Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Холис тавба (2)

Тавба осмонида порлаган қуёшлар

Набий Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари билан сўз бошлайман. У зот бизга юзта одам ўлдирган киши сидқидилдан Аллоҳга тавба қилганида Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилгани ҳақида сўзлаб берадилар. «Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан олдин ўтган одамлар орасида тўқсон тўққиз жонни ўлдирган бир киши бор эди. У (тавба қилишни истади ва) ер юзидаги энг илмли киши ҳақида сўраган эди, уни бир роҳибнинг олдига жўнатишди. У роҳибнинг олдига бориб, унга тўқсон тўққиз кишини ўлдирганини айтди ва мағфират қилинаманми, деб сўради. Роҳиб: «Йўқ», деган эди, уни ҳам ўлдирди. Шу билан ўлдирганларининг сони юзта бўлди. Кейин яна ер юзидаги энг илмли киши ҳақида сўради. Уни бир олимга жўнатишди…».

Бугун уммат уламоларга нақадар муҳтож!! Зотан, уламолар уммат учун пайғамбарининг йўлини ёритиб берувчи шамчироқдирлар, улар умматнинг пайғамбарлар йўлида юрувчи ҳақиқий йўлбошчиларидир. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Аллоҳ таолодан уммат уламоларига баракот беришини сўрайман.

«… У олимга юз кишини ўлдирганини айтиб: «Мағфират қилинишимга имкон борми?», деб сўради. «Ҳа, сени тавба қилишдан нима тўсиб турибди(ки тавба қилмаяпсан?) Фалон шаҳарга бор, чунки у ернинг халқи Аллоҳга ибодат қилишади. Сен ҳам улар билан бирга ибодат қил ва юртингга қайтиб келма, чунки бу ер ёмон жой», деб жавоб берди олим…».

Яъни, сен яшаб турган муҳитингни ўзгартир, маъсият ва Аллоҳдан узоқлик муҳитини, сени Аллоҳнинг тоатидан ва илм ҳосил қилишдан тўсадиган ёмон улфатлар даврасини тарк эт. Сенга: «Йўқ! Ҳушёр бўл, масжидларга борма, соқоллилар билан кўришма, улар сенинг миянгни заҳарлашади! Биз баркамол авлод тарбия қилишни истаймиз, биз яшашни истаймиз», деб айтадиган «насиҳатгўй»лардан қоч. Сенга: «Кел унинг ўрнига, фалончи фазовий антенна олган, шармсиз филмлар томоша қиламиз, тунни унинг уйида ўтказамиз» деб айтадиган, «фалон кафеда арзон бангивор модда бор, кетдик ўша ерга», деб айтадиган ёмон улфатлар даврасидан юз ўгир, муҳитни ўзгартир, улфатларни ўзгартир. Акс ҳолда, тавбага муваффақ бўлолмайсан..

«… Сўнг у қатъий қарорга келиб, ўша шаҳар томон йўл олди. Ярим йўлга етганда ўлим фариштаси келиб унинг жонини олди. Раҳмат ва ғазаб (жазо берувчи) фаришталари бир-бирлари билан тортишиб қолдилар.

– У тавба қилган эди ва Аллоҳ томон кетаётган эди,- деди раҳмат фариштаси.

– У бирорта ҳам солиҳ амал қилмади-ку,- деди ғазаб фариштаси.

Шунда уларнинг ёнига одам қиёфасида бир фаришта келди. Фаришталар ундан ечим сўрашди.

– Иккала тарафнинг ҳам (яъни яшаган юрти ва кетаётган шаҳрининг) масофасини ўлчаб кўринглар. У қайси томонга яқин бўлса, демак ўша тарафдан,- деб жавоб берди у.

Улар иккала тарафни ҳам ўлчаб кўришди. Натижада у кетаётган шаҳарига яқинроқ бўлиб чиқди ва уни раҳмат фариштаси олиб кетди». (Муттафақун алайҳ, Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Саҳиҳ бир ҳадисга кўра: «У ҳидоятга эришган шаҳарга бир қарич яқинроқ эди. Шундай қилиб ўша шаҳар аҳолиси деб қабул қилинди».

Бошқа бир ривоятда эса шундай дейилади: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло (ёмон шаҳарга: сен ундан) узоқлаш ва (ҳидоятга эришган шаҳарга: сен унга) яқинлаш, деб амр қилди. Сўнг улар ўртасини ўлчанглар, деди. Улар ҳидоятга эришган шаҳарга бир қарич яқинроқ деб топишди ва у кечирилди».

Ҳа, қотил бўлса ҳам, зоний ва зония бўлса ҳам, Аллоҳга сидқидилдан тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Қиёмат куни гуноҳкорни гуноҳ эгасидан қутқариб оладиган ва уни поклайдиган зот Кечирувчи ва Раҳмли Аллоҳ таолодир. Муҳими, сиз чин кўнгилдан тавба қилинг, гуноҳингизга қон йиғланг, истиғфор айтинг ва солиҳ амалда бардавом бўлинг.

Набий Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир ҳадисларини эшитинг. Имом Муслим, Абу Довуд ва бошқалар Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ўзи оилали, уйланган бўла туриб, зино қилиб қўйган бир киши – Моиз ибн Молик Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Мени покланг, ё Расулуллоҳ» (яъни шаръий жазо қўллаб, мени гуноҳдан покланг), деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳой қуриб кетгур, бор, Аллоҳга истиғфор айт, Унга тавба қил!», деб қайтариб юбордилар…

Шунинг учун Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ: «Гуноҳи кабиралардаги асл-асос – ҳад (шаръий жазо) қўлланмасдан туриб тавба қилишдир», деганлар.

… Моиз бир оздан кейин қайтиб келиб, яна: «Мен покланг, ё Расулуллоҳ», деди. Қаранг, чидай олмаяпти, охиратга қолмасдан, шу дунёнинг ўзида жазосини олиб, гуноҳидан покланишни истаяпти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни яна: «Тавба қил, Аллоҳга истиғфор айт» деб қайтариб юбордилар.

Учинчи марта келиб: «Мен зино қилдим, ё Расулуллоҳ, мени покланг», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблардан: «Бунинг эс-ҳуши жойидами, мажнунлик йўқми бунда?», деб сўрадилар. «Йўқ, эс-ҳуши жойида», деб жавоб беришди.

«Маст қилувчи ичимлик ичмаганми?», дедилар. Асҳоблардан бири туриб, унинг оғзини ҳидлаб кўрди ва: «Маст қилувчи ичимлик ичмаган ё Расулуллоҳ», деди.

Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тошбўрон қилиб ўлдиришга буюрдилар.

Оила қурган одам зино қилса, унинг шаръий жазоси шудир.

Барча аҳли илмлар сўзларига кўра, агар Моиз истиғфор айтса ва тавба қилса эди, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилган бўлур эди.

Икки-уч кундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Биродарингиз Моизга истиғфор айтинглар», дедилар. Улар: «Аллоҳ Моиз ибн Моликни мағфират қилсин», дедилар. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, у шундай тавба қилдики, агар бутун умматга тақсим қилинса, ҳаммасига етарли бўларди», дедилар.. (Муслим (22/1695), Аҳмад (5/347, 348) ривоятлари).

Абу Довуд ривоятида: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингиз Моиз ибн Моликка истиғфор айтинглар», дедилар. Улар: «Аллоҳ Моиз ибн Моликни мағфират қилсин», дедилар. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, у ҳозир жаннат анҳорларида чўмилиб юрибди», дедилар. (Абу Довуд (4428) ривояти).

Кейин Ғомид қабиласидан бўлган бир аёл келиб: «Ё Расулуллоҳ, мени покланг, зино қилдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳой қуриб кетгур, бор, Аллоҳга истиғфор айт, Унга тавба қил!», дедилар. Шунда у: «Ё Расулуллоҳ, мени ҳам Моиз ибн Моликни қайтаргандек қайтариб юбормоқчимисиз?», деди.

Қаранг, уни ахлоқ полицияси қўлига кишан солиб, олиб келмади.. Амри маъруф ва наҳий мункар зобити судраб олиб келмади.. Балки, уни иймони етаклаб келди, Парвардигоридан қўрқув етаклаб келди. Улар кўр қонуннинг назорати остида тавба қилмадилар, балки олий Парвардигорнинг назорати уларнинг тавба қилишларига кифоя қилди.

«… Мени покланг, ё Расулуллоҳ», деди аёл.. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳой қуриб кетгур, бор, Аллоҳга истиғфор айт, Унга тавба қил!», дедилар. Шунда у: «Ё Расулуллоҳ, мени ҳам Моиз ибн Моликни қайтаргандек қайтариб юбормоқчимисиз? Аллоҳга қасамки, мен ҳомиладорман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сенми ўша?», дедилар. «Ҳа», деди у.

Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлга нима дедилар: «Бор, болангни туққанингдан кейин келгин», дедилар..

Боланинг гуноҳи нима?!! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жиноят қилган кишига нисбатан қилган бу муомалалари шаръий жазолар хусусида динимизни ваҳший санайдиган, Ислом дини инсонларнинг қонига, уларнинг қўлларини кесишга, тошбўрон қилиб ўлдиришга ташна дин, деб даъво қиладиган илмоний (динсиз, дунёвийлик тарафдори) кимсаларга етарли раддия бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам зино қилганини бўйнига олиб келган аёлни аввал: «Ҳой қуриб кетгур, бор, Аллоҳга истиғфор айт, Унга тавба қил!», деб қайтаришга уриндилар, кўнмагач: «Бор, болангни туққанингдан кейин келгин», дедилар..

Ҳа, боланинг нима гуноҳи бор?! Аёл кетди ва зинодан бўлган боласини туғиб, уни кўтариб келди..

Қочиб кет.. Паспортингни сохталаштиргин-да, мамлакатдан чиқиб кет… Йўқ, йўқ.. Аёл чақалоқ боласини бир матога ўраб, бағрига босиб, олиб келди ва: «Ё Расулуллоҳ, мана, боламни туғдим, энди мени покланг», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жазо қўллашни яна ортга сурдилар: «Бор, болани эмизиб, сутдан айирганингдан кейин кел», дедилар.

Аёл боласини икки йил эмизди. Қочиб ҳам кетмади, унутиб ҳам юбормади.. Икки йилдан кейин боласини сутдан айириб, келди. Боланинг қўлида сутдан айрилганининг амалий белгиси сифатида бир бўлак нон бор эди.. Аёл жазоси охиратга қолмасидан шу дунёнинг ўзида гуноҳидан покланишни истарди.. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам болани мусулмонлардан бир кишининг тарбиясига бердилар.

Аёлга тош отганлар ичида Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Холид бир тошни унга отган эди, юзига қон сачради. Шунда у аёлни ҳақоратлайдиган бир сўз айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингни бос, эй Холид! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, У шундай тавба қилдики, агар (зулму тажовуз ила) ўлпон (солиқ) йиғувчи шундай тавба қилса, мағфират қилинган бўларди», дедилар». (Муслим (22/1695), Абу Довуд (4442) ривоятлари).

Бир ривоятга кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга буюрдилар, ўзлари туриб, жаноза ўқидилар, сўнг дафн этилди.

Шу гап қувватли сўздир. Бунга далил шуки, Имом Муслим ривоятида айтилишича, Умар ибн Хаттоб: «Ё Расулаллоҳ, сиз унга жаноза ўқимоқчимисиз, ахир у зино қилган-ку?!», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, у шундай тавба қилдики, агар Мадинадаги етмиш кишига тақсимланса, кифоя қилган бўларди. Аллоҳ учун ўз жонини бергандан афзалроқ бирор кишини биласанми?», дедилар» (Муслим (24/1696), Абу Довуд (4440) ривоятлари).

Аллоҳга тавба қил, эй зинокор эркак.. Аллоҳга тавба қил, эй зинокор аёл.. Аллоҳга тавба қил, эй бу жирканч гуноҳга қўл урган кимса!

Эй Аллоҳим, аёлларимизни, қизларимизни Ўзинг пардалагин, йигитларимизни Ўзинг ислоҳ қилгин, авратларимизни Ўзинг гуноҳдан сақлагин эй раҳмлиларнинг Раҳмлироғи!!

Шаръий жазо қўлланилмаган тақдирда ҳам Аллоҳга тавба қил, Аллоҳ таборака ва таолога истиғфор айт. Эртага, қиёмат кунида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида турганингда, агар У сенинг тавбангни қабул қилган бўлса, сен унинг ҳаққида гуноҳ қилган кишидан сени Ўзи қутқариб олади. Агар тавба қилсанг, тавбанг содиқ бўлса, Аллоҳ сенинг тавбангни қабул қилган бўлса, Унинг раҳмати билан сен ҳам, ҳақдор биродаринг ҳам жаннатга кирасизлар. Муҳими, тавбанг сидқидилдан бўлсин..

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши ҳаддан ташқари кўп гуноҳлар қилиб, вафоти яқинлашганда фарзандларига васият қилиб айтдики: «Агар вафот этсам, мени куйдиринглар ва кулимни шамолли кунда денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Роббим мен(и қайта тирилтириш)га қодир бўлса, менга ҳеч бир бандасига бермайдиган қаттиқ азоб билан азоб беради». Фарзандлари унинг айтганини қилишди. (Аллоҳ таоло) ерга: «Олган (омонатларингни) адо қил», деб буюрди. Шунда у (одамнинг жасади йиғилиб келиб, Аллоҳ ҳузурида) турди. Аллоҳ таоло ундан: «Сени бундай қилишга нима ундади?», деб сўради. «Сендан қўрқишим, эй Роббим», деб жавоб берди. Шу сабабли Аллоҳ таоло уни мағфират қилди» (Муттафақун алайҳ).

Ўз замонамизда бўлган бир воқеани айтиб бераман. Бир йигит улфатлари билан маст қилувчи ичимлик ичиб олиб, кейин қизларни овлашар, уларни саҳрога олиб чиқиб, бузуқчилик қилишиб, тонг отар қилиб уйига қайтар экан. Йигит бой-бадавлат ва ҳурмат-эътиборли хонадон фарзанди бўлиб, яқинлари уни бу йўлдан қайтаришга кўп уринишган, аҳли илмларни чақириб, насиҳатлар қилдиришган, бироқ ҳаммаси бефойда кетган. Шундан сўнг уни уйлантириб қўйишга қарор қилишган. Аввалда уйланишга кўнмай юрган, кейин отасининг зўри билан уйланишга рози бўлган. Аллоҳ таоло қиз фарзанд ато этган. Қизи олти ёшга етгунича ҳам йигит ҳалиги ахлоқсизлигини ташламаган, қизчаси уни эрталаблари бир-бир кўриб қолар, туни билан маишат қилиб, тонг отар пайти уйига келиб, бир маҳалгача ухлаб ётар экан. Бир куни маишатлари сал эртароқ тугаб, одатдагидан барвақтроқ уйга қайтишади. Йигит уйига келгач, қизчаси онасининг бағрида пишиллаб ухлаб ётганига ишонч ҳосил қилгач, қўшни хонага кириб, ахлоқсиз, шаҳвоний филм ёзилган кассетани томоша қилиб ўтиради. Аллоҳнинг хоҳиши билан қизча уйқудан уйғониб кетиб, отаси ўтирган хонага кириб келади. Экрандаги беҳаё кўриниш ва шармсиз товушлардан даҳшатга тушган қизча қичқириб юборади. Ота ҳам саросимага тушиб, ўтирган жойида қотиб қолади. Гангиб ўтираркан, қизчасининг йиғи аралаш: «Дада, дўзахни яхши кўрсангиз, майли ўзингиз тушаверинг, биз сиз билан бирга дўзахга тушишни истамаймиз!» деган сўзларидан кўзлари ярқ этиб очилиб кетади ва дод деб юборади. Қизига қўшилиб фарёд қиларкан, телевизорни ҳам, видео ускунасини ҳам ерга отиб, оёқлари билан тепиб, эзғилаб ташлайди. Сўнг қизини бағрига босиб, у билан теппа-тенг йиғлайверади. Шовқин-сурондан уйғониб кетган аёли воқеадан хабар топгач, у ҳам йиғига қўшилади. Шу орада бамдод намозига азон янграйди: Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар…

Йигит ҳаммомга кириб, ғусл қилиб, ўзидан зино нопоклигини кетказади..

Биринчи марта Аллоҳнинг уйига, масжидга қадам қўяди.. Иттифоқо, шу куни имом бамдод намозида: «(Эй Муҳаммад), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53) оятини қироат қилади.. Йигит ўзи қалби синиб чиққан эмасми, йиғи ғолиб келиб, ўзини босолмай ўкириб юборади.. Намоздан кейин ҳамма: «Ким? Нима бўлди ўзи?» деб бир-бирига қарашади. «Фалончининг ўғли, биринчи марта намозга чиқиши, йиғи билан овози кўтарилган шу эди», дейишади… Йигит эса ҳануз йиғидан ўзини тўхтатолмаган ҳолда, покиза ва норасида қизчасини Аллоҳ унинг ҳидоятига ва тавба қилишига сабабчи қилганини сўзлайди ва бўлиб ўтган воқеаларни айтиб беради.. Кун ёришгунича масжидда ўтириб, кейин икки ракъат намоз ўқиб, масжиддан уйига қайтади.

Эрталаб барвақт ишхонасига кириб келганини кўрган ҳамкасблари ҳайрон бўлиб: «Мошооллоҳ! Бугун қандай бўлиб, вақтида ишга келиб қолибсан?!!», дейишади. Чунки, ҳаммаси унинг аҳволидан хабардор, бу пайт қотиб ухлаб ётишини, ҳеч қачон ишга келмаслигини яхши билишарди. Йигит бўлиб ўтган воқеани айтиб беради, улар унинг юзида тавба синиқлигига – истасангиз тавба маҳобатига, тавбанинг улуғворлигига, тавба нурига деб атанг – гувоҳ бўлишади. Унинг уйқусиз ва ҳорғин аҳволини кўрган бошлиғи: «Майли, уйингга бориб, дамингни ол. Кечқурун бирга ўтирамиз, шунда бизга тавбанг ҳақида батафсил сўзлаб берасан», деб эртароқ жавоб бериб юборади.

Пешиндан илгарироқ уйига қайтган йигит йиғи-сиғи ва дод-фарёд устидан чиқади.

«Нима гап?! Нима бўлди?!!» деб сўрайди..

«Қизинг вафот этди», дейишади.

Нима?! Қизим вафот этди?! Мени зулматлардан нурга олиб чиққан шамчироғим сўндими?!! Аллоҳ тавбамни унинг қўлида қилган қизалоғим, покиза қизим ўлдими?!! Мен унга энг муҳтож бўлган кунда, тавбамнинг ҳақиқийлигини унга амалий равишда исботлаб беришни истаганим кунда вафот этдими?!!…

Бечора ота қизчасини ўз қўли билан ювиб, ўзи кафанлаб, ўзи қабрга қўйишга қарор қилади. Уни бундан қайтармоқчи бўлганларга: «Йўқ, мени ўз ҳолимга қўйинглар! Мени зулматлардан нурга олиб чиққан нурим билан видолашишга қўйиб беринглар!», дейди..

Йигитнинг тавбаси чин эди.. Сидқидилдан Аллоҳга тавба қилган эди у…

Шундан сўнг қайтиб зинога қадам босмади, қайтиб оғзига ичкилик олмади. Аллоҳдан барчаларимизни динида собитқадам қилишини сўрайман.

Ҳой йигит! Гуноҳларинг ҳар қанча кўп бўлса ҳам, асло ноумид бўлма, умидсизликка тушма!

Мана шу яшаб турган шаҳримиз – Мансуранинг маҳаллаларидан бирида истиқом қиладиган бир йигитнинг ўз оғзидан эшитган гапларни сизга айтиб бераман. Аллоҳга қасамки, бу гапни унинг ўзи сўзлаб берган.

Шу куни ушбу маҳаллада жойлашган масжидда шом билан хуфтон оралиғида менинг муҳозарам (маъруза, мавъиза) бўлиб, унда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари ҳақидаги мавзуда сўз юритган эканман. Муҳозарага келган одамлар кўплигидан биродарлар масжид ташқарисига ҳам тўшамалар тўшаб, анча одам ташқарида ҳам ўтирган экан.

Шунинг учун ҳам кўпинча айтаманки, илмий муҳозараларда мусулмонларнинг сони кўп бўлишининг ўзи ҳам бир даъват.

Шу маҳаллада истиқомат қиладиган учта ўсмир йигит чўнтакларидами, сумкаларидами анчагина наша билан кўчага чиқишган, қилар ишлари кечасида маҳаллама-маҳалла айланиб, бангиларга ушбу товарларини майдалаб сотиш экан. Ушбу йигитчалардан бири менга кейин шундай сўзлаб берганди:

Аллоҳга қасамки, эй шайх, шу куни кўчаларда жуда кўпчилик соқоллиларга кўзим тушди, шаҳарнинг бошқа даҳаларидан ҳам одамлар маҳалламизга келишаётган эди. Биз ҳайрон бўлиб, «бугун мунча кўп соқоллилар инидан чиқиб қолишибди?», деб сўраган эдик, «бугун мана бу масжидда Муҳаммад Ҳассон деган шайхнинг маърузаси бор», дейишди. «Нима сотаркан?» деб сўрасак, «Муҳозара, унда Аллоҳ айтди, Пайғамбари айтди, деган гаплар бўлади», дейишди.

Шунда ёнимдаги икки шеригимга: «Ҳали вақт эрта, нашани барибир сал қоронғи тушганда тарқатамиз. Кеч киргунича шу ерда манавилар билан ўтириб турсак, нима дейсизлар?», дедим. Кейин шу ерда ўтирдик, Аллоҳга қасамки, ёнимизда анчагина наша бор эди. Сиз эй шайх, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари ҳақида гапираётган экансиз. Қасам ичиб айтаманки, юрагимга титроқ кириб, вужудим зириллаб, худди умримда биринчи марта йиғлаётгандек, кўзларимдан ёш қуйила бошлади ва ўзимни Пайғамбаримизнинг хоналарида, у зот вафот этган ва ювилаётган ҳолатда тасаввур қилдим.

Хуфтон намозига азон айтилгач, беихтиёр таҳоратхонага қараб юрдим, шу ерда ювиниб, баданимдаги нопокликдан халос бўлдим, ёнимдаги нашаларни ҳам хожатонага ташлаб юбордим. Кейин чиқиб, ҳамма билан намоз ўқидим, тавба лаззатини ҳис қилдим, Аллоҳга қайтиш ҳаловатини тотиб кўрдим. Намоздан кейин иккала шеригимга қатъий қилиб: «Бугундан бошлаб, йўлимиз бошқа-бошқа», дедим. Улар ҳам: «Шу пайтгача гуноҳда бирга бўлдик, энди буёғига тавбада ҳам бирга бўламиз», деб жавоб беришди…

Аллоҳга қасамки, бугун ўша йигит бизнинг шогирдларимиз қаторида бир толиби илм бўлиб юрибди, дарсларимизга қолдирмай келади, юзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари кўрк бериб турибди.

Севикли биродарим! Гуноҳинг ҳар қанча кўп ва катта бўлса ҳам, умидсиз бўлма, Аллоҳга қайт, тавба қил!

Шуни яхши билгинки, сен агар: «Эй Роббим, мени тавбага муваффақ айлагин» десанг, албатта Аллоҳ сенга тавба йўлини енгил қилиб қўяди.

«Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

«Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. (Унинг хоҳишига қарши турувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир» (Талоқ: 2, 3).

Ёш биродарим, ким Унга таваккул қилса, Унинг ўзи кифоя қилади. Ким Унга ишини топширса, Унинг ўзи тўғриликка йўллайди. Аллоҳга тавба қилингиз! Ва билингизки, тавбанинг бир неча шартлари бор.

Суҳбатимизнинг навбатдаги қисмида қисқача шу ҳақда айтиб ўтамиз.

Тавбанинг шартлари

Биринчи шарти: Ихлос. Сиз қамоқдан қўрқиб, ё жазодан қўрқиб, ё одамларнинг маломатларидан ва шарманда бўлишдан қўрқиб тавба қилманг, фақат Аллоҳ учун тавба қилинг.

«Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир» (Баййина: 5).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

Иккинчи шарти: Гуноҳ ва маъсиятлардан тийилиш.

Учинчи шарти: Шу гуноҳни қайтиб қилмасликка азм қилиш.

Тўртинчи шарти: Солиҳ амалларни давомли қилиш.

Бешинчи шарти: Агар гуноҳ банданинг ҳаққига тааллуқли бўлса, ундан қутулиб олиш. Агар бировнинг молини ноҳақ олган бўлсангиз, уни қайтариб берасиз. Агар бировни ғийбат қилган бўлсангиз, унинг олдига бориб, мен сизнинг ғийбатингизни қилган эдим, дейиш шарт эмас, чунки кўнгли оғриб қолиши мумкин. Фақат Аллоҳга тавба қилишингиз ва ўша одамнинг ғийбатини қилганингиз мажлисда энди уни яхшилик билан зикр қилишингиз ва унинг ҳаққига Аллоҳга дуо қилишингиз кифоя қилади. Мана шу тавба бўлади.

Тавба йўлидаги тўсиқлар ва улардан қутулиш йўллари

Севикли дўстларим! Суҳбатимиз якунида Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилишни истаганимизда йўлимизда тўғаноқ бўладиган айрим тўсиқлар ҳақида гапириб ўтамиз.

1) Бандага гуноҳларни чиройли кўрсатувчи, шунингдек уни Парвардигорнинг раҳматидан умидсизликка туширувчи шайтон.

2) Аллоҳнинг гуноҳларни яшириши, бандага меҳрибонлиги ва неъматларидан маҳрум қилмаслиги.

3) Дунёга суяниб қолиш ва охиратдан машғул бўлиб қолиш.

4) Ёмонликка буюрувчи нафс.

5) Ёмон улфатлар.

Буюк ва Қудратли Парвардигордан бизларнинг тавбаларимизни мақбул айлашини сўраймиз.

Эй тавбаларни қабул этувчи Зот, Ўзинг тавбамизни қабул эт.

Эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи, Ўзинг бизга раҳм эт.

2010 йил 14-август

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.