Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Қасос

Охират ҳовлиси силсиласи

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

القصاص

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Аллоҳнинг тавфиқи билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан сизлар билан бугунги суҳбатимиз ўн олтинчи суҳбат бўлади.

Ёдингизда бўлса, бундан аввалги учта суҳбатимизда ҳисоб майдонида, Аллоҳ таоло ҳузурида туриш мавзусида сўз юритган, қиёмат куни Аллоҳ таоло бандаларини унинг асосида ҳисоб қиладиган адолат мезонлари ҳақида сўзлаб ўтган, сўнгра биринчи бўлиб ҳисобга чорланадиган уммат билан, биринчи бўлиб ажрим қилинадиган кишилар билан, биринчи бўлиб у ҳақда ҳисобга тортиладиган амал билан танишиб ўтган эдик. Аллоҳ жалла ва ало Ўзига тааллуқли бўлган ҳақ-ҳуқуқлар борасида бандаларни ҳисобга тортганидан сўнг энди мазолим девонларини (яъни халқлари ўртасидаги ўзаро зулмларни кўриб чиқадиган маҳкамалар) ўрнатишга изн беради, унда қасос ва ҳақларни ўз эгаларига олиб бериш ишлари бўлиб ўтади. Аллоҳнинг изни билан бугунги суҳбатимиз мана шу мавзуда бўлади.

Вақтдан унумли фойдаланиш учун суҳбатимизни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

  1. Биринчи: Жониворлар ўртасидаги қасос.
  2. Иккинчи: Бандалар ўртасидаги қасос.
  3. Учинчи: Қон ҳурмати.
  4. Тўртинчи: Мўминлар ўртасидаги қасос.

Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратишингизни сўрайман. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Биринчи: Жониворлар ўртасидаги қасос

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни ҳақ-ҳуқуқларни ўз эгаларига албатта адо қиласизлар».

Бир ривоятда: «Қиёмат куни ҳақ-ҳуқуқларни ўз эгаларига албатта адо қиласизлар, ҳатто шохсиз қўйга шохли қўйдан ҳам ўч олиб берилади» (Муслим: №2582, Термизий: №2422).

«Муснад Аҳмад»да саҳиҳ санад билан Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир-бири билан сузишаётган икки қўчқорни кўриб, Абу Зарга: «Булар нимага сузишаётганини биласизми?», дедилар. «Йўқ», дегач, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Лекин, Аллоҳ билади ва қиёмат куни шу иккиси ўртасида ҳам ҳукм қилади» (Аҳмад: №21330).

Мусулмон биродарлар! Тилсиз жониворларни ҳам қиёмат куни тирилтирилиб, бир-биридан қасос олиб берилиши ҳақидаги сўзни биз ҳақ деб эътиқод қиламиз.

Жумҳур аҳли суннанинг мазҳаби шудир. Жониворлар ўртасида қасос олиб берилиши ақлга тўғри келмайди, деган даъво билан бу бобда келган саҳиҳ ҳадисларни рад қилиш тўғри бўлмайди.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтишларича, шариатда бир лафз келган бўлса-ю, уни зоҳирича қабул қилишдан тўсувчи бирор шаръий ва ақлий монеъ бўлмаса, уни зоҳирича олиш вожиб бўлади. Шундай экан, мазкур ҳукмни, яъни тилсиз жониворлар ўртасида қасос олиб берилиши ҳукмини рад қилиш учун бу ҳадисларни таъвил қилиш мутлақо дуруст эмасдир. Агар айтилсаки, қўйнинг ақли йўқ, у мукаллаф эмас, қандай қилиб қиёмат куни ундан қасос олинади?

Бунга жавоб Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир:

«Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилувчи зотдир!» (Ҳуд: 107).

«У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар» (Анбиё: 23).

Бандалар шуни яхши билишлари керакки, Аллоҳ ҳузурида ҳақ-ҳуқуқлар зое бўлмайди. Агар тилсиз жониворлар ва ақлсиз ҳайвонлар ўртасидаги ҳолат шу бўладиган бўлса, ақл эгалари бўлган инсонлар ўртасидаги қасос олиниши ҳолатлари ҳақида нима дейиш мумкин?!

Аллоҳ таоло ҳайвоннинг ҳайвондан ҳаққини олиб берса, бандаларнинг ҳақларини, хусусан Ўзига иймон келтирган мўминларнинг ҳақларини қандай олиб бермасин?!

Иккинчи: Қиёмат куни бандалар ўртасидаги қасос

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Биров ўйламасинки, бировни уриш бўлсин, сўкиш бўлсин, ҳақорат бўлсин, туҳмат бўлсин, бировнинг ҳаққини ейиш бўлсин, етимнинг молини ноҳақ ейиш бўлсин, бировни масхара ё ғийбат қилиш бўлсин, чақимчилик қилиш бўлсин, бировнинг обрўсини тўкиш бўлсин, хуллас бандаларга ўтказган қандай бир зулми жазосиз қолса!!

Йўқ, йўқ!! Асло ундай бўлмайди! Зулм қиёмат куни ўз эгасига зулматлар келтиради.

Эй мансабига алданиб, курсисига мағрур бўлиб, куч-қудратига суяниб, заиф-мискинларга зулм қилаётган кимса! Унутма, Аллоҳ жалла ва ало энг Қудратли Зот!! Яхши билиб ол, У эртага, қиёматда мазлумлар ҳаққини золимлардан ундириб беради! Бинобарин, барча турдаги зулмдан қўлингни торт! Зеро, зулм қиёмат куни зулматларга айланади.

Шеър (мазмуни):

Зулм қилма қудратли бўлсанг-да ҳар чоқ,

Зулмнинг охири бўлар надомат.

Ухларсан, лек мазлум кўзлари уйғоқ,

Дуосин эшитар ухламас Бир Зот.

«Саҳиҳайн»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида унга бир неча қимматли насиҳатлар қилдилар. Васиятлари ичида жумладан, шундай дегандилар: «Мазлумнинг дуосидан қўрқинг, чунки у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ бўлмайди» (Бухорий: №4347, Муслим: №19).

Огоҳ бўлингиз, мазлумнинг дуоси Аллоҳ ҳузурига тўппа-тўғри, ҳеч қандай тўсиқсиз кўтарилади. Бинобарин, «Саҳиҳайн»да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло золимни маълум вақт қўйиб қўяди. Токи (бир куни) уни (азоб билан) ушлаганида, қутилиб чиқиб кета олмайди», дедилар, сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102) (Бухорий: №4686, Муслим: №3583).

Баъзан золим кимса Аллоҳнинг бандаларига зулм қилиб, ўз зулми билан йиллаб мағрурланиб юради. Аллоҳ унга муҳлат беради, уни Ўз ҳилми билан ўраб, яширади. Бироқ, золим ўз зулми ва тажовузида тобора чуқурлашиб бораверади ва бу бечора Аллоҳ ўзига муҳлат бераётганини, уни беэътибор ташлаб қўймаганини тушунмайди.

Қани зўравонлар?! Қани Кисролар?! Қани Қайсарлар?! Қани Фиръавнлар?! Қани тоғутлар?! Қани золимлар, қани зулмда уларга эргашганлар?! Фиръавн қани, Ҳомон қани, Қорун қани??!!

Шеър (мазмуни):

Ўз қудратлари билан дунёни тиз чўктирганлар қани?!

Халқлар хотирасида улар фақат зулм ва туғён билан сақланиб қолди.

Ўлим куч-қудрат эгасини қудрати сабабли аяб ўтирдими?!

Ёки султонни салтанати ундан қутқариб қолдими?!

Йўқ, борлиқни йўқдан бор қилган Зотга қасамки,

Ҳамма фанога юз тутгай, инсон ҳам, жин ҳам.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни зулмнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирганлар. Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Абу Яъло Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳасан ҳадисда айтилишича, Фатҳ йилида Ҳабашистон муҳожирлари қайтиб келганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Ҳабашистонда кўрганларингиз қизиқ нарсалар ҳақида бизга айтиб бермайсизларми?», дедилар. Шунда улар ичидаги бир йигит деди: «Хўп, ё Расулуллоҳ! Бир куни ўтирган эдик, уларнинг роҳибаларидан бир роҳиба кампир бошида бир катта кўзада сув билан ўзларидан бўлган бир бир йигитнинг ёнидан ўтиб қолди. Шунда ҳалиги йигит кампирнинг елкасидан ушлаб, итариб юборди. Кампир чўккалаб қолди, бошидан кўзаси тушиб, синиб кетди. Шундан сўнг у ўрнидан туриб, йигитга қараб деди: «Яқинда биласан, эй ғаддор! Аллоҳ курсийни қўйганида, аввалгилару охиргиларни жамлаганида, қўл ва оёқлар қилган ишлари ҳақида сўзлаб берганида, эртага Унинг ҳузурида сен билан менинг ишим нима бўлишини билиб оласан!». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўғри айтибди, тўғри айтибди. Зўравонларидан заифларига ҳақларини олиб берилмайдиган умматни Аллоҳ қандай покласин?!», дедилар (Ибн Можа (№4010) ривояти, Албоний ҳасан санаган).

Ҳа, Парвардигоримга қасамки, зўравонларидан заифларига ҳақларини олиб бермайдиган умматни Аллоҳ қандай покласин?! Ҳа, Парвардигоримга қасамки, инсонларнинг ҳурматлари эҳтиром этилмайдиган, номуслар ва насл-насаблар поклиги сақланмайдиган халқларни Аллоҳ қандай покласин?! Ораларида қонлар тўкиладиган, покиза инсонлар туҳматга учраб, золим кимсалар оппоқ бўлиб қолаверадиган умматни Аллоҳ қандай покласин?!

Бундай бузуқ ахлоқли уммат дунёда емирилишга, охиратда эса унинг золим кимсалари дўзахга маҳкумдир.

Эй мусулмонлар! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулмнинг қиёмат кунидаги оқибатидан огоҳлантирганлар ва золимларни охиратга қолдирмай, шу дунёнинг ўзида зулмларидан қутулиб олишга чақирганлар.

«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг зиммасида биродарининг обрў-номусига нисбатан қилган зулм ё (моли ё жонига қилган зулм каби бошқа) бирон нарса бўлса, шу бугун, динор ва дирҳам бўлмайдиган кун келишидан олдин ундан қутулиб олсин. (У кунда) агар унинг солиҳ амали бўлса, зулми миқдорича ундан олинади, агар савоблари бўлмаса, биродарининг гуноҳларидан олиниб, унга юкланади» (Бухорий: №2449, Термизий: №2421).

Эй Аллоҳнинг бандалари! Золим бу дунёда у ёки бу йўл билан қутулиб кетиши мумкиндир, бироқ, қиёмат куни асло қутулиб кетолмайди. Бирон киши бўйнида бировга нисбатан қилган зулми билан бирга жаннатга кириши амри маҳолдир. Зулм қилган одам ҳатто агар иймон ва тавҳид аҳлидан бўлса ҳам, ҳисоб майдонида, адолатли маҳкамада Аллоҳ таоло уни зулмидан тозаламасдан туриб, жаннатга киритмайди.

Бас, шундай экан, кимнинг зиммасида бировга нисбатан зулм бўлса, шу бугун, Одил Подшоҳ ҳузурида туришидан олдин ундан қутулиб олсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни асҳобларидан: «Муфлис (қашшоқ, сариқ чақасиз ]банкрот бўлган[ киши) деб кимни айтилишини биласизларми?» деб сўрадилар. «Бизнингча, муфлис – на дирҳами, на бирон матоси бўлмаган одам» деб жавоб беришди. «Умматим ичидаги муфлис шундай одамки, қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади, бироқ кимнидир сўккан, кимгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнидир қонини тўккан, кимнидир урган ҳолда келади. Шунда савобларидан унга, бунга олиб берилади, савоблари зиммасидаги ҳақлардан қутулишга етмаса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунга юкланади, сўнг дўзахга отилади», дедилар (Муслим: №2581, Термизий: №2420, Саҳиҳул-жомиъ: №87).

Ўзинг сақлагайсан, Парвардигорим!!

Тасаввур қилинг.. Маҳшаргоҳ, тиқилинчдан нафаслар қайтиб кетгудек.. Қуёш бош
устига яқин келтирилган ва этдан ўтиб, суякларни ҳам эритиб юборгудек иссиқ
оташ.. Унинг устига, жаҳаннамни олиб келинган, унинг етмиш минг тизгини бўлиб,
уларнинг ҳар биридан етмиш минг фаришта тортиб, олиб келган.. Жаҳаннам Жаббор
таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ, ғазабдан ўкирган ва алангаси кўкка ўрлаган..
Чунки, Парвардигор таоло ҳеч қачон у кунгидек ғазаб қилмаган, кейин ҳам ҳеч
қачон у кунгидек ғазаб қилмас..

Ана шундай оғир ва даҳшатли ҳолат ичида
ҳалиги золим ҳам турибди.. Ўта хор ва синиқ, қаттиқ қўрқув ичида, кўзлари қотиб
қолган, ўнгга ҳам, сўлга ҳам, юқорига ҳам, пастга ҳам қарай олмайди, даҳшатдан
кўз фақат тўғрига қараб қотиб қолган.. Юрак кўкрак қафасидан чиқиб, бўғизга
қадалиб қолган.. Шу лаҳзаларда, ана шунча мусибат орасида, ўшанча оғир машаққат
ичида тураркан, тўсатдан ўзини бир тўп одамлар ўраб олаётганини кўради.. Қизиқ,
ким бўлди булар?!

Ана шундай оғир ва даҳшатли ҳолат ичида ҳалиги золим ҳам турибди.. Ўта хор ва синиқ, қаттиқ қўрқув ичида, кўзлари қотиб қолган, ўнгга ҳам, сўлга ҳам, юқорига ҳам, пастга ҳам қарай олмайди, даҳшатдан кўз фақат тўғрига қараб қотиб қолган.. Юрак кўкрак қафасидан чиқиб, бўғизга қадалиб қолган.. Шу лаҳзаларда, ана шунча мусибат орасида, ўшанча оғир машаққат ичида тураркан, тўсатдан ўзини бир тўп одамлар ўраб олаётганини кўради.. Қизиқ, ким бўлди булар?! Нега уни ўртага олишди?!.. Ҳа, улар дунёда ундан зулм кўрган кишилардир. Бугун улар энди Буюк ва Одил Ҳакам ҳузурида ундан ўз ҳақларини ундириш учун даъвогар бўлиб туришади. Унга ҳар томондан осилиб, Аллоҳ жалла ва алонинг адолатли маҳкамаси сари судрашади. Ким бирови қўлидан ушлаб олган, яна бирови елкасидан тутган, яна кимдир соқолига ёпишган.. Буюк Подшоҳ ҳузурига келишгач, У адолат маҳкамаси тикланишига ва ҳақдорларга қасос олиб берилишига изн беради.

Дунёда ўзингиз зулм қилган кишиларнинг ҳаммасини олдингизда кўрасиз. Кўпларини унутиб юборгансиз.. Айримларини танийсиз ҳам.. Ҳаммаси Подшоҳ жалла ва ало ҳузурида сизга ёпишиб, ўз ҳаққини талаб қилади. Сиз бечора эса ҳасратга кўмилиб, тилингиз тутилиб, чорасизликдан бош эгиб турасиз. Ҳақдорларга ҳақларини ўтаб қўяй десангиз, на бир динор ва на бир дирҳамингиз бор.. На ҳақдорга ҳаққини беришга, на бирон узр айтишга қодирсиз..

Шунда айтилади: «Унинг ҳасанотидан (ажру савобларидан) олиб, ундан зулм кўрган кишиларга беринглар!».

Қўлингиздаги номаи аъмолингизга қараб, унинг сиз умр бўйи қийналиб, қўлга киритган ажру савоблардан бўшаб қолганини кўрасиз. Шунда фарёд чекиб айтасиз: «Қани ажру савобларим?! Қани намозим?! Қани закотим?! Қани даъватим?! Қани тарқатган илмим?! Қани ўқиган қуръонларим?! Қани қилган яхшиликларим?! Қани тоат-ибодатларим?! Қани солиҳ амалларим?! Қани?!.. Қани?!.. Қани?!..».

Ажру савобларингиз қаерга кетганини биласизми, эй бечора?! Улар сиз зулм ўтказган кишиларнинг номаи аъмолларига кўчиб қолади!!

Ҳасанотларингиз тугаб битганидан кейин ҳам ҳақдорлар ҳали тугамаган бўлади. Улар Аллоҳ жалла ва алога мурожаат қилиб, сиздан ўз ҳақларини олиб беришини талаб қилишади. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло дунёда сиздан зулм кўрган кишиларнинг гуноҳларидан олиб, сизга берилишига амр этади.. Номаи аъмолингизга қараб, унга ўзингиз қилмаган гуноҳлар қўшилиб қолганини кўрасиз. Фарёд қилиб айтасиз: «Эй Парвардигор! Ўзингга қасамки, мен бу гуноҳларни қилмаганман!». «Ҳа, тўғри, уларни сен қилмагансан, улар сен дунёда зулм ўтказган кишиларнинг гуноҳларидир», дейилади сизга..

Шояд бу лаҳзалар оғирлигидан сизни қутултириб юборса, деб Хожангиз ва Саййидингизга умид ва илтижо билан боқасиз.. Бироқ, қутулиш қаерда?!.. Чунки, Аллоҳ таоло зулмни Ўзига ҳам ҳаром қилган, бандалари орасида ҳам ҳаром қилган. Ҳақ таоло айтгани каби, мана бу хитоб қулоғингиз ва юрагингизни ёриб юборгудек бўлиб янграйди:

«42. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос. 43. (У Куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур. 44. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келар Кунда (Қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва пайғамбарларингга эргашурмиз», дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми?! 45. (Ахир) сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган-билганларингиздан ибрат олмадингиз, ҳақ йўлга юрмадингиз)». 46. Дарҳақиқат, улар (яъни иймонсизлар) ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлсада, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Аллоҳ ҳузурида (маълумдир). 47-48. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳаргиз Аллоҳни Ўз пайғамбарларига берган («Биз албатта пайғамбарларимизни ғолиб қилурмиз», деган) ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг. Албатта, Аллоҳ ғолибдир ва (у) Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) интиқом олувчидир. 49. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у Кунда жиноятчи кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз. 50. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур. 51. Аллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериш учун (мана шундай қайта тирилтирур). Албатта, Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилувчидир. 52. Бу (Қуръон) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун (Аллоҳ тарафидан нозил қилинган) бир баёнот хабардир». (Иброҳим: 42-52).

Эй золим! Эй мағрур! Эй унутган!

(Шеър мазмуни:)

Эй мағрур, ўзингни қиёмат кунида деб тасаввур қил.

Осмон титраб-чайқалган..

Қуёш бандалар бошига яқин келтирилган..

Юлдузлар ҳам тўкилиб, сочилиб кетган..

Тоғлар илдизларидан қўпорилиб, булутлардек сузиб юради..

Ҳомиласи ўн ойлик бўғоз туялар эгасиз ташлаб қўйилган..

Уй-жойлар хароб бўлиб, эгасиз ҳувиллаб қолган..

Ваҳший ҳайвонлар ҳам бир ерга йиғилиб қолган..

Жалил самони Қўллари билан худди мактубни ўрагандек ўраб қўйган..

Саҳифалар тарқатилиб, эгалари қўлига учиб келган..

Бутун олам аҳлининг пардалари очилган..

Она қорнидаги ҳомила ҳам қўрқувдан қалтираб, қасосдан қўрққан..

У-ку бир бегуноҳ бўла туриб, шунча қўрқса,

Умрбод гуноҳларга ботган кимса қандай қўрқмасин?!

Жаҳаннам алангаси кўкларга ўрлаган,

Маъсият аҳлига қараб даҳшатли ўкирган..

Барча синовлардан сабр-бардош ила ўтган киши учун

Жаннатлар зийнатланган ва хушланган..

Мусулмонлар! Зулмдан сақланингиз. Чунки, зулм қиёмат куни зулматларга
айланади. Ҳамма нарсани билувчи, мазлумлар ҳолидан хабардор, Адолатли ва Ҳаким
Подшоҳ мол-дунё ва бола-чақа фойда бермайдиган Кунда мазлумга золимдан қасос
олиб беради.

Эй мазлум, сабр қил, эзмасин ўкинч,

Аллоҳнинг кўзлари уйғоқ, ухламас.

Ухлайвер бемалол, кўнглинг бўлсин тинч,

Жорийдир Аллоҳнинг адли, тўхтамас.

Гар Аллоҳ золимга берса-да муҳлат

Жазо пайти келгач, асло аямас.

Улуғ ва адолатли Подшоҳ наздида энг оғир иш ва энг оғир зулм – ноҳақ қон тўкишдир. Суҳбатимизнинг учинчи моддаси шу ҳақда бўлади.

Учинчи: Қон ҳурмати

Аллоҳ таоло наздида қоннинг ҳурмати улуғдир. Шунинг учун ҳам қиёмат куни одамлар ўртасидаги энг биринчи ажрим қонлар хусусида бўлади.

«Саҳиҳайн»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни одамлар ўртасида энг биринчи ажрим қилинадиган нарса қонлар хусусидадир».

Бир нарсага эътибор беришингизни сўрардимки, бу ҳадис билан «Сунан-ҳадис тўпламлари» соҳиблари ривоят қилган бошқа бир саҳиҳ ҳадис ўртасида қарама-қаршилик йўқдир. У ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали намоздир. Агар намози яхши бўлса, нажот топади ва зафарга эришади. Намози ёмон бўлса, ноумид ва зиёнкор бўлади», деганлар (Термизий: №413, Насоий: 1/232).

Бу икки ҳадис ўртасидаги зидликни қандай қилиб кеткизилади?!

Аҳли илмлар айтадиларки, намоз биринчи бўлиб ҳукм қилинадиган Аллоҳнинг ҳаққидир, қонлар эса бандаларнинг ўзаро ҳақлари ичидан биринчи бўлиб ажрим қилинадиган нарсадир. Шунинг учун Насоий ривояти мазкур икки ҳақ ўртасини жамлаган: «Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали намоздир, бандалар ўртасида биринчи бўлиб ҳукм қилинадиган нарса қонлар хусусидадир».

Инсонни яратган ва унга ҳаёт ато этган зот Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Бинобарин, унинг ҳаётини олишга ҳам фақат яратувчи ва ҳаёт ато этувчи зотнинг ўзи ҳақли, ёки Унинг амри ва У тузиб берган шариат доирасидагина қони тўкилиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин)» (Анъом: 151).

Бу – очиқ-ойдин қилиб белгилаб қўйилган, ҳеч қандай чигаллик ва ноаниқлик бўлмаган ҳақ-ҳуқуқдир, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берганлар. Бухорий ва Муслим Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб ва Мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони фақат қуйидаги уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: оилали зинокор, жонга-жон сифатида (яъни бир мусулмонни қасддан ўлдирса) ва мусулмон жамоадан ажралиб, диндан чиққан кимса» (Бухорий: №6878, Муслим: №1676).

Демак, мусулмон кишининг қонини тўкиш ушбу уч ҳолатнинг биридагина ҳалол бўлар экан.

Биринчи ҳолат: Қасос (жонга-жон)

Қасосни мусулмон раҳбар ёки унинг вакили ижро эттиради. Чунки, бу одамларнинг ўзига ташлаб қўйиладиган иш эмас. Акс ҳолда, жамиятда бошбошдоқлик вужудга келади. Қасосда жамият учун ҳаёт бордир. Зеро, қотил агар ўзининг ҳам албатта қасос йўли билан ўлдирилишини билса, еру осмонлар Парвардигори яратган бир инсоннинг жонига тажовуз қилишдан олдин минг марта ўйлаб кўради. Шунинг учун қасосда жамият учун ҳаёт бор дейилади. Аллоҳ таолонинг Ўзи айтмаганми ахир: «Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар» (Бақара: 179), деб?!

Иккинчи ҳолат: Оила кўрган зинокор

Оилали зинокор – Аллоҳ уни ҳалол-пок турмуш қуриш орқали жуфтга эга қилган, бироқ у ўз жуфтиҳалолини тарк қилиб, ифлос ва бадбўй разолат ботқоғига ботган, зинога қўл уриб, обрў-номусини тўккан ва шарафини поймол қилган кимсадир. Бундай шахсни тошбўрон қилиш йўли билан қатл қилинади. Баъзи бировларга бу ҳукм ўта қаттиққўл бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ, агар шарафи булғаниб, номуси поймол қилинса, бундай кимсанинг бир эмас, бир неча марта қатл қилинишини ёқлаб гапирган бўларди.

Учинчи ҳолат: Муртадлик

Аллоҳ Ислом билан мукаррам этганидан сўнг уни тарк қилиб, муртадликни ихтиёр қилган кишини қатл қилинади. Бухорий ва Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким динини алмаштирса, уни ўлдиринглар», деганлар (Бухорий: №5922, Аҳмад: 1/282, Термизий: №1458, Абу Довуд: №4351, Насоий: №7/104).

Мана шу уч ҳолатда мусулмон раҳбар ёки унинг ноиби-вакили Аллоҳ таоло белгилаб берган шариат доирасида қон тўкишга ҳақли бўлади.

Аммо, шундан бошқа ўринларда бир бегуноҳ кишини қатл қилиш жуда оғир жиноятдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).

Аллоҳу акбар!! Қаранг қоннинг ҳурматини!!

«Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин киши ҳаром (яъни ноҳақ) қон тўкмас экан, динида давомий кенгликда (хотиржамликда) бўлади». Ибн Умар айтдилар: «Ўзини унга туширган киши учун қайтиб чиқиш йўли йўқ бўлган ҳалокатли ишлардан (ботқоқликлардан) бири ҳаром қон тўкишдир» (Бухорий: №6862).

Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ва Насоий ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир гуноҳни шоядки, Аллоҳ кечирар, бироқ бир киши кофир бўлиб ўлса ёки бир киши бир мўминни қасддан ўлдирса (уни кечирмайди)» (Аҳмад: №16849, Насоий: 7/81).

Насоий ривоят қилган ва Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дунёнинг заволга юз тутиши Аллоҳ наздида битта мусулмон кишини қатл қилишдан кўра енгилроқдир» (Насоий: 7/83, Саҳиҳул-жомиъ: №4361).

Насоий ва Бухорий «Ат-тарих»да Амр ибн ал-Ҳамиқ ал-Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир кишига ўз қони (яъни жонини) ишонса-ю, у уни ўлдириб қўйса, гарчи ўлдирилган киши кофир бўлса ҳам, мен қотилдан покман (яъни у мендан эмас)» (Насоий, Ибн Можа, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 440).

Еру осмонлар Парвардигори наздида қоннинг ҳурмати шу даражададир. Шунинг учун ҳам бандалар ўртасида биринчи ажрим қилинадиган иш қонлар хусусида бўлади.

Мана бу ҳадисга ҳам диққат қаратинг. Унда маҳшар ерида мақтул билан қотил ўртасида бўладиган ажиб бир кўриниш баён қилинган. Насоий ҳасан санад билан ривоят қилган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни мақтул Аллоҳ ҳузурига қотилга осилган ҳолда келади, унинг бўйин томирларидан қон отилиб турган бўлади. У: «Эй Раббим, ундан сўрагин, мени нега ўлдирган экан?», дейди. Ҳатто, уни аршга яқин қилади».

Ибн Аббосга тавба ҳақида зикр қилишганида у: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак» оятини ўқиди ва: «Бу оят мансух бўлмаган ва ўзгартирилмаган, қаердан унга тавба бўлсин?!», деди (Термизий: №3032, Насоий: 7/85, Аҳмад: №23004, Саҳиҳул-жомиъ: №8031).

Тўртинчи: Мўминлар ўртасидаги қасос

Тавҳид ва иймон аҳли ўртасида ҳам қасос олиш содир бўладими?!

Ҳа, албатта! Мен юқорида ҳам айтганимдек, бирон киши гарчи Аллоҳга иймон келтирган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган бўлса ҳам, агар зиммасида бир мўмин биродарига нисбатан зулм бўлса, жаннатга кирмайди.

Бухорий Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Қиёматда) мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги бир майдонга қамаладилар. Улар (шу ерда) дунёда ўтказган зулмлари учун ўзаро ҳисоб-китоб қилиб оладилар. Сўнгра (гуноҳлардан) покланиб, тозаланганларидан кейингина уларга жаннатга киришга изн берилади» (Бухорий: №2440).

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Шу билан қиёмат куни ҳисоб майдонида бўлиб ўтадиган ишлар ҳақида умумий суратда гапириб ўтган бўлдим. Аллоҳ насиб этса, келгуси суҳбатимизда ушбу уммат ичидан жаннатга азобсиз ва ҳисобсиз кирадиган бахтли инсонлар синфи ҳақида сўз юритамиз.

2011 йил 17-ноябр

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.