Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

Ҳисоб-китоб

Охират ҳовлиси силсиласи

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

الحساب

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! «Охират ҳовлиси» силсиласидан бугунги суҳбатимиз ўн тўртинчи суҳбат бўлади.

Бундан аввалги суҳбатимизда ўта маҳобатли ва оғир ҳолатлардан бири бўлган ҳисобга тортилиш кўриниши ҳақида сўзлаб ўтган, бандаларни маҳшар ерида ҳар ким ўз ҳисоб-китобини кутиб, Аллоҳ таолонинг жарчиси уни Аллоҳ ҳузурига ҳисоб учун чорлашига мунтазир бўлиб, саф-саф бўлиб турган ҳолатларига келиб тўхтаган эдик. Яна айтиб ўтган эдикки, Аллоҳ таоло бандаларини қуйидаги қоидалар асосида ҳисоб-китобга тортади:

  1. Ҳеч қандай зулм аралашмаган тўла адолат.
  2. Биров бировнинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас.
  3. Аллоҳ бандаларига узр қолдирмаслиги.
  4. Қиёмат куни бандаларга гувоҳлар келтирилиши.
  5. Иймон аҳлига ҳасанотлари (савоблари) бир неча баробар кўпайтирилиши.
  6. Ёмонликларни яхшиликларга алмаштириш.

Шундан сўнг ҳисоб бошланади. Нима деб ўйлайсиз, биринчи бўлиб қайси уммат ҳисоб-китоб қилинади?! Қиёмат куни кимлар ўртасида биринчи бўлиб ажрим қилинади?! Банда илк бор қайси амалидан ҳисоб беради?!

Бугунги суҳбатимиз айни саволларнинг жавоби ҳақида бўлади.

Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратасиз деб умид қиламан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни ер юзида ҳам, ер остида ҳам, ҳисоб кунида ҳам Ўз карами билан ўрашини сўрайман. Албатта, У Ҳалим, Раҳмон ва Раҳмли зотдир.

Биринчи: Аллоҳ азза ва жалла биринчи бўлиб қайси умматни ҳисобга тортади?

Севикли дўстларим! Маҳшаргоҳда, Аллоҳ таоло ҳузурида туриш жуда оғирдир.

Қуёш бош устига яқин келтириб қўйилган.. Тошу темирни эритиб юборадиган кучли ҳарорат.. Тасаввур қилинг, башариятнинг ҳаммаси битта ерга, бир жойга жамланган.. Нафасларни бўғиб юборадиган тиқилинч!!

Ана шундай оғир ва шиддатли ҳолатда жаҳаннамни олиб келиниши уларнинг ғам-қайғуларини яна ҳам кучайтириб юборади.

Ҳа.. жаҳаннамни маҳшаргоҳга олиб келинади. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат кунида жаҳаннам олиб келинади ва унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади» (Муслим: №2842, Термизий: №2576).

Жаҳаннам келтирилиб, халойиқларни ўраб олгач ва халқларни кўргач, Аллоҳ таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ ғазабдан гуриллаб, даҳшатли овоз билан ўкиради.. Шунда ҳамма халойиқлар қўрқувнинг зўридан тиз чўкиб қолишади.

Аллоҳ таоло айтади: «(У Кун­да) барча умматни (даҳшат ва изтироб-ла) тиз чўккан ҳолда кўрарсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар» (Жосия: 28).

Юракларни ёриб юборгудек оғир ва даҳшатли шу лаҳзаларда Аллоҳ таоло маҳшаргоҳда хорлик ва синиқлик билан турган етмишта уммат ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига нидо қилади.

Ибн Можа саҳиҳ санад билан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Биз умматларнинг охиргиси, қиёмат куни ҳисоб-китобда эса биринчисимиз. «Пайғамбари уммий (саводсиз) бўлган уммат қаерда?!», деб нидо қилинади. Бас, биз охиргилар ва биринчилармиз». (Саҳиҳ, шайх Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№2374) саҳиҳ санаган, Саҳиҳул-жомиъ: №6749).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари раҳматга сазовор умматдир, Аллоҳ таоло маҳшаргоҳда туриш даҳшатидан тезроқ фориғ бўлишлари учун уларга раҳм қилиб ва бошқа умматлардан мукаррам санаб, уларга нидо қилади.

Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган ва Ҳоким «Мустадрак»ида ривоят қилиб, икки шайх шартига кўра саҳиҳ санаган, Заҳабий ҳам шунга иқрор бўлган, Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлар етмишта умматни тўлдирувчиси (яъни сўнггиси) бўлдингиз, сизлар улар ичида энг яхшиси ва Аллоҳ жалла ва алога энг мукаррамисиз» (Аҳмад: №19908, Термизий: №3001, Ибн Можа: №4288, Доримий: №2760).

Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари барча умматлар ичида Аллоҳга энг мукаррами, покизароғи ва шарафлироғидир. Нега ҳам шундай бўлмасин?! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан биргина киши баъзан бутун бир умматдан кўра ҳам салмоқлироқ бўлади.

Имом Аҳмад «Муснад»ида, Табароний «Ас-сағир» ва «Ал-авсат»да ривоят қилган, Ҳайсамий «Мажмаъуз-заваид»да: «Аҳмаднинг кишилари «Саҳиҳ»нинг кишиларидир» деган, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Эй Ийсо, Мен сендан кейин бир умматни чиқаргум. Уларга ўзлари суйган нарса етса, Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр қиладилар. Ёқтирмаган нарсалари етса, сабр қилиб, ажр умид қиладилар. Ҳолбуки, (уларда) ҳилм ҳам, илм ҳам бўлмайди». (Ийсо) деди: «Ё Раббим, Бу уларга қандай қилиб (ҳосил бўлади), ҳилм ҳам, илм ҳам бўлмаса?!». Аллоҳ жалла ва ало айтади: «Мен уларга Ўз ҳилмим ва илмимдан ато этдим». (Аҳмад: №27416).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг қиёмат куни Парвардигор азза ва жалла ҳузуридаги ҳурмат-эътиборлари уларни етмишта уммат ичидан чорлаган пайтида яққол кўринади..

Қани, олдинга чиқинглар!!..

Нима учун?…

Пайғамбарлар фойдасига барча умматлар устидан гувоҳ бўлишларинг учун!!

Имом Бухорий ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни Нуҳни чақирилади. У: «Лаббай, амрингга ҳозирман, эй Парвардигор», дейди. «(Менинг рисолатимни) етказдингми?», деб сўрайди. У: «Ҳа», деб жавоб беради. Унинг умматидан: «Сизларга етказганми?», деб сўралади. Улар: «Бизга ҳеч қандай огоҳлантирувчи (пайғамбар) келган эмас», дейишади. «Сенга ким гувоҳ бўлади, эй Нуҳ?», деб сўрайди Аллоҳ таоло. «Муҳаммад ва унинг уммати», деб жавоб беради Нуҳ. Шунда улар унинг етказган эканига гувоҳлик берадилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса сизлар устингизда гувоҳ бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир уммат қилдик» (Бақара: 143), деган ояти маъносидир». Сўнг: «Ўрта – адолатдир», дедилар. (Саҳиҳул-жомиъ: №8034, Бухорий: №4487, Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа)

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари муҳтарам уммат бўлиб, кимга яхшилик билан гувоҳлик берсалар, у нажот топиб, жаннатга киради. Кимга ёмонлик билан гувоҳлик берсалар, у ҳалокатга юзланиб, дўзахга тушади.

«Саҳиҳ Муслим»да ва «Сунан Аби Довуд»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жаноза олдидан ўтдилар, шунда
уни (маййитни) яхшилик билан зикр қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: «Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди», дедилар. Яна бир жаноза ёнидан
ўтганларида уни ёмонлик билан зикр қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: «Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди», дедилар.

Шундан сўнг Умар розияллоҳу анҳу: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё
Расулуллоҳ, бир жаноза олдидан ўтилганда унга мақтов айтилди, шунда сиз: «Вожиб
бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди», дедингиз. Бошқа бир жаноза олдидан ўтилганда
уни ёмонлик билан зикр қилинди, шунда сиз яна: «Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб
бўлди», дедингиз», деб сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлар кимни яхшилик билан зикр қилган бўлсангиз, унга жаннат вожиб бўлди. Кимни ёмонлик билан зикр қилсангиз, унга дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидирсиз, сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидирсиз». (Бухорий: 3/181, Муслим: №949, Термизий: №1059, Насоий: 4/49).

Қасамки, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга умматлари борасида ато этишини ва у зотни рози қилишини ваъда берган. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир!

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида нозил қилган: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)» (Иброҳим: 36) оятини ўқидилар.

Кейин Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида нозил қилган: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида: 118) оятини ўқидилар.

Сўнг йиғладилар. Шунда Аллоҳ Жибрилни у зот ҳузурларига туширди ва Ўзи яхши билгани ҳолда: «Эй Жибрил, Муҳаммаддан сўра-чи, нега йиғлаяпти экан?», деди. Жибрил тушиб: «Нега йиғлаяпсиз, эй Аллоҳнинг Расули?», деб сўради. «Умматим.. умматим, эй Жибрил!», дедилар у зот. Жибрил Буюк Подшоҳ ҳузурига кўтарилиб – У Ўзи билгувчироқ бўлгани ҳолда – «Уммати учун йиғлаяпти экан», деди. У Жибрилга деди: «Муҳаммад ҳузурига тушиб, айтгин, Биз уни уммати хусусида албатта рози қиламиз ва асло хафа қилмаймиз» (Муслим: №301).

Пайғамбаримиз умматлари бахтли умматдир, муборак умматдир, маҳмуд умматдир.

Шеър мазмуни:

«Эй Парвардигор! Сенинг «Эй бандаларим!» деган хитобинг остига киришим ва менга Аҳмадни Пайғамбар қилиб юборганинг менинг фахру ифтихоримни ошириб юборди»..

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз» (Оли Имрон: 110).

Қиёмат куни кимлар ўртасида биринчи бўлиб ажрим қилинади?

Бу савол жавобини «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда топамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадиган киши шаҳид қилинган
кишидир. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга Ўз неъматларини эслатади. Банда уларни
тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. У
банда: «То шаҳид бўлгунимга қадар Сенинг йўлингда жанг қилдим», деб жавоб
беради. Шунда Аллоҳ: «Ёлғон айтаяпсан, сен одамлар сени «жасур» дейишлари учун
урушдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди. Сўнг буйруқ
берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади.

Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб
келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади.
Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. Банда: «Сен
учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб жавоб беради.
Аллоҳ: «Алдаяпсан, сен илмни одамлар сени «илмли», дейишлари учун ўргандинг,
Қуръонни эса одамлар «қори», дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай
дейишди», дейди. Шундан сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб
кетилади ва дўзахга ташланади.

Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?», деб сўрайди. «Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим», дейди у. «Ёлғон айтаяпсан, сен бу ишни одамлар сени «сахий», деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади» (Муслим: №1905, Термизий: №3383, Насоий: 6/23).

Демак, ҳадис шарифдан маълум бўлишича, қиёмат куни энг биринчи ҳисобга тортиладиган киши жанг майдонида, қаҳрамонлик ва баҳодирлик саҳнасида, ҳар қанча узун тиллар ҳам соқов бўлиб қоладиган, фақат қилич ва найзалар бўйинлар минбарида хутба қиладиган ўринда шаҳид бўлиб, ерга йиқилган киши бўлар экан. Ўзи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматидан, жанг майдонида шаҳид бўлган, бироқ Аллоҳ ризосини кўзлаган эмас, балки бандаларнинг мақтовига эришишни истаган. Натижа ҳам ўзи кутганидек бўлди. Жасур ва қаҳрамон деган гапни эшитиш учун урушган, дарҳақиқат шундай ҳам дейилган. Шунинг учун ҳам буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади.

Яна бири илм ўрганган ва Қуръонни ўқиган киши – яъни, масжидларни ва илм мажлисларини илмий суҳбатлар билан гуриллатган, китоблар ёзган, газета ва журналларни илмий мақолалар билан тўлдирган олимдир!! Ўқиган ва ўқитган илми билан фақат шуҳрат қозонишни, обрў-эътиборга эришишни, мансаб курсисига минишни, мол-дунёга эга бўлишни истаган! Илми билан Раҳмон таолонинг ризосинигина қасд қилмаган! Натижа эса ўзи истаганидек бўлади: «Ёлғон айтаяпсан, сен илмни одамлар сени «илмли», дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар «қори», дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай дейишди», дейди. Шундан сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади».

Аллоҳу акбар! Олим дўзахда ёнса, қори жаҳаннамда куйса!! Нега ҳам шундай бўлмасин?! У амали қабул бўлиши шартларидан муҳим бир шартни – ихлосни йўқотди, ахир!!

Учинчиси яна бир кишики, Аллоҳ унга молнинг ҳамма туридан берган, берганда ҳам мўл-кўл қилиб берган. У ҳам молини яхши йўлларга сарф қилган, садақалар қилган. Бироқ, сахийлик билан донг таратиш, ҳотамтой бўлиб ном чиқариш, жуда кўп инфоқ-эҳсон қиладиган киши номини қозониш мақсадида қилган. Натижа ўзи кутганидек бўлди: «Сен бу ишни одамлар сени «сахий», деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади».

Ҳар учаласи жаҳаннамга ўтин бўлишди, чунки амаллари билан риё қилишди.

Билингки, риё луғатда “кўриш” маъносидаги “руъят” (الرؤية) сўзидан олинган бўлиб, шаръий маъноси ҳам луғавий маъносидан келиб чиққан (яъни, бир тоат амалини хўжакўрсинга қилиш маъносини ифодалайди). Яъни, риёнинг истилоҳдаги маъноси – банда зоҳирида бошқа нарсани изҳор қилиб, ботинида бошқа нарсани яширишидир.

Риёниг чек-чегараси шуки, у Парвадигор азза ва жаллага қилинадиган тоат амалини бандалар кўриши учун қилишдир.

Эй Аллоҳнинг розилигини топиш мақсадида амал қилаётганлар, ушбу улкан неъматига шукр ўлароқ Аллоҳга сажда қилинглар ва Ундан шундай амалларда саботли қилишини сўранглар!

Эй қилаётган амаллари билан Аллоҳ розилигини эмас, риё, сумъа, шуҳрат ва обрў-эътибор қозонишни истаётган кишилар, шуни яхши билингларки, сизнинг амалингиз Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло фақат шариатга мувофиқ ва Ўзи учун холис қилинган амалнигина қабул қилади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (умматнинг) динидир» (Баййина: 5).

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор
бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани
(унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ
учун қилсин)» (Каҳф: 110).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло айтди: «Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қиламан» (Муслим: №2985).

Риё махфий ширкдир, риё кичик ширкдир, риё амалларни бекорга чиқаради ва вайрон қилади. Шунинг учун ҳам Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган ва шайх Албоний «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб»да ҳасан санаган, Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

«Биз Масиҳ Дажжол ҳақида гаплашиб ўтирган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар ва: «Менинг назаримда сизлар учун Дажжолдан кўра ҳам хавфлироқ бўлган нарса ҳақида хабар берайми?», дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедик. «У махфий ширкдир, киши намоз ўқиш учун туради-да, бошқа биров уни кўриб тургани учун намозини чиройли қилиб ўқийди», дедилар». (Шайх Албоний «Саҳиҳут-тарғиб»да (№27) ҳасан санаб, Ибн Можа ва Байҳақийлар ривоят қилганини айтган).

Имом Аҳмад Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва шайх Албоний «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса бу кичик ширкдир», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?», деб сўрашди саҳобалар. «У риёдир. Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани қилган амаллари учун ҳисоб-китоб қилганда: «Боринглар риё қилган кишиларингизнинг олдига, қарангларчи, уларнинг хузурида бирон мукофот топармикансизлар» деб айтади», деб жавоб бердилар (Аҳмад: №23521, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: №29).

Севикли биродарим! Риё кишининг амалларини ҳабата қилиб юборадиган ўта хатарли иллатдир. Буюк ва Карамли Аллоҳдан сўрайманки, сизу бизни дунёда ҳам, охиратда ҳам Ўз карами билан ўрасин, барчамизга махфию ошкоримизда, сўзу амалимизда ихлос ато этсин, ичимизни ташимиздан покизароқ қилсин, гуноҳларимизни мағфират этсин, ниятларимизни тўғрилаб қўйсин. Зотан, У бунга қодир ва бунинг эгасидир.

Бинобарин, ушбу ёмон иллат ва оғир дард бўлмиш махфий ширк – риёни даволаш учун зарур бўладиган энг муҳим даволарни сиз билан биргаликда кўриб чиқайлик:

Биринчи даво: Аллоҳга дуо қилиб, сўзу амалда, махфию ошкора, кечаю кундуз ихлос ато этишини сўраш. Биз учун муваҳҳидлар имоми ва муҳаққиқлар йўлбошчиси Иброҳим Халилуллоҳда гўзал намуна бордир. У киши Аллоҳ Роббул оламийнга илтижо қилиб, ўзларини ширкдан узоқ қилишини сўрадилар. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни Маккани) тинч шаҳар қилгин, мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин» (Иброҳим: 35).

Аллоҳдан ихлос сўраш, амални Унинг ўзига холис қилишга муваффақ этишини сўраш зарурдир. Яхши билингки, фақат Угина сизга ихлос ато этишга қодир. Ихлосни Аллоҳ таоло фақат Ўзи суйган бандасининг қалбига жойлайди. Риёнинг дунёю охиратдаги оқибатини асло ёддан чиқармаслик зарур.

Риёкор шахс қиёмат куни келганида унинг амал саҳифаси кўзи етар жойгача очиб қўйилади. Бироқ, у куни Аллоҳ ҳузурида мукофот топмайди.

Ё Аллоҳ! Бундай ёмон оқибатдан Ўзинг асрагайсан. У буткул зиёнкорга айланади. Нега ҳам шундай бўлмасин?! Ахир у мунофиқ, мунофиқлар эса дўзахнинг қаърида Фиръавн, Ҳомон ва Қорун билан бир жойда бўлади.

У зоҳирида бир хил сўзу амални изҳор қилиб, ботинида бошқа сўз ва амални яширди. Унинг ҳақиқатини ёлғиз Аллоҳнинг ўзи билади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир» (Бақара: 284).

Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар бирон нарсани ошкор қилсангизлар ё яширсангизлар, албатта (Аллоҳ билур). Зеро Аллоҳ барча нарсани билувчи бўлган зотдир» (Аҳзоб: 54).

Аллоҳ таоло айтади: «Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам, (ва ёки) хуфёна гапирсангиз ҳам, У зотга баробардир. Зеро У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур» (Тоҳа: 7).

Агар риё диннинг асли-асосида бўлса, яъни дилда куфрни яшириб, тилда иймонни изҳор қилиш бўлса, бу риёнинг энг ёмон кўриниши бўлиб, унинг эгаси дўзахда абадий қолади.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а!» (Бақара: 204-206).

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» дерлар. Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур» (Мунофиқун: 1).

Аммо, агар кишининг дилида дин ва иймоннинг асли ўрнашган бўлиб, фақат амалларида одамларга риё қилаётган бўлса, бу кичик ширк бўлади ва эгасининг умри ёмон оқибат билан якунланиши хавфи бордир, Аллоҳ сақласин. Риёкорга охиратда мукофот йўқдир.

Эй одамларни рози қилиш учун амал қиладиганлар! Яхши билиб олингки, ҳеч ким ҳамма одамларни бирдек рози қилолмайди. Оила деб аталмиш кичик бир мамлакат подшоҳи бўлган ота ўзининг ҳамма фарзандларини бирдек рози қилолмайди-ю! Устоз ўзининг илм мажлисига қатнашувчи ҳамма шогирдларини бирдек рози қилолмайди-ю! Қандай қилиб ҳамма одамни бирдек рози қиламан дейсиз?! Бу жуда катта қоидадир, уни билмаган киши жоҳил бўлади.

Севикли дўстим, дилингизни ёлғиз Аллоҳга боғланг, сўзу ишингиз билан фақат Аллоҳ ризосини кўзланг. Агар бутун ер юзи аҳли йиғилиб, сизни мақтаса, модомики сиз Аллоҳдан узоқ экансиз, уларнинг мақтовлари сизни Аллоҳга заррача ҳам яқин қилолмайди.

Агар бутун ер аҳли йиғилиб, сизни айбласа, модомики сиз Аллоҳга яқин бўлсангиз, уларнинг айблашлари сизни Аллоҳдан узоқ қилолмайди.

Парвардигори олам наздида манфур инсон бўлсангиз, одамларнинг мақтовлари нима наф етказа оларди?!

Парвардигори олам наздида суюкли ва Унга яқин бўлсангиз, одамларнинг айблашлари нима зарар етказа олади?!

Одамларни рози қиламан деб Аллоҳни ғазаблантириб қўйманг! Одамлар хусусида Аллоҳга итоат қилинг, Аллоҳдан тақво қилинг. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким одамларни ғазаблантириб туриб, Аллоҳни рози қилса, Аллоҳ у учун одамларга кифоя қилади. Ким одамларни рози қиламан деб Аллоҳни ғазаблантирса, Аллоҳ уни одамларга топшириб қўяди». (Шайх Мустафо ал-Адавий гувоҳлик беришича, Абд ибн Ҳумайд «Ал-мунтахаб»да (№1522) келтирган, исноди саҳиҳ).

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур» (Марям: 96).

Яъни, ўзининг ихлосли мўмин бандалари қалбига муҳаббатни жойлаб қўяди.

Агар бировнинг солиҳ мўмин кишини ёмон кўраётганини кўрсангиз, билингки, унинг дили нопок ва маразли экан. Чунки, мунофиқ кимса мўминни ёмон кўради, фақат ўзига ўхшаган мунофиқларни яхши кўради.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамлар олтин ва кумуш конлари каби конлардир. Уларнинг Исломда яхшилари жоҳилиятда яхши бўлганларидир – агар илм ўргансалар. Руҳлар жамланган лашкарлардир. Улар ичидан жинси бир-бирига мос келгани (таниганлари) улфатлашади, мос келмагани (танимаганлари) бир-бири билан чиқиша олмайди (юз ўгириб кетади)» (Муслим: 2638).

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: Яхши одам яхшиларга мойил бўлади, ёмон кимса ёмонларга мойил бўлади.

Мен ўта муҳим бир ишни сизларга эслатиб қўйишни истайманки, Аллоҳ таоло риёкор кимсани дунёда нияти ва мақсадининг зидди билан жазолайди.

Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким (қилаётган ишларини бировларга) эшиттиришга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни эшиттириб (шармандасини чиқаради), ким (амалларини бошқаларга) кўрсатишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни (шармандали ҳолда) кўрсатиб қўяди» (Бухорий: №6499, Муслим: №2987).

Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул-Борий»да айтади: «Хаттобий дедики, ким бир яхшилик ва тоат амалини қилиб, одамлар уни кўришини ва эшитишини мақсад қилса, Аллоҳ унинг нияти ва қасдининг зидди билан жазолайди, Аллоҳ жалла ва ало уни шарманда қилиб, ботинини кўрсатиб қўяди».

Ё Аллоҳ! Ўзинг бизларни яширгайсан ва шарманда қилмагайсан..

Аммо, агар қадами бирон маъсиятда тойилгач, пушаймон қилиб йиғласа, юраги зириллаб, Аллоҳдан қўрқса, бу инсон тақводор мўминдир. Аллоҳ таолодан барчамизнинг оқибатимизни хайрли қилишини, умримиз хотимасини тавҳид ва иймон устида қилишини сўрайман.

Аллоҳ таоло тақводор зотларни Қуръонда зикр қилиб, уларни баъзан нолойиқ ишларга ҳам тушиб қолишларини айтади. Аллоҳ таоло айтади:

«Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғувси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз! (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир» (Оли Имрон: 133-135).

Шу ўринда яна бир муҳим ишни эслатиб ўтишни истайман. Агар банда амалида ихлос ато этишини Аллоҳдан илтижо қилган бўлса ва Аллоҳнинг розилигини истаб, бир ишни қилган бўлса-ю, шундай кейин одамлар унинг амалини мақтасалар, Аллоҳ Ўзининг содиқ бандалари тилига у кишининг мақтовини ўрнатиб қўйса, ихлосли бандалари дилида унга нисбатан ҳурмат-эҳтиромни жойлаб қўйса, бу банда хурсанд бўлаверсин.

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, нима дейсиз, бир киши бир яхши амални қилади, кейин одамлар уни мақтайди», дедим. «Бу мўмин киши учун (шу дунёдаги) нақд башоратдир», дедилар (Муслим: №2642).

Мана бу гўзал ва ажойиб ҳадисга ҳам бир кўз югуртиринг. Баззор ривоят қилган ва шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар қандай банданинг осмонда овозаси бўлади. Агар унинг осмондаги овозаси яхши бўлса, (ўша овозаси) ерга ҳам туширилади. Агар осмондаги овозаси ёмон бўлса, ерга ҳам (ўша овозаси) туширилади» (Саҳиҳ, Албоний: Ас-саҳиҳа: №2275, Саҳиҳул-жомиъ: №5732).

Яъни, унинг осмондаги зикри ва довруғи чиройли бўлса, ерда ҳам шундай бўлади ва аксинча. Нега ҳам шундай бўлмасин, ахир?!.

Зеро, «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни яхши кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда қабулият (яъни, одамларнинг муҳаббати ва розиликлари) вужудга келади. Агар Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни ёмон кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни ёмон кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда нафрат вужудга келади» (Бухорий (№3209), Муслим (№2637) ривоятлари).

Аллоҳ таолодан ҳар биримизни Ўзининг фазлу марҳамати ва раҳмати билан ўрашини сўрайман. У ҳар ишга қодир Зотдир.

Севикли дўстларим! Юқорида айтиб ўтилганлар қиёмат куни биринчи бўлиб ҳисобга тортиладиган кишилар ҳақидаги сўзлар эди. Хўш, қиёмат куни банда энг биринчи қайси амалидан ҳисоб беради?! Суҳбатимиз давомида мана шу савол жавобига тўхталамиз.

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд…

Учинчи: Қиёмат куни банда биринчи бўлиб қайси амалидан ҳисоб беради?

Жавобни қуйидаги саҳиҳ ҳадисда топамиз. Абу Довуд, Насоий, Термизий, Ибн Можа ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали НАМОЗдир. Агар намози яхши бўлса, нажот топади ва зафарга эришади. Намози ёмон бўлса, ноумид ва зиёнкор бўлади» (Термизий: №413, Насоий: 1/232).

Қасамки, Ислом умматига етган ачинарли ҳолатдан дилларимиз маҳзун, кўзларимиз ёшланган..

Онт ичиб айта оламанки, мусулмон уммати ичида Аллоҳнинг уйига ҳафтада бир бор, фақат жумъа куни кирадиганлар бор!!

Ундан ҳам ёмони, йилда икки мартагина, фақат ҳайит намозларига кирадиганлар бор!!

Энг ёмони ва энг ачинарлиси, бир умр яшаб, Аллоҳнинг уйига фақат бир бор, шунда ҳам намоз ўқиш учун эмас, ўзига жаноза намози ўқилиши учун кирадиганлар бор!!

Намоз… Намоз… Намоз… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги васиятлари эди бу.

Уммат намозни зое қилди, Аллоҳ раҳматига олган кишиларгина бундан мустасно. Аксарият намозхонлар намозда хотиржамликни зое қилиш билан намозларини зое қилдилар. Имом Бухорий ривоят қилишларича, Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу кўрдиларки, бир киши рукуъ ва сужудини тўла қилмай намоз ўқияпти. Намозини тугатганидан сўнг Ҳузайфа унга: «Сен намоз ўқимадинг, агар ўлсанг, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидан бошқа нарса устида ўлган бўлардинг», дедилар. (Бухорий: №808).

Қаранг, бу одам намоз ўқимади эмас, ўқиди. Бироқ, рукуъ, сужуд ва қиёмларни мукаммал қилмади. Шу одамнинг ҳоли шу бўлса, намозини зое қилиб юрган одамнинг аҳволи нима бўларкин?! Умуман намоз ўқимайдиган кимсанинг аҳволи нима бўларкин?!

Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни жаҳаннамда ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям: 59).

Нима экан оятда айтилган у (الغي) ёмонлик – ёмон жазо? Ибн Аббос ва Оиша розияллоҳу анҳум айтишларича, “ал-ғой” жаҳаннамдаги тубсиз ва таъми жирканч бир дарёдир.

Аллоҳ таоло айтади:

«32. Дарҳақиқат, Ойга қасам. 33. Ўтиб кетган тунга қасам. 34. Ёришиб келаётган тонгга қасамки, 35-36-37. Албатта у (жаҳаннам барча) инсонлар учун сизларнинг орангизда (яхшилик ва тоат-ибодат томонга) илгарилаётган ёки (куфру исён томонига) чекинаётган кишилар учун огоҳлантлрувчи» бўлган чўнг (бало)лардан биридир. 38. Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушланувчидир. 39. Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни ҳаёти- дунёда иймон келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилган саодатманд зотлар ёки балоғатга етмай вафот қилган гўдакларгина дўзахдан) нажот топувчидирлар. 40-41. Улар жаннатларда бир-бирлари билаи (дўзахга ташланган) жиноятчи-кофир ҳақида савол-жавоб қилишурлар. 42. (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида,) 43. Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқувчилардан бўлмадик. 44. Мискин-бечорага таом берувчи ҳам бўлмадик. 45. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик). 46-47. То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо Қиёмат Кунини ёлғон дер эдик». 48. Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас! 49-50-51. Нега улар худди шердан қочган ёввойи эшакларга ўхшаб бу Эслатмадан Қуръондан юз ўгирадилар-а?! 52. Йўқ, (улар ҳеч қачон Қуръон оятларига қулоқ тутмаслар, балки) улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар! 53. Йўқ, (уларнинг кофир бўлишларига сабаб асло уларга очиқ саҳифалар берилмагани эмас), балки улар охират(га иймон келтирмайдилар ва унда бўладиган азоб-уқубат)дан қўрқмаслар (ва шу сабабдан Қуръондан юз ўгирурлар). 54. Ҳа, албатта у (Қуръон) бир эслатмадир. 55. Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма-ибрат олур» (Муддассир: 32-55).

Эй намозни зое қилувчи кимса! Нега Аллоҳ ва Расулидан бунчалар юз ўгирасан?!

Буюк арш соҳиби бўлган Улуғ Аллоҳдан барчамизнинг хотимамизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодир Зотдир.

2011 йил 22-октябр

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.