Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Шафоат

Охират ҳовлиси силсиласи

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

الشفاعة

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Охират ҳовлиси» силсиласидан бугунги суҳбатимиз ўн биринчи суҳбат бўлади. Аввалги суҳбатимизда қиёматнинг даҳшатли ва вужудларни ларзага солувчи айрим кўринишлари ҳақида сўз юритган эдик. Одамлар маҳшаргоҳга йиғилган, вужудларни қўрқув ва ғам-қайғу эгаллаб олган, тиқилинчдан нафаслар бўғилган, қуёш бош устига бир мил миқдорида яқин келтирилган, ҳамма одамлар амалига ва Аллоҳга яқин-узоқлик ҳолига қараб терга ғарқ ботган, жаҳаннамнинг олиб келиб қўйилиши эса бор ғам-қайғуларни чўққисига етказиб қўйган..

Аллоҳ таоло мазкур кўринишни Қуръони каримда мана бундай тасвирлайди:

«23. (Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибрат(нинг фойдаси) қаёқдан тегсин?!

24. У: «Эҳ, кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амаллар) қилиб ўтган бўлсам», деб қолур!

25. У Кундаги (Аллоҳнинг) азоби каби ҳеч ким азоблай олмас!

26. Ва У зотнинг (кишан ва занжирлар билан) боғлаши каби ҳеч ким боғлай олмас!» (Вал-фажр: 23-26).

Ҳа.. Жаҳаннамни маҳшаргоҳга олиб келинади. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат кунида жаҳаннам олиб келинади ва унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади» (Муслим: №2842, Термизий: №2576).

Жаҳаннам келтирилиб, халойиқларни ўраб олгач ва халқларни кўргач, Аллоҳ таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ ғазабдан гуриллаб, даҳшатли овоз билан ўкиради.. Шунда ҳамма халойиқлар қўрқувнинг зўридан тиз чўкиб ўтириб қолишади.

Аллоҳ таоло бу кўринишни Қуръони каримда мана бундай тасвирлайди: «(У Кун­да) барча умматни (даҳшат ва изтироб-ла) тиз чўккан ҳолда кўрарсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар» (Жосия: 28).

Бу лаҳзаларда мўминларнинг қалблари жаннатга ошиқиб, интилади.. Жиноятчи кимсаларнинг қалблари эса дўзахдан қочиш илинжида потирлаб, қўрқув ва даҳшатдан қинидан чиқишга яқин бўлади.

Маҳшарда тураркан, жуда кўпчилик дунёда қилиб ўтган ишларига ҳасрат ва надомат қилиб, бармоқларини тишлаб қолади. Бироқ.. Ҳайҳот!! Вақт ўтган! Энди надомат фойда бермас!

Аллоҳ таоло айтади:

«26. Ўша кунда хақ-собит подшохлик (ёлғиз) Раҳмон учун бўлур (Чунки бошқа барча муваққат подшохликлар йўқ бўлиб битур!). У (кун) кофирларга кўп қийин кун бўлур.

27. У кунда бу золим қўлларини тишлаб (надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди,

28. Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди,

29. Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўювчидир» (Фурқон: 26-29).

Ана шундай оғир ҳолат юзага келгач, баъзи бир одамлар бир-бирларига мурожат қилиб: «Аҳвол жуда оғирлашиб кетди-ку! Бирор иложини қидирайлик! Ўртамизда тезроқ ажрим ва ҳисоб-китобни бошлашини сўраб, Парвардигорга илтижо қиладиган бирон киши йўқмикин?!», дейишади.

Шундан сўнг Аллоҳга воситачи бўлишларини илтимос қилиб, аввал Одам алайҳиссаломнинг, сўнг Нуҳнинг, сўнг Иброҳимнинг, сўнг Мусонинг, сўнг Ийсонинг ёнларига келадилар. Ҳаммалари: «Жоним, жоним» (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман), деб жавоб беришади. Ниҳоят улар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келадилар, у зот: «Майли, мен шафоатчи бўлай» дейдилар.

Бугун сизлар билан мана шу катта шафоат мавзусида суҳбатлашамиз.

Вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида суҳбатимизни қуйидаги бир неча мавзуларга бўлиб оламиз:

  1. Биринчи: Катта шафоат.
  2. Иккинчи: Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатларига мушарраф бўлувчи
    энг бахтли инсон ким?

Суҳбатимизга диққат-эътибор билан қарашингизни сўрайман. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Биринчи: Катта шафоат

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Мен қиёмат куни одамзотнинг саййидидирман. Биласизларми, нима сабабдан шундай?! Аллоҳ қиёмат куни аввалги-ю охиргиларни бир кенгликка йиғади. Жарчи уларга (овозини) эшиттира олади, кўраман деган одам ҳаммани кўриб туради. Қуёш уларга яқинлаштирилади. Одамлар тоқат қилолмайдиган ва кўтаролмайдиган даражада ғам-ғуссага ботиб қолишади. Шунда одамлар (бир-бирларига): «Нима аҳволга тушганингизни, сизларга нималар етганини кўрмаяпсизларми? Сизлар учун Раббингизга воситачи бўладиган бирон кишини (қидириб) кўрмайсизларми?!», дейишади. Баъзилари баъзиларига: «Оталарингиз Одам (алайҳиссалом ҳузурига боринглар)», дейишади. Сўнгра унинг олдига бориб: «Эй Одам, сиз башариятнинг отасисиз. Аллоҳ сизни Ўз қўли билан яратиб, руҳидан сизга пуфлаган, фаришталарига амр этганида улар сизга сажда қилишган, сизни жаннатда тургизган. Биз учун Раббингизга шафоатчи-воситачи бўлмайсизми?! Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. Шунда Одам алайҳиссалом: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. У мени дарахт (ҳосилини ейиш)дан ман этганида мен унга осийлик қилганман. Жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Мендан бошқасига боринглар, Нуҳнинг олдига боринглар», деб айтади. Улар Нуҳ ҳузурига бориб: «Эй Нуҳ! Сиз ер аҳлига (юборилган) биринчи пайғамбарсиз. Аллоҳ сизни “мудом шукр қилувчи банда”, деб номлаган. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?! Биз учун Раббингизга воситачи бўлмайсизми?!», дейишади. У ҳам: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен қавмимни дуоибад қилиб қўйганим бор. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар Иброҳим ҳузурига боринглар», деб айтади.. Шундан сўнг улар Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига бориб: «Сиз Аллоҳнинг пайғамбари ва ер аҳлидан халили-дўстидирсиз. Биз билан Раббингиз ўртасида шафоатчи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. У ҳам уларга: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен уч марта ёлғон сўзлаганман – шундай деб ўша (ёлғонлари)ни зикр қилади – жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Мусога боринглар», деб айтади. Шундан сўнг улар Мусо алайҳиссалом ҳузурига бориб: «Сиз Аллоҳнинг расулисиз, У сизни Ўз рисолати ва каломи (яъни Ўзи билан гаплаштириши) билан одамлардан афзал қилди. Биз билан Раббингиз ўртасида шафоатчи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. У ҳам уларга: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен бир одамни ўлдириб қўйганман. Уни ўлдиришга буюрилмагандим. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Ийсога боринглар», дейди. Улар Ийсо алайҳиссалом ҳузурига бориб: «Эй Ийсо! Сиз Аллоҳнинг расулисиз. Унинг Марямга ташлаган сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир)сиз. Сиз одамлар билан бешикдаёқ гаплашгансиз. Биз учун Раббингизга воситачи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. Шунда Ийсо ҳам: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай», дейди, ўзининг бирон гуноҳини зикр қилмайди ва: «Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га боринглар», дейди. Шундан сўнг улар менинг олдимга келиб: «Эй Муҳаммад! Сиз Аллоҳнинг расули ва пайғамбарларнинг сўнггисисиз. Аллоҳ аввалги-ю кейинги гуноҳларингизни кечирган. Биз учун Раббингизга воситачи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни кўрмаяпсизми?!», дейишади. Шунда мен (Раббим ҳузурига) йўл оламан ва Арш остига бориб, Раббимга сажда қилиб йиқиламан. Сўнгра Аллоҳ таоло мендан илгари ҳеч кимга илҳом қилмаган Ўзига айтиладиган мақтовлар ва чиройли ҳамду-санолар (айтиш)ни менга илҳом қилади. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Бошингизни кўтаринг. Тиланг, (тилагингиз) берилади. Шафоатчи (воситачи) бўлинг, шафоатингиз қабул қилинади», дейилади. Шунда мен бошимни кўтариб: «Эй Раббим! Умматим, умматим (яъни, умматимга раҳм қил)», дейман» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №3340, Муслим: №194, Термизий: №2436).

Севикли биродарим, келинг энди мазкур ҳадиснинг баъзи ўринларини биргаликда кўриб чиқамиз:

Одамлар бошига ғоят оғир ҳолат тушган.. Қуёш бошлар устига бир мил миқдорида яқинлаштирилган. Одамлар тоқат қилолмайдиган ва кўтаролмайдиган даражада ғам-ғуссага ботиб қолишган.. Шунда одамлар бир-бирларига: «Нима аҳволга тушганингизни, қандай оғир ҳолат бошимизга тушганини кўрмаяпсизларми? Биз учун Раббимизга воситачи бўладиган бирон кишини қидириб кўрмайсизларми?!», дейишади. Баъзилари баъзиларига: «Оталарингиз Одам (алайҳиссалом ҳузурига боринглар)», дейишади. Сўнгра унинг олдига бориб, шафоатчи бўлишини илтимос қилишса, у: «Жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Мендан бошқасига боринглар, Нуҳнинг олдига боринглар», деб жавоб беради. У куннинг даҳшатидан Ўзинг саломат сақлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!!

Шундан сўнг одамлар Нуҳ пайғамбар алайҳиссалом ҳузурига боришади. Даъват майдонининг толмас паҳлавони, одамларни 950 йил Аллоҳга даъват қилган улуғ зот ҳузурига, қавмини кечаю кундуз, махфию ошкор, тинимсиз даъват қилган, бироқ даъватига жуда камчилик кишилар ижобат қилган ўша улуғ Пайғамбар олдига боришади.

Аллоҳ таоло айтади:

«5. (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, албатта мен қавмимни кечаю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим.

6. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (иймондан) қочишни зиёда қилди, холос.

7. Дарвоқе, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) кийимларини ўрашиб, оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар.

8. Сўнгра, мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўпланган жойларда баланд овозда) даъват этдим.

9. Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим» (Нуҳ: 5-9).

Ушбу паҳлавон даъват учун биронта ҳам йўлни қолдирмай, ҳаммасига кириб чиққан, эллик кам минг йил тиним билмаган, хотиржам ухламаган, роҳат нималигини билмаган зот эди. Шундай улуғ зот бўлишига қарамай у киши ҳам: «Жоним, жоним, жоним.. Бошқага боринглар», деб айтади.

Ҳар бир пайғамбарга Аллоҳ таоло томонидан албатта ижобат этилувчи бир дуо берилган бўлади. Ҳамма пайғамбарлар ўша ўзларига берилган дуони шу дунёда қилишган, биргина бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни охиратга олиб қўйганлар. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир пайғамбарнинг ижобат қилинадиган дуоси бўлади, ҳар бир пайғамбар у дуони қилишга шошилган, мен эса уни қиёмат куни умматимнинг шафоати учун асраб қўйганман, у умматимдан Аллоҳга ширк келтирмай ўтган ҳар бир кишига – иншоаллоҳ – албатта етгусидир» (Муслим: №200).

Нуҳ пайғамбар қавмини дуоибад қилган эди. Аллоҳ таоло Қуръонда айтганидек:

«26. Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин.

27. Чунки, Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар» (Нуҳ: 26-27).

Шунинг учун у зот «Мен қавмимни дуоибад қилиб қўйганим бор. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Мендан бошқага боринглар», деб Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига йўллайдилар.

Шундан сўнг одамлар Иброҳим Халилуллоҳ алайҳиссалом ҳузурига боришади. Иброҳим алайҳиссалом ҳам уларга: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен уч марта ёлғон сўзлаганман – шундай деб ўша (ёлғонлари)ни зикр қилади – жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Мусога боринглар», дейдилар.

Иброҳим алайҳиссалом ёлғон сўзлаганми?!

У кишининг қачон, нима деб ёлғон сўзлаганини биласизми?!

Жавобни «Саҳиҳул Бухорий»дан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдан топамиз:

«Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғондан бошқа ҳеч ёлғон гапирмаган. Уларнинг иккитаси Аллоҳнинг зотида: «Мен беморман», (Вас-соффат: 89) деган гапи ва «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу (ҳайкал) қилди» (Анбиё: 63) деган гапидир. Биттаси эса Сора ҳақидадир. У киши бир жаббор (зўравон подшоҳ)нинг ерига борган, Сора ҳам унга ҳамроҳ эди. У (яъни, Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга: «Мана бу зўравон агар сени менинг хотиним эканингни билса, сен учун мендан ғолиб келади. Шунинг учун агар сендан сўраса, менинг синглим эканингни айтгин. Албатта, сен менинг Исломдаги синглимсан. Албатта, мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди. Улар ўша ерга кирганларида уни жабборнинг аҳлидан баъзилари кўриб қолиб, унинг олдига бориб: «Сенинг ерингга бир аёл келди. У сендан ўзгага муносиб эмас», деди. У одам юборди. Уни олиб келишди. Иброҳим алайҳиссалом намозга турди. У (яъни, Сора) унинг (яъни, жабборнинг) олдига кирганида ўзини тута олмай, қўлини унга узатди. Шунда унинг қўли қаттиқ тортишиб қолди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил, қўлимни бўшатиб юборсин. Сенга зарар етказмайман», деди. У (унинг айтганини) қилди. У (жаббор эса) яна (ёмонликка) қайтди. Яна қўли аввалгидан ҳам қаттиқроқ тортишиб қолди. Унга яна аввалги гапини қайтарди. У (яна унинг айтганини) қилди. У эса яна (ёмонликка) қайтди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил, қўлимни бўшатиб юборсин. Аллоҳга қасамки, сенга зарар етказмайман», деди. У (унинг айтганини) қилди. Шундан сўнг унинг қўли бўшалди. Жаббор уни олиб келган кишини чақириб: «Сен менга шайтонни олиб келибсан! Одамни олиб келмабсан! Уни менинг еримдан чиқариб юбор! Унга Ҳожарни бер!», деди. (Сора) кела бошлади. Иброҳим алайҳиссалом уни кўриб (намозни тугатиб унга) бурилди ва: «Нима гап?!» деди. «Яхшилик! Аллоҳ фожирнинг қўлини тийди ва хизматчи ҳам берди», деди».

Абу Ҳурайра: «Ана ўша сизнинг онангиздир, эй осмон суви фарзандлари!» дедилар. (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №3358, Муслим: №2371).

Иброҳим алайҳиссаломнинг (аслида, ёлғон деб аташга ҳам арзимайдиган) ёлғонлари мана шу эди. У киши мана шу ёлғонларини зикр қилиб: «Мендан бошқага боринглар, Мусога боринглар! У Калимуллоҳдир, Аллоҳ уни рисолатига ва каломига танлаб олгандир», дейдилар.

Аммо, Мусо калимуллоҳ ҳам: «Жоним, жоним, жоним… Мендан бошқага боринглар, Ийсога боринглар», дейдилар.

Улар Ийсо алайҳиссалом ҳузурига боришади. Шунда Ийсо ҳам: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га боринглар», дейди ва ўзининг бирон гуноҳини зикр қилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шундан сўнг улар менинг олдимга келадилар. Мен: «Майли, мен бу ишни ўз зиммамга оламан», дейман. Сўнгра (Раббим ҳузурига) йўл оламан ва Арш остига бориб, Раббимга саждага бош қўяман. Сўнгра Аллоҳ таоло мендан илгари ҳеч кимга илҳом қилмаган Ўзига айтиладиган мақтовлар ва чиройли ҳамду-санолар (айтиш)ни менга илҳом қилади. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Бошингизни кўтаринг. Тиланг, (тилагингиз) берилади. Шафоатчи (воситачи) бўлинг, шафоатингиз қабул қилинади», дейилади. Шунда мен бошимни кўтариб: «Эй Раббим! Умматим, умматим (яъни, умматимга раҳм қил)», дейман».

Субҳаналлоҳ!! Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматга бўлган муҳаббатларини!! У зот ҳақиқатан буюк қалб эгаси, ғоят раҳмдил зот эдилар. Аллоҳ таоло у зот ҳақларида айтганидек: «барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар» (Тавба: 128) эдилар.

Бир куни у зот Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида нозил қилган: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)» (Иброҳим: 36) оятини ўқидилар.

Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида нозил қилган: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида: 118) оятини ўқидилар.

Сўнг йиғладилар. Шунда Аллоҳ Жибрилни у зот ҳузурларига туширди ва Ўзи яхши билгани ҳолда: «Эй Жибрил, Муҳаммаддан сўра-чи, нега йиғлаяпти экан?», деди. Жибрил тушиб: «Нега йиғлаяпсиз, эй Аллоҳнинг Расули?», деб сўради. «Умматим.. умматим, эй Жибрил!», дедилар у зот. Жибрил Буюк Подшоҳ ҳузурига кўтарилиб – У Ўзи билгувчироқ бўлгани ҳолда – «Уммати учун йиғлаяпти экан», деди. У Жибрилга деди: «Муҳаммад ҳузурига тушиб, айтгин, Биз уни уммати хусусида албатта рози қиламиз ва асло хафа қилмаймиз».

У зот: «Эй Раббим! Умматим… Умматим… Умматим», дейдилар.

Табарий, Табароний, Байҳақий, Абу Яъло ривоят қилган, Суютий келтирган ва Ибн Абил-Из ал-Ҳанафий далил қилиб олиб келган сур ҳақидаги узун ҳадисда ривоят қилинишича – илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, бу ҳадис заифдир, чунки ровийлар силсиласида Исмоил ибн Рофиъ бор, жарҳ ва таъдил илми уламолари сўзларига кўра, у заифдир. Яна унда Муҳаммад ибн Зиёд бор, у мажҳулдир. Бироқ, бу ҳадисда юқорида мен келтирган Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадис сиёқига мувофиқлик бордир – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шунда мен Арш остида саждага бош қўяман. Кейин менга – Унинг Ўзи яхши билувчи бўлгани ҳолда ­– «Нима истайсан?», дейилади». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Раббим, менга шафоат ваъда қилгансан, халқларинг хусусида менинг шафоатимни қабул қилиб, улар ўртасида ҳукм қилгайсан», дейдилар. Аллоҳ жалла ва ало: «Мен сени шафоатингни қабул қилдим.. Мен сизларнинг ўртангизда ҳукм қилиш учун бораман», дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кейин мен маҳшаргоҳда одамлар билан бирга туриш учун ортимга қайтаман. Бутун башарият Малик жалла жалолуҳунинг келишини кутади.

У зот Ўзининг камоли ва жалолига мос бўлган ҳолда келади. Бу ҳақда кўнглингизга келган ҳар қандай кўриниш ва тасаввурларни тарк қилинг, Аллоҳ таоло унинг хилофича бўлади. «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11).

Тушиш сифати, юриш сифати, келиш сифати, ғазаб сифати ва шу каби Аллоҳ таолонинг барча сифатларини Унинг Ўзи ёки Пайғамбари қандай айтган бўлсалар, шундай исбот қиламиз (яъни тасдиқлаймиз), таҳриф, ташбиҳ, такйиф, таътил, тамсил қилмаймиз.

Мисол учун, Аллоҳ таоло: «У Ўз аршига кўтарилган Раҳмондир» (Тоҳа: 5), деган.

Уламоларимиз айтадилар: Аллоҳ Ўзи хабар берганидек ва Ўзи хоҳлаган кўринишда ва Ўзи айтган маънода, биз билган маънодаги тушиш ва кўчишдан пок ҳолда кўтарилгандир.

(Шеър мазмуни)

«Арш Уни кўтарувчи эмасдир, курсий Унга суянчиқ ҳам эмасдир.

Аксинча, арш ва уни кўтарувчилар ҳам, курсий ва унинг улуғворлиги ҳам, барча-барчаси Унинг қудрати лутфи билан кўтарилган, Унинг қабзаси билан мақҳур (бўйсундирилган)».

Истиво (кўтарилиш) маълум, кайфияти мажҳул, унга иймон келтириш фарз, у ҳақда савол қилиш бидъатдир.

Бир киши Исҳоқ ибн Роҳавайҳга деди: «Эй Исҳоқ! Сизлар қандай қилиб ҳар кеча ўз аршидан дунё осмонига тушадиган илоҳга ишонасизлар?!».

У деди: «Эй, сен! Гарчи сен ишонмасанг-да, биз ҳар кеча Ўз аршидан дуё осмонига тушадиган ва арши ҳам Ундан холи қолмайдиган илоҳга ишонамиз!!».

Қани, қай биримиз чумолининг гапиришини тасаввур қилардик?! Ҳар биримиз ҳам Қуръондаги мана бу оятни ўқигандан кейингина буни билган ва тасдиқ қилган: «То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деди» (Намл: 18).

Қай биримиз илонни қорни билан судралиб юришини кўрмасидан олдин бирон жонзотнинг оёқларсиз, қорни билан юришини тасаввур қиларди?!

Кимда-ким Аллоҳнинг зоти қандайлигини биламан деб даъво қилса, унинг даъвоси пуч бўлиб қолаверади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).

Жалла жалолуҳ.. Тенги йўқ, ўхшаши йўқ, мисли йўқ, баробари йўқ.

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У Аллоҳ Бирдир. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У аввал ва охир зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 1-4).

Савол: Ким бутун башарият ўртасида ажрим қилишини сўраб, Аллоҳга воситачи бўлади?

Бу шарафли ва оғир вазифани Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз зиммаларига оладилар.

Муваҳҳид дўстларим! Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрларини фақат Аллоҳ таоло билади!!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрлари Аллоҳнинг ҳузурида жуда буюкдир!

У зот мустафо – танлаб олинган, мужтабо – саралаб олинган зотдирлар. Аллоҳ таоло башарият ичидан пайғамбарларни танлаб олган, пайғамбарлар ичидан расулларни танлаб олган, расуллар ичидан улул-азм бўлган зотларни танлаб олган, мазкур улул-азм бўлган бешта улуғ пайғамбар ичидан Иброҳим ва Муҳаммад Мустафони танлаб олган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни танлаб, бутун башариятдан муфаззал қилган, у зотнинг қалбларини очган, зикр-номларини кўтарган, гуноҳларини кечирган, у зотни барча жиҳатдан поклаган.

Ақллари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Сизларнинг соҳибингиз (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ!» (Ван-нажм: 2).

Ростгўйликлари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «У (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас» (Ван-нажм: 3).

Кўнгиллари жиҳатидан поклаган:

Аллоҳ таоло айтади: «(Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади» (Ван-нажм: 11).

Илмлари жиҳатидан поклаган:

Аллоҳ таоло айтади: «Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни Жаброил алайҳис-салом) таълим бергандир» (Ван-нажм: 5).

Қалблари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизнинг қалбингизни (иймон ва Қуръон нури билан) кенг-мунаввар қилиб қўймадикми?» (Шарҳ: 1).

Елкаларини поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Ва Биз сиздан елкангизни эзиб турган оғир юкингизни олиб қўйдик» (Шарҳ: 2-3).

Зикрлари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: Ва Биз сизнинг зикрингизни (яъни номингизни) баланд қилиб қўйдик» (Шарҳ: 4).

Меҳрибонликлари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар» (Тавба: 128).

У зотнинг бутун вужудларини поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Қалам: 4).

Ота-онам у зотга фидо бўлсин..

У зот қиёмат соатида ҳамма учун энг зарурий инсон бўладилар..

Маҳшар еридаги барча пайғамбарлар ҳавас қилувчи мақтовли мақом соҳибидирлар. Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга бу мақомни ваъда қилгандир: «Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур» (Исро: 79).

Мақтовли мақом шудир. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мен қиёмат куни одамзотнинг саййидиман, қабри биринчи бўлиб ёриладиган киши менман, энг биринчи шафоатчи ва шафоати қабул қилинувчи ҳам менман». (Муслим: №1178, Абу Довуд: №4763, Термизий: №3615).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен ва ўтган пайғамбарларнинг мисоли шундайки, бир киши иморат бино қилди, уни жуда чиройли ва яхши қилиб қурди-ю, бинонинг бир бурчида фақат бир ғиштнинг ўрни очиқ қолди. Одамлар уйни айланиб кўриб, қойил қолишади ва: «Мана шу ғишт ҳам қўйилганидами?!», дейишади. Мен ўша ғишт (мисолида)ман ва мен пайғамбарларнинг охиргисиман» (Бухорий: №3535, Муслим: №2286).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен (бошқа) пайғамбарлардан олти нарса билан афзал қилиндим: менга жавомиъ ал-калим (қисқа, лекин етук маъноларни ўз ичига олган сўзлар айтиш) берилди, (Бухорий ривоятида: бир ойлик масофа ичида душманларим қалбида) қўрқув билан нусратландим, менга ўлжалар ҳалол қилинди, ер мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда) таҳоратга яроқли қилинди, барча халқларга пайғамбар қилиб юборилдим, мен билан пайғамбарлар ниҳоясига етди» (Бухорий: №2977, Муслим: №523, Термизий: №1553, Насоий: 6/304).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақомлари ана шундай улуғдир.

Аллоҳ таоло саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қандай одоб сақлашлари, у зотни қандай эҳтиром қилишлари, у зотга хитоб қилишда қандай одобларга риоя қилишлари кераклигини таълим берувчи оятлар нозил қилди.

Лекин.. Бугунга келиб, умматга нима бўлди?!

Бугун уммат ўз пайғамбарининг қадрига етмай қўйди, пайғамбарини керакли даражада эҳтиром қилмай қўйди, у зотга нисбатан одобни унутди. Уммат у зотнинг шариатларидан юз ўгирди, у зотнинг суннатларини ҳаётдан четлатди. Уммат бугунга келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаш фақат мавлуд кечаларида у зотнинг мақтовларини завқ билан куйлаш деб биладиган бўлиб қолди.

Уммат бугун фақат куй-қўшиқ ва рақсни дўндиради. У ҳазил-ҳузулга ўч бўлиб, жиддийлик ва мардлик тушунчаларини унутди.

Уммат ўз пайғамбарига муҳаббатни даъво қилади, ҳар хил маросимларда у зот шаънларига мақтовли куй-ғазаллар ўқийди. Ваҳоланки, у зотнинг шариатларини ҳаётдан четлатган, суннатларидан юз ўгирган. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Қиёмат майдонига қайтамиз. Қуёш шундоққина бошлар устида қиздирган.. Тиқилинчнинг ўзиёқ нафасларни бўғиб юборади.. Одам атодан тортиб то қиёматгача яшаб ўтган одамзотнинг ҳаммаси қўрқув ва даҳшат ичида, ҳамма бир майдонга йиғилган.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳавзлари устида турибдилар. Ҳавзнинг суви сутдан оқ, асалдан ширин, мушкдан хушбўй. Кўзаларининг сони осмон юлдузлари сонича. Ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидан бир бор нўш этган киши шундан кейин ҳеч қачон ташналик нималигини билмайди (Бухорий: №6579, Муслим: №2292).

Имом Бухорий Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Мен қиёмат куни сизлардан олдин ҳавзга бориб турувчидирман. Ким менинг олдимдан ўтса, ундан ичади. Ким ичса, ҳеч қачон ташна бўлмайди. Ҳавз олдига бир қавм келади, мен уларни танийман, улар ҳам мени танийдилар. Сўнг мен билан улар ўртамиз тўсиб қўйилади. Шунда мен: «Улар менинг умматимдан, улар менинг умматимдан», дейман. Менга: «Сиздан кейин улар нима ишлар пайдо қилишганини сиз билмайсиз», дейилади. Шунда мен: «Мендан кейин ўзгартириб юборганларга (Аллоҳнинг раҳматидан) узоқлик бўлсин, узоқлик бўлсин», дейман» (Бухорий: 6576, Муслим: №2304).

Бунинг маъноси шуки, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига эргашиш зафар ва нажот йўлидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига тўла бўйсунган, у зотнинг қайтариқларидан буткул тийилган муваҳҳид зотларга боқинг, улар ҳатто умрларининг охирги лаҳзаларида ҳам қандай ҳолда бўлганларини билиб оласиз.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётган ҳолларида тунга бориб, дардлари оғирлашиб қолди. Шунда асҳобларига боқиб: «Тонг отдими?!», деб сўрай бошладилар. Улар: «Йўқ, ҳали тонг отмади», дейишарди. Муоз йиғлаб: «Тонги дўзах сари олиб борадиган тундан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», дердилар.

Муоз ибн Жабалдек улуғ саҳоба дўзах аҳлидан бўлиб қолишдан шундоқ қўрқардилар!!

Умматнинг Форуқи (ҳақ ва ботил ўртасини ажратувчиси) бўлган Умар розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётарканлар, Ибн Аббос у кишининг шаънларида яхши мақтов сўзлар айтадилар. Шунда Умар айтадилар: «Аллоҳга қасамки, агар ер юзи тўла олтиним бўлса, Аллоҳнинг азобини кўрмай туриб, ундан шу билан қутулишга жон деб рози бўлардим. Истардимки, дунёдан на фойда, на зиён кўрган ҳолда чиқиб кетсам!»

Субҳаналлоҳ!!

Бир киши Оиша розияллоҳу анҳодан сўради: «Эй онажон, менга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тушунтириб беринг: «Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32)».

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Эй болам, яхшиликларга шошилувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтган ва у зот улар ҳақларида жаннат хушхабарини берган кишилардир. Ўртачалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан эргашиб, уларга етиб олган саҳобалардир. Ўз жонига жабр қилувсилар эса сен билан бизга ўхшаганлардир».

Қаранг, Оиша розияллоҳу анҳо ўзларини сизу биз билан бир қаторга қўймоқдалар!! Бизга ўхшаган гуноҳкорлар ва ўз жонига зулм қилганлар сафига қўймоқдалар ўзларини!!

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Ҳаммод ибн Салама кириб: «Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ! Сиз ўзингиз Ундан мудом умидвор бўлган, раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот ҳузурига йўл олмоқдасиз», дедилар.

Суфён йиғладилар ва: «Эй Ҳаммод! Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайманки, мендек бир кимсани дўзахдан қутулиб қолади деб гумон қиласанми?!», дедилар.

Қаранг, улар қандай бўлганлар?! Нималар деганлар?! Энди қаранг, биз қандай аҳволга келиб қолдик?! Нималар демоқдамиз?!

Ҳайҳот!! Жуда катта фарқ бор!!

Биз ҳаммамиз ҳам: «Бизлардан қай биримиз жаннатга кирмас эканмиз?! Қай биримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларидан маҳрум бўларканмиз?!», деймиз.

Юқорида келган, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг йўлларини ўзгартириб, суннатларидан бурилиб кетган қавмларни ўзларидан тўсилишини хабар бермоқдалар.

Буюк Аллоҳдан сизу бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини ва бизни Ўз раҳмати остига олишини сўрайман.

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Иккинчи: Қиёмат куни Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатларига мушарраф бўлувчи энг бахтли инсон ким?

Бугунги суҳбатимизнинг сўнгги моддаси шу ҳақда бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31).

Ўзини ҳақиқий мусулмонман деган ҳар бир киши ўзига савол бериб кўрсин: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига бўйнсундимми?! У зот қайтарган ишлардан тийилдимми?! Тилим дилим билан ва бошқа аъзоларим билан боғланганми?!

Барча ишларимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига муҳаббат ва ихлос билан эргашдимми?!

Шоир айтганидек:

«Ким Пайғамбар севгисини даъво қилса-ю, унинг йўлидан юрмаса, унинг даъвоси қуруқ гапдир.

Агар севгиси чин бўлса, севгининг энг биринчи шарти итоат ва вафодир».

Аллоҳ йўлидаги дўстим! Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатларига мушарраф бўлувчи энг бахтли инсон ким бўлади?

Жавобни бевосита «Саҳиҳул Бухорий»дан топамиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни сизнинг шафоатингиз ила энг саодатли бўлувчи инсон ким?» деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Ҳурайра, сизнинг ҳадисга бўлган иштиёқингизни кўрганим учун сиздан аввал бирор киши бу ҳадис ҳақида мендан сўрамайди, деб ўйлаган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир», дедилар (Бухорий: №99).

Ибн Ҳиббон ривоятида: «Менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган, дили тилини тасдиқлайдиган, тили дилини тасдиқлайдиган кишидир».

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир пайғамбарнинг ижобат қилинадиган дуоси бўлади, ҳар бир пайғамбар у дуони қилишга шошилган, мен эса уни қиёмат куни умматимнинг шафоати учун асраб қўйганман, у умматимдан Аллоҳга ширк келтирмай ўтган ҳар бир кишига – иншоаллоҳ – албатта етгусидир» (Муслим: №200).

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни сизни шафоат қилишлари учун ўта муҳим бир шартни тўла-тўкис қилишингиз лозим бўларкан. Бу шарт – тавҳидни рўёбга чиқаришдир, тавҳид калимасини сидқидилдан айтишдир.

Одамлар борки, ушбу калимани тилда қайтаришади, бироқ, нима деяётганини билишмайди. Одамлар борки, ибодатни Аллоҳ азза ва жаллага холис қилишмайди, балки бунда бошқаларни У зотга шерик қилишади.

Одамлар борки, тили билан «ла илаҳа иллаллоҳ»ни қайта-қайта айтишади. Кейин эса хоҳиш-ҳавосига тўғри келган ҳар қандай ишларни ҳеч тортинмай қилишади, Исломни бир четга суриб қўйиб, кўнгиллари чопган йўлни танлашади.

Одамлар борки, тавҳид калимасини айтишади, бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига эргашишмайди.

Одамлар борки, тавҳид калимасини айтишади, бироқ валоъ ва бароъ (Исломдаги дўст ва душман тушунчаси)га бепарво қарашади.

Одамлар борки, тили билан «ла илаҳа иллаллоҳ»ни қайта-қайта айтишади. Бироқ, намозни тарк қилган, закотни зое қилган, қодир бўла туриб, ҳажга боришни пайсалга солган, судхўрлик қилган, маст қилувчи ичимлик ичган, етимларнинг молини ноҳақ еган, амру наҳийларни эшитиб туриб, унга ҳеч қандай алоқаси йўқдек, истеҳзо билан елка қисиб кетаверади. Панд-насиҳатларни эшитиб туриб, унга тааллуқи йўқдек, кулгига олади.

Тавҳидда ихлос зарурдир. Тавҳид калимаси инсон фақат тилида қайтариб қўйиши билан кифоя қиладиган калима эмас. Балки, иймон – тил билан талаффуз қилиш, дил билан тасдиқлаш, аъзолар билан амал қилишдир..

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Иймон таҳаллий (зийнатланиш) ҳам, таманний (орзу-хаёл қилиш) ҳам эмасдир, балки у қалбларда ўрнашган ва амаллар уни тасдиқлаган нарсадир. Ким яхшиликни гапирса ва яхши амал қилса, ундан қабул қилинади. Ким яхшиликни гапирса ва ёмон амал қилса, ундан қабул қилинмайди».

«Саҳиҳайн»да Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва расули, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, расули, чўрисининг ўғли ва Марямга туширган сўзидир, жаннат ва дўзах ҳақдир деб гувоҳлик берса, амали қандай бўлган бўлмасин, Аллоҳ уни жаннатга киритади» дедилар (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №3435, Муслим: №2640).

Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоятида: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир».

Аллоҳга қасамки, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатлари билан фақатгина ихлос билан тавҳидни рўёбга чиқарган кишигина, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга чин дилдан эргашган кишигина саодатли бўлади.

Имом Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шунингдек Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: «Эй Одам фарзанди, мудом Менга дуо қилар экансан ва Мендан умид қилар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам (қандай катта гуноҳ бўлишидан) қатъий назар кечираман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмондаги булутларга қадар етиб борса ва Мендан мағфират сўрасанг, (қандай катта гуноҳлигидан) қатъий назар, мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди, агар Менинг ҳузуримга ер юзичалик гуноҳлар билан келсанг-у, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзичалик мағфират билан рўбарў бўламан» (Термизий: (2/270), Доримий (2/322), Аҳмад (5/172) ривоятлари).

Бу тавҳиддир.. Қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатлари ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир. Тавҳид калимаси Аллоҳ таоло томонидан жуда оғир шартларга боғлиқ қилиб қўйилган.

Бу калима бир пок дарахтдир, унинг илдизлари муҳаббат ва ихлос, танаси, ишонч ва қабул, барглари бўйсунишдир. У сувсиз ва нурсиз яшай олмайди, илм унга нур, сидқ-ростгўйлик унга сувдир.

Улуғ арш соҳиби бўлган Буюк Аллоҳдан оқибатларимизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодирдир.

2011 йил 11-сентябр

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.