Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

004. Жоҳилиятдаги араб жамиятининг кўринишлари

Араб ярим оролидаги сиёсат ва динлар таърифидан сўнг у ердаги ижтимоий, иқтисодий ва хулқий аҳвол хусусида бироз тўхталиб ўтамиз:

Ижтимоий аҳвол:

Арабларнинг ичида турли доиралар мавжуд бўлиб, улар бир-бирларидан анча фарқ қиларди. Юқори табақа вакиллари ўз аҳли аёлига нисбатан жуда маромига етказиб муомала қиларди. Мазкур табақа аёллари ўз хоҳиши ва ўз сўзларига эга бўлиб, зарурат туғилса бу муҳтарама хоним ҳимояси учун қиличлар қинидан суғурилиб, қонлар тўкиларди. Ўзининг фазли-карами ва шижоати билан қавм ичида мақтов қозонмоқчи бўлган киши аксарият ҳолатларда аёлга мурожаат қиларди. Кўпинча бир аёлнинг хоҳиши билан қабилалар тинч-тотувликка эришар ва баъзан аёлнинг қўли билан қавмлар ўртасида уруш гулханлари ёқиларди. Шунга қарамасдан оила бошлиғи ва унда ҳал қилувчи сўз эгаси ҳеч шубҳасиз эр киши саналарди. Аёллар валийлари назорати остида турмушга узатиларди. Аёл валийларга қарши чиқмасди.

Бироқ бунинг ҳаммаси юқори табақа ичидаги гаплар. Арабларнинг орасидаги айрим доиралар ичида аёл билан эркакнинг шундай бир алоқалари мавжуд эдики, бу алоқаларга бузуқлик, беҳаёлик, шармандалик ва юзсизликдан ўзга ном бериш қийин. Абу Довуд ривоятида Оиша розияллоҳу анҳо жоҳилиятдаги никоҳнинг қуйидаги тўрт кўринишини санаб берган:

Биринчи: Бугунги кундаги никоҳ каби никоҳлар. Яъни, йигит қизнинг валийси ҳузурига одам жўнатиб, белгиланган маҳрни бериб қизни никоҳига олади.

Иккинчи: Киши ҳайздан покланган хотинини бировнинг олдига жўнатиб, ундан бола орттиришни буюрарди. Хотини ўша кимсадан ҳомиладор бўлмагунга қадар унга яқинлашмасди. Ҳомиладорлиги аниқ бўлганидан кейингина хоҳласа, яқинлик қиларди. Мазкур никоҳ тури аслзодалардан фарзанд кўриш учун қилинар ва у «истибзоъ никоҳи» деб аталар эди.

Учинчи: Беш-ўн киши бирикиб бир аёлнинг олдига кириб, у билан яқинлик қиларди. Аёл ҳомиладор бўлиб кўзи ёригач, бир неча кунни ўтказиб ҳалиги кишиларни чақиртирарди. Уларнинг ҳеч бири келишдан бўйин товлай олмасди. Ҳамма йиғилгач, аёл: «Сизлар нима иш қилганингизни биласиз. Мана, энди бола туғилди. Бу сенинг ўғлинг, эй фалончи» деб, ўзи хоҳлаган бир кишининг номини айтарди ва бола ўшаники бўлиб қоларди.

Тўртинчи: Бир аёлнинг тўшагига кўп киши кириб чиқарди. Аёл ҳам кирган кишига йўқ демасди. Бундай аёллар фоҳишалар бўлиб, хоҳловчилар учун белги бўлсин деб, эшикларига байроқ қадаб қўйишарди. Аёл ҳомиладор бўлиб кўзи ёригач, ҳалиги кимсалар йиғилар ва қофа – қиёфага қараб ҳукм чиқарувчини чақириб келинар эди. Қофа кимни айтса, бола ўшаники бўлиб қоларди ва ҳеч ким бундан ўзини четга тортолмасди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ислом рисолати билан жўнатгач, мазкур жоҳилият никоҳларини йўқ қилиб, фақат бугунги ислом никоҳини қолдирди.[1]

Баъзида аёлнинг қайси эркак қўлида қолишини қиличлар тиғи-ю, найзаларнинг ўткир учлари ҳал қиларди. Қабилалар ўртасидаги урушларда ғолиб томон мағлубнинг аёлларини чўри қилиб, уларнинг тўшагини ҳам ўзига ҳалол санарди. Бироқ бу аёлдан туғилган болаларга бир умрлик номус тамғаси ёпишган бўларди.

Жоҳилият аҳли ўртасида хотинлари сонини истаган миқдорга етказиш, опа-сингилни бир кишининг никоҳида жамлаш, оталари вафот этса ёки хотинларини талоқ қилса, улар (дан ўз онаси бўлмаганлари) га уйланиш маълум ҳол эди. Эркакларнинг қўлида бўлган талоқ ҳуқуқи ҳам ҳеч қандай сон билан чекланмаган эди.[2]

Зинокорлик жамиятнинг барча доирасида кенг тарқалган эди. Бу ерда бирон-бир синфни мазкур иллатдан холи деб бўлмасди. Фақат бундай разолатдан нафрат қилган айрим эркак-аёлларгина ўзларини пок тутишарди. Албатта озод аёлларнинг аҳволи яхшироқ бўлиб, мусибатнинг асосий қисми чўриларда эди. Маълум бўлишича, жоҳилиятда жуда кўпчилик ўзининг ана шу бузуқликка мансуб этилишидан ор ҳам қилмаган. Абу Довуд Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: «Бир киши туриб деди:

– Ё Расулуллоҳ! Фалончи менинг ўғлим бўлади. Жоҳилиятда мен бир чўри билан бузуқ ишни қилган эдим!

– Исломда (бировни ўз отасидан бошқага нисбатлашга) чақириқ йўқ! Жоҳилият иши ўтиб кетди. Бола тўшакники, бузуқлик қилганга эса тош!- дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам».

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳунинг Абдуллоҳ ибн Замъа билан Замъанинг чўриси туққан бола – Абдураҳмон ибн Замъа хусусида даъволашгани тарихдан яхши маълум.

Кишининг болаларига нисбатан муносабати ҳам турлича эди. Кимдир фарзандига муносабатини қуйидагича ифодаларди:

Шак йўқким, ана шу болаларимиз
Ерда юрган жигар пораларимиз.

Кимдир келажакда уятга қолмаслик ва тарбия қилмаслик учун қизларини кўмиб ташларди. Айримлар фақирлик ва йўқчиликдан қўрқиб ўз болаларини ўлдирарди. (Қуръондаги Анъом сураси 151-оят, Наҳл сураси 58-59 оятлар, Исро сураси 31-оят ва Таквир сураси 8-оятлар).

Бироқ бу ёмон одат араблар ўртасида кенг тарқалмаган бўлиб, ҳамма ҳам шундай қилавермасди. Ахир улар душманда ҳимоялашиш учун ҳам фарзандга жуда муҳтож эдилар.

Кишининг ўз оға-инилари, амакиваччалари ва қавми билан бўлган алоқасига келсак, арабларда бу алоқа жуда кучли бўлган. Улар қон-қариндошларини деб ҳатто ўлимга ҳам тайёр эдилар. Қабила ичида кучли бўлган бирдамлик руҳи қабилавий мутаассиблик билан яна кучайган эди. Уларнинг ижтимоий низомининг асоси қабилавий ва қариндошлар ичидаги бирдамлик саналарди. Араблар «Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унинг ёнини ол» жумласига тўғридан-тўғри амал қилишарди. Ислом уларнинг ана шу шиорига ўзгартириш киритиб, золимга ёрдам бермоқ деганда зулмдан тўсиш тушунилиши лозимлигини ўргатди. Афсуски, саййидликка кўтарилиш ёхуд шараф топиш учун бир отадан тарқалган қабилалар ўртасида қонли урушлар қилинарди. Авс билан Ҳазраж, Абс билан Зубён, Бакр билан Тағлиб ўртасида кечган жанглар бунга мисол бўла олади.

Қабилаларнинг бир-бирлари билан бўлган алоқалари жуда заиф эди. Уларнинг бутун куч-қувватлари ички урушларда йўқ бўлиб кетарди. Фақат дин билан хурофот аралашмасидан ташкил топган айрим урф-одат ва маросимлардан чўчишгина ўртадаги вазиятни бироз юмшатарди. Баъзи ҳолатларда иттифоқдошлик, ўзаро дўстлик ёки қарамлик турли қабилаларнинг бирлашишига сабаб бўларди. Уруш харом қилинган ойларнинг ҳурматига қаттиқ риоя қилганларидан бу ойлар уларнинг ҳаёт кечиришлари ва тирикчилик қилишлари учун чиндан-да раҳмат ойлари эди.

Хуллас калом, ижтимоий аҳвол заифлик ва кўрликнинг энг авж нуқтасида турарди. Жаҳолат ҳукмрон, хурофот кучга тўлган, халқ чорвалар каби кун кечирар, аёл сотилар, сотиб олинар ва ҳатто унга жонсиз буюм каби муомала қилинар, кишилар ўртасида муносабатлар тарқоқ ва узуқ-юлуқ, мавжуд ҳукуматларнинг ягона қайғуси раъиятини талаб хазинасини тўлдириш ёхуд рақибларига қарши қўшин тортиш эди.

Иқтисодий аҳвол:

Иқтисодий аҳвол ўз ривожи йўлида ижтимоий ҳолатга тобе эди. Биз арабларнинг тирикчилик сабабларига қарасак, буни янада очиқроқ кўрамиз. Уларнинг энг асосий тирикчилиги тижорат саналган. Бироқ тижорат учун тинчлик-хотиржамлик керак. Араб жазирасида эса фақат уруш харом қилинган ойлардагина тинчлик деган неъматни топиш мумкин бўлар ва ўшанда арабларнинг Укоз, Зулмажоз, Мажанна ҳамда бошқа машҳур бозорларига жон кириб қоларди.

Ишлаб чиқариш масаласига келсак, араблар бу соҳадан анча йироқ бўлишган. Улардаги тўқимачилик, тери ошлаш ва бошқа ҳунарлар ҳам асосан Яман, Ҳийра ва Шом томонларда учрар эди. Тўғри, ярим орол ичкарисида ҳам деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишар, араб аёлларининг деярли ҳаммаси ип йигирарди. Лекин одамларнинг қўлидаги нарсалар урушларга нишон бўлиб, эл орасида фақирлик, очлик ва ялонғочлик ҳукм сурарди.

Хулқий аҳвол:

Жоҳилият аҳлида соғлом ақл инкор қиладиган, тоза виждонни нафратлантирадиган паст ва жирканч одатлар билан биргаликда шундай мақтовли сифатлар ҳам бор эдики, уларни кўриб ҳар қандай инсон ҳайратга тушиши, лол қолиши шубҳасиз эди. Қуйида ана шундай мақтовли хислатлар хусусида сўз юритамиз.

Биринчи: сахийлик. Араблар қўли очиқликда ўзаро мусобақа қилиб, ана шу хислатлари билан фахрланишган. Улар битган шеърларнинг ярми саховат ҳақида экани ҳам бежиз эмас. Бу ишларда умуман айтганда саховат ва сахий кишилар улуғланган. Қаттиқ совуқ ва муҳтожлик кунларида меҳмон эшик қоқиб келса-ю, уй соҳибининг туясидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаса ва унинг ҳамда оиласининг асосий тирикчилик манбаи ана шу туя бўлса ҳам, саховат туйғуси билан тўлиб-тошган мезбон ўша ягона туясини сўйиб, қўноғига таом ҳозирлаб келарди. Арабларнинг қон тўкилмаслиги учун катта-катта хун пулларини ва оғир қарзларни зиммаларига олишлари ҳам уларнинг қўли очиқлигидан эди. Қабила оқсоқоллари ва саййидлар ўртасида бу хислат мақтанишга, фахр қилишга арзигулик иш саналарди.

Арабларнинг бўзахўрлик билан мақтанишлари ҳам уларнинг саховатига бориб тақалади. Улар хамр-шаробнинг ўзи билан эмас, балки унинг саховатга ундаши ва катта сарф-харажатни осон қилиб қўйишни назарда тутишган. Шунинг учун узум дарахтини карм, узум шробини эса бинту карм (кармнинг қизи) деб аташган ва уни карам-саховатга боғлашган. Сиз жоҳилият шеърлари тўпланган девонларни варақласангиз, ана шу нарсанинг фахр ва мақтов бобларидан бир боб бўлганини кўрасиз.

Қимор ҳам худди шу туфайли машҳур эди. Араблар қиморни саховат йўлларидан бири деб билиб, ютиб олган фойдалари ёки ютганларининг тегишидан ортганлари билан оч-яланғочларнинг қорнини тўйғазишарди. Қуръони Карим хамр ва қиморнинг араблар наздидаги ана шундай манфаатини назарда тутган эди: «Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир.» (Бақара : 219).

Иккинчи: аҳдга вафодорлик. Араблар берган сўзларини жуда муҳим деб билганларидан аҳдга вафодорлик йўлида ҳатто ўз фарзандларининг ўлимига, юртларининг хароб қилинишига ҳам рози эдилар. Ҳоний ибн Масъуд Шайбоний, Самавъал ибн Одиё ва Ҳожиб ибн Зирора Тамимийлар қиссаси бу масалада уларнинг не чоғлик эътиборли бўлганларини билишга кифоя қилади.[3]

Учинчи: мағрурлик ва ўз шаънини қаттиқ ҳимоя қилиш. Улар ҳақорат ва камситишга асло сукут қилмаганликлари туфайли ҳам ҳаддан ташқари жасур, жўшқин ва ғайрат-шижоатли эдилар. Ҳақорат ёҳуд хорлик ҳидини сезишлари билан қўллари беихтиёр қилич-найзаларга югурарди. Оқибат, қонли жанглар бошланарди. Улар шаънларини ҳимоя қилиш йўлида бемалол жонларини қурбон қилардилар.

Тўртинчи: кўзлаган мақсадидан чекинмаслик. Араблар бир ишда фахр ва улуғлик бор деб билсалар ва унга қасд қилсалар, жонларини хатарга қўйиб бўлса ҳам мақсадлари сари олға юрардилар. Уларни энди ҳеч нарса тўхтата олмасди.

Бешинчи: ҳалимлик, мулойимлик ва сабр-бардош. Араблар ана шу сифатлари билан мақтанишар эди. Бироқ ўзлари ғоят шижоатлик, қўллари жуда югурик бўлганлиги боис ҳалимлик каби ҳислатлар уларнинг орасида нодир саналарди.

Олтинчи: саҳройи соддалик, тараққиёт кирликлари ва унинг макрларидан саломатлик. Шунинг учун ҳам араблар ўзларининг ростгўйликлари, омонатдорликлари ва алдов-ғирромликлардан нафрат қилишлари билан танилганлар.

Арабистон ярим ороли дунёнинг кесишган нуқтасида жойлашиши билан бир қаторда юқоридаги қимматли хислатлар ҳам рисолат юкини кўтариш ва инсоният етакчилигини қўлга киритиш масаласида арабларнинг танланишига сабаб қилинган бўлса, ажабмас. Чунки мазкур хислатларнинг айримлари ёмонликка олиб бориб, аламли ҳодисаларга сабаб бўлса-да, моҳият эътибори билан улар қимматли хислатлар саналиб, агар бир оз ислоҳ қилинса, башариятга улкан фойдалар келтирар эди. Худди ана шу ислоҳни Ислом амалга оширди.

Мазкур хислатлар ичида аҳдга вафодорликдан кейин энг қимматбаҳоси, эҳтимол, мағрурлик ва кўзланган мақсаддан чекинмаслик бўлгандир. Зеро, ёмонлик ва фасоднинг олдини олиб, адолат ва хайр низомини ўрнатмоқ учун мана шундай қоҳир қувват ва метин қатъият зарур эди!

Албатта, арабларда юқорида зикр қилинганлардан бошқа мақтовли сифатлар ҳам топиларди. Биз улардан айрим мисоллар келтириш билан кифояландик.

[1] Имом Бухорий ривояти.

[2] Муфассирлар «Талоқ икки мартадир» (Бақара:229) ояти шунинг учун нозил бўлган, дейишади.

[3] Ҳонийнинг ҳикояси «Ҳийра ҳокимлиги» бўлимида ўтди.

Самавъал воқеаси қуйидагича бўлган: Имруул-Қайс унинг ҳузурида бир қанча совутларни омонат қолдирган, Ҳорис ибн Абу Шаммар ал-Ғассоний уларни ундан олиб қўймоқчи бўлганида беришдан бош тортиб, ўзининг Таймодаги қасрига маҳкам ўрнашиб олган, Ҳорис унинг қаср ташқарисида қолган бир ўғлини ўлдириш билан таҳдид қилганда ҳам совутларни топширишдан бош тортган, шунда ўғли кўз олдида ўлдирилган эди.

Ҳожиб воқеаси тафсилоти: Ҳожибнинг қавмига қурғоқчилик етганида у Кисродан изн сўраб қавмини унинг ерларига олиб келганида Кисро уларнинг ғорат ва бузғунчиликка қўл уришларидан хавфсираб кафолат талаб қилади. Ҳожиб кафолатни бўйнига олиб, камонини гаровга қолдиради. У ваъдаси устида туриб, вафот этади. Қурғоқчилик ўтиб, қавми ўз ерларига қайтгач, унинг ўғли Уторуд ибн Ҳожиб розияллоҳу анҳу Кисродан отасининг камонини қайтаришини сўрайди, Кисро ҳам Ҳожибнинг аҳдга вафосини қадрлаб, камонини ўғлига топширади.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.