Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Ҳақ дин (5)

Ислом рукнларидан бешинчиси – ҳаж:

Яъни, умрда бир бор Байтуллоҳни ҳаж қилиш, ундан зиёдаси ихтиёрий-нафл ҳисобланади. Ҳажда кўплаб манфаатлар бор:

Аввало: Ҳаж – Аллоҳга жисм, руҳ ва мол билан бўлган ибодатдир.

Иккинчидан: дунёнинг ҳар тарафидан келган мусулмонлар ҳаж баҳонасида бир жойда тўпланадилар, бир хил либосга ўранадилар, бир вақтда битта Парвардигорга ибодат қиладилар, бошлиқ билан тобеънинг, бой билан камбағалнинг, оқ билан қоранинг фарқи бўлмайди, барчаси Аллоҳнинг халқи ва бандалари, мусулмонлар ўртасида ўзаро танишув ва ёрдамлар ҳосил бўлади, Аллоҳ ўзларини қайта тирилтирадиган ва бир жойга тўплайдиган кунни ёдга оладилар, Аллоҳга тоат-ибодатлар қилиш билан ўлимдан кейинги ҳаётга ҳозирланадилар.

Мусулмонларнинг намозларида юзланадиган қиблалари бўлган Каъбани тавоф қилиш (яъни унинг атрофида айланиш)дан мақсад, шунингдек Макканинг турли ўринларида – Арафот, Муздалифа ва Минода – белгиланган вақтларда туришдан мақсад – ўша муқаддас ўринларда Аллоҳ буюрган шаклда Унинг ўзига ибодат қилишдир.

Каъбага ва ўша маконларга ва умуман барча махлуқотларга ибодат қилинмайди, зеро улар на фойда, на зиён етказа оладилар, ибодат фақат Аллоҳга бўлади, фойда ва зиён етказувчи зот ёлғиз Унинг Ўзидир. Агар Байтуллоҳни ҳаж ва тавоф қилишга Аллоҳнинг Ўзи буюрмаса эди, мусулмон киши уни тавоф қилиши асло дуруст бўлмас эди. Чунки ибодат инсоннинг райи ва хоҳиш-ҳавосига қараб эмас, балки Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида ёки пайғамбарининг Суннати воситасида буюрган амрига кўра бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир»[1] (Оли Имрон: 97).

Мусулмон кишига умрида бир бор умра қилиш – ҳаж билан бирга ё бошқа пайт – вожиб, Мадинадаги Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларини зиёрат қилиш на ҳажда, на бошқа пайт вожиб эмас, балки қилган одам ажрга эга бўладиган, қилмаган одам жазога мустаҳиқ бўлмайдиган мустаҳаб амалдир. «Ким ҳаж қилсаю, мени зиёрат қилмаса, менга зулм қилибди» ҳадиси саҳиҳ эмас, балки у зот шаънларига тўқима ҳадисдир.

Масжидун-набий зиёратига борган киши «таҳийятул-масжид» намозини ўқигач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиши машруъдир. Одоб билан, паст овозда: «Ассалому алайка ё Расулуллоҳ» деб салом беради, у зотдан бирон эҳтиёжини сўраб дуо қилмайди, сўнг ортига қайтади. У зот умматларини шунга буюрганлар, саҳобалар розияллоҳу анҳум шундай қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида худди намозда тургандек хушуъ билан туриб, у зотдан мадад тилаб ёки ҳожатларини раво қилишини сўраб ёки Аллоҳ ҳузурида шафоатчи бўлишларини сўраб дуо қиладиган кишилар – Аллоҳга ширк келтираётган кишилардир, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай кимсалардан безор ва покдирлар. Мусулмон киши бундай қилишдан эҳтиёт бўлиши лозим.

Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки дўстлари – Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг қабрларини зиёрат қилади, сўнг Бақеъ аҳлини ва шаҳидлар қабрларини зиёрат қилади, яъни уларга салом бериб, Аллоҳдан улар ҳақларига мағфират тилаб дуо қилади ва ўлимни ёдга олади.

Мийқотлар:

Агар ҳажга бораётган одам машинада бўлса, мийқот[2]га етиб боргач, эҳром боғлайди. Агар самолётда бўлса, мийқотга яқинлашгач, ундан ўтиб кетмасдан туриб эҳромга киради. Ҳаж ва умра қилувчилар эҳромга киришлари лозим бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган мийқотлар бештадир:

1. Зул-Хулайфа – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадина шаҳридаги масжидларидан 13 км, Маккадан эса 420 км узоқликдаги жойдир. Мадиналиклар ва Мадина орқали ҳаж қилувчилар шу ердан эҳром боғлайдилар.

2. ал-Жуҳфа – Шом (Сурия), Миср ва Мағриб тарафдан келувчилар эҳром боғлайдиган жой бўлиб, Макка шаҳридан 208 км узоқликдадир.

3. Қарнул-маназил – Макка шаҳридан 78 км олисда бўлиб, Нажд, Тоиф аҳолиси хамда у ердан ўтаётган одамлар эҳром боғлайдиган жойдир.

4. Яламлам – яманликлар эҳром боғлайдиган ва Макка шаҳридан 120 км олисда бўлган жойдир.

5. Затул-Ирқ – Ироқликлар эҳром боғлайдиган ва Макканинг шарқий тарафида 100 км узоқликда бўлган жойдир.

Мазкур мийқотлардан ўтаётган, ҳаж ва умра ниятида бўлган барча одамлар бу ерларда эҳром боғлашлари фарздир. Макка аҳли ва Мийқот ичкарисида яшовчилар уйларидан эҳром боғлайдилар.

Эҳром боғлаш:

Эҳромга кирувчи киши аввал тозаланиб, покланиб, хушбўйланиб, сўнгра Мийқотда эҳром кийимини боғлайди, самолётда келаётган киши ўз шаҳрида эҳромга киришга ҳозирланиб, мийқотга яқинлашганда «лаббайка» айтади. Эҳром кийими эркак кишига нисбатан икки бўлак тикилмаган мато – ридо ва изордан иборат бўлиб, улар билан баданини ўраб олади, бошини очиқ қолдиради. Аёл кишига нисбатан эҳром учун махсус либос йўқ, фақат кенг ва баданини ўраб турувчи, кўрганларнинг фитнасига сабаб бўлмайдиган кийим кийиши лозим. Аёл киши эҳромдалик пайтида юзига ва қўлларига ниқоб ва қўлқоп каби аъзоларга мослаб тикилган кийим киймайди. Фақат эркакларни кўрган пайтда бошидаги рўмолининг бир тарафи билан юзини тўсади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари – мўминларнинг оналари ва саҳобаларнинг аёллари ана шундай қилардилар.

Ҳаж қилувчи киши эҳром либосини кийганидан сўнг дилида умрага ният қилади, сўнг: «Аллоҳумма лаббайка умратан» деб талбия айтади, умрани адо қилгач, то ҳаж кунлари келгунича эҳромдан чиқиб туради ва ҳажга алоҳида эҳром боғлайди. Буни «Таматтуъ ҳажи» дейилади ва бу энг афзал ҳаж тури ҳисобланади. Ҳажнинг иккинчи тури «Қирон» деб номланиб, бундай ҳажга ният қилувчи: «Аллоҳумма лаббайка умратан ва ҳажжан» деб талбия айтади ва то қурбон ҳайити куни қурбонлик сўймагунига қадар эҳромдан чиқмайди. Учинчи тури «Ифрод» деб аталади, бунда фақат ҳажга ният қилиб: «Аллоҳумма лаббайка ҳажжан» деб талбия айтади.

Эҳромдаги одамга ҳаром бўлган ишлар:

Мусулмон киши эҳромга кириб, ҳаж ё умрага ният қилгач, унга қуйидагилар ҳаром бўлади:

1) Жинсий алоқа ва унга олиб борувчи нарсалар, яъни аёлидан бўса олиш, шаҳват билан тегиниш, бу ҳақда сўзлаш, бирон аёлга уйланиш мақсадида харидор бўлиш, никоҳланиш.

2) Соч ва бадандаги бирон бир тукни сабабсиз олиш. Агар тук ва сочлар ўзлари тўкилса зарари йўқ.

3) Тирноқларни олиш.

4) Эркаклар бош ва юзларини бирон нарса билан ўрашлари. Бироқ, шамсия (соябон), чодир ва машина сояси билан сояланиш мумкин.

5) Хушбўйланиш ва хушбўйликни ҳидлаш.

6) Қуруқликда овланувчи ҳайвонларни ов қилиш, ўзи ҳам овламайди, бировга кўрсатиб ҳам бермайди.

7) Эркаклар тикилган кийим кийишлари, аёллар юз ва қўлларига мослаб тикилган кийим кийишлари.

Агар ушбу ман қилинган ишлардан биронтасини билмасдан ё унутиб қилса, зарари йўқ.

Муҳрим (эҳромдаги киши) Каъбага етиб келгач, уни етти марта тавоф қилади, буни «Тавофи қудум» дейилади. Тавофни ҳажарул-асваднинг рўпарасидан бошлайди. Тавоф учун махсус дуолар йўқ, Аллоҳни зикр қилиб, билганича дуолар қилади. Фақат икки рукн ўртасида:

رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

«Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», деб дуо қилади. Сўнгра имкони бўлса «Мақоми Иброҳим» ортида икки ракъат намоз ўқийди, имкони бўлмаса Ҳарамнинг истаган жойида ўқиса ҳам жоиз. Кейин саъй қилиш учун чиқади ва Сафо тепалигига кўтарилади, у ерда қиблага юзланиб такбир ва таҳлил айтади, дуолар қилади, сўнг Марва томонга қараб юради, у ерга етгач, қиблага юзланиб такбир ва таҳлил айтади, дуолар қилади, сўнг Сафога қайтади ва шу тартибда етти марта бориб-келади, бориши бир марта, қайтиши ҳам марта деб ҳисоб қилинади. Кейин сочини қисқартиради, аёллар бармоқнинг бир бўғими миқдорида сочларидан кесишлари кифоя қилади. Шу билан мутаматтиъ (ҳажнинг таматтуъ турини ният қилган киши) умрасини тугатади ва эҳромдан чиқади, шундан сўнг унга эҳром сабабли ҳаром бўлган нарсалар ҳалол бўлади.

Агар аёл киши эҳромга киришидан олдин ё эҳромга кирганидан кейин ҳайз кўриб қолса ё кўзи ёриса, у қоринага (ҳажнинг қирон турини қилувчига) айланади, эҳромга киргач, умра ва ҳажга талбия айтади. Чунки ҳайз ва нифос эҳромга киришдан ва ҳаж маросимлари адо этиладиган ўринларда туришдан тўсмайди, фақат Байтуллоҳни тавоф қилишдангина тўсади. Демак, бундай аёл тавофдан бошқа ҳожилар бажарадиган барча амалларни бажаради, тавофни эса то пок бўлгунича кечиктиради. У одамлар ҳажга эҳром боғлашларидан ва Минога чиқишларидан олдин покланса, ғусл қилиб, тавоф ва саъй қилади, сочини қисқартиради ва умра эҳромидан чиқади, сўнг одамлар билан бирга Зул-ҳижжанинг саккизинчи куни ҳаж учун эҳромга киради. Агар одамлар унинг покланишидан олдин ҳажга эҳром боғласалар, у қоринага айланади ва эҳромида турганича улар билан талбия айтади ва ҳожилар қиладиган барча амалларни адо этади, яъни Минога чиқади, Арафот ва Муздалифада туради, тош отади, қурбонлик қилади, сочини қисқартиради. Пок бўлгач, ғусл қилиб ҳаж тавофини қилади ва ҳаж саъйини бажаради.

Мана шу тавоф ва саъй у учун ҳаж ва умрасига кифоя қилади. Уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳода худди шунга ўхшаш ҳолат юз берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг покланганидан кейин қилган «ифоза» тавофи ва саъйи ҳаж ва умрасига кифоя қилишини айтганлар.

Зул-ҳижжанинг саккизинчи куни ҳожилар Маккадаги турар жойларидан ҳажга эҳром боғлайдилар – худди мийқотда қилганлари каби тозаланиб, сўнг эҳром либосини киядилар, сўнг ҳажга ният қилиб: «Аллоҳумма лаббайка ҳажжан» деб талбия айтадилар, шу билан то наҳр (қурбонлик) куни Муздалифадан Минога қайтиб, тош отиб, эркак киши сочини олдириб, аёл киши эса қисқартирмагунича эҳромда ман қилинган ишлардан тийиладилар.

Ҳаж қилувчи киши саккизинчи куни ҳожилар билан бирга Минога чиқиб, ўша ерда тунайди, у ерда ҳар бир намозни ўз вақтида қаср қилинадиганини қаср қилиб адо этади, Арафа куни кун чиққандан сўнг ҳожилар билан бирга иложи бўлса, Намира масжидига боради, у ерда пешин намозини кутиб ўтиради, имом билан бирга ёки ўзи ўтирган жойдаги жамоат билан пешин ва асрни жамлаб қаср қилиб ўқийди ва заволдан сўнг Арафотга йўл олади. Агар Минодан тўғри Арафотга борса ва ўша ерда ўтирса ҳам бўлади, Арафотнинг ҳаммаси мавқифдир, яъни ҳамма жойида турса бўлади.

Ҳожи Арафотда Аллоҳнинг зикрини, дуо ва истиғфорни кўпайтиради, тоққа эмас, қиблага юзланиб туради, чунки тоғ Арафотнинг бир бўлаги холос, унга чиқишни ибодат санаш тўғри эмас, унинг тошларини силаш, суртиниш жоиз эмас, балки бу ҳаром ва бидъатдир.

Ҳожи то кун ботгунча Арафотдан кетмай туради, кун ботганидан сўнг Муздалифага қайтади, у ерга етгач хуфтон вақтида шом билан хуфтонни жамлаб, хуфтонни қаср қилиб ўқийди ва шу ерда тунайди. Бомдод намозини ўқигандан сўнг Аллоҳнинг зикрини қилиб ўтиради, шу ердан етти дона нўхотдек тошлардан териб олади ва кун чиқишига яқин Минога йўл олади. Минога етиб боргач Ақаба жамрасида (тош отадиган ерда) териб олган еттита тошни отади, оёқ кийимларни отиш жоиз эмас, чунки бу нарсани унга шайтон зийнатли қилиб кўрсатаётган бўлади. Шайтонниннг адабини бериш эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига ва йўлларига эргашиш билан, Аллоҳ ва Расули қайтарган ишлардан тийилиш билан бўлади.

Тош отиб бўлгач, қурбонлигини сўяди, сўнг сочини олдиради, аёллар қисқартиради, эркак киши ҳам сочини қисқартириши жоиз, бироқ қирдириши уч карра афзал бўлади. Шундан сўнг одатий кийимларини кияди, эҳром сабабли ҳаром бўлган ишлар энди унга ҳалол бўлади, фақат аёлига яқинлашмайди. Сўнг Маккага тушиб, ҳаж тавофини ва саъйни амалга оширади, шу билан унга барча нарса, аёли ҳам ҳалол бўлади. Сўнг Минога қайтиб, у ерда ийд кунининг қолган қисмини ва яна икки кеча-кундуз туради, шу кунлари Минода тунаши вожибдир. Ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари заволдан сўнг учта жамрага еттитадан тош отади, аввал Минога яқин томондаги кичик жамрага, кейин ўртага, кейин ийд куни отган катта жамрага тош отади, ҳар тош отишида такбир айтади, тошларни Минодаги манзилидан териб олади. Ўн иккинчи куни тош отганидан кейин Минодан қайтишни истаса қайтиши мумкин, агар қайтишни ўн учинчи кунга кечиктирса, шуниси афзал ва бу куни ҳам заволдан кейин тош отиб кейин қайтиб кетади. Агар юртига қайтишни истаса, видолашув тавофини қилибоқ йўлга чиқади.

Қурбонлик сўйишни ўн биринчи, ўн иккинчи, ўн учинчи кунларга кечиктириш ҳам жоиз, шунингдек, ҳаж тавофи ва саъйини Минодан қайтиб тушгунича кечиктирса, бу ҳам жоиз, лекин юқорида айтилганидек қилиш афзалроқ, валлоҳу аълам.

Иймон:

Аллоҳ таоло Ўзига, Расулига ва Ислом рукнларига иймон келтириш билан бир қаторда Унинг малоикаларига[3], пайғамбарларига туширган Китобларига[4] – уларнинг охиргиси Қуръон бўлиб, олдинги китобларни у билан мансух (бекор) қилди – ва Аллоҳнинг барча пайғамбарларига иймон келтиришни мусулмон киши зиммасига фарз қилди, зеро барча пайғамбарларнинг рисолатлари бир, динлари бир – яъни Ислом, уларни пайғамбар қилган зот битта – Аллоҳ Роббул оламийндир. Демак, мусулмон киши ишониши лозимки, Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган пайғамбарлар Аллоҳнинг ушбу умматнинг аждодларига юборган расулларидир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг сўнггиси ва Аллоҳнинг бутун инсониятга юборган элчисидирлар. У зот пайғамбар бўлганларидан кейин барча инсонлар, шу жумладан яҳудлар, насоролар ва бошқа динлар аҳли ҳам у зотга уммат ҳисобланадилар, чунки бутун ер юзи аҳли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буюрилган. Мусо, Исо ва бошқа барча пайғамбарлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган ва Ислом динига кирмаган кишидан безор ва покдирлар. Чунки мусулмон киши барча пайғамбарларга иймон келтириб, эргашувчи бўлади. Кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаса ва Ислом динига кирмаса, агарчи улардан қайсидир бирига эргашишни даъво қилса ҳам, у барча пайғамбарларни инкор қилган ва ёлғончи санаган бўлади. Бунга Қуръондан далиллар иккинчи бўлимда ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу умматдан бирортаси, хоҳ яҳудий, хоҳ насроний бўлсин, мени эшитса-ю, менга юборилган динга иймон келтирмай ўлса, у албатта дўзах аҳлидан бўлади» (Муслим ривояти).

Мусулмон киши ўлгандан сўнг қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, жазо, жаннат ва дўзах борлигига, шунингдек, Аллоҳнинг қадарига иймон келтириши лозим.

Қадарга иймон келтириш маъноси – Аллоҳ таоло ҳамма нарсани, шу жумладан бандаларнинг феълларини ҳам осмонлару ерни яратмасидан туриб билган ва буни Ўз ҳузуридаги лавҳул-маҳфузга ёзиб қўйган, деб ишонишдир. Мусулмон киши биладики, Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади, У хоҳламаган нарса бўлмайди, Аллоҳ таоло бандаларни Ўзига итоат қилишлари учун яратган, уларни шунга буюрган ва Ўзига маъсият қилишдан қайтарган. Уларга куч-қувват ва истак-ирода берганки, шу билан улар Аллоҳнинг буйруқларини адо этиб, ажру савобларга эришадилар ёки аксинча Унинг маъсиятларини қилиб, жазосига дучор бўладилар.

Бандаларнинг истак-хоҳишлари Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига тобеъдир. Аммо Аллоҳ таоло унда бандаларига хоҳиш ва ихтиёр бермаган, балки уларнинг хоҳиш-иродаларидан ташқари жорий қилган хато, унутиш ва мажбурланган ҳолда қилинган ишлар, шунингдек, камбағаллик, касаллик ва мусибатларга ўхшаган нарсалар билан инсонни жавобгар қилмайди ва азобламайди. Балки бошига келган камбағаллик, касаллик ва мусибатларга сабр қилиб, Аллоҳнинг қадарига рози бўлса, унга кўп ажру савоблар беради. Мусулмон киши ана шундай эътиқодда бўлиши лозим.

Мусулмонларнинг энг иймони кучли, Аллоҳга энг яқин бўлувчи ва жаннатдаги энг олий даражаларга эришувчилари – муҳсинлар, яъни Аллоҳга гўё Уни кўриб тургандек ҳолда хушуъ билан, таъзим билан ибодат қиладиган, Унга на ошкора, на махфий ҳолларида маъсият қилмайдиган, қаерда бўлмасинлар Аллоҳ уларни кўриб туришига ва ҳеч бир ишлари, сўзлари, кўнгил кечинмалари Ундан махфий қолмаслигига ишонадиган, Унинг амрларига итоат қилиб, гуноҳдан тийиладиган кишилардир. Улардан бирон хато ва гуноҳ содир бўлса, дарҳол Аллоҳга содиқ тавба қиладилар, хатоларига пушаймон бўлиб истиғфор айтадилар ва қайтиб у хатога қўл урмайдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган кишилар билан ва муҳсинлар билан биргадир» (Наҳл: 128).

Ислом – баркамол дин:

Аллоҳ таоло айтади:

«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берур» (Исро: 9).

«Сизга – ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл: 89).

Саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен сизларни туни ҳам кундуздек ёруғ бўлган йўл устида қолдирдим, ундан фақат ҳалок бўлувчиларгина тойилади».

Яна айтганлар: «Сизларга шундай нарсани қолдирдимки, уни маҳкам тутсангиз, асло адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва менинг Суннатим».

Юқоридаги оятлардан биринчисида Аллоҳ таоло мусулмонларга динларини комил қилиб берганини, унда ҳеч қандай нуқсон ва камчилик йўқлигини, зиёдаликка ҳам муҳтож эмаслигини, у барча замон, макон ва халқларга, яроқли эканини хабар беради ҳамда мусулмонларга ушбу буюк ва комил дин сабабли, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари сабабли, Исломни ва мусулмонларни душманлари устидан ғолиб қилиш билан Ўзининг неъматларини тўкис қилиб берганини хабар беради, Исломни бутун инсониятга дин қилиб танлаганини, ундан ўзга ҳеч қандай дин Унинг ҳузурида асло мақбул бўлмаслигини хабар беради.

Иккинчи оятда эса Қуръони Азим комил ҳаёт йўли эканини, унда дин ва дунё ишларининг ҳақиқий ва қониқарли баёни борлигини, бирорта ҳам яхшиликни қолдирмай далолат қилганини, бирорта ҳам ёмонликни қўймай огоҳлантирганини, ўтмишда юз берган, ҳозирда ва келажакда юз берувчи ҳар қандай муаммонинг энг тўғри ва адолатли ечими фақат Қуръонда мавжудлигини, Қуръон ечимига зид бўлган ҳар қандай ечимлар жаҳолат ва зулм эканини баён қилади.

Илм, ақида, сиёсат, бошқарув ва суд тизими, психология, социология, экономика, жиноят ва жазо тизими ва шу каби одамзот муҳтож бўладиган нарсаларнинг барчасини Аллоҳ таоло Қуръонда ва Расулининг тили билан мукаммал баён қилган, бу ҳақда мазкур оятда хабар бериб: «Сизга – ҳамма нарсани баён қилиб берувчи… Китобни Қуръонни нозил қилдик» дейди.

Келгуси бўлимда Ислом динининг комиллиги ва унинг мукаммал ва энг тўғри манҳажи – йўли ҳақида батафсил сўз юритилади.

[1] Аммо жоҳил кимсаларнинг азиз-авлиёларнинг мақбара ва мозорларини ҳаж-зиёрат қилишлари залолат ва Аллоҳу Расулининг амрларига хилоф чиқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Учта масжиддан: Масжидул-Ҳаром, менинг Масжидим ва Масжидул-Ақсодан бошқа жойга (зиёрат мақсадида) сафар тадорики қилиш жоиз эмас».

[2] Мийқот – ҳаж ва умра учун махсус кийим – эҳром боғлаш керак бўлган ўрин.

[3] Малоикалар – Аллоҳ таоло нурдан яратган мавжудотлардир, улар жуда кўп бўлиб, ҳисобларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, баъзилари осмонларда, баъзилари эса одамзотга вакил қилинган.

[4] Мусулмон киши Аллоҳнинг пайғамбарларига туширган барча китоблари ҳақ, бироқ улардан Қуръондан бошқаси асл ҳолда сақланиб қолмаган, деб ишонади. Яҳуд ва насоролар қўлидаги Таврот ва Инжил уларнинг ўзлари томонидан ёзилган, «Аллоҳ учта», «Исо Аллоҳнинг ўғли» деган каби сўзлари бунга далилдир. Ҳақиқатда эса, Қуръонда айтилганидек, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Исо Аллоҳнинг бандаси ва расулидир. Мазкур китоблар ичидаги ҳақиқий Аллоҳнинг каломи ҳам Қуръон билан мансух (бекор) бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳунинг қўлида Тавротнинг бир саҳифасини кўриб: «Сиз шубҳадамисиз ҳали, эй Умар?! Аллоҳга қасамки, агар биродарим Мусо тирик бўлсайди, унинг олдида менга эргашишдан бошқа йўл бўлмасди», дегандилар.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.