Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

011. Маҳзунлик йили

Абу Толибнинг вафоти:

Абу Толибнинг дарди оғирлашиб, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан вафот этди. Абу Толиб нубувватнинг ўнинчи йили Ражаб ойида – қамалдан чиққанидан сўнг олти ой ўтгач жон таслим қилди.[1] Баъзи муаррихлар Абу Толиб Хадижа розияллоҳу анҳо вафотидан уч кун олдин Рамазон ойида вафот этган, дейишади.

Имом Бухорий Мусаййибдан ривоят қилади: «Абу Толиб ўлим тўшагида ётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирдилар. Абу Толибнинг олдида Абу Жаҳл ҳам бор эди.

– Эй амаки, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – «Ла илаҳа иллаллоҳ», денг, ана шу калимани Аллоҳ ҳузурида сиз учун ҳужжат қиламан.

– Эй Абу Толиб, – дейишди Абу Жаҳл билан Абдуллоҳ ибн Аби Умайя – Абдул Муттолиб динидан юз ўгирасанми?!

Бу иккиси тинмай гапираверганидан кейин Абу Толибнинг охирги айтган сўзи «Абдул Муттолиб динида» дейиш бўлди.

– Модомики қайтарилмас эканман, сиз учун мағфират сўрайвераман, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Шундан сўнг қуйидаги оятлар нозил бўлди:

«На Пайғамбар ва на мўминлар – агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам – уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир.» (Тавба-113).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур.» (Қасос- 56).[2]

Абу Толибнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни нечоғлик авайлаб, нечоғлик ҳимоя қилгани ҳақида сўзлаш ортиқча! У Ислом даъвати учун катта-кичик мушрикларнинг ҳужумларидан тўсувчи бир қўрғон эди! Шундай бўлса-да, Абу Толиб оталарининг динида қолди ва саодат йўлини топмади.

Аббос ибн Абдул Муттолиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди: «Амакингизга қандай фойда бердингиз? Зеро у сизни ҳимоя қилар ва ёнингизни олар эди!» «У дўзахнинг саёз-юза бир ерида. Агар мен бўлмаганимда, дўзахнинг энг қаърида бўларди!» – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам[3].

«Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида Абу Толиб зикр қилинганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Шояд қиёмат куни унга менинг шафоатим фойда берар ва у тўпиқларигача (дўзах ўти) етадиган дўзахнинг юза бир ерида қилинар!»[4]

Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафоти:

Абу Толиб вафотидан икки ой ёки уч кун вақт ўтгач – ривоятлар турлича келган, Уммул муъминин Хадижаи Кубро розияллоҳу анҳо ҳам вафот этди. Мўминларнинг онаси нубувватнинг ўнинчи йили рамазон ойида олтмиш беш ёшида Аллоҳ раҳматига риҳлат қилди. Ўшанда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари элликда эди.

Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, чорак аср давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қийин кунларда меҳрибонликлар кўрсатиб, оғир соатларда далда бериб, рисолатни етказишларига кўмакчи бўлиб, жиҳоднинг аччиқ қурбонликларини бирга тотиб, у зотга моли-ю жони билан фидокорликлар кўрсатиб яшади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа розияллоҳу анҳо ҳақида шундай деганлар: «Одамлар менга куфр келтирганида, у менга иймон келтирди. Одамлар мени ёлғончига чиқарганида у мени тасдиқлади. Одамлар мени (молларидан) маҳрум қилганида, Хадижа мени мол-давлатига шерик қилди. Аллоҳ менга ундан фарзанд берди, ўзга аёлдан фарзанд бермади.»[5]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Жибрил Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: «Ё Расулуллоҳ, ана, Хадижа келмоқда. Унинг қўлида бир идиш бор. Идишда нонўрак ёки таом ёхуд ичимлик бор. У олдингизга келганида, унга Раббидан салом айтинг ва жаннатдаги ичи ғовак марвариддан қурилган, унда на шовқин, на машаққат бўлмаган бир уй башоратини беринг.»[6]

Кетма-кет ғам қайғулар

Саноқли кунлар ичида ана шундай икки улкан мусибатни бошидан кечирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари ғам қайғу билан тўлди. Шундан кейин ҳам қавмларидан кетма-кет мусибатлар келиб турди. Абу Толиб вафотидан кейин Қурайш жуда ҳаддидан ошиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга очиқчасига озор-азиятлар бера бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғамлари зиёда бўлди. Қурайшдан бир яхшилик чиқишидан умидларини узган Пайғамбаримиз даъватга қулоқ солишларини ёхуд у кишига бошпана бериб қўллаб-қувватлашларини умид қилиб, Тоифга бордилар. Бироқ на ҳимоячи ва на кўмакчи топмасдан, қавмларидан кўрмаган азиятларни кўриб, озорлар чекиб қайтдилар.

Макка аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тажовуз қилганидек, саҳобаларга ҳам тазйиқни кучайтирди, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳрибон йўлдошлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек киши ҳам Маккани ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Ҳабаш юртига йўл олган Абу Бакр Баркул-Ғимодга етганида Ибн Дуғунна уни ўз ҳимоясига олиб, орқасига қайтарди.

Ибн Исҳоқ ёзади: «Абу Толиб вафотидан кейин Қурайш унинг тириклигида хаёлига ҳам келтира олмайдиган озорларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказа бошлади. Ҳатто Қурайшнинг тентакларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига чиқиб, бошларидан тупроқ сочди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларидаги тупроқ билан уйларига кириб келдилар. Қизларининг бири йиғлаб-йиғлаб отасининг бошини тупроқдан тозалаб ювишга тушди. «Эй қизалоғим, қўй, йиғлама, – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Аллоҳ отангни ҳимоя қилади. Абу Толиб вафот этгунга қадар Қурайш менга бирон кўнгилсизлик етказа олмаганди.»[7]

Бу йил мана шу каби аламлар кетма-кет келгани боис, «Маҳзунлик йили» деб аталди ва у тарихда ана шу ном билан қолди.

Савда розияллоҳу анҳога уйланишлари

Шу йили яъни, нубувватнинг ўнинчи санаси шаввол ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳога уйландилар. Савда розияллоҳу анҳо анча олдин Исломни қабул қилганлардан бўлиб, Ҳабашистонга қилинган иккинчи ҳижратда қатнашган. Унинг эри Сакрон ибн Амр Исломни қабул қилиб, аёли билан бирга ҳижрат қилган ва Ҳабашистонда ёки Маккага қайтиб келгач, вафот этган. Савда розияллоҳу анҳонинг иддаси тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга совчи қўйиб уйландилар. Савда розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хадижа розияллоҳу анҳо вафотидан кейин биринчи олган ва охирги пайтларида ўз навбат кунини Оиша розияллоҳу анҳога берган аёлларидир.[8]

Сабр ва матонат омиллари

Ана шу кунлар тарихини яхши ўрганган ҳалим табиатли киши ҳайратда қолади, оқил инсонлар қалбида қуйидагича савол туғилади: Мусулмонларнинг бунчалар қаттиқ матонат, сабр-тоқат билан туришларига олиб борган омил ва сабаблар нима экан?! Эшитганда баданлар жимирлаб кетадиган, қалблар титроққа тушадиган бундай оғир қийноқларга, таъқиб ва тазйиқларга улар қандай сабр қилишди экан?! Қалбни ҳайратга солаётган ана шу саволлар қаршисида бироз тўхталиб, сабр ва матонат омиллари ҳақида қисқача сўз юритиб ўтамиз:

1 – Аллоҳга бўлган иймон

Ҳеч шубҳасиз, бу масалада энг аввало бош ва асосий сабаб ёлғиз Аллоҳга иймон келтириб, Уни ҳақиқий таниш саналади. Зеро, қалблар чин иймон нури билан мунаввар бўлганида унинг салобати тоғлардан-да вазминроқ ва собитроқ бўлиб кетади. Ана шундай мустаҳкам иймон ва қатъий ишонч эгаси дунё ғам-ташвишлари қанчалик кўпайиб, тўлиб-тошиб, улканлашиб, оғирлашмасин, – иймони туфайли – уларни мустаҳкам тўғон ва метин қалъаларни бузмоқчи бўлиб келган селнинг юзидаги хас-чўпларчалик кўради. У топаётган иймон ҳаловати, мусулмонликнинг таровати ва мустаҳкам ишончнинг қаршисида дунёнинг ҳар қандай ғам-ташвишлари ана шундай беэътибор нарсага айланади: «(Сел бетида келган) Кўпик-чиқинди ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса ер юзида қолур.» (Раъд-17).

Ана шу ягона сабабдан иймон эгасининг сабр ва саботини янада кучайтирадиган бошқа сабаблар бўлиниб чиқади.

2 – Кўнгилларни асир этган раҳнамолик

Нафақат Ислом умматининг, балки бутун башариятнинг олий раҳнамоси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларни ром қиладиган, жонлар унинг йўлида фидокор бўладиган мислсиз сифатлар, олий хислатлар ва гўзал аҳлоқлар соҳиби эдилар. Кишиларни мафтун этувчи бундай камолот ул зотдан бошқа ҳеч кимга берилмаган. Шараф, улуғлик, яхшилик, фазилат, иффат, омонатдорлик ва ростгўйлик каби сифатлар, умуман барча яхши хислатлар у кишида ўзининг энг олий кўринишида мужассам эди. Бу борада дўстлари ва мухлислари у ёқда турсин, ҳатто душманлари ҳам шубҳа қилмасди. Улар ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўзнинг аниқ рост эканлигига ич-ичларидан ишонишарди.

Қурайшнинг уч кишиси жамланиб қолди. Улар бир-биридан яшириб Қуръон тиловатига қулоқ солишган эди. Гап орасида бу сирлари маълум бўлиб қолгач, уларнинг бири иккинчисидан – Абу Жаҳлдан сўради:

– Муҳаммаддан эшитган нарсанг ҳақида қандай фикрдасан?

– Мен нимани эшитибман?! Биз Бану Абдуманоф билан шараф талашдик. Улар таом едиришди, биз ҳам едирдик. Улар қийналганларга ёрдам беришди, биз ҳам ёрдам бердик. Улар саховат кўрсатишди, биз ҳам саховат кўрсатдик. Қачонки, бу жараёнда тенглашиб, худди бир аравани тортаётган икки от каби баб-баробар бўлиб қолганимизда улар: «Биздан пайғамбар чиқди, унга самодан ваҳий келмоқда», дейишди. Энди бунга қандай қилиб эриша оламиз?! Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон унга иймон келтирмаймиз ва уни тасдиқламаймиз, – деди Абу Жаҳл.

Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтарди: «Эй Муҳаммад, биз сени ёлғончига чиқараётганимиз йўқ, балки сен олиб келган нарсани ёлғон деяпмиз.» Ўшанда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Зотан, улар Сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар.» (Анъом-33).[9]

Бир куни мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уч марта масхаралашди. Учинчи мартасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Қурайш жамоаси, мен сизларга сўйилиш-ўлим олиб келдим!», дедилар. Бу сўз уларга жуда қаттиқ таъсир қилди. Энг ашаддий душманлар ҳам имкон қадар яхши гапириб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгилларини олишга тушди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида мушриклар У зотнинг устиларига сўйилган туянинг бачадонини ташлашди. Пайғамбаримиз уларни дуоибад қилдилар. Шунда мушрикларнинг қаҳқаҳалари ўчиб, ғамгин бўлиб саросимага тушиб қолишди ва ўзларининг аниқ ҳалок бўлишларига барчалари ишонишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба ибн Аби Лаҳабни дуоибад қилганларида, бу мушрик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоибадлари унга тегишига асло шубҳа қилмаган. Утба Шом ерида шерни кўриши билан: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад мени Маккада туриб ўлдирди», деган эди.

Убай ибн Халаф Пайғамбаримизга ўлдираман, деб таҳдид қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аксинча, иншааллоҳ, мен сени ўлдираман» дедилар. Уҳуд куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убайни бўйнидан жароҳатладилар. Унинг бўйни тирналгандек жароҳат олган эди, холос. Ўшанда Убай шундай деди: Муҳаммад Маккада менга «Мен сени ўлдираман» деган эди. Аллоҳга қасамки, агар у туфлаганида ҳам мени ўлдирган бўларди.[10] (Убайнинг ҳалок бўлиши тафсилоти иншааллоҳ, ўз ўрнида батафсил баён қилинади.)

Саъд ибн Муоз Маккада Умайя ибн Халафга шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мусулмонлар Умайяни ўлдиради, деганларини эшитдим.» Шунда Умайя қаттиқ қўрқиб кетди ва Маккадан чиқмасликка аҳд қилди. Бадр куни Абу Жаҳл уни қаттиқ қистовга олди ва эй Умайя, сен Водий аҳлининг саййидисан, биз билан бир ё икки кун бирга юр, акс ҳолда водийликлар биз билан бирга чиқмайдилар, деди. Унинг қистови билан юришга отланар экан, қочишга қулай бўлсин, деб Маккадаги энг югурик туяни сотиб олди.

– Эй Абу Сафвон, – деди унга хотини – Сиз ясриблик биродарингизнинг нималар деганини унутдингизми?

– Йўқ, – деди Умайя – Аллоҳга қасамки, мен улар билан бормоқчимасман. Озгина юраман, холос.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманларининг аҳволи шунақа эди. Энди асҳоблари – содиқ ёрлари хусусига келсак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар учун ўз жонларидан-да азиз, қалбларидан-да яқин, кўзларидан-да ардоқли эди. Улар сув қияликдан оққандай Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга талпинишарди. Мўминлар бамисоли темир оҳанрабога тортилгандек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон тортилиб-интилиб туришарди.

Асҳоби киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни шу қадар қаттиқ яхши кўрардилар-ки, улар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир тикон кириши ёки бирон жойларининг шилинишидан кўра ўзларининг бошлари янчилгани афзалроқ эди.

«Бир куни Маккада мушриклар Абу Бакр ибн Аби Қуҳофа розияллоҳу анҳуни ўртага олиб, қаттиқ калтаклашди. Утба ибн Рабийъа Абу Бакр розияллоҳу анҳуни чипта ковушлари билан урар ва уларни Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг юзларига ишқар, унинг қорнига чиқиб сакрар эди, ҳатто Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзини таниб бўлмай қолди. Бану Тайм Сиддиқ розияллоҳу анҳуни бир матога солиб уйига кўтариб келишди. Улар Абу Бакрнинг ўлганига шубҳа қилишмасди. Фақат кечга бориб Сиддиқ розияллоҳу анҳу тилга кирди ва унинг биринчи гапи «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима қилди?», деган савол бўлди. Қавми Абу Бакрга қаттиқ таъна-дашномлар бериб, сўнг онаси Уммул Хайрга «Унга қараб туринг, бирон нарса едириб-ичиринг», деб тайинлашди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу онасининг парваришида холи қолгач, яна «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима бўлди?» деб сўрай бошлади.

– Аллоҳга қасамки, соҳибингдан сира хабарим йўқ,- деди онаси.

– Сиз Умму Жамил бинти Хаттобнинг олдига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўранг.

Абу Бакрнинг онаси ўғлининг талабига кўра Умму Жамил бинти Хаттобнинг олдига келди.

– Абу Бакр сиздан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳақида сўраяпти?

– Мен Абу Бакрни ҳам, Муҳаммад ибн Абдуллоҳни ҳам танимайман. Истасангиз, сиз билан бирга ўғлингизнинг ёнига ўзим боришим мумкин.

– Хўп, – деди Уммул Хайр.

Улар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келишганида, Сиддиқ оғир аҳволда тўшакка михланиб ётарди. Умму Жамил Абу Бакрнинг ёнига келиб қичқириб юборди:

– Аллоҳга қасамки, сизни бу аҳволга солган қавм фосиқ ва кофир кимсалардир. Аллоҳнинг Ўзи сиз учун улардан интиқом олсин!

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима бўлди? – сўради Абу Бакр.

– Ахир, онангиз эшитиб турибди-ку?!

– Онамдан хавотир олманг.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соғ-саломатлар.

– Қаердалар?

– Ибн Арқамнинг ҳовлисидалар.

– Аллоҳни ўртага қўйиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бормагунимча емайман ҳам, ичмайман ҳам.

Умму Жамил билан Уммул Хайр Абу Бакрни бир оз сабр қилишга чақиришди. Ҳамма ёқ тинчиб одамлар уйларига кириб кетгач, Абу Бакрни икки қўлтиғидан суяб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб боришди.»[11]

Саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган чин муҳаббатлари ва фидоийликларининг нодир намуналари билан иншааллоҳ, ўз ўрнида батафсил танишамиз. Ҳали олдинда Уҳуд воқеаси, Хубайб қиссаси ва бошқалар турибди.

3 – Масъулиятни ҳис қилиш

Башарият зиммасига нақадар улкан оғир масъулият юкланганини, бу масъулиятдан ҳеч қачон юз ўгириш ёки ўзни четга тортиш мумкин эмаслигини саҳобалар жуда чуқур ҳис қилардилар. Мазкур масъулиятни зиммага олишдан қочмоқ улар бошидан кечираётган тазйиқ ва таъқибга қараганда оғирроқ ҳамда ёмонроқ оқибатларга олиб боришини, агар масъулиятдан қочиладиган бўлса, бугун масъулиятни зиммага олганликлари туфайли дуч келаётган қийинчиликлари у кунда нафақат уларнинг, балки бутун башариятнинг бошига тушадиган улкан йўқотиш олдида ҳеч нарса бўлиб қолишини ҳеч ким саҳобаларчалик яхши ҳис қилмаган.

4 – Охиратга ишониш

Мазкур иймон масъулият туйғусини янада кучайтиради. Саҳобалар бутун оламлар Раббининг ҳузурида туриб, катта-ю кичик барча ишларига жавоб беришларини, оқибат абадий неъмат ёки жаҳанам оташида мангу азоб бўлишини аниқ билардилар ва ишонардилар. Уларнинг ҳаётлари хавф-у ражо яъни қўрқув ва умид ўртасида кечарди: Раббиларининг азобидан қўрқиб ва айни пайтда Унинг раҳматидан умидвор бўлиб яшардилар. Улар «(Қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Раббиларига қайтувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда (камбағал-бечораларга) садақалар берадиган кишилар» эдилар. (Мўминун: 60). Саҳобалар дунё ўзининг барча лаззатлари-ю азоблари билан охират қаршисида пашша қанотичалик ҳам қадрга эга эмаслигини яхши билардилар. Шунинг учун ҳам дунё машаққатлари, қийинчиликлари ва оғриқ-аламлари уларга анча енгил эди. Асҳоби киромлар ўткинчи дунёнинг ўткинчи мусибатларига бир ўткинчидек муносабатда бўлиб, уларга кўп эътибор бермасдилар.

5 – Қуръон

Ана шундай оғир, даҳшатли ва зулматли даврда даъватнинг ҳақиқий маъноси бўлган Ислом асосларининг ҳақлигига гўзал услублар билан ҳужжат-далиллар келтириб оятлар нозил бўларди. Ушбу оятлар ва суралар дунёдаги энг чиройли ва мисли кўрилмаган инсонлар жамиятига пойдевор бўлиши тақдир этиб қўйилган асосларни мўминларга тушунтириб, уларни сабр ва саботга чақириб ажойиб мисоллар келтирар ва унинг тагида қандай ҳикматлар борлигини баён қилар эди:

«Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли – ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:) «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир.» (Бақара – 214).

«Алиф, Лам, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур.» (Анкабут-1-3).

Мазкур оятлар саркаш кофирларга ҳеч қандай ҳийла-йўл қолдирмайдиган, инкор қилиб бўлмас кучли раддиялар билан келди. Аллоҳ таолонинг Ўз дўстлари ва душманлари билан қандай муносабатда бўлишига далолат қилувчи тарихий ҳодисалар ҳамда ўтган ибратли кунларни далил қилиб туриб, агар мушриклар ана шу залолат ва саркашликларида қотиб тураверсалар уларни нечоғлик ёмон оқибатлар кутиб турганлиги ҳақида очиқ-равшан сўз юритади. Қуръони Карим мушрикларнинг очиқ залолатдан қайтишлари учун уларга яна бир бор лутфан мурожаат қилади ва жуда етук суратда ҳақни баён этиб, комил тарзда тушунтириб беради.

Аллоҳ каломи мўминларни ўзга бир оламга олиб киради. Борлиқнинг ажиб манзараларини, рубубиятнинг гўзал жамолини, улуҳиятнинг камолини, раҳмат ва хайрнинг очиқ-ойдин кўриниб турган изларини ва Аллоҳ ризолигининг жилоларини кўрган солиҳ зотлар унга шу қадар интиқлик билан талпинадилар-ки, бу муҳаббат оқими қаршисида ҳеч қандай тўғон туриш беролмайди!

Ана шу оятлар ичида мўминларга хитоблар бор: Раббилари уларга Ўз раҳмати ва ризолигининг, абадий неъматлар макони бўлмиш жаннатларнинг хушхабарини беради. Ҳукмга тортиладиган, ҳасратда қоладиган, сўнгра юз тубан ҳолда дўзахга судралиб, «Жаҳанам азобини тотинглар!», дейиладиган золим, кофир тоғутлардан иборат душманларининг сурати чизиб берилади.

6 – Муваффақият ва нусрат башоратлари

Саҳобалар тазйиқ ва таъқибга учраган биринчи кунлариданоқ, балки ундан-да олдинроқ Исломга киришнинг маъноси фақат мусибатлар чекиб, ўлим топмоқ эмаслигини яхши билишарди. Зеро, Ислом даъвати ўзининг илк кунларидан кўр жоҳилият ва унинг баттол низомини йўқотиб, ерда ўз нуфузини ўтказиш ва сиёсий оламга раҳбарлик қилишни мақсад қилган эди. Токи бутун инсониятни – башарий жамиятни Аллоҳ ризолиги сари бошлаш ва уларни инсонларга ибодат қилишдан Аллоҳ ибодатига олиб чиқилсин.

Қуръон гоҳ ошкора, гоҳ ишоралар орқали ана шундай башоратларни олиб келарди. Ер юзини мусулмонларга тор қилиб, мўмин бандаларни бўғиб, жонларини суғуриб олай деб турган шундай ҳалокатли кунларда илоҳий оятлар аввалги пайғамбарлар билан уларни ёлғонга чиқарган кофир қавмлари ўртасида нималар бўлиб ўтганини ҳикоя қиларди. Мазкур оятларда зикр қилинган ҳолатлар Макка мусулмонлари билан кофирлари ўртасидаги ҳолатга жуда-жуда ўхшарди. Сўнг ояти карималар ана шу ҳолатларнинг якуни – кофир ва золим кимсаларнинг ҳалок қилиниб, Аллоҳнинг ери Унинг мўмин бандаларига берилишини эълон қиларди. Мазкур қиссаларда келажакда Макка мушрикларини шармандали мағлубият, мўминларни эса нажот – Ислом даъватининг ғалабаси кутаётганига ишоралар бор эди.

Худди шу кунларда мўминларнинг ғолиб бўлиши ҳақидаги башоратни Илоҳий оятлар очиқ-равшан айтди:

«Аниқки, Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида: «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватланувчилардир ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлувчилардир,» деган Сўзимиз ўтган-собит бўлгандир. Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) Сиз улардан (яъни, Макка кофирларидан маълум) бир вақтгача юз ўгиринг! Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар! Ҳали улар Бизнинг азобимизни шоштирмоқдамилар?! Бас, қачон (Бизнинг азобимиз) уларнинг ҳовлиларига (яъни, устларига) тушганида ўша огоҳлантирилган кимсаларнинг кунлари жуда ёмон бўлур.» (Вас-Соффат: 171-177 ).

«Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар.» (Қамар: 45).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Макка мушриклари) ўша ернинг ўзида енгилиб битувчи ҳизблардан-фирқалардан бир тўдадир, холос, (бас, Сиз улар айтаётган беҳуда сўзларга парво ҳам қилманг!)». (Сод: 11).

Ҳабашистонга ҳижрат қилганлар хусусида қуйидаги оятлар нозил бўлди:

«Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг, Аллоҳ Йўлида ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди Охират ажри-мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!» (Наҳл-41).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Юсуф ҳақида сўрашди. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳис-салом қиссасини баён қилиб, жумладан шундай деди:

«Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-инилари (ҳақидаги қисса)да сўровчилар учун оят-ибратлар бордир.» (Юсуф: 7).

Сўровчилар, яъни, Макка аҳли ҳам худди Юсуфнинг оға-инилари каби оқибатда ҳасрат чекиб, бўйсунишга мажбур бўладилар.

«Куфр йўлини тутган кимсалар ўзларига келган пайғамбарларга: «Албатта биз сизларни еримиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки сизлар бизнинг динимизга қайтасизлар», дедилар. Шунда Парвардигорлари уларга (яъни, пайғамбарларга) «Албатта Биз бу золимларни ҳалок қиламиз ва улардан сўнг шу ерни сизлар учун маскан қиламиз. Бу (ваъда Қиёмат кунида) Менинг ҳузуримда (сўроқ-савол бериб) туришдан қурқувчи ва Менинг (кофирларни дўзахга гирифтор қилиш хусусидаги) ваъдамдан хавф қилувчи кишилар учундир», деб ваҳий юборди.» (Иброҳим: 13,14).

Форслар билан румликлар урушганида кофирлар мушрик бўлгани учун форсларнинг ғалаба қозонишини, мусулмонлар эса ваҳийга, илоҳий китобларга ва охират кунига иймон келтирадиган румликларнинг ғалаба қозонишини исташарди. Дастлаб форслар ғалаба қозонишди. Аллоҳ таоло бир неча йилдан кейин румликларнинг ғалаба қозониши ҳақида хабар берди. Бу башорат фақат румликларнинг ғалабаси ҳақидагина эмас, балки яна бир башорат – Аллоҳ таолонинг мўминларга нусрат бериши хусусида ҳам эди: «Ўша кунда мўминлар Аллоҳ ғолиб қилгани сабабли шодланурлар.» (Рум: 4, 5).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳ марҳамати билан ана шундай башоратлар берар эдилар. Ҳаж мавсумида, Укоз, Мажанна, Зул-мажоз каби бозорларда одамларга рисолатни етказар эканлар, уларга нафақат жаннат башоратини берардилар, балки қуйидаги ҳақиқатни ҳам баралла айтардилар: «Эй одамлар, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деб айтинглар, нажот топасизлар. Шу сўз билан арабларга ҳоким бўласизлар ва ажам сизларга бўйсунади. Агар иймон келтирсангизлар, жаннатда подшоҳлар бўласиз…»[12]

Биз Утба ибн Рабиъанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан музокара қилиб, У зотга дунё матоларини таклиф этганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга нима деб жавоб қайтарганларини ва Утбанинг Исломнинг ғалабаси ҳақида умид қилиб қолгани ҳақида юқорида айтиб ўтган эдик.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Толиб ҳузурига келган Қурайшнинг охирги вакилларига нима деб жавоб берганларини бир эсланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшдан бир сўз талаб қилдилар ва шу биргина сўз билан уларнинг арабу-ажам устидан ҳоким бўлишларига ваъда бердилар.

«Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбанинг соясида чопонларини ёзиб устида ётар эканлар, у кишининг ёнларига бордим. Мушриклар томонидан қаттиқ машаққатлар кўргандик. «Аллоҳга дуо қилмайсизми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари қизариб, ўтириб олдилар: «Сизлардан аввал ўтганлардан бир кишининг гўшти аралаш терисини темир тароқ билан суягига қадар тарашар, бу нарса уни динидан қайтаролмасди. Аллоҳ албатта ушбу ишни камолига етказади, ана шунда отлиқ одам Санъодан Хазрамавтгача ҳеч нарсадан қўрқмасдан боради, фақат ёлғиз Аллоҳдангина қўрқади ва қўйларини ўйлаб бўридангина хавфсирайди, холос.»[13] Яна бир ривоятда: «Лекин сизлар шошилаяпсизлар»[14] дедилар.

Мазкур башоратлар махфий бўлмасдан, балки ҳаммага маълум ва машҳур эди. Улардан мушриклар ҳам яхши хабардор бўлишган. Шунинг учун Асвад ибн Муттолиб ўзининг ҳамтовоқлари билан ўтирганида саҳобаларни кўриб қолишса, пичинг қилиб «Ҳузурингизга ер юзининг шоҳлари келди, улар ҳали Кисро ва Қайсар шоҳлигини мағлуб қилишади» дейишарди-да, ҳуштак ва қарсаклар чалардилар.

Ҳаёти дунёдаги ана шундай нурли ва гўзал келажак башоратлари олдида, пировардида жаннатга эришиш ҳақидаги улуғ ва яхши умид қаршисида саҳобаларни чор атрофдан қуршаб олган мусибатлар, бошларига кетма-кет ёғилаётган қийноқлар уларнинг кўзига «бир зумда тарқалиб кетадиган ёз булути» бўлиб кўринар эди.

Айни пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг руҳларини иймон озуқаси билан тўйдириб, нафсларини ҳикмат ва Қуръон таълими билан поклаб, уларга нозик ва чуқур тарбия берардилар. Асҳобларини руҳнинг олий манзилатлари, қалбнинг мусаффолиги, хулқнинг покизалиги, моддият сиқувидан озод бўлиш, шаҳват хоҳишларига қарши кураша олиш ва осмонлару ер Раббига қул бўлиш сари бошлардилар. Уларнинг қалбларидаги иймон ўтини алангалатиб, зулматлардан нурга олиб чиқиб, озорларга сабр қилишга, кечиримли бўлишга ва нафсни жиловлаб олишга ўргатардилар. Натижада саҳобалар динда янада мустаҳкам, шаҳватлардан узоқ юрадиган, Аллоҳ розилиги йўлида жонини берадиган, жаннатга муштоқ, илмга муҳаббат қўядиган, динни тугал тушунадиган, ўзларини ҳисоб-китоб қилиб турадиган, ҳавойи-хоҳишларини жиловлаб, ҳис-туйғуларига эрк бермайдиган, ҳаяжон ва туғёнларини босиб оладиган сабр, сокинлик ва виқор билан ажралиб турадиган чин мўминларга айланишди.

[1] Абдуллоҳ Наждий, Мухтасар ас-сийра: 111-б.

[2] Саҳиҳул Бухорий: «Абу Толиб қиссаси» боби 1/548.

[3] Саҳиҳул Бухорий: «Абу Толиб қиссаси» боби 1/548.

[4] Саҳиҳул Бухорий: «Абу Толиб қиссаси» боби 1/548.

[5] Имом Аҳмад, Муснад: 6/118.

[6] Саҳиҳул Бухорий: «Хадижага уйланишлари ва унинг фазилатлари» боби 1/539.

[7] Ибн Ҳишом: 1/416.

[8] Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар: 10-б.

[9] Имом Термизий Анъом сураси тафсирида ривоят қилган, 5/243 (3064-ҳ).

[10] Ибн Ҳишом: 2/84.

[11] «Ал бидояту ван-ниҳоя»: 3/30.

[12] Ибн Саъд: 1/216.

[13] Саҳиҳул Бухорий: 1/543.

[14] Саҳиҳул Бухорий: 1/510.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.