Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Қайта тирилиш нафхаси

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

نفخة البعث

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Бугунги суҳбатимиз «Охират ҳовлиси силсиласи»дан тўққизинчи суҳбат бўлади. Унда биз қиёмат қоим бўлиш пайтида юз берадиган улкан бир ҳодиса – сур чалиниши ҳодисаси ҳақидаги сўзни давом эттирамиз.

Аллоҳ таоло айтади:

«68. Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар.

69. Ер (яъни маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди; китоб – номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди.

70. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди, (Аллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши билур» (Зумар: 68-70).

Аввалги суҳбатимизда сур ҳақида умумий маълумот берган, сўнгра унинг даҳшат нафхаси ва ўлиб йиқилиш нафхаси ҳақида сўзлаб ўтган эдик. Бугун сурнинг қайта тирилиш нафхаси (чалиниши) ҳақида сўз юритамиз.

Вақтдан унумли фойдаланиш учун одатимизга кўра, суҳбатимизни қуйидаги бир неча бўлига бўлиб оламиз:

  1. Биринчи: Қайта тирилиш нафхаси.
  2. Иккинчи: Қайта тирилишга Қуръон ва Суннатдан далиллар.
  3. Учинчи: Ким нимада ўлса, ўшанда тирилади.

Ўтган суҳбатимизда сур чалиниши ортидан борлиқдаги бутун жонзотнинг ўлиб йиқилиши, барча халойиқлар фанога юз тутганидан кейин подшоҳлар Подшоҳи Аллоҳ таоло: «Қани подшоҳлар?! Қани зўравонлар?! Қани мутакаббирлар?!» деб хитоб қилиши, сўнг ўз овози билан: «Бугун мулк кимники?!» деб нидо қилиши, ҳеч ким жавоб беролмагач, Ўзи: «Ягона Қаҳҳор Аллоҳники!!», деб жвоб бериши ҳақида гапириб келаётган эдик.

Барча махлуқот ўлди.. Якка, Ягона, Беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, Унга биров тенг бўлмаган Аллоҳнинг Ўзи қолди.. Аввал Ўзи бўлганидек, Охир ҳам Ўзи бўлди.

«Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани билувчидир» (Ҳадид: 3).

Аллоҳ аввалдир, яъни У азалий зот бўлиб, Ундан аввал бирон нарса ўтган эмас;

Аллоҳ охирдир, яъни У абадий-мангу зот бўлиб, барча нарса йўқ бўлгай, лекин Унинг интиҳоси йўқдир;

Аллоҳ зоҳирдир, Ундан юқорида бирон нарса йўқдир;

Аллоҳ ботиндир, Ундан қуйида-яқинда бирон нарса йўқдир.

Биринчи: Қайта тирилиш нафхаси

Аллоҳга қасамки, илми ҳамма нарсани қамраб олган Зотдан ўзга ҳеч ким буни билолмайди.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Икки нафха ўртасида қирқ… бордир».

«Эй Абу Ҳурайра, қирқ кунми?», деб сўрашди.

«Ибо қилдим», дедилар Абу Ҳурайра.

«Қирқ ойми?», деб сўрашди. «Ибо қилдим», дедилар яна Абу Ҳурайра.

«Қирқ йилми?», деб сўрашди. «Ибо қилдим», дедилар Абу Ҳурайра яна.

Ибо қилдим, дегани маъносини биласизми?

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашга ибо қилдим, унинг илми Аллоҳ ҳузуридадир, дедилар у киши. (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №4814, Муслим: №2955).

Ўша қирқ ўтганидан кейин Аллоҳ таоло бутун махлуқотини яна қайта тирилтиришни истаган пайт осмондан сув ёғдиради. Шу сув билан ер остида, қабрлар ичида ётган жасадлар худди ўсимликлар унганидек унади.

«Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир одам фарзанди чириб йўқ бўлиб кетади, фақат ажбуз-занаб қолади. Одамзот шундан яралган ва (яна қайтиб) шундан таркиб топади». (Муслим: №2955).

Ажбуз-занаб умуртқа поғонасининг охирида жойлашган ўта кичик хажмдаги суякдир. Одам ўлиб, вужуди чириб, тупроққа қўшилиб кетиши, куйиб кулга айланиши ёки бирор ҳайвонга ем бўлиши мумкин. Аммо, мазкур ажбуз-занаб қолади. Қиёмат куни осмондан ёққан сув таъсирида одамнинг жасади худди ўсимликнинг уруғига ёмғир таъсир қилиб, униб чиққанидек униб чиқади.

Аллоҳ таоло халойиқларни тирилтиришни истаган пайт ўша майда суякдан уларни қайта таркиб топтиради. Жасад тупроққа қўйилган бўлсин, сувга чўккан бўлсин, йиртқичларга ем бўлган бўлсин, фарқсиз, Аллоҳ таоло уни ўша ажбуз-занаб аталган майдагина суягидан яна қайта таркиб топтиради. Қабрлардаги жасадлар инсон шаклига киради. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Исрофилга амр этади, у сурни оғзига олиб бориб, қайта тирилиш нафхасини уради. Шунда руҳлар чиқиб келади. Мўминларнинг руҳлари нурли, мушрикларнинг руҳлари зулматли бўлиб чиқади. Руҳлар жасадларга худди заҳар жисмга таралгани каби таралади. Шундан сўнг Аллоҳ таоло ерга амр этади, ер силкиниб, ёрилади ва бағрида ётган Одам алайҳиссаломдан тортиб то қиёматгача ўтган инсонларни ташқарига чиқаради.

Аллоҳ таоло айтади:

«68. Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар.

69. Ер (яъни маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди; китоб – номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди.

70. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди, (Аллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши билур» (Зумар: 68-70).

Аллоҳ таоло айтади:

«51. (Қиёмат соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари ҳузурига (ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар.

52. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?» деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса Қиёматдир».

53. Фақатгина бир даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг
барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилинувчидирлар.

54. Мана бу Кунда ҳеч бир жонга бирон зулм қилинмас ва сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган амалларингиз сабабли жазоланурсиз» (Ясин: 51-54).

Аллоҳ таоло айтади:

«41. Ва жарчи (Исрофил фаришта) яқин бир макондан туриб жар соладиган Кунда (унинг нидосига) қулоқ тутинг!

42. У Кунда улар (барча халойиқ) у даҳшатли кичқириқни ҳаққи-рост эшитурлар. Бу (қабрлардан тирилиб) чиқиш Кунидир!

43. Албатта Биз Ўзимиз (барча жонзотга) ҳаёт берурмиз ва ўлим берурмиз. Ёлғиз Бизга қайтиш бордир!

44. У Кунда уларнинг устидаги Ер ёрилиб, (улар) шошган ҳолларида (қабрларидан чиқиб келурлар). Бу (яъни Қиёмат Кунида барча халойиқни ҳисоб-китоб учун тўплаш) ёлғиз Бизгагина осон бўлган тўплашдир.

45. Биз улар (кофирлар) айтаётган сўзларни жуда яхши билурмиз. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз улар­нинг устида (дину иймонга) зўрловчи эмассиз. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг (кофирларни азоб-уқубатга гирифтор қилиш ҳақидаги) ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қилинг! (Қоф: 41-45).

Аллоҳ таоло айтади:

«1. Қачон Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан ларзага тушганида.

2. Ва Ер (ўз бағридаги хазинаю дафиналардан ва инсон жасадларидан иборат) «юк»ларини (юзага) чиқариб ташлаганида.

3. Ва (ҳаётлик пайтида қайта тирилишни инкор қилувчи бўлган) инсон (қайта тирилганидан даҳшатга тушиб: «Ерга» нима бўлди ўзи?) деб қолганида

4-5.Ана ўша Кунда Ер, Парвардигорингиз унга ваҳий қил(иб, сўзлашга буюр)гани сабабли ўз хабарларини сўзлар!

6. Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар!

7. Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур.

8. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!

(Залзала: 1-8).

Келинг, ушбу сура маъносини биргаликда кўриб чиқамиз:

«Қачон Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан ларзага тушганида ва Ер «юк»ларини (юзага) чиқариб ташлаганида..» Яъни, Ерда мисли кўрилмаган улкан зилзила содир бўлиб, у ўз бағрида яширган бутун махлуқотлар жасадларини чиқариб ташласа ва ҳолат тили билан: «Сизлар гуноҳ ва маъсиятларингиз билан менга жуда оғир юк бўлдингиз, мен сизларнинг қон тўкиш, талон-тарож, туғён, ўғирлик каби жуда кўп гуноҳларингизни кўтардим», деб айтса..

«Ва инсон: «Ерга нима бўлди ўзи?», деб қолганида..» Нима бўлди ўзи?! Нима унинг тинчлигини беқарорликка айлантирди?! Нима сабабдан ер бунча кучли силкинмоқда?!..

Ер уларга: «Аллоҳнинг амри шу!» деб жавоб беради. Субҳаналлоҳ! Ер гапиради!! Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси шу!!

«Ана ўша Кунда Ер, Парвардигорингиз унга ваҳий қил(иб, сўзлашга буюр)гани сабабли ўз хабарларини сўзлар!» Ўшанда сиз барча хабардан воқиф бўласиз, нима гаплигини ва нима ҳодиса юз берганини англаб етасиз. Бу ҳол Парвардигори оламнинг амри билан юз бераётганини тушунасиз.

«Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!».

Аллоҳ ҳаққи, бутун вужудингиз билан ўша ҳодисалар ичига киришга уриниб кўринг, ўзингизни юракларни қинидан чиқариб юборадиган ва борлиқни ларзага келтирадиган ўша кўринишлар ичида деб тасаввур қилинг.. Ер ёрилган, шарқу ғарбда, жанубу шимолда, ҳамма-ҳамма ерда қабрлар очилиб, ўз бағридаги жасадларни чиқариб ташлаган.. Ҳар бир қабрдан ўнлаб, юзлаб, балки минглаб жасадлар чиқиб келади.. Ҳамманинг кўзи фақат бир тарафга тикилган, ҳеч ким бошқа томонга қарамайди.. Ҳамма Парвардигори оламнинг буйруғи билан бутун инсониятни ҳали бировнинг қадами тегмаган янги ерга – Маҳшар ерига олиб бориш учун ўзига чорлаётган Улуғ Фариштага тикилиб қолган.

Аллоҳ таоло айтади:

«108. У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фаришта)га эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз.

109. У кунда шафоат-оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур).

110. У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар.

111. Юзлар хам Тирик ва абадий Турувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир» (Тоҳа: 108-111).

«У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фаришта)га эгилмай-бурилмай эргашурлар..» Ҳеч ким бурилмайди, бирон кимса ортда қолмайди.. Фаришта нидо қилади.. Эй чириган суяклар.. Эй чирик кафанлар.. Эй даҳшатдан бўм-бўш бўлиб қолган диллар.. Эй мўлтираган кўзлар.. Эй инсонлар.. Эй қабрлардаги одамлар.. Қудратли Подшоҳ ҳузурига ажрим ва ҳисоб-китоб учун чиқиш фурсати етди!

Биласизми, одамлар қабрлардан қай суратда чиқиб келишади?!

Одамлар қабрлардан ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда чиқиб келади.

Аллоҳ таоло айтади: «У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз» (Анбиё: 104).

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиласизлар», деганлар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ! Эркак-у аёллар бир-бирига қарайдилар-ку!», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, иш (яъни, аҳволнинг оғирлиги) бу нарса уларга аҳамиятли бўлишидан қаттиқроқ», деб жавоб берганлар (Бухорий: №6527, Муслим: №2859).

Аллоҳ таоло айтади:

«Бас, қачон (қулоқларни) кар қилувчи (даҳшатли қичқириқ) келганда (яъни сур чалиниб, барча халойиққа қайтадан жон ато этилганда ҳар бир инсон ўзи билан ўзи бўлиб қолур)! У Кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотини-ю, бола-чақасидан ҳам қочур! (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!» (Абаса: 33-37).

Бу кўринишларни бир тасаввур қилиб кўринг, шунда у куннинг даҳшатидан салгина бўлса ҳам воқиф бўласиз.

Шеър (мазмуни):

Тасаввур қил, ҳисоб кун маҳшаргоҳ ичра,

Туришингни даҳшатдан вужудинг титраб..

Жаҳаннам ғазабла ўкирар, ўрлар,

Гуноҳкор бандани бағрига чорлар.

Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер:

«Эй банда, номангни ўқи бирма-бир!

Кўргинчи, бормикан унда лоақал,

Сен қилиб ўтмаган биргина амал?!»

Номанг ўқиб, бўлганингда барига иқрор,

Дўзах посбонларига амр этур Жаббор:

«Эй фаришталарим, ушлангиз уни,

Дўзахнинг қаърига ташлангиз уни!».

Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар,

Мўминлар абадий жаннатда қоларлар.

Эй Аллоҳнинг бандаси! Бугун эгнингга покиза ридони – солиҳ амаллар ридосини илиб ол.. Бугун баданингни солиҳ амаллар либоси билан, еру осмонлар Парвардигори ҳузурида боқий қолувчи покиза ва эзгу амаллар либоси билан ўраб ол! Зотан солиҳ амалгина ўз эгасини Парвардигорнинг жаннатларига етказади!

Иккинчи: Қайта тирилишга Қуръон ва Суннатдан далиллар

Қайта тирилишни икор қилувчилардан бири қўлидаги суякни ҳавога отиб, айлантириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва истеҳзо ва масхара билан: Эй Муҳаммад! Сен мана шу суяк чириб, тупроққа айланиб кетганидан кейин Раббинг уни яна қайта тирилтиради деб даъво қиласанми?!», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, (Раббим) сени ўлдиради, сўнг тирилтиради, сўнгра дўзахга ташлайди», дедилар.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

«77. Инсон Биз уни нутфадан, бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса баногоҳ у (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилувчи бўлиб қолганини кўрмадими?!

78. У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди.

79. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни билувчидир».

80. У сизлар учун ям-яшил дарахтдан олов пайдо қилган зотдир.
Бас, сизлар ўшандан ўт ёқурсизлар.

81. Осмонлар ва ерни яратган зот яна уларнинг ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ, (албатта қодирдир), Унинг Ўзигина яратувчи ва билувчидир.

82. Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур.

83. Барча нарсанинг эгалиги Ўз қўлида бўлган (Аллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан) пок зотдир. Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар» (Ясин: 77-83).

Имом Аҳмад «Муснад»ида ҳасан санад билан Буср ибн Жаҳҳош ал-Қураший розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кафтларига туфлаб, унга кўрсаткич бармоқларини қўйдилар ва айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Эй одамзот, сен мени қандай қилиб ожиз қолдира олардинг, ҳолбуки Мен сени мана бу каби нарсадан яратдим, Мен қадди-қоматингни расо қилиб қўйгач, иккита бурдага (кийимга) ўралиб (гердайиб) юрдинг, ернинг ҳам сендан шикоят-оғриқи бор, (мол-дунёни) жамғардинг, (закоту садақотини) бермадинг, жон ҳалқумга етган пайтда «садақа қиламан» дейсан, садақа қилиш вақти аллақачон ўтган бўлади!» (Ибн Можа: №2707, Аҳмад: №17769, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1143).

Аллоҳ таоло айтади:

«36. Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! 37. Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! 38. Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. 39. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди. 40. Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!» (Қиёмат: 36-40).

Албатта Аллоҳ бунга қодирдир!

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Аллоҳ таоло деди: Одамзот мени ёлғончи қилди, у бунга ҳақли эмас эди, мени ҳақоратлади, унинг бунга ҳаққи йўқ эди. Мени ёлғончи қилиши шуки, у: «Аллоҳ мени биринчи бор яратганидек ҳолимга қайтаролмайди», деди. Ҳолбуки, биринчи бор яратиш Менга қайта яратишдан кўра енгил эмасдир. Мени ҳақорат қилиши шуки, «Аллоҳнинг фарзанди бор» деди. Ҳолбуки, Мен ягона, беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким Менга баробар келолмайдиган Зотман» (Бухорий: №4974).

Аллоҳ таоло айтади:

«Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир» (Тағобун: 7).

Яъни, Аллоҳ таоло уларни албатта тирилтиради ва улар дунёда ўзлари қилиб ўтган ишларидан катта-ю кичик бирон нарсани қолдирмай битиб қўйилган китобларини албатта ўқийдилар.

Кофирлар қайсарлик билан инкор қилдилар ва Қуръонда айтилганидек, шундай дедилар:

49. Улар: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, яна янгитдан яралиб тирилурмизми?!» дедилар.

50-51. Айтинг: «Сизлар хоҳ тош ё темир бўлинглар ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиши) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳарҳолда Аллоҳ сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?»— дейдилар. «Сизларни илк бор яратган зот», деб айтинг! Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!

52. У зот сизларни чорлайдиган кунда Унга ҳамду сано билан жавоб берурсизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар» (Исро: 49-52).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши ҳаддан ташқари кўп гуноҳлар қилиб, вафоти яқинлашганда фарзандларига васият қилиб айтдики: «Агар вафот этсам, мени куйдиринглар ва кулимни шамолли кунда денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Роббим мен(и қайта тирилтириш)га қодир бўлса, менга ҳеч бир бандасига бермайдиган қаттиқ азоб билан азоб беради». Фарзандлари унинг айтганини қилишди. (Аллоҳ таоло) ерга: «Олган (омонатларингни) адо қил», деб буюрди. Шунда у (одамнинг жасади йиғилиб келиб, Аллоҳ ҳузурида) турди. Аллоҳ таоло ундан: «Сени бундай қилишга нима ундади?», деб сўради. «Сендан қўрқишим, эй Роббим», деб жавоб берди. Шу сабабли Аллоҳ таоло уни мағфират қилди» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №7508, Муслим: №2756).

Имом Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шунингдек Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳ таоло деди: «Эй Одам фарзанди, мудом Менга дуо қилар экансан ва Мендан умид қилар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам (қандай катта гуноҳ бўлишидан) қатъий назар кечираман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмондаги булутларга қадар етиб борса ва Мендан мағфират сўрасанг, (қандай катта гуноҳлигидан) қатъий назар, мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди, агар Менинг ҳузуримга ер юзичалик гуноҳлар билан келсанг-у, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзичалик мағфират билан рўбарў бўламан» (Термизий: (2/270), Доримий (2/322), Аҳмад (5/172) ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: №4338).

Қайта тирилиш ҳақиқатини билмайдиган ва ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу ҳақиқатни инкор қиладиган кишиларга Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида амалий мисолни келтириб қўйган.

Аллоҳ таоло айтади:

«259. Ёки бир зот ҳақидаги масални (билмадингизмики), у зот томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу хароб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин. Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди.

260. Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Иброҳим: «Парвардигор, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмайсанми?» деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонаманку, лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, ўзингга бургин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб, узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, дарҳол келадилар. Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз қудратли ва ҳикматлидир» (Бақара: 259-260).

Қуръони каримда келган учинчи бир мисол билан ушбу мавзуга якун ясаймиз. Аллоҳ таоло ғорда 309 йил қолиб кетган ғор эгалари воқеасини шундай зикр қилади:

9. Балки сиз Каҳф (ғор) ва Битик (уларнинг қиссалари битилган
тош) эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг (охират, Қиёмат
ҳаққи-рост эканлиги тўғрисидаги) оятларимизнинг энг ажойиби, деб ўйлагандирсиз?

И з о ҳ . Муфассирлар ёзишларича, «Асҳобул-Каҳф» – «Ғор эгалари»нинг қиссаси бундоқ бўлган экан: Ийсо алайҳис-салом замонларидан кейин Рум давлатларидан бирида Дақёнус номли золим шох чиқиб, одамларни бутларга ибодат қилишга мажбур қилар, амрига бўйинсунмаган кишиларни эса ўлдирар экан. Кунлардан бирида, унга фуқароларидан бир неча йигит унинг фармонидан бош тортишиб, бутларга сиғинишмаётганини етказибдилар. Подшоҳ уларни саройига чақириб, бу хабарнинг рост-ёлғонлигини сўраганида, улар: «Бизлар ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимса ёки нарсага сиғинмаймиз», деб жавоб қиладилар. Шунда шоҳ уларга: «Сенлар ёш, чиройли, бақувват йигитлар экансанлар, ўз жонларингга жабр қилманглар. Мен сенларни ўлдириб юборишга кўзим қиймаяпти. Яхшиси, эрталабгача ўйлаб кўриб, эртага менга жавобини айтинглар», деб уларга рухсат беради. Йигитлар ўзаро маслаҳатлашиб, «Аллоҳдан ўзгага бўйсунгандан кўра шу бадбахт диёрни тарк қилганимиз афзал», дейишиб, тун қоронғусида шаҳарни тарк қилишади. Йўлда яйловдан ўтиб бораётганларида уларга ўша ерлик бир чўпоннинг ити ҳам эргашади. Тонгга яқин бир тоққа етиб боришиб катта ғорга кириб яширинадилар. Тангри таоло Ўзининг садоқатли бандаларини ҳалок бўлишдан сақлайди – уларни узоқ уйқуга чўмдиради. Уйғонганларида орадан уч юз йил ўтган эди. Бундан бехабар йигитлар бир ё ярим кун ухладик, деб ўйлайдилар ва ораларидан битталарини яширинча шаҳарга егулик харид қилиб келиш учун жўнатадилар. У йигит бозорга келиб таом сотиб олиб, ёнидаги тангани узатганида, сотувчи ҳайрон бўлиб: «Бу Дақёнусдан қолган танга-ку, бирон ердан хазина топиб олдингми?» деб сўрайди, Йигит ҳам ҳайрон бўлиб «Ҳеч қандай хазина топиб олганим йўқ, бу менинг қавмим ишлатадиган оддий танга», деб жавоб қилиб, Дақёнусга нима бўлганини сўрайди. Бу орада тўпланиб кетган одамлар унинг аллақачон ўлиб кетганини айтишиб, йигитни подшоҳ олдига олиб борадилар. Бу шоҳ мўмин, солиҳ киши эди. Йигитдан ўзи ва ўртоқларининг бошидан кечган воқеаларни эшитгач, аскарлари ва шаҳар аҳли билан ўша ғор оғзига борадилар. Ичкаридаги йигитлар Дақёнус олиб кетгани келди, деб ўйлашиб, ўлим олдидан сўнгги бор ибодат қилиб олишга тутинадилар. Подшоҳ ва унинг одамлари ғорга киришиб, уларни ибодат устида кўрадилар ва намозларини тугатганларидан сўнг подшоҳ йигитларнинг ҳар бири билан қучоқлашиб кўришиб, уларнинг бошларидан кечган саргузашт Аллоҳ таоло бандаларини Қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилиш учун қайта тирилтириши ҳақ эканига бир оят — аломат эканлигини айтади. Юқорида мазкур бўлган ва қуйида келадиган оятларда мана шу «Асҳобул-Каҳф» хусусида сўз кетади.

10. Эсланг, ўшанда улар ғорга паноҳ истаб боришиб:
«Парвардигоро, бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат — марҳамат ато этгин ва бизларнинг
ишимизни Ўзинг ўнглагин», дедилар.

11. Бас, Биз ўша ғорда уларни бир неча йил чуқур уйқуга
чўмдириб қўйдик.

12. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик» (Каҳф: 9-12).

Аллоҳу акбар! Аллоҳ уларни шунча йиллар ухлатиб, кейин одамларга Ўзининг ҳамма нарсага қодирлигини кўрсатиб қўйиш учун яна қайта тирилтирди.

Эй яхшилар! Ақлини Аллоҳнинг қудрати ҳад-ҳудудларига етишга таклиф қилган кишининг мисоли худди чумолини тоғни ўз ўрнидан жилдиришга таклиф қилган кишига ўхшайди.

Шеър мазмуни:

Ўлим чангалига тушган табибдан сўранг:

Эй дардларни даволовчи, сени ким ўлдирди?

Тиббиёт фани даволашдан ожиз қолганидан сўнг

Буткул тузалиб кетган бемордан сўранг, сени ким тузатди?

Соппа-соғ туриб ўлиб қолган кишидан сўранг:

Эй соғлом инсон, сени ўлимга ким маҳкум этди?

Тиқилинчда туртинмай бораётган кўрдан сўранг:

Эй кўзи ожиз, сени ким йўлга солмоқда?

Кўзи очиқ бўла туриб чуқурга йиқилган

Кишидан сўранг: Сени ким қулатди?

Ташқи оламдан узилган, озуқасиз яшаётган

Ҳомиладан сўранг: Сенга ким ризқ берди?

Туғилиш пайти чинқириб йиғлаган

Гўдакдан сўранг: Ким сени йиғлатди?

Заҳар сочаётган илонни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сени заҳарга бой қилди?

Сўранг: Оғзинг тўла заҳар бўла туриб,

Ўзинг қандай ўлмай, омон юрибсан?

Асаларидан сўранг: Қандай бол ясайсан?

Асалдан сўранг: Сени ким тотли қилиб қўйди?

Тезак ва қон орасидан отилиб чиқувчи

Тоза сутдан сўранг: Ким сени мусаффо қилди?

Аллоҳ билан бирга яна бошқа барҳақ маъбуд борми?! Ла илаҳа иллаллоҳ!! Бир Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир!! Ундан ўзга парвардигор йўқдир!!

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд…

Учинчи: Ким нимада ўлса, ўшанда тирилади

Аллоҳ йўлидаги дўстим!

«Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир банда ўзи вафот этган нарсада тирилади». (Муслим: №2878).

Эй Аллоҳнинг бандаси! Нима ҳолат устида яшаб ўтган бўлсангиз, ўша ҳолат устида қайта тириласиз. Саодат аҳлидан бўлсангиз, тоат устида вафот этасиз ва қиёмат куни ўша ҳолат устида тириласиз. Бахтсизлар жумлсидан бўлсангиз, маъсият устида вафот этасиз ва ўша устида тириласиз.

Аллоҳу акбар!!

У куни юзидан, аъзоларидан, ўнгидан ва чапидан нур ёғилиб турган ҳолатда тириладиган кишилар бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

Суютий «Ад-дуррул-мансур»да келтириб, Ибн Аби Ҳотим, Ибн Мунзир ва Ибн Мардавайҳга нисбат берган, Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилиб, икки шайх шартига кўра саҳиҳ деган, Заҳабий эса Бухорий шартига кўра саҳиҳ санаган асарда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Улардан баъзисининг нури тоғдек бўлади, баъзисининг нури хурмо дарахтидек бўлади, баъзисининг нури тик турган кишидек бўлади, баъзисининг нури бош бармоғида бўлиб, гоҳ ёниб, гоҳ ўчиб туради, баъзисини эса ҳар тарафдан зулмат ўраб олган бўлади».

«У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар, (уларга) «Ортингларга қайтиб нур истайверинглар», дейилур. Сўнг улар (билан мўминлар)нинг ўртасига дарвозали бир девор урилурки, унинг ичида раҳматжаннат, ташқарисида олдида эса азоб дўзах бўлур» (Ҳадид: 13).

Зулмат аҳли нур аҳлига нидо қилади: «Эй нур аҳли! Бизни кутиб туринглар, бизни бу қоронғи зулматда қолдирманглар! Ахир биз ҳам сизлар билан бирга эмасмидик?! Сизлар билан битта жамоатда намоз ўқиган эмасмидик?! Ғазотларда сизлар билан бирга ҳозир бўлган эмасмидик?!».

«Улар (мўминларга) «Биз (ҳаёти дунёда) сизлар билан бирга эмасмидик», деб нидо қилганларида, (мўминлар) дерлар: «Ҳа, (кўринишда биз билан бирга эдинглар), лекин сизлар (мунофиқлик билан) ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар ва (бизларга бало-офатлар етишига) кўз тутдинглар ҳамда (Исломнинг ҳақ дин эканлиги тўғрисида) шубҳаландинглар ва то Аллоҳнинг амри (яъни ўлим) келгунича сизларни (ҳали умр узоқ эканлиги, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни кечиб юборавериши каби) хомҳаёллар алдади. Сизларни Аллоҳ ҳақида (У зотнинг карами кенг, ҳеч қачон Ўзи яратган бандаларни азобга гирифтор қилмайди, деб) алдовчи (шайтон) алдаб қўйди» (Ҳадид: 14).

«Улардан баъзилари қайта тирилгач, маҳшаргоҳ сари бор овози билан «Лаббайкаллоҳумма лаббайк» деб боради». Биласизми, ким улар?!

У ҳаж ва умра учун эҳром либосини эгнига илган ҳолида вафот этган киши бўлиб, қиёмат куни ўша, «лаббайка» айтган ҳолида тирилади.

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Арафотда турган пайт туясидан йиқилиб тушди ва туянинг оёқлари остида нобуд бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни сув ва сидр билан ювинглар ва иккита матога кафанланглар, хушбўйламанглар ва бошини ўраманглар, чунки у қиёмат куни талбия айтган ҳолда тирилади», дедилар (Бухорий: №1265, Муслим: №1206).

«Улардан баъзилари қон оқизган ҳолда боради, унинг ранги қон рангида, ҳиди мушк ҳидида бўлади».

Ким улар ё Расулуллоҳ?!

«Улар Аллоҳ йўлидаги шаҳидлардир», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бир киши Аллоҳ йўлида жароҳатланган бўлса – Аллоҳ Унинг йўлида жароҳатланган одамни яхшироқ билувчидир – қиёмат куни жароҳатидан ранги қон рангида, ҳиди эса мушк ҳиди бўлган қон оқизиб келади» (Бухорий: №2803, Муслим: №1876).

Аллоҳ йўлидаги дўстим! Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, бирон ғазот ва жангда урушиб ўлдирилган киши одамлар наздида шаҳид кетган бўлиб кўриниши, аслида эса ундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Нега дейсизми?!

Чунки, кишининг дилидаги сир-асрорни Аллоҳдан бошқаси билмайди. Дунёда бирон кишини шу одам аниқ шаҳид бўлди, деб гувоҳлик берилмайди, «Фалоний шаҳид» деб айтилмайди. Балки, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида шаҳидлар қаторида қабул қилишини умид қиламиз, деб айтилади. Зотан, ниятларни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди.

Баъзилар қорни шишиб кетган, туришга ҳам, ўтиришга ҳам қодир бўлмайдиган ҳолда, ҳали ўнгига, ҳали сўлига думаланиб, маҳшарга кетиб боради. Улар кимлар дейсизми?!

Улар судхўрлардир. Аллоҳ таоло айтади: «Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?», деганларидир» (Бақара: 275).

Яна бир кўринишга диққатингизни қаратинг..

Бир киши маҳшар ерида кетиб боради, атрофини ёш болалар ўраб олган, бири қўлидан тортган, бошқаси оёғига ёпишган, буниси бир томонга, униси бошқа томонга тортган.. Жуда оғир ҳолат.. Ким бўлди бу киши?! У болаларчи?!

У етимларнинг молини ноҳақ еган кимса, болалар эса ўша етимлардир!

«Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10).

Баъзи бир аёллар эгниларида Аллоҳнинг лаънатидан бўлган жилбоб ва ўтдан бўлган ёпинчиқ бўлиб, қўлларини бошларига қўйиб олганича маҳшар ерида: «Во вайлато, ё вайло!!» деб оҳ урганча кетиб боради. Улар кимлигини биласизми?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг навҳачи (ўликка фарёд қилиб йиғловчи гўянда) хотинлар эканини айтганлар. Навҳачи деб маййитнинг орқасидан дод-фарёд солувчи, юзига уриб, ёқасини йиртиб, бошига тупроқ сочиб, «Во вайло! Во вайло!» деб борувчи хотинни айтилади.

Баъзи бир кимсалар қўлларида май косалари тутганча кетиб боради.. Айримлар эса дунёда ўғирлаган нарсасини елкасига ортиб боради.

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳеч бир пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, Қиёмат Кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур» (Оли Имрон: 161).

Ҳофиз Ибн Касир айтади: «Карамли Парвардигор Ўз карами билан бир одат-қонунни жорий қилдики, ким нима нарса устида яшаб ўтса, ўша нарса устида вафот этади. Ким нима устида ўлса, ўша нарса устида тирилади».

Азиз дўстим, агар тоат устида тирилишни истасангиз, бу дунёда Аллоҳ таолога тоатда бўлинг. Агар бирон маъсият сари қадамингиз тойилса, дарҳол Аллоҳга тавба қилинг. Ўлим фариштаси сизни тоат устида учратиб, шу ҳолатингизда жонингизни олса, охиратда ҳам тоат-ибодат қилувчилар даврасида, пайғамбарлар саййиди байроғи остида тириласиз.

Ушбу мавзудаги сўзни дилларни жунбушга келтирувчи 2-3та воқеани ҳикоя қилиш билан якунлайман.

Асли испан бўлган бир америкалик йигит тонг пайти Нью Йоркнинг Бруклин шаҳридаги масжидлардан бирига кириб, биродарларга: «Мен Исломни қабул қилмоқчиман», дебди. Улар унинг кимлигини сўрашибди. У эса: «Мендан ҳеч нарса сўраманглар, фақат мени йўллаб қўйинглар», дебди. Биродарларнинг йўл-йўриқ кўрсатишларидан сўнг йигит ғусл қилиб, шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлибди. Сўнг унга намоз ўқишни ўргатишибди. У ғоят хушуъ билан намоз ўқибди. Унинг хушуъси, саждаси ва намоздаги йиғисини кўриб, масжид аҳли ўзларини жуда ҳақир санаб қолишибди ва унинг ҳолатидан ажабланишибди.

Учинчи куни бир мисрлик биродар у билан ёлғиз қолиб, секин гапга солибди, «Эй биродар! Сенда бир гап бор, менга айтгин», дебди.

Шунда йигит айтибди:

«Мен ўзим насроний хонадонида ўсиб-улғайган, қалбим Масиҳ алайҳиссаломга қаттиқ боғланган эди. Лекин, одамларнинг аҳволини кузатиб, мутлақ кўпчилик Масиҳнинг ахлоқидан тамомила бегона бўлиб кетганини кўрдим. Шундан сўнг Ислом ҳақида қизиқиб кўрдим, у ҳақда ёзилган китобларни ўқидим. Аллоҳ дилимни Исломга очди. Мен сизларнинг олдингизга келган куним тунда чуқур ўй-фикрлар оғушида ухлаб қолибман. Тушимда Масиҳ алайҳиссалом келиб, кўрсаткич бармоқлари билан мана бундай ишора қилиб: «Муҳаммадий бўлгин», дедилар. Шундан сўнг чиқиб, масжид қидирдим ва Аллоҳ мени сизларнинг масжидингизга йўллади».

Мана шу суҳбатдан кейин муаззиннинг хуфтон намозига чорловчи азон овози эшитилибди. Ҳалиги йигит ҳам намозхонлар билан сафга турибди. Имом биринчи ракъатда сажда қилиб, ўрнидан туриб, иккинчи ракъатни бошлабди. Лекин, йигит саждадан бош кўтармабди. Ёнидаги одам уни секин туртган экан, йигит ёнига йиқилибди. Билишса, у аллақачон руҳини Аллоҳ жалла ва алога топшириб бўлган экан. Аллоҳу акбар!!

Аллоҳ йўлидаги биродарим! Аллоҳ ҳаққи, бу гўзал хотима ҳақида бир ўйланиб кўринг.

Иккинчи бир гўзал хотима:

(«Солим экспресс» кемаси ҳалокатга учраган кечада (14/12/1991й) Мисрнинг) Сувайс шаҳрилик бир муслима аёл турмуш ўртоғи билан биргаликда шу кемада ҳаж сафаридан қайтаётган экан. Кема чўка бошлаб, ҳамма даҳшат ва саросимага тушиб, тўғри келган томонга қочишга тутинганида муслиманинг эри ҳам: «Бўла қол, тез чиқ!» дейди шошилиб. Шунда муслима: «Тўхтанг, ҳижобимни кийиб олай», деб жавоб беради. «Ҳозир ҳижоб кийиб олай дейдиган вақтми?! Ҳалок бўламиз, ахир!», деб бақиради эр. «Аллоҳга қасамки, ҳижобимни тўла киймасдан ҳеч қаёққа чиқмайман! Ўлсам, Аллоҳга тоат устида йўлиқишни истайман», дейди аёл. Шундан сўнг у ҳижобини устига маҳкамлаб, эри билан ташқарига чиқиб боради. Тирик қолишдан умидлар узилиб, ҳамманинг кўзига ўлим кўриниб қолган кез у эрига ёпишиб: «Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, мендан розимисиз?», деб сўрайди. Эр йиғлаб юборади. «Айтинг, розимисиз мендан?» сўрайди аёл яна. Эр эса йиғидан ўзини тўхтатолмайди. «Айтинг, эшитиб қолай!», дейди аёл ёлвориб. «Розиман, валлоҳи, розиман сендан», деб жавоб беради эр. Шундан сўнг муслима: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан росулуллоҳ», деб калима қайтара бошлайди ва тилида шаҳодат калимаси билан ғарқ бўлади. «Аллоҳдан умидим шуки, охиратда бизни у билан бирга қилсин», дейди ушбу ҳалокатда тирик қолган эр йиғлаб.

Яна бир чиройли хотима..

Умрининг қирқ йилини фақат Аллоҳ розилиги учун намозга азон айтиб ўтказган бир киши ўлимидан олдин қаттиқ касал бўлиб, тўшакка ётиб қолади. Тилдан қолади, масжидга ҳам чиқолмай қолади. Касали кучайиб кетгач, йиғлаб: «Эй Роббим! Қирқ йил Сенга чорлаб келдим. Ўзинг яхши биласан, мен бу ишни фақат Сендан ажр истаб қилдим. Энди умримнинг охирида азондан маҳрум бўламанми?!», дейди. Фарзандлари қасам билан айтиб беришларича, азон вақти етгач, мўйсафид тўшагида тик туриб, қиблага юзланади ва азон айта бошлайди. Азонни охиригача айтиб, унинг сўнгги калимаси бўлмиш «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтгач, тўшагига йиқилиб, жон таслим қилади.

Амаллар хотималарига қараб бўлади.

Устозимиз шайх Абдулҳамид Кишк раҳимаҳуллоҳ ўзи чин дилдан севган кунда жон таслим қилганидан хабарингиз бўлса керак. У киши жумъа куни ғусл қилиб, оппоқ кийимларини кийиб, хушбўйликлар суртиб, икки ракъат таҳорат намозини ўқишга тутинади ва иккинчи ракъатда рукуъда турганида йиқилиб, жон таслим қилади.

Карамли Парвардигор Ўз карами билан бир одат-қонунни жорий қилдики, ким нима нарса устида яшаб ўтса, ўша нарса устида вафот этади. Ким нима устида ўлса, ўша нарса устида тирилади.

Буюк арш соҳиби бўлган Улуғ Аллоҳдан барчамизнинг хотимамизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодир Зотдир.

Дуо…

2011 йил 28-июл

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.