Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

03. Саҳобаларнинг – разияллоҳу анҳум – ҳақлари

Аллоҳ таоло айтади:

«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ
мўминлардан
улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида
рози бўлди. У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни
билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни яқин ғалаба ва ўзлари
(гина)
оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳиби
бўлган зотдир
(Фатҳ: 18).[1]

«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар
кофирларга қаҳрли, ўз ораларида
(мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар.
Уларни
(мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд
қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан
(қолган)
белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш,
мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг
Тавротдаги мисолларидир.
(Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана
шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди
бир шоҳлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган,
деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди.
(Мўминларнинг аввал-бошда
заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда
юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа
қилиш учундир. Аллоҳ
(мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган
зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир»
(Фатҳ: 29).[2]

«Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида)
сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос»,
дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи
бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга
қайтдингиз. Агар сизлардан бир тоифани
(чин ихлос билан тавба қилганлари
учун) афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли
азоблаймиз»
(Тавба: 65,66).[3]

Саҳобалар розияллоҳу анҳум фазилатлари ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида
умумий тарзда баён қилинган сўзлар

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам айтдилар: «Асҳобларимни иззат-икром қилингиз! Зеро, улар сизларнинг
яхшиларингиздир» (Насоий, Аҳмад, Ҳоким ривоятлари, Албоний «Мишкотул-масобиҳ»
таҳқиқида саҳиҳ санаган: 6003).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир давр келадики, бир тоифа кишилар жанг қилишади,
«Ичларингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлганлар борми?»,
дейилганда: «Ҳа, бор» деб жавоб беришади, шунда уларга ғалаба ато этилади. Кейин
яна бир давр келиб, бир тоифа одамлар жанг қилишади, «Ичларингизда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига асҳоб бўлганлар борми?», деган
саволга: «Ҳа, бор», деб жавоб беришади, шунда уларга ғалаба ато этилади. Сўнг
яна бир давр келади, бир тоифа одамлар жанг қилишади, «Ичларингизда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига асҳоб бўлганларга асҳоб бўлганлар
борми?», дейилганда: «Ҳа, бор», деб жавоб беришади, шунда уларга ҳам ғалаба ато
этилади» (Муттафақун алайҳ).

Имом Муслимнинг бир ривоятида: «Одамлар устига бир давр келиб, улардан бир
жамоа (жангга) юборилади, шунда улар: «Қарангларчи, ичларингизда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирон киши бормикин?», дейишади. Шунда
(саҳобалардан) бир киши борлиги маълум бўлади, ўша киши сабабли уларга ғалаба
ато этилади. Сўнг иккинчи бир жамоа юборилади, улар: «Ичларингизда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини кўрганлар борми?», дейишади ва ўша киши
сабабли уларга ғалаба ато этилади. Кейин учинчи бир жамоа юборилади, уларга:
«Қарангларчи, ичларингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини
кўрганларни кўрган киши бормикин?», дейилади. Сўнгра тўртинчи бир жамоа
юборилади, уларга: «Қарангларчи, ичларингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам асҳобларини кўрган кишини кўрган кишини кўрган бирон киши бормикин?»,
дейилади, ичларида шундай бир киши топилади ва ўша киши сабабли уларга ғалаба
ато этилади».

Абу Бурдадан, у кишининг отасидан (яъни, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу
анҳудан) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини
кўтариб, осмонга қарадилар, кўпинча шундай қилардилар, сўнг дедилар: «Юлдузлар
осмоннинг тинч-омонлиги (сабабидир), агар (қиёматда) юлдузлар сўниб битса,
осмонга (Қуръон оятларида) ваъда қилинган нарса келади. Мен асҳобларим учун
омонлик (сабаби)ман, агар мен (дунёдан ўтиб) кетсам, асҳобларимга ваъда қилинган
(фитна ва жангу-жадаллар каби) нарсалар келади. Асҳобларим умматим учун омонлик
(сабаби), агар асҳобларим ўтиб кетишса, умматимга ваъда қилинган (бидъатлар ва
сафларнинг бўлиниши каби) нарсалар келади»[4] (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам айтдилар: «Асҳобларим ҳақида гап кетганда тийилинглар, юлдузлар
ҳақида гап кетганда тийилинглар, қадар ҳақида гап кетганда тийилинглар»[5] (Табароний
ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 34).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам айтдилар: «Асҳобларимни сўкманглар! Агар сизлардан бирингиз
Уҳуд тоғича тилла садақа қилса ҳам, улардан бирларининг бир муд ё ярим муд
садақасига тенглашолмайди»[6] (Муттафақун алайҳ).

Имом Муслимнинг бир ривоятида: «Асҳобларимдан биронтасини ҳам сўкманглар!
Агар сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла садақа қилса ҳам, улардан бирларининг
бир муд ё ярим муд садақасига етолмайди».[7]

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам айтдилар: «Ким асҳобларимни сўкса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва
барча одамларнинг лаънати бўлсин» (Табароний ва бошқалар ривояти,
Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2340).

Увайм ибн Соида розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло мени танлади ва менга
асҳоблар танлади. Мен учун улар ичидан вазирлар, ёрдамчилар ва қуда-андалар
чиқарди. Кимда-ким уларни сўкса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча
одамларнинг лаънати бўлсин, қиёмат куни ундан на нафл, на фарз амаллари қабул
қилинади» (Ҳоким «Мустадрак»да (3/632) келтирган ва иснодини саҳиҳ санаган,
Заҳабий ҳам бунга қўшилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам айтдилар: «Ким Менинг бир дўстимга душманлик қилса, Мен унга уруш
эълон қиламан»[8] (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши айтдилар:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини сўкманглар! Қасамки, уларнинг
бир соат (пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга) турганликлари
сизлардан бирингизнинг бир умрлик амалидан яхшироқдир»[9] (Саҳиҳ сунан Ибн Можа:
133).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтдилар:
«Аллоҳ таоло бандаларнинг қалбларига назар солиб, улар ичида Муҳаммад соллаллоҳу
алайҳи ва салламнинг қалбларини энг яхши қалб деб топди ва у зотни Ўзи учун
танлаб, Ўзининг рисолати билан юборди. Сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг қалбларидан сўнг бандаларнинг қалбларига назар солиб, у зотнинг
асҳобларининг қалбларини энг яхши қалблар деб топди ва уларни Ўзининг
пайғамбарига Унинг дини учун жанг қиладиган вазирлар (ёрдамчилар) қилди. Бас,
мусулмонлар нимани яхши деб кўрсалар, у Аллоҳ наздида ҳам яхшидир. Нимани ёмон
деб кўрсалар, у Аллоҳ наздида ҳам ёмондир» (Аҳмад «Муснад»да (3600) ривоят
қилган, шайх Шокир тахрижида иснодини саҳиҳ санаган).

Исломнинг
илк даврида мусулмон бўлган саҳобаларнинг кейинги саҳобалардан афзалликлари
ҳақида (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин)

Аллоҳ таоло айтади:

«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар
билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози
бўлдилар. Яна
(Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар
абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир»
(Тавба:
100).

«Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва
(Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка
фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас.
Улар кейин ин­фоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар.
Барчаларига Аллоҳ гўзал
(оқибат – жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ
қилаётган амалларингиздан хабардордир»
(Ҳадид: 10).

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдим, Абу Бакр кийимининг этагидан кўтариб
олганидан тиззаси кўриниб турган ҳолда келиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам уни кўриб: «Биродарингиз ким биландир аниқ хафалашган», дедилар. У
салом бергач: «Ибн Хаттоб билан ўртамизда гап қочган эди, мен унга тезлик
қилдим, кейин пушаймон бўлиб кечирим сўрасам, бош тортди, шундан сизнинг
олдингизга келдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ сизни
кечиради, эй Абу Бакр», дедилар уч бор. Кейин Умар ҳам пушаймон бўлиб, Абу
Бакрнинг уйларига бориб: «Абу Бакр борми?», деб сўраган экан: «Йўқ», дейишибди,
сўнг у ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, салом
берди. Шунда у зотнинг юзлари ўзгара бошлади. Ҳатто Абу Бакрнинг раҳми келиб,
тиз чўкканча: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, мен кўпроқ зулм қилгандим», деб
икки марта такрорлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ мени
сизларга пайғамбар қилиб юборганда сизлар: «Ёлғон айтаяпсан», дедингиз, Абу Бакр
эса: «Тўғри айтди», деди ва жонию моли билан менга ёрдам берди. Ахир биродаримни
тинч қўясизларми, йўқми?!», деб икки марта такрорладилар, шундан сўнг Абу Бакрга
озор етказилмади (Имом Бухорий ривояти).

Бир ривоятда: «Биродаримни тинч қўясизларми ўзи?! – дедилар икки бор – мен:
«Эй одамлар! Мен сизларнинг барчангизга Аллоҳнинг элчисиман» деганимда сизлар:
«Ёлғон айтдинг», дедингиз, фақат Абу Бакр: «Рост айтдингиз», деди»[10] (Имом
Бухорий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Холид ибн Валид билан Абдурраҳмон
ибн Авф ўртасида гап қочди. Шунда Холид Абдурраҳмонга: «Нима, биздан аввал
мусулмон бўлганингиз туфайли бизга катталик қилаяпсизларми энди?!», деди. Бу гап
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига етиб боргач, у зот:
«Асҳобларимни тинч қўйинглар! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Уҳудча ёки
тоғларча тилла инфоқ қилсангиз-да, уларнинг амалларига етолмайсизлар»,
дедилар»[11] (Аҳмад ривояти,
Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1923).

Рифоа ибн Рофеъ аз-Зурақий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, – у Бадр жанги
иштирокчиларидан эди – : Жибрил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
ҳузурларига келиб: «Бадр аҳлини ким деб биласизлар?», деб сўрадилар. Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз уларни мусулмонларнинг энг афзал кишиларидан
санаймиз», деб жавоб бердилар. «Бадрда иштирок этган фаришталар ҳам худди
шундайдир», дедилар Жибрил алайҳиссалом (Имом Бухорий ривояти).

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло Бадр аҳлини билгандирки: «Истаган ишингизни
қилаверинг, сизларга жаннат вожиб бўлди ёки сизларни кечирдим», деган бўлса
(Муттафақун алайҳ).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ҳотибнинг қули
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Ҳотиб устидан шикоят қилиб
келди ва: «Ё Расулуллоҳ, Ҳотиб албатта дўзахга равона бўлади», деди. Шунда
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бекор айтибсан, у дўзахга тушмайди,
чунки Бадрда ва Ҳудайбияда иштирок этган», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам айтдилар: «Бадр ва Ҳудайбияда ҳозир бўлган киши асло дўзахга
тушмайди»[12] (Аҳмад ва бошқалар
ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2160).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Умму Мубашширнинг
менга хабар беришича, у Ҳафсанинг олдида эканида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: «Иншоаллоҳ, дарахт остида байъат қилган кишилардан биронтаси дўзахга
тушмайди», дедилар. Шунда Ҳафса: «Йўқ, ё Расулуллоҳ», деган эди, у зот уни
силтаб ташладилар. Ҳафса: «Аллоҳ таоло: «Сизлардан ҳар бирингиз унга
тушувчидирсиз.
(Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган
ҳукмдир»
(Марям: 71) деган-ку», деган эди, у зот: «Кейин Аллоҳ таоло:
«Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни
тиз чўккан ҳолларида
(жаҳаннамда) қолдирурмиз», (Марям: 72) деган»,
дедилар (Имом Муслим ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳудайбияда 1400 киши
иштирок этган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: «Сизлар бугун
ер юзининг энг яхши кишиларисиз», дегандилар» (Муттафақун алайҳ).

Муҳожирлар
розияллоҳу анҳумнинг фазилатлари ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида[13]

Аллоҳ таоло айтади:

«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб
чиқарилган зотлар
камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан
фазл-марҳамат ва ризолик истайдилар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам
берадилар. Ана ўшалар
(иймонларида) содиқ зотлардир»[14] (Ҳашр: 8).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам: «Умматимдан жаннатга биринчи бўлиб кирадиган жамоа кимлигини
биласизми?», деб сўрадилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб бердим.
«Улар муҳожирлар, қиёмат куни жаннат эшиги олдига келиб, уни очишни сўрайдилар.
Жаннат посбонлари: «Сизлар ҳисоб-китоб қилиниб бўлдингизми?!», деб сўрайдилар.
Улар: «Биз нима билан ҳисоб қилинамиз?! Аллоҳ йўлида қиличларимиз елкаларимиздан
тушмаган ва шу ҳолда вафот этган бўлсак?!», дейишади. Шундан сўнг уларга эшик
очилади ва улар у ерда бошқалар кириб келгунига қадар 40 йил дам олиб (ухлаб)
ётадилар», дедилар (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 853).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Жаннатга биринчи бўлиб
кирадиган жамоа – машаққатлар пайтида бошқалар уларнинг панасига ўтадиган,
буюрилган буйруққа қулоқ тутиб, итоат қиладиган, улардан бир кишининг султонга
ҳожати бўлса, ўша ҳожати то у вафот этиб кетгунича ҳам адо этилмайдиган камбағал
муҳожирлардир» (Ҳоким «Мустадрак»да (2/72) келтирган ва иснодини саҳиҳ санаган,
Заҳабий унга қўшилган).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни муҳожирларнинг олтиндан ясалган
минбарлари бўлиб, қўрқувдан тўла омонликда бўлган ҳолларида улар устида
ўтирадилар»[15] (Ибн Ҳиббон ва
бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3584).

[1] Дарахт остида
байъат қилган саҳобалар сони 1400та эди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади: «Ҳудайбияда 1400 киши иштирок этган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам бизга: «Сизлар ер юзининг энг яхши кишиларисиз», дегандилар»
(Муттафақун алайҳ). Қуръон карим гувоҳлиги билан мазкур зотлардан Аллоҳ таоло
ҳақиқатан рози бўлган. Аллоҳ таоло инсонлардан рози бўларкан, уларнинг динлари,
эътиқод ва манҳажларининг саҳиҳлиги учун рози бўлади. Шундай экан, саҳобаларнинг
шаънларига тил теккизадиган ёки уларнинг адолатлари хусусида танқидий фикр
билдирадиган ҳар қандай кимса Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг гувоҳликларига тил теккизган, Қуръон ва Суннатни ёлғончи қилган
бўлади. Қуръон ва Суннатни ёлғон санаган ёки Аллоҳ ва Расулининг саҳобаи киром
ҳақларидаги гувоҳликларига тил теккизган киши эса мусулмонликдан чиқиб, зиндиқ
ва кофирга айланади.

[2] Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлган мўминлар саҳобалар розияллоҳу
анҳумдирлар. «Кофирларни хафа қилиш учундир» ояти калимасидан маълум
бўладики, саҳобалардан ёки уларнинг баъзиларидан фақатгина кофирлар дарғазаб ва
хафа бўлишади.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирида айтади: «Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳидан
қилинган бир ривоятда у киши саҳобаларни ёмон кўрадиган рофизий-шийаларни мана
шу оятга кўра кофирликка ҳукм қилиб: «Чунки улар саҳобалардан хафа бўлишади, ким
саҳобалардан хафа бўлса, шу оят далолатига кўра кофир бўлади», дейди, бир қанча
уламолар у кишининг бу сўзларига қўшилганлар».

Мен айтаман: «Саҳобалардан хафа бўлса» дегандан кўра «саҳобаларни хафа қилса»
дейилса тўғрироқ бўлар ва оят маъносига ҳам тўғрироқ келарди.

[3] Мазкур
тоифадагилар иймон келтирганларидан сўнг саҳобалар шаънига тил теккизганликлари
ва уларни масхара қилганликлари сабабли кофир бўлишди, саҳобаларни масхаралаб,
устларидан кулиш улардан рози бўлган ва улар шаънига мақтов айтган Зотни – Аллоҳ
таолони масхаралаш деб, Аллоҳнинг улардан рози бўлган эканини ифодаловчи
қуръоний оятларни масхаралаш деб, ўз асҳобларидан рози бўлган ва улар шаънига
мақтовли сўзлар айтган, саҳобалар ҳақларида Аллоҳ таолонинг мақтовли сўзларини
ўз ичига олувчи оятларни етказган зотни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламни масхаралаш деб эътибор қилинди. Бинобарин, саҳобалар шаънига тил
теккизган ёки уларни масхара қилган ҳар қандай шахс аслида Аллоҳ таолони, Унинг
оятларини ва Унинг Расулини масхара қилган бўлади!

[4] Олим кишининг
ўлими Исломда ўрнини тўлдириб бўлмас кемтиклик ва тузатиб бўлмас мусибат экани
ҳақида айтилувчи ҳадислар ҳам шу маънога далолат қилади. Чунки, унинг вафоти
одамлар ҳаётида бўшлиқ ва беқарорликка, ортида қолганлар учун фитна, фасод ва
ёмонликларга сабаб бўлади. Хусусан, ортида илмда, амру маъруф ва наҳий мункар
қилишда унинг ўрнини босадиган киши қолмаган бўлса.. Олим киши қаерда бўлмасин,
ҳаётдаги тинчлик-омонлик сабабидир, лекин бу золим ва тоғутларни ҳимоя қиладиган
ва хавфсизликларини таъминлайдиган хавфсизлик хизматчиси маъносида эмас. Шундай
экан, энди вафот қилган бу олим киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
асҳобларидан бир киши бўлса, бунга нима дейсиз?!

Имом Нававий ҳадис шарҳида айтади: «Асҳобларим ўтиб кетишса, умматимга ваъда
қилинган нарсалар келади» деганлари маъноси – уларга диндаги бидъатлар,
фитналар, шайтоннинг шохи кўриниши, румликлар ва бошқаларнинг ғолиб бўлиши,
Макка, Мадина каби шаҳарлар ҳурмати поймол қилиниши каби ишлар келади,
деганидир. Буларнинг ҳаммаси у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
мўъжизаларидандир».

[5] «Асҳобларим
ҳақида гап кетганда тийилинглар» дегани ё уларни яхшилик билан тилга олинглар ё
бўлмаса тийилинглар, агар улар хусусида гап очилса, чуқур кетманглар, улар
ҳақларида нолойиқ ва ножоиз гаплар айтишдан сақланинглар, акс ҳолда номақбул ва
номаъқул ишни қилиб қўйган бўласиз, демакдир. Ушбу ҳадисдан саҳобаларнинг
адолатлари борасида манфур рофизийлар (шиалар) билан баҳс-мунозара қилишни яхши
кўрадиган кишиларнинг бу ишлари тўғри эмаслиги маълум бўлади. Чунки, бу каби
мунозаралар орасида саҳобалар шаънларига айбловлар, уларга нисбатан беодобона ва
ҳақоратомуз сўзлар ўтиб кетади.

[6] Муд – чорак
соъ миқдоридаги сиғим ўлчови бўлиб, ўртача бир ҳовучга тенг келади.

[7] Бу ривоятда
аввалги ривоятга қўшимча ўлароқ асҳоблардан биронтасини ёки баъзи бирларини
бўлсин, сўкишдан қайтарилди. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мутлақ
саҳобаларни сўкишдан қайтарганлари каби, улардан баъзи бировларини сўкишдан ҳам
қайтардилар.

[8] Аллоҳ таоло
Ўзининг бир дўстига адоват изҳор қилган кимсаларга эълон қилган бу уруш қайси
кўриниш ва қай турда бўлади, деб сўралса, жавоб шуки, бу урушнинг асос-моҳиятини
Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бу уруш улар устига зилзилалар, дарду оғриқлар,
қурғоқчиликлар каби балолар юбориш билан бўлиши ҳам мумкин, мўмин ва мужоҳид
бандаларини уларга ғолиб қилиб, Ўзининг солиҳ дўстлари учун қасос олдириш билан
ёки улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўйиб, фитналарга дучор қилиш ва
бир-бирлари билан қирпичоқ қилиш билан бўлиши, ҳаётларини ғам-ғусса ва
заҳар-заққумга айлантириб ташлаш билан бўлиши ҳам мумкин. Буларнинг ҳаммаси
бизнинг шу давримизда, Ироқда Аллоҳнинг пайғамбарлардан кейинги дўстлари бўлмиш
пок зотлар – саҳобаларни сўкадиган ва уларга адоватларини очиқ изҳор қиладиган
рофизийлар устига ёғилган балолардан кўринди. Агар билсалар, айбни фақат
ўзларидан қидирсинлар! Бундан ташқари, ҳали қиёматда ҳам уларни қаттиқ азоблар
кутиб турибди. Аллоҳдан кўра ваъдасида содиқроқ ким бор?!

[9] Ибн Умар
розияллоҳу анҳумо бу сўзларини ўзларига ҳамаср бўлган тобеинларга айтгандилар. У
зот бизнинг замондошларимиз бўлмиш, тилларига эрк бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам асҳобларига нисбатан одоб чегараларидан тажовуз қилувчи
кимсаларга нима деган бўлардикинлар?!

[10] Ҳадис бир
неча улкан маъноларни ўз ичига олган. Жумладан, Исломни илк даврларида қабул
қилган, унга ёрдам берган ва жиҳод қилган кишиларнинг кейинроқ Исломни қабул
қилган кишилардан афзал эканликлари маълум бўлади. Ҳазрат Умар қандай улуғ зот
бўлганликлари ҳаммамизга маълум. Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам унга ва бошқа саҳобаларга хитобан: «Биродаримни тинч қўясизларми,
йўқми?!», дедилар. Сабаби, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотни тасдиқлаш, у
зотга кўмак ва ёрдам кўрсатишда биринчилардан бўлгандилар.

[11] Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холид розияллоҳу анҳуни: «Холид Аллоҳнинг
қиличларидан бир қиличдир, у қавмнинг энг яхши йигити!» деб мақтаганлар
(Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1826). Шундай бўлса-да, у билан Абдурраҳмон ибн Авф
ўртасида келишмовчилик чиққанда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холидга
эътироз билдирдилар, унга ва у каби Исломни Абдурраҳмон ибн Авфдан кейин қабул
қилган кишиларга: «Асҳобларимни тинч қўйинглар! Жоним Қўлида бўлган Зотга
қасамки, агар Уҳудча ёки тоғларча тилла инфоқ қилсангиз-да, уларнинг амалларига
етолмайсизлар», дедилар.

Саҳобаларнинг сўзларини олиш ва далил қилишда ҳам шу нарсага эътибор қаратиш,
Исломни илгари қабул қилган саҳобаларнинг сўзларини, тушунча ва ижтиҳодларини
кейинги саҳобаларникидан муқаддам қўйиш лозим. Исломга аввал кирган саҳобанинг
фикр ва ижтиҳодини бошқаларникидан кўра кўпроқ риоя қилиш ихтилоф ўринларида
эътиборга молик омиллардан саналади.

[12] Бу ва бошқа
ҳадислардан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жаннат
билан хушхабар берилган саҳобалари сони юзларчадир, айримлар ўйлаганидек фақат
ўнтагина эмас!

[13] Аслида,
муҳожирлар, шунингдек ансорлар саҳобаларнинг аслини ташкил қиладилар,
саҳобаларнинг фазилатларини баён қилувчи ҳар қандай оят ёки ҳадисдан биринчи
навбатда улар кўзда тутилган бўлади. Лекин, уларга ёки уларнинг айримларига хос
бўлган насслар ворид бўлгани учун биз ҳам уларни алоҳида боб ва сарлавҳалар
остида келтиришни лозим кўрдик. Бу нарсани «Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис
тўпламларида ҳам кўриш мумкин.

[14] Кимда-ким
рофизийлар айтаётганидек: «Улар ёлғончи ёки золим ёки кофир» деб айтса, кофир
бўлиб, Ислом миллатидан чиқади. Чунки, бу сўзи билан у Қуръонни ёлғончи қилган,
Аллоҳ таолонинг муҳожир саҳобаларни содиқлар деб берган гувоҳлигини рад қилган
бўлади.

[15] Қўрқувдан
омонликда бўлишлари қиёмат кунидаги барча даҳшат ва ваҳшатли ҳолатлардан
омонликда бўлишларига шомилдир.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Батафсил

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Батафсил

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Батафсил

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Батафсил

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Батафсил

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Батафсил

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Батафсил

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Батафсил

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Батафсил

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Батафсил

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.

en_USEnglish