Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Ҳайз ва нифос аҳкомлари ҳақидаги боб

1) Ҳайз ва унинг ҳукмлари:

Аллоҳ таоло айтади: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўл (иб ғусл қил) ганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади»» (Бақара: 222).

Ҳайз – маълум вақтларда бачадондан келиб турадиган табиий қон бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳикмат учун, яъни она қорнидаги ҳомилага озуқа қилиб яратган. Ҳомила давомий озуқага муҳтож бўлиб, у онанинг озуқасига шерик бўлса, онанинг қуввати пасайиб кетиши мумкин бўлганидан Аллоҳ таоло унга алоҳида озуқа яратиб қўйди. Шу боис ҳомиладор аёл деярли ҳайз кўрмайди. Фарзанд дунёга келганидан сўнг Аллоҳ таоло уни кўкрак сутига айлантириб қўяди. Шу боис эмизикли аёл ҳам камдан-кам ҳайз кўриши мумкин. Аёл киши ҳомиладан ҳам, эмизишдан ҳам буткул хориж бўлганидан сўнг мазкур озуқа моддаси сарфланадиган жой қолмагач, у она бачадонининг маълум бир ўрнида ўрнашади ва ҳар ой кўпинча олти-етти кун мобайнида ташқарига чиқиб туради. Баъзан ундан оз ё кўп кун бўлиши ҳам мумкин. Ҳар бир аёлнинг ой кўриши Аллоҳ ўрнатган табиатига қараб озроқ ё кўпроқ бўлади.

Қуръон ва Суннатда ҳайзли аёл учун ҳайзи мобайнида ва ҳайзи тамом бўлганидан сўнг муфассал ҳукмлар мавжуд. Жумладан:

– Ҳайзли аёл ҳайзи мобайнида намоз ўқимайди ва рўза тутмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинт Аби Ҳубайшга: «Ҳайз келганда намозни тарк қил», деганлар (Бухорий (228), Муслим (333) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Мабодо ҳайзли аёл ҳайзи орасида намоз ўқиса ва рўза тутса, намози ҳам, рўзаси ҳам яроқли бўлмайди. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бундан қайтарганлар. Қайтариқ эса яроқсизликни тақозо қилади, балки ундай аёл бу билан Аллоҳ ва Расулига осий ҳам бўлади.

– Уламолар ижмоъсига кўра, ҳайзли аёл ҳайзидан пок бўлганидан сўнг рўзанинг қазосини тутади, намозни қазо қилиб ўқимайди. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида ҳайз кўрар, шунда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар, намознинг эса қазосини ўқишга буюрилмас эдик» (Бухорий (321), Муслим (335) ривоятлари).

– Ҳайзли аёл Байтуллоҳни тавоф қилиши, Қуръон ўқиши, масжидда ўтириши мумкин эмас. То ҳайзидан покланиб, ғусл қилмагунича эри у билан жинсий алоқа қилиши ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўл (иб ғусл қил) ганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз!» (Бақара: 222). Улардан четланиш – қўшилмаслик маъносидадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар билан уй ичида бирга бўлинглар ва қўшилишдан бошқа барча нарсани қилаверинглар», дедилар. (Муслим (302), Термизий (2977), Абу Довуд (258), Насоий (369), Ибн Можа (643) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

– Ҳайзли аёлнинг эри қўшилишдан бошқа, бўса олиш, қучоқлаш кабилар билан лаззат олиши мумкин.

– Ҳайз кўриб турган ҳолида эри талоқ қилиши жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар!» (Талоқ: 1). Яъни, пок бўлганларидан сўнг жимоъ қилмай туриб талоқ қилинглар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилган кишига уни қайтариб олишни, сўнг агар истаса поклик ҳолатида талоқ қилишни буюрганлар (Бухорий (5251), Муслим (1471) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Поклик – қоннинг тўхташи бўлиб, ҳайзли аёл қон тўхташи билан покланган ва ҳайз муддати тамом бўлган ҳисобланиб, энди унга ғусл қилиш фарз бўлади. Шундан сўнг у ҳайз сабабли ман қилинган ишларнинг барчасини қилиши мумкин бўлади. Покликдан сўнг сариқ сув ёки кудра (гўштнинг сўли каби сув) кўрса, унга (ҳайз сифатида) эътибор бермайди. Чунки, Умму Атия розияллоҳу анҳо айтадики: «Биз покликдан сўнг сариқлик ва кудрани ҳайздан санамас эдик» (Бухорий (326), Абу Довуд (308), Насоий (366), Ибн Можа (647) ривоятлари). Бу марфуъ ҳадис ҳукмидадир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан тақрир бўлган.

Муҳим эслатма:

Агар ҳайз ё нифосдаги аёл кун ботишидан олдин пок бўлса, у ўша куннинг пешин ва аср намозини ўқиши лозим бўлади. Агар тонг отишидан олдин покланса, шу туннинг шом ва хуфтон намозларини ўқиши лозим бўлади. Чунки, узр ҳолатида иккинчи намознинг вақти биринчи намознинг ҳам вақтидир.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Фатово»да (21/434) айтади: «Шунинг учун жумҳур уламо, жумладан, Молик, Шофеий, Аҳмад ҳайзли аёл куннинг охирида покланса, пешин ва асрни қўшиб ўқийди, туннинг охирида покланса, шом билан хуфтонни қўшиб ўқийди, дейишган. Бу фикр Абдурраҳмон ибн Авф, Абу Ҳурайра ва Ибн Аббослардан ҳам нақл қилинган. Чунки, узр ҳолатида вақт икки намоз ўртасида муштаракдир. Демак, кундузнинг охирида покланса, ҳали пешин вақти бор бўлади, асрдан олдин пешинни ўқийди. Агар кечанинг сўнгида покланса, узр ҳолатида шом вақти ҳали бор бўлади, хуфтондан олдин шомни ўқийди» (Мажмуъул-фатава: 21/434).

Аммо, намоз вақти кирганидан сўнг ҳали шу намозни ўқимай туриб ҳайз ё нифос кўриб қолса, кучлироқ сўз шуки, унга ўша аввалги вақтига етиб, ҳайз ё нифос сабабли ўқиёлмай қолган намозининг қазоси лозим бўлмайди.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шу масала ҳақида айтади: «Унга ҳеч нарса (яъни қазо) лозим бўлмаслиги ҳақида Абу Ҳанифа ва Молик айтган сўзнинг далили кучлироқдир. Чунки, қазо янги буйруқ билан вожиб бўлади, бу ерда унга қазони лозим қиладиган буйруқ йўқ[1]. Чунки, у намозни жоиз кечиктириш билан кечиктирган, унда сусткашлик қилмаган. Аммо ухлаб қолган ёки унутиб қўйган одам, гарчи у ҳам сусткашлик қилмаган бўлса-да, унинг қилгани қазо эмас, балки унга нисбатан уйғонган ва эсига тушган пайти ўша (қолдирилган ) намози вақтидир» (Мажмуъул-фатава: 23/335).

2) Истиҳоза ва унинг ҳукмлари:

Истиҳоза – маълум муддатсиз, عاذل (азил) деб аталувчи томирдан оқиб чиқувчи қондир.

Мустаҳоза (истиҳоза қони келиб турувчи аёл)нинг ҳоли чигалдир. Чунки, истиҳоза қони ҳайз қонига ўхшайди. Агар қон тинимсиз ё кўпинча келиб турса, ундан қай бирини ҳайз деб, қай бирини намоз ва рўзани тўсолмайдиган истиҳоза қони деб эътибор қилиш керак? Чунки, мустаҳоза (ҳайзу нифосдан) пок аёл ҳукмида бўлади.

Бинобарин, мустаҳозанинг учта ҳолати бордир:

Биринчи ҳолат: Унинг истиҳозага дучор бўлмасидан олдин маълум одати бўлган бўлиши, яъни, бир ойда масалан, беш кунми, саккиз кунми ҳайз кунлари бўлгани, у кунлар ойнинг бошидами, ўртасидами бўлгани каби. Бундай аёл ўзининг одатий кунларида ҳайзли ҳисобланиб, намоз ва рўзани тарк қилади, ушбу кунлари ниҳоясига етгач, ғусл қилиб, намозини ўқийверади. Қолган кунлардаги қон истиҳоза қони деб эътибор қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳабибага айтганлар: «Ҳайзинг сени (намоздан) тўсадиган кунлар миқдорича кутгин, сўнг ғусл қилиб, намоз ўқийвер» (Имом Муслим (334) Оиша розияллоҳу анҳодан ривояти). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинт Аби Ҳубайшга: «Бу ҳайз эмас, бирон сабаб томирдан чиқаётган қон, агар ҳайз кунларинг келса намоз ўқима», деганлар (Бухорий (228), Муслим (333) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Иккинчи ҳолат: Агар маълум одати бўлмаса, бироқ қони фарқли бўлса, яъни баъзи кунлардаги қон қорамтир рангли ёки қуюқ ёки ҳидли бўлиб, ҳайз қони белгисига мос келса, бошқа пайтдаги қон эса қизил рангли, суюқ ва ҳидсиз бўлса, бу ҳолда ҳайз қони сифатидаги қонни ҳайз деб эътибор қилиб, намоз ва рўзани тарк қилади. Ундан бошқасини истиҳоза ҳисоблаб, ҳайз сифатидаги қон келиши тўхтагач, ғусл қилиб, намоз ўқийди, рўза тутади ва пок деб эътибор қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинт Аби Ҳубайшга: «Агар ҳайз қони бўлса, қорамтир бўлиб, билиниб туради. У ҳолда намоздан тийил. Бошқача бўлса, таҳорат қилиб, намозни ўқийвер», деганлар (Абу Довуд (286), Насоий (216) ривоятлари, Ибн Ҳиббон (4/180, №1348) ва Ҳоким (1/174) саҳиҳ санаганлар). Демак, бу ҳолатда мустаҳоза ўзи қоннинг белгисига қараб, ҳайз билан истиҳозани ажратиб олади.

Учинчи ҳолат: Агар маълум одати ҳам бўлмаса, қоннинг ҳайз ё истиҳозалигини ажратиб оладиган белгиси ҳам бўлмаса, ҳар ойда олти ё етти кун ҳайзга ҳисоблаб ўтиради. Чунки, аксарият аёлларнинг одати шунчадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамна бинт Жаҳшга: «Бу шайтоннинг зарбасидир. Олти ё етти кунни ҳайз деб олгин, сўнг ювингин. Тоза бўлганингга ва покланганингга аниқ ишонч ҳосил қилсанг, 24 ё 23 кун намоз ўқи ва рўза тут», деганлар (Аҳмад (2/381, №27144), Абу Довуд (287), Термизий (128), Ибн Можа (627) Ҳамна бинт Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоятлари, Термизий саҳиҳ санаган).

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, аввал маълум одати бўлган аёл ўша одатига кўра амал қилади, ҳайз билан истиҳоза қонини ажрата оладиган аёл шунга кўра амал қилади, ҳар иккисидан маҳрум аёл олти ё етти кунни ҳайзга ҳисоблайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳар уч суннатнинг ўртаси ана шундай жамланади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу борада айтилган аломатлар олтитадир: ё маълум одат, чунки одат энг кучли аломатлардан, ё тамйиз (ажратиш), чунки қорамтир, қуюқ ва ҳидли қон ҳайз қони бўлишга яқинроқдир, ё эса аксарият аёлларнинг одати, чунки якка шахсни кўпчиликка қўшишлик асл-асосдир. Ушбу уч аломат суннат ва эътибор далолат қиладиган аломатлардир». Шундан сўнг бу ҳақда айтилган қолган уч аломатни зикр қилади.

Гапининг ниҳоясида айтади: «Сўзларнинг энг тўғрироғи – суннатда келган аломатларни эътиборга олиб, бошқаларини бекор қилишдир» (Мажмуъул-фатава: 21/631).

Поклигига ҳукм қилинган мустаҳозага лозим бўладиган ишлар:

1) Ҳайз деб эътибор қилинган кунлари ниҳоясига етгач, юқорида айтилган кўринишда ғусл қилиши фарз.

2) Ҳар намоз олдидан ҳайз ўрнини ювади, чиқиш йўлини пахта ё шунга ўхшаш бирон нарса билан тўсади ва уни тушиб кетмайдиган қилиб маҳкамлаб қўяди, сўнгра ҳар намозга таҳорат қилади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мустаҳоза ҳақида: «Қуръ (одатий ҳайз) кунлари намозни тарк қилади, кейин ҳар намозга ғусл ва таҳорат қилади», деганлар (Абу Довуд (297), Ибн Можа (625) ва Термизий (126) ривоятлари, Термизий: «ҳасан ҳадис», деган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сенга матони қандай ишлатишни айтиб бераман, уни ўша жойга қўясан», деганлар (Абу Довуд (287), Термизий (128), Ибн Можа (622) Ҳамна бинт Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Матодан мурод – пахтадир. Ҳозирги пайтда мавжуд бўлган тиббий таглик ишлатилса ҳам дуруст бўлаверади.

3) Нифос ва унинг ҳукмлари:

Нифосли аёл ҳам айрим ишларнинг унга нисбатан ҳалол ва ҳаром бўлишида ҳайзли аёл билан бир хилдир. Масалан, эри у билан қўшилишдан бошқа йўллар билан фойдаланиши ҳалол, жинсий алоқада бўлиши ҳаром, намоз ўқиши, рўза тутиши, талоқ қилиниши, Қуръон ўқиши, масжидда туриши мумкин эмас. Нифосли аёл ҳам нифос қони тамом бўлгач, ҳайзли аёл қилганидек ғусл қилиши вожиб бўлади. Худди ҳайзли аёлда бўлгани каби у ҳам рўзасининг қазосини тутади, намознинг қазосини ўқимайди.

Нифос – кўз ёриш пайти ва ундан кейин бачадондан келадиган қон бўлиб, у ҳомиладорлик пайтида тутилиб қолган қоннинг қолдиқларидир. Унинг энг кўп муддати жумҳур уламо наздида қирқ кундир.

Имом Термизий айтади: «Саҳобалар ва улардан кейингилардан иборат аҳли илмлар ижмоъларига кўра, нифосли аёллар қирқ кун намоз ўқимайдилар, бироқ, шу муддатдан аввал покланган аёл ғусл қилиб, намоз ўқийверади» (Сунанут-Термизий: 1/258).

Нифосли аёлнинг қони қирқ кундан олдин тўхтаса, унинг нифоси тамом бўлган саналади ва ғусл қилиб, намозини ўқийди, нифос сабабли ман қилинган барча ишларни қилаверади.

Ҳомиладор аёл инсон сиёқи кириб қолган, одамлик белгилари билинган ҳомиласини ташлаган бўлса ва унинг ортидан қон кўрса, у нифосли аёл ҳукмида бўлади. Ҳомилада инсон хилқати маълум бўладиган муддат аксарият ҳолларда уч ой, ками эса саксон бир кундир. Агар ҳомиладор аёл инсонлик белгиси кирмаган алақа (лахта қон) ёки музға (бир парча эт) ташласа, унинг ортидан кўрган қони нифосга ҳукм қилинмайди ва у намозу рўзани тарк қилмайди.

Муҳим эслатма:

Шу ўринда айтиб ўтиш лозим бўлган бир ҳолат борки, баъзи аёллар рамазон рўзасини тўла тутиш ёки ҳаж ибодатини бекаму-кўст адо этиш имконига эга бўлиш учун ҳайз келишини тўхтатиб турувчи дори қабул қилишади. Агар ушбу таблеткалар ҳайзни вақтинча тўхтатиб туриш хусусиятига эга бўлса, уларни истеъмол қилишнинг зарари йўқ. Аммо, улар ҳайзни бутунлай йўқолиб кетишига олиб келса, уларни эрнинг изнисиз қабул қилиш жоиз бўлмайди. Чунки, бу наслнинг кесилишига олиб келади.

Ушбу айтиб ўтилганлар ҳайзга доир ҳукмлар бўлиб, биз уларни қисқача баён қилиб ўтдик, чунки тафсилотларга киришиш кўп вақтни олади. Ушбу ҳукмлардан бирортасини яхши тушунмаган киши уламолардан сўраб билиб олиши тавсия этилади, тавфиқ Аллоҳдандир.

[1] Бу буйруқ шундай бўлиши
мумкин: қайси аёлга бирон намоз вақти киргандан кейин ҳайзи келиб қолса, ҳайздан
пок бўлгандан кейин ана шу намозни ўқиб қўйсин. Бироқ бу каби буйруқ келган
эмас.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.