Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

003. Арабларнинг динлари

Арабларнинг аксарияти одамларни Иброҳим алайҳис-саломнинг динига чақираётган Исмоил алайҳис-саломнинг даъватини қабул қилишди. Улар Аллоҳга ибодат қилиб, Уни бир деб ва Унинг динига итоат қилиб яшашар эди.

Бироқ орадан йиллар ўтиши билан ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан кўп қисмини унутишди. Ана шу ҳолатда ҳам то Хузоанинг оқсоқоли Амр ибн Луҳай чиққунга қадар араблар тавҳид устида туриб, Иброҳим алайҳис-салом динининг бир қанча кўрсатмаларига амал қилишарди. Амр ибн Луҳай яхшилик, хайр-садақа ва диний ишларга муҳаббат руҳида вояга етган, одамларнинг муҳаббатини қозонган ва халқ назарида улкан уламо, машҳур авлиё бўлиб танилган киши эди. У Шомга сафар қилиб, ўша ерда одамларнинг бут-санамларга ибодат қилаётганини кўрди. Мазкур ширк Амр ибн Луҳайнинг кўзига кўп яхши ва ҳақ нарса бўлиб кўринди. Ахир Шом пайғамбарлар ва илоҳий китоблар юрти эди-да! Хуллас, Амр ибн Луҳай Шомдан Ҳубал номли бутни кўтариб келди ва уни Каъба ичкарисига ўрнатиб қўйди. Амр Макка аҳлини Аллоҳга ширк келтиришга чақирди, улар унинг чақириғини қабул қилдилар. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Ҳижоз аҳли Макка арабларига тақлид қилишга тушди. Чунки Макка аҳли Каъбанинг эгалари ва Ҳарам аҳли ҳисобланарди.

Ҳубал инсон суратида қизил ақиқдан ясалган бўлиб, унинг ўнг қўли синган эди. Қурайшликларга у шу ҳолда келган, улар унга тиллодан қўл қилишган. Бу мушрикларнинг энг биринчи ва энг буюк ҳамда муқаддас бути эди.

Уларнинг энг биринчи санамларидан бўлган Манот Қизил денгиз соҳилида жойлашган Қудайд яқинидаги Мушаллал деган тепаликда эди. Сўнг Тоифда Лотни бут қилиб олишди. У Сақифга тегишли бўлиб, Тоиф масжидининг чап минорасининг ўрнида бўлган. Нахла водийсида Уззо пайдо бўлди. У Қурайш, Баун Кинона ва бошқа кўплаб қабилаларинг бути эди. Мазкур уч санам уларнинг энг катта бутлари саналарди. Кейин ширк томир ёйиб, Ҳижоз бутларга тўлиб кетди.

Айтишларича, Амр ибн Луҳайнинг бир жини бўлиб, унга Нуҳ қавми сиғинган – Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Наср номли – санамлар Жиддага кўмилганини хабар қилган эмиш ва Амр ўша ерга бориб бутларни қазиб олиб, Тиҳомага келтирган экан. Ҳаж мавсумида санамларни қабилаларга тарқатган, қабилалар уларни ўз юртларига олиб кетишган экан.

Вадд – Шомнинг Ироқ тарафидаги Давматул-Жандал деган жойидаги Калб қабиласининг бути эди. Сувоъ – Ҳижознинг Маккага яқин соҳил қисмидаги Руҳот деган жойда яшовчи Ҳузайл ибн Мудрикага тегишли, Яғус – Сабаъдаги Журф деган жойдаги Бану Мурод қабиласидан бўлган Бану Ғутойф қабиласининг, Яъуқ – Яман еридаги Хайвон деган қишлоқдаги Ҳамадон қабиласининг, Наср – Ҳимяр еридаги Зул-Килоъ хонадонининг бут-санами эди.

Араблар мана шу бут-санамлари учун алоҳида уйлар қуриб, уларни худди Каъбани улуғланганидек улуғлайдиган бўлишди. Бу бутхоналар учун махсус ёпқичлар, алоҳида хизматчилар тайинланар, уларга ҳам худди Каъбага қилинганидек ҳадя-қурбонликлар қилинар, шу билан бирга Каъбанинг уларга нисбатан фазлини ҳам эътироф қилишарди.

Бошқа қабилалар ҳам айни шу йўлни тутиб, ўз бутлари учун махсус бутхоналар қуришди. Араб ўлкаларининг ҳар ерида ўнлаб шундай ибодатхоналар пайдо бўлди. Ана шу ибодатхоналардан Яман ерларида Давсники Зул-Халса, Хатъам ва Бужайла, Той ва уларга яқин бўлган Салмо ва Ажаъ тоғлари ўртасидаги жойлашган қабилаларники Филс деб номланарди. Яман ва Ҳимярликлар учун Санъондаги Райём, Рабийъа ибн Каъб ибн Саъд ибн Зайд учун Ризо, Воил ўғиллари Бакр ва Тағлиб қабилалари учун Каъабот ибодатхоналари бор эди.

Давснинг ҳам ўзига хос бути бўлиб уни Зул-Каффайн деб аталарди. Кинона авлодлари Бакр, Молик ва Малконнинг Саъд исмли, Азраликларнинг Шамс, Хавалоннинг Умёнис отли санамлари бўлган.

Шундай қилиб, аввалига ҳар бир қабиланинг, кейинчалик ҳар бир уйнинг ўз санами пайдо бўлди. Жоҳиллар Масжидул Ҳарамни санамлар билан тўлдиришди. Макка фатҳ қилинганида Каъба атрофида 360та бут-санам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни асолари билан туртиб бирма-бир ерга қулатдилар, сўнг бу санамлар ул зотнинг амрлари билан Масжидул- Ҳаромдан олиб чиқиб ёқиб юборилди. Каъбанинг ичида ҳам бут-санам ва суратлар бор эди. Ҳатто Иброҳим алайҳис-салом ва Исмоил алайҳис-саломнинг қўлларида азлом ушлаб турган ҳолдаги суратлари бор эди. Бу санам ва суратлар ҳам Фатҳ куни йўқ қилинди.

Одамлар бу каби залолатларга шу қадар ботиб кетишган эдики, ҳатто Абу Ражо ал-Уторудий розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Биз бир тошга сиғиниб юриб, ундан кўра чиройлироқ бошқа тош топсак, наригисини улоқтириб, бунисига сиғиниб кетаверардик. Агар тош топилмаса, бир ҳовуч тупроққа эчкини соғиб, лойини қотириб, сўнгра шуни тавоф қилардик.»[1]

Хуллас, ана шу тарзда ширк ва санамлар ибодати жоҳилият аҳли динининг энг асосий қисмига айланди. Ҳолбуки, улар ўзларини Иброҳим алайҳис-салом динида деб билишарди.

Бут-санамларга сиғиниш ва ширк кўринишларининг илк пайдо бўлиши қуйидагича бошланган эди: Одамларда қачонки фаришталар, пайғамбарлар ва Аллоҳнинг солиҳ бандалари бўлмиш авлиё ва тақводор зотларни Аллоҳга энг яқин кишилар, уларнинг Аллоҳ ҳузурида даражалари юксак, мартабалари олий, деган ишонч пайдо бўлгач ва улардан баъзи мўъжиза ва кароматлар зоҳир бўлганини кўришгач, Аллоҳ Ўзига хос ишлардан баъзиларининг тасарруфини уларга бўйсундириб берган, улар мана шу тасарруфлари ва Аллоҳнинг олдидаги обрў-эътиборлари туфайли Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан оддий бандалари ўртасида шафоатчи бўлишга муносиблар, ҳеч бир кимса Аллоҳга бўлган ҳожатини бевосита уларсиз арз қилмаслиги лозим, чунки улар бандаларнинг Аллоҳга воситачиларидир, Аллоҳ уларнинг воситасида қилинган дуоларни асло рад этмайди, шунингдек Аллоҳга бўлган ибодат ҳам улар воситасида адо этилиши лозим, улар юқори мартаба эгаси бўлганлари боис бандаларни Аллоҳга яқинлаштира оладилар, деган фикр ўрнашди. Мана шу эътиқодларидан келиб чиқиб уларни ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачи қилдилар ва қўлларидан келганча уларга яқинлик ҳосил қилишга ҳаракат қилдилар. Кўпларининг ҳақиқий ёки хаёлий сурат ва ҳайкалларини ясаб, ибодатларида рўпараларига қўйиб оладиган бўлдилар. Мана шу сурат ва ҳайкаллар санамлар деб номланарди.

Баъзан эса уларнинг ҳайкал ва суратларини ясамасдилар, балки қабр ва мозорларини, айрим қароргоҳ ва тушиб ўтган, дам олишган жойларини муқаддас санаб, у ерларга қурбонлик ва назрлар келтиришар, ҳар хил кўринишдаги ибодатлар билан сиғинишарди. Муқаддас саналувчи шундай ўринлар васанлар деб аталарди.

Бут-санамлар ибодатида бир қанча маросим ва удумлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятини Амр ибн Луҳай ўйлаб чиқарган эди. Жоҳиллар Амрнинг бу ишини Иброҳим алайҳис-салом динини ўзгартириш эмас, балки бу динга яхши бир одатни қўшиш деб билишарди. Қуйида ўша маросимларнинг баъзисини айтиб ўтамиз:

1. Улар санамларга юкинишар, илтижо қилишар, муножотлар айтиб оғир кунларда улардан мадад сўрашар ва ҳожатларини раво этишини тилашар эди. Уларнинг эътиқодига кўра, бу санамлар Аллоҳ олдида шафоатчи бўлиб, одамларнинг тилакларини рўёбга чиқарар эди.

2. Ана шу бут-санамлар зиёратига келиб, уларни тавоф қилиб, олдида ўзларини хор тутиб саждалар қилишар эди.

3. Бут-санамларга атаб турли қурбонликлар қилинар, уларнинг пойқадамларида жонлиқлар сўйишар ва қаерда бўлмасин жонлиқ сўйсалар уларнинг номини зикр этишар эди. Жоҳилиятнинг ана шу икки амали Қуръонда қуйидагича зикр қилинган:

«Ва бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш сизларга ҳаром қилинди).» (Моида : 3).

«Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз!» (Анъом : 121).

4. Улар ўзларича санамларига атаб айрим емак-ичмакларни, шунингдек экин-тикин ва чорва молларидан ҳам маълум насибани хослаб, қурбонликнинг бир турини амалга оширишарди. Қизиғи шундаки, улар Аллоҳга ҳам юқоридагилардан маълум ҳиссани ажратиб қўйиб, кейин кўпинча қайсидир сабаб билан Аллоҳга ажратган ҳиссаларини санамларига бағишлар эдилар. Бироқ санамларига ажратилган насибани ҳеч қачон Аллоҳга атаб юбормасдилар.

«(Мушриклар) Аллоҳ учун Унинг Ўзи яратган экин ва чорваларидан бир улуш ажратиб, ўзларича: «Бу Аллоҳ учун, бу (қолгани) эса шерикларимиз-бутларимиз учун», дедилар. Энди бутлари учун бўлган улуш Аллоҳ (улушига) қўшилмайди. Аллоҳ учун бўлган улуш эса бутларига қўшилаверади. Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а!». (Анъом : 136).

5. Экинлар ва чорваларни ҳам назр қилиб, ўзларича санамларга қурбат ҳосил қилган бўлардилар.

«Улар ўзларича: «Мана бу ҳайвон ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаган кишиларгина (яъни бутхона хизматчилари ва эр кишиларгина) ейдилар. Бу ҳайвонларни эса миниш ҳаром қилинган», дедилар. Улар ҳайвонларни (сўйишда) Аллоҳнинг номини зикр қилмайдилар, (балки бутларининг номини айтадилар ва мана шу қилмишларини Аллоҳ амри деб) У зотга туҳмат қиладилар.» (Анъом : 138).

6. Уларнинг яна бир одати баҳийра, соиба, васийла ва ҳомийларни жорий этиш бўлди.

Саид ибн ал-Мусайяб айтадилар: «Баҳийра – сути фақат бутларга аталган, ҳеч ким соғиши мумкин бўлмаган туя, Соиба – олиҳаларга атаб қўйиб юборилган, устига юк ортилмайдиган туя, Васила – кетма-кет иккита урғочи бўталоқ туққан туя, уни ҳам бутларига атаб қўйиб юборишарди, Ҳомий – пуштидан ўн бўталоқ туғилган эркак туя, уни ҳам ўз ишини қилиб бўлган деб ҳисоблаб, бутларга атаб қўйиб юборишар эди.»

Ибн Исҳоқ ёзади: «Агар туя кетма-кет ўнта урғочи бўталоқ туғса ва уларнинг орасида биронта эркаги бўлмаса, уни бўш қўйиб юборишарди. Бу туяни минишмасди, жунини олишмасди, сутини ҳам меҳмондан бошқага ичиришмасди. Ана шундай туя «соиба» дейиларди. Соиба туя кейин яна урғочи бўталоқ туғса, бўталоқнинг қулоғини кесиб онаси билан бирга қўйиб юборишарди. Энди уни ҳам миниш, жунини олиш ва сутини меҳмондан ўзга кимсанинг ичиши мумкин бўлмай қоларди. Бундай туя «баҳийра» деб аталарди. Демак, баҳийра соибанинг боласи экан. Васийла: Агар қўй кетма-кет беш марта эгиз туғиб, қўзичоқларининг ҳаммаси урғочи бўлса, уни етди, деб «васила» қилиб қўйишарди. Василанинг кейин туққан болалари аёлларга ҳаром бўлиб, фақат эркакларга ҳалол ҳисобланарди. Агар ўлик бўлса, унинг гўштини аёллар ҳам ейиши мумкин бўларди. Ҳомий: Пуштидан кетма-кет ўнта урғочи бўталоқ бўлган эркак туяни «ҳомий» аташар, уни ҳам минишни, жунини олишни ман қилишар эди. Ҳомий туяларнинг ичига қўйиб юборилар ва ундан фақат насл қолдиришдагина фойдаланишар эди. Аллоҳ таоло Қуръонда бу ҳақда шундай дейди:

«Оллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар.» (Моида : 103).

«Улар: «Мана бу ҳайвонларнинг қоринларидаги нарсалар фақат эркакларимиз учундир, хотинларимизга эса ҳаромдир», дедилар. Агар у нарса (яъни, ҳомила) ўлик бўлса, у ҳолда ҳаммалари шерикдирлар (яъни, эркак-хотин ҳаммалари ейишаверади) (Анъом : 139).

Юқорида номи зикр қилинган ҳайвонларга бошқача изоҳлар ҳам берилган.

Саид ибн ал-Мусайяб бу ҳайвонлар арабларнинг тоғутлари-санамлари учун бўлганини айтган, Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Луҳайни жаҳаннамда ичакларини судраб юрганини кўрганларини айтганлар. Чунки у энг биринчи бўлиб Иброҳим алайҳис-саломнинг динини ўзгартирган, бутларни ўрнатган, соиба, баҳийра, васийла ва ҳомийларни қўйган одамдир.

Араблар бу ишларини санамлар учун қилар эканлар, санамлар бизларни Аллоҳга яқинлаштиради, етказади, деган эътиқодда бўлганлар. Қуръонда айтилганидек:

«Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз,» (дерлар) (Зумар : 3).

«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу (бизлар сиғинаётган) нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг қўлловчиларимиз бўлади», дейдилар.» (Юнус : 18).

Араблар азлом (камон чўплари) билан фол кўришар, бу ўқлар уч турли бўларди:

1. Бир чўпга «Ҳа», иккинчисига «йўқ» деб ёзилган учинчисига ҳеч нарса битилмаган уч хил чўплар. Улар ана шу чўплар билан ўзлари хоҳлаган бирон ишни – масалан, сафар ёки никоҳни – қилиш-қилмасликни ҳал этишарди. Агар «ҳа» чиқса, ўша ишни қилардилар, «йўқ» чиқса, бу йилча тўхтатиб, келгуси йили яна бир фол очиб кўришарди. Бўши чиқса, то «ҳа» ё «йўқ» чиққунича қайта фол очаверишар эди. Бу турдаги фолчўплари ҳар бир хонадонда бўлиши мумкин эди.

2. Бу хилида сувлар, товонлар ва хун пулларининг ечими бўларди.

3. «Сизлардан», «сизлардан эмас» ва «ёпишган» деган ёзувли чўплар. Бу турдаги фолчўплар фақат ҳокимлар ё коҳинларда бўлар, араблар кимнингдир насл-насабида шубҳаланиб қолишса, ўша киши билан бирга юз дирҳам ва битта туяни Ҳубалнинг олдига олиб келиб, пул ва туяни фолчўплар эгасига беришарди. Агар «сизлардан» чиқса, ҳалиги одам уларнинг ўзидан ўртачаси бўларди. «Сизлардан эмас» чиқса, уларга ҳалиф-иттифоқдош бўларди. Агар «ёпишган» чиқса, қавм орасида тутган мартабасида қолар, на насаб ва на иттифоқдошлик зикр қилинмасди.

Қиморнинг бир кўриниши бўлган майсир ва қидоҳ чўплари ҳам шунга ўхшаб кетарди. Улар қиморга тикилган туя гўштини шу чўплар ёрдамида тақсимлаб олишарди. Бунинг сурати шундайки, кўплашиб бир туяни насияга сотиб олишар ва унинг гўштини 28 ёки 10 бўлакка бўлишар, сўнгра фолчўпларни тортишар, кимга «ютди» ёзувли чўп чиқса, улушига эга бўлар, бўш чўп чиққан одам пулига куйиб, маҳрум қолаверарди.

Улар коҳин, арроф-фолбин ва мунажжимларнинг хабарига ишонишарди. Коҳин-келажакда бўладиган ишларни, махфий сирларни биламан, деб даъво қилувчи кимса. Баъзи коҳинлар: «Менинг хабар ташувчи жиним бор» дейишса, баъзилари: «Мен ғайбни идрок қиладиган фаҳмга эгаман», дерди. Яна кимлардир ўзларича турли сабаб ва ишоралар орқали махфий ишларни билишини даъво қиларди. У сўровчининг сўзи, феъли ёки ҳолатини асос қилиб оларди. Халқ тилида бундайларни арроф деб аташарди. Аррофлар одатда ўғирланган ёки йўқолган нарсаларнинг қаердалигини айтиб бериш даъвосини қилишарди. Келажакда бўладиган ҳодиса ва ҳолатларни билиш учун юлдузларнинг ҳаракати ва чиқиш-ботиш вақтларига қаровчи кимсаларни мунажжим дейишарди.

Мунажжимларнинг хабарларини тасдиқлаш моҳият эътибори билан юлдузларга иймон келтиришнинг ўзгинасидир. Шунинг учун жоҳиллар: «Кўкдаги фалон-фалон юлдузлар сабабли бизга ёмғир ёғди»[2], дейишарди.

Арабларда бир нарсадан шумланиш одати ҳам кенг тарқалган эди. Унинг асли қуйидагича бўлган: Улар қуш ёки кийикни қўйиб юбориб, қараб туришарди. Агар ўша қуш ёки ҳайвон ўнг томонга йўналса, буни яхшилик аломати ҳисоблаб, қасд қилган ишларига киришардилар. Агар чап томонга юрса, буни ёмонлик аломати санаб, кўзлаган ишларидан воз кечардилар. Шунингдек, улар йўлларида учраган ҳайвон ёки қушларга қараб, ёмон ёки яхши аломат топишарди.

Айрим кунлар, ойлар, жониворлар, уйлар ва аёлларни бехосият санаш ва бойўғли ҳақидаги эътиқодлар ҳам ана шулар сирасига кирарди. Уларнинг эътиқодига кўра, мақтул-ўлдирилган кишининг руҳи то қасоси олинмагунича ором топмайди. Унинг руҳи бойўғлига айланиб, саҳроларда учиб юради ва «Ташнаман, ташнаман» ёки «Мени қондиринглар, мени қондиринглар» деб қичқиради. Ўчи олингандан кейингина мақтулнинг руҳи ором топади.

Жоҳилият аҳлида Каъбани улуғлаш, уни тавоф қилиш, ҳаж, умра, Арафа ва Муздалифада туриш, қурбонликлар келтириш каби Иброҳим алайҳис-салом динининг айрим кўринишлари сақланиб қолганди. Улар бу амалларга ҳам бидъатлар киритган эдилар. Қуйида ана шу бидъатларни баён қилиб ўтамиз:

1. Қурайш аҳли ўзларини «Ҳумс» дейишарди, «Биз Иброҳим болаларимиз, Ҳарам аҳлимиз, Каъбанинг эгалари ва Маккада яшовчилармиз, арабларнинг ҳеч бири ҳақ-ҳуқуқ ва мартабада бизга тенг эмас, бинобарин, бизнинг Ҳарамдан ташқарига чиқмоғимиз номатлубдир!» деб (бошқалар қатори Ҳарамдан ташқарида жойлашган) Арафада турмасдилар, Арафадан тушмасдилар. Улар (Ҳарам ҳудудидаги) Муздалифадан тушишарди. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай оят нозил қилди: «Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар» (Бақара : 199).

2. Ҳил аҳли, яъни Ҳарамдан ташқарида яшовчилар ҳаж ёки умра зиёратига келсалар, Қурайш қонунига кўра ўзлари билан Ҳарам ташқарисидан олиб келган егуликларни ейишлари мумкин эмасди.

3. Эҳромдалик пайтларида Ҳумс кишиларига пишлоқ қилишлари, ёғ эритишлари, жундан қилинган чодирга киришлари жоиз эмас, дейишарди. Эҳромда эканликларида улар фақат теридан тикилган чодирлар билан сояланар эдилар.

4. Қурайш талабига кўра Ҳарам ташқарисидан келганлар биринчи тавофларини албатта ҳумснинг кийимида қилишлари шарт эди. Эркаклари эркакларга, аёллари аёлларга кийимларини беришар, шу билан тавоф қилишарди. Агар ҳеч нарсалари бўлмаса, эркаклар ялонғоч тавоф қиларди. Аёллар эса ҳамма кийимларини ечиб ташлаб, фақат битта этаги йирмочли либосда тавоф қилар ва шундай дерди:

اليوم يبدو بعضه أو كله ** وما بدا منه فلا أحله

Бугун унинг ҳаммаси ё бир бўлаги фош бўлади
Фош бўлганин кўрганларнинг кўзларига тош бўлади

Аллоҳ таоло қуйидагича амр қилди: «Эй одам болалари ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни, авратларни беркитингиз!) (Аъроф : 31).

Агар бирон эркак ёки аёл олийжаноблик қилиб ҳарам ташқарисидан кийиб келган кийими билан тавоф қиладиган бўлса, тавофдан кейин кийимларини ечиб ташлар ва ҳеч ким улардан бошқа фойдаланмасди.

5. Улар эҳромдалик пайтларида уйларига эшиклардан киришмасди. Уйнинг орқасини тешиб, ўша ердан кириб чиқишарди. Ўзларича шу аҳмоқликларини яхши иш деб билишарди. Қуръон уларни бундан қайтарди: «Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилувчидир.» (Бақара : 189).

Ана шу — ширк, бутпарастлик, турли хурофот ва тўқима эътиқодлардан таркиб топган дин аксарият арабларнинг дини эди. Яҳудий, насроний, мажусий ва собиий динлари ҳам Араб ерларига кириш учун йўл топдилар.

Араб жазирасида яҳудийларнинг пайдо бўлиши камида икки босқичга бўлинади:

Биринчи босқич: Фаластиндаги Ошурий ва Бобилийларнинг фатҳлари замонида яҳудийларнинг кўчиши. Милоддан аввалги 587-йилда Бухтунассар қўшини яҳудийлар юртини хароб қилиб, уларни таъқиб остига олди. Кўпчилигини Бобилга ҳайдаб кетди. Ўшанда яҳудийларнинг бир қисми Фаластин ерларини ташлаб Ҳижозга кўчди ва унинг шимолий ҳудудларида яшаб қолди.

Иккинчи босқич: Милодий 70-йилда румликларнинг Фаластинга бостириб кириши билан бошланади. Яҳудийлар юрти яна талон-тарож қилиниб, харобага айлангач, бир қанча яҳудий қабилалар Ҳижоз ерларига кўчишди. Ясриб, Хайбар ва Таймога ўрнашиб, ўзларининг қишлоқлари, қўрғонлари ва қалъаларини бино қилишди. Шу тариқа араблар орасида яҳудий дини ҳам тарқалди.

Ислом келишидан олдин ва Ислом даврида кўп сиёсий ҳодисаларда уларнинг иштироки бўлди. Ислом келганида араб ерларида яҳудийларнинг қуйидаги машҳур қабилалари бор эди: Хайбар, Назийр, Мусталақ, Қурайза ва Қайнуқоъ. Самҳудий «Вафоул-вафо» асарида: Ясрибда вақти-вақти билан яшаган яҳудий қабилаларининг сони йигирмадан ортиқ эди, дейди.

Яман ерларига яҳудийлик Туббон Асъад Абу Караб орқали кириб келди. У Ясрибга уруш қилиб борганида ўша ерда яҳудийликни қабул қилади ва Яманга Бану Қурайзанинг икки диний олимини олиб келади. Оқибат, бу ерларда ҳам яҳудийлик томир отиб, кенг тарқала бошлайди. Абу Карабдан кейин Яман тахтига ўтирган унинг ўғли Юсуф Зу-Нувос Нажрон аҳли насронийларига ҳужум қилиб, уларни яҳудий динига киритмоқчи бўлди. Бош тортишгач, мўминлар учун оловли чуқурлар тайёрлатиб, уларни ўтда ёқди. На аёл, на эркак, на гўдак ва на кексага раҳм қилмади. Айтишларича, ўшанда ҳалок бўлганларнинг сони 20.000 билан 40.000 киши ўртасида бўлган экан. Бу воқеа милодий 523-йилнинг октябрида юз берган. Қуръони Каримнинг «Буруж» сурасида мазкур воқеага ишора қилиб ўтилган:

«(Ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) «ўтин»ли олов (ўша олов ловуллаб ёнаётган) чоҳ эгалари лаънат қилингайлар! Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар.» (Буруж : 4-7).

Насроний дини араб ерларига Ҳабаш ва Рим босқинчилари орқали кириб келган. Ҳабашларнинг Яманни биринчи марта босиб олишлари милодий 340-йилга тўғри келади. Улар 378-йилгача Яманни мустамлака қилиб турдилар. Шу муддат давомида Масиҳийлик Яманга кириб келди. Ана шу даврга яқин фурсат ичида дуолари ижобат, ўзи соҳиби каромат бўлган Фемион исмли бир зоҳид Нажронга келди ва одамларни Ийсо Масиҳ динига тарғиб қила бошлади. Ийсо Масиҳ динининг ҳақлигини, зоҳиднинг ростгўйлигини кўрган Нажрон эли масиҳийликни қабул қилди.

Зу-Нувоснинг қилмишига жавоб қабилида ҳабашлар Яманни иккинчи марта эгаллаб, Абраҳа ҳукумат тепасига келгач, қуйидаги воқеалар юз берди:

Абраҳа барча имкониятини ишга солиб жон-жаҳди билан масиҳийликни тарғиб қилишга тушди. Унинг масиҳийлик учун куйиб-пишиши шу даражага етдики, у Яманда Ямоний Каъба номли бир муҳташам черков бино қилди ва арабларнинг ҳаж зиёратини Каъбадан ана шу черковга кўчиришни ҳамда Маккадаги Аллоҳ уйини вайрон қилишни хоҳлади. Аллоҳ таоло уни дунё ва охират азоби билан ушлади.

Ғассон араблари, Тағлиб, Той ва румликларга қўшни бўлган бошқа қабилалар, шунингдек, Ҳийранинг айрим ҳокимлари насроний динига ўтишди.

Мажусийлик арабларда асосан форсларга қўшни ерларда тарқалди. Араб Ироқида, Баҳрайнда, Ҳажар ва унга қўшни бўлган Араб кўрфази соҳилларида мажусийлик ақидаси бор эди. Форслар мустамлака қилган даврда яманлик одамлар ҳам мажусийликни қабул қилишди.

Собеийлик юлдузларга сиғиниш ва юлдузларнинг коинот ишларига таъсир ўтказишига эътиқод қилишга асосланган дин бўлиб, Ироқ ва бошқа ерлардаги қазилма ишлари далолат қилишича, у Иброҳим алайҳис-саломнинг қавми саналмиш Калдонийларнинг дини бўлган. Қадим замонда Яман ва Шом аҳлининг аксарият қисми ана шу динга эътиқод қилган. Яҳудий ва насроний динлари пайдо бўлгач, одамлар ўртасида собеий динига бўлган қизиқиш йўқолди. Бироқ Араб кўрфази соҳиллари ва Араб Ироқида, мажусийларга аралашиб ёки уларга қўшни бўлиб собеийларнинг қолдиқлари яшаб қолди.

Баъзи арабларда даҳрийлик ҳам бўлган, бу уларга Ҳийра орқали етиб келган. Шунингдек форслар билан тижорат алоқасида бўлгани боис Қурайшда ҳам оз-моз даҳрийлик бўлган.

Диний аҳвол:

Ислом келганида арабларнинг динлари юқорида зикр қилинган динлар эди. Бу динлар аслидан мутлақо бузилиб, йўқолиш арафасида турарди. Ўзларини Иброҳим алайҳис-салом динида деб билувчи мушриклар аслида Иброҳим шариатининг кўрсатмаларидан анча йироқ ва унинг гўзал ахлоқларига буткул беэътибор эдилар. Маъсиятга берилган қавм орасида йиллар ўтиши билан бутпарастларнинг одатлари ва диний маросимлари пайдо бўлди. Мазкур хурофотлар ижтимоий, сиёсий ва диний ҳаётда ғоят катта таъсир қолдирди.

Яҳудийлик эса риё ва мансабпарастлик динига айланди. Дин кишилари худо даражасида бўлиб халқ устидан ҳукмронлик қилар ва одамларни қалб кечинмалари-ю лабнинг пичирлашигача сўроқ-савол қилишар эди. Уларнинг асосий мақсади мол-дунё ва мансаб-мартаба бўлиб, Аллоҳ таоло тарғиб қилган ва ҳар бир шахс муқаддас деб билиши лозим бўлган таълимотлар беэътибор ташланса ҳам, дин зое бўлиб, куфр ва даҳрийлик чор-атрофга ёйилса ҳам улар учун бунинг қизиғи йўқ эди.

Насроний дини бутпарастликка юз буриб, Аллоҳ билан инсон ўртасидаги ғалати қоришиқ бир ҳолатни вужудга келтирди. Аслида араблар насронийликдан унчалик ҳам таъсирланишмаган. Чунки араблар кўниккан ва воз кечишлари жуда оғир бўлган уларнинг ҳаёт тарзлари бу дин таълимотларидан жуда узоқ эди.

Араблар орасида тарқалган ўзга динлар хусусига келсак, бу динларга эътиқод қилувчи кимсалар мушрикларга ўхшаб кетарди. Қалблар бир-бирига ҳамоҳанг, ақидалар бир-бирига ўхшаш, урф-одат ва маросимлар ўзаро муштарак эди.

[1] Имом Бухорий ривояти.

[2] Имом Бухорий ривояти.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.