Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

006. Нубувват, рисолат ва даъват ҳаёти

Даъват даврлари ва уларнинг босқичлари
Макка даври

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло нубувват ва рисолат билан мушарраф этганидан кейинги ҳаётлари бири биридан тамомила фарқли бўлган икки даврга бўлинади. Улар:

1) Макка даври – тақрибан 13 йил;

2) Мадина даври – тўла 10 йил.

Ҳар икки давр бир неча босқичларга бўлинади ва ҳар бир босқичнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб, улар даъватнинг ҳар икки босқичини чуқур ўрганиб чиқилса, янада равшанроқ кўринади.

Макка даврини уч босқичга бўлиш мумкин:

1) Яширин даъват босқичи – 3 йил;

2) Макка аҳлига даъватни ошкор қилиш босқичи – нубувватнинг тўртинчи йилидан тортиб Мадинага ҳижрат қилгунларигача бўлган давр;

3) Даъватнинг Макка ташқарисига ёйилиш босқичи – нубувватнинг ўнинчи йили охирларидан бошланиб Мадина даврини ҳам ўз ичига олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охиригача уланиб кетган.

Мадина даври босқичлари ўз ўрнида батафсил баён қилинади.

Нубувват ва рисолат сояларида
Ҳиро ғорида:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари қирқни қоралар экан, йиллар давомида кўрган-кечирганлари у киши билан қавми орасидаги маънавий жарликни яна ҳам кенгайтирган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғизликни хуш кўрар, толқон билан сув олиб, Маккадан икки мил узоқликда жойлашган Нур тоғидаги Ҳиро ғорига чиқиб кетардилар. Бу бир кичик ғор бўлиб, узунлиги тўрт зироъ, кенглиги эса салкам икки зироъ эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида Ҳиро ғорида туриб, вақтларини ибодат билан, мавжуд борлиқ ва унинг ортидаги ажиб бир ижодкор қудрат хусусида тафаккур қилиб ўтказардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмларининг йиртиқ-ямоқ ширк эътиқодларидан ва уларнинг ожиз-тўқима тасаввуротларидан қониқмасдилар. Бироқ узотнинг ўзларида ҳам на равшан йўл, на маълум дастур ва на кишини қаноатлантирадиган, рози қиладиган очиқ-ойдин йўналиш йўқ эди.

Аслида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узлатга чекинишларида ҳам у зотни кутиб турган улуғ иш учун муқаддима бўлажак Аллоҳнинг бир тадбири бор эди. Чунки башарият ҳаётига чуқур таъсир кўрсатиб, унинг воқелигини ўзга томонга буриб юборадиган азим руҳ учун маълум вақт хилват, узлат, одамларнинг майда-чуйда ташвишлари-ю, ҳаётнинг икир-чикирларидан узилиш зарур саналарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улкан омонатни кўтаришга, ер юзини ўзгартиришга ва тарих ғилдирагини буриб юборишга тайёрлаш учун Аллоҳ таоло ана шундай тадбир қилди. Шу тариқа рисолат омонати юкланишидан уч йил олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узлатга чекинишлари бошланди. Мазкур бир ойлик узлатларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркин руҳ билан яшаб, мавжуд борлиқ ортидаги сирли ғайб хусусида фикр қилардилар. Ушбу ҳолат Аллоҳ изни билан ўша ғайб эшиклари очиладиган соатга қадар давом этди.[1]

Жибрийл ваҳий олиб тушди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камолот ёши – қирқ ёшга тўлганларида ҳаёт уфқлари ортидан нубувват шуълалари кўрина бошлади. Айтишларича, пайғамбарлар ана шу ёшда юборилар эканлар. Бу шуълалардан бири Маккадаги бир тошнинг у зотга салом бериши бўлса, яна бири рост тушлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида тонг ёришишини кўрар эдилар. Ана шу ҳолат олти ой давом этди. Нубувват муддати йигирма уч йил бўлиб, мазкур тушлар унинг қирқ олтидан бир бўлаги эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳиро ғоридаги узлатларининг учинчи йилида Рамазон ойида Аллоҳ таоло ер аҳли устидан Ўз раҳматини мўл-кўл сочиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни нубувват билан мукаррам этди ва Жибрийл Қуръон оятларини олиб тушди.[2]

Ривоят ва далилларни таҳлил ва тадқиқ қилиб Қуръон оятлари нозил бўла бошлаган кунни қуйидагича белгиладик. Бу Рамазон ойининг йигирма биринчи кечаси, душанба куни бўлиб, милодий 610 йилнинг 10 августига тўғри келади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларига қамарий ҳисоб билан 40-йил, 6 ой ва 12 кун, шамсий ҳисоб билан эса 39 йил, уч ой ва 20 кун бўлган эди.[3]

Мазкур илоҳий нурнинг ерга тушиши ҳақидаги ҳикояни Сиддиқа Оиша розияллоҳу анҳодан эшитайлик. Куфр ва залолат зулматларини ёриб ташлаб, ҳаёт йўналишини ўзгартирган ва тарих ғилдирагини буриб юборган ушбу воқеани онамиз шундай ҳикоя қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳийнинг даставвал бошланиши уйқудаги солиҳ тушлар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай туш кўрсалар, ўша тушлари бамисоли тонг ёришишидек ўнг келарди (ёки тушларида тонг ёришаётганини кўрардилар, уйқуларидан турганларидан кейин ҳам шундай ёруғликни кўрардилар). Аҳли оиласининг олдига келиб, хилватлари учун озиқ-овқат ғамлаб олардилар-да, Ҳиро ғорида ёлғиз қолиб бир қанча тунларни таҳаннус – яъни ибодат билан ўтказардилар. Сўнг Ҳадичанинг ёнига қайтиб, яна шунча кунга етарли озиқ-овқат олардилар. Бу ҳолат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғорида эканликларида У Зотга ҳақ келгунга қадар давом этди. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:) Фаришта келиб «Ўқинг!» деди. «Мен ўқишни билмайман» дедим. У мени ушлаб қисди, ҳатто менга қийинчилик етказди. Сўнг қўйиб юбориб, «Ўқинг» деди. «Мен ўқишни билмайман» дедим. У мени ушлаб қисди, ҳатто менга қийинчилик етказди. Сўнг қўйиб юбориб, «Ўқинг!» деди. «Мен ўқишни билмайман» дедим. У учинчи марта мени ушлаб қисди, сўнг қўйиб юбориб шундай деди: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўзингизга нозил бўладиган Қуръонни барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни, ёзишни-хатни) ўргатган ўта Карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди.» (Алақ : 1-5 оятлар). Бу воқеадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юраклари титраб, уйларига қайтдилар. Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кириб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўрқувлари тарқагунга қадар У Зотни ўраб қўйишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга нима бўлди ўзи?» деб, Хадича розияллоҳу анҳога бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердилар ва «Ўзимдан қўрқдим!», дедилар. «Ҳаргиз! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ Сизни ҳеч қачон хор қилиб қўймас! Ахир Сиз яқинларингиз билан силаи раҳм қиласиз, оғирликни кўтарасиз, йўқсилнинг ҳолидан хабар оласиз, меҳмонни иззат-икром қиласиз, мусибатдорларга ёрдам берасиз!» – деди Хадича розияллоҳу анҳо.

Хадича бинти Хувайлид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни амакисининг ўғли Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдул Уззонинг ҳузурига бошлаб борди. Жоҳилиятда насроний динини қабул қилган Варақа иброний (қадим яҳудий) ёзувидан хабардор бўлиб, ибронийчада Инжилдан Аллоҳ хоҳлаганча ёзарди. Варақа кекса ёшли бўлиб, кўзлари кўр бўлиб қолганди.

– Эй амакимнинг ўғли, биродарингизнинг ўғлига қулоқ беринг, – деди Хадича розияллоҳу анҳо Варақа ибн Навфалга.

– Эй жиян, нималарни кўрдингиз? – сўради Варақа.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрган нарсаларини гапириб бердилар.

– Бу Аллоҳ таоло Мусога туширган Номус (Жибрийл). Қанийди, ёш бўлганимда, қанийди, қавмингиз сизни хайдаб чиқарганида тирик бўлсам.

– Нима, улар мени ҳайдаб чиқарадиларми?

– Ҳа. Сиз келтирган каби нарсани олиб келган кишига албатта тажовуз қилинган. Агар сизнинг кунларингизгача яшасам, сизга ёрдам берган бўлардим.

Сўнг кўп ўтмай Варақа вафот этди, ваҳий эса узилиб қолди.» [4]

Ваҳийнинг тўхтаб қолиши:

Ваҳийнинг узилиб қолиш муддати ҳақида бир неча хил ривоятлар айтилган. Ибн Саъд Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда ваҳийнинг узилиб қолиш муддати бир неча кун деб кўрсатилган[5] ва бу гап, агар атрофлича таҳлил қилиб чиқилса, саҳиҳ қавлдир. Ваҳийнинг тўхтаб қолиши икки ярим йил ёки уч йилга чўзилган деган гаплар саҳиҳ эмас.

Ривоятлар ва аҳли илмларнинг сўзларини текшириб чиққанимдан сўнг менга қизиқ бир нарса равшан бўлди. У ҳам бўлса, бу ривоят ва сўзларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳирода ҳар йили бир ой – яъни Рамазон ойида турардилар. Бу эса нубувватдан олдин қаторасига уч йил давом этган. Нубувват йили мазкур уч йилнинг охиргиси эди. У зотнинг ғорда туришлари Рамазон ойи тамом бўлиши билан ниҳоясига етар ва шундан сўнг Шаввол ойининг биринчи куни тонг пайтида уйларига қайтардилар.

«Саҳиҳайн»да келган ривоятда айтилишича, ваҳий узилиб қолганидан сўнг яна қайта нозил бўлиши у зот ғорда бир ой турганларидан сўнг уйларига қайтаётганларида содир бўлган.

Демак, бундан келиб чиқадики, ваҳийнинг узилиб қолганидан сўнг яна қайта тушиши у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувват билан мушарраф бўлган Рамазон ойининг ниҳоясида, Шаввол ойининг биринчи куни бўлган. Чунки, бу у зотнинг Ҳирода охирги йил туришлари эди. Агар ваҳий илк бор Рамазон ойининг йигирма биринчиси, душанба кунида тушган десак, бу дегани ваҳийнинг узилиб қолиши фақат ўн кун давом этганини англатади. Ваҳийнинг қайта тушиши нубувватнинг биринчи йили, биринчи Шаввол, пайшанба кунига тўғри келади. Рамазон ойининг охирги ўн кунини эътикофга хосланиши, шунингдек Шавволнинг биринчи кунини ийд-байрам қилиб белгиланишининг сири ҳам шу бўлса ажаб эмас, валлоҳу аълам.

Ваҳий тўхтаб қолган кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайрат ва даҳшат ичра ғам ютиб, маҳзун бўлиб юрдилар. Имом Бухорий ривоят қилади:

«Ваҳий бир муддат узилиб қолди. Бизга маълум бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп сиқилиб, ҳатто тоғ чўққисидан ташлаб, ўзларини ҳалок қилиш учун бир неча маротаба йўлга тушганлар. Ҳар сафар тоғ тепасига кўтарилганларида Жибрил кўриниб, «Эй Муҳаммад, сиз чиндан-да Аллоҳнинг Расулисиз!» дерди. Шундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари ором олиб, хотиржам тортар ва ортларига қайтардилар. Бироқ ваҳийнинг узилиш муддати у кишига узоқ бўлиб кетса, яна шундай қасд билан йўлга чиқардилар. Тоғ тепасига кўтарилганларида, яна Жибрил кўриниб юқоридаги сўзларини такрорларди.»[6]

Жибрил иккинчи марта ваҳий олиб тушди:

Ибн Ҳажар ёзади: «Бу иш (яъни, ваҳийнинг бир неча кун тўхтаб қолиши) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда пайдо бўлган қўрқувни тарқатиш ва у кишида ваҳийнинг қайтишига соғинч уйғотиш учун қилинди.[7] Ҳайрат булутлари тарқалиб, ҳақиқат нишоналари равшанроқ кўринди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг Улуғ ва Олий Аллоҳнинг элчиси қилиб танланганликларига, у кишининг олдига Келувчи эса само хабарини олиб тушадиган ваҳий элчиси эканлигига амин бўлдилар. Бинобарин, ваҳийни соғиниш, уни орзиқиб кутиш ҳисси кейинги сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг собит туришлари ва тўғри қабул қилишларига сабаб бўлди. Жибрил иккинчи марта ваҳий олиб келди. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ваҳийнинг тўхтаб қолиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари ривоят қилинган:

«Ҳирода бир ой турганимдан сўнг, тушиб келаётиб, водийга етганимда мени чақирган бир бир овозни эшитдим. Ўнг томонимга ҳам, чап томонимга ҳам, олдимга ҳам, орқамга ҳам қараб, ҳеч кимни кўрмадим. Тепага қарасам, Ҳиро ғорида олдимга келган фаришта осмон билан ер оралиғида курси устида ўтирибди. Қаттиқ қўрққанимдан ерга ётиб қолдим. Сўнг Хадичанинг олдига келиб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар, бошимдан муздек сув қуйинглар» дедим. Мени ўраб қўйишди, бошимдан муздек сув ҳам қуйишди. Шунда: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Роббингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг!» оятлари (Муддассир : 1-5) нозил бўлди. Бу намоз фарз бўлишидан олдин эди. Сўнг ваҳий кўпайиб, кетма-кет туша бошлади.»[8]

Аллоҳ даъвати билан қоим бўлишга буйруқ ва унинг асослари:

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча илоҳий амрларни қабул қилиб олдилар:

«Эй (либосларига) бурканиб олган зот, турингда, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг! (бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг! Ёлғиз Парвардигорингиз (Юзи) учун (кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг!» («Муддассир» : 1-7).

Бир қарашда соддагина бўлиб кўринган мазкур буйруқлар, аслида, жуда чуқур ва кенг маъноли, қудратли таъсир ва амал кучига эга бўлган илоҳий амрлар эди.

1. Барча-барчани огоҳлантириш. Борлиқда Аллоҳ таоло розилигига хилоф юрадиган биронта кимсани қолдирмасдан, уни кутаётган ҳалокатли оқибатдан огоҳ этмоқ лозим эди. Токи, бундай кимсалар қалбига титроқ ва зилзилалар кириб борсин!

2. Фақат Аллоҳ таолони улуғламоқ. Ер юзида кибр қилиб, ўзларича ғурурга кетган кимсаларнинг ғурурларини синдириб, кибр салтанатларининг оёғини осмондан қилиб, чин улуғликни фақат ва фақат Аллоҳ таолога мансуб деб билмоқ!

3. Либосларни пок тутмоқ ва нопокликлардан-ширкдан йироқ бўлмоқ. Аллоҳ таоло раҳматининг қуюқ сояси, ҳифзи-ҳимояти, нури ва тарбияти остида бир инсон қанчалик камолга етиши мумкин бўлса, ўша даражада жами кирлик ва нопокликлардан нафсни пок тутмоқ лозим эди. Токи у инсоний жамиятда энг олий намуна бўлсин, соғлом қалблар унга интилиб, адашган нафслар унинг ҳайбати улканлигини ҳис қилсин, токи дунё ҳар қандай ҳолатда тамомила унинг атрофида жамлансин.

4. Ҳеч қачон хайрли амални кўп санамаслик. Ўз фаолияти ва меҳнат-машаққатига урғу бермасдан, тўхтовсиз амал кетидан амалга киришмоқ, заҳматларга рози бўлиб, фидойилик билан қурбонликлар бериб, сўнг дарҳол уларнинг барчасини унутмоқ, янада аниқроғи Аллоҳни ўйлаганда қилган ва сарфлаган барча-барча нарсалари хотиридан ўчиб кетадиган бўлиши лозим эди.

5. Охирги оятда қайсар мушриклар томонидан етадиган озорлар, истеҳзолар, масхаралар бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у кишининг асҳобларига суиқасдлар қилинишига, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида тўпланган мўминларни тарқатиб юборишга уринишлар бўлишига ишора қилинган. Аллоҳ таоло мазкур машаққатларнинг барчасига бирон бир дунёвий манфаат учун эмас, балки фақат Аллоҳ розилигини истаб сабр-тоқат қилишга буюрди.

Аллоҳу Акбар! Бу илоҳий амрлар зоҳирий суратида қанчалар оддий, сокин ва соҳир оҳанглари билан қанчалар мафтункор, иш-амал майдонида қанчалар улкан, буюк ва қаттиқ! Уларнинг таъсирида қўзғалган қудратли шамол борлиқнинг тўрт томонини қамраб олиб, уни бир-бирига қориштириб юборди.

Мазкур оятлар даъват ва ҳақни кишиларга етказиш моддаларини ўз ичига олган. Биргина охират азобидан огоҳлантиришнинг ўзи унинг ортидан келадиган ва даъват эгаларининг бошларига ёғиладиган таъна-маломатлар, хунук аломатлардан дарак бермоқда. Унутманг, демоқда у, бу дунё барча амалларга мукофот бериладиган жой эмас ва кўпинча бунинг имконияти ҳам йўқ. Охират азобидан огоҳлантириш тушунчаси жазо мукофот учун бошқа бир Кун белгилаб қўйилганини тақозо қилади. У Кун Қиёмат кунидир, жазо ва ҳисоб кунидир. Бинобарин, биз яшаб турган дунёдан ўзга бир дунё – Охират дунёси ҳам бўлиши керак.

Кейинги оятлар инсонлардан соф тавҳидни, барча ишларни Аллоҳ ҳукмига топширишни ва нафс розилигини – одамларнинг розилигини Аллоҳ розилиги йўлида бир четга суриб қўйишни талаб қилмоқда. Демак, ушбу асослар қуйидагиларда ўзининг қисқа ифодасини топган.

а) тавҳид;

б) охират Кунига иймон;

в) ўзни покламоқ. Яъни, ёмон оқибатларга олиб борадиган мункар ва нопок ишлардан четланмоқ, яхшилик, хайр ва фазл амаллари билан машғул бўлмоқ;

г) барча ишларни Аллоҳ таоло ҳукмига ҳавола қилмоқ;

д) юқоридагиларнинг ҳаммасини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларига иймон келтиргандан кейин, У Зотнинг раҳбарликлари ва тўғри кўрсатмалари остида амалга оширмоқ.

Оятлар аввалида баланд пардада айтилган бир илоҳий нидо бор. Бу илоҳий нидо мазкур улуғ иш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг танланганликларини, У Зотнинг иссиқ ўриндан, либосларга бурканиб ётишдан ва уйқудан суғуриб олиниб, жиҳод, машаққат ва меҳнат майдонига ташланганликларини маълум қилмоқда:

«Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг!»

Мазкур оятлар замирида гўё шундай бир нидо бор; Фақат ўзи учун яшайдиган кимсаларгина роҳат қучоғида ётишлари мумкин. Бироқ мана шундай улкан вазифани елкасига олган сиздек инсон учун ғафлатда ухлаб ётиш мумкинми?! Роҳат мумкинми?! Иссиқ тўшак, тинч турмуш, кишига хуш ёқадиган дунё матолари мумкинми?! Туринг, сизни кутиб турган улуғ вазифани қаршиланг, сиз учун тайёрланган оғир юкни елкангизга олинг. Туринг, машаққат, меҳнат, қийинчилик ва заҳмат сари юринг. Туринг, уйқу вақти, роҳат-фароғат даври ўтди. Бугундан бошлаб сиз учун узлуксиз бедорлик, оғир ва узоқ жиҳод даври бошланди. Туринг, ана шу иш учун ҳозирлик кўринг, ўзингизни шайланг.

Бу жуда қўрқинчли ва улкан сўз эди. Ана шу сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғавғолар ва савдолар гирдобига, инсонлар қалбида ҳам, ҳаёт воқелигида ҳам бирдек оғир курашлар бўронига ташлаш учун тинч уйларидаги иссиқ тўшакларидан, тафтли оғушлардан суғуриб олди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турдилар ва йигирма йилдан зиёдроқ вақт мобайнида қоим бўлдилар. Роҳат кўрмасдан, тиним билмасдан, на ўзлари ва на аҳли аёллари учун яшамасдан ўтдилар. Турдилар, Аллоҳга даъват учун бел боғладилар. Чарчоқ нималигини билмасдан ана шундай оғир, залворли Юкни, ер юзидаги энг улкан Омонат юкини, бутун башарият юкини, Ақида юкини, турли майдонлардаги турли курашлар ва машаққатлар юкини елкаларига олдилар. Йигирма йилдан зиёдроқ вақт давомида узлуксиз ва кескин муҳорабалар ичида умр кечирдилар. Ана шундай узоқ йиллар мобайнида ҳам ҳеч нарса у кишини чалғитиб қўймади. Улуғ илоҳий нидони эшитган соатларидан бошлаб, беҳад оғир масъулиятни зиммаларига олганларидан буён худди шундай тик туриб ўтдилар. Аллоҳ таоло У Зотни ўзлари учун ҳам, бутун башариятга қилган хизматлари учун ҳам энг яхши мукофотлар билан сийласин.

Келгуси варақлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма йилдан зиёдроқ вақт давомида комил суратда адо этган мазкур оғир ва узоқ меҳнатнинг энг кичик ва оддий лавҳаси, холос.

Даъват жиҳодининг биринчи босқичи
Ваҳийнинг турлари:

Ушбу жиҳод мавзусига киришишдан олдин ваҳийнинг турлари ва босқичлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ ушбу босқичларни қуйидагича санаб ўтади:

Биринчи: Рост (яъни ўнгидан келувчи) тушлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий ана шу тарзда бошланганди.

Иккинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларига кўринмаган ҳолда фаришта ваҳий олиб келиб, у кишининг диллари ва кўнгилларига солиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтганларидек: «Руҳул Қудус дилимга солдики, ҳеч бир жонзот ўзининг ризқини тўла қилиб олмагунча асло ўлмас. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ризқ) талаб қилишда ўртача бўлинглар! Ризқнинг кечикиши уни Аллоҳнинг маъсияти билан талаб қилишингизга олиб бориб қўймасин! Зеро, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларга фақат Унинг тоати билангина эришилади»[9].

Учинчи: Фаришта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга инсон суратида кўриниб, хитоб қилар ва у киши унинг сўзларини ёдда сақлаб қоларди. Ваҳийнинг бу турида баъзан уни айрим саҳобалар ҳам кўришарди.

Тўртинчи: Ваҳий у кишига худди қўнғироқ жарангидек овоз билан келарди, бу ваҳийнинг энг оғир тури бўлиб, фаришта у кишидан ажралмас, қаттиқ совуқ кунда ҳам ваҳийнинг зўридан пешоналаридан тер оқиб кетарди. Агар туяга минган ҳолда бўлсалар, туялари ҳам чўкиб қоларди. Бир марта ана шундай ваҳий келганида у кишининг тиззалари Зайд ибн Собитнинг тиззаси устида бўлиб, оғирликдан Зайднинг тиззаси узилиб кетгудек бўлган эди.

Бешинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фариштани ўзининг асл суратида кўрардилар ва фаришта у кишига Аллоҳ истаганича нарсани ваҳий қиларди. Бу ҳолат «Нажм» сурасида зикр қилинганидек, у кишида икки бор содир бўлган эди.

Олтинчи: Аллоҳ таоло меърож кечаси у кишига самовот олами узра ваҳий қилган намоз ва бошқа нарсалар.

Еттинчи: Аллоҳ таолонинг у кишига худди Мусо ибн Имрон алайҳиссаломга сўзлагани каби бевосита сўзлаши. Ваҳийнинг бу тури Мусо алайҳиссаломга Қуръон ояти билан, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эса «Исроъ» ҳадиси билан собит бўлган.

Айримлар саккизинчи турни ҳам зиёда қилиб, Аллоҳ таоло у киши билан юзма-юз ва ҳеч қандай пардасиз сўзлашган, дейдилар. Бироқ, бу салаф ва халаф уламолари ўртасида ихтилофли масалалардан саналади.[10]

Махфий даъватнинг дастлабки уч йили:

«Муддассир» сурасининг юқоридаги оятлари нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога даъват қилишни бошладилар. Қавмлари бут-санамларга сиғинишдан бошқа динни билмайдиган ва ота-боболаримиз қилиб келган ишни маҳкам ушлаймиз, дейишдан бошқа далил-ҳужжатлари бўлмаган тўпори ва дағал кишилар эди. Уларнинг бор ахлоқлари ҳамият ва ғурурни маҳкам тутишдангина иборат бўлиб, муаммоларини фақат қилич ёрдамида ҳал қилиб ўрганишган эди. Шу ҳолда яна улар Араб жазирасида диний жиҳатдан етакчиликни даъво қилишар ва асосий диний марказни қўлларида сақлаб туришарди. Ана шундай шароитда Макка аҳлининг ғалаёнига сабаб бўладиган ишни бирданига ошкор этмасдан, даставвал даъватни махфий суратда олиб бориш ҳикматдан бўлар эди.

Биринчилар:

Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни аввало ўзларининг яқинларига, аҳли оилаларига ва ёр-дўстларига таклиф қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари яхши биладиган ва у кишини ҳам яхши танийдиган, хайр-яхшиликлари кўриниб турган кишиларни даъват қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу инсонларда Аллоҳнинг ҳақ муҳаббати ва хайр бор деб билсалар, ўз навбатида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ростгўй ва солиҳ киши сифатида танирдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғликларига, жалолатларига ва хабарларининг ростлигига асло шубҳа қилмаган ана шу инсонларнинг бир гуруҳи Исломни қабул қилди ва Ислом тарихида “Ас-собиқийна ал-аввалийн” “Пешқадам Собиқлар” номини олди.

Уларнинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи муҳтарамалари, мўминларнинг онаси Ҳадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари, яъни, озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил Калбий[11], ўша кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларида бўлган ёшгина бола – у зотнинг амакиваччалари Али ибн Аби Толиб ва чин дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумлар турарди. Улар даъватнинг биринчи кунида иймон келтиришди.

Исломни қабул қилган Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ислом даъвати йўлида кўп жонбозликлар кўрсатди. Суюкли, киришимли, муомалали, таниқли ва гўзал хулқли Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига яхши суҳбати, илми ва тижорати учун кўп кишилар келиб, яқин бўлишни истарди. Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳузурига келган қавми орасидаги ишонган кишиларини иймонга даъват қиларди. У кишининг даъватлари сабабли Усмон ибн Аффон ал-Умавий, Зубайр ибн Аввом ал-Асадий, Абдураҳмон ибн Авф аз-Зуҳрий, Саъд ибн Аби Ваққос аз-Зуҳрий ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ ат-Таймийлар Исломни қабул қилишди. Исломга биринчилардан бўлиб кирган мазкур саккиз нафар инсон Исломнинг биринчи қалдирғочлари, Собиқийнлар эди.

Кейин ушбу умматнинг амини[12] Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ (Ҳорис ибн Фиҳр Уруғидан), Абу Салама ибн Абдуласад ал-Махзумий, Арқам ибн Абу Арқам ал-Махзумий, Усмон ибн Мазъун ал-Жумаҳий ва унинг Қудома ҳамда Абдуллоҳ исмли икки иниси, Убайда ибн Ҳорис ибн Муттолиб ибн Абдуманоф, Саид ибн Зайд ал-Адавий ва унинг хотини Умар ибн Хаттобнинг синглиси Фотима бинти Хаттоб ал-Адавийя, Хаббоб ибн Арат ат-Тамимий Жаъфар ибн Аби Толиб ва унинг аёли Асмо бинти Умайс, Холид ибн Саид ибн Ос ал-Умавий, унинг аёли Амина бинти Халаф ва иниси Амр ибн Саид ибн Ос, Ҳотиб ибн Ҳорис ал-Жумаҳий, унинг аёли Фотима бинти ал-Мужаллал ва иниси Хаттоб ибн Ҳорис, унинг аёли Фукайҳа бинти Ясор, яна бир иниси Муаммар ибн Ҳорис, Муттолиб ибн Азҳар аз-Зуҳрий, унинг аёли Рамла бинти Аби Авф, Нуайм ибн Абдуллоҳ ибн Наҳҳом ал-Адавий иймон келтирганлар сафига қўшилишди. Ана шулар энг биринчи собиқлар бўлиб, улар Қурайшнинг ҳамма уруғларидан эди.

Қурайшдан бошқалардан Исломга энг биринчи бўлиб кирганлар Абдуллоҳ ибн Масъуд ал-Ҳузалий, Масъуд ибн Рабиъа ал-Қорий, Абдуллоҳ ибн Жаҳш ал-Асадий, унинг иниси Абу Аҳмад ибн Жаҳш, Билол ибн Рабоҳ ал-Ҳабаший, Суҳайб ибн Синон ар-Румий, Аммор ибн Ёсир ал-Ансий, унинг отаси Ёсир ва онаси Сумайя, Омир ибн Фуҳайра бўлдилар.

Юқорида зикри ўтган аёллардан ташқари яна Умму Айман Барака ал-Ҳабашийя, Аббос ибн Абдулмуттолибнинг аёли Уммул Фазл Лубоба ал-Кубро бинти Ҳорис ал-Ҳилолийя, Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ ҳам Исломни илк қабул қилган аёллар бўлдилар.[13]

Мазкур зотлар “Аввалийн” ва “Собиқийн” номи билан маъруфдирлар. Чуқур текшириб, ўрганишлардан сўнг маълум бўлишича, собиқийнлар адади эркак-аёл бўлиб бир юз ўттиз нафарга етади. Бироқ, уларнинг ҳаммаси даъватнинг яширин пайтида Исломни қабул қилганми ёки айримлари даъват ошкор қилингандан сўнг қабул қилганми, буниси аниқ маълум эмас.

Намоз:

Энг аввал нозил қилинган ҳукмлардан бири намозга буюриш бўлди. Ибн Ҳажар Асқалоний ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исроъдан олдин ҳам аниқ намоз ўқиганлар. Асҳоби киромлар ҳам шундай қилишган. Бироқ беш вақт намоздан олдин ҳам бирон намоз фарз қилинганми ёки йўқми, шу масалада турлича фикрлар айтилган. Қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқиш фарз бўлган, дейилади.»

Ҳорис ибн Аби Усома Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинган илк ваҳийда Жаброил тушиб, у кишига таҳоратни ўргатди. Таҳорат қилиб бўлгач, бир ҳовуч сув олиб фаржига қуйди. Ибн Можа ҳам шу мазмундаги ривоятни келтирган. Бароъ ибн Озиб ва Ибн Аббосдан ҳам шунга ўхшаш ривоятлар бор. Бу дастлабки фарз амал эди.[14]

Ибн Ҳишом ёзишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари намоз вақтларида тоғ-тошларга чиқиб кетиб, қавмларидан яширинча намоз ўқишган. Бир сафар Абу Толиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Али розияллоҳу анҳуларнинг намоз ўқишаётганини кўриб, у ҳақда сўраб-суриштиради. Намознинг нималигини билгач, уларга намозда собит туришни буюради.[15]

Мўминларга буюрилган ибодат шу эди. Уларга намозга таллуқли бу ҳукмдан бошқа бирон бир ибодат ёки буюрилган ва қайтарилган ишлар бўлгани маълум эмас. Нозил бўлаётган ваҳийлар уларга тавҳиднинг турли қирраларини баён қилиб берар, нафсларини поклашга тарғиб қилар, макорими ахлоққа буюрар, жаннат ва дўзахни кўз билан кўргандек қилиб сифатлаб берар, дилларини очадиган ва руҳларини озиқлантирадиган етук панд-насиҳатлар билан насиҳат қилар, уларни ўша даврдаги инсоний жамият яшаб турган муҳитдан бутунлай бошқача бир муҳит сари етакларди.

Шундай қилиб, уч йил ўтди. Даъват эса ҳануз якка шахсларга чекланган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали уни йиғин ва мажлисларда ошкор қилмаган эдилар. Бироқ, содир бўлган турли воқеалардан хулоса қилинадиган бўлса, даъват – ўзининг ана шу босқичида – яширинча ва якка тартибда олиб борилган ҳолатида ҳам Қурайшдан махфий қолмаган. Маккада Исломнинг хабари ёйилган, одамлар у ҳақда гапиришар, айримлар гоҳо уни инкор ҳам қилишар, баъзи бир мўминларга тажовузлар ҳам қилишган, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг динларига тегинмаганлари ва олиҳалари ҳақида бирон сўз айтмаганлари учун Қурайш Ислом даъватига ортиқча эътибор бермади.

[1] Саҳиҳул Бухорий (3-ҳ), Ибн Ҳишом (1/235) ва бошқа тафсир, суннат ва сийрат китоблари асосида.

[2] Ибн Ҳажар «Фатҳ»да ёзади: «Байҳақий рост тушлар олти ой давом этганини айтади. Шунга кўра Нубувватнинг тушлар билан бошланиши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қирқ ёшга тўлганларидан кейин – У кишининг туғилган ойлари Рабиъул-аввалда, уйғоқликда ваҳийнинг келиши эса Рамазон ойида бўлган.»

[3] Нубувват ва ваҳийнинг нозил бўлиши айнан қайси ойда бошлангани хусусида муаррихлар турлича фикр билдиришган. Уламоларнинг катта бир гуруҳи Рабиъул-аввал ойини айтган бўлса, бошқалари Рамазон ойини кўрсатишган. Ражаб ойи деганлар ҳам бўлган. Биз Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига асосланиб, иккинчи фикр эгаларига қўшиламиз ва Рамазон ойини нубувват ва ваҳий нозил бўлган ой деб кўрсатамиз: «Рамазон ойики, унда Қуръон нозил қилинган». (Бақара:185). «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик.» (Қадр:1). Маълумки, Қадр кечаси Рамазон ойида бўлади. «Албатта Биз Уни бир муборак-барокатли кечада нозил қилдик.» (Духон:3). Муборак-барокатли кечадан мурод Лайлатул Қадр кечасидир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғорига Рамазон ойида чиққанлар. Жибрийлнинг тушиши ҳам ўшанда бўлган эди.

Ваҳийнинг нозил бўлиши Рамазонда бошланган, дегувчи уламолар айнан қайси кунда ваҳий бошлангани хусусида ихтилоф қилишган. Еттинчи, ўн еттинчи ва ўн саккизинчи кунлари айтилган. Ибн Исҳоқ ва бошқалар унинг ўн еттинчи кун бўлганини таъкидлаган. Биз эса йигирма биринчи кун деган фикрга тўхтадик. Чунки барча сийрат уламолари ёхуд уларнинг аксарият қисми Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нубувват билан юборилишлари душанба куни бўлганини айтишган ва бу фикрни ҳадис имомлари ривоят қилган Абу Қатода ривояти ҳам қўллаб-қувватлайди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан душанба кунининг рўзаси ҳақида сўрашди. «Ўша куни туғилдим, ўша куни менга ваҳий туширилди», дедилар. Бошқа бир лафзда шундай дейилган: «Ўша кунда туғилдим, ўша кунда (Пайғамбар қилиб) жўнатилдим ёки ўша кунда менга нозил қилинди.» (Муслим, Аҳмад, Байҳақий ва Ҳоким ривоятлари). Ўша йилнинг Рамазон ойидаги душанба куни еттинчи, ўн тўртинчи, йигирма биринчи ва йигирма саккизинчи кунларга тўғри келади. Саҳиҳ ривоятларда Лайлатул Қадрнинг Рамазондаги охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида бўлиши ва у мана шу кечалар ўртасида кўчиб юриши нақл қилинган. «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» ояти, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишлари душанба кунида бўлгани ҳақидаги Абу Қатоданинг ривояти ва ўша йилнинг Рамазондаги душанба куни нечанчи кунларга тўғри келиши хусусидаги илмий тақвим ҳисоб-китоблари бир-бирига солиштирилса, қуйидаги хулоса келиб чиқади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг йигирма биринчи куни тунда Пайғамбар қилиб юборилганлар, валлоҳу аълам.

[4] Саҳиҳул Бухорий: 3-ҳ; Саҳиҳ Муслим: 25-ҳ.

[5] Табақоту Ибн Саъд: 1/196.

[6] «Саҳиҳ ул-Бухорий, китоб ут-таъбир» (6982-ҳ).

[7] «Фатҳ ул-Борий» 1/27.

[8] Имом Бухорий (8/445-447) ва имом Муслим (1/144) ривоятлари.

[9] Албоний, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 6/865.

[10] Зодул-маъод: 1/18.

[11] Зайд ибн Ҳориса асир олиниб, қул қилинган киши эди. Хадича розияллоҳу анҳо қули Зайдни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тортиқ қилади. Вақт ўтиб Зайднинг отаси ва амакиси уни ўз қавм-қариндошлари олдига олиб кетиш учун келганида, Зайд отаси ва амакиси билан кетишдан бош тортиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танлайди. Ана шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам арабларнинг одатига мувофиқ Зайдни ўзларига ўғил қилиб оладилар. Шунинг учун уни Зайд ибн Муҳаммад дейишарди. Ислом келиб, бундай ўғил қилиб олишни бекор қилганидан сўнг у яна Зайд ибн Ҳориса исмини олди. Саккизинчи ҳижрийнинг Жумодул-увло ойида бўлиб ўтган Муъта жангида мусулмон лашкарининг амири бўлган ҳолида шаҳид бўлган.

[12] Ушбу лақаб билан номланиши ҳақида «Саҳиҳул Бухорий»нинг «Абу Убайда ибн Жарроҳнинг маноқиби» бобига қаранг.

[13] Батафсил маълумот олиш учун «Сийрату Ибн Ҳишом»га қаранг: 1/245-262.

[14] Шайх Абдуллоҳ ан-Наждий : «Мухтасар ас-сийра».

[15] «Сийрату Ибн Ҳишом» : 1/247.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.