Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

01. Аллоҳ таолонинг бандалар устидаги ҳақлари

Аллоҳ таолонинг бандалари устидаги ҳаққи[2] – Унга ибодат қилишлари ва Унга ҳеч
нарсани ширк келтирмасликларидир. Аллоҳ таоло халқларни яратишидан,
пайғамбарларни юборишидан ва китоблар нозил қилишидан асосий ғоя – мақсад ҳам
шудир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳга ибодат – бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик
қилманглар!»
(Нисо: 36);

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим»
(Ваз-зарият: 56);

«Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри
йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда
закотни
(ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри
йўлдаги
(миллатнинг) динидир» (Баййина: 5);

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди
илгари ўтган
(иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон
қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган

(Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг хавфу-хатарларидан сўнг
тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат
қиладилар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу
(ваъда амалга
ошган)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз
кимсалардир»
(Нур: 55);

«(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам:
«Ҳеч қандай
(барҳақ) илоҳ йўқ, магар Менгина (барҳақдирман), бас
Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз»
(Анбиё: 25);

«Эй иймон келтирган бандаларим, шак-шубҳа йўқки, Менинг ерим кенг,
каттадир. Бас сизлар Менгагина ибодат қилингиз!»
(Анкабут: 56);

«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ
бўлинглар»,
(деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл:
36).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалари
устидаги ҳаққи нималигини биласанми?», деб сўрадилар.

У: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деди.

— «Унга ибодат қилишлари ва ҳеч нарсани ширк келтирмасликларидир.

— Бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳақлари нималигини биласанми?», дедилар.

— «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деди.

— «Уларни азобламаслигидир», дедилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: «Икки нарса (икки нарсани) вожиб қилувчидир», дедилар. Бир киши: «Улар
нималар, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмай
ўлса жаннатга киради, ким Аллоҳга бир нарсани ширк келтириб ўлса дўзахга киради»
дедилар (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё
Расулуллоҳ, қай бир гуноҳ Аллоҳ наздида энг катта гуноҳ ҳисобланади?» деб
сўради. «Аллоҳ сени яратиб қўйган бўлсаю, сен Унга бошқа бировни тенг[3] билиб ибодат
қилишинг» дедилар. «Ундан кейин қайси гуноҳ?» деб сўради. «Таомингга шерик
бўлишидан қўрқиб фарзандингни ўлдиришинг» дедилар. «Ундан кейин қайси гуноҳ?»
деб сўради. «Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишинг» дедилар (Муттафақун
алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Мени бир амалга йўллангки, уни қилсам
жаннатга кирай» деди. «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга биронтани шерик қилмайсан,
фарз намозларни ўқийсан, фарз қилинган закотни ўтайсан, Рамазон рўзасини
тутасан» дедилар. У: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бунга зиёда ҳам
қилмайман, камайтирмайман ҳам» деди. У қайрилиб кетгач, Набий соллаллоҳу алайҳи
ва саллам: «Ким жаннат аҳлидан бўлган кишига боқишни истаса унга боқсин» дедилар
(Муттафақун алайҳ).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам —
Муоз у зотнинг орқаларида эгарга мингашган эди: «Эй Муоз» дедилар. Муоз:
«Лаббай, ё Росулуллоҳ, амрингизга ҳозирман» деди. «Эй Муоз» дедилар. «Лаббай, ё
Росулуллоҳ, амрингизга ҳозирман» деди. Уч марта (такрорлангач) дедилар:
«Сидқидилдан «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун росулуллоҳ» деб гувоҳлик берувчи ҳар
бир кимсани, Аллоҳ таоло дўзахга ҳаром қилгандир». (Муоз) деди: «Ё Росулуллоҳ,
одамларга бунинг хабарини берайми, улар хурсанд бўлсинлар?» У зот дедилар: «У
ҳолда (шаҳодатгагина) суяниб қолиш (иб амални тарк қили)шади.» Муоз (ҳадисни
яшириб) гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрққанидан буни ўлими олдида айтиб берди.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам: «Ким: Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир,
Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва расули, Исо Аллоҳнинг бандаси, расули, чўрисининг
ўғли ва Марям (нинг ичи)га ташлаган сўзидир, жаннат ва дўзах ҳақдир деб гувоҳлик
берса, қилган амалларига қараб, Аллоҳ уни жаннатга киритади» дедилар (Муттафақун
алайҳ).

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

– «Ё Расулуллоҳ, менга шундай бир амални айтинг-ки, у мени жаннатга
киргизадиган, дўзахдан узоқлаштирадиган бўлсин»,- дедим Набий соллаллоҳу алайҳи
ва салламга.

– «Сен жуда катта нарса ҳақида сўрадинг,- дедилар Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам – Бироқ у Аллоҳ таоло осон қилган кишига осондир: Аллоҳга
ибодат қил ва Унга ҳеч нарсани шерик этма. Намозни тўкис адо эт, закот бер,
Рамазон рўзасини тут ва байт (Каъба)га ҳаж қил!»

Сўнг дедилар: «Сени яхшилик эшикларига йўллаб қўяйми?! Рўза (дўзахдан
сақловчи) қалқондир. Садақа бамисоли сув ўтни ўчирганидек гуноҳ-маъсиятлар
(асари)ни ўчиради. Кишининг (кечаси туриб) тунда ўқиган намози ҳам (яхшилик
эшикларидандир).

Сўнг дедилар: «Сенга ишнинг боши, асос-устуни ва энг чўққиси ҳақида хабар
берайми?!»

– «Ҳа, ё Расулуллоҳ!»- дедим мен.

– «Ишнинг боши Ислом (яъни икки шаҳодат калимасини келтириш), устуни намоз
ва энг чўққиси жиҳоддир!»

Сўнг (яна) дедилар: «Сени мана шуларнинг ҳаммасига эга қиладиган нарса
ҳақида хабар берайми?!»

– «Ҳа, ё Расулуллоҳ!»- деб жавоб бердим.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларини ушлаб дедилар: «Манавини
тийгин!»

– Эй Набиюллоҳ, нима, биз гапирган гапларимизга ҳам жавоб берамизми?! –
дедим.

– «Сени қарая (шуни ҳам билмасанми), ахир одамларни юзлари билан – ёки
бурунлари билан – дўзахга ташлайдиган нарса тилларининг ҳосилалари-да!-

дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.» (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа
ривоятлари).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Халилим[4] менга: «Агарчи қийма-қийма
қилинсанг-да ёки ўтда куйдирилсанг-да[5], Аллоҳга бирон нарсани шерик қилма,
фарз намозни қасддан тарк қилма, ким уни қасддан тарк қилса зимма (яъни
Исломнинг ҳимояси) дан чиқади, маст қилувчи ичимлик ичма, зеро у барча
ёмоликнинг калитидир» деб васият қилдилар. (Ибн Можа, Байҳақий, «Саҳиҳут-тарғиб
ват-тарҳиб»).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
дедилар: «Кимда уч нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули у
иккисидан бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат
Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон
кўриши» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: «Иймоннинг энг мустаҳкам халқаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ
йўлида адоватлашиш, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир»
дедилар (Табароний ва бошқалар ривояти, «Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 2539).

[2] Билмоқ
керакки, бандалар устидаги ҳақларнинг энг каттаси Аллоҳ таолонинг ҳаққидир.
Аллоҳ таоло инсу жинни, осмонлару ерни шунинг учун яратган, ҳар бир мавжудотнинг
вужудга келишидан ғоя-мақсад ҳам шудир. Шунинг учун бу хусусда бепарво бўлиш
вужудга келишдан бўлган мақсадга бепарво бўлиш демакдир. Бу эса зулм турларининг
энг қаттиғи, унинг соҳиби қаттиқ азобга гирифтор бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
«Чунки ширк келтириш энг катта зулмдир» (Луқмон: 13), «Албатта Аллоҳ
Ўзига ширк келтириш
(гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан
бошқа
(гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур»
(Нисо: 48). Катта ширк ва Аллоҳдан бошқага сиғиниш турларидан бири – итоат,
эргашиш ва ҳукмига рози бўлиш ширкидир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар уларга
бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар»
(Анъом:
121). Яъни, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалаол қилишларида ёки Аллоҳ ҳалол қилган
нарсани ҳаром қилишларида уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз
мушриклардан бўлиб қоласизлар, яъни Аллоҳни қўйиб уларга сиғинган бўласизлар.
Аллоҳ таоло айтади: «У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас» (Каҳф: 26),
яна айтади: «Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир. У зот сизларни фақат Ўзигагина
ибодат қилишга буюргандир
» (Юсуф: 40).

Шунинг учун Аллоҳдан бошқанинг ҳукмига рози бўлиш – унинг соҳиби тили билан
неларни даъво қилган бўлмасин – мунофиқликка ва қалбдан иймоннинг мутлақ
йўқолишига далолат қилувчи белги ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ,
Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда
сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай
танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла
олмайдилар»
(Нисо: 65), яна айтади: «(Эй Муҳаммад), ўзларини сизга
нозил қилинган нарсага
(Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган
нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган
(айрим) кимсаларнинг тоғутга
ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга
ишонмаслик буюрилган эди»
(Нисо: 60). Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа барча ҳукм
тоғутдир, Аллоҳнинг шариатидан бошқа барча шариат-қонун тоғутдир, Аллоҳ нозил
қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилишни яхши санаган ҳар бир ҳоким тоғутдир,
Аллоҳни қўйиб ўзига мутлақ итоат қилинишини истаган ҳар бир шахс тоғутдир, зеро
мутлақ итоат қилинадиган зот ягона Аллоҳдир, Ундан бошқага итоат фақат Аллоҳга
итоат қилиш ва Унинг пайғамбарининг буйруқларига ижобат қилиш доирасида
бўлади.

[3] Бунинг
кўринишларидан бири махлуқни – у ким ёки нима бўлишидан қатъий назар – ёлғиз
Аллоҳ таолога хос бўлган сифатлардан биронтаси билан сифатлашдир, муайян бир
шахс ё ҳайъат ё мажлис ё ташкилот кабиларга қонунчилик ва ҳалол-ҳаром қилиш
ҳаққини бериш каби ёки қайсидир бир инсонни у қиладиган ё ундан содир бўладиган
ишларда тергаш ва жавобгарликдан юқори даражага қўйиш каби. Зотан, қилган
ишларидан сўралмайдиган зот ягона Аллоҳ таолодир. Ёки бирон кишини ғайбни билади
деб ё зарарни даф этади, фойда етказа олади деб эътиқод қилиш каби. Ҳолбуки,
ғайбни билувчи, зарарни даф қилиб, фойда етказувчи зот ягона Аллоҳ
таолодир.

[4] Ушбу ҳадисда
паст даражадаги киши ўзидан юқорида бўлган кишини халил деб аташи жоизлиги
кўринади. (Халиллик дўстликка ўхшаш нарса бироқ у маънода фарқ қилади. Унда
халил халилига ич-ичидан мувофиқ келади, қалби у билангина машғул бўлади, унинг
барча камчиликларини яширади, қалби у учун соф бўлади ва ҳоказо) Ваҳоланки,
юқори даражали киши ўзидан пастдагини халил аташи мумкин эмас, фақат нусус (оят
ё ҳадислар) билан собит бўлган бўлса дуруст, Аллоҳ таоло Иброҳим ва Муҳаммад
(уларга ва барча пайғамбарларга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) ни халил
қилганидек. Бинобарин, киши: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг
халилим» дейиши жоиз, бироқ: «Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
халилиман» дейиши жоиз эмас. Саҳобаларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни
халил тутишлари собит бўлган, бироқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз
саҳобаларини ва улардан кейинги мўминларни халил қилишлари собит бўлмаган, балки
фақат саҳобалик, муҳаббат ва дўст-биродарлик собит бўлган. Имом Бухорий ривоят
қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар умматимдан бирон кишини
халил қилганимда Абу Бакрни қилган бўлардим, лекин Ислом биродарлиги ва дўстлиги
(кифоя)» деганлар.

[5] Бундан агар
куфр ва ширкка мажбурланаётган бўлса, рухсатни ушлашдан кўра азима (буйруқ)ни
ушлаш яхшироқ экани билинади.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.