги бу хусусиятни амри маъруф ва наҳий мункар ишига ҳамда халқларга таълим беришга ишлатиши ва ўзининг зиммасида жуда катта масъулият борлигини билиши лозим бўлади. Чунки, одамлар аксарият ҳолларда бошқалардан қабул қилмайдиган гапларнинг кўпини ундан қабул қиладилар ва унинг гапи бошқаларникидан кўра таъсирлироқ чиқади.

Иккинчиси, буюраётган ва қайтараётган киши ўз қадрини суиистеъмол қилмаслиги, яъни ўзини лойиқ даражасидан юқори қўймаслиги ва ўзида бўлмаган шахсиятнинг сифатлари билан тасарруф қилмаслиги лозим. Чунки, бундай қилиш нафратга ва тўсилишга олиб боради.

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло у зотга ато этган обрў-эътибор ва халқлар қалбидаги ҳайбатдан инкор ва таълим ишларида фойдаланардилар, кўпинча шундай бир ишларни қилардиларки, агар ўша ишни у зотдан бошқа биров қилса, у даражада таъсирчан бўлмаган бўларди. Қуйида бунга баъзи мисоллар келтирамиз:

Яийш ибн Тиҳфа ал-Ғифорий отасидан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга меҳмон бўладиган мискинлар (яъни аҳли суффа) қаторида у зотга меҳмон бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда меҳмонларидан хабар олгани чиқиб, мени дум тушиб ётганимни кўрдилар. Мени оёқлари билан туртиб: «Бундай ётма! Аллоҳ азза ва жалла бу ётишни ёмон кўради», дедилар».

Бир ривоятда: «Уни оёқлари билан туртиб, уйғотдилар, сўнг: «Бу дўзахиларнинг ётиши», дедилар» (Аҳмад ривояти: Ал-фатҳур-раббоний: 14/244-245, Термизий (2798), Абу Довуд (5040) ривоятлари, «Ал-жомиус-саҳиҳ: 2270-2271).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг обрў-эътиборлари ва тутган мавқеларидан келиб чиқиб, бундай кўринишда инкор қилиш у зотга муносиб келган бўлса ҳам, бошқа оддий одамларга муносиб келмаган бўларди. Бировнинг дум тушиб ётишини инкор қилишни истаган ҳеч бир шахс уни оёғи билан тепиб уйғотишини, кейин у одам унинг бу ишини яхши қабул қилиб, раҳмат айтишини тасаввур қилиш қийин. Хатокорни уриш ё унга майда тошга ўхшаш бирон нарса отиш каби ишга ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Баъзи салафлар шундай қилганлар, бу эса ўша инкор қилувчи шахснинг тутган мавқеига мос келарди. Қуйида баъзи воқеаларни айтиб ўтамиз:

Доримий раҳимаҳуллоҳ Сулаймон ибн Ясордан ривоят қилишича, Сабиғ исмли бир киши Мадинага келиб, Қуръоннинг муташобиҳ оятларидан сўрай бошлади. Умар розияллоҳу анҳу унга одам юбордилар ва хурмо баргларидан тайёрланган бир калтакни тайёрлаб қўйдилар. (Келганидан сўнг унга:) «Сен кимсан?», дедилар. У: «Мен Аллоҳнинг қули Сабиғман» деб жавоб берди. Шунда Умар ҳалиги калтаклардан бирини олиб: «Мен эса Аллоҳнинг қули Умарман», деб, уни савалай кетдилар. Калтак зарбидан ҳатто унинг боши қонаб кетди. Шунда у: «Етарли бўлди, эй амирал-муъминийн! Бўлди, бошимни қийнаётган дарддан қутулдим», деди (Сунан-уд-Доримий: 1/15, №146).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Ибн Аби Лайлодан ривоят қилади: Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Мадоинда эканида ичишга сув сўраган эди, қишлоқ оқсоқоли унга кумуш косада сув келтирди. Шунда Ҳузайфа косани унга қараб отиб юборди. Кейин деди: «Косани унга қараб отишимга сабаб – мен уни бундан қайтарган эдим, қайтмабди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни ипак-шоҳидан, тилла-кумуш идишларда ичишдан қайтарганлар ва: «Булар дунёда улар (яъни кофирлар) учун, охиратда эса сизлар учундир», деганлар» (Фатҳул-Борий: №5632).

Имом Аҳмад мазкур воқеани Абдурраҳмон ибн Аби Лайлодан шундай ривоят қилади: «Ҳузайфа билан бирга шу томонларга (яъни Мадоинга) чиққан эдим. У ичишга сув сўради. Қишлоқ оқсоқоли кумуш идишда сув узатди. Шунда у идишни унинг юзига қараб отиб юборди. Биз (бир-биримизга): «Жим бўлинглар, жим бўлинглар! Агар сўрасак, айтмайди», дедик ва жим туравердик. Кейинроқ у: «Биласизларми, нега идишни унинг юзига отдим?», деди. «Йўқ», дедик биз. «Чунки, мен уни аввал ҳам бундан қайтарган эдим», деди, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Тилла идишда ичманглар», деган ҳадисларини, Муоз ривоятида: «Тилла ва кумуш идишда ичманглар, ипак ва дебож (шоҳи) кийманглар! Чунки, булар бу дунёда улар учун, охиратда эса сизлар учундир» деган ҳадисларини айтиб берди (Муснад Аҳмад: 5/396).

Имом Бухорий ривоят қилади: (Урушда асир бўлиб, Анас розияллоҳу анҳунинг ғуломига айланган) Сийрин Анасдан мукотаблик сўради (яъни икки ўртада келишилган маълум тўлов эвазига ўзини озод қилишни талаб қилди), у бадавлат киши эди. Анас кўнмади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу ҳузурига бориб, шикоят қилди. (Умар Анасга:) «Уни мукотаблик асосида озод қил!», деди. Кўнмаган эди, Умар уни дарра билан урди ва қуйидаги оятни ўқиди: «(Эй мўминлар,) қўл остингиздаги қуллардан (тўлов тўлаб озод бўлиш учун) битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар» (Нур: 33)» (Фатҳул-Борий: 5/184).

Имом Насоий Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилишича, у (яъни Абу Саид) намоз ўқиётганида Марвоннинг ўғли унинг олдидан ўтмоқчи бўлди. Қайтарган эди, қайтмади. Шунда уни урди. Бола йиғлаб чиқиб кетди ва Марвон ҳузурига бориб, айтиб берди. Марвон Абу Саиддан: «Нега биродарингнинг ўғлини урдинг?», деб сўради. «Мен уни урмадим, балки шайтонни урдим. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизлардан бирингиз намозда эканида биров унинг олдидан ўтмоқчи бўлса, имкони борича уни қайтарсин. Қайтмаса, у билан урушсин. Чунки, у шайтондир», деганларини эшитганман», деб жавоб берди Абу Саид (Ал-мужтаба мин сунан-ин-Насаий: 8/61, Саҳиҳ сунан-ин-Насаий: №4518).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абун-Назрдан ривоят қилади: «Абу Саид ал-Худрийнинг оёғи оғрирди. Биродари (акаси ё укаси) унинг олдига кириб кўрдики, бир оёғини иккинчи оёғи устига чиқариб (чалиштириб) ётибди. Қўли билан унинг оғриқ оёғига урган эди, «Оёғимни оғритдинг, нима, оёғим оғришини билмасмидинг?!», деди. «Билардим», деди. «Унда нега урдинг?!», деди. «Ахир эшитмаганмисан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ётишдан қайтарганлар», деб жавоб берди (Муснад Аҳмад: 3/42).

Имом Молик Абуз-Зубайр ал-Маккийдан ривоят қилади: «Биров бир кишининг синглисига харидор бўлганида у синглисининг аввал нопок бўлганини (яъни зино қилганини) айтди. Бунинг хабари Умар ибн Хаттобга етганида у ҳалиги кишини урди ёки уришга яқин бўлди. Сўнг: «Буни айтишни сенга нима кераги бор эди?!», деди (Муваттоъ Молик: №1553).

Имом Муслим Абу Исҳоқдан ривоят қилади: Асвад ибн Язид билан катта масжидда ўтирган эдик, Шаъбий ҳам бор эди. Шунда Шаъбий Фотима бинт Қайснинг ҳадисини, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга турар жой ҳам, нафақа ҳам белгиламаганлари ҳақидаги ҳадисни айтди. Асвад бир сиқим майда тош-тупроқ олиб, унга отди ва: «Қуриб кетгур, шунақа гапни айтасанми, ахир Умар: «Биз Аллоҳнинг китобини ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини бир хотиннинг гапини деб тарк қиламизми?! Ростдан ҳам ёдида қолганми ё эсидан чиқиб кетганми, билмаймиз-ку! Бу аёлга турар жой ҳам, нафақа ҳам (бўлади). Аллоҳ азза ва жалла айтган: «(То иддалари тугагунча) уларни (ўзлари яшаб турган) уйларидан ҳайдаб чиқарманглар ва улар ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Фақат улар очиқ фаҳш ишни (яъни бузуқлик ёки беҳаёлик каби қилиқларни) қилсаларгина (яшаб турган уйларидан ҳайдаб чиқарилурлар)» (Талоқ: 1), деган-ку», деди (Саҳиҳ Муслим: №1480).

Абу Довуд Абдурраҳмон ибн Бишр ал-Ансорийдан ривоят қилади: «Абу Масъуд ал-Ансорий бир ҳалқада ўтирган эди, икки киши Кинда эшигидан кириб келиб: «Бизнинг ўртамизни ажрим қилиб қўядиган бирор киши борми?», дейишди. Ҳалқадаги бир киши: «Мен!», деди. Шунда Абу Масъуд бир сиқим майда тош-тупроқ олиб, ҳалиги одамга отди ва: «Жим бўл! Ҳукм қилишга ошиқиш макруҳ кўрилар эди», деди.

Яна, шуни ҳам кўрамизки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи вақтларда айрим хос саҳобаларига инкор қилишлари бошқаларга, яъни масалан, бирон аъробий ё бегона одамга инкор қилишларидан кўра қаттиқроқ суратда бўлган эди. Буларнинг ҳаммаси ҳикматдан ва инкор қилиш пайтидаги ҳолатни ҳисобга олишдан келиб чиққан эди.

– Билмасдан хато қилиб қўйган одам билан билиб туриб қилган одам ўртасини ажратиш

Бунга мисол қилиб Муовия ибн Ҳакам ас-Суламий розияллоҳу анҳу билан бўлган воқеани келтириш мумкин. Бу киши Мадинага саҳродан (қишлоқдан) келган ва намоз ичида гапириш ҳаром қилинганини билмаган эди. У айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиётган эдик, бир киши акса урди. Мен: «Ярҳамукаллоҳ» деган эдим, одамлар менга ғалати қараб қўйишди. Шунда: «Ҳой, шўринг қурғурлар, нега менга бундай қарайсанлар?!», дедим. Улар қўллари билан сонларига ура бошлашди. Мени гапиртирмасликка ҳаракат қилишаётганини кўргач жаҳлим чиқди, лекин жим бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгач – ота-онам у зотга фидо бўлсин, у зотдан аввал ҳам, кейин ҳам у кишидан кўра чиройли таълим берувчи муаллим кўрмадим – Аллоҳга қасамки, мени тергамадилар, урмадилар, сўкмадилар. Балки: «Намоз ичида одамларнинг гапларидан бирон нарса бўлиши дуруст эмас, у фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон ўқишдан иборат бўлади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Жоҳил таълимга муҳтож, шубҳа эгаси изоҳга муҳтож, ғофил эслатишга муҳтож, билиб туриб қилаётган одам насиҳатга муҳтождир. Ҳукмни биладиган киши билан билмайдиган (жоҳил) кишига бир хил муомала ва бир хил суратда инкор қилиш ярамайди. Аксинча, жоҳилга қаттиқроқ суратда инкор қилиш уни нафратлантириб қўйиши ва қочириб юбориши мумкин. Энди агар унга ҳикмат ва мулойимлик билан ўргатилса, уни қабул қилади. Чунки, жоҳил ўзини хатокор деб кўрмаётган бўлади. Унинг ҳол тили инкор қилувчи кишига гўё: «Менга ҳужум қилиш ўрнига олдин ўргатсанг бўлмайдими?!», деб хитоб қилаётгандек бўлади.

Баъзан хатокор ўзининг хато қилаётганини билмайди, аксинча ўзини тўғри иш қилаётган деб билади. Шунинг учун унинг ҳолатини ҳам риоя қилиш керак бўлади.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овқатландилар, сўнг намозга иқомат айтилган эди, (намоз учун) турдилар. Олдинлари (овқатдан кейин одатда) таҳорат қилардилар. Шунинг учун мен таҳорат қилишлари учун сув келтирдим. У зот мени жеркиб: «Қайт орқангга!», дедилар. Аллоҳга қасамки, бу менга ёмон таъсир қилди. Кейин намоз ўқидилар. Мен буни Умарга шикоят қилдим. У: «Ё Расулуллоҳ, Муғийрани қайириб ташлаганингиз унга оғир ботибди, кўнглингизда унга нисбатан бирон нарса бормикин деб қўрқаяпти», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўнглимда унга нисбатан яхшиликдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Лекин, у менга таҳорат қилишим учун сув олиб келди, мен эса таомландим, холос. Агар шундай қилсам эдим, мендан кейин одамлар ҳам шундай қилган бўлардилар», дедилар (Муснад Аҳмад: 4/254).

Бундан кўринадики, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу каби улуғ саҳобаларни хатокор санаб, инкор қилишлари улар кўнглида ёмон кўриш ё нафратланишга олиб келадиган ёмон таъсир қолдирмасди. Аксинча, бу нарса уларга ижобий таъсир қолдирар, у зотдан дакки ё танбеҳ эшитган саҳобий то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан норози бўлмаганликларига ишонч ҳосил қилмагунича кўнгли ёмон сиқилиб, ўзини айбдор санаб, диққатчилиги ёзилмай юрарди.

Ушбу воқеадан бошқа бир хулоса ҳам чиқадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Муғийрани инкор қилишлари Муғийранинг ўзига шахсан ғазаб қилганлари учун эмас, балки одамларга енгиллик бўлсин учун ва улар фарз бўлмаган нарсани фарз деб гумон қилиб қолиб, ўзларини қийинчиликка дучор қилмасинлар деб танбеҳ учун бўлганди.

– Эгасининг ижтиҳодидан келиб чиққан хато билан қасддан, ғофиллик ва қосирлик билан қилинган хато ўртасини фарқлаш

Шубҳасиз, биринчи турдаги хато эгаси маломат қилинмайди, аксинча, агар холис ният билан ижтиҳод қилган бўлса, битта ажрга эга бўлади. Сабаби, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ҳоким (ҳукм қилувчи, қози) ҳукм қилса, ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр бордир. Агар ҳукм қилиб, хато қилса, унга битта ажр бордир» (Имом Термизий (1326) ривоят қилган ва «ҳасан, шу важҳдан ғариб ҳадис» деган).

Қасддан ва қосирлик билан хатога қўл урган киши эса ундай эмас. Бу иккиси баробар бўлмайди. Биринчисига таълим берилади, тарбия қилинади. Иккинчисига эса панд-насиҳат қилинади, инкор қилинади.

Ижтиҳод дегани ҳам ҳақиқатан унга лойиқ шахс тарафидан қилинган, соҳиби у билан маъзур кўриладиган ижтиҳод бўлмоғи зарур бўлади. Илмсизлик билан фатво берадиган ва ҳолатларга риоя қилмайдиган кишининг ижтиҳоди эътиборга олинмайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боши ёрилган киши воқеасида хато қилган кишиларга қилган инкорлари қаттиқ бўлганди. Абу Довуд «Сунан»ида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Сафарда эканимизда бизлардан бир кишининг бошига тош тегиб, боши ёрилди. Кейин у эҳтилом бўлиб қолиб, шерикларидан: «Мен учун таяммум қилишга рухсат бормикин?» деб сўраган эди, улар: «Йўқ, сенга рухсат бор деб билмаймиз, сен сувга қодирсан», деб жавоб беришди. У ғусл қилди ва (шунинг оқибатида) вафот этди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганимизда у зотга ушбу воқеа ҳақида хабар берилди. Шунда у зот: «Уни ўлдирибдилар, Аллоҳ уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрасалар бўлмайдими?! Билмасликнинг давоси сўрашлик-ку! Унга таяммум қилиши кифоя эди», дедилар» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 325).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларки: «Қозилар уч турли бўлиб, биттаси жаннатда, иккитаси дўзахда бўлади. Жаннатда бўладигани шундай кишики, ҳақни билиб, шу билан ҳукм қилган. Яна бир киши ҳақни билиб туриб, ҳукмда зулм қилган, у дўзахдадир. Яна бир киши одамларга ўзи билмаган нарсаси билан ҳукм қилган, у ҳам дўзахдадир» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоятлари, Албоний «Ал-ирвоъ»да саҳиҳ санаган: 2164). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур учинчи қозини маъзур санамадилар.

Хатони инкор қилиш даражасини тартибга соладиган ишлардан яна бири шуки, ўша хато содир бўлган муҳитни ҳам риоя қилиш лозим. Масалан, бир жойда суннат ёйилган бўлса, бошқа жойда бидъат кенг тарқалган бўлади. Шунингдек, мункарнинг тарқалиш даражасини ёки унинг қилинишига фатво берадиган жоҳил ё енгил қаровчи «олимлар»нинг борлигини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади.

– Хато қилувчининг яхшиликни истаб қилгани уни инкор қилишдан тўсмайди

Амр ибн Яҳёдан ривоят қилинади: «Отам бобомдан ривоят қилиб айтганларини
эшитдимки: Биз ғадот (бамдод) намозидан олдин Абдуллоҳ ибн Масъуднинг эшиги
олдида уни кутиб, чиқса бирга намозга борамиз деб ўтирган эдик, Абу Мусо
ал-Ашъарий келиб қолди ва: «Абу Абдурраҳмон ҳали чиқмадими?» деб сўради. Биз:
«Йўқ» деган эдик, то чиққунича биз билан ўтирди. Чиқиб келгач ҳаммамиз унга
пешвоз чиқдик. Абу Мусо деди: «Эй Абу Абдурраҳмон, мен ҳозиргина масжидда
нотаниш бир ишни кўрдим, лекин алҳамду лиллаҳ, яхшиликни кўрдим». «Нима иш
экан?» деб сўради. У айтди: «Борсангиз кўрасиз, масжидда бир қавмни кўрдимки,
намозни кутиб ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтиришибди. Ҳар бир ҳалқада бир киши (бош),
қўлларида тошчалар, ҳалиги киши: «Юз марта такбир айтинглар» дейди, юз марта
такбир айтишади, «Юз марта таҳлил айтинглар» дейди, юз марта таҳлил айтишади,
«Юз марта тасбеҳ айтинглар» дейди, юз марта тасбеҳ айтишади». «Сиз уларга нима
дедингиз?» деди. «Сизнинг фикрингизни ва амрингизни кутиб ҳеч нарса демадим»
деди. «Ёмонликларини санашга буюрмабсиз-да, яхшиликларидан ҳеч нарса йўқ
бўлмаслигига кафолат бермабсиз-да» деди. Сўнг биргалашиб кетдик. Ҳалиги
ҳалқалардан бири олдига келиб тўхтади ва: «Нима қилаяпсизлар?» деб сўради. «Эй
Абу Абдурраҳмон, тошчалар билан такбир, таҳлил, тасбеҳ, таҳмидни санаяпмиз»
дейишди. «Гуноҳларингизни сананглар, яхшиликларингиздан бирон нарса зое
кетмаслигига мен кафилман. Ҳолингизга вой бўлсин, эй уммати Муҳаммад!
Ҳалокатингиз бунчалар тез бўлмаса! Ҳали у зотнинг саҳобалари ҳаёт бўлса,
кийимлари ҳали эскимаган бўлса, идишлари синмаган бўлса! Жоним Қўлида бўлган
Зотга қасамки, сизлар ё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг миллатидан кўра
ҳидоятлироқ бир миллатдасизлар ё эса залолат эшигини очишга уринувчисизлар»,
деди. «Эй Абу Абдурраҳмон, биз фақат яхшилик истаган эдик» дейишди. «Қанча
яхшилик истовчилар бўладики, унга асло ета олишмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам айтганларки: «Бир қавм келадики, Қуръон ўқийдилар, бироқ
бўғизларидан ўтмайди». Аллоҳга қасамки, билмайман, балки ўшаларнинг кўплари
сизлардан бўлса керак» деди. Сўнг улардан бурилиб кетди». Умар ибн Салама
айтади: «Ўшаларнинг кўпчилигини Наҳравон куни хаворижлар билан бирга бизга қарши
урушга кирганини кўрдик» (Доримий «Сунан»да (№210) ривоят қилган, Албоний
«Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (№2005) иснодини саҳиҳ санаган, Ҳайсамий
«Мажмаъуз-заваид»да (1/181) келтирган).

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.