Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

027. Ҳудайбия умраси (6-ҳижрий Зул-қаъда ойи)

Ҳудайбия умрасининг сабаби

Араб жазирасидаги аҳвол мусулмонлар фойдасига кескин ривожлана бошлагач, ислом даъватининг муваффақияти ва улкан фатҳ-ғалаба куртаклари нишона бера бошлади. Мусулмонларнинг олти йилдан бери мушриклар тарафидан тўсиб турилган Масжиди Ҳаромда ибодат қилиш ҳақ-ҳуқуқларини қайта ўрнатишга бўлган тайёргарлик ҳаракатлари бошланиб қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада кўрган тушларида ўзларини асҳоблари билан биргаликда Масжиди Ҳаромга кирганларини ва Каъбанинг калитини олганларини, Байтуллоҳни тавоф ва умра қилганликларини, баъзилар сочларини қирдириб, баъзилар қисқартирганини кўрдилар. Бу тушларини асҳобларига айтиб бердилар, уларнинг кўнгиллари сурурга тўлиб, Маккага шу йил кириб борар эканмиз, деб хурсанд бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умра қилиш ниятида эканларини айтиб, асҳобларини сафарга ҳозирланишга чорладилар.

Мусулмонларни сафарбар қилишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чор-атрофдаги қишлоқлар аҳли бўлмиш бошқа арабларни ҳам ўзлари билан бирга сафарга чиқишга чорладилар. Аъробийлардан кўплари бунга рағбат билдиришмади. Шундан сўнг у зот покиза кийимларини кийиб, туялари Қасвоъга миниб, йўлга отландилар. Мадинага Ибн Умму Мактумни – ёки Нумайла ал-Лайсийни – халифа қилиб қолдирдилар. Мадинадан 6-ҳижрий зул-қаъда ойининг бошида, душанба куни 1400 (баъзи ривоятларда 1500) саҳоба ҳамроҳлигида йўлга чиқдилар. Аёлларидан Умму Салама розияллоҳу анҳо ҳамроҳ бўлди. Одатда мусофирнинг доимий ҳамроҳи бўлган қиндаги қиличдан бошқа ҳеч қандай жанговор қурол-аслаҳаларни олмадилар.

Мусулмонлар Маккага қараб йўл оладилар

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага қараб йўл олдилар. Зул-Ҳулайфага етгач, ҳадийларига (яъни, Маккага бориб қурбонлик қилиш учун олган жонлиқларига) белги тақдилар, уруш учун чиқмаётганларини билдириб, умра учун эҳром боғладилар. Олдинроқ Хузоалик бир кишини Қурайшнинг хабарини билиб келиш учун юбордилар. Усфонга етганларида ҳалиги одам етиб келиб: «Каъб ибн Луай сизга қарши аҳбошни[1] ва бошқа бир қанча жамоатларни йиғибди, улар сизга қарши уруш қилишмоқчи ва сизни Байтуллоҳдан тўсишмоқчи», деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига маслаҳат солиб: «Нима дейсизлар, уларга ёрдамга келган қабилаларнинг бола-чақаларига ҳужум қилиб, уларни қўлга олайликми? Агар ўтираверсалар, маҳрум бўлиб ўтириб қолаверишади. Агар (бола-чақаларини қутқариш учун) етиб келишса, Аллоҳ кесилишга маҳкум этган бўйинлар бўлади. Ёки бўлмаса, Байтуллоҳга қараб бораверсак-да, ким йўлимизни тўсиб чиқса, шу билан жанг қилсак?», дедилар. Шунда Абу Бакр деди: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ. Биз фақат умра учун келдик, биров билан урушиш мақсадида келмадик. Лекин, кимда-ким бизни Байтуллоҳдан тўсса, у билан жанг қиламиз». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, кетдик», дедилар ва ҳаммалари йўлга тушдилар.

Қурайшнинг мусулмонларни Байтуллоҳдан тўсишга уринишлари

Қурайш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келаётганларидан хабар топгач, кенгаш ўтказиб, унда мусулмонларни қандай қилиб бўлмасин, Каъбадан тўсишга қарор қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳбошлар билан жанг қилишдан воз кечганларидан сўнг Бану Каъблик бир киши Қурайшнинг Зу-Тувога келиб тушганини, Холид ибн Валид бошчилигида 200 отлиқ Маккага элтувчи асосий йўл устида, Куроъул-Ғамимда пойлаб турганининг хабарини келтирди. Холид ўз суворийлари билан мусулмонларни ўтказмаслик мақсадида уларнинг йўллари устида туриб олган, ҳар икки томон бир-бирини кўриб турарди. Холид мусулмонларнинг пешин намози ўқиётганларида кузатиб туриб, уларнинг рукуъ ва сужуд қилишларини кўргач: «Уларга намозда турганларида тўсатдан ҳамла қилсак бўларкан», деб ўйлади. Сўнг аср намозида турганларида улар устига ҳужум қилиш ниятида кутиб турди. Бироқ, шу орада Аллоҳ таоло хавф намози ҳукмини туширди ва Холид фурсатни бой берди.

Қонли тўқнашувдан четланиш учун йўлни ўзгартиришлари

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Танъим орқали Ҳарамга олиб борувчи асосий йўлни чап томонда қолдириб, ўнг томонга, даралар орасидаги эгри-бугри йўл орқали кета бошладилар. Бу йўл Санийятул Мурор орқали Макканинг қуйи томонидаги Ҳудайбия пасттекислигига олиб чиқарди. Холид мусулмон қўшинининг изидан кўтарилган чанг-тўзонни кўриб, уларнинг йўлни ўзгартирганларини билди ва Қурайшни огоҳлантириш учун Макка сари елдек учиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлда давом этиб, Санийятул Мурорга етиб борганларида туялари ерга чўкди. Одамлар «Ҳал, ҳал» (яъни, чуҳ, чуҳ) деб уни тургизишга ҳарчанд уринмасинлар, туя ўрнидан қўзғолмади. Шунда улар: «Қасвонинг қайсарлиги тутди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қасвонинг қайсарлиги тутгани йўқ, унинг бундай феъли йўқ, уни филни тўхтатиб қолган Зот тўхтатди», дедилар. Сўнг: «Улар менга Аллоҳнинг ҳурматларини улуғлайдиган бирон иш таклиф қилсалар, уни албатта қабул қиламан», дедилар. Кейин туяни ҳайдадилар, у ўрнидан туриб, бурилиб юриб кетди, сўнг Ҳудайбиянинг бир четига, камсувли бир ҳовуз ёнида тўхтадилар. Суви камлигидан ундан зўрға ҳовучлаб сув олинар ва тез орада уни тугатиб ҳам қўяёзишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ташналикдан шикоят қилишгач, ўқдонларидан битта камон ўқини олиб, уни ўша ҳовузга солишни буюрдилар. Шундан сўнг ундан сув қайнаб чиқа бошлади ва ҳаммалари ташналикларини қондирдилар.

Будайл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Қурайш ўртасида воситачилик қилади

Шу орада Будайл ибн Варқоъ ал-Хузоий бир қанча хузоаликлар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди. Хузоа Тиҳома (яъни, Макка ва унинг атрофи) аҳли ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сир сандиғи ҳисобланарди (яъни, Маккада бўлаётган гап-сўзларни у зотга еказиб турарди). Будайл: «Мен Каъб ибн Луайни (ўз одамлари билан) Ҳудайбиядаги бир неча қудуқлар атрофига тушган ҳолда қолдириб келдим. Улар серсут туялар-у, болали аёлларгача олиб чиқишган. Сиз билан жанг қилишмоқчи, сизни Байтуллоҳдан тўсишмоқчи», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз биров билан урушгани келмаганмиз, умра қилиш учун келганмиз. Урушлар Қурайшнинг тинкасини қуритиб, уларга анча зиён етказди. Агар истасалар, улар билан маълум муддат урушмаслик ҳақида битим тузамиз ва улар мен билан одамлар ўртасига тушмайдилар. Агар мен ғолиб бўлсам, улар ҳам одамлар кирган нарсага киришни истасалар кирадилар, истамасалар куч тўплаб турганлари қолади. Агар урушдан бошқасига кўнмасалар, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу иш устида ҳатто бир ўзим ёлғиз қолсам ҳам, то Аллоҳ ўз ишини ғолиб қилгунича жанг қиламан», дедилар.

Будайл: «Бу гапларингизни уларга етказаман», деди ва Қурайш ҳузурига бориб: «Мен ҳозир олдингизга ўша одам олдидан келаяпман, у менга бир қанча гапларни айтди. Агар истасангиз у гапларни сизларга етказаман», деди.

Қурайшнинг нодон кишилари: «Бизга унинг гапларининг кераги йўқ, гапирмай қўяқол», дейишди. Фикрли кишилари эса: «Майли, эшитганларингни сўзла-чи», дедилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган гапларини уларга айтиб берди. Шундан сўнг Қурайш Микраз ибн Ҳафсни жўнатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг келаётганини кўриб: «Бу одам хиёнаткор одам» дедилар. У етиб келгач, унга ҳам Будайл ва унинг шерикларига айтган гапни айтдилар. У қайтиб бориб, Қурайшга бу гапларни етказди.

Қурайш элчилари

Шундан сўнг Киноналик Ҳулайс ибн Алқама деган киши: «Истасангиз мен унинг олдига бориб келаман», деди. «Майли, бор», дейишди унга. У яқинлашиб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Бу одам фалончи, у қурбонликларни эҳтиром қиладиган қавм аҳлидан, қурбонликка аталган жонлиқларни унинг олдига чиқариб қўйинглар», дедилар. Одамлар қурбонликка аталган жонлиқларни олдинга чиқариб, «лаббайка» айтган ҳолда унинг истиқболига чиқдилар. Бу ҳолатни кўргач: «Субҳаналлоҳ! Бу кишиларни Байтуллоҳдан тўсиш мумкин эмас!» деди. Қурайш олдига қайтиб келгач: «Мен жонлиқларга белги тақилганини кўрдим, уларни Байтуллоҳдан тўсиш тўғри эмас, деб ўйлайман», деди. У билан Қурайш ўртасида бир қанча гап-сўзлар бўлиб ўтди.

Урва ибн Масъуд ас-Сақафий: «Бу одам сизларга тўғри йўл таклиф қилибди, уни қабул қилинглар. Менга изн беринглар, ўзим ҳам бир бориб келай», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб, у зот билан гаплаша бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳам Будайлга айтган гапларини айтдилар. Шу гаплар орасида Урва: «Эй Муҳаммад! Айтингчи, агар сиз ўз қавмингизни қириб ташласангиз, сиздан аввал биронта арабни ўз аҳлини қириб битирганини эшитганмисиз?! Агар бошқача бўлса, қасамки, мен сизнинг атрофингизда обрў-эътиборлик одамларни кўрмаяпман, фақат қаёқдаги бетайин, қаланғи-қасанғилар йиғилиб олганини кўраяпман. Бундайлар сизни ташлаб қочиб кетишлари аниқ», деди. Шунда Абу Бакр унга: «Лотнинг базрини[2] ялагур! Биз у зотни ташлаб қочарканмизми?!», деди. «Ким у?», деди Урва. «Абу Бакр», дейишди. Урва: «Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сенинг менга ўтказиб қўйган яхшилигинг бўлмаганда эди, сенга қандай жавоб қилишимни ўзим билардим», деди. Сўнг у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашишда давом этди. Гапираркан, у зотнинг соқолларини ушлаб қўярди[3]. Шунда Муғийра ибн Шуъба қўлида қилич, бошида дубулға билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошлари устида туриб, Урва у зотнинг соқолларига қўл узатганда қиличининг қини билан унинг қўлига уриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқолларидан қўлингни торт», деди. «Бу ким бўлди?», деди Урва. «Муғийра ибн Шуъба», дейишди. Урва: «Эй хоин, кечагина мен сенинг хиёнатинг шалтоғини тозалаб юрмаганмидим?!», деди унга. Муғийра мушриклик пайтида бир қавм билан сафарда бўлиб, кейин уларни ўлдириб, молларини тортиб олган, кейин Мадинага келиб, мусулмон бўлганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Исломингни қабул қиламан, аммо молингнинг менга кераги йўқ», дегандилар. Муғийра Урванинг жияни эди.

Кейин Урва саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муносабатларини, у зотни қандай ҳурмат-эҳтиром қилишларини кузата бошлади. Сўнг қайтиб боргач: «Эй қавмим, қасамки, мен кўп подшоҳлар, шу жумладан Қайсар, Кисро ва Нажоший ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, бирон бир подшоҳни аъёнлари Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни улуғланича улуғлаганини кўрмаганман. Қасамки, агар у тупурса, тупуги ерга тушмай, улардан бирининг қўлига тушади ва у уни юзига ва баданига суради. Агар бир ишга буюрса, уни адо этишга шошилишади. Таҳорат қилса, таҳоратига сув беришга (ёки таҳоратидан ортган сувни) талашиб, уришиб кетишга яқин бўлишади. У гапирса, овозларини чиқармай, жим қулоқ солишади. Уни ҳурмат қилганларидан юзига тик боқишмайди. У сизларга маъқул ишни таклиф қилмоқда, уни қабул қилинглар», деди.

У уларнинг қўлларини сизлардан тўсган Зотдир

Қурайшнинг ақлсиз ва жангари ёшлари ўз раҳбарларининг сулҳга рағбат билдиришаётганини кўриб, сулҳни барбод қилувчи бир режага қўл уришга қасд қилдилар. Яъни, тунда яширинча бориб, мусулмонлар қароргоҳи ичига кириб, уруш олови ёқилишига сабаб бўладиган ҳодисалар уюштиришга қарор қилдилар. Бу режани амалга ошириш мақсадида 70-80 чоғли ёшлар тунда Танъим тоғидан ошиб тушиб, мусулмонлар қароргоҳига сездирмай кириб олишга ҳаракат қилишди. Бироқ, қўриқчилар бошлиғи Муҳаммад ибн Маслама уларнинг ҳаммасини қўлга тушириб, асир олди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сулҳга рағбатлари бўлгани учун уларни кечириб, қўйиб юбордилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят нозил қилди: «У (Аллоҳ) Макканинг ичида (яъни Ҳудайбияда) сизларни уларнинг (Макка мушрикларининг) устига ғолиб қилганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизлар­нинг қўлларингизни улардан тўсган (яъни ўрталарингизда сулҳ пайдо қилган) зотдир» (Фатҳ: 24).

Усмон ибн Аффон Қурайшга элчи бўлиб боради

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш уларнинг бу сафардан кўзлаган мақсадлари уруш эмаслигига аниқ ишонч ҳосил қилиши учун ўзлари томонидан бир элчи юборишга қарор қилдилар. Умар ибн Хаттобни юбормоқчи бўлганларида у узр айтиб: «Ё Расулуллоҳ, Маккада менга озор етгудек бўлса, Бану Адий ибн Каъб қавмидан бўлган мен учун ҳамият қилиб, ғазаби келадиган ҳеч кимим йўқ. Яхшиси, Усмон ибн Аффонни юборинг, Маккада унинг уруғлари бор, у истагингизни амалга ошира олади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмонни чақириб, уни Қурайш ҳузурига йўлладилар. Унга: «Сиз уларга биз уруш учун келмаганимизни, мақсадимиз фақат умра қилиш эканини билдиринг ва уларни Исломга даъват қилинг», дедилар. Маккада яшаб турган мўмин ва мўминалар билан кўришиб, уларга ғалаба онлари яқин қолганини, Аллоҳ азза ва жалла Ўз динини Маккада ғолиб қилишини, шунда ҳеч ким иймонини яшириб юрмаслигини етказишни буюрдилар.

Усмон йўлга чиқиб, Балдаҳда турган қурайшликлар ёнидан ўтиб бораркан, улар ундан қаерга бораётганини сўрашди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни нима мақсадда юборганларини айтгач: «Майли, вазифангизни адо этаверинг», дейишди. Абон ибн Саид ибн Ос Усмонни ҳурмат қилиб, уни ўз отига миндирди ва ўз ҳимоясига олиб, Маккагача кузатиб келди. Усмон Қурайш раҳбарларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини етказди. Вазифасини адо этиб бўлганидан сўнг улар унга Байтуллоҳни бемалол тавоф қилавериши мумкинлигини айтишди. Бироқ, у бу таклифни рад этди ва то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавоф қилмагунларича тавоф қилмаслигини билдирди.

Усмоннинг ўлдирилгани ҳақида хабар тарқаши ва Ризвон байъати

Қурайш юзага келган вазият ҳақида ўзаро маслаҳатлашиб, сўнг бир қарорга келиш ва шундан сўнг Усмонга бирон жавоб айтиб юбориш учун бўлса керак, Усмонни ўз олдиларида ушлаб қолдилар. Усмон ҳадеганда қайтавермагач, мусулмонлар орасида «Усмон ўлдирилган», деган гап тарқалди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу гап етиб келгач: «То қавм билан тўқнашмагунча бу ердан кетмаймиз», дедилар. Сўнг асҳобларини байъатга (яъни, қўл бериб аҳдлашишга) чақирдилар. Ҳамма у зотнинг ҳузурларига шошилдилар ва ортга қочмасликка байъат бердилар. Бир жамоат ўлимга тайёрликлари ҳақида байъат берди. Биринчи бўлиб Абу Синон ал-Асадий байъат берди. Салама ибн Акваъ уч қайта – байъатнинг бошида, ўртасида ва охирида – ўлимга байъат берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қўлларини иккинчи қўлларига қўйиб туриб: «Бу Усмон номидан», дедилар. Байъат тамом бўлганидан сўнг Усмон етиб келиб, у ҳам байъат қилди. Ушбу байъатга фақат бир киши – мунофиқлардан бўлган Жадд ибн Қайс деган кимса қўшилмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу байъатни бир дарахт остида туриб олдилар, Умар у зотнинг қўлларидан ушлаб олган, Маъқил ибн Ясор эса дарахт шохини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегиб кетмаслиги учун кўтариб турарди. Ушбу байъат Ризвон (яъни, розилик) байъати номини олди. Аллоҳ таоло у ҳақда қуйидаги оятни нозил қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди» (Фатҳ: 18).

Сулҳ битими ва унинг бандлари

Вазиятнинг танглигини англаган Қурайш зудлик билан Суҳайл ибн Амрни сулҳ тузиш учун юборди ва сулҳ битими ичида албатта мусулмонларнинг бу йил қайтиб кетишлари ҳақида банд бўлиши лозимлигини таъкидлаб: «Чунки, араблар у бизнинг розилигимизсиз, зўрлик билан Маккага киргани ҳақида ҳеч қачон гапириб юришмасин», дейишди. Суҳайл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига отланди. Унинг келаётганини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ишларингиз енгиллик томонга ўзгарди, қавм бу одамни юборибдими, демак сулҳни истаётган экан», дедилар. Суҳайл келиб, узоқ гаплашди. Охири қуйидагича сулҳ битимига келишдилар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар бу йил Маккага кирмай қайтиб кетадилар, келгуси йили мусулмонлар Маккага келиб, уч кун турадилар, ёнларида қиндаги қиличдан бошқа қуроллари бўлмайди, уларга ҳеч қандай қаршилик кўрсатилмайди;

2. Томонлар ўртасида ўн йил муддатга уруш ҳаракатлари тўхтатилади, ўртада тинчлик ҳукм суриб, улар бир-бирларидан қўлларини тиядилар;

3. Ким Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) иттифоқи ва аҳдига киришни истаса, кираверади. Ким Қурайш иттифоқи ва аҳдига киришни истаса, кираверади. Ҳар икки томон иттифоқига кирган қавм-қабилалар ўша томон вакили ҳисобланади. Ушбу қавм-қабилалар тарафидан қилинган ҳар қандай тажовуз ҳам ўша томоннинг тажовузи деб эътибор қилинади;

4. Қурайшликлардан кимки валийсининг (яъни, оила бошлиғи ёки хўжайини) изнисиз Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бориб қўшилса – яъни қочиб борса – уни қайтариб берилади. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарафдорларидан ким Қурайшга бориб қўшилса – яъни, қочиб борса – унга қайтариб берилмайди;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сулҳ бандларини ёзиш учун Алийни чақириб, унга айтиб ёздира бошладилар: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм…» Суҳайл бунга рози бўлмасдан: «Раҳмон дегани нималигини биз билмаймиз, «Бисмикаллоҳумма» деб ёз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у айтганидек ёзишга буюрдилар. Сўнг: «Бу – Муҳаммад Расулуллоҳ имзолаган битимдир…», дегандилар, Суҳайл: «Агар сизни Расулуллоҳ деб билганимизда, Байтуллоҳдан ҳам тўсмаган, сизга қарши уруш ҳам қилмаган бўлардик, «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ» деб ёз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гарчи сизлар ёлғон санасангиз-да, мен ҳақиқатан Аллоҳнинг расулиман», дедилар, Алийга эса: «Расулуллоҳ» сўзини ўчириб, ўрнига «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ» деб ёзишни буюрдилар. Алий бу сўзни ўчиришга кўнмаган эди, ўз қўллари билан ўчириб қўйдилар. Шундан сўнг сулҳ битими ёзиб битирилди. Сулҳга келишилгач, Хузоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иттифоқларига кирди – улар китобнинг бошида айтиб ўтганимиздек, Абдулмутталиб замонидан бери Бану Ҳошимга иттифоқчи саналишар, ушбу иттифоққа киришлари ўша эски битимни таъкидлаш мақсадида бўлганди, – Бану Бакр эса Қурайш иттифоқига кирди.

Абу Жандалнинг қайтариб берилиши

Сулҳ шартлари ёзилаётган пайт Суҳайлнинг ўғли Абу Жандал кишанларини судраганича келиб қолди, у Макканинг қуйи тарафидан чиқиб келиб, ўзини мусулмонлар орасига отди. Шунда Суҳайл: «Сулҳ шартига кўра биринчи бўлиб шуни қайтариб беришингизни сиздан талаб қиламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали битимни ёзиб тугатганимиз йўқ-ку», дегандилар: «Ундай бўлса, сиз билан ҳеч қачон ҳеч қандай ажримга келишолмаймиз», деди. «Мен учун унга ижозат беринг», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Йўқ, ижозат бермайман», деди Суҳайл. «Ижозат бера қолинг», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Йўқ, асло ижозат бермайман», деди Суҳайл. Шундан сўнг Суҳайл Абу Жандалнинг юзига тарсаки тушириб, ёқасидан бўғиб, судраб кетди. Абу Жандал бор овози билан бақириб: «Ҳой мусулмонлар! Мушрикларга қайтариламанми?! Ўз динимда фитнага учрайманми?!» дея бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Эй Абу Жандал, сабр қил, Аллоҳдан савоб умид қил. Албатта, Аллоҳ сенга ва сен каби бошқа заифларга кенглик беради. Биз қавм билан сулҳ туздик. Уларга Аллоҳнинг номи билан аҳд бердик, улар ҳам аҳд бердилар. Биз уларга берган аҳдимизга хиёнат қилмаймиз», дедилар.

Умар ибн Хаттоб ўрнидан сакраб турди ва Абу Жандалга яқинлашиб, у билан ёнма-ён юрган ҳолда: «Эй Абу Жандал, сабр қил, улар мушриклар, уларнинг қони итнинг қони билан баробар», деганича қиличининг сопини унга яқинлаштира бошлади. Кейинчалик Умар: «Қиличимни олиб отасини урсайди, дегандим, лекин у отасини аяди», деган эди. Шундай қилиб, сулҳ шарти амалга оширилиб, Абу Жандални мушрикларга қайтариб берилди.

Умра иҳромидан чиқиш учун жонлиқларнинг сўйилиши ва сочларнинг олиниши

Сулҳ битими ёзиб бўлингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга: «Туринглар, жонлиқларингизни сўйинглар!», дедилар. Шунда (изтиробнинг зўридан одамлар қулоқларига ишонмагандек,) ҳеч ким ўрнидан қимирламади. Буйруқларини уч марта қайтарганларидан кейин ҳам ҳеч ким уни бажаришга шошилмагач, ўрниларидан туриб, Умму Саламанинг олдига кирдилар ва одамлардан содир бўлган ҳолатни айтиб бердилар. Шунда Умму Салама: «Ё Расулуллоҳ, улар буйруғингизни адо этишларини истасангиз, ўзингиз чиқиб, ҳеч кимга лом-мим демасдан, жонлиғингизни сўйинг ва сартарошингизни чақириб, сочингизни олдиринг», деб маслаҳат берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташқарига чиқиб, ҳеч кимга индамасдан, жонлиқларини бўғизладилар ва сартарошни чақириб, сочларини қирдирдилар. Буни кўрган одамлар гурра-гурра туриб, жонлиқларини сўйишга ва бир-бирларининг сочларини қиришга тушдилар. Бир туя ёки сигирни етти киши шерик бўлиб сўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларнинг жиғига тегиш учун ҳам аввалда Абу Жаҳлники бўлган, бурнига кумуш ҳалқа тақилган туяни қурбонлик қилдилар. Сочларини қирдирганларга уч бор, қисқартирганларга бир бор мағфират сўраб дуо қилдилар. Шу сафар асносида Аллоҳ таоло Каъб ибн Ужра шаънида оят нозил қилиб, унда бирон узр сабабли сочини олдириб юборган одамнинг рўза тутиш ёки садақа бериш ёки жонлиқ сўйиш билан тўлайдиган фидяси (жаримаси)ни баён қилиб берди.

Муҳожир аёлларни қайтариб беришдан бош тортганликлари

Ҳижрат қилиб келган мўмина аёлларнинг валийлари Ҳудайбия сулҳи шартларига асосан уларни қайтариб юборишларини талаб қилганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу талабларини рад этдилар. Чунки, битимнинг бу хусусдаги бандида гап фақат эркаклар хусусида кетган, «Биздан бирон киши сизнинг олдингизга борса, гарчи сизнинг динингизда бўлса ҳам, бизга қайтариб берасиз»,[4] дейилган, аёллар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда оят нозил қилди:

«Эй мўминлар, қачон сизларга (Макка кофирларининг қўли остида қолган) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар улар(нинг иймонлари)ни имтиҳон қилиб кўринглар (яъни улар ўз эрларини ёмон кўриб ёки сизлардан биронтангизга ишқи тушиб қолгани учун эмас, балки фақат дини Ислом учун ҳижрат қилганлари ҳақида сизларга қасам ичсинлар).Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) иймонларини (ҳам) жуда яхши билгувчидир. Бас, агар сизлар улар­нинг (ҳақиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир,ва уларга (яъни сизларнинг олдингизда қолган мўминаларнинг Маккада қолган кофир эрларига мана шу хотинлари учун) сарфлаган маҳрларини (қайтариб) беринглар. Қачон сизлар у (мўминалар)ларга маҳрларини берсангизлар сизларга уларни никоҳларингизга олишда бирон гуноҳ йўқдир. (Шунингдек) сизлар ҳам кофираларнинг билак-қўлларидан ушламанглар (яъни, сизларнинг хотинларингиз кофира бўлган ҳолларида кофир қавмлари билан қолишни истаса, сизлар уларнинг йўлларини тўсиб никоҳларингизда сақламанглар» (Мумтаҳана: 10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилиб келган аёлларни Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бўйича имтиҳон қилардилар: «Эй пайғамбар, қачон сизнинг олдингизга мўминалар келишиб, сизга ўзларининг Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликларига, ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, (камбағаллик ёки шарманда бўлишдан қўрқиб) ўз болаларини ўлдирмасликларига, ва қўл-оёқлари ўртасида тўқиб оладиган бўхтонни қилмас­ликларига (яъни фарзандсизлик сабабли ўз эрларидан ажралиб қолмаслик учун бирон ташландиқ болани топиб, гўё у қўл-оёқла­ри ўртасидан чиққандек, яъни ўзлари туққандек эрларига «Мана шу бола сендан бўлди», деб бўхтон қилмасликка ) ҳамда бирон яхши ишда сизга итоатсизлик қилмасликларига қасамёд қилсалар сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Мумтаҳана: 12). Қай бир аёл шу шартларга иқрор бўлса, унга: «Байъатингни (яъни, қасамёдингни) қабул қилдим», дердилар, сўнг уни кофирларга қайтариб бермасдилар.

Мана шу ҳукм тушгач, мусулмонлар ўз никоҳларида бўлган кофира аёлларни талоқ қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу шу куни мушрика ҳолича қолаётган иккита аёлини талоқ қилди. Кейин улардан бирига Муовия, иккинчисига Сафвон ибн Умайя уйланган эди.

Ушбу битимдан келиб чиқувчи хулосалар

Ҳудайбия сулҳини у олиб келган натижалар билан бирга яхшилаб ўрганиб кўрган одамга унинг мусулмонлар учун шубҳасиз, улкан фатҳ-ғалаба бўлгани маълум бўлади. Чунки, Қурайш шу пайтгача мусулмонларни умуман эътироф этмай келарди, аксинча, уларни таг-томири билан қуритиб ташлашга уриниб келар ва бир кун келиб албатта уларнинг ниҳоясини кўришни умид қиларди, ўзининг Араб жазирасидаги диний етакчилиги ва дунёвий обрў-эътиборидан келиб чиқиб, ислом даъватини одамлардан тўсиш учун қўлидан келган ҳамма ҳаракатни қиларди. Шундай бир қабиланинг сулҳга мойил бўлишининг ўзиёқ мусулмонларнинг куч-қудратларини тан олиш маъносини англатар, Қурайш энди ортиқ уларга қарши курашишга қодир эмаслигини билдирарди.

Сулҳнинг учинчи банди мазмунига кўра, Қурайш ўзининг дунёвий обрў-эътиборини ҳам, диний етакчилигини ҳам унутган, эндиликда унга фақат ўз жонидан бошқа нарса кўринмай қолган, бутун Араб жазираси аҳолисининг ҳаммаси Исломга кириб кетса ҳам бу нарса Қурайшга аҳамиятсиз бўлиб қолган ва бунга заррача аралашиш ҳақида ўйламаётган ҳам эди. Шунинг ўзи ҳам Қурайшга нисбатан жуда катта муваффақиятсизлик эмасми?! Мусулмонларга нисбатан улкан фатҳ ва ғалаба эмасми?! Мусулмонлар билан душманлари ўртасида бўлиб келаётган қонли жангларнинг асосий мақсади – мусулмонлар назарида – қирғинбарот, одамларни ўлдириш ва мол-дунёларни қўлга киритиш, душманни мажбурлаб Исломга олиб кириш эмасди. Балки, мусулмонларнинг бу урушлардан кўзлаган асосий мақсадлари – одамлар учун дин ва ақида соҳасида тўла эркинлик яратиб бериш эди: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин» (Каҳф: 29), инсонларни улар истаган ақида ва диндан ҳеч ким тўсмаслиги лозим эди. Ушбу сулҳ орқали айни шу мақсадга тўла-тўкис эришилдики, кўп ҳолларда урушларда қозонилган улкан ғалабалар орқали ҳам бундай натижага эришиб бўлмасди. Мана шу эркинлик туфайли мусулмонлар даъватда жуда катта муваффақиятларни қўлга киритдилар. Ҳудайбия сулҳидан олдин уларнинг сони уч мингдан ортмагани ҳолда, икки йил ўтиб, Макка фатҳи олдидан исломий лашкарнинг сони ўн минг кишини ташкил этди.

Сулҳнинг иккинчи банди ҳам мазкур улкан ғалабанинг иккинчи қисми эди. Урушни биринчи бўлиб мусулмонлар бошламаган эдилар, уни Қурайш бошлаган эди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар ўзлари аввал-бошда сизларга қарши (жанг қилишни) бошлаган» (Тавба: 13). Аммо мусулмонларнинг жанговор юриш ва ҳаракатларидан мақсад – Қурайшни ҳовуридан тушириб қўйиш, Аллоҳнинг йўлидан тўсишдан тийиб қўйиш ва мусулмонлар билан тенг ҳуқуқлилик асосида муомала қилишга мажбур қилиб қўйиш эди. Уруш ҳаракатларини ўн йил муддатга тўхтатиш ҳақидаги битимга эришиш Қурайшнинг зўравонликларига қўйилган чек-чегара ва урушни биринчи бўлиб бошлаганларнинг муваффақиятсизлиги, кучсизланиши ва инқирозга учраётганига далил эди.

Сулҳнинг биринчи банди эса Қурайшнинг Масжиди Ҳаромдан тўсишига қўйилган чек-чегара бўлиб, бу ҳам унинг мағлубиятига далил эди. Ушбу банднинг Қурайш фойдасига хизмат қилган биргина қисми – унинг фақат шу йилгина мусулмонларни Байтуллоҳдан тўсишга қодир бўлиши эди.

Қурайш мазкур учта ютуқни мусулмонлар қўлига бериб, бунинг муқобилида фақат битта устунликни қўлида сақлаб қолди. У ҳам бўлса, сулҳнинг тўртинчи банди эди. Аммо, ўйлаб кўрилса, бу устунлик ҳам жуда арзимас ва мусулмонлар учун деярли зарарсиз устунлик эди. Маълумки, мусулмон киши модомики мусулмон бўларкан, ҳеч қачон Аллоҳу расулидан ва ислом диёридан қочиб кетмайди. Фақат Исломдан очиқ-ошкор ёки махфий равишда қайтиб, муртад бўлган кимсагина қочиб кетиши мумкин. Муртад кимсанинг эса мусулмонларга кераги йўқ, бундай кимсанинг ислом жамиятидан ажралиши унинг ичида қолишидан кўра яхшироқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ҳам мана шу мазмунга ишора қилади: «Ким биздан уларга кетса, уни Аллоҳ узоқ қилсин».[5] Аммо Макка аҳлидан мусулмон бўлган киши учун энди Мадинага паноҳ истаб келишига йўл тўсилган бўлса-да, Аллоҳнинг ери кенг. Мадина мусумонлар учун ҳижрат диёрига айланишидан анча олдин Ҳабашистон уларга ўз қучоғини очганини эслашнинг ўзи кифоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги сўзлари билан ана шунга ишора қилгандилар: «Ким улардан бизга келмоқчи бўлса, тез фурсатда Аллоҳ унга кенглик ва чиқиш йўлларини ҳозирлаб беради».[6]

Бундай эҳтиёт ва ҳимоя чорасини кўриб қўйиш зоҳиран Қурайшнинг устунлиги бўлиб кўринса-да, аслида унинг қаттиқ хавотирга тушганидан, қўрқувдан юраги ўйнаб, мадорсизланиб бораётганидан ва бутпараст вужудининг инқирозидан қаттиқ ташвишланаётганидан дарак берарди. Афтидан, улар ўзларининг жар ёқасига келиб қолишганини ва мана шундай эҳтиёт чорасини кўриш зарурати туғилганини ҳис қилишганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мусулмонлардан Қурайшга қочиб борган кишини қайтариб беришни талаб қилмасликка рози бўлишлари эса у зотнинг Исломнинг вужуди ва куч-қуввати мустаҳкам эканига қаттиқ ишонишларига далил эди. Демак, бундай шартдан қўрқмаса ҳам бўлаверарди.

Мусулмонларнинг ғам-ғуссага ботишлари ва Умарнинг Расулуллоҳ (сав) билан баҳслашуви

Ушбу сулҳ бандларининг асл ҳақиқати мана шу. Бироқ, бу ерда мусулмонларга оғир ботган ва уларни қаттиқ хафа қилган иккита иш бор эди:

Биринчиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Албатта Байтуллоҳга бориб, уни тавоф қиламиз», деб хабар бергандилар. Нега энди Байтуллоҳни тавоф қилмай қайтмоқдалар?!

Иккинчиси: У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчиси ва ҳақ дин устида бўлсалар, Аллоҳ таоло Ўз динини ғолиб қилишни ваъда қилган бўлса, нега энди у зот Қурайшнинг босимини қабул қилдилар ва сулҳда уларга ён бердилар?!

Мана шу иккита нарса шак-шубҳа, васваса ва гумонлар ўчоғига айланиб, мусулмонларнинг ҳис-туйғуларини тирнаётган ва шу туфайли келиб чиққан ғам-алам уларга сулҳ оқибатлари ҳақида фикр юритишга имкон бермаётган эди. Энг қаттиқ алам чекканлардан бири Умар ибн Хаттоб бўлса ажаб эмас. Ҳатто, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, биз ҳақ устида, улар эса ботилда эмасмилар?!», деди. «Шундай», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Биздан ўлганлар жаннатда, улардан ўлганлар дўзахда эмасмилар?!», сўради у. «Ҳа, шундай», дедилар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ундай бўлса нега динимиз тўғрисида уларга ён бермоқдамиз ва Аллоҳ улар билан бизнинг ўртамизда ажрим қилмасидан туриб орқага қайтмоқдамиз?!», деди. «Эй Ибн Хаттоб, мен Аллоҳнинг элчисиман, У Зотга итоатсизлик қилмайман ва У мени ҳаргиз ташлаб қўймайди», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ахир сиз албатта Байтуллоҳга борамиз, уни тавоф қиламиз», демаганмидингиз?!», деди Умар. «Ҳа, шундай деганман. Бироқ, бу йил борамиз, деб айтганманми?!», дедилар. «Йўқ», деди. «Сиз албатта Байтуллоҳга борасиз ва уни тавоф қиласиз!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шундан сўнг Умар ғазаби босилмаган ҳолда Абу Бакрнинг олдига борди ва унга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган гапларини айтди. Абу Бакр ҳам унга худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганларидек жавоб қайтарди. Сўнг: «Сиз тоабад у зотни этакларини маҳкам ушлайверинг. Аллоҳга қасамки, у зот ҳақ устидалар», деди.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гуноҳларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун ҳамда Аллоҳ сизга қудратли Ёрдам бериши учун дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ ғалаба ато этдик» (Фатҳ: 1-3) деб бошланувчи сурани нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарни ёнларига чорлаб, ушбу сурани унга ўқиб бердилар. Умар: «Ё Расулуллоҳ, фатҳ шуми?», деб сўраган эди: «Ҳа», деб жавоб бердилар. Шундан сўнг Умарнинг кўнгли ўрнига тушиб, ортига қайтди.

Кейинроқ Умар ўзининг ишидан қаттиқ пушаймон бўлиб юрган эди. Унинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: «Ўша куни гапирган гапларимдан қўрқиб, хатойимга каффорат бўлармикин, деб садақа, намоз, рўза ва қул озод қилиш каби жуда кўп амаллар қилиб юрдим».[7]

Заиф-ночор кишилар муаммосининг ҳал бўлиши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтиб келиб, ўрнашганларидан сўнг Маккада азобга дучор бўлаётган мусулмонлардан бири Мадинага қочиб келди. У Қурайшнинг иттифоқчиси бўлган Сақиф қабиласидан Абу Басир деган киши эди. Қабиласи уни қайтариб олиб кетиш учун икки кишини юборди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аҳдга мувофиқ, Абу Басирни бизга беришингизни талаб қиламиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Басирни улар қўлига топширдилар. Улар уни олиб кетишаркан, Зул Ҳулайфага етишганда тамадди қилгани тўхтаб, ёнларида бўлган хурмоларини еб ўтиришди. Шунда Абу Басир улардан бирининг қиличини мақтади. У қиличини қинидан суғуриб, кўз-кўз қилиб: «Ҳа, бу жуда зўр қилич, мен уни бир неча марта синаб, тажрибадан ўтказганман», деди. Абу Басир: «Қани, бир кўрайчи», деди. У қилични узатган эди, Абу Басир шу заҳоти у билан унинг ўзини саранжомлаб қўйди.

Иккинчиси эса жон ҳолатда қочиб, Мадинага келди ва ҳаллослаганича масжидга кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўриб: «Бу бирон даҳшатли нарсани кўрган чиқади», дедилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб: «Шеригимни ўлдирди, энди мени ҳам ўлдирмоқчи!», деди. Шу орада Абу Басир ҳам етиб келиб: «Ё Расулуллоҳ, сиз мени уларга қайтариб бериб, зиммангизга олган мажбуриятингизни бажардингиз. Кейин Аллоҳнинг ўзи мени улардан қутқарди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қургур, ёнида бирон шериги бўлса, анча-мунчасининг додини беришга ярайди бу», дедилар. Буни эшитган Абу Басир агар бу ерда қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни уларга қайтариб беришларини тушунди ва Мадинадан чиқиб кетиб, денгиз соҳилига бориб жойлашди. Шундан сўнг мушриклар қўлидан қочиб қутулган Абу Жандал ибн Суҳайб ҳам унга келиб қўшилди. Бирин-кетин Қурайшдан қочиб келган мусулмонлар унинг атрофида тўпланиб, бир жамоани ташкил қилдилар. Улар Қурайшнинг Шомга йўл олган карвонларини талаб, одамларини ўлдириб, молларини тортиб ола бошладилар. Шундан сўнг Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам юбориб, ўртадаги қариндошлик ҳаққи-ҳурмати, улардан қочиб борган одамларни ўз ҳузурларида олиб қолишларини ва қайтариб юбормасликларини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Мадинага чақириб олдилар.[8]

Қурайш баҳодирларидан бир нечасининг мусулмон бўлиши

Ҳижратнинг еттинчи йили, мазкур сулҳ воқеасидан кейин Амр ибн Ос, Холид ибн Валид ва Усмон ибн Талҳа Исломни қабул қилдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишганида у зот: «Макка бизга ўзининг жигарпораларини (яъни, аслзодаларини) тақдим этди», дедилар.[9]

[1] Аҳбош дегани сизнинг зеҳнингизга келаётгани каби ҳабашлар эмас. Улар Бану Кинона ва бошқа уруғлар бўлиб, Маккадан олти мил узоқликдаги Ҳубший тоғига нисбатланиб, аҳбош деб аталганлар. Ўша тоғ ёнбағрида Бану Ҳорис ибн Абду Манот ибн Кинона, Бану Мусталиқ, Ҳаё ибн Саъд ибн Умар ва Бану Ҳувн ибн Хузайма қабилалари тўпланиб, Қурайшга иттифоқчи бўлишган, «Токи ҳаёт давом этаркан ва мана шу тоғ ўрнида тураркан, биз бошқаларга қарши сизлар билан бирга бир тану бир жонмиз», деб қасамёд қилишган, шу тоғга нисбатланиб «Қурайш аҳбоши (яъни, ҳубшийлари)» деб аталишган (Муъжамул булдон: 2/214).

[2] Базр – аёллар жинсий аъзоси, клитор.

[3] Араблар одатича, гаплашаётган одамнинг соқолига қўл теккизиш унга ҳурмат-эҳтиром ва лутф белгиси бўлиб саналар, хусусан тенгдошлар бир-бирига ана шундай муомала қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Урвани хафа қилмаслик учун унинг бу ишидан кўз юмган бўлсалар, Муғийра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мушрикнинг қўлини теккизмаслик учун уни бу ишдан ман қилганди. (Фатҳул Борий.)

[4] Саҳиҳул Бухорий: 1/380.

[5] Саҳиҳ Муслим: Ҳудайбия сулҳи боби: 2/105.

[6] Саҳиҳ Муслим: Ҳудайбия сулҳи боби: 2/105.

[7] Ушбу сулҳ ҳақидаги маълумотларни қуйидаги китоблардан батафсил билиб олишингиз мумкин: Фатҳул–борий: 7/439–458, Саҳиҳул Бухорий: 1/378–381, 2/598, 600, 717, Саҳиҳ Муслим: 2/104–106, Ибн Ҳишом: 2/308–322, Зодул маод: 2/122–127, Тариху Умар ибн Хаттоб: 39–40-с.

[8] Юқоридаги манбаларга қаранг.

[9] Кўпинча бу учала саҳобанинг мусулмон бўлган йили ҳақида турлича маълумотларга дуч келинади. Аксарият тарих китобларида бунинг 8– йилда содир бўлганини айтилади. Лекин Амр ибн Оснинг Нажоший ҳузурида мусулмон бўлгани ҳикояси маълум ва машҳур. Холид билан Усмон ибн Талҳанинг исломни қабул қилишлари Амр ибн Оснинг Ҳабашистондан қайтган пайтига тўғри келган. Амр Ҳабашистондан қайтиб келгач, Мадинага қараб йўл олади. Йўлда унга Холид ибн Валид билан Усмон йўлиқади. Учовлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, мусулмон бўладилар. Бу эса уларнинг ҳижрий 7– йилда мусулмон бўлганликларига далолат қилади, валлоҳу аълам.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.