Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Ҳаж китоби

«Ат-Тасҳилуз-зарурий лимасаилил-Қудурий» дан

Муаллиф: Муҳаммад Ошиқ Илоҳий
Таржимон: Абу Умар ал-Маданий

1. Савол: Араб тили ва Ислом шариатида ҳаж деб нимага айтилади?

Жавоб: Араб тилида ҳаж деб, улуғ жойни зиёрат қилишга айтилади. Шариатда эса махсус жойни маълум вақтда махсус амалларни қилиш учун зиёрат қилишга айтилади. Қуйида иншоаллоҳ буларнинг барчасини батафсил билиб оласиз.

2. Савол: Исломда ҳаж қилишнинг ҳукми нима?

Жавоб: Ҳаж ислом арконларидан бири бўлиб, унинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: (Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир).

3. Савол: Ҳаж кимларга фарз бўлади?

Жавоб: Ҳаж балоғатга етган, ақлли, соғлом мусулмон кишиларга йўл тинч бўлиши ва улар сафар харажатига қодир бўлишлари шарти билан фарз бўлади. Нақлиёт воситасига эга бўлиш ёки ижарага олиш сафар харажати жумласидандир. Ҳажга сарфланадиган маблағ турар жой, зарурий эҳтиёжлар, ҳамда бола-чақасининг то у қайтиб келгунга қадар етарлик нафақасидан ортиқча бўлиши шарт.

4. Савол: Аёл киши ҳаж қилиши учун юқорида айтилган шартлардан ўзга шартлар ҳам борми?

Жавоб: Ҳа, аёл киши эри ёки бирон маҳрами[1] билан ҳаж қилиши шарт. Агар аёл яшайдиган ер билан Маккаи мукаррама ўртасида намоз қаср ўқиладиган сафар масофаси[2] бўлса, у эри ёки маҳрамисиз ҳажга чиқиши жоиз эмас.

Ҳажнинг фарз, вожиб ва суннатлари

5. Савол: Ҳажнинг фарзлари нималар ва улар нечта?

Жавоб: Фарзлари учта, улар қуйидагилар:

1- Эҳром;

2- Арафотда туриш;

3- Зиёрат тавофи.

6. Савол: Вожиблари нималар?

Жавоб: Улар қуйидагилар:

1- Қурбон ҳайити куни тонг отгандан кейин муздалифада туриш;

2- Сафо-Марва ўртасида саъй қилиш;

3- Жамарот[3] тошларини отиш;

4- Видолашув тавофини қилиш (Маккалик бўлмаган ҳожиларга хос) ;

5- Сочни қирдириш ёки қисқартириш;

6- Арафа куни Арафотда то кун ботгунча туриш;

7- Ҳадй[4] сўйиш. (Қирон ва таматтуъ ҳажни қилганларга хос).

8- Муфрид[5] 1-тош отиш, 2-соч олдириш тартибга риоя қилиши. Қорин[6] ва мутаматте[7] 1- тош отиш, 2-ҳадй сўйиш, ва 3-соч олдириш тартибга риоя қилиши.

9- Зиёрат тавофини қурбонлик кунлари Зулҳижжа ойининг11-12-13- кунлари дан бирида адо этиш.

10- Сочни ҳарам чегараси ичида, ва қурбонлик кунларидан бирида олдириш ёки қисқартириш.

7. Савол: Ҳажнинг суннатлари нималар?

Жавоб: Улар қуйидагилар

1- Қудум тавофини қилиш (ифрод ва қирон ҳажини қилувчи офоқий (мийқотдан ташқаридан келган)ларга хос);

2- Изтибоъ[8] ва рамал[9] қилиш. (тавофдан сўнг Сафо-Марвада саъй қилиш мақсади бўлса);

3- Минога тарвия (8-зулҳижжа) куни бориш ва ўша ерда ертанги кун бомдодидан кейингача қолиш;

4- Арафа куни қуёш чиққандан сўнг минодан арафотга йўл олиш;

5- Қурбонлик куни тонг отмасдан олдин муздалифада тунаш;

6- Арафотда ғусл қилиш;

7- Зулҳижжа ойининг 11-12-13- кечаларида минода тунаб қолиш.

Эҳром ва эҳромга киришга таъйинланган жойлар

8. Савол: Эҳром нима у?

Жавоб: Эҳром талбия айтиш билан ҳаж ёки умрага ният қилишдир.

9. Савол: Киши эҳромсиз ўтиш жоиз бўлмаган мийқот-эҳром чегараларини айтиб берсангиз.

Жавоб: Мийқотлар бешта бўлиб уларни барчасини Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берганлар.

1- Зулҳулайфа, Мадина аҳолисининг мийқоти;

2- Зоту-ирқ, Ироқликларнинг мийқоти;

3- Жуҳфа, Шом-Сурия, Ливан ва Фаластинликларнинг мийқоти;

4- Қарн, Наждликларнинг мийқоти;

5- Яламлам, Яманликларнинг мийқоти.

Бу мийқотлар мазкур минтақалар аҳолисига ва у ердан ўтиб келувчилар учундир.

10. Савол: Юқорида айтиб ўтилган мийқотлар, ўша мийқотлардан ташқарида яшовчилар ва ва у ердан ўтиб келувчилар учун бўлса, мийқотнинг ўзида ёки икки мийқот ўртасида, ёки ҳилда яъни мийқот билан ҳарам ўртасида яшовчилар ҳамда ҳарамни ўзида яшовчиларнинг ҳукми нима?

Жавоб: Мийқотнинг ўзида яшовчилар ўз жойларидан эҳромга кирадилар. Ҳарам билан мийқот ўртасида яшовчилар ҳилдан[10] эҳромга кирадилар. Ҳарамда яшовчилар ҳажда ҳарамнинг ўзидан, умрада эса ҳарам ташқарисидан эҳромга кирадилар.

11. Савол: Мийқотга етиб келмай туриб, мийқот ташқарисидан эҳромга кирса бўладими?

Жавоб: Ҳа бўлади. Агар у ҳаж ойларида эҳромда ман қилинган ишлардан ўзини тийишга ишонса шуниси афзалроқ .

12. Савол: Эҳромга мийқотдан ўтиб кетгандан кейин кирса нима бўлади?

Жавоб: Бундай қилиш жоиз эмас. Агар мийқотдан ўтгандан кейин эҳромга кирса, унга жонлиқ сўйиш вожиб бўлади.

13. Савол: Бир киши Маккаи Мукаррамага сафар қилсаю йўлда мазкур мийқотлардан биронтасига ҳам йўлиқмаса, у қаердан эҳромга киради?

Жавоб: У қайси мийқот ёнидан ўтса, ўша мийқот тўғрисидан эҳромга киради.

14. Савол: Эҳромга киришнинг суннатда кўрсатилган йўл-йўриғи борми?

Жавоб: Албатта бор. Киши эҳромга кирмоқчи бўлса, аввал ғусл ёки таҳорат қилади -ғусл афзалроқ.- сўнг икки бўлак матодан иборат янги ёки ювилган, тоза эҳром либосини кияди. Эҳром либосининг бирини белидан пастки қисмига ўрайди, иккинчисини елкасидан ташлаб олади. Агар атири бўлса, баданини хушбўйлаб олади. Атир эҳром либосига тегиб кетмаслиги керак, тегиб кетса дарҳол ювиб ташланади. Сўнгра икки ракъат намоз ўқиб, қуйидагича ният қилади:

Эй, Аллоҳим мен ҳаж қилишни нийят қилдим. Уни Ўзинг осон қилгин ва мендан қабул қилгин дейди, сўнгра талбия айтади:

لَبَّيْكَ اللَّهُمَ لَبَّيْكَ لَبَّيْكَ لا شَرِيكَ لَكَ لَبَّيْكَ إِنَّ الْحَمْدَ وَ النِّعْمَةَ لَكَ وَالْمُلْكُ لا شَرِيَك لَكَ

Маъноси:

(Амрингга тайёрман эй, Аллоҳим амрингга тайёрман. Амрингга тайёрман Сенинг шеригинг йўқдир, амрингга тайёрман. Албатта барча ҳамд-мақтовлар,неъматлар ва мулк фақат Сеникидир Сенинг шеригинг йўқдир.)

Ушбу калималардан ҳеч бирини тушириб қолдирмайди. Талбия айтган киши эҳромга кирган ҳисобланади, энди у эҳромда ман этилган ишлардан эҳтиёт бўлмоғи лозим.

15. Савол: Аёл киши ҳайз ёки нифос ҳолатида бўлса, эҳромга кирадими ёки қон тўхташини кутадими?

Жавоб: Қон тўхташини кутмайди, агар ювингани жой топса, тозалик учун ювиниб, сочларини тараб, эҳромга киради. Ният қилиб талбия айтса, эҳромга кирган ҳисобланади. Маккаи мукаррамага етиб келгач, қон тўхташини кутади, тўхтагач ғусл қилиб тавоф қилади.

Эҳром маҳзуротлари

16. Савол: Эҳромда нималар ман қилинган?

Жавоб: Қуйидагилар ман қилинган:

1. Аёлга яқинлик қилиш;

2. Гуноҳ ишларни қилиш;

3. Жанжал-тўполон қилиш;

4. Қуруқликдаги овланадиган ҳайвонларни ўлдириш;

5. Овчига ов қаерда эканини айтиб бериш; (Ишора билан ҳам кўрсатилмайди.)

6. Кўйлак, шим, тўн ва шулар каби инсон аъзосига мўлжаллаб тикилган ёки тўқилган нарсаларни кийиш;

7. Қўлқоп ва маҳси кийиш. Агар ковуш топа олмаса, маҳсини тупиқдан пастини ковуш симон қилиб кесиб ташлайди;

8. Бошни ва юзни ўраш-беркитиш. Салла, дўппи ва бундан бошқа бош кийимларни киймайди;

9. Хушбўйлик ишлатиш;

10. Соч, соқолни олиш ёки қисқартириш. Бадандаги тукларни қайси йўл билан бўлса ҳам кетказиш;

11. Тирноқ олиш;

12. Эҳроми хушбўй ранглар билан бўялган бўлиши. Агар ювилган бўлиб ҳушбўй ҳид анқимайдиган бўлса, зарари йўқ.

17. Савол: Мазкур маҳзуротлар ҳаж эҳромида ман қилинган нарсаларми ёки умра эҳромидами?

Жавоб: Бу нарсалар ҳар икки эҳромда ҳам ман қилинган.

18. Савол: Маҳзуротларда эркак-аёлнинг ҳукми бир хилми ёки баъзи ишларда аёлларнинг ҳукми фарқ қиладими?

Жавоб: Бу нарсаларда эркак-аёлнинг ҳукми деярли бир хил. Аёлларнинг фарқи улар барча тикилган кийимларни кияверадилар, уларнинг эҳромлари учун хос кийим йўқ. Бошларини ҳам ўрайдилар. Номаҳрам эркаклар бўлмаган жойларда юзларини тўсмайдилар, акс ҳолда рўмолларини бошларидан ташлаб юзларини тўсадилар.

19. Савол: Эҳромдаги киши ювинса бўладими?

Жавоб: Ҳа, ювинса бўлади фақат ҳеч қандай хушбўй нарса ишлатмайди. Хушбўй бўлмаслик шарти билан бошини шампунлаб ёки совунлаб ювса бўлади.

20. Савол: Эҳромдаги киши уй, капа, соябонлик арава (ва сайёра) ичида сояланса бўладими?

Жавоб: Буларнинг барчаси жоиз.

21. Савол: Талбияни кўп айтишнинг ҳукми нима?

Жавоб: Талбияни кўп айтиш суннат. Хусусан, намозлардан кейин, саҳарда, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтганда: тонг отганда, кун ботганда, шунингдек ҳар тепаликка чиққанда ёки пастликка тушганда ҳамда одамларга йўлиққанда ва ҳоказо.

Маккага кириш ва тавофи қудум[11]

22. Савол: Ифрод ёки Қирон ҳажини ният қилган киши Маккаи Мукаррамага кирса амални нимадан бошлайди.

Жавоб: Муфрид ва Қорин Маккаи Мукаррамага етиб келгандан кейин таҳорат олиб масжидул ҳаромга киради. Каъбатуллоҳни кўргач такбир ва таҳлил айтади –Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ- дейди. Сўнг тавоф қилади.

23. Савол: Таматтуъ ҳажини ният қилган киши нима қилади?

Жавоб: Мутаматтиъ (яъни шу ҳажни қилаётган одам) Маккаи Мукаррамага киргач юкларини жойлагандан кейин Байтуллоҳга келиб муфрид ва қорин каби тавоф қилади. Бу тавоф мутаматтиъ учун умранинг тавофи ҳисобланади.

24. Савол: Тавоф қандай бошланиб, қандай тугатилишини айтиб берсангиз?

Жавоб: Тавофни Ҳажарул асвад олдидан унга юзланиб такбир айтиб бошлайди. Сўнгра мусулмонларга озор бермай имкони бўлса Ҳажарул асвадни қўли билан ушлайди ва ўпади. Озор еткизмай ўпишни иложи бўлмаса, ўнг кафти билан ушлаб кафтини ўпади. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, қўлидаги ҳасса ёки шунга ўхшаш бирон нарсани теккизиб ўшани ўпади. Бунга ҳам имкон тополмаса, Ҳажарул асвад рўпарасига келиб, унга юзланган ҳолда, қўлини кўтариб Аллоҳу акбар дейди. Бунда кафтининг ташқи тарафини ўзи томонга, ичини Ҳажарул асвадга қаратиб, уни ушлагандай қилиб узатади, кафтини ўпмайди. Сўнгра ўнг томонига юзланиб, Каъбатуллоҳни чап тарафда қилиб, юришни бошлайди. Тавофда ҳатийм[12] орқасидан айланиб ўтади. Рукнул ямоний олдидан ўтганда иложи бўлса уни силаб ўтади. Иложи бўлмаса қўлини унга қаратиб кўтармайди. Ҳажарул асваднинг қаршисига етиб келиши билан битта тавоф тўла бўлади. Шу тарзда етти марта тавоф қилади. Тавофни Ҳажарул асваддан бошлаб, Ҳажарул асвада тугатади. Тугатаётганда Ҳажарул асвадни ушламайди, унга қўли билан ишора ҳам қилмайди.

Рамал ва изтибоъ

25. Савол: Айрим тавоф қилувчларнинг рамал ва изтибоъ қилаётганларини кўрамиз. Бунинг ҳукми нима?

Жавоб: Тавофдан сўнг Сафо-Марвада саъй қилиши керак бўлган одамга рамал ва изтибоъ қилиши суннат. Рамал тавофнинг аввалги учтасида, изтибоъ эса ҳаммасида суннат. Тавофи қудум қиладиган киши ундан сўнг саъй қилмоқчи бўлса, рамал ва изтибоъ қилади, бўлмаса, йўқ. Умра тавофини қилувчи эса рамал ва изтибоъ қилаверади. Чунки у тавофдан сўнг албатта саъй қилади.

26. Савол: Рамал қилиб юриш қандай бўлишини айтиб берсангиз?

Жавоб: Оҳиста югуриш.

27. Савол: Изтибоъ қандай бўлади?

Ж: Эҳромнинг бир тарафи ўнг қўлтиғ остидан чиқариб, чап елка устига ташлаб олинади. Ўнг елка очиқ туради.

Тавоф намози

28. Савол: Тавофдан сўнг нима қилинади?

Жавоб: Тавофдан сўнг икки ракъат намоз ўқиш суннат.

29. Савол: Бу намозни қаерда ўқилади?

Жавоб: Мақоми Иброҳим орқасида ўқиш суннат. Агар Мақомнинг орқасида ўқишнинг имкони бўлмаса, яна ҳам орқароқда ўқийди. Бунинг ҳам иложиси бўлмаса, Масжидул Ҳаромнинг ҳар жойида ўқиса бўлади

30. Савол: Мазкур намозда бирон муайян сура ўқиш керакми?

Жавоб: Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салллам бу намозда, Кофирун ва Ихлос сураларини ўқиганликларини айтганлар.

Сафо-Марвада саъй қилиш

31. Савол: Сафо-Марвада қай тарзда саъй қилиш керак эканини баён қилсангиз.

Жавоб: Саъй қилувчи Сафо томон кўтарилиб ушбу ояти каримани охиригача ўқийди.

(إِنَّ الصفا وَ الْمِرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللهِ…)

Сўнг такбир ва таҳлил айтади, ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллламга салавотлар айтиб ўзи ҳоҳлаган дуоларни ўқийди. Ушбу калимани уч марта ўқиш ва ҳар биридан кейин дуолар қилиш суннат:

لا إِلَهَ إِلا اللهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ, لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِير

لا إِلَهَ إِلا الله وَحْدَهُ صَدَقَ وَعْدَهُ وَنَصَرَ عَبْدَهُ وَهَزَمَ اْلأَحْزَابَ وَحْدَه.ُ

Сўнг Марва томон юради, зангори белгига етгач то иккинчи зангори белгигача тез югуради. Иккинчи зангори белгига етгандан кейин оддий юришига қайтиб Марвага келади. Марвага кўтарилиб яна Сафода ўқиган дуоларни такрорлайди, оятни ўқимайди. Мана шу бир саъй бўлиб, Марвадан Сафога бориш ҳам бир саъй ҳисобланади. Саъй Сафода бошланиб Марвада битади. У саъйда мудом Аллоҳни зикр қилади. Ҳар гал борганда ҳам келганда ҳам икки зангори белги ўртасида югуради. Аёллар ҳеч ўринда югурмай оддий юришда юрадилар. Қорин ва муфрид бундан кейин то ҳажни тугатиб қайтгунларига қадар бошқа саъй қилмайдилар.

Соч олдириш

32.Савол: Сафо-Марвада саъй қилиб бўлгандан кейин нима қилади?

Жавоб: Сафо-Марвада саъй қилиб бўлгандан кейин Таматтуъ ҳажини қилувчи одам сочини қирдиради ёки қисқартиради. Қирдиришни ҳажга қолдириб қисқартиргани афзал. Аёллар сочларини жамлаб учидан бир бармоқ бўғимича қирқиб ташлайдилар.

33. Савол: Сочни ҳамма олдирадими?

Жавоб: Йўқ, сочни фақат мутаматтиъ олдиради. Қорин ва муфрид соч олдирмайдилар қисқартирмайдилар ҳам. Улар то Қурбонлик кунигача эҳромда қоладилар ва ўша куни сочларини олдирадилар.

34. Савол: Мутаматтиъ соч олдиргандан кейин нима қилади?

Жавоб: Мутаматтиъ эҳромидан чиқади, одатий кийимларини кияди. Унга эҳром сабабли ҳаром бўлган барча нарсалар ҳалол бўлади. У тарвия куни ҳаж учун эҳром боғлагунича шу ҳолда юради.

Минога, сўнг Арафотга бориш

35. Савол: Ҳожи тавофи қудум ва Сафо-Марвада саъй қилиб бўлгач Маккаи мукаррамада то ҳажгача бир муддат қолса, бу муддат давомида нима қилади?

Жавоб: У эҳромда қолиб хоҳлаган вақтда тавоф қилади, беш вақт намозни ҳарамда ўқийди. Чунки бу ерда ўқилган бир намоз бошқа жойда ўқилган юз минг намоздан афзалроқдир.

Тарвия (8- Зулҳижжа) куни кун чиққандан кейин минога йўл олади.

36. Савол: Минога боргач нима қилади?

Жавоб: Минода қолиб, пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдод намозларини ўз вақтида жамоат билан адо этади.

37. Савол: Арафа куни қуёш чиққач нима қилади?

Жавоб: Арафа куни қуёш чиққач, Арафотга бориб у ерда то кун ботгунча қолади. Заволдан кейин имом билан пешин ва аср намозларини жамлаб ўқийди. Имом намоздан олдин хутба қилиб, намоз ўқиш тартиби, Арафот ва Муздалифада туриш, минода тош отиш, қурбонлик сўйиш, соч олдириш ҳамда зиёрат тавофи каби ҳаж амалларини ҳожиларга ўргатади. Сўнгра пешин намози вақтида бир азон икки иқомат билан пешин ва аср намозларини жамлаб ўқийди. Мана шу жаму-тақдимдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида жамъу-тақдим қилиб ўқиш учун мусулмонлар халифаси ёки унинг ноиби бўлиши, ҳаж эҳромида бўлиш, пешин вақти бўлиши шарт. Бинобарин, кимки ўз чодирида ёлғиз ўзи ёки кичик жамоат билан ўқиса, ҳар икки намозни ўз вақтида алоҳида ўқийди. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида эса ёлғиз ўқувчи ҳам жамъу-тақдим қилиб ўқийверади.

38. Савол: Намоздан сўнг нима билан машғул бўлади?

Жавоб: Намоздан сўнг то қуёш ботгунча Арафотда туриб, дуо билан машғул бўлади. Раҳмат тоғи яқинида туриш, ва имкони борича тик туриб дуо қилиш мустаҳаб амалдир. Ўз чодирида дуо қилса ҳам бўлади.

[1] Аёл кишини асло никоҳига олиши жоиз бўлмаган яқинларини маҳрам деб аталади. Улар: отаси, боболари, ўғллари, ака-укалари, амакилари, тоғалари, эрининг отаси, жиянлари

[2] 80 км дан юқориси сафар масофасига киради

[3] Минода уч кун мобайнида тош отиладган ўринлар

[4] Ҳаж амаллари учун сўйиладиган жонлиқ

[5] Ёлғиз ҳажни ўзига ният қилувчи

[6] Бир сафарда бир эҳром билан ҳаж ва умрага ният қилувчи

[7] Бир сафарда икки эром билан ҳаж ва умрага ният қилувчи

[8] Эҳромни бир тарафини ўнг қўлтиғ остидан чиқариб, чап елка устига ташлаб олинади. Ўнг елка очиқ туради

[9] Оҳиста югуриш

[10] Ҳилл – ҳарам чегарасидан ташқари жойга айтилади.

[11] Тавофи қудум – келув тавофи

[12] Ҳатийм – Каъбатуллоҳнинг ёнидаги ярим ой шаклидаги девор, девор ичи эса –ҳижр дейилади. Ҳатийм Каьбатуллоҳдан бўлгани учун тавофда унинг ташқарисидан айланилади

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.