Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

007. Иккинчи босқич: ошкора даъват

Даъватни ошкор қилиш ҳақидаги биринчи илоҳий амр

Уч йил давом этган даъватнинг яширин босқичи мобайнида биродарлик ва ҳамжиҳатлилик асосига барпо бўлган, рисолатни етказиш ва уни мустаҳкамлаш юкини кўтара оладиган бир жамоат вужудга келди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло ваҳий нозил қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга даъватни ошкор этишни, ботилга яхшилик билан юзланишни буюрди.

Бу хусусда биринчи нозил бўлган оят: «Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг» ояти бўлди (Шуаро – 214).

Мазкур оят ворид бўлган «Шуаро» сурасида аввал Мусо алайҳис-саломнинг Пайғамбар қилиниши, Бану Исроил билан ҳижратга чиқиши, уларнинг Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот топишлари ҳамда Фиръавннинг ўз қўшини билан ғарқ этилиши ҳикоя қилинган. Ушбу ҳикояда Мусо алайҳис-саломнинг Фиръавн ва унинг қавмини даъват қилиш давомида бўлиб ўтган барча босқичлари тасвирланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз қавмини Аллоҳга даъвт қилиш буюрилган пайтда Мусо алайҳис-саломнинг қиссаси батафсил зикр этилишида, менимча, ўзгача бир маъно бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоби киромлар очиқ даъват йўлига чиққанларида қандай туҳмат ва тазйиқларга учрашлари, даъватнинг дастлабки кунларидан нималарга рўпара бўлишлари Мусо алайҳис-саломнинг Фиръавн билан бўлган қиссасида айтиб қўйилмадими?!

Бошқа томондан «Шуаро» сураси Фиръавн ва унинг қавмига етган ҳалокат тафсилоти билан биргаликда Пайғамбарларни ёлғончи қилган Нуҳ қавми, Од қавми, Самуд қавми, Иброҳим қавми, Лут қавми ва (Шуайб қавми бўлмиш) дарахтзор эгаларининг оқибатини ҳам ҳикоя қилган. Токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилган кимсалар ўзларини нима кутаётганини билиб қўйсинлар. Агар ана шу ёмон ишларида давом этсалар, Аллоҳнинг қаттиқ азобини кутсинлар. Токи мўминлар ҳам аниқ билсинларки, хайрли хотима мушрикларга эмас, албатта мўминларга аталган.

Яқин қариндош-уруғларни даъват қилиш

Юқоридаги оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Ҳошимни тўпладилар. Улар билан бирга Муттолиб ибн Абду Маноф уруғининг кишилари ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қирқ беш киши тўпланди. Абу Лаҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдин гап бошлади:

– Булар сенинг амакиларинг ва амакиларингнинг болалари. Қани гапир, диндан қайтганларни тарк қил! Шуни билки, қавминг бутун арабларга қарши тура олмайди. Мен сени тутганлардан ҳақлироқмон. Агар сен шу ҳолатингда турадиган бўлсанг, сенга қарши ота Уруғларинг ўзи кифоя қилади ва бу улар учун сенинг устингга Қурайшнинг бошқа Уруғлари ташланишидан енгилроқ бўлади! Уларни араблар ҳам қўллаб-қувватлайди. Ота уруғининг бошига сендек ёмон иш олиб келган бирон кимсани кўрмадим!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут қилдилар ва бу йиғинда ҳеч нарса деб гапирмадилар.

Сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни иккинчи марта тўплаб, шундай сўз бошладилар:

– Алҳамдулиллаҳ, Унга ҳамдлар айтаман, Ундан мадад тилайман, Унга иймон келтириб, Унга таваккул қиламан. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир! – сўнг сўзларида шундай давом этдилар: – Йўлбошчи ўз аҳлига ёлғон гапирмайди. Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, мен сизларга хос, одамларга эса умумий суратда Аллоҳнинг Пайғамбариман. Аллоҳга қасамки, ухлаганингиз каби жон таслим қиласизлар, уйғонганингиз каби албатта қайта тириласизлар ва қилган амалларингизга қараб ҳисобга тортиласизлар. Албатта унинг натижаси абадий жаннат ёки абадий дўзах бўлади.

Абу Толиб шундай деди:

– Сизга ёрдам беришни истаймиз. Сизнинг насиҳатингизга иқбол қилдик. Сизнинг сўзларингиз ҳаққу рост. Мана, отангизнинг Уруғи йиғилган. Мен ҳам уларнинг бириман. Фақат мен улар ичида сиз яхши кўрган нарсага энг шошилувчироқман. Сиз ўзингизга буюрилган ишни давом эттираверинг. Аллоҳга қасамки, ҳамиша сизни ҳимоя қилиб, ёнингизни олиб тураман. Фақат нафсим Абдул Муттолиб динидан ажралишни истамайди.

– Аллоҳга қасамки, бу яхшилик келтирмайди, – деди Абу Лаҳаб – Бошқалар тутмасдан туриб, сизлар унинг қўлидан тутиб, тўхтатиб қолинг.

– Аллоҳга қасамки, то тирик эканмиз, уни ҳимоя қиламиз, – деди Абу Толиб.[1]

Сафо тоғи устида

Одамларни Аллоҳ йўлига чақираётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Толибнинг у кишини ҳимоя қилиш ҳақидаги сўзларини эшитганларидан сўнг бир куни Сафо тоғига кўтарилиб, баланд овозда қавмини чорладилар. Қурайш уруғлари у кишининг олдига йиғилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тавҳидга, ўз рисолатлари ва охират кунига иймон келтиришга чақирдилар. Имом Бухорий мазкур воқеани Абдуллоҳ ибн Аббос ривоятида шундай нақл қилади:

«Яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тоғига чиқиб «Эй Бану Фиҳр, эй Бану Адий, эй Бану Абдуманоф, эй Бану Абдулмуттолиб, эй Бану Фулан!» дея Қурайш уруғларини чақира бошладилар. Қавм йиғилиб келди. Келолмаганлар нима гаплигини билиш учун одам жўнатди. Абу Лаҳаб Қурайш билан бирга келди. Ҳамма йиғилгач:

– Агар мен сизларга шу тоғнинг этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келмоқчи бўлиб турибди, десам, менга ишонар эдингизми? – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

– Ҳа! – дейишди улар. Биз сизнинг ёлғон сўзлаганингизни билмаймиз, сиздан фақат рост сўз эшитиб келганмиз.

– Мен сизлар учун қаттиқ азоб олдидан огоҳлантирувчиман. Мен билан сизларнинг мисолимиз душманнинг (бостириб келаётганини) кўриб, баландликка кўтарилган ва душман ундан олдинроқ етиб боришидан қўрқиб, қавмига қараб қичқира бошлаган бир кишининг мисолига ўхшайди – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Сўнг уларни ҳаққа чорладилар, Аллоҳнинг азобидан огоҳлантирдилар, умумий ва хусусий равишда даъват қилдилар:

«Эй Қурайш жамоаси, ўз жонингизни Аллоҳдан сотиб олингиз, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Зеро, мен Аллоҳ томонидан сизларга келувчи бирон зарар ёки фойдани даф қилишга эга эмасман. Мен Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада сизларга асқота олмайман.

Эй Бану Каъб ибн Луай, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Мен сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказишга қодир эмасман.

Эй Бану Мурра ибн Каъб, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз!

Эй Бану Қусай жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Мен сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказишга қодир эмасман.

Эй Бану Абдуманоф, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Зеро, мен Аллоҳ томонидан сизларга келувчи бирон зарар ёки фойдани даф қилишга эга эмасман. Мен Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада сизларга асқота олмайман.

Эй Бану Абдушшамс, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз!

Эй Бану Ҳошим, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз!

Эй Бану Абдулмуттолиб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Зеро, мен Аллоҳ томонидан сизларга келувчи бирон зарар ёки фойдани даф қилишга эга эмасман. Мен Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада сизларга асқота олмайман. Мол-давлатимдан истаганингизча сўранг, аммо сизларга Аллоҳ томонидан келувчи бирон нарсани тўсишга қодир эмасман.

Эй Аббос ибн Абдулмуттолиб, мен сизга Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада асқота олмайман.

Эй Расулуллоҳнинг аммаси Софийя бинти Абдулмуттолиб, мен сизга Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада асқота олмайман.

Эй Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммаднинг қизи Фотима, мол-давлатимдан истаганингча сўра, бироқ мен сенга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказишга қодир эмасман. Мен сенга Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада асқота олмайман.»

Ушбу огоҳлантирув тамомига етгач, одамлар тарқалдилар, уларнинг ҳеч бирларидан бирон жавоб айтилгани маълум эмас, фақат Абу Лаҳаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёмон муомалада бўлди ва: «Ҳе, қуриб кетгур, бизни шунинг учун тўпладингми?», деди. Ана шунда Аллоҳнинг қуйидаги каломи нозил бўлди: «Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай!». (Масад сураси.) [2]

Бу олий нидо бағоят тушунарли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг энг яқин кишиларига ўзи билан улар ўртасидаги алоқага ҳаёт бағишлаб турадиган нарса бу – рисолатни тасдиқлаш эканини, араблар ўртасида жуда кучли бўлган қариндош-уруғчилик таассуби Аллоҳ ҳузуридан келган ана шу огоҳлантиришнинг ҳароратида эриб кетишини очиқ-ойдин баён қилдилар.

Ана шу овоз Макканинг тўрт томонида акс-садо бериб турар экан, Аллоҳ таолонинг: «Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) ошкор қилинг ва мушриклардан юз ўгиринг!» ояти нозил бўлди (Ҳижр – 94). Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг йиғин ва мажлисларида Исломга очиқ-ошкор даъват қила бошладилар, уларга Аллоҳнинг Китобини тиловат қилар ва барча пайғамбарлар ўз қавмларига айтган: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир» деган сўзларни айтар эдилар, уларнинг кўз олдида Аллоҳга ибодат қилардилар, куппа-кундузлари Каъбанинг олдида ошкора намоз ўқирдилар.

У кишининг даъватларига қулоқ солувчилар кўпая бошлади, одамлар битта-битта Аллоҳнинг динига кира бошладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширк хурофотлари ва унинг тўқималарига қарши гапира бошладилар. Бут-санамларнинг аслида нималигини, уларнинг ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмаслигини баён қилдилар. Сохта олиҳаларнинг ҳеч нарсага ярамаслигини мисоллар орқали тушунтириб, ушбу олиҳаларга сиғинган ва уларни ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачи қилган кимсаларнинг очиқ-равшан залолатини исботлаб бердилар.

Макка қаҳр-ғазабдан ёрилиб кетай дерди. Мушриклар ва бутпарастларнинг залолати ҳақида очиқ айтилган сўзларни эшитганида Макка аҳли ҳангу-манг бўлиб қолди. Гўё кўкда чақмоқ чаққандай бўлди. Момақалдироқ гулдираб, яшин чақнаб, тинч-сокин муҳит зилзилага тушди. Қурайш бехосдан бош кўтарган ва унинг урф-одатларига ҳамда ота меросларига таҳдид солаётган бу қўзғолонни бостиришга уринди. Чунки улар иймон калимасининг маъноси Аллоҳдан ўзганинг илоҳлигини инкор қилиш эканини, рисолат ва охират кунига ишонишнинг маъноси эса бошқалар нари турсин, ҳатто ўзларининг молу жонларида ҳеч қандай ихтиёр қолмасдан буткул Аллоҳ ҳукмига тобе ва таслим бўлиш дегани эканини яхши билардилар. Бинобарин, уларнинг дин номи билан ўзга араблардан юқори туришлари ҳам барҳам топиб, Аллоҳ ва Расули розилиги қаршисида Қурайшнинг розилиги ҳеч нарса бўлмай қоларди. Шунингдек, уларнинг ҳимоясиз кишилар устидан қилаётган зўравонликлари ва эрта-ю кеч асосий юмушлари бўлган ёмонликлар силсиласига ҳам чек қўйиларди. Ана шу маъноларни англаб етган Қурайш бундай «шармандали ҳолат»га асло рози бўлолмасди. Хайр ёки мукаррамлик учун эмас, «Балки инсон олдинда (келгуси ҳаётида ҳам) фисқ-фужур (гуноҳ амалларни) қилмоқни истар!» (Қиёмат-5).

Қурайш юқоридагиларнинг ҳаммасига жуда яхши тушуниб турса-да, ота-боболарининг узоқ тарихи давомида на мисли ва на назири кўрилмаган, гўзал ҳулқлар ва инсоний қадриятларнинг олий намунаси бўлган содиқ ва амин кишига қарши нима қилар эди?! Хўш, улар қандай йўл тутсинлар?! Қарши кураш масаласида Қурайшнинг боши қотди. Дарҳақиқат, вазият бошни қотириб қўядиган эди.

Ҳожиларни даъватга қулоқ солишдан тўсиш учун маслаҳат мажлиси

Шу кунларда бошқа бир масала Қурайшнинг бошини қотирарди. Даъват ошкор қилингандан сўнг бир неча ой ўтиб ҳаж мавсуми яқинлашиб қолди. Қурайш ҳаж зиёратига чор-атрофдан араблар келишини яхши биларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари ҳожиларга таъсир қилмаслиги учун Қурайш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусида бирон нарса ўйлаб топиши керак эди. Улар Валид ибн Муғийранинг ҳузурига маслаҳат учун йиғилишди.

– Унинг хусусида бир гапга келишиб олинглар. Тағин ҳаммангиз ҳар хил гапириб бир-бирингизни ёлғончига чиқариб, бирингизнинг гапи иккинчингизникига тўғри келмай юрмасин, – деб маслаҳат берди Валид.

– Сиз бирон гап айтинг, бизга бирон жўяли йўл кўрсатинг – дейишди Валидга.

– Йўқ, сизлар гапиринглар, мен эшитаман.

– Биз уни коҳин, фолбин деймиз.

– Йўқ, Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Биз коҳинларни кўрганмиз. Бу коҳиннинг замзамалари ва қофияли сўзлари эмас, – деб инкор қилди Валид.

– Мажнун деб айтамиз.

– Йўқ, у мажнун эмас. Биз мажнунлик нималигини яхши биламиз, мажнунликни кўрганмиз. Бу мажнуннинг талвасалари, телбаликлари ёки васвасалари эмас.

– Шоир деб айтамиз.

– Йўқ, у шоир эмас. Биз шеърни; унинг ражази-ю, ҳажазини (шеър баҳрлари), назмини, унинг катта-ю кичигини жуда яхши биламиз. Бу шеър эмас.

– Сеҳргар деб айтамиз.

– Йўқ, у сеҳргар эмас. Биз сеҳргарларни ҳам, сеҳрни ҳам кўп кўрганмиз. Бу сеҳргарларнинг куф-суфлари ёки тугун тугишлари эмас.

– Унда нима деймиз?

– Аллоҳга қасамки, унинг сўзида ҳаловат бор. Унинг асли бир-бирига боғланган, шохчалари эса серҳосил. Сизлар нима десангизлар ҳам, ёлғонлиги билиниб қолади. Яқинроқ келадигани сеҳргар деб айтишингиздир. У шундай бир сўзни олиб келдики, бу сеҳр ота-ўғил, оға-ини ва эр-хотин ва киши билан қавми ўртасини ажратиб юборади, – деди Валид.

Қурайш шу қарорга келиб тарқалди.[3]

Баъзи ривоятларда қуйидагича қўшимча бор: «Валид ибн Муғийра қавми таклиф қилган барча гапни инкор қилгач, Қурайш унга деди:

– Унда ҳеч қандай нуқсони бўлмаган фикрингизни айтинг.

– Менга муҳлат беринглар, ўйлаб кўрай.

Валид ибн Муғийра ўйлай-ўйлай юқоридаги қарорга келди. Аллоҳ таоло «Муддассир» сурасида Валид ибн Муғийра хусусида ўн олти оят (11-26) нозил қилди. Уларда Валиднинг қандай фикр қилганлари ҳам баён этилган:

«Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу Илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва афтини буриштирди. Сўнгра (Ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди. Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг Сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан) нақл қилинаётган бир сеҳрдир. Бу фақат башарнинг сўзидир», деди.»

Хуллас, Қурайш маслаҳатни бир жойга қўйиб, ишга киришди. Улар ҳажга келганлар ўтадиган йўл бўйига ўтириб олиб дуч келган йўловчига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарларини бериб, уни огоҳлантирар эдилар.[4] Бу ишда Абу Лаҳаб қаттиқ жонбозлик кўрсатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж мавсумида зиёратчиларнинг қўнган манзилларига, Укоз, Мажанна ва Зул-мажоз каби бозорларга бориб одамларни даъват қилсалар, Абу Лаҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларидан юриб: «Унга эргашманглар, у диндан қайтган ёлғончи» дерди.[5] Бунинг натижаси шу бўлдики, ҳаж мавсумида араблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хабарларини олиб қайтишди ва бутун араб ерларига Пайғамбар чиққанлиги ҳақидаги хабар тарқалди.

Қурайшнинг даъватга қарши қўллаган турли услублари

Қўллаган чора-тадбирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъватдан тўхтата олмаганини кўриб, Қурайш яна бир бор фикр қилиб кўрди. Улар даъватга қарши турли услубларни ўйлаб топишди. Қуйида уларнинг қисқача баёни билан танишамиз:

1. Масхаралаш, ҳақоратлаш, истеҳзо, ёлғонга чиқариш

Мушриклар ана шу тариқа мусулмонларни заифлаштириб, уларнинг маънавий қувватларини синдирмоқчи бўлишди. Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турли масхараомуз лақаблар тўқиб, ҳақоратлашга тушди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мажнун деб аташди: «Улар (яъни, Макка кофирлари Муҳаммад алайҳис-саломни масхара қилишиб): «Эй ўзига эслатма-Қуръон нозил қилинган, (деб даъво қилаётган) киши, дарҳақиқат, сен мажнунсан, дедилар.» (Ҳижр – 6-7).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни сеҳргар ва ёлғончи дейишди: «(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни, башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантирувчи – Пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: «Бу бир ёлғончи сеҳргардир.» (Сод – 4).

Мушриклар қаҳр-ғазабга тўлиб, оч ва адоватли кўзлари билан еб қўйгудек бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қарши олишар, кузатиб қолишарди. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта кофир бўлган кимсалар Эслатма-Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар ва (Муҳаммад) шак-шубҳасиз, мажнундир, дерлар.» (Қалам-51).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камбағал-бечора асҳоблари билан ўтирганини кўришса: «Бизларнинг орамиздан ана ўшаларга Аллоҳ инъом қилган эмишми?!» (Анъом-53) дейишарди мушриклар. Аллоҳ таоло уларга шундай жавоб берди: «Ахир шукр қилувчиларни Аллоҳ яхшироқ билувчи эмасми?!» (Анъом-53).

Қуръони Карим мушрикларнинг мўминларга қилган ёмон қилмишларини қуйидагича ҳикоя қилади: «Дарвоқеъ, жинояткор-кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулувчи бўлдилар. Қачон (мўминлар) уларнинг олдидан ўтсалар, улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қиладилар. Қачон уйларига қайтсалар, (мўминларни масхара қилиб озор берганларидан) шодланиб қайтардилар. Қачон (мўминларни) кўрсалар: «Ана улар шак-шубҳасиз, йўлдан озувчи кимсалардир», дердилар. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар.» (Мутоффифун – 29-33).

Уларнинг масхараю истеҳзолари, таънаю озорлари кундан-кун зиёдалашиб, охир-оқибат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларига ўз таъсирини кўрсатди. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Шак-шубҳасиз, Биз улар (сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз» (Ҳижр-97) оятини нозил қилди, сўнг у зотнинг дилларига таскин бериб, бу сиқилишни кетказадиган нарсага буюрди: «Сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни «шерик»лардан) покланг ва сажда қилувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур! Шунингдек) то сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр-98, 99). Илгарироқ эса у масхараловчиларга Ўзи кифоя қилишини хабар берганди: «Албатта, Биз Ўзимиз сизни масхара қилувчиларни (ҳалок этиш учун) кифоя қиламиз. Улар Аллоҳга яна бошқа «илоҳ»ларни (шерик) қиладилар. Яқинда (Қиёмат Кунида бу қилмишларининг оқибатини) билиб оладилар» (Ҳижр-95, 96), шунингдек уларнинг бу қилмишлари охир-оқибат ўз бошларига бало бўлишини хабар берди: «Сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни ҳалок қилган.)» (Анъом-10).

2. Шубҳалар қўзғаш, ёлғон даъволарни кўпайтириш

Мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган илоҳий таълимотни қоралаб, у ҳақда турли бўҳтонлар ва шубҳа-гумонлар тарқатишди. Халқни даъватдан ва даъват моҳияти ҳақида тафаккур юритишдан буткул тўсиш учун қўлларидан келган ҳамма чораларни кўришди. Улар Қуръон ҳақида:

«(Муҳаммад ваҳий деб даъво қилаётган сўзлар – кечаси уйқусида кўриб, кундузи тиловат қилаётган) – алоқ-чалоқ тушлардир» дейишди;

«Балки (бу сўзларни) у ўзи тўқиб олган» (Анбиё-5) дейишди;

«Албатта унга (Қуръонни) бирон одам ўргатмоқда» (Наҳл-103) дейишди;

«(Бу Қуръон) фақат (Муҳаммад) ўзи тўқиб олган бир ёлғондир. Унга бу (ёлғонни тўқишда) бошқа бир қавм (айрим аҳли китоблар) ёрдам қилган», дейишди» (Фурқон-4);

«(Бу) аввалгиларнинг афсоналаридир, (Муҳаммад) уларни кўчириб олган. Бас, (бу афсоналар бировлар томонидан) унга эрта-ю кеч ўқиб берилур», дедилар.» (Фурқон-5).

Гоҳо улар: «Муҳаммаднинг ҳам бошқа коҳин-фолбинларга ўхшаб ўз жини ё шайтони бор», дейишди. Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларини рад қилиб, шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) айтинг: «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушади.» (Шуаро-221,222). Яъни, улар гуноҳлар билан булғанган, фожир ва каззоб кимсага тушади, сизлар менинг на бирон ёлғон сўз айтганимни биласиз ва на менда бирон фисқу фужурни кўргансиз. Шундай экан, қандай қилиб Қуръонни шайтонлар туширган деб айтасиз?!

Гоҳо улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида: «Унга жунун етган, шоирлар каби хаёлига келган нарсаларни чиройли ва жозибадор сўзларга айлантириб ўқийди, у шоир, айтаётган сўзлари эса шеър» дейишди. Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларини ҳам рад қилди: «Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?!» (Шуаро – 224-226). Шоирларда бўладиган мазкур учта сифатдан бирортаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламда кузатилмаган эди: у зотга эргашган кишилар ҳидоятланган ва ўзгаларни ҳам ҳидоятга бошловчи, тақводор, динда ҳам, хулқ-атворда ҳам, иш-ҳаракатларида ҳам солиҳ зотлар эди, уларда залолатнинг асари ҳам йўқ эди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шоирларга ўхшаб ҳар водийда дайдимас, фақат ягона Аллоҳга, битта дин ва битта йўлга даъват қилардилар. Яна У зот фақат ўзлари амал қиладиган сўзларни айтардилар, айтганларига амал қилардилар. Шундай экан, у зот қаердалар-у, шеър ва шоирлар қаёқда?!

Ҳоказо, Аллоҳ таоло мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, Қуръонга ва Исломга қарши ўйлаб топаётган ҳар қандай шубҳаларини шу каби қаноатлантирарли жавоблар билан парчалаб ташлади.

Уларнинг асосий шубҳалари аввало тавҳид ҳақида, сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари ҳақида, сўнгра ўлгандан сўнг Қиёматда қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб учун жамланиш ҳақида эди. Қуръон уларнинг тавҳид борасидаги барча шубҳаларига жавоб айтибгина қолмай, бу масалани ҳар томонлама изоҳлаб берадиган қўшимчаларни зиёда ҳам қилди, уларнинг олиҳаларининг нақадар ожиз эканини баён қилди. Мушрикларнинг қаҳр-ғазаблари алангаланишига сабаб шу бўлса ажаб эмас.

Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари хусусидаги шубҳаларига келсак, улар у зотнинг ростгўй, омонатдор, ғоятда солиҳ ва тақводор эканларини эътироф қилишса-да, бироқ нубувват ва рисолат мансабини инсон зотига берилишдан улуғ ва юқори нарса деб эътиқод қилишарди. Уларнинг эътиқоди бўйича, одамзот расул-элчи бўлолмас, расул инсон зотидан бўлиши мумкин эмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликларини эълон қилиб, ўзларига иймон келтиришга чақиргач, улар ҳанг-манг бўлиб қолдилар ва у зот ҳақларида: «Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ейди ва бозорларда юради?!» (Фурқон-7) дейишди;

«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир инсон, Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган эмас», дейишди. Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларига жавобан деди: «Айтинг: «Одамлар учун нур ва ҳидоят бўлган ҳолида Мусо келтирган… Китобни (Тавротни) ким нозил қилган эди?!» (Анъом-91) Улар Мусонинг инсон эканини билишар ва эътироф этишарди. Уларга яна шундай жавоб бердики, ҳар бир қавм ўзларига келган пайғамбарнинг пайғамбарлигини инкор этаркан: «Сизлар ҳам ҳудди ўзимизга ўхшаган одамларсиз» дейишганди, шунда «Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам ҳудди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилур» (Иброҳим-10, 11). Демак, пайғамбар ва расуллар одамлардан бўлади, пайғамбарлик билан инсонлик ўртасида зиддият йўқ.

Улар Иброҳим, Исмоил ва Мусо алайҳимус-саломнинг пайғамбар ва инсон бўлганликларини эътироф этишлари боис бу шубҳаларида қайсарлик билан қаттиқ тураверишдан наф йўқлигини тушуниб, бошқа томондан шубҳа қўзишди: «Аллоҳ ўзининг элчилигига шу бир етим ва мискиндан бошқасини тополмабдими, Макка ва Тоифнинг зодагонлари қолиб, шу мискинни элчи қиладими?! «Бу Қуръон икки қишлоқ(яъни Макка ва Тоифнинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди», дедилар» (Зухруф-31). Аллоҳ таоло уларга жавобан нозил қилди: «Парвардигорингизнинг раҳматини ўшалар тақсимлайдиларми?!» (Зухруф-32). Яъни, рисолат ва ваҳий Аллоҳнинг раҳмати, «Аллоҳ Ўз рисолатини қаерга қўйишни яхшироқ билувчидир» (Анъом-124).

Шундан сўнг бошқа бир шубҳани ўртага ташлашди: Дунё подшоҳларининг элчилари дабдаба-ю асъасалар ичра, бир гуруҳ хизматкорлар ҳамроҳлигида юришади, ҳаётнинг ҳамма қулайликлари улар учун муҳайё, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси бўлса, унда нима учун тирикчилик ғамида бозорларга чиқади?! «Нега бу пайғамбар (оддий одамлардек) таом ейди ва бозорларда юради?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай, ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган – ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар» (Фурқон-7,8). Уларнинг бу шубҳаларига жавобан айтилдики: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам элчидир, яъни унинг вазифаси Аллоҳнинг рисолатини катта-ю кичик, кучли-ю кучсиз, бою камбағал, озоду қулга, ҳамма-ҳаммага етказишдир, агар у дунё подшоҳларининг элчилари каби дабдаба ва ҳашаматлар билан, хизматкору қўриқчилар орасида юрса, заиф ва бечора кишилар унинг ҳузурига етиб боришолмас ва ундан фойдаланиша олмас эди, ҳолбуки халқнинг асосий қисми ўшандай кишилар бўлади, демак у ҳолда рисолат-элчиликдан кўзда тутилган мақсад ҳосил бўлмай қолар ва у деярли фойда келтирмас эди.

Ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилишлари ажабланиш, узоқ санаш ва ақлга сиғдиролмаслик жиҳатидан эди. Айтишардики:

«Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланиб кетган чоғимизда ростдан ҳам яна қайта тирилар эканмизми?! Аввал ўтиб кетган ота-боболаримиз ҳам-а?!» (Соффат-16,17).

«Бу жуда узоқ (ақл бовар қилмайдиган) қайтишдир!» (Қоф-3) дейишарди.

Қайта тирилишни узоқ санаб: «Сизларга (қабрларингизда чириб) титилиб бўлак-бўлак бўлиб кетган вақтингизда шак-шабҳасиз яна янгитдан яратиласизлар, деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми? У Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб олдими ёки жинни бўлиб қолдими?» – дедилар (Сабаъ-7,8).

Мана бундай мазмунда шеър ҳам айтишганди:

Ўлгандан сўнг тирилиш?!
Маҳшаргоҳда терилиш?!
Бу гаплар бари чўпчак,
Эски афсона, эртак!

Бу шубҳаларига дунёда жорий бўлаётган ишларни уларнинг кўз олдиларига олиб келиш билан жавоб берди. Чунончи, золим ўзи қилган зулмлар жазосини кўрмай ўлмоқда, мазлум ўзига зулм қилган кишидан интиқом ололмай ўлиб кетмоқда, муҳсин, солиҳ инсон солиҳлиги ва эҳсонининг мукофотини кўрмай дунёдан ўтмоқда, фожир, ёмон кимсанинг қилган ёмонликлари жазосиз қолмоқда. Агар ўлимдан сўнг қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, дунёда қилинган ҳар бир ишнинг жазо ва мукофотини бериш бўлмаса, ҳамма баробар қолаверар, балки золим ва фожир кимсалар мазлум ва солиҳ инсонлардан кўра бахтлироқ бўлган бўлур эдилар. Бу эса мутлақо ақлга тўғри келмайдиган бир иш. Аллоҳ таоло Ўзи яратган халқларнинг низомини бундай фасод устига бино қилиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтди:

«Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қиламизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам-35,36).

«Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод-28).

«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қиладилар-а?!» (Жосия-21).

Қайта тирилишни ақлга сиғдиролмасликларига жавобан Аллоҳ таоло шундай оятлар нозил қилди:

«(Эй мушриклар), сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?!»(Ван-нозиот-27).

«Ахир улар (охиратда қайта тирилиш ҳақ эканини инкор қилувчи кимсалар) осмонлар ва Ерни яратган, уларни яратишга ожизлик қилиб қолмаган зот Оллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодир эканлигини (ўйлаб) кўрмадиларми?! Йўқ, албатта (Оллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодирдир). Зеро У зот барча нарсага қодирдир.» (Аҳқоф-33).

«Дарвоқеъ сизлар дастлабки пайдо бўлишларингиз (қандай бўлгани)ни билдинглар-ку! Бас, эслатма-ибрат олмайсизларми?!» (Воқеа-62).

Ақлий ва урфий жиҳатдан маъруф бўлган нарсани баён қилди, яъни қайта тирилтириш аввал бошда яратишдан кўра осондир:

«У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир.» (Рум-27).

«Биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз.» (Анбиё-104).

«Ахир Биз аввалги яратишга (яъни йўқдан бор қилишга) ожизлик қилдикми? Йўқ, (ожизлик қилмадик, демак тупроққа айланган жасадларга қайта жон ато этишга ҳам ожизлик қилмаймиз)» (Қоф-15).

Ҳоказо, уларнинг барча шубҳаларига ақли бор ҳар қандай одамни қаноатлантирадиган мана шундай кучли ва мантиқий жавоблар билан раддиялар берди. Бироқ, улар ер юзида зулму зўравонлик қилишни ва халқларга ўз фикрларини мажбуран ўтказишни истайдиган жанжалкаш, мутакаббир кимсалар бўлганидан ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрганча қолаверишди.

3. Одамларни Қуръонга қулоқ солишдан тўсиш ва аввалгиларнинг афсоналарини Қуръонга қарши қўйиш

Мушриклар шубҳалар қўзиш билангина чекланиб қолмай, балки қўлларидан келган ҳар қандай йўл билан одамларни Қуръонга ва Ислом даъватига қулоқ солишдан тўсишга уринишарди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъват қилишга ҳозирланаётганларини ёки у зотнинг намоз ўқиётганларини ва Қуръон тиловат қилаётганларини кўришса, одамларни узоқроққа ҳайдашар, шовқин-сурон кўтаришар, куй-қўшиқлар билан ўйин-кулгилар бошлаб юборишар эди. Аллоҳ таоло айтади: «Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига: «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғизларингизга келган гапни) жаврайверинглар (шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар», дедилар.» (Фуссилат-26). Ҳатто, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг йиғин ва мажлисларида уларга Қуръон оятларини тиловат қилишга фақатгина бешинчи йилнинг охирларига келибгина қодир бўлдилар. Шунда ҳам уларга ўз қасдларини олдиндан билдирмасдан, бирданига бошлаб юборардилар.

Қурайш шайтонларидан бири бўлган Назр ибн Ҳорис Ҳийрага бориб, у ердан форс шоҳлари ҳақидаги, Рустам ва Исфандиёр ҳақидаги ривоятларни ўрганиб келди. Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга Аллоҳни эслатиб, уларни Аллоҳ азобидан огоҳлантирмоқчи бўлсалар, Назр ибн Ҳорис ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан етиб келарди.

– Аллоҳга қасамки, Муҳаммад менчалик яхши гапира олмайди,- деб одамларга форс шоҳлари, Рустаму Исфандиёр ҳақида гапира бошларди. Сўнг «Муҳаммад нимаси билан мендан яхшироқ гапиради?!», дерди.[6]

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоятида айтилишича, Назр ибн Ҳорис қўшиқ айтадиган жория сотиб олиб, кимнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мойиллик билдирганини эшитиб қолса, уни етаклаб жориясининг ёнига олиб келар, жорияси ҳалиги одамга таом узатиб, шароблар қуйиб бериб, қўшиқлар куйлаб, унинг Исломга мойиллиги йўқолмагунга қадар машғул бўларди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти Назр ибн Ҳорис хусусида нозил бўлган: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг Йўлидан оздириш учун ва у (Йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур.» (Луқмон-6).[7]

[1] Ибн Асир, «Комил»: 1/584, 585.

[2] Саҳиҳул Бухорий (2753, 3525-3527, 4771-ҳ), Саҳиҳ Муслим (1/114), Жомеут-Термизий: Шуаро сураси тафсири.

[3] Ибн Ҳишом : 1/271, Байҳақий, Абу Нуайм ва бошқалар ҳам ривоят қилганлар.

[4] Ибн Ҳишом: 1/172.

[5] Муснаду Аҳмад: 3/294, 4/341, Ал-бидая ван-ниҳая: 5/75, Канзул-уммал: 12/449, 450.

[6] Ибн Ҳишомдан қисқартирилган ҳолда келтирилди.

[7] «Ад-дуррул-мансур»: Луқмон сурасининг тафсири.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.