Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

008. Мўминларга қилинган зулмлар

Нубувватнинг тўртинчи йили бошларидан ошкор қилинган даъватга қарши Қурайш мушриклари юқоридаги услубларни бирма-бир қўллаб кўрдилар. Ҳафталар, ойлар шу зайлда ўтди. Мушриклар ҳали таъқиб ва тазйиқ йўлига ўтишмаган эди. Бироқ улар юқоридаги чора-тадбирлари даъватга қарши ҳеч қандай фойда бермаётганини кўргач, яна бир бор маслаҳат учун йиғилдилар. Ўзаро маслаҳат ва мунозарадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг асҳобларига қарши қатъий қарорга келишди. Улар Исломга қарши кураш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бериш, динга кирганларни қийноққа солиш ва уларга қарши турли жазо чораларини қўллаш йўлида ҳеч нарсани аямасликка қарор қилишди.

Қурайш ана шу қарорнинг татбиқига киришди. Ҳар бир қабила бошлиғи ўз қабиласидан Исломни қабул қилган кишиларини ўзи турли-туман қийноққа сола бошлади. Ҳар бир саййид ўзининг иймон йўлини танлаган қулига азоб берарди.

Табиийки, зодагон ва оқсоқолларнинг думлари ва малайлари ҳам ўз хожаларини рози қилиш учун ҳар қандай разилликдан қайтишмасди, мусулмонларга, айниқса, улар ичидаги ожизу нотавон кишиларга нисбатан даҳшатли азобларни қўллашар, улар қилган ваҳшийликларни эслашдан кишининг эти сесканади.

Абу Жаҳл бирон-бир обрўли ва ҳимоячилари бор одамнинг Исломга кирганини эшитиб қолса, унга қаттиқ дашномлар бериб, обрўсини тўкар ва мол-давлати ҳамда обрў-эътиборини йўқотиб юбориши билан таҳдидлар қиларди. Агар Исломга кирган киши заиф-ҳимоясиз мўминлардан бўлса, уни урар, бошқаларни ҳам унга қарши гиж-гижларди.[1]

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни ўзининг амакиси хурмо баргларидан тўқилган бўйрага ўраб, тагидан тутун тутатарди.[2]

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг онаси ўғлининг мусулмон бўлганини билгач, унга овқат бермай қўйди ва уйидан ҳайдаб чиқарди. Илгари яхши еб-ичиб юрган Мусъаб розияллоҳу анҳунинг терилари қуруқшаб, илон терисига ўхшаб қолди.[3]

Суҳайб ибн Синон ар-Румий ўзига берилган азобнинг зўридан ҳушидан айрилиб, нима деяётганини билмай қоларди.[4]

Билол розияллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг қули эди. Умайя унинг бўйнига арқон боғлаб, ёш болаларнинг қўлига бериб қўяр, улар Билол розияллоҳу анҳуни Макка тоғларида арқон билан етаклаб юришар, у эса “Аҳад! Аҳад!” дерди. Қаттиқ тортишганидан бўйнида арқон излари кўриниб турарди. Умайя Билол розияллоҳу анҳуни маҳкам боғлаб қўйиб калтаклар, қуёшнинг тиғида ўтиришга мажбур қилар ва оч қолдирар эди. Энг қаттиқ азоби-айни кун қизиган пайтда Билол розияллоҳу анҳуни Макка дараларига олиб чиқиб, ерга ётқизар ва устидан катта тошни бостиришга амр қиларди. «Аллоҳга қасамки, ё шу ҳолатда ўлиб кетасан ёки Муҳаммадга куфр келтириб, Лот ва Уззога ибодат қиласан», деб зуғум қиларди Аллоҳнинг душмани. Кўкрагидан улкан тош босиб ётган Билол розияллоҳу анҳу эса: «Аҳад! Аҳад!», яъни Аллоҳ бир, ягона дер, «Агар бундан кўра ҳам ғазабингизни қўзғовчироқ бирон сўз билсам, албатта айтган бўлардим», деб қўшиб қўярди.

Бир куни Билол розияллоҳу анҳуни яна шундай қийнаб турганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўтиб қолди. Сиддиқ розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуни бир қора қул бадалига сотиб олди. Баъзилар беш ёки етти уқия кумуш эвазига сотиб олиб, озод қилган дейишади.[5]

Бану Махзумнинг мавлоси (озод қилинган қули) бўлган Аммор ибн Ёсир[6] розияллоҳу анҳу ота-онаси билан биргаликда Исломни қабул қилган эди. Мушриклар Абу Жаҳл бошчилигида бу мўмин оилани кун қизиган пайтда Макка дараларига олиб чиқиб, унинг қайноқ ҳарорати билан азобларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам азобга солинган Аммор ва унинг ота-онаси ёнидан ўтар эканлар, шундай дедилар: «Эй Ёсир оиласи, сабр қилинглар, сизларга ваъда қилинган жой жаннатдир!» Ёсир қийноқ остида жон берди. Амморнинг онаси Сумайяни эса Абу Жаҳл остидан найза тиқиб ўлдирди. Сумайя Исломдаги энг биринчи шаҳида саналади. У Сумайя бинт Хайёт Абу Ҳузайфа ибн Муғийра ибн Абдуллоҳ Махзумийнинг озод қилган чўриси бўлиб шаҳид қилинганда ёши улуғ, нимжон аёл эди. Мушриклар Аммор розияллоҳу анҳуга бир сафар қаттиқ иссиқ билан, бошқа сафар кўкрагига қип-қизил тош бостириб ва яна бир гал эса сувга пишиб, қаттиқ азоблар беришди. «Муҳаммадни ҳақорат қилмагунингча ёки Лот ва Уззо ҳақида яхши гап айтмагунингча сени тинч қўймаймиз», дейишарди мушриклар. Қийноқ остида уларнинг айтганларини қилишга мажбур бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу кўзларидан ёш оқизиб, узр сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас)» (Наҳл-106).[7]

Абу Фукайҳа – исми Афлаҳ – Бану Абдуд Дорнинг мавлоси, асли Азддан эди. Мушриклар унинг оёқларига темир кишан солиб, кун қизиб авжига чиққан пайти олиб чиқишар, кийимларини ечиб, ёткизиб, устига катта харсангтошни қўйиб қўйишар, қимир этолмасдан шу ҳолда ётавериб, ҳушини йўқотар эди. Бир марта оёғини арқон билан боғлаб, судрадилар, сўнг қизиган қум-тошлар устига ташлаб, қаттиқ бўғдилар, ҳатто ўлди деб гумон қилишганди, ўлмай қолган экан. Шу пайт Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўтиб қолиб уни сотиб олдилар ва Аллоҳ йўлида озод қилдилар.[8]

Хаббоб ибн Арат Умму Анмор бинти Сибаъ Хузоийянинг қули эди. У темирчи бўлган, исломни қабул қилгач, хожаси унга ўт билан азоб берди, қиздирилган темирни унинг орқаларига ва бошига босиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга куфр келтиришга мажбурлар, бу эса унинг иймон ва Исломига заррача путур етказолмас эди. Мушриклар ҳам уни жуда қаттиқ қийнашди. Сочларидан ушлаб куч билан тортишди, бўйнини бураб-бураб қийнашди. Бир марта ёниб турган ўт устига ётқизишди, сўнг устидан тош бостиришди, ҳатто баданидан эриб оққан ёғ ўтни ўчириб қўйди.[9]

Зиннира румлик жория эди. У ҳам исломи сабабли қаттиқ азобга дучор бўлиб, кўзи кўрмай қолди. Мушриклар унга: «Лот ва Уззо сени кўзингдан маҳрум қилишди», дейишганда: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас, бу Аллоҳ тарафидандир, агар Аллоҳ истаса Ўзи шифо беради», деди. Эртаси эрталаб кўзи тузалган ҳолда уйғонди. Шунда Қурайш: «Бу Муҳаммаднинг сеҳрларидан биттаси», дейишди.[10]

Бану Зуҳранинг жорияси Умму Убайс Исломни қабул қилганди. Мушриклар, хусусан ўзининг хожаси Асвад ибн Абду Яғус уни қийноққа соларди. Бу кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ашаддий душманлардан ва у зотни масхара қилувчилардан бири бўлган.[11]

Бану Адий уруғидан бўлмиш Умар ибн Муаммалнинг жорияси Исломни қабул қилганди, ўша кунларда мушрик бўлган Умар ибн Хаттоб уни чарчагунга қадар урарди. Уриб чарчагач, «Сени инмондан ноумид бўлмагунингча тек қўймайман», дерди. Шунда у: «Раббинг сени ҳам худди шундай қилади», дерди.[12]

Наҳдия ва унинг қизи ҳам Исломни қабул қилгани туфайли азобга йўлиққан жориялардан эди. Улар Бану Абдуддорлик бир аёлнинг чўрилари эди.[13]

Қийноққа солинган қуллардан бири Омир ибн Фуҳайра эди. У ҳам қийноқнинг зўридан ўзидан кетиб, нима деяётганини билмай қоларди.[14]

Мазкур жория ва қулларни Абу Бакр — Аллоҳ уларнинг ҳаммаларидан рози бўлсин — мушриклардан сотиб олиб озод қилди. Отаси Абу Қуҳофа уни бу иши учун койиб: «Сен фақат заиф қул-чўриларни озод қилаяпсан, бунинг ўрнига куч-қувватли эркакларни озод қилсанг, ўзингни ҳимоя қилишар эди», деганида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Мен бу ишим билан Аллоҳ юзини истаяпман» деб жавоб берди. Аллоҳ таоло Абу Бакрни мақтаб, душманларини эса маломат қилиб, қуйидаги оятларни туширди:

«Бас, (эй инсонлар), Мен сизларни ловуллаб ёниб турган оловдан – дўзахдан огоҳлантирдим. Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур!» (Вал-лайл: 14-16 оятлар). Бу кимса Умайя ибн Халаф ва унинг ҳамтовоқларидир.

«Ўзи покдомон бўлиб, мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган тақводор киши у (дўзах)дан йироқ қилинур. У (тақводор киши) ҳузурида – зиммасида бирон кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. (Яъни, у бирон кимсанинг ўзига ўтказиб қўйган яхшилигини қайтариш учун хайр-саховат кўрсатмайди). У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг юзини истаб (мол-давлатини сарф қилур). Ва яқинда (Парвардигори унга ато этадиган мукофот – жаннат неъматларидан) рози бўлур.» У Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудир. (Вал-лайл: 17-21 оятлар).

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзига ҳам озорлар етди. Навфал ибн Хувайлид ал-Авфий у билан Талҳа ибн Убайдуллоҳни намоздан ва диндан тўсиш учун иккисини бириктириб битта арқонга боғлаб қўйди, бироқ бунинг фойдаси бўлмади. Улар ундан қўрқмадилар, шу ҳолатда ҳам биргаликда намоз ўқийвердилар. Мана шу воқеа сабабли бу икковлари қаринайн (боғланганлар) деб аталдилар. Баъзи ривоятларда уларни боғлаб қўйган одам Талҳанинг акаси Усмон ибн Убайдуллоҳ эди, дейилади.[15]

Хуллас, мушриклар бирон кишининг Исломга кирганини билишди дегунча унга озор ва қийноқларни ёғдиришар, бу иш мусулмонларга, хусусан, уларнинг заиф-бечораларига нисбатан жуда осон эди. Зеро, уларнинг тарафини оладиган ва ҳимоялайдиган киши йўқ эди. Аммо Исломни қабул қилган бообрў ва эътиборли кишиларга нисбатан иш бироз қийинроқ эди. Чунки, улар қавмлари тарафидан ҳимоя ва кучга эга эдилар. Шу боис уларга озор етказиш учун қавмнинг оқсоқолларигина журъат қила олар, бу ҳам қаттиқ эҳтиёткорлик билан бўларди.

Мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муносабатлари

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан аҳвол қандай эди?! Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўсту-душман ҳурмат кўзи билан қарайдиган, нодир табиатли, ажиб виқорли улуғ инсон эдилар. Фақат ҳурмат ва иззат-икромга муносиб бўлган бундай Зотга қарши разиллик қилмоқ ёлғиз нодон ва ўта паст кимсаларнинг қўлидан келарди. Бунинг устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макканинг таниқли кишиларидан бўлмиш Абу Толибнинг ҳимоясида эди. Насл-насаб ва одамлар ўртасидаги ҳурмат-эътибор борасида юқори мавқега эга бўлган Абу Толибдек кишининг ҳимоясини бузиб, унинг жигарига қарши қўл кўтаришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. Шунинг учун Қурайш нима қилишни билмай қолди. Юзага келган вазият уларни бу боши берк кўчадан оқибати ёмон бўлмайдиган равишда чиқиб кетишлари учун соғлом фикр юритишга мажбур қилди. Ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят энг катта масъул шахс – Абу Толиб билан келишув йўлини тутишга, бироқ у билан сўзлашувда ғоят ҳикмат ва жиддийликни лозим тутишга, шу билан бирга уни ўз фикрларига бўйсиндириш учун бироз махфий таҳдиду пўписа билан чўчитишга қарор қилишди.

Қурайш вакиллари Абу Толиб ҳузурида

Ибн Исҳоқ ёзади: «Қурайш улуғларининг бир неча нафари Абу Толибнинг олдига келиб шундай дейишди:

– Эй Абу Толиб, жиянингиз олиҳаларимизни ҳақорат қилди, динимизни ёмонлади. Бизни нодонга чиқариб, ота-боболаримизни адашганлардан деди. Сиз жиянингизни тўхтатинг ёки у билан бизнинг ўртамизни очиб қўйинг. Ахир сиз ҳам худди биз каби унинг йўлига юрмагансиз-ку! Ўзимиз сизга уни тинчитиб берамиз!

Абу Толиб уларга юмшоқ гапириб, чиройли муомала қилди. Қурайш вакиллари қайтиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз йўлларида собит туриб, Аллоҳ динини ёйиш ва унга даъват қилишда давом этдилар.[16]

Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз даъватларида давом этаверишларини кўргач, бунга узоқ чидаб туролмади ва Абу Толибга иккинчи маротаба мурожаат қилишга, бу сафар аввалгисидан қаттиқроқ муомала қилишга қарор қилди.

Қурайш Абу Толибга пўписа қилади

Қурайш улуғлари Абу Толибнинг олдига келиб, шундай дейишди:

– Эй Абу Толиб, сиз бизнинг ёши улуғ, обрўли, эътиборли кишимизсиз. Биз сиздан жиянингизни тийиб қўйишингизни талаб қилдик, сиз ундай қилмадингиз. Аллоҳга қасамки, биз энди оталаримизнинг ҳақорат қилинишига, муқаддас туйғуларимизнинг топталишига, олиҳаларимизнинг айбланишига сабр қила олмаймиз. Ё сиз уни тўхтатасиз, ёки унга қўшиб сиз билан ҳам уришамиз. Майли, икки томоннинг бири ҳалок бўлсин.

Бу таҳдид ва қаттиқ талаб Абу Толибни ғамга солди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чақиртириб келиб деди:

– Эй жияним, қавмингиз келиб менга шундай-шундай деб кетди. Менга ҳам, ўзингизга ҳам раҳмингиз келсин. Мен кўтара олмайдиган нарсани устимга юкламанг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, амаким мени ҳимоясиз қолдирмоқчи, у менга ёрдам беришдан ожиз қолибди, деб ўйладилар.

– Эй амаки, Аллоҳга қасамки, шу ишни тарк қилгин, деб эвазига ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни қўйсалар ҳам, то Аллоҳ шу динни ғолиб этгунга қадар ёки шу йўлда ҳалок бўлгунимгача уни тарк қилмасман.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўлиб кетиб, йиғлаб юбордилар ва ўрниларидан турдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бурилиб кетар эканлар, Абу Толиб у кишини чақириб ўзига қаратди ва шундай деди:

– Боринг эй жияним, хоҳлаган гапингизни гапиринг. Аллоҳга қасамки, сизни ҳеч қачон ҳеч нарса учун ташлаб қўймайман.[17]

Сўнг қуйидаги мазмунда шеър ўқиди:

То тупроқни ёстиқ қилиб, қаро ерни қучгунча,
Қасам ичиб айтаманким, мен уларни тўсгайман.
Ошкор айтинг сўзингизни, маҳзун бўлиб юргунча
Қувнанг, токи кўзингизда доим шодлик кўргайман.[18]
Қурайш яна Абу Толиб ҳузурида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъват йўлида давом этаётганларини кўрган Қурайш Абу Толибнинг ўз жиянидан воз кечмаганини тушунди. Демак, у жиянини деб қавмидан ажралишга ва улар билан душман бўлиб қолишга рози. Шундан сўнг Қурайш Валид ибн Муғийранинг Аммора исмли ўғлини олиб Абу Толибнинг олдига келди.

– Эй Абу Толиб, мана бу Қурайшнинг энг етук ва кўркам йигити. Сен шу йигитни ол. Унинг ақли ва кучи сеники. Уни ўзингга фарзанд қилиб ол, у сеники бўлади. Сенинг ва оталарингнинг динига қарши чиққан, қавмингнинг бирлигига путур етказган ва уларни нодонга чиқарган анави жиянингни эса бизга топшир. Биз уни ўлдирамиз. Ўшанда жон бошига жон бўлади.

– Аллоҳга қасамки, сизлар менга нақадар ёмон таклиф айтдингиз. Сизлар менга фарзандингизни берасизлар, мен уни сизларнинг ўрнингизга едириб-ичирайин-да, сизларга ўз ўғлимни берайин, сизлар уни ўлдиринглар?! Йўқ, Аллоҳга қасамки, бу ҳеч қачон бўлмайдиган иш.

Шунда Мутъим ибн Адий ибн Навфал ибн Абдуманоф гапга аралашди:

– Эй Абу Толиб, Аллоҳга қасамки, қавмингиз сизга инсоф қилди. Улар сиз ҳам ёмон кўрадиган нарсадан қутилишмоқчи. Сиз эса, кўриб турибманки, уларнинг ҳеч бир таклифини қабул қилмоқчи эмассиз.

– Йўқ, Аллоҳга қасамки, улар менга нисбатан инсоф қилишмади. Бироқ сен мени кўмаксиз қолдиришни ва менга қарши уларнинг ёнини олишни истаяпсан. Бор, билганингни қил! – деб жавоб берди Абу Толиб.[19]

Қурайшнинг Абу Толиб билан олиб борган ҳар икки музокараси муваффақиятсиз тамомлангач ва Абу Толибни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъватларидан тўсишга кўндириша олмагач, Қурайш шу пайтгача қўл уришга ботинмай келган ишни қилишга – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши очиқдан-очиқ тажовуз йўлини тутишга қарор қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши тажовузлар

Қурайш Ислом даъвати майдонга чиққанидан бери ўзи улуғ санаб ва эҳтиром қилиб келган одобу андишаларнинг ҳаммасини бир чеккага суриб қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши ўзининг тажовузкорона ҳаракатларини бошлади. Албатта бу разилликнинг бошида ҳам Абу Лаҳаб турарди. Аслида Абу Лаҳаб ҳали Қурайш бундай қарорга келишидан анча илгари ўз «фаолият»ини бошлаган эди. Биз унинг Бану Ҳошим йиғинида ва Сафо тоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қандай муносабатда бўлганини юқорида айтиб ўтдик. Бир ривоятда Сафо тоғида Абу Лаҳабнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уриш учун қўлига тош олганлиги нақл қилинган.

Абу Лаҳаб Утба ва Утайба исмли икки ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизи – Руқайя ва Умми Кулсумга уйлантирган эди. Рисолатдан кейин Абу Лаҳаб ўғилларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларини талоқ қилишни қаттиқ туриб талаб қилди. Утба ва Утайба Руқайя ва Умми Кулсумнинг жавобини берди.[20]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иккинчи ўғиллари Абдуллоҳ вафот этганида Абу Лаҳаб қувончга тўлиб, ўз ҳамтовоқларидан «Муҳаммад абтар-насли давом этмайдиган бўлди!» деб суюнчи олиш учун югурганди.[21]

Абу Лаҳаб ҳаж мавсумида ва бозорларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан изма-из юриб у кишини нафақат ёлғончига чиқарарди, балки Ториқ ибн Абдуллоҳ Муҳорибий ривоят қилишича, тош отиб Пайғамбаримизнинг товонларини қонга бўярди.[22]

Абу Лаҳабнинг хотини – Абу Суфён ибн Ҳарбнинг синглиси Умму Жамил Арво бинти Ҳарб ибн Умайя – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қилишда эридан қолишмасди. У кечаси тикан ташиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига ва эшикларининг олдига сочиб кетарди. Умму Жамил тили ёмон хотин бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турли бўҳтон ва туҳматларни тўқир, фитна оловига мой сепиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши имкони борича одамларни қайрарди. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда бу аёл «حمالة الحطب», яъни «тинмай ўтин орқалайдиган аёл» деб таърифланди. Умму Жамил ўзи ва эри ҳақида нозил бўлган илоҳий оятларни эшитгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни излаб келди. Пайғамбаримиз Масжидул Ҳаромда Абу Бакр билан ўтирган эдилар. Қўлини тошга тўлдириб олган Умму Жамил у иккисининг олдига келиб тўхтади. Аллоҳ таоло унинг кўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмайдиган қилиб қўйди. Мушрика аёл фақат Абу Бакр розияллоҳу анҳунигина кўрарди.

– Эй Абу Бакр, соҳибинг қани? Эшитишимча, у мени ҳажв қилибди. Аллоҳга қасамки, агар уни топсам, оғзига мана шу тош билан ураман. Мен ҳам шоираман, – деди-да, Умму Жамил қуйидаги мазмунда шеър ўқиди:

Музаммамга осий бўлдик,
Унинг ишин инкор қилдик,
Динини ҳам ёмон кўрдик.

Сўнг Умму Жамил кетди. «Ё Расулуллоҳ – деб сўради Абу Бакр, – у сизни кўриб турувди-ку?

– У мени кўрмади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Аллоҳ унинг кўзини мендан тўсди.[23]

Абу Бакр ал-Баззор ривоятида мазкур қисса қуйидагича берилган:

– Эй Абу Бакр, соҳибинг мени ҳажв қилибди, – деди Умму Жамил.

– Асло ундай эмас! Мана шу уйнинг Эгасига қасамки, у шеър тўқимайди, шеър ўқимайди.

– Сен ростгўй одамсан, – деди Умму Жамил.[24]

Абу Лаҳаб расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиси ва ён қўшниси бўла туриб худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа қўшнилари каби у кишига уйларида турган ҳолларида озор берарди.

Ибн Исҳоқ ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз уйларида ҳам озор берувчилар – у кишининг қўшнилари бўлган Абу Лаҳаб, Ҳакам ибн Абул Ос ибн Умайя, Уқба ибн Аби Муийт, Адий ибн Ҳамро Сақафий ва Ибнул Асдо Ҳузалийлар эди. Улардан фақатгина бир нафари – Ҳакам ибн Абул Ос кейинчалик Исломни қабул қилди.[25] Бу кимсаларнинг бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида у кишининг устиларига қўйнинг бачадонини олиб келиб ташласа, бошқаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун осилган қозонга уни ташлаб кетарди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида улардан сақланиш учун тўсиқ қилиб оладиган бўлдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларига қўйнинг бачадонини ташлаб кетишса, уни бир чўпга илиб олиб чиқардилар-да, эшикларининг ёнида туриб: «Эй Бану Абду Маноф, бу қандай қўшничилик бўлди?!» дердилар. Сўнг уни бир четга ташлаб юборардилар.[26]

Айниқса Уқба ибн Аби Муийт ўзининг бадбахт ва ярамаслиги билан ажралиб турарди. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбада намоз ўқиётганларида Абу Жаҳл ва унинг ҳамтовоқлари ҳам шу ерда ўтирганди. Улар: «Қай бирингиз фалончи сўйган туянинг қоғоноқ[27]ини олиб келиб Муҳаммад сажда қилганда унинг устига ташлайди?» – дейишди бир-бирига. Шунда қавмнинг энг бадбахти – Уқба ибн Аби Муийт ўрнидан қўзғалиб, ўша нарсани олиб келди ва кутиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида уни икки елкалари ўртасига ташлади. Мен ҳаммасини кўриб турсам-да, ҳеч нарса қилолмасдим. Қанийди, менинг ҳимоям бўлганида! Улар бундан роҳатланиб кулганларидан бир-бирларига суяниб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамон сажда қилиб турардилар. Фотима келиб елкаларидан ўша нопокликни олиб ташлагунга қадар саждадан бош кўтармадилар. Сўнг бошларини кўтардилар.

– Эй Аллоҳим, Қурайшнинг жазосини Ўзинг бергин! – деб уч марта дуоибад қилдилар. Бу уларга оғир келди. Чунки улар бу шаҳарда қилинган дуо ижобат бўлади, деб билишарди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Эй Аллоҳим, Абу Жаҳлни, Утба ибн Рабиани, Шайба ибн Рабиани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни, Уқба ибн Аби Муийтни Ўзинг жазолагин!», деб номма-ном санадилар – Еттинчисининг исмини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам санаганлар, лекин саҳобий уни эслай олмади – Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номма-ном санаган кишиларнинг жасадини Бадр чоҳига ташланганини аниқ кўрдим.»[28]

Умайя ибн Халаф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганида ҳақоратлаб, айбларди. Қуйидаги оятлар унинг ҳақида нозил бўлди: «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай». («Ҳумаза»-1).

Ибн Ҳишом ёзади: Ҳумаза – кишини ошкора ҳақорат қилиб, кўзларини қисиб, ғамза-ишоралар қилувчи кимса. Лумаза эса одамларга орқаваротдан айблаб, озор берувчи кимса.[29]

Умайя ибн Халафнинг укаси Убай ибн Халаф Уқба ибн Аби Муийт билан қалин дўст эди. Бир сафар Уқба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтириб, у кишини тинглаганида, бундан хабар топган Убай Уқбани қаттиқ койиди ва ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига туфлашни талаб қилди. Уқба унинг талабини адо этди. Убай ибн Халафнинг ўзи эса чириган суякни майдалаб, сўнг уни шамолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон учирди.[30]

Ахнас ибн Шариқ Сақафий ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёмонлик қилувчилар сафида эди. Қуръони Карим уни тўққизта сифат билан сифатлади. Бу сифатлар унинг қандай ярамас кимса бўлганлигини кўрсатиб туради: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), яна Сиз ҳар бир тубан, қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи, яхшиликни ман қилувчи-бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг!» (Қалам-10-13).

Баъзида Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, Қуръон эшитарди. Сўнг иймон келтирмасдан, итоат қилмасдан, одоб олмасдан, Аллоҳдан қўрқмасдан кетарди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тили билан озор бериб, Аллоҳ йўлига тўсқинлик қилиб, боз устига гўё зўр иш қилган кишидек ана шу қилмишидан ғурурланиб, қўл урган гуноҳидан фахрланиб юрарди. Қуйидаги оятлар унинг хусусида нозил бўлди: «На (Қуръон ва Пайғамбарни) тасдиқ этди ва на намоз ўқиди! Балки у (Қуръонни) ёлғон деди ва (иймондан) юз ўгирди! Сўнгра (мана шу қилмишларидан уялиш ўрнига) гердайганича ўз аҳли томон кетди!…» (Қиёмат-31-33).

Абу Жаҳл Ҳарамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиётганини кўрган илк кунлариданоқ у зотни намоздан қайтармоқчи бўларди. Бир сафар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мақоми Иброҳимда намоз ўқиб турганларида Абу Жаҳл «Эй Муҳаммад, сени бундан қайтармаганмидим?!» деб таҳдидлар қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қаттиқ гапириб уришиб бердилар.

– Эй Муҳаммад, нимангга ишониб менга таҳдид қилаяпсан? Аллоҳга қасамки, мен шу водийнинг энг ёрдамчиси-жамоаси кўп кишиси бўламан – деди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил этди: «Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз!» (Алақ-17).

Яна бир ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Жаҳлнинг бўйнидан ушлаб, силкитиб шундай деганлар: «Ўлим бўлсин сенга, ўлим! Сўнгра яна ўлим бўлсин, ўлим!» (Қиёмат-34,35).

Шунда Аллоҳ душмани деди: «Эй Муҳаммад, менга таҳдид қилаяпсанми? Аллоҳга қасамки, сенинг ҳам, Робингнинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмайди. Ахир мен Макканинг икки тоғи ўртасида юрган кишиларнинг энг қудратлиси бўламан.»[31]

Ана шу қайтариқдан кейин ҳам Абу Жаҳл эсини йиғиб олмади. Аксинча, унинг бадбахтлиги яна ҳам зиёда бўлди. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Абу Жаҳл: – Муҳаммад сизларнинг олдингизда ҳам юзини тупроққа белайдими? – деб сўради.

– Ҳа! – дейишди.

– Лот ва Уззога қасамки, агар уни кўрсам бўйнидан босиб, юзини ерга ишқайман! – деди Абу Жаҳл. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида у кишининг бўйинларини оёғи билан босиш учун келди. Бирдан орқасига тисланиб, қўллари билан ўзини ҳимоя қилди.

– Сенга нима бўлди, Эй Абул Ҳакам! – сўрашди мушриклар.

– У билан менинг ўртамда оловли чоҳ ва даҳшатли қанотлар (пайдо бўлди)! – деди Абу Жаҳл.

– Агар менга яқинлашганида, – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам – фаришталар уни бўлак-бўлак қилиб ташларди.»[32]

Бу айтиб ўтилганлар ўзларини Аллоҳнинг хос бандалари ва Унинг Ҳарами аҳли ҳисобловчи золим мушриклар тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар устига ёғдирилган азобу уқубатларнинг кичик бир парчаси эди.

Тўхтовсиз давом этаётган ана шундай тазйиқлар мусулмонларни бошларига ёпирилиб келаётган бу балодан қутқариб қолиш ва имкон қадар унинг босимини камайтириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатъий чоралар ихтиёр қилишларига сабаб бўлди. У зот даъватни ўз йўлида давом этишига катта таъсир кўрсатган иккита ҳикматли режани қабул қилдилар:

1) Арқам ибн Абу Арқам ал-Махзумийнинг ҳовлисини даъватнинг маркази ва тарбия ўчоғи қилиб танладилар;

2) Мусулмонларни Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрдилар.

Арқам ҳовлиси

Мазкур ҳовли Сафо тоғи этагида жойлашган бўлиб, ёмонларнинг назаридан четда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мусулмонлар билан яширинча учрашув жойи қилиб танладилар. У зот бу ерда мусулмонларга Аллоҳнинг оятларини ўқиб берар, уларни тарбиялар, Қуръону Суннатни ўргатар, мусулмонлар у ерда ибодатларини адо этишар, Аллоҳ пайғамбарига нозил қилган ваҳийни у зотдан хотиржам ва хавф-хатардан холи қабул қилиб олишар, Исломни қабул қилишни истаганлар золимларга билдирмай, шу ерга келиб қабул қилишар эди.

Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Исломни ошкор қилмасликни буюришлари ва улар билан фақат яширинча учрашишлари айни ҳикмат эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар билан ошкора учрашсалар, мушриклар албатта у кишининг кўзлаган мақсадларига – мўминларни поклаш, уларга Қуръон ва суннат таълимини бериш ишларига тўсқинлик қилган бўлишарди. Эҳтимол бу икки томоннинг тўқнашувига ҳам олиб келиши мумкин эди. Ҳатто худди шундай бир иш бўлиб ҳам ўтди: Саҳобалар тоғ этакларида тўпланиб, яширинча намоз ўқишарди. Қурайш кофирларининг бир нечтаси уларни кўриб қолиб, ҳақоратлар қилди ва уришди. Шунда Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу бир мушрикни уриб, қонига бўяди. Бу Ислом йўлида тўкилган биринчи қон эди.[33]

Маълумки, бу хил тўқнашувларнинг такрорланиши мусулмонларнинг мағлубияти ва ҳалокатига олиб борарди. Бинобарин, ҳикмат тақозоси билан даъват махфий тутиларди. Саҳобаларнинг аксарияти ўзларининг Исломларини, ибодатларини, даъватларини ва йиғилиб туришларини яширишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса мушрикларнинг орасида даъватларини ва ибодатларини ошкора қилардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ йўлидан ҳеч нарса тўса олмасди. Бироқ Пайғамбаримиз саҳобалар ва Исломнинг фойдасини ўйлаб, мусулмонлар билан яширинча учрашардилар.

[1] Ибн Ҳишом: 1/320.

[2] «Раҳматан лил-аламийн»: 1/57.

[3] «Усдул-ғоба»: 4/406, «Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар»: 60-с.

[4] «Ал-исоба»: 3,4/255, Ибн Саъд: 3/248.

[5] Ибн Ҳишом: 1/317,318. Ибн Касир тафсири: «Наҳл» сураси 106-ояти тафсири. Бир уқия 37.44 гр га тўғри келади.

[6] «Усдул-ғоба» да Аммор ибн Ёсирнинг ҳақларида шундай дейилади: Ёсир ибн Омир Ансий икки оғаси билан Ямандан ўз акасини излаб Маккага келади. Икки оға Яманга қайтади Ёсир эса шу ерда қолиб Бану Махзумдан бир чўрига уйланади. Ундан Амморни кўради. Кейинчалик чўрининг саййиди Абу Ҳузайфа ибн Муғийра чўрисини озод қилиб юборади. Аммор онаси Сумайяга қўшилиб озод бўлади. Шундай қилиб Бану Махзум Амморнинг валийсига, Ёсирнинг эса иттифоқчисига айланиб қолади.

[7] Ибн Ҳишом: 1/139,320. Табақоту Ибн Саъд: 3/248,249. Ад-дуррул-мансур: «Наҳл» сураси 106-ояти тафсири.

[8] Усдул-ғоба: 5/248, Ал-Исоба: 7,8/152.

[9] Усдул-ғоба: 1/591, 592. Талқиҳул-фуҳум: 60-с.

[10] Табақоту Ибн Саъд: 8/256, Ибн Ҳишом: 1/318.

[11] Ал-исоба: 7,8/258.

[12] Ибн Ҳишом: 1/319, Табақоту Ибн Саъд: 8/256.

[13] Ибн Ҳишом: 1/318, 319

[14] Табақоту Ибн Саъд: 3/248.

[15] Усдул-ғоба: 2/468.

[16] Ибн Ҳишом: 1/256.

[17] Ибн Ҳишом 1/165, 166.

[18] Далоил ун-нубувва лил-Байҳақий: 2/188.

[19] Ибн Ҳишом: 1/266, 267.

[20] Табароний Қатодадан ривоят қилган. Ибн Исҳоқ ривоятига кўра, Қурайш ҳам бунга қаттиқ уринган. Ибн Ҳишом: 1/652.

[21] Атодан ривоят қилинган, Ибн Касир тафсири: Кавсар сураси.

[22] Канзул-уммол: 12/449.

[23] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/335, 336. Муҳаммад-мақталган, Музаммам эса қораланган дегани. Мушриклар адоватлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исмларининг тескарисини айтиб, у зотни ўзларича пастга урардилар (Ат-Тарих лил-Бухорий: 1/11, Саҳиҳул-Бухорий маъал фатҳ: 7/162, Муснаду Аҳмад: 2/244, 340, 369.)

[24] Бу қиссани Ҳоким, Табароний, Абу Яъло, Абу Нуайм ва бошқалар бироз фарқли кўринишда ривоят қилганлар.

[25] У Умавий халифа Марвон ибн Ҳакамнинг отаси эди.

[26] Ибн Ҳишом: 1/416.

[27] Қоғоноқ – бачадонда болани ўраб турадиган парда, йўлдош.

[28] Саҳиҳул Бухорий: Китобул вузуъ: 1/37ҳ. (Еттинчиси Аммора ибн Валид экани 520-ҳадисда очиқ айтилган).

[29] Ибн Ҳишом: 1/356, 357.

[30] Ибн Ҳишом: 1/361, 362.

[31] Ибн Жарир тафсирида, шунингдек, Термизий (5/414ҳ) ва бошқаларда келтирилган.

[32] Саҳиҳул Муслим: 4/2145, 38-ҳ.

[33] Ибн Ҳишом: 1/263.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.