Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

026. Бану Қурайза ғазоти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтиб келган куни пешин пайти Умму Саламанинг уйида ювинаётган эдилар, Жибрил алайҳиссалом келиб: «Сиз қуролингизни қўйдингизми?! Ҳали малоикалар қуролларини қўйганлари йўқ! Ҳозиргина қавмни таъқиб қилишдан қайтиб келдим. Сиз ҳам асҳобларингизни олиб, Бану Қурайза сари отланинг. Мен олдиларингизда юриб, уларнинг қалъаларини титратаман ва қалбларига қўрқув соламан», дедилар ва малоикалар қўшини билан йўлга тушдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга: «Ким эшитиб, итоат қилувчи бўлса, аср намозини Бану Қурайзага борибгина ўқисин», деб жар солдирдилар. Мадинага Ибн Умми Мактумни халифа қилиб қолдирдилар, байроқни Алий ибн Аби Толибга бердилар ва уни Бану Қурайзага йўлладилар. Алий уларнинг қалъаларига яқинлашиб борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларига хунук сўзларни эшитди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам муҳожир ва ансорлар ҳамроҳлигида йўлга чиқиб, Бану Қурайза қудуқларидан Биър Анно деб аталувчи қудуқ ёнига келиб тушдилар. Мусулмонлар у зотнинг буйруқларини ижро қилишга шошилдилар ва жарчининг овозини эшитганлари заҳоти йўлга тушиб, Бану Қурайза сари жўнаб кетдилар. Йўлда эканларида аср вақти бўлди. Шунда баъзилари: «Биз асрни Бану Қурайзада ўқишга буюрилганмиз, шунинг учун етиб бориб, кейин ўқиймиз», дейишиб, айримлари ҳатто асрни хуфтондан кейин ўқишди. Баъзилари эса: «Йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзлари билан имкон қадар тезлик билан Бану Қурайзага етиб боришимизни кўзда тутганлар», дейишиб, асрни йўлда ўқиб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар икки тоифани ҳам айбламадилар.

Шундай қилиб, ислом лашкари бирин-кетин Бану Қурайза томон ҳаракатланиб, ҳамма Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига келиб қўшилди. Қўшин уч минг кишини ташкил қилди, ичларида ўттиз нафар отлиқ бор эди. Мусулмонлар Бану Қурайза қалъалари атрофига тушиб, уларни қамалга олдилар.

Қамал қаттиқ қийнаб қўйгач, раислари Каъб ибн Асад уларга учта ишдан бирини танлашни таклиф қилди:

1) Исломни қабул қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларига кириш ва шу билан жонларини, молларини ва бола-чақаларини асраб қолиш. «Унинг Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбар ва китобларингизда айтилган ўша набий экани сизларга аллақачон аён бўлди», деди у.

2) Аёлларини ва болаларини ўз қўллари билан ўлдириб, мусулмонлар қаршисига қилич яланғочлаб чиқиб бориш ва то ғалаба қозонгунча ёки битта ҳам қолмай қирилиб кетгунча жанг қилиш.

3) Мусулмонларни ғафлатда қолдириб, шанба куни бирдан устиларига ҳужум қилиш. Чунки, улар яҳудлар шанба куни жанг олиб бормайди, деган ишончда бепарво бўлишади.

Бироқ, қавми бу уччала ишдан биттасини ҳам қабул қилмади. Шунда раислари Саъд ибн Асад ғазаб билан: «Сизлардан биронтангиз ҳам онасининг қорнидан тушганидан бери бир кун бўлса ҳам ақлини ишлатган эмас ўзи», деди.

Шундан сўнг Қурайзанинг олдида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларига бўйсуниб, тушиб келишдан ўзга чора қолмади. Бироқ, аввал улар баъзи мусулмон иттифоқчилари билан боғланиб, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларига бош эгиб тушсалар уларни нима жазо кутаётганини билиб олишни истадилар. Маслаҳатлашиб олиш учун улар ҳузурига Абу Лубобани жўнатишларини сўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам юбордилар. Абу Лубоба уларнинг иттифоқчилари бўлиб, мол-мулки ва бола-чақаси уларнинг минтақасида эди. Абу Лубоба келгач, эркаклар унинг истиқболига турдилар, аёллар ва болалар унинг қаршисига келиб йиғлай бошладилар. Абу Лубобанинг уларга раҳми келиб кетди. Улар: «Эй Абу Лубоба, нима дейсиз, Муҳаммаднинг ҳукмига бош эгиб тушсакмикин?», деб сўрашди. У: «Ҳа», деди ва қўли билан бўғзини кўрсатиб, қатл қилинишларига ишора қилди. Сўнг ўша заҳоти ўзининг Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилиб қўйганини англаб қолди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтмай, тўғри Мадинадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига бориб, ўзини масжид устунларидан бирига боғлади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қўллари билан ечмасалар, ўзини ҳеч қачон ечмасликка ва умрбод Бану Қурайза диёрига қадам қўймасликка қасам ичди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг хабари етиб келгач: «Агар олдимга келганида унга истиғфор айтган бўлардим. Энди модомики, шундай қилган экан, то Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилмагунича мен уни бўшатиб юборолмайман», дедилар.

Абу Лубобанинг ишорасига қарамай, Бану Қурайза барибир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларига бош эгиб тушишга қарор қилди. Ваҳоланки, яҳудлар узоқ давом этадиган қамалга ҳам бардош беришлари мумкин эди. Чунки, уларнинг озиқ-овқатлари ва сувлари етарли, қудуқлари бор, қалъалари ҳам мустаҳкам эди. Қолаверса, мусулмонлар қаҳратон совуқ ва қаттиқ очликдан қийналишар, ўзлари ҳам ялангда қолишган, аҳзобларга қарши уруш бошланганидан бери тинимсиз ҳарбий амалиётлар ичида юравериб анча ҳолдан тойиб қолишган эди. Лекин, Бану Қурайза ғазоти асаблар жанги эди. Аллоҳ таоло уларнинг дилларига қўрқув солиб қўйди, уларнинг руҳий ҳолатлари емирилиб борди, Алий ибн Аби Толиб билан Зубайр ибн Аввом икковлари олға ташланиб, Алий: «Эй иймон жамоаси! Аллоҳга қасамки, мен ё Ҳамза эришганидек шаҳидлика эришаман ё уларнинг қалъасини забт этаман», деб ҳайқирганида эса асаблари буткул дош беролмай қолди.

Ана шунда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларига таслим бўлишга шошилиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг эркакларини боғлаб қўйишга буюрдилар, Муҳаммад ибн Масламанинг бош-қошлигида уларнинг қўлларига кишан солинди. Аёллар ва болаларни эркаклардан ажратиб, бир четга қилинди. Шунда Авсликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, Хазражлик биродарларимизнинг иттифоқчилари бўлган Бану Қайнуқоъга қандай ҳукм қилганингиз маълум. Булар бизнинг яқинларимиз эди, энди булар ҳаққида ҳам яхшилик қилсангиз», деб илтимос қилишди. «Булар тўғрисида ўзларингиздан бўлган бир кишининг ҳукм қилишига рози бўласизларми?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ҳа», дейишди. «Ундай бўлса, бу ишни Саъд ибн Муознинг зиммасига юклайман», дедилар. Улар: «Розимиз», дейишди.

Шундан сўнг Саъд ибн Муозни олиб келишга одам юбордилар. У Аҳзоб ғазотида билакдаги жон томиридан олган жароҳати туфайли бу жангга чиқолмай Мадинада қолган эди. Уни эшакка миндириб, олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келар экан, атрофини ўраб олишиб: «Эй Саъд, иттифоқчиларингизга мурувват кўрсатинг, уларга яхшилик қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни уларга яхшилик қиласиз деб ҳакам қилдилар», дея бошлашди. Саъд эса уларга бир оғиз сўз айтмай, жим келарди. Ҳадеб гапираверишгач: «Саъд учун Аллоҳ йўлида уни маломатчининг маломати тўхтатолмайдиган фурсат келди», деди. Буни эшитиб, айримлар Мадинага қайтиб кетиб, қавмнинг ҳалокатидан хабар беришди.

Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб келгач, у зот саҳобаларга: «Саййидингизга пешвоз чиқинглар», дедилар. Уни тушириб ўтқизишди ва: «Эй Саъд, мана булар ҳаммаси сизнинг ҳукмингизга қараб туришибди», дейишди. Саъд: «Уларга менинг ҳукмим ўтадими?», деб сўради. «Ҳа», дейишди. «Мусулмонларга ҳамми?», деб сўради. «Ҳа», дейишди. У: «Мана шу ердагиларга ҳамми?», деб, одоб ва эҳтиром билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонга ишора қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, менга ҳам», дедилар. «Ундай бўлса, мен уларнинг эркаклари қатл қилиниб, аёллари ва болалари асир қилинишига ва моллари тақсимланишига ҳукм қиламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, сиз улар хусусида Аллоҳнинг етти қават осмон устида қилган ҳукмини қилдингиз», дедилар.

Саъднинг ҳукми ғоят адолатли ва инсоф билан қилинган ҳукм эди. Чунки Бану Қурайза ўзи қўл урган қабиҳ хиёнатидан ташқари, мусулмонларни қириб ташлаш учун бир минг беш юзта қилич, икки мингта найза, уч юзта совут, беш юзта темир ва тери қалқонларни жамғариб қўйган эди. Мусулмонлар уларнинг диёрларини забт этишгач, мана шу қуролларни қўлга киритдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан Бану Қурайза Бану Нажжорлик Бинтул Ҳорис исмли аёлнинг уйига қамаб қўйилди. Сўнг Мадина бозорида улар учун чуқурлар қазилиб, тўда-тўда қилиб олиб борилиб, ўша чуқурлар устида бошлари кесилди. Ҳали ҳибсда турганлар раислари Каъб ибн Асаддан: «Бизни нима қилишади деб ўйлайсиз?», деб сўрашган эди: «Ҳеч ақлларингизни ишлатмас экансизлар-да?! Кўрмаяпсизларми, чақирувчи одам танламаяпти, кетганлар эса қайтиб келмаяпти?! Аллоҳга қасамки, бу қатлдан бошқа нарса эмас», деб жавоб берди. Улар олти юз билан етти юз киши атрофида эдилар, ҳаммалари қатл қилинди.

Шундай қилиб, қатъий келишув-битимни бузган, мусулмонларнинг ҳаётларидаги энг оғир дамларда уларни қириб ташлаш қасдидаги душманларига ёрдам берган, бу қилмишлари билан ўлим жазосига лойиқ бўлган энг катта уруш жиноятчилари бўлмиш хиёнаткор ва ғаддор илонлар қириб битирилди.

Улар қаторида Бану Назирнинг энг катта иблиси, Аҳзоб жангининг энг катта жиноятчиларидан бири Ҳуяй ибн Ахтоб – уммул мўъминийн Софийя розияллоҳу анҳонинг отаси – ҳам қатл қилинди. Чунки, у Каъб ибн Асадни хиёнатга чорлаган пайтида унга берган аҳдига вафо қилиб, Қурайш ва Ғатафон ортларига қайтиб кетганидан сўнг Бану Қурайза билан бирга унинг қалъасига кириб олган эди. Уни қўлларини бўйнига боғланган ҳолда олиб келишганда – эгнидаги қимматбаҳо кийимининг ҳар ер ҳар еридан бармоқ учи миқдорида йиртиб олган, ундан мусулмонлар ўлжа сифатида фойдалана олмасликлари учун шундай қилганди, – у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳга қасамки, мен сенга душманлик қилганим учун ўзимни маломат қилмайман. Аммо, ким Аллоҳга ғолиб келаман деса, мағлуб бўлар экан», деди. Кейин: «Эй одамлар, майли, Аллоҳнинг амри шу экан, Аллоҳнинг битгани, қадари ва Бану Исроилга ёзиб қўйган қирғини бу», деди, сўнг тиз чўкди ва боши кесилди.

Бану Қурайза аёлларидан фақат битта хотинни қатл этилди. Сабаби – у Халлод ибн Сувайд устига тегирмон тошини ташлаб, уни ўлдирган эди. Уни шунинг учун ўлдирилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам балоғатга етганларни ўлдириб, балоғатга етмаганларни қолдиришга буюрдилар. Балоғатга етмаганлар ичида Атийя ал-Қуразий ҳам бор эди. У мусулмон бўлиб, саҳобалик шарафига муяссар бўлди.

Собит ибн Қайс Зубайр ибн Ботони аҳли-оиласи ва моли билан бирга ўзига ҳадя этишларини сўради – чунки Зубайрнинг Собитга ўтказиб қўйган яхшилиги бор эди, – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни унга ҳадя қилдилар. Собит: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени менга бердилар, аҳлинг ва молингни ҳам ҳадя қилдилар. Уларни ўзингга бердим», деди. Зубайр қавмининг ўлдирилганини билгач: «Эй Собит, сенга қилган яхшилигим ҳаққи, мени дўсту ёрларим ёнига юборгин», деб талаб қилди. Собит унинг бошини кесиб, яҳудий дўстлари ёнига равона қилди. У Зубайрнинг Абдурраҳмон исмли ўғлини тирк қолдирди, у мусулмон бўлиб, саҳобалик шарафига эришди.

Умму Мунзир Салмо бинт Қайс ан-Нажжорийя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Рифоъа ибн Самавъал ал-Қуразийни ҳадя этишларини сўраган эди, уни унга ҳадя этдилар. У тирик қолди ва мусулмон бўлиб, саҳобаликка эришди.

Шу куни яҳудлар ҳали таслим бўлишларидан олдин бир неча киши исломни қабул қилиб, жонларини, аҳли-оила ва мол-мулкларини сақлаб қолишди.

Шу кеча Амр ибн Саъдий чиқиб кетди – у Бану Қурайзанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган хиёнатига қўшилмаган эди – мусулмон лашкари қўриқчилари бошлиғи Муҳаммад ибн Маслама уни кўрди-ю, кимлигини билгач, йўлини тўсмади. Шу кетишда унинг қаерга кетгани маълум бўлмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Қурайзанинг мол-мулкидан бешдан бир қисмини ажратиб олгач, қолганини тақсимладилар. Отлиққа уч ҳисса – икки ҳисса отига, бир ҳисса ўзига, пиёдага бир ҳисса улуш ажратдилар. Асирлардан бир қисмини Саъд ибн Зайд ал-Ансорий қўли остида Наждга юбордилар ва улар эвазига от-улов ва қурол-яроғ сотиб олдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг аёлларидан Райҳона бинт Амр ибн Хунофани ўзларига танлаб олдилар. У то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларича ҳам у зотнинг қўли остида бўлди. Ибн Исҳоқ шундай деган[1]. Аммо Калбийнинг сўзларига қараганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни 6-ҳижрийда озод қилиб, уйланганлар ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул-вадоъдан қайтган пайтларида вафот этиб, Бақеъга дафн қилинган[2].

Бану Қурайзанинг иши охирига етгач, солиҳ банда Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг биз юқорида айтиб ўтган, Аҳзоб ғазотида қилган дуоси ижобат бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яқинроқ хабар олиб туриш учун унга масжидда бир чодир тиктириб бергандилар. Қурайзанинг иши охирлагач, унинг жароҳати ёрилиб кетди. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Унинг жароҳати (шишиб кетиб) кўкрагининг юқорироғидан ёрилиб кетди. Масжидда Бану Ғифорга қарашли яна бир чодир бор эди. Ўша чодир аҳли ўзлари томон оқиб келаётган қонни кўриб, қўрқиб кетишди ва: «Ҳой чодирдагилар, сизлар томондан оқиб келаётган нарса нима?», деб хитоб қилишди. Маълум бўлишича, Саъднинг жароҳатидан қон отилаётган экан, у шундан вафот этди»[3].

Икки «Саҳиҳ»да Жобирдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саъд ибн Муознинг ўлимидан Раҳмоннинг арши ларзага келди», дедилар.[4]

Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Саъд ибн Муъознинг тобути кўтарилгач, мунофиқлар: «Унинг тобути бунча енгил бўлмаса», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Чунки, уни малоикалар кўтариб бордилар», дедилар.[5]

Бану Қурайза қамали пайтида мусулмонлардан бир киши – Халлод ибн Сувайд Қурайзалик бир аёл унинг бошига тегирмон тоши ташлаб юбориши оқибатида ҳалок бўлди. Қамал асносида Абу Синон ибн Миҳсон – Уккошанинг туғишган биродари – вафот этди.

Абу Лубобага келсак, у олти кун устунга боғланган кўйи қолиб кетди. Намоз вақтларида аёли келиб, намоз учун ечиб қўяр, намоздан сўнг яна қайтиб боғланиб оларди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳар пайти Умму Саламанинг уйида эканларида унинг тавбаси мақбул бўлгани ҳақида ваҳий нозил бўлди. Умму Салама ҳужраси эшиги ёнидан туриб: «Эй Абу Лубоба! Хурсанд бўлинг, Аллоҳ тавбангизни қабул қилди», дедилар. Шунда одамлар уни ечиш учун гурра қўзғолдилар. Бироқ, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа биров уни ечишига кўнмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам субҳ намозига чиқиб кела туриб, уни ечиб қўйдилар.

Ушбу ғазот бешинчи ҳижрийнинг Зул-қаъда ойида бўлиб ўтди, қамал йигирма беш кун давом этди.[6]

Аллоҳ таоло Аҳзоб ва Бану Қурайза ғазотлари ҳақида «Аҳзоб» сурасида бир неча оятлар нозил қилиб, уларда воқеанинг энг муҳим нуқталарини зикр қилди, мўмин ва мунофиқларнинг ҳолатларини, фирқаларни ёрдамсиз қолдирганини ва аҳли китобларнинг хиёнати оқибатларини баён қилиб берди.

Ушбу ғазотдан кейин бўлиб ўтган жанговар ҳаракатлар
Саллом ибн Абул Ҳуқайқнинг ўлдирилиши

Куняси Абу Рофиъ бўлган Саллом ибн Абул Ҳуқайқ жамоаларни мусулмонларга қарши урушга ундаган ва уларни озиқ-овқат ва пул-мол билан таъминлаб турган яҳуд жиноятчиларининг энг катталаридан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп озори теккан эди. Мусулмонлар Бану Қурайзадан фориғ бўлишгач, Хазраж Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уни ўлдиришга изн сўради. Маълумки, Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши Авсликлар қўли билан бўлганди. Шу туфайли Хажражликлар ҳам ана шундай фазлга эришиш учун бу иш улар қўли билан бўлишини истаб, рухсат олишга шошилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўлдиришларига изн бердилар, бироқ аёллар ва болаларни ўлдиришдан қайтардилар. Ҳаммаси Хазражнинг Бану Салама уруғидан бўлган, Абдуллоҳ ибн Атик бошчилигидаги беш кишилик гуруҳ бу вазифани адо қилишга отланиб, Абу Рофиънинг қалъаси жойлашган Хайбар томонга йўл олди. Етиб келишганда кун ботиб қолган ва одамлар чорваларини ҳайдаб келишаётган эди. Абдуллоҳ ибн Атик шерикларига: «Сизлар шу ерда ўтириб туринглар, мен бориб, эшикбон билан тиллашиб кўрайчи, зора ичкарига кириб олсам», деди. Сўнг дарвозага яқинроқ бориб, юзини кийими билан ўраб олиб, гўё ҳожат адо этаётган одамдек ўтирди. Одамлар кириб бўлгач, эшикбон: «Ҳой Аллоҳнинг бандаси, кирсанг тезроқ кириб ол, мен эшикни беркитаман», деб қичқирди.

Абдуллоҳ ибн Атик айтади: «Шунда мен ичкари кириб, бир жойда яшириниб ўтирдим. Ҳамма кириб бўлгач, эшикбон давозаларни қулфлаб, калитларни бир қозиққа илиб қўйди. Мен секин бориб, калитларни олиб, эшикни очдим. Абу Рофиънинг уйида меҳмонлари бор экан, улар унинг болохонасида гаплашиб ўтиришарди. Улар кетишгандан кейин тепага чиқиб бордим ва ўзим очган ҳар бир эшикни ичидан қулфлаб боравердим. Ўзимча айтдимки, қавм агар мендан огоҳ топиб қолса ҳам то уни ўлдиргунимча олдимга етиб келолмайди. Унинг хонасига етиб келдим. У қоронғи уйда аҳли-оиласи ичида бўлиб, мен унинг аниқ қаердалигини билолмадим. Шундан кейин: «Абу Рофиъ!» деб чақирдим. «Ким у?», деди. Шунда мен овоз чиққан томонга яқинлашиб, қилич солдим, лекин ҳаяжондан зарбам хато кетди. У қичқириб юборди. Мен ташқарига чиқиб, бир оз турдим-да, кейин ичкарига кириб: «Нима шовқин, эй Абу Рофиъ?», дедим. (У мени ўз хизматкорларидан деб гумон қилиб:) «Онанг ўлгур, кимдир менга қилич урмоқчи бўлди!», деди. Шунда мен унга яна қилич уриб яраладим, лекин ўлдиролмадим. Сўнг қиличимнинг учини унинг қорнига тираб, бор оғирлигим билан босдим, ҳатто қилич унинг орқасидан чиққани билинди. Мен унинг ўлганига ишонч ҳосил қилгач, эшикларни бирма-бир очиб, зинапояга етиб келдим. Кеча ойдин эди. Зинапоядан тушарканман, ерга етдим, деган ўйда оёғимни қўйдим. Шунда оёғим тойиб йиқилдим ва болдирим синди. Оёғимни саллам билан чандиб боғлаб олдим-да, бориб, эшик ёнида ўтирдим. То ўлдирганимни аниқ билмагунимча кетмайман, дедим. Хўроз қичқиргач, бир киши девор устига чиқиб: «Ҳижоз аҳлининг тожири Абу Рофиънинг ўлимидан хабардор бўлинглар!» деб қичқирди. Мен шундан сўнг шерикларим ёнига бордим ва: «Кетдик тезда, Аллоҳ Абу Рофиъни ҳалок қилди», дедим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтиб, бўлган воқеани айтиб бердим. У зот: «Оёғингизни узатинг», дедилар. Оёғимни узатган эдим, силаб қўйдилар. Шу билан оёғим бутунлай тузалиб, кўрмагандек бўлиб кетдим».[7]

Бухорий ривоятида ана шундай дейилган. Ибн Исҳоқ ривоятида айтилишича, гуруҳ аъзоларининг ҳаммаси Абу Рофиъ олдига кириб бориб, уни ўлдиришда иштирок этганлар ва уни қиличи билан босиб ўлдирган киши Абдуллоҳ ибн Унайс бўлган. Унда яна айтилишича, улар тунда уни ўлдиришганидан сўнг Абдуллоҳ ибн Атикнинг оёғи синиб, уни кўтариб олишади ва қалъага сув ўтадиган бир туйнук ичига тушиб олишади, яҳудлар гулхан кўтариб, атрофда югуриб, ҳамма ёқни излаб ҳеч кимни топишолмай қайтиб кетишгач, улар Абдуллоҳ ибн Атикни кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келадилар.[8]

Ушбу сарийянинг юборилиши 5-ҳижрийнинг зул-қаъда ёки зул-ҳижжа ойида бўлган эди.[9]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳзоб ва Қурайзадан фориғ бўлганларидан сўнг тинчлик ва осойишталикка фақат куч ва зўрлик воситасидагина кўнадиган бадавий ва бошқа қабилаларга уларнинг эсини жойига киритиб қўядиган ҳужумкор гуруҳларни юбора бошладилар.

Муҳаммад ибн Маслама сарийяси

Бу Аҳзоб ва Қурайзадан фориғ бўлингандан кейинги биринчи сарийя бўлиб, жангчилари сони ўттиз кишидан иборат эди. Ушбу сарийя Нажд ўлкасининг Бакарот деган жойига қарашли Зарийя ноҳиясидаги Қуртоъ (қишлоғи ёки қабиласи) сари отланиб, 6 – ҳижрийнинг муҳаррам ойи тугашига ўн кун қолганида Бану Бакр ибн Килоб уруғи томон йўлга чиқди. Зарийя билан Мадина оралиғи етти кечалик йўл эди. Сарийя аъзолари етиб бориб, улар устига ҳужум қилишганда ҳаммаси қочиб, тумтарақай бўлиб кетишди. Мусулмонлар уларнинг туя ва қўй подаларини ҳайдаб кетдилар ва муҳаррамнинг сўнгги кечасида Мадинага етиб келдилар. Улар ўзлари билан бирга Мусайлама каззобнинг топшириғи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш мақсадида қиёфасини ўзгартириб йўлга чиққан бану Ҳанифа қабиласи саййиди Сумома ибн Ассол ал-Ҳанафийни ҳам қўлга тушириб олиб келишди. Етиб келишгач, уни масжид устунларидан бирига боғлаб қўйишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига чиқиб: «Нима мақсадинг бор эди эй Сумома?», деб сўрадилар. У: «Ҳеч қандай ёмон ниятим йўқ, эй Муҳаммад. Агар ўлдирсангиз, бир тирик жонни ўлдирасиз. Агар марҳамат кўрсатсангиз, яхшиликни билган одамга марҳамат кўрсатган бўласиз. Агар мол истасангиз, истаганингизча молга эга бўласиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан кетдилар. Кейин иккинчи марта унинг ёнидан ўтаётиб, яна ўша саволларини қайтардилар. У ҳам аввалги жавобини қайтарди. Учинчи марта ҳам юқоридаги савол-жавоб бўлганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сумомани қўйиб юборинглар», дедилар. Уни қўйиб юборишди. Шунда Сумома масжидга яқин бир хурмозорга бориб, ғусл қилди, сўнг қайтиб келиб, Исломни қабул қилди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сизнинг юзингиздан кўра ёқимсизроқ юз йўқ эди, энди сизнинг юзингиз мен учун энг суюмли юзга айланди. Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сизнинг динингиздан кўра ёқимсизроқ дин йўқ эди, энди сизнинг динингиз мен учун энг суюмли динга айланди. Сизнинг отлиқларингиз мени умра учун бораётганимда қўлга олишди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни муборакбод этдилар ва умра сафарини давом эттиришга буюрдилар. У Қурайш олдига келганида улар: «Сен ҳам диндан озибсан-да, эй Сумома?», дейишди. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас! Балки, мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, мусулмон бўлдим. Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан битта буғдой дони ҳам келмайди!», деди. Ямома Маккани дон-дун билан таъминловчи асосий экинзор ер эди. Сумома юртига қайтиб боргач, Маккага озиқ-овқат етказиб беришни тақиқлаб қўйди. Бунинг оқибатида Қурайш озиқ-овқат тақчиллигидан қаттиқ қийналиб қолди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мактуб билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мактубда у зотдан ўрталаридаги қариндошчилик ҳаққи-ҳурмати, Сумомани Маккадан озиқ-овқат тақиқини бекор қилишга чорлаш сўраларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг илтимосларини қондирдилар.[10]

Бану Лаҳён ғазоти

Бану Лаҳён Ражиъда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўнта саҳобалари хиёнаткорона ўлдирилишига сабаб бўлган қабила бўлиб, уларнинг диёри Ҳижознинг ичкарисида, Макка ҳудудларига яқин жойда жойлашгани учун ҳамда мусулмонлар билан Қурайш ва аъробийлар орасида кучли зиддиятлар давом этиб тургани боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта душманга яқин бўлган ўлкаларга кириб боришдан ўзларини тийиб тургандилар. Аҳзоб (жамоалар)нинг кучи кесилиб, қатъиятлари йўқолиб, мавжуд вазиятга маълум даражада кўникишга мажбур бўлишгач, у зот Ражиъда ўлдирилган асҳобларининг ўчини олиш пайти келди деб ҳисобладилар. 6- ҳижрийнинг рабиул-аввал ёки жумодул-уло ойида Мадинага Ибн Умму Мактумни халифа қилиб қолдириб, икки юзта саҳоба ҳамроҳлигида ўзларини Шом сафарига отлангандек кўрсатиб, йўлга отландилар. Сўнг катта тезликда йўл юриб, асҳоблари шаҳид бўлган ўринга, Амаж ва Усфон ўртасидаги Батн Ғурон водийсига етиб келдилар. Асҳоблари ҳаққига Аллоҳнинг раҳматини сўраб, дуо қилдилар. Бану Лаҳёнликлар мусулмонларнинг дарагини эшитиб, тоғу тошларга қочиб чиқиб кетишди, улардан бирон кишини ҳам тутиш имкони бўлмади. Уларнинг диёрида икки кун турдилар, атрофга сарийялар юбордилар, лекин ҳеч кимни қўлга туширолмадилар. Шундан сўнг Усфонга қараб юрдилар. Бу юришлари Қурайшнинг қулоғига ҳам етиб бориши учун ўн нафар суворийни Куроул-Ғамимга юбордилар. Сўнг Мадинага қайтиб келдилар. Ушбу юришлари ўн тўрт кун давом этди.

Атрофга кетма-кет сарийялар юборилиши

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофга кетма-кет сарийя ва жанговор гуруҳлар юбордилар. Қуйида уларнинг қисқача баёни билан танишасиз:

1. 6- ҳижрийнинг рабиул-аввал ёки рабиул-охирида Ғамрга юборилган Уккоша ибн Миҳсон бошчилигидаги сарийя. Уккоша қирқ киши билан Ғамрга – Бану Асадга қарашли сувли ерга – кириб борганида қавм тирқираб кетди. Мусулмонлар икки юзта туяни қўлга киритиб, Мадинага ҳайдаб келдилар.

2. 6- ҳижрийнинг рабиул-аввал ёки рабиул-охирида Зул-қассага юборилган Муҳаммад ибн Маслама бошчилигидаги сарийя. Ибн Маслама ўн кишилик гуруҳ билан Бану Саълаба диёри бўлмиш Зул-қассага етиб борганида қавм улар учун юз кишилик пистирма тайёрлаб қўйган эди. Мусулмонлар уйқуга кетганда пистирмадагилар тўсатдан ҳамла қилиб, уларни ўлдириб кетишди, фақат битта Ибн Маслама яраланган ҳолда тирик қолди.

3. 6- ҳижрийнинг рабиул-охирида Зул-қассага юборилган Абу Убайда ибн Жарроҳ бошчилигидаги сарийя. Бу сарийяни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муҳаммад ибн Масламанинг асҳоблари ўлдирилганидан кейин юбордилар. Абу Убайда қирқ киши билан улар ҳалок бўлган жойга отландилар. Улар тунлари пиёда йўл юриб, тонг пайти Бану Саълаба устига етиб бориб, ҳужум қилдилар. Улар тоғларга қочиб чиқиб кетишди. Фақат бир кишини қўлга олишди. У мусулмон бўлди. Туя ва қўй подаларини ўлжа қилиб олиб келдилар.

4. 6- ҳижрийнинг рабиул-охирида Жамумга юборилган Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги сарийя. Жамум Марруз-заҳрондаги Бану Сулаймга тегишли сувли ер бўлиб, Зайднинг сарийяси у ерга етиб бориб, Музайналик Ҳалима исмли бир аёлни ушлаб олдилар. У мусулмонларни Бану Сулаймнинг бир маҳалласига йўллаб қўйди. Улар у ерда туя ва қўйларни, шунингдек бирқанча асирларни қўлга киритдилар. Асирлар ичида Ҳалиманинг эри ҳам бор эди. Зайд қўлга киритган нарсалари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганидан сўнг у зот музайналик аёлнинг ўзини ҳам, эрини ҳам озод қилдилар.

5. 6- ҳижрийнинг жумодул-уло ойида Ийсга юборилган Зайд бошчилигидаги бир юз етмиш отлиқдан иборат сарийя. Ушбу сарийя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёвлари Абул-Ос бошчилигидаги Қурайш карвонидаги молларни қўлга киритди. Абул-Оснинг ўзи қочиб қутулди. Кейин у Зайнаб олдига келиб, унинг ҳимоясига кирди ва Зайнабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан карвондаги молларни қайтариб беришларини илтимос қилишини сўради. Зайнаб илтимос қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга карвонга тегишли молларни қайтариб беришни маслаҳат бердилар, бироқ ҳеч кимни бунга мажбур қилмадилар. Шунда ҳамма озми, кўпми, каттами, кичикми, нима олган бўлса ҳаммасини қайтариб берди. Абул-Ос Маккага қайтиб, омонатларни эгаларига топширгач, мусулмон бўлиб, Мадинага ҳижрат қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Зайнабни уч йилдан кўпроқ вақт ўтгани ҳолда ўша аввалги никоҳи билан қайтариб бердилар. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадисда собит бўлган.[11] Чунки, муслима аёлларнинг кофирларга ҳаром бўлиши ҳақидаги оят ҳали тушмаган эди. Аммо, уни янгидан никоҳлаб берганлари ёки олти йилдан кейин қайтариб берганлари ҳақидаги ҳадис маъно жиҳатидан ҳам, санад жиҳатидан ҳам саҳиҳ эмас.[12] Шуниси қизиқки, ушбу заиф ҳадисни ушлаган кишилар Абул-Оснинг саккизинчи йилнинг охирларида, фатҳдан сал олдинроқ мусулмон бўлганини айтишади. Кейин ўз сўзларига қарши ҳужжат ўлароқ, Зайнабни саккизинчи йилнинг бошларида вафот қилган, дейишади. Биз бу ҳақда «Булуғул-маром»га ёзган шарҳимизда батафсил айтиб ўтганмиз.[13]

Мусо ибн Уқба бу ҳодиса (яъни Қурайш карвонини қўлга олиш ҳодисаси) еттинчи ҳижрийда Абу Басир ва унинг шериклари томонидан амалга оширилган деган фикрни қувватлаган. Бироқ, бу на саҳиҳ ва на заиф ҳадисга мувофиқ келади.

6. 6- ҳижрийнинг жумодул-охир ойида Ториф ёки Ториққа юборилган Зайд бошчилигидаги сарийя. Зайднинг 15 кишилик бу сарийяси Бану Саълаба устига босиб борди. Бироқ, бадавийлар қочиб қолишди ва устларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшин тортиб келди, деган гумонда қўрқиб кетишди. Мусулмонлар уларнинг 20та туясини қўлга киритиб, тўрт кун деганда қайтиб келдилар.

7. 6- ҳижрийнинг ражаб ойида Қуро водийсига юборилган Зайд бошчилигидаги сарийя. Зайд 12 киши билан душман ҳаракатларини аниқлаш мақсадида Қуро водийсига йўл олди. Шунда водий аҳли уларга ҳужум қилиб, тўққиз кишини ўлдиришди. Уч киши, шу жумладан Зайд қутулиб кетишди.[14]

8. Хабат (барг) сарийяси. Бу сарийяни 8-ҳижрий ражаб ойида бўлган дейилади. Бироқ, воқеалар оқими далолат қилишича, у Ҳудайбия сулҳидан олдин бўлган. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз 300 отлиқни Абу Убайда ибн Жарроҳ амирлигида Қурайш карвонини пойлаш учун юбордилар. Биз қаттиқ очликдан ҳатто дарахт баргларини едик – шу боис Хабат (барг) сарйяси деб аталди – шундан сўнг бир киши учта туя сўйди, кейин яна учта туя сўйди, кейин яна учта туя сўйди, сўнг Абу Убайда унга яна туя сўйишни ман қилди. Кейин денгиз бизга анбар (кашалот, йирик тишли улкан кит) деб аталган улкан бир жониворни чиқариб ташлади. Ярим ой шунинг гўштидан едик, мойи билан мойландик, ҳатто семириб, баданларимиз тўлишиб қолди. Абу Убайда унинг қовурғаларидан бирини олиб, лашкар ичидаги энг новча одамни энг баланд туяга миндириб, унинг остидан ўтказганди, у бемалол ўтиб кетди. Биз унинг гўштидан қовурдоқ қилиб (ёки қуритиб) олдик. Мадинага келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга воқеани айтиб берган эдик: «У Аллоҳ сизларга чиқариб берган ризқдир, унинг гўштидан борми, бизлар ҳам есак?», дедилар. Биз унинг гўштидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юбордик».[15]

Биз воқеалар оқими бу сарийянинг Ҳудайбия сулҳидан олдин бўлганига далолат қилади, дедик. Чунки, мусулмонлар Ҳудайбия сулҳидан кейин Қурайш карвони йўлини тўсмайдиган бўлганлар.

Бану Мусталиқ ёки Мурайсиъ ғазоти (5- ёки 6- ҳижрийнинг шаъбони)

Бу ғазот кўлами ва миқёси жиҳатидан улкан ҳарбий юришлар сирасига кирмаса-да, унда бир неча воқеалар бўлиб ўтдики, улар ислом жамияти ичида маълум даражада беқарорлик ва безовталик келтириб чиқарди. Бунинг натижаси ўлароқ мунофиқларнинг шармандали башаралари яна бир бор фош бўлди ва исломий жамиятга олижаноблик, каромат ва нафсларнинг покланиши каби ўзига хос суратни бахш этган таъзир чоралари қўлланди. Аввал ғазотнинг ўзи ҳақида сўз юритайлик-да, кейин у воқеаларнинг баёнига ўтамиз.

Бу ғазот кўпчилик тарихчилар фикрига кўра бешинчи йилнинг, Ибн Исҳоқ фикрига кўра 6- йилнинг шаъбон ойида бўлиб ўтган.

Унинг келиб чиқиш сабаби шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бану Мусталиқ раиси Ҳорис ибн Аби Зирор ўз қавми ва унга тобеъ бошқа араб қабилалари билан бирга мусулмонларга қарши жангга ҳозирланаётгани хабари етиб келди. Шунда Бурайда ибн Ҳасиб ал-Асламийни бу хабарнинг ҳақиқатини аниқлаб келишга юбордилар. Бурайда бориб, Ҳорис ибн Аби Зирор билан учрашиб, сўзлашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтиб, хабарнинг тўғрилигини билдирди.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни жангга сафарбар қилиб, зудлик билан юриш бошладилар. Йўлга отланишлари шаъбоннинг иккинчи кунида бўлди. Ушбу юришларига илгариги жангларда иштирок этмаган бир гуруҳ мунофиқлар ҳам қўшилиб чиқишди. Мадинага Зайд ибн Ҳорисани халифа қилиб қолдирдилар. Баъзилар Абу Зарни, баъзилар Нумайла ибн Абдуллоҳ ал-Лайсийни қолдирганлар, ҳам дейишган. Ҳорис ибн Аби Зирор Ислом қўшини ҳақида хабар олиб келиши учун бир хабарчи-жосус қўйган экан, мусулмонлар уни ушлаб олиб, ўлдирдилар.

Ҳорис ибн Аби Зирор ва унинг қўшинига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лашкар тортиб келаётганлари ва унинг жосусини ўлдирганлари хабари етгач, улар қаттиқ қўрқувга тушиб қолишди ва Ҳорис атрофига йиғилган араб қабилалари тарқалиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мурайсиъга – Қудайд ноҳиясидаги соҳилга яқин сувли жойга – етиб келдилар ва жангга ҳозирландилар. Асҳобларини сафларга тиздилар, муҳожирлар байроғини Абу Бакр Сиддиққа, ансорлар байроғини Саъд ибн Убодага бердилар. Бир муддат икки тараф бир-бирига камондан ўқ узишдилар, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан мусулмонлар шиддат билан ҳамла қилиб, буткул ғалабага эришдилар, мушриклар мағлуб бўлиб, ўлганлари ўлиб, қолганлари чекинишди. Мусулмонлар аёллар ва болаларни, чорва ҳайвонларини қўлга киритдилар. Мусулмонлардан фақат бир киши ўлдирилди, уни ҳам бир ансорий адашиб, душмандан деб ўйлаб ўлдириб қўйди.

Тарихчи ва сийратчилар ана шундай ёзадилар. Ибнул Қаййим бу фикрга қўшилмаган. Унинг фикрича, ўртада жанг бўлмаган, мусулмонлар улар устига бостириб келишган ва бола-чақа ва мол-мулкларини қўлга киритишган, саҳиҳ ҳадисда келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Мусталиқни ғафлатда қолдириб, устларига ҳужум қилганлар. У шундай деб бу ҳақдаги ҳадисни келтиради.[16]

Асирлар ичида қавм саййиди Ҳориснинг қизи Жувайрия ҳам бўлиб,у Собит ибн Қайснинг улушига тушди. Собит у билан мукотабликка (яъни, маълум тўлов эвазига озод қилишга) келишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг тўловини адо қилдилар, сўнг унга уйландилар. Шундан сўнг мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу уйланишлари шарофати билан Бану Мусталиқдан асирга олиниб, мусулмон бўлган юз хонадон аҳлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қудалари деган эҳтиром билан озод қилиб юбордилар.[17]

Энди ушбу ғазот асносида юз берган воқеаларга келсак, уларнинг асосий сабабчиси мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг дўстлари бўлгани боис, аввало уларнинг ислом жамияти ичидаги кирдикорларидан баъзиларини келтириб ўтишни лозим топдик.

Мунофиқларнинг Бану Мусталиқ ғазотидан олдинги кирдикорлари

Аввал ҳам бир неча бор айтиб ўтганимиздек, Абдуллоҳ ибн Убай Исломни ва мусулмонларни ёмон кўрар, айниқса унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нафрати беқиёс эди. Чунки, Авс ва Хазраж уни ўзларига бошлиқ қилиб, бошига тож кийдиришга келишиб турган бир даврда Мадинага Ислом кириб келиб, Ибн Убай бир четга сурилиб қолганди. У ўзининг подшоҳликдан маҳрум бўлишига асосий айбдор деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрарди.

Унинг бу нафрат ва адовати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижратларидан тортиб то у ўзини мусулмонликни қабул қилганини даъво қилгунича ҳам давом этиб келганди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Убодани кўриб келиш учун эшакка миниб бораётиб, Абдуллоҳ ибн Убай ўтирган мажлис олдидан ўтиб қолдилар. Шунда у енги билан бурнини тўсиб: «Бизга чангитманглар!», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу мажлис аҳлига Қуръон ўқиб берганларида у: «Уйингизда ўтиринг, мажлисларимизга келиб, бизга озор берманг!», деди.[18]

Бу унинг мусулмонликни даъво қилишдан олдинги ҳолати эди. Бадрдан кейин ўзини мусулмон қилиб кўрсатгач ҳам Аллоҳ ва Расулига ҳамда мўминларга адоват қилишда давом этди, ислом жамиятини парчалаб ташлаш ва мусулмонлар бирдамлигини заифлаштириш учун тинмай бош қотирарди, Ислом душманларини дўст тутарди. Айтиб ўтганимиздек, у Бану Қайнуқоъ ишига ҳам аралашди. Шунингдек, Уҳуд ғазотида ҳам мусулмонларни бўлиб ташлаш, сафлари ичида парокандалик ва тушкунлик пайдо қилиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди.

Бу мунофиқнинг энг катта макрларидан ва мусулмонларни алдаш кўринишларидан яна бири шу эдики, мусулмонлик даъво қилганидан кейин ҳар жума Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбага чиққанларида у ўрнидан туриб, қавмга қараб: «Бу киши сизларнинг ичларингиздаги Аллоҳнинг элчиси, Аллоҳ сизларни у сабабли азиз ва мукаррам қилди. Сизлар бу кишига ёрдам берингилар, уни қўллаб-қувватланглар, унга қулоқ солиб, итоат қилинглар», деб хитоб қилиб, сўнг ўрнига ўтирар, шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба бошлардилар. Бу мунофиқнинг юзсизлиги шу даражага етдики, Уҳуддан кейинги жумада – шунча қабиҳ хиёнат ва ёмонлик қилганидан кейин – яна илгари айтадиган сўзларини айтиш мақсадида ўрнидан турган эди, мусулмонлар унинг этагидан тортиб: «Ўтир, эй Аллоҳнинг душмани! Сен шунча қилғиликни қилганингдан кейин энди бунга лойиқ эмассан!» дейишди. У одамларнинг елкалари оша ташқарига йўл оларкан: «Худо ҳаққи, мен унинг ишини қўллаб-қувватлаш учун ўрнимдан турган бўлсам-у, улар менга худди бирон ёмон гап қилиб қўйган одамдек муомала қилишади-я!», деб шовқин солди. Остонада унга йўлиққан бир ансорий: «Ҳой қуриб кетгур, қайт орқангга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенга истиғфор айтадилар», деган эди: «Мен унинг истиғфорига зор эмасман», деди.

Унинг Бану Назир билан ҳам мустаҳкам алоқалари бўлиб, мусулмонларга қарши улар билан тил бириктириб иш қиларди. Аллоҳ таоло улар ҳақида оят нозил қилганди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) мунофиқ кимсалар ўзларининг аҳли китоблардан (яҳудийлардан) бўлган кофир биродарларига: «Қасамки, агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангизлар, албатта бизлар ҳам сиз­лар билан бирга чиқиб кетурмиз ва сизлар(га қарши урушиш) тўғрисида ҳеч қачон бирон кимсага итоат этмасмиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта бизлар сизларга ёрдам берурмиз», дейишларини кўрмадингизми? Аллоҳ гувоҳлик берур-ки, улар шак-шубҳасиз ёлғончидирлар» (Ҳашр: 11).

Ундан ташқари, Ибн Убай ва шериклари Аҳзоб ғазотида ҳам безовталик ва беқарорлик келтириб чиқариш ва мўминлар қалбига қўрқув ва даҳшат солиш мақсадида елиб-югуришди. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтади:

«Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар. Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: «Эй Ясриб (яъни Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир, бас (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди),» деб пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар. Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан (бостириб) кирилса-да, сўнгра улардан фитна (яъни мусулмонларга хиёнат қилиш) талаб қилинса, шак-шубҳасиз улар кўп (иккиланиб) турмасдан (хиёнатга розилик) берган бўлур эдилар. Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмасликлари ҳақида Аллоҳга ахду паймон берган, Аллоҳга берилган аҳду паймон эса (қиёмат кунида) сўралгувчи эди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга бирон фойда бермас, демак сизлар жуда оз (яъни ажалларингиз етгунча) фойдаланурсизлар, холос. Айтинг: «Агар Аллоҳ сизларга ёмонликни ирода қилса, қай бир кимса сизларни ундан асрай олур, ёки У зот сизларга марҳаматни ирода қилса (ким уни тўса олур)?!» Улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст, бирон ёрдамчи топа олмаслар. Аллоҳ сизларнинг орангиздаги (жиҳодга) тўсқинлик қиладиган ва ўз дўстларига «Биз томонга ўтинглар» дейдиган кимсаларни аниқ билур. Улар жангга камдан-кам, сизларга (яъни сизларнинг ғалаба қозониб, ўлжаларга эга бўлишингизга) бахилликлари келган ҳолдагина келурлар. Бас, қачон (ёв томонидан) хавф келса, сиз уларни ўлим ўраб (шайтонлаб) қолган кимса каби кўзлари ўйнаб, сиз томонга қараётганларини кўрурсиз. Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитурлар. Улар (сидқидилдан) иймон келтирмаганлар, бас (шу сабабли) Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда кетказди. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир. Улар (яъни мунофиқлар қўрқоқликлари сабабли кофир фирқалар Мадина атрофидан тарқаб кетганларидан кейин ҳам) у фирқаларни кетмаган деб ўйлайдилар, ва агар у фирқалар (яна қайтиб) қолсалар (мунофиқлар шаҳарда — сизларнинг ичингизда эмас, балки саҳрода) кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизларнинг ҳоли-хабарларингиз ҳақида сўраб-билиб туришни дўст тутадилар. Агар улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар» (Аҳзоб: 12-20).

Зотан, Ислом душманларининг ҳаммаси, яҳудлар ҳам, мунофиқлар ҳам, мушриклар ҳам Исломнинг ғалабаси мусулмонларнинг моддий томондан устунликлари ҳамда қурол-аслаҳа ва қўшиннинг сон жиҳатидан кўплигидан эмаслигини, бунинг ягона сабаби – ислом жамиятига ҳукмрон бўлган ва бу динга алоқадор ҳар бир кишида кўриниб турган олий ахлоқ ва юксак қадриятлар эканини яхши билишарди. Яна улар бу файзу бараканинг ёлғиз манбаи – мазкур ахлоқ ва қадриятларни ўзида мужассам этган ва бу борада мислсиз намуна соҳиби бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканликларини ҳам жуда яхши англашарди. Ундан ташқари, беш йилга чўзилган жангу жадаллардан сўнг улар бу динни ва унинг аҳлини қурол воситасида йўқ қилиб бўлмаслигига ҳам ишонч ҳосил қилишган эди. Шу боисдан ҳам энди улар бу динга қарши ахлоқий меъёрлар ва урф-одатлар орқали зўр бериб кенг қамровли ташвиқот уруши (провакация) олиб боришга қарор қилдилар ва ўзларининг бу сохта ташвиқотлари учун энг биринчи нишон қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсиятини танладилар. Мунофиқлар мусулмонлар сафлари ичидаги бешинчи колонна (яъни, жосус ва қўпорувчилар) мақомида бўлганлари ва Мадина аҳлидан эканликлари боис мусулмонлар билан бевосита алоқага киришиб, исталган пайтда уларнинг ҳис-туйғуларига таъсир ўтказиш имкониятига эга эдилар. Шунинг учун ҳам бу маккорона уруш вазифаси мунофиқларнинг ва уларнинг бошлиқлари бўлмиш Абдуллоҳ ибн Убайнинг зиммасига юкланди.

Уларнинг бу режалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммул мўъминийн Зайнаб бинт Жаҳшга – асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса талоқ қилганидан сўнг – уйланганларидан сўнг ошкор бўлди. Араб урф-одати бўйича асранди ўғил ҳамма жиҳатдан ҳақиқий ўғил мақомида саналар, шу туфайли асранди ўғилнинг аёли уни асраб олган отаси учун маҳрам деб билинарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнабга уйланганларидан сўнг мунофиқлар у зотга қарши фитна қўзиш учун ўзларича иккита айб топишди:

Биринчи: Зайнаб У зотнинг бешинчи аёллари бўлди, ваҳоланки Қуръон тўрттадан ошиқ аёлга уйланишга изн бермаганди. Бу никоҳ қандай дуруст бўлиши мумкин?!

Иккинчи: Зайнаб у зотнинг – асранди – ўғилларининг хотини эди. Ўз ўғлининг аёлига уйланиш араблар урф-одатича, энг катта гуноҳлардан саналарди.

Шу боис улар ҳар хил гап-сўз ва иғволарни кўпайтириб юборишди, ўзларича афсоналар тўқиб чиқаришди. Гўёки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнабни тасодифан кўриб қолиб, унга ошиқу беқарор бўлиб қолганмишлар ва ўғиллари Зайд бундан хабар топгач, аёлини талоқ қилиб, у зот уйланишлари учун йўл очиб берганмиш. Мунофиқлар мана шу бўҳтон гапни шу даражада ёйишга муваффақ бўлишдики, ҳатто бу баъзи тафсир ва ҳадис китоблар саҳифаларида то ҳозирги замонгача етиб келган. Бу гап эътиқоди заиф кишиларга қаттиқ таъсир кўрсатди, ҳатто Қуроъни Каримда диллар учун шифо бўлувчи очиқ оятлар нозил бўлди. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасини қуйидаги сўзлари билан бошлаганлиги ҳам бу бўҳтоннинг нақадар катта миқёсда ёйилганидан дарак беради: «Эй Пайғамбар, Аллоҳдан қўрқинг ва кофир, мунофиқ кимсаларга бўйсунманг! Албатта Аллоҳ билувчи ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Аҳзоб: 1).

Ушбу айтиб ўтганларимиз мунофиқларнинг Бану Мусталиқ ғазотидан илгариги қилмишларидан айрим лавҳа ва кўринишлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларнинг ҳаммасини сабр-бардош билан, ҳалимлик ва кечиримлилик билан кўтариб келардилар. Мусулмон оммаси ҳам уларнинг ёмонликларидан эҳтиёт бўлишга ҳаракат қилишар ёки уларнинг қилмишларига тоқат қилиб чидаб келишарди. Чунки, уларнинг кимликларини Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтганидек қилмишлари орқали аллақачон яхши таниб олишган эди.: «Кўрмайдилармики, улар ҳар йили бир-икки марта балога – фитналарга йўлиқмоқдалар. Шундан кейин ҳам на тавба қиладилар ва на панд-насиҳат оладилар» (Тавба: 126).

Мунофиқларнинг Бану Мусталиқ ғазотидаги қилмишлари

Мунофиқлар Бану Мусталиқ ғазотида иштирок этиш учун чиқишганида Аллоҳ таолонинг мана бу оятининг ҳақиқий исботига айландилар: «Агар улар сизларнинг орангиздан чиққанларида ҳам, сизларга фақат ортиқча зиён бўлган ва ўрталарингизда сизларни фитнага солиш учун югуриб-елиб юрган бўлур эдилар» (Тавба: 47). Улар ўз заҳарларини сочиш учун иккита қулай фурсат топдилар ва мусулмонлар сафлари ичида кучли асабий таранглик ҳолатини пайдо қилишга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши қабиҳ бўҳтон қўзғотишга муваффақ бўлдилар. Қуйида бу ҳақда батафсил айтиб ўтамиз:

1) Мунофиқларнинг: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқаргай» деганликлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотдан фориғ бўлиб, Мурайсиъда турган кунлари эди. Умар ибн Хаттобнинг Жаҳжоҳ ал-Ғифорий исмли бир хизматчиси Синон ибн Вабар ал-Жуҳаний номли бир ансор йигити билан сув олиш пайтида тиқилинчда жанжаллашиб қолиб, уришиб кетишди. Шунда Жуҳаний: «Эй ансорлар жамоаси!», деб, Жаҳжоҳ эса: «Эй муҳожирлар жамоаси!», деб қичқиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб: «Мен ҳали ораларингизда бўла туриб, сизлар жоҳилият чақириқларига чақирмоқдамисиз?! Қўйинглар ундай сассиқ гапларни!», деб танбеҳ бердилар. Бу ҳодиса Абдуллоҳ ибн Убайнинг қулоғига етиб боргач, ғазабдан ўзини қўйгани жой тополмай қолди. Атрофида бир гуруҳ қавмдошлари бўлиб, улар ичида Зайд ибн Арқам деган ёшгина ўсмир ҳам бор эди. Ибн Убай: «Ҳали шундай қилишдими?! Бизнинг юртимизда биз билан жанжаллашишга ва бизга зўрлик қилишга журъат қилишадими?! Аллоҳга қасамки, биз билан уларнинг мисоли аввалгилар айтганидек: «Итингни семиртирсанг, ўзингни қопади!» дегандан бошқача эмас! Билиб қўйинглар, қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқаргай!», деди. Сўнг олдидагиларга қараб: «Бунга ўзингиз сабабчисизлар, уларга юртингизни бериб қўйдингиз, мол-мулкингизни бўлиб бердингиз! Қасамки, агар уларга бунчалик қўли очиқлик қилмасангиз эди, бошқа юртларга кўчиб кетган бўлишарди», деди.

Зайд ибн Арқам бу гапдан амакисини хабардор қилди, амакиси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берди. Ўша пайтда Умар ҳам у зот ҳузурларида эди, у: «Абод ибн Бишрга буюринг, унинг бошини танидан жудо қилади», деди. «Қандай қилиб, эй Умар?! Ахир одамлар: «Муҳаммад ўз асҳобларини ўлдирмоқда», дейишади-ку! Йўқ! Одамларга эълон қилинг, тезда йўлга тушамиз», дедилар. Бу пайт одатда йўлга чиқилмайдиган бир соат эди. Одамлар йўлга тушдилар. Шунда Усайд ибн Ҳузайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб, салом берди ва: «Бевақт йўлга отланибсизми?», деб сўради. «Биродарингиз – яъни, Ибн Убай – айтган гапни эшитмадингизми?!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Йўқ, нима депти?», деди Усайд. «Унинг айтишича, Мадинага қайтгандан сўнг кучлилар ундан кучсизларни чиқариб юборармишлар», дедилар. Шуда Усайд: «Ё Расулуллоҳ, агар истасангиз сиз уни Мадинадан чиқариб юборасиз! Аллоҳга қасамки, унинг ўзи кучсиз ва хор, сиз эса кучли ва азизсиз!», деди, сўнгра яна: «Ё Расулуллоҳ, ундан хафа бўлманг. Чунки, қавми унинг бошига тож кийдиришга ҳозиргарлик кўриб турган кунларда Аллоҳ сизни бизга етказди, шу боис у сизни ўз салтанатини тортиб олган одам сифатида кўради», деди.

Сўнг шу юришда одамларни тўхтовсиз юргизиб, кечаси билан ҳам йўл босиб, эртасига ҳам то кун қиздириб, одамлар иссиқдан қийнала бошлагунларича юрдилар. Кейин дам олиш учун тўхташга рухсат бердилар. Одамлар қаттиқ чарчаганларидан ёнлари ерга тегар-тегмас, қотиб ухлаб қолдилар. У зот одамларни гап-сўзлардан буриш учун шундай қилгандилар.

Ибн Убай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Арқам орқали унинг гапларидан хабар топганларини билгач, у зот ҳузурларига бориб, барча гапларидан тонди ва: «Аллоҳга қасамки, бундай гап оғзимдан чиққани йўқ», деди. Шу ерда ҳозир бўлган ансорлар ҳам: «Ё Расулуллоҳ, балки бола унинг гапини яхши англамай, нотўғри етказиб келгандир», дейишди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўзини қабул қилдилар.

Зайд айтади: «Мен гўё туҳматчи бўлиб қолиб, ҳаддан ортиқ ғам-қайғуга ботиб, уйдан чиқолмай қолдим. Шундан сўнг Аллоҳ таоло «Мунофиқун» сурасидаги қуйидаги оятларни нозил қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» дерлар. Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур. Улар ўзларининг (мусулмон эканликлари ҳақида ичган ёлғон) қасамларини қалқон қилишиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар! Уларнинг қилгувчи бўлган амаллари нақадар ёмондир! Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар! Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар. Улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а! Қачон уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрар», дейилса, албатта улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми уларга баробардир Аллоҳ уларни ҳаргиз мағфират қилмас! Албатта Аллоҳ бундай фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас. Улар (ўзларининг тобеъларига): «Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар, токи улар тарқалиб кетсинлар», дейдиган кимсалардир. Ҳолбуки осмонлар ва Ер хазиналари ёлғиз Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар. Улар: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқарур», дерлар. Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар» (Мунофиқун: 1-8). Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени чақиртириб, бу оятларни ўқиб бердилар ва: «Аллоҳ сенинг сўзларингни тасдиқлади», дедилар»[19].

Бу мунофиқнинг ўғли Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Убай мухлис саҳоба ва солиҳ кишилардан эди. У отасидан безор бўлиб, Мадина дарвозаси ёнида қилич яланғочлаб турди. Отаси келганида унга: «Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рухсат бермагунларича шу ердан буёғига ўтмайсан. Зеро, у зот кучли-азиз ва сен кучсиз-хорсан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, изн берганларидан кейингина унинг йўлини очиб қўйди. Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Салул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтарди: «Ё Расулуллоҳ, агар уни қатл эттирмоқчи бўлсангиз, ўзимга буюринг, мен ўзим сизга унинг бошини келтираман».[20]

2) Уйдирма воқеаси

Уммул мўъминийн Оиша розияллоҳу анҳо шаънига қилинган ифк – уйдирма воқеаси ҳам мана шу ғазотда содир бўлди. У шундай бўлганди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга аёлларидан бировини бирга олмоқчи бўлсалар, қуръа воситасида олиб чиқардилар. Ушбу сафарларида у зотга аёлларидан Оиша розияллоҳу анҳо ҳамроҳ бўлган, чунки қуръа унинг чекига тушган эди. Ғазотдан қайтаётганларида дам олиш учун бир манзилда тўхтадилар. Шунда Оиша ҳожат учун бир четга чиқиб келгач, қараса, бировдан ориятга (қарзга) олиб, тақиб турган маржони йўқолибди. Қайтиб бориб, ўша жойда маржонни қидириб, анча ҳаяллаб қолди. Бу орада лашкар йўлга отланиб, Оишанинг ҳавдажини (яъни, туя устига ўрнатиладиган кажавасини) туяга чиқариб-тушириб туришга тайинланган одамлар ҳавдажни Оиша унинг ичида бўлса керак, деган ўйда туяга ўрнатиб, йўлга чиқиб кетдилар. Ҳавдажнинг енгиллигига эътибор ҳам беришмади. Чунки, Оиша ёш қиз бўлганидан вазни ҳам енгил, оғирлиги деярли билинмасди. Ундан ташқари, ҳавдажни кўтариб-туширишга бир неча киши қаралашар, агар бир-икки киши кўтарса ҳам ичида одам йўқлиги билиниши мумкин эди. Оиша маржонни топиб, қайтиб келиб қараса, манзилда ҳеч қолмабди. Менинг йўқлигимни билиб, қидириб келиб қолишса керак, деган гумонда ўша жойда кутиб ўтирди. Аллоҳ ўз ишига ғолиб зот, ишларни Арши устидан Ўзи истаганидек тадбир қилади. Оишанинг кўзига уйқу ғолиб келиб, ухлаб қолди. Бир вақт Сафвон ибн Муаттал деган саҳобанинг: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуун, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтиҳалоллари-ку?!» деган сўзларидан уйғониб кетди ва дарҳол юзини тўсиб олди. Сафвон ухлаб қолиб, лашкардан орқада қолиб кетган экан. У Оишани кўриб, таниди. Чунки, ҳижоб ояти тушмасидан олдин уни кўриб юрарди. У истиржоъ (инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъувн деб) айтгач, туясини унинг яқинига олиб келиб чўктирди. Оиша туяга миниб олгач, уни етаклаганича йўлга тушиб, кун қиздира бошлаган пайт лашкар дам олишга тўхтаган пайтларида орқадан етказиб келди. Йўлда келгунларича на Оиша, на Сафвон бир оғиз ҳам сўз қотмадилар. Одамлар уларни кўргач, ҳар ким нима деса деб, ҳар хил гап-сўз кўпайди. Аллоҳнинг душмани бўлмиш ифлос Абдуллоҳ ибн Убай ич-ичидан тошиб келаётган нифоқ ва ҳасад заҳрини пуркаш учун қулай фурсатга эга бўлди, туҳмат ва бўҳтон гапларни ошириб-тошириб гапиришга ва чор-атрофга ёйишга тушди. Ёнидаги ҳамтовоқлари ҳам бунда унга яхшигина кўмакчи бўлишди. Мадинага келганларидан сўнг туҳмат аҳлининг бозори чаққонлашиб, гап-сўз кўпайгандан кўпайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут сақлар ва ҳеч нарса демасдилар. Бу ҳақда ваҳий ҳам тушавермагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оишадан ажралиш ҳақида асҳобларига маслаҳат солдилар. Алий розияллоҳу анҳу очиқ айтмаса-да, ишора билан уни қўйиб, бошқасига уйланишга маслаҳат берди. Усома ва бошқалар ундан ажралмасликка ва душманларнинг гап-сўзларига парво қилмасликка маслаҳат беришди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, ўзларини Абдуллоҳ ибн Убайнинг озорларидан ҳимоя қиладиган одам сўрадилар. Шунда Авс саййиди Усайд ибн Ҳузайр уни ўлдиришга рағбат билдирган эди, унинг бу гапидан Саъд ибн Убоданинг қабилачилик ҳамияти тутиб қолди. Чунки, у Хазраж қабиласининг саййиди бўлиб, Ибн Убай шу қабиладан эди. Иккала қабила саййидлари ўртасида гап-сўз айланиб, оқибатда икки қабиланинг жанжалига айланиб кетаёзди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушиб, тинчлантирганларидан кейингина тинчланишди.

Оиша ушбу сафардан қайтганидан сўнг бетоб бўлиб бир ой ётиб қолган, ўзига қилинаётган бу туҳматдан мутлақо хабари йўқ эди. Фақат биргина нарса унинг кўнглини нохуш қилиб турар, у ҳам бўлса илгарилари бетоб бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўрадиган лутфу марҳамат ва эътиборни бу сафар кўрмаётган эди. Бироз тузалиб қолгач, бир куни тунда Умму Мистаҳ деган аёл билан бирга ҳожатга чиқиб келишаётганда Умму Мистаҳ устидаги кийимига ўралашиб мункиб кетди ва: «Яшшамагур Мистаҳ», деб ўғлини қарғади. Оиша унинг бу гапини ёқтирмасдан, Бадр жангида қатнашган одамни қарғаш яхши эмаслигини айтиб танбеҳ берганида у бўлган воқеаларни бирма-бир айтиб берди (Мистаҳ ҳам ушбу туҳматчиларга аралашиб қолган эди). Шундан сўнг Оиша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ота-онасиникида туриб даволанишга изн сўради. Мақсади улардан хабарни яхшироқ сўраб-суриштириш эди. Изн бўлгач, улар ҳузурига бориб, ҳамма гапдан тўла хабар топди ва йиғлаб юборди. Шу йиғлаганича икки кеча-ю бир кундуз тинмай йиғлади. Кўзига уйқу ҳам қўнмас, кўз ёши ҳам тинмасди. Ҳатто, йиғидан жигарим тилка-пора бўлиб кетса керак, деган гумонга ҳам борди. Мана шу ҳолатда ётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар. Аввал шаҳодат калималарини айтдилар, кейин: «Эй Оиша, менга сен ҳақингда шундай-шундай гаплар етди. Агар сен бу гаплардан пок бўлсанг, Аллоҳ тез орада сенинг поклигингни кўрсатади. Агар гуноҳга қўл урган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, тавба қил. Чунки, банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар.

Шу гапдан сўнг Оишанинг кўз ёшлари тўхтади ва ота-онасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига жавоб беришларини сўради. Улар ҳам нима деб жавоб қилишни билмадилар. Шунда унинг ўзи деди: «Аллоҳга қасамки, билишимча, сизлар бу гап-сўзни эшитганигиздан сўнг у дилингизга ўрнашиб, ҳатто сизлар унинг ростлигига ишониб ҳам қолибсизлар. Агар мен ҳозир сизларга: «Мен бундан покман» десам ҳам – поклигимга эса Аллоҳнинг Ўзи шоҳид – сизлар менга ишонмайсизлар, агар гуноҳни эътироф этсам – Аллоҳ Ўзи менинг бу гуноҳдан поклигимни яхши билиб турибди – сизлар бунга ишонасизлар. Қасамки, мен сизлар билан ўртамиздаги ҳолатга Юсуфнинг отаси айтган қуйидаги сўзлардан бошқа ўхшаш тополмайман: «Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир» (Юсуф: 18)».

Шундан сўнг тескари ўгирилиб, ётиб олди. Ўша вақтнинг ўзидаёқ ваҳий нозил бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларида табассум порлай бошлади. Ваҳий тушиб бўлгач, биринчи айтган гаплари: «Эй Оиша, дарҳақиқат, Аллоҳ Ўзи сени оқлади!», дейиш бўлди. Шунда онаси Оишага: «Тур, олдиларига бор», деган эди, у ўзининг айбсизлигига ишонганидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга бўлган муҳаббатига кўнгли хотиржам бўлганидан: «Аллоҳга қасамки, олдиларига бормайман, фақат Аллоҳгагина ҳамд айтаман», деди.

Ушбу туҳмат воқеаси муносабати билан Аллоҳ таоло «Нур» сурасида қуйидаги ўн оятни нозил қилди:

«Шак-шубҳасиз бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир. (Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!» десалар бўлмасмиди?! Улар (яъни Оишани бандом қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Энди агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар. Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, албатта сизларни тинмай сўзлаган нарса — бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир). Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!» десангизлар бўлмасмиди?! Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур. Ва Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат соҳибидир. Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати ва Аллоҳнинг меҳрибон ва раҳмли экани бўлмаса эди (албатта сизларга бу қилмишларингиз учун азобни нақд қилган бўлур эди). (Нур: 11-20).

Туҳматчилардан Мистаҳ ибн Асоса, Ҳассон ибн Собит ва Ҳамна бинт Жаҳшга саксон даррадан урилди. Хабис Абдуллоҳ ибн Убай иуҳматчиларнинг каттаси ва бу ишдаги энг катта гуноҳкор шахс бўлишига қарамай, унга жазо берилмади. Чунки, дунёда олинган жазо охират азобини енгиллатарди, Аллоҳ таоло эса унга охиратда улкан азобни ваъда қилганди. Ёки бўлмаса, илгарироқ уни ўлдиришдан тийилган сабаб туфайлими, ҳар холда унга жазо бермадилар.

Шундай қилиб, Мадина устини қоплаган шак-шубҳа, изтироб ва безовталик булутлари ниҳоят, бир ой деганда тарқалди, мунофиқлар бошлиғи шармандаи шармисор бўлиб, шундан кейин одамлар ичида бош кўтариб юролмай қолди. Ибн Исҳоқ айтади: «Шундан сўнг Ибн Убай бирон ножўя иш қилиб қўйса, ўзининг қавмдошлари ҳам уни жеркиб берадиган ва айбини юзига соладиган бўлиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарга: «Кўрдингизми эй Умар?! Сиз ўлдиришни талаб қилган куни уни ўлдирган бўлганимда, унинг тарафдорлари жунбушга келган бўлишарди. Бугун энди уларнинг ўзларига буюрсам ҳам уни иккиланмай ўлдиришади», дедилар. Шундан сўнг Умар айтган эди: «Қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишлари менинг ишимдан кўра мислсиз даражада баракотли эканини билдим».[21]

Мурайсиъ ғазотидан кейинги ҳарбий ҳаракатлар
1) 6- ҳижрийнинг шаъбонида Дувматул Жандалдаги Бану Калб диёрига юборилган Абдурраҳмон ибн Авф бошчилигидаги сарийя.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдурраҳмонни олдиларига ўтиргизиб, унга ўз қўллари билан салла ўрадилар, сўнг унга уруш одобларига оид тавсиялар бердилар. Унга: «Агар улар сизга итоат қилсалар, ҳукмдорларининг қизига уйланинг», дедилар. Абдурраҳмон ибн Авф етиб боргач, уларни уч кун исломга даъват қилдилар. Қавмнинг барчаси исломни қабул қилди. Абдурраҳмон уларнинг раисининг қизи бўлмиш Тамозур бинт ал-Асбағга уйланди. У Абдурраҳмоннинг Абу Салама исмли ўғлининг онаси эди.

2) 6- ҳижрийнинг шаъбонида Фадакдаги Бану Саъд ибн Бакр қабиласига юборилган Алий ибн Аби Толиб бошчилигидаги сарийя.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Фадакдаги бир жамоа яҳудларга мадад бериш учун келмоқчи экани ҳақида хабар келди. Шундан сўнг Алийни икки юз кишига бош қилиб, улар устига юбордилар. Улар кундузлари яшириниб, тунда йўл босиб бордилар ва уларнинг бир жосусини ушлаб олдилар. У ўзининг Бану Саъд тарафидан Хайбарга юборилган элчи эканига, уни яҳудларга Хайбар хурмолари эвазига ёрдам бериш таклифи билан юборганликларига иқрор бўлди. Сўнг у Бану Саъднинг тўпланиб турган жойини кўрсатиб берди. Алийнинг жамоаси уларга тўсатдан ҳамла қилиб, 500 туя ва 2000 қўй-эчкини ўлжа қилиб олдилар, Бану Саъд бола-чақаларини олиб қочиб қолди. Уларнинг бошлиқлари Вабар ибн Улайм эди.

3) 6- ҳижрийнинг рамазонида Водий ал-Қурога юборилган Абу Бакр Сиддиқ ёки Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги сарийя.

Фазора қабиласининг бир уруғи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд қилмоқчи бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқни улар устига юбордилар. Салама ибн Акваъ айтади: «Мен Абу Бакр билан бирга чиққандим. Бамдод намозини ўқиганимиздан сўнг унинг буйруғи билан ҳужумга ўтдик. Ўлганлар ўлиб, қолганлар қочаётган эди, бир гуруҳ одамларни кўрдим, улар ичида болалар ҳам бор эди. Мен улар тоққа чиқиб кетиб қолишларидан қўрқиб, улар ортидан қувиб етдим ва улар билан тоғ оралиғига камон ўқи отдим. Улар камон ўқини кўриб, тўхтаб қолишди. Ораларида эгнига теридан тикилган кийим кийиб олган Умму Қирфа исмли бир аёл, унинг ёнида эса унинг қизи ҳам бўлиб, у арабларнинг энг сулув қизларидан эди. Мен уларни олдимга солиб, Абу Бакрнинг ёнига келтирдим. Абу Бакр ўлжадан тушган улушлар қаторида унинг қизини ҳам менга берди. Мен унга қўлимни ҳам теккизмадим. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрдан Умму Қирфанинг қизини сўраган эканлар. Уни Маккага юбориб, эвазига ўша ерда бўлган мусулмон асирларини қутқариб олдилар.

Умму Қирфа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд қилиш мақсадида хонадони аҳлидан ўттизта отлиқни тайёрлаган шайтон хотин эди. У жазосини олди, ўттиз отлиқ ҳам ўлдирилди.

4) 6- ҳижрийнинг шавволида Уранийларга юборилган Курз ибн Жобир ал-Фиҳрий бошчилигидаги сарийя.

Бунга сабаб, Укал ва Урайна қабиласидан бир неча киши мусулмонлик изҳор қилиб, Мадинада яшаб турдилар, сўнг Мадина ҳавоси ёқмай касал бўлиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни туялар боқилаётган яйловга юбордилар ва туяларнинг сутларидан ва сийдикларидан ичишни тавсия қилдилар. Улар соғайиб олгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чўпонини ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди, исломдан сўнг куфрга қайтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг изидан Курз ал-Фиҳрийни 20 та саҳобий билан юбордилар. Уранийларни дуоибад қилиб: «Эй Аллоҳим, уларни йўлдан адаштириб қўйгин, уларга йўлни билагузукдан ҳам торайтириб қўйгин», дедилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларни йўлдан адаштириб қўйди ва мусулмонлар уларга етиб олдилар. Уларнинг қўл-оёқлари кесилиб, кўзлари ўйиб олинди, ўзларини то ўлгунларича тошлоқнинг бир четига ташлаб қўйилди. Шундай қилиб, улар қилган ишларининиг жазосини тортишди. Улар ҳақидаги Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис «Саҳиҳул Бухорий»да келтирилган.

Тарихчилар шундан кейин Амр ибн Умайя аз-Зомрийнинг Салама ибн Аби Салама ҳамроҳлигидаги сарийясини зикр қиладилар ва уни 6- ҳижрийнинг шавволида бўлган, дейдилар. У Маккага Абу Суфёнга суиқасд қилиш учун борганди. Чунки, Абу Суфён бир аъробийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд қилиш учун юборганди. Лекин, ҳар иккиси ҳам суиқасд қилишга муваффақ бўлишмади. Айтишларича, Амр йўлда уч кишини ўлдирган экан. Амр шаҳид Хубайбнинг жасадини ҳам шу сафарида олган (яъни, осилган жойидан олиб дафн қилган), дейишади. Маълумки, Хубайб Ражиъ ҳодисасидан бир неча кунлар ёки ойлар ўтиб шаҳид қилинган. Ражиъ ҳодисаси эса 4-ҳижрийнинг сафар ойида бўлган. Билмадим, тарихчилар иккита алоҳида сафарни аралаштириб юборишганми, ёки ҳар икки иш ўша 4-йилдаги битта сафарнинг ўзида бўлганми, буниси қоронғи бўлиб қолди. Аллома Мансурпурий ушбу сарийянинг жанг ёки тўқнашув сарийяси бўлганини инкор этади, валлоҳу аълам.

Булар Аҳзоб ва Бану Қурайза ғазотларидан кейин бўлиб ўтган жанг ва сарийялар эди. Улардан бирортасида ҳам шиддатли жанглар бўлмади, фақат енгил тўқнашувлар бўлиб ўтди. Ушбу жанговор ҳаракатлар фақатгина разведка-кузатув ҳаракатлари ёки тиниб-тинчимаётган аъробийлар ва душманларнинг эсини жойига киргизиб қўйиш ҳаракатлари эди. Воқеалар ривожига диққат қилинганда маълум бўладики, давр чархпалаги кунлар ўтгани сайин тезлашиб борар, ислом душманларининг маънавиятлари тинимсиз емирилиб ва нураб борар, уларда энди ислом даъватини синдириш ва шон-шавкатини эгиб ташлашга тобора умид қолмаётган эди. Бу нарса Ҳудайбия сулҳи билан янада яққол намоён бўлди. Ушбу сулҳ Исломнинг куч-қудратини тан олиш ва Араб жазирасида унинг ўзига хос салмоқли ўрни борлигини эътироф этиш, дегани эди.

[1] Ибн Ҳишом: 2/245.

[2] Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар: 12-с.

[3] Саҳиҳул Бухорий: 2/591.

[4] Саҳиҳул Бухорий: 1/536, Саҳиҳ Муслим: 2/294, Жомеъут-Термизий: 2/225.

[5] Жомеъут-Термизий: 2/225.

[6] Ибн Ҳишом: 2/237, 238, ушбу ғазот тафсилотига қаранг: 2/232-273, Саҳиҳул Бухорий: 2/590, 592, Зодул маод: 2/72-74.

[7] Саҳиҳул Бухорий: 2/577.

[8] Ибн Ҳишом: 2/274, 275.

[9] Раҳматан лил-аламийн: 2/223.

[10] Зодул маод: 2/119, Саҳиҳул Бухорий (4372-ҳ), Фатҳул Борий: 7/688.

[11] Қаранг: Сунан Абу Довуд: «Агар эр аёлидан кейин мусулмон бўлган бўлса, қанча вақтгача унга аёлини қайтариб бериш мумкин» деб номланган боб.

[12] Ҳар икки ҳадис ҳақидаги сўзга қаранг: Туҳфатул Аҳвазий: 2/195, 196.

[13] Ибн Ҳажар ҳам «Фатҳул Борий»да (7/498) ушбу сарийяни 6-ҳижрийда бўлиб ўтган ҳодисалар қаторида санаб ўтган.

[14] Раҳматан лил-оламийн: 2/226, Зодул маод: 2/120-122.

[15] Саҳиҳул Бухорий: 2/625, 626, Саҳиҳ Муслим: 2/145, 146.

[16] Қаранг: Саҳиҳул Бухорий: Китобул итқ: 1/ 345, Фатҳул Борий: 5/202, 7/431.

[17] Зодул маод: 2/112, 113, Ибн Ҳишом: 2/289, 290, 294, 295.

[18] Ибн Ҳишом: 1/584, 587, Саҳиҳул Бухорий: 2/924, Саҳиҳ Муслим: 2/ 109.

[19] Саҳиҳ Бухорий: 1/499, 2/727–729, Саҳиҳ Муслим (2584–ҳ), Термизий (3312–ҳ), Ибн Ҳишом: 2/290–292.

[20] Ибн Ҳишом: 2/292, Шайх Абдуллоҳ ан-Наждий: «Мухтасар сийрат ар-расул» (277-с).

[21] Ибн Ҳишом: 2/293.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.