Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Ҳақ дин (7)

б) Фикр эркинлиги: Аллоҳ таоло фикр Ислом таълимотларига зид келмаслиги шарти билан фикр эркинлигини берди ва мусулмон кишини ҳар доим ҳақ сўзни айтишга, бунда маломатчининг маломатидан қўрқмасликка буюрди, буни энг афзал жиҳод деб санади, мусулмон кишини мусулмонларнинг раҳбарларига холис насиҳат қилишга, уларни Исломга зид ишлар қилишдан қайтаришга буюрди, ботилга чақираётган кишини рад қилишга ва бу ишидан қайтаришга буюрди. Бу эса фикрни ҳурматлашнинг энг гўзал шаклидир. Аммо Аллоҳнинг шариатига зид келувчи фикрларни изҳор қилишга йўл қўйилмайди, чунки у бузғунчилик, фасод ва ҳаққа қарши чиқишдир.

в) Шахсий эркинлик: Аллоҳ таоло Исломда шариати исломия доирасида шахсий эркинлик берди, инсонни – эркак бўлсин, аёл бўлсин – ўзи билан бошқалар орасидаги алоқаларида, чунончи олди-сотди, ҳадя, вақф, афв қилиш кабиларда эркин қилди, эркак кишига ҳам, аёл кишига ҳам умр йўлдоши танлаш эркинлигини берди, ҳеч ким ўзи ёқтирмаган кишисига умр йўлдош бўлишга мажбурланиши мумкин эмас, аёл киши диний жиҳатдан ўзига тўғри келмайдиган эрни танлаган бўлса, ақидаси ва шарафини ҳимоя қилиш учун унга турмушга чиқишга рухсат берилмайди, унинг ва оиласининг манфаатини кўзлаб шундай қилинади.

Аёл кишининг валийси (яъни, насаб жиҳатдан яқин эркак қариндоши ёки вакили) уни турмушга узатишга бош-қош бўлиши лозим, чунки аёл киши ўзини ўзи турмушга узатиши мумкин эмас.

Ислом мусулмон кишига Аллоҳ белгилаб берган чегаралардан четга чиқишга рухсат бермайди, зотан унинг ўзи ҳам, қўлидаги бор мол-мулки ҳам Аллоҳникидир. Шундай экан, уларни Аллоҳнинг шариати доирасида тасарруф қилиши лозим. Зотан, Аллоҳ таоло шариатини бандаларига раҳмат қилган, уни маҳкам тутган киши ҳидоят ва бахт-саодатга эришади, унга қарши чиққан киши бахтсизлик ва ҳалокатга маҳкум бўлади. Шу боис Аллоҳ таоло зино ва баччавозликни қатъан ҳаром қилди, мусулмон кишига ўзини ўзи ўлдиришни ва Аллоҳ яратган хилқатини ўзгартиришни ҳаром қилди. Аммо мўйловни қисқартириш, тирноқларни олиш, қўлтиқ ости ва аврат аъзолар атрофидаги тукларни тозалаш ва хатна қилишга Аллоҳ таоло буюрган.

Аллоҳ таоло мусулмон кишини кофирларга хос бўлган ишларда уларга тақлид қилиш ва ўзини уларга ўхшатишдан қайтарди, чунки зоҳирий ишларда уларга ўхшаш ва уларни ёқтириш бориб-бориб уларни чин дилдан яхши кўришга ва уларга астойдил ўхшашга интилишга олиб боради. Аллоҳ таоло мусулмон кишини четдан келган фикрларни қабул қилувчи эмас, соғлом исломий фикр манбаи бўлишини истайди, Аллоҳ таоло мусулмон кишини тақлидчи бўлишини эмас, гўзал намуна бўлишини истайди.

Аммо саноат ва илм-фан соҳаларидаги билимларга келсак, Ислом уларни ўрганишга ва мусулмон бўлмаган кишилар тарафидан бўлса-да қабул қилишга буюради, чунки инсонга бу нарсаларни билдирган зот аслида Аллоҳ таолодир. Аллоҳ таоло айтади: «У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди» (Алақ: 5).

г) Бошпана эркинлиги: Аллоҳ таоло мусулмон кишига ўз бошпанасига ўзи эгалик қилиш эркинлигини берди, бирон киши унинг изнисиз уйига киришга ёки уйи ичига қарашга ҳақли бўлмайди.

д) Касб қилиш ва ишлаш эркинлиги: Аллоҳ таоло мусулмон кишига шариат доирасида касб қилиш – яъни пул топиш ва уни сарфлаш эркинлигини берди, ўзини ва оиласини боқиш ҳамда яхшилик йўлларига инфоқ-эҳсон қилиш учун касб-ҳунар қилишга ва ишлашга буюрди. Шу вақтнинг ўзида унга судхўрлик, қиморбозлик, порахўрлик, ўғирлик, фолбинлик, сеҳргарлик, зинокорлик, баччавозлик каби ҳаром йўллар билан пул топишни ҳаром қилди, ҳаром қилинган нарсаларнинг пулларини ҳам ҳаром қилди, яъни масалан, жонзотларнинг суратларини чизиб сотиш, маст қилувчи ичимлик, тўнғиз, ҳаром қилинган мусиқа асбоблари сотиш, мусиқачилик ва раққослик билан тирикчилик қилишни ҳаром қилди. Бу каби манбалардан пул топиш ҳаром бўлгани каби шундай ўринларга пул сарфлаш ҳам ҳаромдир. Мусулмон киши ношаръий йўлларга пул-мол сарфлаши асло дуруст бўлмайди.

9) Оила хусусида:

Аллоҳ таоло шариати исломияда оилани мукаммал суратда шакллантирдики, уни ушлаганларга бахт-саодат сабаблари вужудга келади. Ота-онага ширин сўз билан лутф кўрсатишга, агар узоқда бўлсалар давомий суратда зиёратларига бориб туришга, уларнинг хизматларини адо этишга буюрди, агар ота-она ёки улардан бирлари фақир-муҳтож бўлсалар эҳтиёжларини қондиришга, уларга пул-мол сарфлашга буюрди. Ота-онасини қаровсиз қолдирган кишига азоб бўлиши билан огоҳлантирди, уларга яхшилик қилган кишига бахт-саодат ваъда қилди.

Турмуш қуришни машруъ қилди ва унинг машруъ бўлишидаги ҳикматни Ўзининг Китобида ва Расулининг тили билан баён қилди. Жумладан:

1. Турмуш қуриш билан иффат, ҳаромдан (зинодан) сақланиш сабаблари ҳамда кўзни ҳаромга боқишдан асраш вужудга келади.

2. Турмуш қуриш билан эру хотинда бир-бирига нисбатан ишонч ва хотиржамлик пайдо бўлади, чунки Аллоҳ таоло улар ўртасига меҳр-муҳаббат солиб қўяди.

3. Турмуш қуриш билан мусулмонларнинг сони покиза ва шаръий йўл билан кўпаяди.

4. Турмуш қуриш билан эр-хотиннинг ҳар бири ўзининг табиатига мувофиқ келувчи вазифаларни адо этиш билан бир-бирига хизмат қилади.

Эркак киши хонадон ташқарисида ишлаб, бола-чақасини боқади, аёл киши эса уй ичидаги ишлар билан машғул бўлади, болалар тарбияси билан шуғулланади, эрига таом ҳозирлайди, супиради-сидиради. Эр кўчадан чарчаб толиқиб келгач, аҳли-аёли, бола-чақалари даврасида ҳордиқ чиқаради, кўнгли ёзилади. Шу билан бирга эр-хотиннинг ўзаро розилиги билан хотин киши эри билан бирга баъзи ишларни биргалашиб қилишлари, касб-ҳунари билан эрига ёрдамлашиши мумкин, шарти шуки, унинг иши бегона эркаклар кўзидан узоқда бўлиши, уларга аралашиш юзага келмаслиги лозим. Аммо эркаклар билан аралашиб юришга олиб келувчи, корхона, идора, бозор каби жойларда ишлашга аёл кишига рухсат берилмайди, чунки бу нарса аёлнинг фитналарга дучор бўлишига ва жамиятнинг бузилишига олиб келади.

Агар эркак кишига битта хотин кифоя қилмаса, Аллоҳ таоло унга уй-жой, нафақа, бирга ётиб-туришда адолат қилиши шарти билан тўрттагача аёлга уйланишга рухсат берган. Бироқ қалб севгисида адолат шарт эмас, чунки бу инсон қўлидаги иш эмас, Аллоҳ таолонинг: «Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар» (Нисо: 129) деган сўзларидаги адолат ҳам мана шу – қалбга оид адолатдир, бу соҳада адолат қилолмаслик бир неча аёлга уйланишдан тўсувчи бўлмайди. Аллоҳ таоло пайғамбарларига ва адолатга қодир бўлган кишиларга кўпхотинлиликка рухсат берди, чунки У бандаларига нима нарсалар мувофиқ келишини яхши билади. Бу эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам яхшидир. Боиси – соғлом эркак кишида жинсий томондан тўрттагача аёлнинг жинсий эҳтиёжини қондиришга кифоя қиларли имконият бўлади. Шундай экан, эркак кишини насороларда ва бошқаларда бўлганидек ва айрим ислом даъвосидаги кишилар чақираётганидек, битта хотин билан чеклаб қўйилса (Аллоҳнинг пайғамбари Исо алайҳиссалом кўпхотинлиликни ҳаром қилмаган, балки насоролар ўзлари ҳаволарига эргашиб ман қилишган), у ҳолда қуйидаги бузилишлар келиб чиқади:

Биринчи: Агар Аллоҳдан қўрқадиган, тоат-ибодатли мўмин киши бўлса ҳаётида қандайдир маҳрумликни ҳис қилган ҳолда, нафсини ҳалол эҳтиёжидан тўсган ҳолда яшайди. Чунки аёл кишининг ҳомиладорлик даврининг охирги ойларида, ҳайз, нифос ва касаллик ҳолларида эри ундан фойдаланишдан маҳрум бўлиб, худди бўйдоқдек ҳаёт кечиради. Аёли билан ўрталарида муҳаббат бўлган ҳолда шундай, аммо агар ўртада муҳаббат бўлмаса зарар бундан ҳам каттароқ бўлади.

Иккинчи: Агар эр Аллоҳга осий, хиёнаткор банда бўлса, фаҳшу зинога қадам қўйиб, хотинидан узоқлашади. Кўпхотинлиликни дуруст кўрмайдиган кишиларнинг кўплари одатда чексиз равишда кўп хотинлар билан бузуқчилик қилишади. Бундан ҳам ёмони – шариатда рухсат берилган ишга қарши курашган ва уни айб санаган кимса кофирликка ҳукм қилинади.

Учинчи: Агар кўпхотинлилик ман қилинса, кўп аёллар турмуш қуриш ва фарзанд кўриш бахтидан маҳрум бўлиб қолади, улар ичидаги солиҳа ва покиза аёллар бева ва маҳрум бўлиб яшаса, фожиралари ахлоқсизлик билан кун кечиришга мажбур бўлади.

Маълумки, урушлар, фалокатлар ва хатарли ишларда ишлаш сабабли кўпроқ эркаклар ҳалокатга дучор бўладилар ва шу боисдан аёллар сони ҳамиша эркаклар сонидан кўп бўлиб келган. Ундан ташқари, аёл киши балоғатга етганидан бошлаб турмуш қуришга тайёр бўлади, эркаклар эса кўплари маҳр тўлашга ожизликлари, оила сарф-харажатларини кўтаришга қодир бўлмасликлари туфайли уйланишлари кечикиб кетади. Шундан ҳам Исломнинг аёл кишига нисбатан ғамхўр экани маълум бўлади. Шаръий кўпхотинлиликка қарши курашадиган кишилар эса аёлнинг ҳам, шу билан бир қаторда фазилатнинг ва пайғамбарларнинг ҳам душманидирлар, зеро кўпхотинлилик пайғамбарлар суннати, улар Аллоҳнинг шариати доирасида бир неча аёллар ўртасини жамлаганлар.

Эри бошқа аёлга уйланганда аёл киши ҳис қиладиган маҳзунлик ва рашк туйғуларига келсак, бундай ҳиссиётларни шариатдан муқаддам қўйиш асло дуруст бўлмайди. Аёл киши никоҳдан авал бўлғуси турмуш ўртоғига ўзининг устига бошқа уйланмасликни шарт қилиш ҳуқуқига эга, агар эр бу шартни қабул қилса унга риоя қилишга мажбур бўлади, агар яна уйланишга қарор қилса, аёл киши турмушини сақлаб қолиш ёки ажралиб кетишда ихтиёрли бўлади, ажралиб кетган ҳолда эри унга маҳр қилиб берган нарсаларидан бирон нарсани қайтариб олишга ҳақли бўлмайди.

Аллоҳ таоло, хусусан, эр-хотин ўртасида келишмовчилик кучайган ва бир-бирларига нисбатан кўнгилсизлик пайдо бўлган ҳолларда ҳар иккиси бахтсиз ва уруш-жанжал ичида яшамаслиги ва ҳаётларининг қолган қисмида ўз кўнглидагидек турмуш ўртоқ билан саодатли ҳаёт кечиришлари учун талоққа, яъни ажрашиб кетишга рухсат берди.

10) Сиҳат-саломатлик борасида: Шариати исломия тибнинг асосларини олиб келган. Қуръони каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида кўплаб маънавий ва жисмоний касалликларнинг баёни ҳамда уларни моддий ва руҳий даволаш ҳақидаги кўрсатмалар келган. Аллоҳ таоло айтади: «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз» (Исро: 82).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳ таоло бирон бир касаллик туширган бўлса, албатта унинг давосини ҳам туширган, билган билади, билмаган билмайди».

«Даволанинг, эй Аллоҳнинг бандалари, ва лекин ҳаром билан даволанмангиз!»

11) Иқтисод, тижорат, саноат ва зироатда, шунингдек, одамларнинг эҳтиёжлари тушадиган сув, таом, умумий қулайликлар ҳамда уларнинг шаҳар-қишлоқларини асрашга ва пок тутишга, уларда бехавотир юришга, алдов, хиёнат ва бошқаларга қарши курашишга кафил бўладиган тартиб-интизом борасида. Исломда ушбу айтиб ўтилганларнинг ҳаммаси батафсил ва мукаммал ёритиб берилган.

12) Махфий душманлар ва улардан қутулиш йўллари ҳақида:

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмон бандасига уни дунёю охиратда ҳалокат сари судрайдиган душманлари борлигини айтиб, улардан огоҳлантирди ва улардан халос бўлиш йўлини баён қилиб берди.

Ушбу душманларнинг биринчиси – бошқа барча душманларни ҳаракатга келтирадиган ва инсонга қарши қўзғайдиган шайтони лаиндир. У отамиз Одам ва онамиз Ҳаввони жаннатдан чиқарган душманидир, у то қиёмат одамзотнинг абадий душмани, уларни кофир қилишга ва дўзахда ўзи билан бирга абадий қолдиришга жон-жаҳди билан уринади, кофир қилишга кучи етмаган одамларни Аллоҳнинг ғазаби ва азобига дучор қилувчи маъсиятларга туширишга ҳаракат қилади.

Шайтон инсоннинг қон томирлари ичида юради, унинг қалбига васваса солади, гуноҳларни чиройли кўрсатиб, қўлидан келса инсонни гуноҳлар домига тортади. Ундан қутулиш йўли – Аллоҳ таоло баён қилиб берганидек – мусулмон киши жаҳли чиққанда ё бирор маъсиятни қилиш истаги кўнглига келганда: «Аъувзу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм» дейиши ва ўзини босиб, маъсиятга қадам қўймаслигидир. Билмоғи керакки, дилида топаётган гуноҳ ишни қилиш истаги – шайтон томонидан уни ҳалокатга тушириш мақсадида қилинаётган ҳаракатдир. Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур» (Фотир: 6).

Иккинчи душман – хоҳиш-ҳаво: Инсон кўпинча хоҳиш-ҳавосига эргашиб, ўзгалар томонидан айтилган ҳақни қабул қилишга бўйни ёр бермайди, кўнгил истагига зид келгани туфайли ҳатто Аллоҳ таолонинг ҳукмини ҳам рад қилгиси келади. Ҳис-туйғуларни ҳақ ва адолатдан муқаддам қўйиш ҳам нафс-ҳаво сабабли бўлади. Бу душмандан қутулиш йўли – нафс-ҳавоси кўйига кириб қолишдан Аллоҳдан паноҳ тилаши, нафс чақириқларига ижобат қилмаслик, балки аччиқ бўлса-да, ҳақни айтиш ва ҳақни қабул қилиш, шайтоннинг шарридан Аллоҳдан паноҳ тилашдир.

Учинчи душман – ёмонликка чорловчи нафс: у туфайли инсон кўнглида ёмон ишларни қилишга рағбатни ҳис қилади, зино қилгиси, ичкилик ичкиси келади, Рамазонда узрсиз рўза тутгиси келмайди ва ҳоказо. Бу душмандан қутулиш йўли – банда Аллоҳ таолодан ўз нафсининг ёмонлигидан ва шайтоннинг шарридан паноҳ тилаши, ҳаром кўнгил истакларидан сабр қилиши, Аллоҳнинг розилигини истаб улардан тийилиши – бу худди еб-ичса соғлигига зиён етказадиган, бироқ нафси хоҳлаётган нарсаларни истеъмол қилишдан тийилишга ўхшайди – ва бу ҳаром кўнгил истаклари тезда завол топишини ва ортидан ҳасрат-надоматлар келишини эслашидир.

Тўртинчи душман – инсон шайтонларидир: улар инсонлар ичидаги шайтоннинг йўриғига йўрғалаган, маъсият ботқоғига ботган кимсалар бўлиб, гуноҳ ишларни тап тортмай қилишади ва бошқаларга ҳам уни чиройли кўрсатишади. Бу душмандан қутулиш йўли – ундан огоҳ бўлиш, имкон қадар қочиш ва бирга ўтирмасликдир.

13) Олий мақсад ва саодатли ҳаёт хусусида:

Аллоҳ таоло мусулмон бандаларини йўллаган олий мақсад – бу дунё ҳаёти ва ундаги фоний рағбатлар эмас. Балки у – ҳақиқий ва абадий келажакка, яъни ўлимдан кейинги охират ҳаётига ҳозирлик кўришдир. Чин мусулмон киши бу дунёни охират ҳаётига етказувчи васила ва охиратнинг экинзори деган эътибор билан амал қилади, дунё ҳаётини асосий ғоя деб кўрмайди.

У Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини доим ёдида тутади:

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зариёт: 56).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган), бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир! Дўзах эгалари билан жаннат эгалари баробар бўлмас. Жаннат эгалари (бахт-саодатга) эришгувчи зотлардир» (Ҳашр: 18-20).

«Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7-8).

Ҳақиқий мусулмон Аллоҳ таолонинг бандаларини яратишдан бўлган мақсадини ва уларни кутиб турган аниқ оқибатларни билишга йўлловчи бу каби оятлари ҳақида тафаккур юритади, ибодатни холис Унинг ўзига қилиш ва Уни рози қиладиган ишларни қилиш билан ўша ҳақиқий, абадий келажакка ҳозиргарлик кўради, тоат-ибодати билан Унинг розилигини талаб қилади, Аллоҳ буюрган ибодатларни қилиб, Унга муножот қилиш билан лаззатланади, тилида ва дилида Аллоҳни зикр қилиб, кўнгли осойишталик топади.

Сўздаю ишда одамларга фақат яхшилик кўзлайди, қилган яхшилиги учун яхшилардан ташаккур ва дуо эшитиб кўнгли яйрайди, пасткаш ва ҳасадгўй кимсаларнинг кўролмасликлари уни яхшиликдан тўсмайди, чунки у қилган яхшилигина фақат Аллоҳ ризоси учун, Ундан ажру савоб кутиб қилади. Исломни ва мусулмонларни ёмон кўрадиган ярамас кимсалар томонидан Аллоҳнинг пайғамбарларига айтилгани каби истеҳзо ва камситиш сўзларини эшитади, бу унинг Исломга бўлган муҳаббатини ва саботини кучайтиради.

Пешона тери тўкиб, ҳалол меҳнат билан оиласини тебратади, меҳнатининг ҳосиласи билан Исломга ва мусулмонларга манфаат етишини истайди.

Ўзига етган ҳар бир неъматнинг шукрини ўша неъматни фақат Аллоҳ тарафидан эканини эътироф этиш билан ва уни Аллоҳнинг тоатига ишлатиш билан адо этади.

Баъзан бошига тушадиган очлик, қўрқув, муҳтожлик, касаллик ва мусибатлар ўзи учун Аллоҳ тарафидан имтиҳон эканини билади, уларга сабр қилади, рози бўлади, ҳар қандай ҳолатида ҳам Аллоҳга шукр қилади, шунда у учун мусибатлар енгил бўлади.

Мусулмон киши ҳаётда Аллоҳ буюрганидек, мана шундай баланд руҳ билан, ҳақиқий ва абадий келажак учун яшаса, шак-шубҳасиз, у бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам саодатли инсон бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

«Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истмайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилувчи кишиларникидир» (Қасас: 83).

«Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга покиза ҳаёт ато этамиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўминнинг ҳоли қизиқ, унинг барча ишлари у учун яхшидир. Агар хурсандчилик етса, шукр қилади, бу у учун яхшидир, агар мусибат етса сабр қилади, бу ҳам у учун яхшидир».

Бу билан маълум бўладики, энг тўғри фикр, гўзаллик ва қабоҳатнинг энг тўғри ўлчови, комил ва адолатли манҳаж ёлғиз Исломдадир. Психология, жамиятшунослик, таълим-тарбия, сиёсат, иқтисод каби башарий йўл ва манҳажлар барчаси Ислом йўриқлари асосида кўриб чиқилиши ва ундан мададланиши лозим. Акс ҳолда, ушбу тузумлар эгаларининг дунёю охиратдаги оқибатлари бахтсизликдан бошқа нарса бўлмайди.

Бешинчи бўлим: айрим шубҳалар ҳақида
Биринчи: Исломга зарар келтирадиган одамлар:

Исломга асосан икки турли одамлар зарар келтирадилар:

Биринчи тур: Исломга нисбатланган, ўзларини мусулмон санайдиган, бироқ гап-сўзлари ва ишлари Исломга зид одамлар. Улар қилаётган ишлардан Ислом покдир, уларга қараб Исломга баҳо берилмаслик, уларнинг ишларини Исломга нисбатламаслик лозим. Улар бир неча тоифадир:

а) Ақидалари бузуқ кишилар: қабрларни тавоф қилиб, уларда ётган ўликлардан ҳожатларини талаб қиладиган, улар фойда ё зиён етказишга қодир деб гумон қиладиган кишилар.

б) Мусулмончиликнинг номидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ, ахлоқсиз кишилар. Улар Аллоҳнинг фарзларини тарк қилишади, зино, ичкилик ичиш каби ҳаром ишларни қилишади, Аллоҳнинг душманларини дўст тутишади, уларга ўхшашга ҳаракат қилишади.

в) Ўзлари мусулмон, бироқ иймонлари заиф, Исломга амал қилишлари нуқсонли, айрим фарзу вожибларга бепарво, бироқ уларни бир йўла тарк қилишмайди, ширк ёки куфр даражасига етиб бормайдиган баъзи мункар ишларни қилишади, Ислом ман қилган ва гуноҳи кабира деб санаган ёлғончилик, хиёнаткорлик, ваъдага хилоф қилиш, ҳасад каби ёмон ва ҳаром одатларга одатланишган.

Бу хил одамлар Исломга зарар келтиришади, чунки мусулмон бўлмаган одамлар Ислом уларга шу ишларни қилишга рухсат берган, деб ўйлаб қолишади.

Иккинчи тур: Исломга душман бўлган ва уни ёмон кўрадиган одамлар. Шарқшунослар, насроний ва яҳудий миссионерлар, шунингдек, уларга эргашган, Исломнинг камоли, бағрикенглиги ва тез суръат билан ёйилиб боришига чидаёлмай унга нафрат билан қарайдиган кишилар. Зеро, Ислом фитрат (инсон табиати) дини[1], кирланмаган тоза табиатлар уни биринчи кўришдаёқ қабул қилади. Мусулмон бўлмаган ҳар қандай инсон беқарорликда, ўз дини ва йўлидан кўнгли тўлмай яшайди, чунки у унинг Аллоҳ табиатлантириб қўйган табиатига мувофиқ келмайди. Фақат ҳақиқий мусулмон одамгина ўз динидан ва табиатига мувофиқ келувчи шариат қонунларидан кўнгли қониқиб яшайди.

Исломга нафрат кўзи билан қаровчи шарқшунос ва миссионерлар Исломга ва унинг улуғ пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларига бўҳтонлар қилиб, гоҳо у зотнинг рисолатларини ёлғонга чиқаришади, гоҳо у зотдан қандайдир айбу нуқсон топишга уринишади, гоҳо Исломнинг адолатли ҳукмларидан баъзиларини булғаб кўрсатиб, одамларни ундан нафратлантирмоқчи бўлишади. Бироқ, Аллоҳ таоло уларнинг фириб-найрангларини йўққа чиқаради, чунки улар ҳаққа қарши курашмоқдалар, ҳақ эса ҳеч қачон мағлуб бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳнинг нурини (яъни Исломни) оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни динини) тўла (яъни ҳар тарафга) ёювчидир. У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан гарчи мушриклар истамасалар-да барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Саф: 8,9).

Иккинчи: Исломнинг асосий манбалари

Эй оқил, соф Исломни ўрганмоқчи бўлсангиз, Қуръон ўқинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим», «Муватто имом Молик», «Муснад имом Аҳмад», «Сунан Абу Довуд», «Сунан Насоий», «Сунан Термизий», «Сунан Ибн Можа», «Сунан Доримий» каби саҳиҳ ҳадис тўпламларида келган ҳадисларини ўқинг, Ибн Ҳишомнинг «ас-Сийратун-набавийя»сини, аллома Исмоил ибн Касирнинг «Тафсиру Қуръонил-Азим»ини, аллома Ибнул Қаййимнинг «Зодул-маъод фий ҳадйи хойрил-ибад» китобини, шунингдек, тавҳид ва даъват соҳиблари бўлган бошқа буюк имомларнинг асарларини ўқинг.

Аммо шарқшуносларнинг ва Исломга мансуб бўлатуриб унга қарши ишларга чақирадиган ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари шаънига нолойиқ сўзларни айтадиган ёки тавҳидга чақирувчи улуғ имомлар шаънини булғашга уринадиган кимсаларнинг китобларини четга улоқтиринг, улар зарарли ва залолатга бошлайдиган китоблардир.

Учинчи: Исломий мазҳаблар:

Ҳамма мусулмонлар фақат битта мазҳаб (йўл)да – Исломда бўлиб, манбалари Қуръон ва Ҳадисдир. Исломий мазҳаблар деб номланувчи тўрт мазҳаб – Ҳанафий, Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари аслида исломий фиқҳ мактаблари бўлиб, мазкур имомлар ўз шогирдларини унда ўқитганлар, ҳар бир имомнинг шогирдлари у Қуръону Ҳадисдан истинбот қилган (чиқариб олган) қоида ва масалаларни ёзиб, ўша масалаларни унга нисбат берганлар ва кейинроқ унинг мазҳаби деб номланган. Ушбу мазҳаблар Исломнинг усул-асосларида бир, барчасининг манбаси Қуръон ва Ҳадис, ўрталарида мавжуд бўлган айрим ихтилофлар фаръий масалалардадир. Ҳар бир имом шогирдларига фақат Қуръону Ҳадис билан далилланган сўзларни – гарчи ундан бошқаси айтган бўлса ҳам – олишга буюрганлар.

Мусулмон киши улардан бирини албатта олишга эмас, балки Қуръону Ҳадисга қайтишга буюрилган.

Мазкур мазҳабларга мансуб кишилар орасида содир бўлаётган ақидада четга оғишлар, яъни қабрларни тавоф қилиб, ўликлардан мадад сўрашлари ёки Аллоҳнинг сифатларини таъвил қилиб, зоҳирий маъноларидан буриб юборишлари кабилар ўз мазҳаблари имомларининг ақида борасидаги сўзларига хилоф ишлардир. Зеро, имомларнинг ақидалари салаф солиҳнинг ақидаси эди.

Тўртинчи: Исломга ёт фирқалар:

Ислом оламида исломга ёт фирқалар мавжуд, улар ўзларини Исломга нисбат беришади, мусулмонлик даъво қилишади, аслида эса Исломдан бегоналар, чунки ақидалари Аллоҳга, Унинг оятларига, ваҳдониятига куфр келтириш ақидасидир. Қуйида бу фирқаларнинг баъзилари ҳақида сўз боради:

Ботиния фирқаси: Ҳулул[2] ва таносух[3]га эътиқод қилишади, диндаги нас (далил, яъни оят ва ҳадис)ларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилган ва мусулмонлар иттифоқ қилишган зоҳирий маъноларига зид бўлган бошқа – ботиний маънолари ҳам бор, деб даъво қилишади, бу ботиний маъноларни ўз хоҳиш-ҳаволарига мувофиқ тўқиб олишади.

Ботинийларнинг келиб чиқиш тарихи: Исломнинг кенг тарқалиб боришидан талвасага тушган яҳудлар, мажусийлар ва Форс мамлакатидаги худосиз файласуфлардан бир гуруҳи йиғилишиб, мақсади мусулмонлар бирлигини парчалаб ташлаш ва Қуръони карим маънолари борасидаги фикрларни чалкаштириш бўлган бир мазҳаб тузишга келишиб олдилар, сўнг шундай бузғунчи фирқа тузиб, унга даъват қила бошладилар ва авом халқни тортиш осон бўлиши учун уни аҳли байтга (пайғамбар хонадони аҳлига) нисбатладилар ва ўзларини аҳли байтнинг шиасидан (гуруҳидан) деб даъво қилдилар, авом ва жоҳил халқдан кўпларини йўлдан уриб, залолатга бошладилар.

Мазкур фирқалардан бири – Ғулом Аҳмад Қодиёнийга нисбатланувчи Қодиёния фирқасидир. Ушбу шахс пайғамбарлик даъво қилиб чиқди ва Ҳиндистон ва унинг атрофида одамларни ўзига иймон келтиришга чақирди. Инглизлар Ҳиндистонни мустамлака қилган даврларида уни ва унга эргашганларни ишга солдилар, унга ва тарафдорларига кенг шароит ва имкониятлар яратиб бердилар, мўл-кўл мол-дунёларга кўмиб ташладилар, шу туфайли кўплаб жоҳил одамлар уларга эргашиб кетди, оқибатда Ислом билан ниқобланган, мақсади Исломни вайрон қилиш ва қўлларидан келган ҳар бир кишини Ислом доирасидан чиқариш бўлган Қодиёния фирқаси вужудга келди. Ушбу шахс «Аҳмадия далилларини тасдиқлаш» деб номланган китоб ёзиб, унда ўзини пайғамбар деб эълон қилди ва Исломдаги нас (оят ва ҳадис)ларни ўзгартирди. Жумладан, у Исломда жиҳоднинг бекор қилинганини ва ҳар бир мусулмон инглизларни дўст тутиши лозимлигини даъво қилди. Шунингдек, у «Қалблар малҳами» деган китоб ёзгани ҳам маълум. Ушбу каззоб кўпчиликни йўлдан адаштиришга муваффақ бўлди. Вафот этгач (1908 й), унинг даъвати ва адашган тоифасига бошлиқлик Ҳаким Нуриддин деган кимсанинг қўлига ўтди.

Исломга бегона бўлган ботиний фирқалардан яна бири «Баҳоийя» деб аталган фирқа бўлиб, унга милодий 19 аср бошларида Эронда Алий Муҳаммад – ёки Муҳаммад Алий Шерозий – деган одам асос солган. У шиаларнинг ўн иккилик (яъни 12 имомнинг маъсумлигига эътиқод қилувчи) фирқасидан эди. Мустақил бир мазҳаб тузиб, ўзини кутилаётган Маҳдий деб эълон қилди. Кейинроқ эса Аллоҳ таоло унинг вужудига ҳулул қилганини (тушиб ўрнашганини) ва у одамлар учун илоҳга айланганини даъво қилди, қайта тирилишни, ҳисоб-китобни, жаннат ва дўзахни инкор қилди, кофир браҳман ва буддистлар йўлини ушлади, яҳуд, насоро ва мусулмонлар ўртасини бирлаштириб, улар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, деб эълон қилди, сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини инкор қилди, Ислом ҳукмларидан кўпларини рад қилди. Ўлганидан сўнг унинг ишини Баҳо номлик ёрдамчиси давом эттириб, унинг даъвати кенг ёйилишига ва издошлари кўпайишига сабаб бўлди, шу боисдан бу фирқа унинг номига нисбатланиб, «Баҳоийя» деб аталди.

Исломга ёт фирқалардан яна бири – гарчи мусулмонлик даъво қилса, намоз ўқиса, рўза тутса ва ҳаж қилса-да – Жибрил алайҳиссалом рисолатни етказишда хиёнат қилган, у аслида Алий розияллоҳу анҳуга юборилган пайғамбарликни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келган, деб даъво қиладиган кўпсонли Рофиза-шиалик фирқасидир. Улардан баъзилари ҳатто Алийни илоҳийлаштиради, унинг шахсини муқаддаслаштиришда, унинг авлодларини, аёли Фотима ва унинг онаси Хадижа розияллоҳу анҳум шахсларини улуғлашда ғулув кетишади, уларни Аллоҳ таолога шерик қилиб, уларга дуо қилишади, уларни маъсум (гуноҳдан пок) деб, Аллоҳ таоло ҳузуридаги даражалари пайғамбарларнинг даражаларидан юқори деб эътиқод қилишади.

Яна улар: Ҳозирда мусулмонларнинг қўлларида бўлган Қуръонда зиёдалик ва нуқсонлар бор, дейишади ва ўзларига хос қуръонлари бор бўлиб, унга ўзлари томонидан тўқилган оятлар ва сураларни қўшишган. Улар Ислом умматининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги энг афзал кишилари бўлмиш Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумони, шунингдек, мўминларнинг онаси бўлмиш Оиша розияллоҳу анҳони сўкиб, ҳақоратлашади, мусибат ва машаққат пайтларида ҳазрат Алий ва у кишининг авлодларига дуо қилиб, улардан мадад тилайдилар, ҳолбуки Алий розияллоҳу анҳу ҳам, у кишининг авлоди ҳам улардан безордирлар. Чунки улар у зотларни Аллоҳ таолога шерик қилишади, Аллоҳ шаънига ёлғонлар тўқиб, Унинг Каломини ўзгартиришади. Аллоҳ улар айтаётган сўзлардан пок ва олийдир.

Биз юқорида зикр қилган бу кофир фирқалар Ислом ниқоби остида уни вайрон қилишга ҳаракат қиладиган бузғунчи фирқаларнинг айримлари эди. Эй оқил, огоҳ бўлингки, Ислом дегани қуруқ даъвонинг ўзи билан бўлмайди, балки у Қуръонни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ўқиб-ўрганиш ва уларга амал қилиш демакдир. Шундай экан, Қуръон ва Ҳадисларнинг мағзини чақишга урининг, шунда сизни Раббул оламийн ҳузуридаги жаннат неъматлари ичра абадий бахт-саодатга эриштирувчи ҳидоят ва нурни топасиз.

Нажотга чорлов

Ҳали Исломга киришга мушарраф бўлмаган эй оқил ва оқила инсон! Ушбу нажот ва саодат сари чорловим сизга аталган:

Ўз жонингизни Аллоҳнинг қабр азобидан, кейин эса дўзах азобидан қутқариб қолинг!

Аллоҳни Роб деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни расул деб, Исломни дин деб иймон келтириш билан жонингизни қутқаринг, чин дилдан: «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» денг, беш вақт намоз ўқинг, молингизнинг закотини адо этинг, қодир бўлсангиз Байтуллоҳни ҳаж қилинг!

Исломингизни эълон қилинг, зеро нажот ва саодатингиз фақат шу билан рўёбга чиқажак!

Мен яккаю ягона маъбуд бўлмиш буюк Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, Ислом ягона ҳақ дин, Аллоҳ таоло ундан ўзга ҳеч қандай динни ҳеч кимдан ҳеч қачон қабул қилмайди. Мен Аллоҳни, Унинг малоикаларини ва барча махлуқотини гувоҳ қилиб айтаманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг пайғамбари ва мен мусулмонларданман.

Аллоҳ таолодан мени, зурриётимни ва барча мусулмон биродарларимни ҳақиқий мусулмон ҳолда вафот топтиришини, сўнг барчаларимизни улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа пайғамбарлар билан, пайғамбаримизнинг аҳли ва асҳоблари билан жаннат неъматлари ичра бирга қилишини сўрайман.

Ушбу китобни ўқиган ёки эшитган ҳар бир кишига уни манфаатли қилишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламан.

Парвардигорим, етказдимми? Ўзинг гувоҳ бўлгайсан.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавот ва саломлар йўлласин, бутун оламлар Робби бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

[1] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир туғилган бола фитрат устида туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий ё насроний ё мажусий қилиб тарбиялайди». Демак, мазкур саҳиҳ ҳадисда айтилишича, инсон Ислом фитрати-табиатида туғилади, яъни уни тоза фитрати билан қўйилса ҳеч иккиланмай Исломни танлайди, яҳудия, насрония, мажусия ёки бошқа дин ва ботил йўлларни танлашига унинг кўрган тарбияси сабаб бўлади.

[2] Табиат худонинг тажассумидир деб ҳисобловчи фалсафий таълимот, пантеизм.

[3] Киши ўлганидан кейин унинг руҳи бошқа танага кўчиб юришини даъво қилиш, метемпсихоз.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.