Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Қиёматнинг катта аломатлари: Масиҳ Дажжол

Охират ҳовлиси силсиласи

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

علامات الساعة الكبرى

المسيح الدجال

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги учрашувимиз «Охират ҳовлиси силсиласи»дан тўртинчи суҳбат бўлиб, аввалги суҳбатимизда қиёматнинг кичик аломатлари ҳақида сўз юритган эдик. Бугун қиёмат қоим бўлишидан бевосита олдин юз берадиган катта аломатлар ҳақида сўзлашамиз.

Имом Муслим «Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби»да Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Гаплашиб ўтирган эдик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар ва: «Нима тўғрисида гаплашаяпсизлар?», дедилар. Биз: «Қиёмат ҳақида гаплашаяпмиз», дедик. «Қиёмат то ундан олдин ўнта аломатни кўрмагунларингча қоим бўлмайди», дедилар ва тутунни, Дажжолни, добба (ер жонивори)ни, қуёшнинг ботиш тарафидан чиқишини, Ийсо ибн Марямнинг тушишини, Яъжуж ва Маъжужни ва учта ер ютишни – биттаси машриқда, иккинчиси мағрибда, учинчиси араб жазирасидаги ер ютишини зикр қилдилар, охиргиси Ямандан чиқадиган ва одамларни маҳшар сари ҳайдайдиган ўт эди» (Муслим: №2901, Абу Довуд: №4311, Термизий: №2184).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа саҳиҳ ривоятларда ушбу аломатларни мазкур тартибдан бошқачароқ кўринишда ҳам зикр қилганлар. Хабарлардан рожиҳроқ бўлгани – Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да зикр қилганидек – Дажжолнинг чиқиши ер юзининг кўп қисмида умумий аҳволнинг ўзгаришига боғлиқ содир бўладиган биринчи катта аломат бўлиб, бу Ийсо ибн Марямнинг вафоти билан ниҳоясига етади. Қуёшнинг ботиш тарафидан чиқиши ҳолатларнинг ўзгаришига боғлиқ юз берадиган биринчи катта аломат бўлиб, у қиёмат қоим бўлиши билан ниҳосига етади. Добба (ер жонивори) чиқиши ҳам қуёш ботиш томондан чиқадиган кунда бўлса керак, валлоҳу аълам. (Фатҳул Борий: 11/353).

Бироқ, нима бўлганда ҳам, катта аломатлар бирин-кетин содир бўлади, улар маржон доналарига ўхшаган бўлиб, бири узилса қолганлари ҳам унинг ортидан сочилиб кетгани кабидир.

Аҳмад «Сунан»да келтирган ва Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилиб, Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ деган, Заҳабий ва Албоний бунга иқрор бўлган, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аморотлар – яъни катта аломатлар – ипга тизилган маржон доналаридир, ип узилса, уларнинг бири иккинчисига эргашиб кетади», деганлар (Аҳмад: №7040).

Рухсатларингиз билан қиёматнинг катта аломатлари ҳақидаги сўзимизни ер юзидаги ҳолатларнинг ўзгаришига боғлиқ содир бўладиган биринчи катта аломат – яъни, Масиҳ Дажжолнинг чиқиши ҳақидаги сўз билан бошласам.

Одатимизга кўра, суҳбатимиз мавзусини қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

  1. Биринчи: Дажжол ер юзидаги энг катта фитнадир.
  2. Иккинчи: Дажжол ва унинг фитнасининг аниқ-тиниқ васфи.
  3. Учинчи: Нажот сари йўл.

Диққат билан қулоқ солишларингизни умид қиламан. Зеро, мавзу ўзига хос аҳамиятга эга бўлган мавзулардан биридир.

Биринчи: Дажжол ер юзидаги энг катта фитнадир

Азиз дўстим! Бу фитна ҳақида яхши фикр юритинг ва унинг хатаридан воқиф бўлинг. Дажжол Аллоҳ таоло Одамни яратган кунидан то қиёматгача ер юзидаги энг улкан фитнадир.

Нима учун Дажжолни Масиҳ Дажжол дейилган?!

Дажжолнинг масиҳ деб номланишига сабаб, унинг кўзи мамсуҳ – (яъни, бир кўзи ўрни теп-текис) бўлгани учундир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:(الدجال ممسوح العين) «Дажжол – бир кўзи(нинг ўрни) текисдир», деганлар (Муслим: №2933, Абу Довуд: №4316, Термизий: №2246).

Дажжол (ёлғончи) деб аталишига сабаб – у ёлғон ва ботил билан ҳақни ўраб-чирмайди. Дажжол фитнаси жуда улкан фитнадир!

«Саҳиҳ Муслим»да Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одам яратилишидан то қиёматгача Дажжолдан кўра (фитнаси ва шон-шавкати) каттароқ махлуқ йўқдир», деганлар (Муслим: №2946).

Дажжолнинг иши ғайбий ишдир. Ғайбга тааллуқли ишлар ҳақида ўз билганимизча гапиришимиз жоиз бўлмайди. Шунинг учун бу борада ўз хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган Содиқ ва Масдуқ зотнинг сўзларидан кўчирмалар келтирамиз. Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиманки, бошқа ўринларда бўлгани каби бу мавзуда ҳам фақат саҳиҳ ҳадисларни келтириш билан чекланамиз.

Ибн Можа «Сунан»ида, Ибн Хузайма «Саҳиҳ»ида, Ҳоким «Мустадрак»ида Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ер юзида Аллоҳ таоло Одам зурриётини яратганидан тортиб Масиҳ Дажжол фитнасидан каттароқ фитна бўлмади. Аллоҳ бирон пайғамбарни юборган бўлса, у албатта ўз қавмини Дажжолдан огоҳлантирган. Мен охирги пайғамбар, сизлар эса охирги умматсизлар. У албатта сизларнинг ичингизда чиқади. Агар Дажжол чиққанида ораларингизда бўлсам, мен ҳар бир мусулмоннинг ҳимоячиси бўламан. Агар Дажжол мендан кейин чиқса, ҳар бир киши ўзини ўзи ҳимоя қилади. Аллоҳ (мендан кейин) ҳар бир мусулмон учун менинг халифамдир».

Уммати исломия учун нақадар катта эҳтиром!

Дажжол фитнаси ғоят улкан фитнадир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муваҳҳидлар Дажжол фитнасига алданиб қолмасликлари учун Дажжолни жуда ҳам аниқ-равшан қилиб сифатлаб берганлар ва унинг фитнасини аниқ-тиниқ қилиб баён қилиб берганлар. Суҳбатимизнинг иккинчи қисми шу ҳақда бўлади.

Иккинчи: Дажжол ва унинг фитнасининг аниқ-тиниқ васфи

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжолнинг белгиларини аниқ айтиб ўтганлар.

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида туриб хутба қилдилар, Аллоҳга Ўзи лойиқ бўлганидек ҳамду сано айтгач, Дажжолни зикр қилдилар: «Мен сизларни ундан огоҳлантираман. Ҳар бир пайғамбар албатта ўз қавмини Дажжолдан огоҳлантирган, Нуҳ ҳам ўз қавмини огоҳлантирган. Лекин, мен сизларга Дажжол ҳақида ҳеч бир пайғамбар ўз қавмига айтмаган сўзни айтаман. Билингки, у ғилайдир, Аллоҳ эса ғилай эмасдир» (Бухорий: №7127, Муслим: №169, Абу Довуд: №4757, Термизий: №2236).

Бир ривоятда унинг ўнг кўзи ғилайлиги, бошқа бир саҳиҳ ривоятда эса чап кўзи ғилайлиги келган.

Дажжол ғилайдир. Парвардигоримиз эса ғилай эмас, жалла жалолуҳ, Унинг ўхшаши йўқ, тенги йўқ, мисли йўқ, рақиби йўқ, жуфти йўқ, боласи йўқ, «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).

Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дажжол кўзи текисдир, унинг икки кўзи ўртасига «кофир» деб ёзилган, ҳар бир мусулмон уни ўқий олади» (Саҳиҳ, Муслим: №2933, Абу Довуд: №3416, Термизий: №2246).

Бир ривоятда: «Дажжол – унинг икки кўзи ўртасига “кофир” деб ёзилган, уни ҳар бир саводли ва саводсиз мўмин ўқий олади» (Муслим: №2933, Абу Довуд: №3416).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини зоҳиридан бошқага буриш керак эмас, Дажжолнинг пешонасига битилган ёзув ҳақиқий ёзувдир. «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дажжол – кўзи текисдир, икки кўзи ўртасига “кофир” (ك ف ر) деб ёзилган» (Муслим: №2933).

Имом Муслим «Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби»да Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Мен Дажжолда бор нарсани ундан кўра яхши биламан. У билан иккита оқиб турган анҳор бор. Улардан бири кўрар кўзга оппоқ сув, бошқаси эса кўрар кўзга ёниб турган оловдир. Агар биров унга етишса, кўзига олов бўлиб кўринган анҳорга борсин ва унга шўнғисин. Сўнгра бошини эгиб, ундан ичсин. Чунки, у муздек сувдир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни Дажжолнинг оловидан қўрқмасликка йўлламоқдалар. Чунки, Дажжол ўз ёлғони ва ботили билан ҳақни ўрайди. Агар унинг алангали оловини кўрсангиз, билингки, у муздек ширин сувдир.

«Саҳиҳ Муслим»да Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дажжол чиққанида у билан бирга сув ва олов бўлади. Одамларга сув бўлиб кўринган нарса куйдирувчи оловдир. Одамларга олов бўлиб кўринган нарса муздек, ширин сувдир», деганлар (Муслим: №2934).

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Дажжолнинг ер юзида бўлиши муддати ҳақида сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қирқ кун. Бир куни бир йилдек, бир куни бир ойдек, бир куни бир ҳафтадек, қолган кунлари бошқа кунларингизга ўхшаш», дедилар. Шунда биз: «Ё Расулуллоҳ, бир йилга тенг бўлган кунда биз учун бир кеча-кундузлик намоз кифоя қиладими?», деб сўрадик. «Йўқ, ўлчовини чамаланглар», дедилар (Муслим: №2937, Абу Довуд: №4321, Термизий: №2241).

Яъни, бомдодни ўқигач, аввал бомдод билан пешин орасида қанча вақт ўтган бўлса, шунча соатни ҳисоблаб, пешинни ўқийсизлар. Кейин пешин билан аср оралиғида бўладиган вақтни ҳисоблаб, асрни ўқийсизлар ва ҳоказо.

Юқоридаги ҳадис давомида саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Дажжолнинг ерда ҳаракатланиши тезлиги ҳақида сўрадилар. У зот дедилар: «Ер юзида қирқ кун туради, шу вақт ичида бутун ер юзини босиб ўтади. Унинг тезлиги ортидан шамол эсган ёмғирли булутга ўхшайди».

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дажжол бир қавмга бориб, уларни даъват қилади. Улар унга иймон келтирадилар ва чақириғига ижобат қиладилар. У осмонга буюради, осмон ёмғир ёғдиради, ерга амр қилади, ер (ўт-ўланларини) ундиради. Чорва моллари кечқурун уларнинг олдига ўркачи энг узун, елинлари энг тўлган ва қоринлари энг шишган ҳолда келади».

Кейин Дажжол бошқа бир қавмга бориб, уларни даъват қилади. Улар: «Йўқ», деб, уни ёлғончи санайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «У харобазордан ўтаркан, унга: «Хазиналарингни чиқар!», деб буюради, шунда унинг хазиналари тўзиган асаларилардек унга эргашади»..

Нақадар оғир фитна!! Кейин фитнаси яна-да зиёдалашади!

«Кейин у кучга тўлган ёш бир йигитни чақириб, унга қилич солиб, иккига бўлиб ташлайди. Дажжол одамлар кўзи олдида ўша икки бўлак ўртасидан юриб ўтади. Кейин йигитга: «Тур ўрнингдан!» деб буюради ва йигит ҳеч нарса бўлмагандек тирилиб, ўрнидан туради».

Нақадар оғир ва қаттиқ фитна!!

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Шундан сўнг бир йигит унга қараб йўлга чиқади. Йўлда у қуролли кишиларга – Дажжолнинг қуролланган кишиларига (яъни, унинг қурол кўтарган яҳудий тобеъларига) дуч келади. Улар: «Қаерга бормоқчисан?», деб сўрайдилар.

У: «Ўша чиққан кимса – яъни, Дажжол – олдига бормоқчиман»,
дейди.

«Нима, сен раббимизга ишонмайсанми?!», дейдилар.

«Раббимизда махфийлик йўқ» – яъни, мен уни кўрсам, кимлигини билиб
оламан – дейди у.

Шунда: «Ўлдиринглар уни!», дейишади.

Баъзилари: «Ахир раббимиз (яъни Дажжол) усиз бирон кишини
ўлдиришдан бизни қайтарган эмасмиди?!», дейишади.

Шундан сўнг ҳалиги мўмин кишини улар Дажжол ҳузурига олиб
боришади.

Мўмин Дажжолни кўргач: «Эй одамлар! Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бизларга зикр қилган Дажжол худди шу бўлади!», дейди.

Шундан сўнг Дажжолнинг буйруғи билан уни қорни билан
ётқизилади.

Дажжол: «Уни ушлаб, бошини ёринглар», дейди.

Шундан сўнг мўмин кишининг орқаси ва қорнига роса уришади.

Кейин Дажжол: «Менга иймон келтирмайсанми?», дейди.

У: «Сен каззоб масиҳсан», дейди.

Кейин у мўмин кишининг боши ўртасидан арра тортишга буюради.
Уни икки оёғи орасигача арралаб, иккига бўлиб юборилади. Сўнгра Дажжол икки
бўлак ўртасидан юриб ўтади, кейин унга: «Тур ўрнингдан!», дейди. У расо ҳолида
ўрнидан туради.

Кейин Дажжол унга: «Энди менга иймон келтирарсан?», дейди.

«Сенинг кимлигингни яна ҳам аниқ билиб олдим», дейди йигит.
Кейин одамларга қараб: «Эй одамлар! У мендан кейин биронта ҳам инсонга бундай
қила олмайди», деб хитоб қилади.

Шунда Дажжол уни ушлаб, сўймоқчи бўлади ва унинг бўйни билан
ўмрови ўртасига пичоқ тортади, лекин, сўйишга қодир бўлмайди.

Шундан сўнг унинг қўл-оёқларидан ушлаб, улоқтиради. Одамлар,
Дажжол уни дўзахга улоқтирди, деб ўйлайдилар. Аслида, у жаннатга ташланган
бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу йигит оламлар
Парвардигори ҳузурида шаҳидларнинг энг улуғидир».
(Бухорий: №7132, Муслим:
№2938).

Дажжол фитнаси ҳақидаги сўзни ажиб бир ҳадис билан якунламоқчиман. Бу ҳадисни
Муслим, Абу Довуд, Термизий ва бошқалар Фотима бинт Қайс ва Тамим ад-Дорийдан
ривоят қилганлар.

Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳо айтади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззинларининг «Жамоат намозига!»
деган чорловини эшитиб, масжидга чиқдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам билан бирга намоз ўқидим. Мен қавмнинг орқа томонида турган аёллар ичида
эдим. Намоздан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга ўтирдилар
ва табассум билан: «Эй одамлар! Ҳеч ким ўрнидан қимирламасин», дедилар.
Сўнгра: «Биласизларми, нима учун сизларни йиғдим?», деб сўрадилар.
Одамлар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: «Аллоҳга қасамки, мен сизларни на тарғиб учун, на қўрқитиш учун
йиғдим. Балки, сизларни йиғишим сабаби, Тамим ад-Дорий насроний киши эди. У
келиб менга байъат берди ва Исломни қабул қилди ҳамда Масиҳ Дажжол хақида мен
сизларга айтиб берган ҳадисга тўла мувофиқ келадиган бир воқеани менга сўзлаб
берди. Унинг айтишича, Лахм ва Жузом қабиласидан бўлган 30 киши билан кемага
минишибди. Тўлқин уларни денгизда бир ой
(писта пўчоқдек) ўйнатибди.
Ниҳоят, улар денгиздаги бир орол яқинига лангар ташлабдилар. Қайиқларга ўтириб,
оролга кириб боришибди. Уларнинг олдига қалин ва пахмоқ юнгли бир жонзот
яқинлашибди. Юнгининг кўплигидан олди томонини орқасидан ажратиб бўлмас экан.

«Ҳой шўринг қургур, кимсан сен?», деб сўрабдилар.

«Мен Жассосаман», (жосус маъносида, Дажжолга хабарлар келтириб тургани
учун шундай номланган) деб жавоб берибди у.

«Нима у Жассоса?», деб сўрабдилар.

У эса: «Эй қавм, хилватхонадаги анави киши олдига юринглар.
Чунки, у сизларнинг хабарингизга муштоқ», дебди.

Тамим ад-Дорий деди:

Махлуқ бизга хилватхонадаги кишини айтгач, бу махлуқ шайтон
эмасмикан, деб чўчидик. Кейин тез-тез юриб, хилватхонага кириб бордик. У ерда
икки қўли бўйнига боғланган, тиззасидан тўпиғигача темир билан кишанланган жуда
баҳайбат бир инсонни кўрдик. Биз ундан: «Ҳой шўринг қурғур, сен кимсан?», деб
сўрадик.

У: «Менинг хабарим(ни билиш)га қодир бўлдингиз. Менга
айтингларчи, ўзингиз кимсизлар?», деди.

«Биз араблармиз. Кемага минган эдик. Денгизда довул бўлган
вақтга тўғри келиб қолдик. Тўлқин бизни бир ой ўйнатди. Кейин сенинг мана бу
оролинг яқинига лангар ташладик. Қайиқларга ўтириб, оролга келдик. Шунда
юнгининг кўплигидан олдини орқасидан ажратиб бўлмайдиган пахмоқ бир жонзот
олдимизга келди. «Ҳой шўринг қургур, кимсан сен?», деб сўрадик. «Мен
Жассосаман», деди у. «Нима у Жассоса?», деб сўрадик. У эса: «Эй қавм,
хилватхонадаги анави киши олдига юринглар. Чунки, у сизларнинг хабарингизга
муштоқ», деди. Шундан сўнг биз тез юриб, сенинг олдинга келдик. Махлуқдан шайтон
эмасмикан, деб чўчидик», дедик.

Ҳалиги киши: «Байсон (Шом диёридаги бир қишлоқ) хурмозори ҳақида
менга хабар беринглар», деди.

Биз айтдик: «Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?».

У: «Унинг хурмолари ҳақида сўраяпман. Мева беряптими?»,
деди.

Биз: «Ҳа», дедик.

«Яқинда улар мева бермай қўяди. Энди менга Табария кўли ҳақида
хабар беринглар», деди.

Биз дедик: «Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?».

«Унда сув борми?», деди.

«Ҳа, у жуда серсув», дедик.

«Кўлнинг суви яқинда қурий бошлайди. Энди менга Айн Зуғар (Зуғарбулоқ
– Шомдаги шаҳар номи) ҳақида хабар беринглар», деди.

«Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?», дедик.

«Булоқда сув борми? Одамлар экинларини булоқ суви билан
суғоришадими?», деб сўради.

«Ҳа, булоқнинг суви кўп, одамлари экинларини булоқ суви билан
суғоришади», дедик.

«Уммийлар (яъни, оми, саводсизлар) пайғамбари ҳақида менга хабар
берингларчи, у нима қилди?», деб сўради у.

«У Маккадан чиқди ва Ясрибга кўчиб ўтди», дедик.

«Араблар унга қарши уруш қилдими?», деб сўради.

«Ҳа», дедик.

«У улар билан қандай муносабатда бўлди?», деб сўради.

Биз унга у пайғамбарнинг чор атрофдаги араблардан ғолиб
келганини ва ҳамма араблар унга итоат қилишганини айтдик.

У: «Шундай бўлдими?», деб сўради.

«Ҳа», дедик.

У деди: «Ҳа, араблар унга итоат қилишса, ўзларига яхши бўлади.
Энди мен сизларга ўзим ҳақимда хабар берай. Мен Масиҳ (Дажжол)ман. Яқин орада
менга чиқиш учун рухсат берилади. Шунда мен чиқиб, қирқ кунда ер юзининг
ҳаммасини айланиб чиқаман. Макка ва Тойбадан ташқари биронта ҳам шаҳару қишлоқни
қолдирмай, кириб бораман. Фақат шу икки шаҳар менга ҳаром қилинган. Қачон
улардан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта қўлида яланғоч қиличи билан пешвоз
чиқиб, мени ундан тўсади. Уларнинг ҳар бир тепалигида уларни қўриқлаб турадиган
фаришталар бор».

Фотима бинт Қайс айтади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асолари билан минбарларига нуқиб:
«Тойба мана шудир.. Тойба мана шудир», дедилар Мадинани назарда
тутиб.

Кейин айтдилар: «Огоҳ бўлинглар, мен сизларга бу ҳақда хабар берган
эдимми?».

Одамлар: «Ҳа», деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тамимнинг гаплари жуда
ажойиб бўлди. Чунки, улар менинг Дажжол ҳақида, Макка ва Мадина ҳақида сизларга
айтиб берган гапларимга тўлиқ мос келди. Билиб қўйинглар, Дажжол Шом ёки Яман
денгизидадир. Йўқ, у машриқ тарафдан (чиқади). Ҳа, у машриқдан,
машриқдан..».

Шундай деб у зот қўллари билан машриққа ишора қилдилар. Мен Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана шу сўзларни ёдимда сақлаб қолганман, деди
Фотима бинт Қайс. (Муслим: №5235).

Севикли дўстларим! Бу айтиб ўтилганлар Дажжол фитнаси ҳақидаги кўплаб
хабарларнинг бир қисми эди, холос. Мен сизларни ушбу фитна хатаридан воқиф қилиш
учун Аллоҳ муяссар қилганича айрим ҳадисларни олиб келдим.

Энди бир ҳақли саволнинг жавоби қолмоқда. Яъни, Дажжол ўлдириладими? Агар
ўлдирилса, уни ким ўлдиради?!

Ҳа.. Хурсанд бўлингиз, Дажжол қатл этилади, уни Ийсо ибн Марям алайҳиссалом
ўлдирадилар.

Ибн Можа «Сунан»ида ва Ҳоким «Мустадрак»ида Абу Умома розияллоҳу анҳудан
ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам айтганлар: «Байтул Мақдисда мусулмонлар имоми уларга бамдод намозин
ўқиб бериб турганида Ийсо ибн Марям тушиб келади. Мусулмонлар имоми уни кўриб,
танийди ва пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
тобеълари бўлган мўминларга Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо намоз ўқиб берсинлар, деб
орқага чекинади. Шунда Ийсо алайҳиссалом келиб, қўлини мусулмонлар имоми
елкасига қўяди ва: «Йўқ, сиз олдинга ўтинг ва намоз ўқиб беринг, сиз учун
намозга иқомат айтилди», дейди.

Бир лафзда: «Имомингиз сизлардан эй Муҳаммад уммати», дейди ва Аллоҳнинг
пайғамбари Ийсо мусулмонлар имоми орқасида Аллоҳ Роббул оламийнга намоз ўқийди.
Мусулмонлар имоми намозни тугатгач, Ийсо туради, мусулмонлар унинг ортида
турадилар. Ийсо Байтул Мақдис эшигини очиб, Масиҳ Дажжолни қуролланган етмиш
минг яҳудий билан турганини кўради. Дажжолнинг кўзи Аллоҳнинг пайғамбари Ийсога
тушиши билан сувга тушган туздек эрийди ва қоча бошлайди. Ийсо унинг ортидан
қувиб бориб, Фаластиндаги Луд дарвозаси олдида тутиб олади ва уни ўлдиради.
Халқлар Дажжолнинг ёмонлигидан қутуладилар»
.

Энди яна бир савол қолди. Яъни, Дажжол фитнасидан нажот топиш йўли
борми?

Ушбу саволга иккинчи хутбамизда жавоб қидирамиз.

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд..

Нажот йўли борми?

Қалбларингиз хотиржам бўлиши учун ушбу савол жавобини мардлар пешвоси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларидан келтираман.

Ибн Можа «Сунан»ида ва Ҳоким «Мустадрак»ида келтирган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Ким «Каҳф» сурасидан ўн оят ёд олса, Дажжол фитнасидан омонда
бўлади».

Бир лафзда: «Ким «Каҳф» сурасининг аввалидан ўн оят ёд олса, Дажжол фитнасидан омонда бўлади».

Бир лафзда: «Ким «Каҳф» сурасининг охиридан ўн оят ёд олса, Дажжол фитнасидан омонда бўлади». (Муслим: №809, Абу Довуд: №4323, Термизий: №2888).

Дажжол фитнаси нақадар кенг кўламда ва нақадар оғир фитна бўлишини юқоридаги сўзлардан билиб ўтдингиз. Хўш, энди мана шундай оғир фитнадан воқиф бўла туриб, «Каҳф» сурасидан фақат ўн оят ёдлаб қўйсак, кифоя қилармикин?! Менимча, сизлар, йўқ, бутун бошли сурани ҳаммасини ёд олиш ҳам бу оғир фитна олдида енгил иш бўлади, десангизлар керак. Айрим кишилар, Макка ё Мадинага бориб оламиз, дейишса ҳам керак.

Мен айтаманки, майли, қўлидан келган одам Макка ё Мадинага бориб олса, жуда яхши. Бу икки шаҳар Дажжолга ҳаром қилинган, у уларга кира олмайди. Шу билан унинг фитнасидан қутулиб қолиш мумкин. Аммо, ҳамма ҳам у ерларга кетиб олиш имкониятига эга бўлавермайди-да.

Шу боис мен сизларга Аллоҳ жалла ва алонинг тавҳидини жойига келтириш ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъносини билишдан кўра каттароқ, буюкроқ ва улканроқ нажот йўлини топа олмайман. Дунё ва охиратда ҳақиқий нажот топишни истаган киши учун энг асл-асос ва омонлик ороли шудир.

Эътибор берган бўлсангиз, Набий Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжолнинг икки кўзи ўртасига битилган «кофир» сўзини фақат мўмин-муваҳҳидгина ўқий олишини айтдилар.

Билингки, иймон – тил билан айтиб қўйиладиган сўзгина эмас.. Балки, иймон – тил билан айтиш, қалб билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир..

Иймон рукнларини ҳам яхши билиб олиш зарур.. Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтириш.. Ҳозироқ Аллоҳга бўлган иймонни тўғрилаб олмоқ ва ҳақиқий иймонни рўёбга чиқармоқ зарур.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Иймон таҳаллий (зийнатланиш) ҳам, таманний (орзу-хавас қилиш) ҳам эмасдир, балки у қалбларда ўрнашган ва амаллар уни тасдиқлаган нарсадир. Ким яхшиликни гапирса ва яхши амал қилса, ундан қабул қилинади. Ким яхшиликни гапирса ва ёмон амал қилса, ундан қабул қилинмайди».

Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб: «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир», (дерлар)» (Фуссилат: 30-32).

Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур. Улар, у жойларда мангу қолар эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар. Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!». (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 107-110).

Эй Аллоҳ, бизларнинг гуноҳларимизни яширгин ва бизларни шарманда қилмагин, бизларни икром қилгин, хор қилмагин!

Эй Аллоҳ, ушбу муборак жамоадаги ҳар бир кишининг биронта ҳам гуноҳини қўймай мағфират этгайсан, биронта ҳам беморни қўймай шифо ато этгайсан, ҳеч бир қарзни қўймай адо этгайсан, вафот этганларимизни раҳматингга олгайсан, осийларимизни кечиргайсан, тоат-ибодатдагиларимизни саботли қилгайсан, Сенинг розилигинг ва бизнинг фойдамиз бўлган ҳар қандай ҳожатимизни раво қилгайсан, эй оламлар Парвардигори!

Эй Аллоҳ, ушбу жамоатимизни раҳматинг инган жамоат қилгин, бу ердан тарқалишимизни гуноҳдан холи тарқалиш қилгин, ораларимизда биронта ҳам бахтсиз ва маҳрумни қолдирмагин.

Эй Аллоҳ, бизни ҳидоят қилгин, биз сабабли ҳидоят қилгин, бизни ҳидоятланувчиларга сабабчи қилгин.

Эй Аллоҳ, агар одамларни фитналашни истасанг, бизни шармандаи шармисор бўлмаган ҳолимизда ҳузурингга олгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Эй Аллоҳ, мусулмонларни ўз ҳимоянгга олгин, оч мусулмонларни тўйдиргин, яланғочларини кийдиргин!

Дўстларим! Неки тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, ҳаммаси Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан. Неки хато, унутиш содир бўлган бўлса, бари ўзимдан ва шайтондан, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен устидан сизлар жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан, сизларга насиҳат қилиб, ўзимни унутишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.

Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўллагин.

2011 йил 19-май.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.