Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

033. Элчилар

Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошчилигида ҳаж ибодати адо этилиши

Шу йил, яъни 9-ҳижрийнинг зул-қаъда ёки зул-ҳижжа ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни мусулмонларга бош бўлиб ҳаж ибодатини адо этиши учун юбордилар.

Кейин Бароъа сурасининг аввалидаги кофирлар билан аҳдларни бекор қилиниши ҳақидаги оятлар нозил бўлди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам арабларнинг қонлар ва моллар ҳақидаги аҳдлар борасидаги одатларича, Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳуни ушбу оятларни эълон қилиш учун ўзлари томонидан вакил қилиб юбордилар. Алий Аражда ёки Зожнонда Абу Бакрга етиб олди. Абу Бакрнинг: «Амир бўлиб келаяпсизми, тобеъ бўлибми?», деган саволига: «Тобеъ бўлиб», деб жавоб берди. Маккага етиб боргач, Абу Бакр одамларга ҳаж ибодатларини адо этишда бош-қош бўлдилар. Наҳр (қурбон ҳайити) куни Алий ибн Аби Толиб Жамрада туриб, одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етказишга буюрган нарсани эълон қилди, аҳд эгаларининг аҳдини бекор қилди ва уларга тўрт ой муҳлат берди. Шунингдек, ўртада ҳеч қандай аҳд бўлмаган қавмларга ҳам тўрт ой муҳлат белгилади. Мусулмонлар билан тузилган аҳдида турган ва уларга қарши ҳеч қандай ҳаракатларга қўшилмаган кишиларнинг аҳдларини то муҳлати тамом бўлгунига қадар қолдирди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу одамлар ичида: «Билиб қўйинглар, бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмайди, Байтни яланғоч одам тавоф қилмайди» деб эълон қилдирди.

Бу эълон Араб жазирасида бутпарастликнинг тамомила битгани ва бу йилдан кейин энди қайтиб келмаслигини эълон қилиш ўрнида бўлди.[1]

Ғазотларга бир назар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазот ва сарийяларига чуқурроқ назар ташласак, на биз, на урушлар ва уларнинг асоратлари ҳақида фикр юритган ҳар қандай одам қуйидаги хулосага келишдан ўзга чора тополмаймиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг саййиди, нубувват ва рисолатда энг улуғи бўлиш билан бир қаторда дунёдаги энг катта ва энг зўр, энг фаросатли ва энг ҳушёр қўмондон бўлганлар, бу борада у зот танҳо даҳо эдилар. У киши ўзлари кирган ҳар бир жангга фақат зийраклик, шижоат ва тадбир тақозо қилган ҳолат ва томондан кирганлар. Шунинг учун ҳам биронта жангда ҳам қўшинни жангга ҳозирлаш, стратегик ўринларни эгаллаш, тўқнашув учун энг яхши ва афзал ўринларни белгилаш, жангни бошқаришнинг энг афзал режасини танлай билиш каби раҳбарлик ва бошқарувга оид бирон бир хато сабабли мағлубиятга учрамадилар. Балки, бу борада дунё таниган қўмондонларнинг биронтасида мавжуд бўлмаган, фақат ўзларига хос бошқарув санъатига эга эканликларини кўрсатдилар. Уҳуд ва Ҳунайнда содир бўлган айрим қусурли ҳодисалар эса қўшин аъзоларидаги баъзи заифликлар (Ҳунайнда) ёки (Уҳудда) у зотнинг буйруқларига амал қилмаслик, белгилаб берилган ҳарбий режа бўйича ҳаракат қилмаслик туфайли содир бўлди.

Мана шу ҳар икки жангда ҳам мусулмонлар чекинаётган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тенгсиз маҳоратлари ярқ этиб кўзга ташланди. У зот ўзлари – Уҳудда бўлгани каби – душман қаршисида матонат билан туришга ва донолик билан уларнинг режаларини чиппакка чиқаришга қодир бўлдилар ёки – Ҳунайнда бўлганидек – жангнинг оқимини ўзгартириб юборишга ва мағлубиятни ғалабага айлантиришга қодир бўлдилар. Ваҳоланки, воқеалар хатарли тарзда ривожланиб турган, қақшатқич мағлубият қўшинни ўраб турган ва уларнинг мияларини фақат жонларини қутқариб қолиш фикригина чулғаб турган пайт эди.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақат ҳарбий бошқарувдаги маҳоратлари эди. Бошқа жиҳатдан эса, у зот ушбу ғазотлар сабабли араб оламида тинчлик-осойишталик ўрнатишга, фитна оловини ўчиришга, Ислом ва бутпарастлик ўртасидаги курашда душманларнинг шон-шавкатини синдиришга, уларни сулҳга мажбур қилишга ва даъватни ёйиш учун йўл очишга муваффақ бўлдилар. Ундан ташқари, ушбу жанглар у зотнинг асҳоблари ичидаги ҳақиқий мухлис кишиларни ботинларида нифоқ ўрнашган ғаддор ва хиёнаткор кимсалардан ажратиб берди.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўмондонлардан катта бир гуруҳини етиштириб чиқардилар. Кейинчалик улар Ироқ ва Шом майдонларида Форс ва Рум қўшинларига қарши уруш олиб бориб, урушлар режасини тузиш ва жангни бошқариш соҳаларида душманларидан анча устун эканликларини намоён этдилар, душманларни ўз ерлари ва диёрларидан суриб чиқаришга, қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб кетишга, қанчадан-қанча ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни ташлаб кетишга мажбур қилдилар.

Шунингдек, ушбу ғазотлар туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни уй-жой, ер-мулк, ҳунар ва иш жойларига эга қилдилар, мол-мулк ва ҳовли-жойларини ташлаб келган қочқинлар муаммосини ҳал қилдилар, қурол-аслаҳалар, от-уловлар, асбоб-анжом ва нафақалар ҳозирладилар. Буларнинг барини заррача ҳам зулм, тажовуз, туғён ва зўрликларсиз амалга оширдилар.

Жоҳилият даврида уруш оловлари ёқилишига сабаб бўлган ва урушлардан кўзда тутилган ғараз ва мақсадларини бутунлай ўзгартириб юбордилар. Уруш дегани жоҳилият тушунчаси бўйича, талон-тарож, ўлдириш, босқинчилик, зулм, тажовуз, ўч олиш, қасос ташналигини қондириш, заифларни эзиб-янчиб ташлаш, шаҳар-қишлоқларни харобага айлантириш, биноларни вайрон қилиш, аёлларнинг ҳурматларини поймол қилиш, кексалар ва гўдакларга шафқатсизлик, экин ва насллларни қуритиш, ер юзига бузғунчилик ва фасод келтириш маъносида бўлган бўлса, энди у Ислом тушунчаси бўйича, олий мақсадлар ва улуғ ғояларни рўёбга чиқариш мақсадида олиб бориладиган, инсоний жамият ҳамма замон ва маконларда у сабабли иззатга эришадиган жиҳодга айланди. Уруш деган тушунча инсонни зулм ва зўравонлик низомидан қутқариб, инсофу адолат низомига олиб чиқадиган, кучли кучсизни ейдиган низомдан қутқариб, интиқом олинар пайтда кучлилар кучсизга айланадиган низомга олиб чиқадиган жиҳод маъносини англата бошлади, «Парвардигоро, бизни эгалари золим бўлган бу шаҳардан озод қил ва бизга ўз ҳузурингдан бир дўст бергин, бизга ўз ҳузурингдан бир ёрдамчи қилгин», деяётган эркаклар, аёллар ҳамда болалардан иборат бўлган бечоралар (ни озод қилиш) йўлида» (Нисо: 75) олиб бориладиган олийжаноб кураш маъносига кўчди, Аллоҳнинг ерини ғаддорлик, хиёнаткорлик, гуноҳ ва тажовузкорликдан поклаш ва тинчлик-осойишталик, меҳр-мурувват ва ҳақ-ҳуқуқларни риоя қилишни ўрнатадиган жиҳод маъносини англата бошлади.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушлар учун олийжаноб қоидалар белгилаб, лашкарни ҳам, қўмондонларни ҳам уларга риоя қилишга буюрдилар, ҳеч қачон ушбу қоидалар доирасидан чиқишга рухсат бермадилар. Сулаймон ибн Бурайда отаси (Бурайда ал-Асламий) розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон лашкар ёки сарийяга амир тайинласалар, уни ўзи ҳақида Аллоҳдан тақво қилишга ва ёнидаги мусулмонларга яхшилик қилишга буюрардилар, сўнг айтардилар: «Аллоҳнинг исми билан, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар! Аллоҳга кофир бўлган кимсаларга қарши урушинглар! Жанг қилинглар, лекин хиёнат қилманглар, (ўлжалардан) билдирмай олманглар, мусла қилманглар (яъни қулоқ-бурун каби аъзоларни кесманглар), ёш болани ўлдирманглар!» (Имом Муслим ривояти). Динни енгил-қулай кўрсатишга чақириб: «Осон кўрсатинглар, қийин кўрсатманглар. Хурсанд қилинглар, нафратлантирманглар», дердилар (Имом Бухорий ривояти).

Душман диёрига тунда кириб борсалар, то тонг отгунича уруш бошламасдилар. Ўт билан куйдиришдан қаттиқ қайтарганлар, ҳимоясиз кишини ўлдиришдан қайтарганлар, аёлларни ўлдириш ва калтаклашдан қайтарганлар, талончиликдан қайтарганлар, «Талончилик билан қўлга киритилган ўлжа ўлимтикдан кўра ҳалолроқ эмас», дердилар. Қаттиқ зарурат тушмаган ва бундан бошқа йўл қолмаган ҳолатдан бошқа пайтда экин-тикинларни пайхон қилишдан, наслларни қиришдан, боғ-роғларни кесишдан қайтарганлар. Маккани фатҳ қилиш пайтида: «Жароҳат олиб ётган кишини ўлдирманглар, қочаётганни қувманглар, асирга тушганни ўлдирманглар», деганлар. Элчига ўлим йўқ, деган суннатни жорий қилганлар, муоҳидни (у ёки давлати билан тинчлик аҳд-битим бўлган кишини) ўлдиришдан қаттиқ қайтарганлар, ҳатто: «Ким бир муоҳидни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди. Ваҳоланки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан билиниб туради», деганлар. Бундан бошқа ҳам, урушларни жоҳилият кирлигидан тозалаб, муқаддас жиҳодга айлантириб қўйган яна бир қанча қонун-қоидалар тузиб бердилар.[2]

Одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кириб келадилар

Макка фатҳи ғазоти – аввал ҳам айтиб ўтганимиздек – бутпарастликнинг илдизига болта урган, ҳал қилувчи ғазот бўлган эди. Араблар шу ғазот туфайли ҳақни ботилдан ажратиб олдилар, кўнгилларидан шубҳалар ариб, исломни қабул қилишга шошилдилар.

Амр ибн Салама айтади: Биз одамларнинг йўли устидаги бир сувли жойда турардик. Уёқ-буёққа ўтиб турган карвонлардан атрофда бўлаётган воқеалар ҳақида ва бу киши – яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – ҳақида сўрардик, улар: «Ҳа, у ўзини Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбар деб айтади, унга Аллоҳдан ваҳий тушар эмиш, Аллоҳ унга фалон нарсаларни ваҳий қилибди», дейишар, шунда мен уларнинг сўзларини ёдлаб қолардим, у сўзлар менинг қалбимга маҳкам ўрнашиб қоларди. Араблар фатҳни кутиб, Исломни қабул қилишни пайсалга солиб туришар, «Уни қавми билан яккама-якка қўйиб қўйинглар, агар қавмига ғолиб бўлса, ҳақиқий пайғамбар бўлади», дейишарди. Макка фатҳ этилгач, ҳамма қабилалар Исломни қабул қилишга ошиқдилар. Отам ҳам қавми ичида биринчи бўлиб Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб келгач: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен сизларнинг олдингизга ҳақиқий пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларидан келаяпман. У зот: «Фалон вақтда мана бу намозни ўқинглар, фалон вақтда мана бу намозни ўқинглар, намоз вақти бўлганида бирингиз азон айтинг, Қуръонни кўпроқ ўқий оладиганингиз имом бўлсин», дедилар», деди…[3]

Бу ҳадис Макка фатҳи воқеалар ривожига ва Исломнинг ғолиб бўлишига, шунингдек, арабларнинг Исломга нисбатан ўз муносабатларини аниқлаб олишларига ва уни қабул қилишларига нақадар катта таъсир кўрсатганига далил бўлади. Табук ғазотидан кейин бу нарса яна-да яққолроқ кўзга ташланди. Шунинг учун шу икки йил – яъни, тўққизинчи ва ўнинчи ҳижрий – ичида Мадинага тўхтовсиз элчилар ва вакиллар келганига, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирганликларига гувоҳ бўламиз. Ҳатто, Фатҳ ғазотида ўн минг кишини ташкил этган ислом қўшини орадан бир йил ўтмай Табук ғазотида ўттиз минг кишига етди. Ҳажжатул вадоъга келиб эса, мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида такбир, ҳамд ва тасбеҳлар билан уфқларни тўлдириб ва еру осмонни ларзага келтириб, мавж уриб турган юз минг кишилик – ёки бир юз қирқ тўрт минг кишилик – улкан уммонга айланганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Элчилар

Ғазотшунослар етмишдан ортиқ қабила ва юртлардан элчилар келганини санайдилар. Бу ерда уларни бирма-бир айтиб ўтишга бизнинг имкониятимиз йўқ, уларнинг тафсилотига киришишдан унча катта фойда ҳам ҳосил бўлмайди. Шунинг учун бу ерда улар ичидан тарихий аҳамиятга молик ва ўзига хос ўрни бўлганларинигина зикр қилиб ўтамиз. Ўқувчи ёдида тутишини истардикки, қабилалар вакиллари асосан фатҳдан кейин келган бўлсалар-да, улар ичида фатҳдан илгарироқ келганлари ҳам бор:

1) Абдул Қайс элчилари:

Ушбу қабиладан икки бор вакиллар келган. Биринчиси ҳижратнинг бешинчи йилида ёки ундан ҳам илгарироқ бўлган эди. Ушбу қабиладан Мунқиз ибн Ҳайён деган киши тижорат билан Мадинага келади ва Исломни ўрганиб, мусулмон бўлади. Сўнг қавмига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини олиб қайтади. Қавми ҳам мусулмон бўлиб, шаҳри ҳаромда 13 ёки 14 киши у зот ҳузурларига вакил бўлиб келдилар. Шу келган сафарларида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон ҳақида, ичимликлар ҳақида савол беришган эди. Уларнинг каттаси Ал-Ашажжул Асрий бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сизда Аллоҳ суядиган иккита хислат: ҳалимлик ва оғир-босиқлик бор экан», дегандилар.

Иккинчи бор уларнинг вакиллари бошқа элчилар келаётган йилда келишди. Бунда уларнинг сони қирқ нафарни ташкил қилди. Ичларида Жоруд ибн Алоъ ал-Абдарий ҳам бўлиб, у аввал насроний динида эди, сўнг исломни қабул қилиб, исломи жуда гўзал бўлган эди.[4]

2) Давс элчилари:

Бу қабила элчилари еттинчи йилнинг бошларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарда эканларида келишган эди. Биз юқорида Туфайл ибн Амр ад-Давсийнинг мусулмон бўлгани ҳақида айтиб ўтгандик. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадалик пайтларида исломни қабул қилган, сўнг қавмига қайтиб бориб, уларни исломга даъват қилган, аммо қавми исломни қабул қилишга шошилмаган эди. Шунда у уларнинг мусулмон бўлишларидан умиди узилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, қавмини дуоибад қилишларини сўраган эди. Шунда у зот: «Эй Парвардигор, Давсни Ўзинг ҳидоят қилгин», деб дуо қилгандилар. Шундан сўнг улар исломни қабул қилишди ва Туфайл еттинчи йилнинг бошларида қавмидан етмиш-саксон хонадонни бошлаб, ўша пайтда Хайбарда бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб қўшилди.

3) Фарва ибн Амр ал-Жузомийнинг элчиси:

Фарва Рум қўшинидаги араб қўмондонларидан бири ва румликларнинг араб ерларидаги волийси эди. Маъон ва унинг атрофидаги Шом ерлари унга қарашли эди. У 8-ҳижрийда мусулмонларнинг Муъта жангида кўрсатган матонат, жасорат ва садоқатларини кўргач, бундан таъсирланиб, исломни қабул қилди. Ўзининг мусулмон бўлганини билдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга элчи юборди, у зотга ҳадя қилиб бир оқ хачир ҳам юборди. Румликлар унинг мусулмон бўлганидан хабар топишгач, уни ҳибсга олишди, сўнг исломдан қайтиш ёки ўлимни танлаш ихтиёрини беришди. У ўлимни ихтиёр этди. Шундан сўнг уни Фаластиндаги Афроъ деб номланувчи жойда бошини танидан жудо қилишиб, жасадини осишди.[5]

4) Судоъ элчилари:

Бу воқеа 8-ҳижрийда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жиъронадан қайтганларидан сўнг бўлди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт юз кишилик бир гуруҳни Яманнинг бир тарафига юриш қилиш учун юбордилар. Судоъ қабиласининг манзили ҳам шу атрофда эди. Ушбу гуруҳ Садри Қанот деган жойда қароргоҳ қилиб турганида Зиёд ибн Ҳорис ас-Судоий бундан хабар топиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб келди ва: «Мен сизга ортимда қолган кишилардан элчи бўлиб келдим. Қўшинни ортга қайтаринг, мен қавмимга кафилман», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни Садри Қанотдан ортга қайтардилар. Зиёд ибн Ҳорис ас-Судоий қавмига келиб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишга кўндирди. Улардан ўн беш киши у зот ҳузурларига келиб, Исломга байъат бердилар. Сўнг қавмларига қайтиб бориб, уларни даъват қилдилар. Қавмда Ислом ёйилиб, Ҳажжатул вадоъда улардан юз киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилдилар.

5) Каъб ибн Зуҳайр ибн Аби Салмонинг келиши:

У шоирлар хонадони вакили ва арабларнинг энг донгдор шоирларидан бўлиб, шеърларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳажв қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 8-йили Тоиф ғазотидан қайтганларидан сўнг Каъб ибн Зуҳайрга укаси Бужайр ибн Зуҳайр мактуб йўллади. Мактубида у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада у кишини ҳажв қилиб, озор бериб юрган бир неча кишини ўлдиртирганларини, қолган-қутган Қурайш шоирлари ҳар тарафга қочиб кетишганини айтиб, агар жонингдан умидинг бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қараб уч, чунки у киши тавба қилиб келган бирон кишини ҳам ўлдирмаяптилар. Акс ҳолда, ўз жонингни қутқариш ташвишини қилавер, деб ёзди. Шундан сўнг ака-укалар ўртасида бир неча ёзишмалар бўлиб ўтди, Каъбнинг кўзига дунё қоронғи бўлиб, ўз жонидан хавф қилиб, Мадинага келди ва Жуҳайналик бир кишининг уйига тушди. Бомдод намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўқигач, Жуҳайналикнинг маслаҳати билан Каъб у зотнинг ёнларига бориб ўтирди ва қўлини у зотнинг қўлларига қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни танимас эдилар. Сўнгра у: «Ё Расулуллоҳ, Каъб ибн Зуҳайр тавба қилиб, мусулмон бўлиб, сиздан омонлик тилаб келди. Агар уни ҳузурингизга олиб келсам (исломи ва тавбасини) қабул қиласизми?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», деган эдилар, «Мен Каъб ибн Зуҳайрман», деди. Шунда ансорлардан бири сакраб ўрнидан туриб, унинг бошини танидан жудо қилишга изн сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга тегма, чунки у қилган ишларидан пушаймон бўлиб, тавба қилиб келган», дедилар.

Шунда Каъб ўзининг «Бонат Суад» деб бошланувчи машҳур қасидасини ўқиди. Унда жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узр сўраб ва у зотни мақтаб айтилган қуйидаги мазмундаги сўзлар бор эди:

Дерлар: Пайғамбар сени ўлдиришга чоғланмиш,

Дедим: Умид риштаси афвларига боғланмиш.

Шошманг, сизга ёр бўлсин Парвардигорнинг Ўзи,

Туширмишдир У сизга ҳикмат булоғи – Сўзин.

Мени қатл айламанг миш-мишларга ишониб,

Гуноҳим йўқ у қадар, гарчи кетмасман тониб.

Менга тушган ғам-кулфат филни ҳам йиқитарди

Пайғамбар раҳм қилмаса, куним аниқ битарди.

Қўлимни бердим энди, асло тортиб олиш йўқ,

У зотнинг сўзлари сўз, энди бугун ўлиш йўқ.

Қуёш мисол оламга нур улашар пайғамбар,

У Аллоҳнинг қиличи, ғолиб ҳамда музаффар.

نبئت أن رسول الله أوعدني
والعفو عند رسول الله مأمول

مهلا هداك الذي أعطاك نافلة الـ
قرآن فيها مواعيظ وتفصيل

لا تأخذن بأقوال الوشاة ولم
أذنب، ولو كثرت فيَّ الأقاويل

لقد أقوم مقاما ما لو يقوم به
أرى وأسمع ما لو يسمع الفيل

لظل يرعد إلا أن يكون له
من الرسول بإذن الله تنويل

حتى وضعت يميني ما أنازعه
في كف ذي نقمات قيله القيل

فلهو أخوف عندي إذ أكلمه
وقيل‏:‏ إنك منسوب ومسئول

من ضيغم بضراء الأرض مخدرة
في بطن عثر غيل دونه غيل

إن الرسول لنور يستضاء به
مهند من سيوف الله مسلول

Сўнг у шеърининг давомида Қурайш муҳожирларини мақтади. Чунки, тавба қилиб келганида улардан бирон киши ҳам у ҳақда ёмон сўз айтмаганди. Сўз орасида ансорлардан бири уни ўлдиришга изн сўраганини эслатиб, улар шаънига бироз тил теккизиб ўтди. Бироқ, мусулмон бўлиб, исломи чиройли бўлганидан кейин бу сўзларидан хижолат бўлиб, ансорларни мақтаб, улар ҳақида алоҳида шеър ҳам битди.

6) Узра элчилари:

Бу элчилар 9-ҳижрийнинг сафар ойида келишди. Улар ўн икки киши бўлиб, ораларида Ҳамза ибн Нўъмон ҳам бор эди. Улардан қайси қавмдан эканликлари сўралганда: «Биз Қусойнинг она тарафидан ака-укалари бўлмиш Бану Узра қабиласиданмиз, бизнинг қабиламиз Қусойга мададкор бўлган ва Маккадан Хузоа билан Бану Бакрни суриб чиқарган. Бизнинг (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан) қариндошлигимиз бор», деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни яхши кутиб олдилар, уларга Шомнинг фатҳи ҳақида хушхабар бердилар, фолбинлардан савол сўрашдан ва Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйишлардан қайтардилар. Улар Исломни қабул қилиб, Мадинада бир неча кун тургач, юртларига қайтиб кетдилар.

7) Балий элчилари:

Улар 9-ҳижрийнинг рабиул-аввалида келиб, Исломни қабул қилиб, Мадинада уч кун турдилар. Бошлиқлари Абуз-Зубайб меҳмоннавозлик қилишда ажр бўлиш-бўлмаслиги ҳақида савол қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, хоҳ бойга, хоҳ камбағалга қилган ҳар бир яхшилигинг садақадир», дедилар. Меҳмондорчилик вақти ҳақида сўраган эди: «Уч кун», деб жавоб бердилар. Адашиб қолган қўй ҳақида сўраганида: «У ё сенга ё биродарингга ё бўрига» дедилар. Адашган туя ҳақида сўраган эди: «Сенинг у билан нима ишинг бор?! Суви[6] ўзи билан, ковуши (оёғи) ўзи билан, (чанқаса) сувга боради, ўт-ўланларни ейди. То эгаси топиб олгунича уни тек қўй» дедилар.

8) Сақиф элчилари:

Улар 9-ҳижрийнинг рамазон ойида элчи бўлиб келишди. Уларнинг исломни қабул қилишлари қуйидагича бўлганди: Бошлиқлари Урва ибн Масъуд ас-Сақафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 8-ҳижрийнинг зул-қаъдасида Тоиф ғазотидан қайтиб келиб, ҳали Мадинага етиб келмасларидан у зот ҳузурига келган ва исломни қабул қилиб, қавмига қайтиб бориб, уларни ҳам исломга даъват қилганди. У қавмининг саййиди ва раҳбари, улар учун энг суюмли кишилардан бўлгани учун қавми унга итоат қилишини умид қилган эди. Бироқ, исломга даъват қила бошлагач, ғазабланган қавми уни ҳар тарафдан ўққа тутиб, ҳалок этишди. Орадан бир неча ой ўтиб, улар ўзаро маслаҳатга йиғилишди. Атрофдаги исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат берган қабилаларга бас кела олмасликларига кўзлари етгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига элчи юборишга қарор қилишди. Бу ишни Абдуёлил ибн Амрга топширмоқчи бўлишганида у кўнмади. Қайтиб келганидан сўнг унинг бошига ҳам Урванинг кунини солишларидан қўрқиб: «Ёнимга ҳамроҳлар қўшиб берсаларинг, шундагина боришим мумкин», деди. Улар унга иттифоқдошлардан икки кишини ва Бану Моликдан уч кишини қўшиб беришди. Жами олти киши бўлиб, йўлга отланишди, ораларида Усмон ибн Абил-Ос ас-Сақафий ҳам бор бўлиб, у улар ичида энг ёши эди.

Мадинага келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Қуръон эшитишлари ва одамларнинг намоз ўқишларини кўришлари учун масжид четида бир чодир тиктириб бердилар. Улар шу ерда туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бот-бот кўришиб турдилар, у зот уларни исломга даъват қилардилар. Бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзлари учун бир сулҳ битими ёзиб беришларини, улар учун зинога, маст қилувчи ичимлик ичишга, судхўрликка изн берилишини, бутлари Лотни ҳам уларга қўйиб берилишини, уларни намоз ўқишдан ва бут-санамларини ўз қўллари билан синдиришдан озод қилинишини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу талабини қатъиян рад этдилар. Шундан сўнг улар ўзаро маслаҳатлашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсуниш ва таслим бўлишдан ўзга чора йўқлигини кўришгач, исломни қабул қилишди. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Лотни бузишни уларга топширмасликларини, Сақиф уни ҳеч қачон ўз қўли билан вайрон қилмаслигини шарт қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу талабларини қабул қилиб, қўлларига хат қилиб бердилар. Уларга Усмон ибн Абил-Ос ас-Сақафийни амир қилиб тайинладилар. Чунки, унинг Исломни ўрганишга, дин ва Қуръон таълимига қаттиқ рағбати борлигини кўргандилар. Сабаби, элчилар ҳар куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боришар, Усмон ибн Абил-Осни юклари олдида қолдириб кетишарди. Қайтиб келиб, кун қизиғида ухлаб ётишар, Усмон эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб, Қуръон ўрганар ва дин ҳақида саволлар сўрарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дам олаётган бўлсалар, Абу Бакр олдига бориб, ундан дин ўрганарди.

(Усмон ибн Абил-Оснинг Сақифга кўп яхшилиги сингган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин айрим қабилалар муртадликка юз тутган кунлари Сақиф ҳам муртадликни ихтиёр этмоқчи бўлганида Усмон ибн Абил-Ос уларга: «Эй Сақиф жамоаси! Исломни охиргилардан бўлиб қабул қилган эдингиз, энди биринчилардан бўлиб ундан муртад бўлиб кетмангиз!» деб хитоб қилиб, уларга панд-насиҳатлар қилган, шундан сўнг улар муртадликдан тийилиб, исломда маҳкам туриб қолишган эди).

Элчилар Сақиф ҳузурига қайтиб келишгач, дабдурустдан уларга ҳақиқатни айтишга журъат қилмадилар. Уруш ва жанг хавфидан сўзлаб, ўзларини ғамـғуссали кўрсатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улардан зинокорлик, шаробхўрлик, судхўрлик ва шу каби ёмон ишларни тарк қилишни талаб қилганларини, акс ҳолда жанг қилмоқчи эканликларини айтдилар. Сақифнинг жоҳилий ҳамияти қўзиб, то икки-уч кунгача жанг қилиш фикрида қаттиқ турдилар. Сўнгра Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқув солиб, элчиларга: «Майли, бориб, унинг талабларини қабул қилиб келинглар», дейишди. Шундагина элчилар уларга ҳақиқатни билдириб, ўзлари тузган сулҳـбитимни кўрсатдилар. Шундай қилиб, Сақиф қавми Исломни қабул қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холид ибн Валид бошчилигида бир неча кишиларни Лотни бузиб ташлаш учун юбордилар. Муғийра ибн Шуъба қўлига чўкични олиб, шерикларига: «Мен ҳозир сизларни Сақиф устидан кулдираман», деди. Сўнг чўкич билан бир уриб туриб, гуп этиб қулади. Бу ҳолдан Тоиф аҳли ларзага келди ва: «Аллоҳ Муғийранинг адабини берди, олиҳа уни ҳалок қилди», дейишди. Шунда Муғийра сакраб ўрнидан туриб: «Аллоҳ сизларни ҳалок қилсин, бу тошу кесакдан қилинган оддий бир нарса-ку!», деди, сўнг бир зарб билан эшикни синдириб, унинг девори устига чиқди, унинг ортидан бошқалар ҳам девор устига чиқишиб, Лотни ер билан яксон қилдилар, ҳатто пойдеворигача қазиб, унинг остида бўлган зеб-зийнат ва либосларни чиқариб олдилар. Сақиф ҳанг-манг бўлиб қолди. Холид ўз гуруҳи билан бирга ҳалиги зеб-зийнат ва либосларни олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куниёқ уларни тақсимлаб бердилар, пайғамбарига нусрат бергани ва динини азиз қилгани учун Аллоҳга ҳамд айтдилар.[7]

9) Яман шоҳларининг мактуби:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан сўнг Ҳимяр ҳукмдорларидан мактуб келди. Улар – Ҳорис ибн Абдукулол, Нуъайм ибн Абдукулол, Нуъмон, Қайлу Зий-Руъайн, Ҳамдон ва Муофир бўлиб, уларнинг элчиси Молик ибн Мурра ар-Раҳовий эди. Улар исломни қабул қилишганини, ширк ва мушриклардан ажралишганини айтиб юборишган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга мактуб йўллаб, мўминларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини баён қилиб бердилар, муоҳидларга (Ислом ҳукми остидаги ўзга дин вакилларига) модомики, улар жизя тўлаб туришган бўлса, Аллоҳнинг ва Расулининг зиммасини (ҳимоясини) бердилар. Улар ҳузурига Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу бошчилигида асҳобларидан бир неча нафарини юбордилар. Муозни Аданнинг юқори минтақасига, Сакун билан Сакасик оралиғига волий қилдилар, у қози ва ҳоким, шунингдек, садақа ва жизя йиғувчи омил вазифасини бажариб, уларга беш вақт намозда имом бўлиб турди. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуни қуйи минтақага – Зубайд, Маъраб, Замаъ ва Соҳилга волий қилдилар. Ҳар иккисига: «Осон-қулай қилинглар, қийинлаштирманглар, хушхабар беринглар, нафратлантирманглар, ўзаро келишиб иш тутинглар, ихтилоф қилманглар», дедилар. Муоз шу кетганича Яманда турди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида ҳам у Яманда эди. Абу Мусо ал-Ашъарий эса Ҳажжатул Вадоъда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди.

10) Ҳамадон элчилари:

Улар 9-ҳижрийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан кейин келишди. Уларга сўраган нарсалари ҳақида аниқ-тиниқ жавоблар ёзиб бердилар. Уларга Молик ибн Наматни амир қилиб тайинладилар ва уни ўз қавмидан мусулмон бўлганлар устига волий қилдилар. Мусулмон бўлмаганларини Исломга даъват қилишга Холид ибн Валид бошчилигида бир жамоани юбордилар. Холид олти ой уларни Исломга даъват қилиб турди, бироқ улар қабул қилишмади. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий ибн Аби Толибни Холиднинг изидан юбодилар. У етиб келиб, Ҳамадон аҳлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини ўқиб эшиттирди ва уларни Исломга даъват қилди. Шундан сўнг улар ҳаммаси Исломни қабул қилдилар. Алий уларнинг мусулмон бўлганлари хабарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёзиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мактубни ўқигач, Аллоҳга шукроналик бажо келтириб, саждага бош қўйдилар. Сўнг саждадан бошларини кўтариб, икки бор: «Ҳамадонга Аллоҳнинг саломи бўлсин», дедилар.

11) Бану Фазора элчилари:

Ушбу қавмнинг ўндан ошиқ кишидан иборат элчилари ҳам 9-ҳижрийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан сўнг келдилар. Ўзларининг мусулмон бўлганликларини билдириб, диёрларидаги қурғоқчиликдан шикоят қилдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, қўлларини кўтариб, ёмғир сўраб дуо қилдилар: «Эй Аллоҳим! Бандаларингни ва жониворларингни суғоргин! Раҳматингни сочгин ва ўлик ерларингга ҳаёт бахш этгин! Эй Аллоҳим! Бизни фойдали бўлган, ўт-ўланларни ўстирадиган, зарар етказмайдиган, кеч эмас, тезда бўладиган мўл-кўл ёмғир билан суғоргин! Эй Аллоҳим! Раҳмат ёмғири ёғдиргин, азоб, вайронагарчилик, ғарқ қилиш ва ҳалокат ёмғири эмас! Эй Аллоҳим! Бизларни фойдали ёмғир билан суғоргин ва бизларга душманлар устидан нусрат ато этгин!»[8]

12) Нажрон элчилари:

Нажрон – Маккадан Яман томонга боришда етти марҳала масофадаги, етмиш учта қишлоқдан иборат катта бир ўлка бўлиб, чопқир от минган киши учун бир кунлик йўл эди. Унинг юз мингта жангчиси бўлиб, насронийлик динида эдилар.[9]

Нажроннинг олтмиш кишидан иборат элчилари 9-ҳижрийда келишди. Улардан йигирма тўрт киши қавмнинг улуғлари бўлиб, учтаси Нажроннинг энг катта бошлиқлари эди. Бирлари оъқиб – яъни, ҳукумат ишларини бошқарувчи лавозимида бўлиб, исми Абдулмасиҳ эди. Иккинчилари саййид – сиёсий ва маърифий ишларга масъул шахс бўлиб, исми Айҳам ёки Шураҳбил эди. Учинчилари усқуф (епископ) – диний раҳбар ва руҳоний етакчи лавозимидаги шахс бўлиб, исми Абу Ҳориса ибн Алқама эди.

Элчилар Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашдилар, ўрталарида савол-жавоблар бўлди. У зот уларни Исломга даъват қилдилар, уларга Қуръон ўқиб бердилар. Лекин, улар Исломни қабул қилмадилар. Сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръон Ийсо алайҳиссалом ҳақида нима дейишини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни уларга жавоб бермадилар. Кейин Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлди: «Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ сўздир. Бас, шубҳа қилувчилардан бўлманг! Энди Сизга келган мана шу ҳақ маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик». (Оли Имрон: 59-61).

Эртаси эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги мазкур оятларини ўқиб бердилар ва ўзаро фикрлашиб олишлари учун ўша куни уларни ўз ҳоллларига қўйиб қўйдилар. Улар Ийсо алайҳиссалом ҳақида айтилган гапларга иқрор бўлишдан бош тортдилар. Эртаси куни уларнинг на Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги гапни ва на Исломни қабул қилишни истамаганларини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни оятда айтилганидек мубоҳалага (яъни, ҳаммалари бир жойга йиғилиб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўрашга) чақирдилар. Ўзлари набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни олиб, қизлари Фотима ҳамроҳлигида чиқиб бордилар. Элчилар у зотнинг бу ишга астойдил киришганларини кўришгач, ўзлари холи қолиб, маслаҳатлашишди. Бир-бирларига: «Асло бундай қила кўрманглар. Қасамки, агар рост пайғамбар бўлса, унинг лаънати бизни уради ва уруғ-аймоғимизгача қуритиб ташлайди, ўзимиз ҳам, биздан кейинги авлодларимиз ҳам бу лаънатдан қутулолмайди, ер юзида биздан бир тирноқ ҳам қолмай ҳаммамиз ҳалок бўлиб кетамиз», дейишди. Шундан сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз ишларида ҳакам қилишга келишдилар. У зот ҳузурларига келиб: «Биз сиз сўраган нарсани беришга тайёрмиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг жизя тўлашларига рози бўлдилар ва икки мингта ҳулла (кийим тури) беришлари шарти билан сулҳ туздилар. Унинг мингтасини ражаб ойида, мингтасини сафар ойида берадиган бўлишди. Ҳар бир ҳулла билан бирга бир увқия (яъни, 12 дирҳам ёки 37,44 граммга тенг оғирликдаги кумуш) ҳам беришадиган бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Аллоҳу Расулининг ҳимоясини бердилар. Уларга ўз динларида қолишга тўла эркинлик бериб, бу ҳақда хат қилиб бердилар. Улар у зотдан жизяларни йиғиб олиш учун омонатли бир кишини юборишни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга умматнинг энг омонатли кишиси бўлмиш Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни юбордилар.

Кейинроқ улар ичида ҳам Ислом ёйила бошлади. Айтишларича, саййид билан оъқиб иккаласи Нажронга қайтгач, Исломни қабул қилишган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан закот ва жизяларини йиғиб олишга Алий розияллоҳу анҳуни юборганликлари ҳам айтилган. Маълумки, закот фақат мусулмонлардан олинади.[10]

13) Бану Ҳанифа элчилари:

Ушбу қабиладан 9-йили ўн етти кишидан иборат элчилар келди. Ичларида Мусайлима Каззоб – Бану Ҳанифалик Мусайлима ибн Сумома ибн Кабир ибн Ҳабиб ибн Ҳорис – ҳам бор эди. Улар ансорлардан бир кишининг уйига тушишди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, Исломни қабул қилишди. Мусайлима Каззоб борасида ҳар хил ривоятлар келган. Барча ривоятларни текшириб кўриб, шундай хулосага келиш мумкинки, Мусайлимадан ҳаволаниш, калондимоғлик ва бошлиқликка интилиш содир бўлган ва у элчилар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ҳозир бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал яхши сўз ва чиройли муомала билан унинг кўнглига йўл топишга уринганлар, бу ишлар фойда бермаслигини кўргач, унда бир ёмонликни туйганлар.

Бундан сал илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида ер юзи хазиналарига эга бўлганларини, қўлларига иккита тилла билагузук тушганини, уларга эътибор қаратиб турганларида: «Уларни пуфлаб ташланг!» деган ваҳий бўлганини, пуфлаганларида улар йўқ бўлиб қолганини кўргандилар ва бу икки билагузукни ўзларидан кейин пайғамбарлик даъвао қилиб чиқадиган иккита каззобга таъвил қилгандилар. Мусайлима калондимоғлик қилиб: «Муҳаммад ўзидан кейин ишни (яъни, халифаликни) менга қолдирса, шундагина унга эргашаман», деганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нотиқлари Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳамроҳлигида келиб, Мусайлима ўз шериклари билан ўтирган давра устида тўхтадилар ва улар билан сўзлаша бошладилар. Мусайлима у зотга: «Истасанг, сенга бу ишни қўйиб берамиз, ўзингдан кейин уни бизга қолдирасан», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида бўлган бир бўлак новдани кўрсатиб: «Агар мендан шу новдани сўрасанг ҳам бермаган бўлардим. Аллоҳнинг ҳукмидан ҳаргиз қочиб қутулолмайсан. Агар юз ўгириб кетсанг, албатта Аллоҳ сени ҳалок қилади. Аллоҳга қасамки, менга тушимда хабари берилган одам сенсан деб ўйлайман. Мана бу Собит менинг номимдан сенга жавоб айтади», дедилар, сўнг кетдилар.[11]

Охир-оқибат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган иш содир бўлди. Мусайлима Ямомага қайтиб келгач, шу иш ҳақида бош қотира бошлади ва ниҳоят, ўзини пайғамбарликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шерик қилинганини эълон қилди ва пайғамбарлик даъво қила бошлади. Қофияли сўзлар айта бошлади, қавмига маст қилувчи ичимлик ва зинокорликни ҳалол қилиб берди. Шу билан бирга у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига ҳам гувоҳлик берарди. Қавми у билан фитналаниб, унга эргашди ва уни олқишлай бошлади. Шундай қилиб, унинг иши катталашиб, довруғи ошиб, ҳатто «Ямоманинг раҳмони», деб атала бошлади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мактуб йўллаб: «Мен пайғамбарликда сенга шерик қилиндим. Бу ишнинг ярми бизга, ярмига Қурайш эгалик қилсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Бу Ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники (Аллоҳдан қўрққанларники) бўлур» (Аъроф: 128) деб жавоб йўлладилар.[12]

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мусайлиманинг элчилари Ибн Наввоҳа билан Ибн Усол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишганда у зот уларга: «Менинг Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасизларми?», деб сўрадилар. Улар: «Биз Мусайлима Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берамиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ ва Расулига иймон келтирдим. Агар элчини ўлдиришни дуруст кўрганимда, албатта сизларни ўлдирган бўлардим», дедилар.[13]

Мусайлиманинг пайғамбарлик даъво қилиб чиқиши нубувватнинг 10-йилида бўлди. У Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида, 12-ҳижрийнинг рабиул-аввал ойида бўлиб ўтган Ямома жангида ўлдирилди. Уни Ҳамзанинг қотили Ваҳший ўлдирди. Ёлғон пайғамбарларнинг иккинчиси Асвад ал-Ансий Яманда чиқди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан бир кун олдин Файруз ўлдирди ва бошини кесиб олди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий тушиб, асҳобларига хабар бердилар. Кейинроқ бу ҳақда Ямандан Абу Бакр розияллоҳу анҳуга хабар келди.[14]

14) Бану Омир ибн Соъсоъа элчилари:

Улар ичида Аллоҳнинг душмани Омир ибн Туфайл, Арбад ибн Қайс – Лабиднинг она томондан иниси, – Холид ибн Жаъфар ва Жаббор ибн Асламлар бор эди. Булар ҳаммаси қавмнинг раислари ва шайтонлари эди. Омир Биър Маъуна ҳодисасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари хиёнаткорона ўлдирилишига сабаб бўлган кимса эди. Ушбу элчилар гуруҳи Мадинага келишлари олдидан Омир билан Арбад ўзаро тил бириктириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд уюштиришга келишиб олишди. Мадинага келишгач, Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплаша бошлади, Арбад эса у зотнинг орқаларига айланиб ўтиб, қиличини шартта қинидан суғурмоқчи бўлган эди, бир қаричча суғурганидан сўнг Аллоҳ таоло унинг қўлини қотириб қўйиб, суғуролмай қолди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини уларнинг шарридан сақлаб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни дуоибад қилдилар. Қайтиб кетишганидан сўнг Аллоҳ таоло Арбад устига яшин тушириб, туяси билан қўшиб куйдириб юборди. Омир эса Салуллик бир (фохиша) аёлнинг уйига тушган ерида бўйнига ғудда (без, яра) чиқиб, шундан вафот этди. Ўлаётиб: «Туянинг ғуддасига ўхшаган ғудда билан, Салулиянинг уйида ўлиб кетавераманми?!», дерди.

«Саҳиҳул Бухорий»да айтилишича, Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Уч нарсадан биттасини танланг: шаҳар аҳли сизники, саҳро аҳли меники бўлсин, ёки мен сиздан кейин халифангиз бўлай, ё эса сизга қарши Ғатафонда мингта айғир, мингта байталда урушга чиқаман», деди. Шундан сўнг у бир аёлнинг уйида балога учраб, ўлар чоғида: «Туянинг ғуддасидек ғудда билан, фалончи аёлнинг уйида ўламанми?! Менга отимни келтиринглар!», деди, сўнг отига минган жойида жони чиқди.

15) Тужийб элчилари:

Ушбу қавм элчилари садақотларини фуқароларига тарқатиб, ортганини олиб келишди. Улар ўн уч кишидан иборат бўлиб, Қуръон ва суннатларни таълим олдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан талайгина нарсаларни сўраб, ёздириб олдилар. Улар Мадинада узоқ қолмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг қайтишларига ижозат бергач, юклари олдида қолдирган бир ёш болани у зот ҳузурларига юбордилар. Бола келиб: «Ё Расулуллоҳ, мени ўз диёримдан сизнинг ҳузурингизга келтирган нарса фақат битта, яъни Аллоҳдан гуноҳларимни кечиришини ва мени раҳмати остига олишини ҳамда бойлигимни қалбимда қилишини сўраб дуо қилсангиз, деб келганман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига дуо қилдилар. Шундан сўнг бу бола энг қаноатли инсонлардан бўлиб, одамлардан муртадлик содир бўлган даврларда динида маҳкам туриб, бошқаларни ҳам маҳкам туришга чақириб, насиҳатлар қилиб турди. Унинг насиҳати билан кўпчилик динида собит қолди. Ушбу элчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан 10-йили Ҳажжатул Вадоъда яна бир марта учрашдилар.

16) Тойъ (طَيِّء) элчилари:

Ушбу қавм элчилари ичида Зайд ал-Хайл деган киши ҳам бор эди. Улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида сўзлашувлар бўлди. У зот уларга Исломни таклиф қилдилар. Улар мусулмон бўлиб, исломлари чиройли бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ҳақида: «Менга араблардан бирон кишининг фазилатлари ҳақида айтилган бўлса, у одамнинг ўзини кўрганимда, айтилган даражада эмаслигини кўрардим. Лекин, Зайд ал-Хайл тўғрисида муболаға қилинмаган экан», дедилар, сўнг уни Зайд ал-Хайр деб номладилар.

Ҳоказо, икки йил мобайнида – тўққизинчи ва ўнинчи йиллари Мадинага бирин-кетин элчилар келиб турди. Тарихчилар Яман аҳлидан, Азд, Қузоъалик Бану Саъд Ҳузайм, Бану Омир ибн Қайс, Бану Асад, Баҳроъ, Хавлон, Муҳориб, Банул Ҳорис ибн Каъб, Ғомид, Банул Мунтафиқ, Саломони, Бану Абс, Музайна, Мурод, Зубайд, Кинда, Зу Мурра, Ғассон, Бану Ийш ва Нахъ қабилаларидан ҳам элчилар келганини зикр қилганлар. Икки юз кишидан иборат Нахъ элчилари энг сўнгида – 11-ҳижрийнинг муҳаррам ойида келган. Мазкур элчилар асосан 9- ва 10- йиллари келган бўлиб, фақат баъзиларигина 11-йили келишган.

Элчиларнинг бирин-кетин келишлари исломий даъватнинг Араб жазирасида тўлиқ қабул қилинганига, Исломнинг таъсир доираси мисли кўрилмаган даражада кенгайиб кетганига ва арабларнинг Мадинага эҳтиром ва улуғлаш назари билан қарай бошлаганликларига, улар олдида Исломга таслим бўлишдан ўзга чора қолмаганига далолат қилади. Дарҳақиқат, Мадина Араб жазирасининг пойтахтига айланиб улгурган, бундан кўз юмиш мумкин эмасди. Лекин, бу дегани ўша диёрлар аҳлларининг дилларига Ислом мустаҳкам ўрнашиб қолди, дегани эмасди. Чунки, улар орасида табиатларига чуқур илдиз отиб кетган жангарилик, босқинчилик, тажовузкорлик каби иллатлардан тўла халос бўлиб улгурмаган, ўз раисларига эргашибгина мусулмон бўлган ва Ислом таълимотлари ҳали қалбларига чуқур кириб бормаган жоҳил кишилар кўплаб топиларди.

Қуръони карим улардан баъзиларини қуйидагича тавсифлаганди: «Аъробийлар куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва Ҳикмат соҳибидир. Аъробийлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, қилган садақасини (ўзи учун) зиён деб билади ва сизларга (мўминларга) балолар келишига кўз тутиб туради. (Барча) ёмон бало(лар) ўзларига бўлсин! Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Тавба: 97, 98).

Улардан баъзиларини эса қуйидагича мақтаганди: «Аъробийлар орасида Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган ва қиладиган инфоқ-эҳсонини Аллоҳ даргоҳида қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш ва пайғамбар дуосига (мушарраф бўлиш) деб биладиган зотлар ҳам бор. Огоҳ бўлсинларким, ўша инфоқ-эҳсонлари ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни Ўз раҳматига дохил қилажак. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Тавба: 99).

Аммо, уларнинг Макка, Мадина ва Сақифда яшайдиганлари ва кўпгина Яман ва Баҳрайнликлари ичида Ислом мустаҳкам илдиз отган, улар ичида кибор саҳобалар ва улуғ зотлар бор эди.[15]

Даъватнинг муваффақияти ва таъсири

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг сўнгги кунлари билан танишишдан аввал бироз ортга боқиб, у зот ҳаётларининг мазмунига айланган ва у сабабли бошқа пайғамбарлардан имтиёзли бўлиб, Аллоҳ бошларига аввалгилар-у охиргиларнинг саййиди деган тожни кийдиришига мушарраф этган буюк амалга бир сидра кўз югуртириб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг!» (Муззаммил: 1, 2) ва «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг!» (Муддассир: 1, 2) деган амри илоҳий нозил бўлганидан сўнг у зот ўринларидан турдилар ва шу турганларича йигирма йилдан кўпроқ вақт ер юзидаги энг улкан омонат юкини, бутун башариятнинг юкини, бутун ақиданинг оғирлигини, турли майдонлардаги оғир ва шиддатли курашлар юкини елкаларида кўтариб юрдилар.

У зот жоҳилий тушунча ва дунёқарашларга ғарқ бўлган, нафс ҳаво арқонларига чамбарчас боғланган, ернинг жозибадор тилсимларига мафтун бўлган инсоний қалб майдонларидаги жиҳод ва кураш юкларини ҳам ўз елкаларига олган эдилар. Ўз асҳобларининг қалбларини уларга ўрнашган жоҳилона ҳаёт чўкиндиларидан халос қилиб, ҳали тамом бўшамасларидан туриб, бошқа майдонда бошқа бир кураш – балки узоқ давомли курашлар бошланиб кетди. Бу – эндигина униб чиқаётган покиза ниҳолни ерга чуқур илдиз отишидан, танаси осмонга бўй чўзиб, чор-атрофларни соялантиришидан олдин суғуриб, юлиб ташлаш учун жон-жаҳдлари билан интилаётган кимсаларга, Аллоҳнинг ва Унга иймон келтирганларнинг душманларига қарши бошланган курашлар силсиласи эди. Араб жазирасидаги жангу жадаллардан бўшаб улгурмасларидан туриб, жазиранинг шимолий ҳудудлари бўйлаб бу янги умматга чанг солиш учун тайёргарлик кўра бошлаган Рум қўшинларига қарши жангга киришларига тўғри келди.

Бу пайтда ҳали биринчи бўлиб бошлаган курашлари, яъни қалбларни тозалаш маъракаси ҳали тамомига етмаган эди. Зеро, бу жанг абадий давом этадиган жанг эди. Чунки, бу жангдаги асосий рақиб – шайтони лаин бўлиб, у ўзининг инсонлар қалбида олиб борадиган фаолиятини бир лаҳза бўлсин, бўшаштиришни асло истамайди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг дини учун турли майдонларда давом этаётган жангларда сабот билан турар, у кишига дунё оқиб келаётган пайтда ҳам бир хилда фақирона ҳаёт кечирар, мўминлар у зотнинг атрофларида омонлик ва осойишталик неъматларидан баҳраманд бўлиб турган ҳолда ҳам у зот ўз ҳаракат ва жиҳодларида бир маромда давом этиб турар, чиройли сабр билан, кечалари қоим бўлиб, Парвардигорларига ибодат қилишда, Унинг Китобини тартил билан тиловат қилишда ва Унга ихлос билан тўлиқ бандалик қилишда Аллоҳ буюрганидек турар эдилар.[16]

Йигирма йилдан ортиқ давом этган тинимсиз курашлар ичра ана шундай ҳаёт кечирдилар, ҳеч нарса у кишини асосий мақсадларидан бура олмади. Натижада Ислом даъвати ақл бовар қилмас даражада улкан масофаларда муваффақият қозонди, бутун Араб жазираси бу ҳақ дин билан динланиб, унинг уфқларидан жаҳолат ғуборлари кетиб, мажруҳ ақллар соғайиб, бутпарастликни тарк этибгина қолмай, ҳатто бутларни синдирувчиларга айландилар. Энди уфқлар тавҳид садолари билан тўлиб, намозга чақирувчи азон овозлари саҳролар орасидаги янги иймон фазолари бўйлаб ҳавога тараларди. Ҳофизлар Қуръон оятларини тиловат қилганларича, дунё бўйлаб Аллоҳнинг ҳукмларини жорий қилиш учун тарқалдилар.

Тарқоқ элат ва қабилалар бирлашди. Инсон ўзига ўхшаган бандалар қуллигидан қутулиб, ягона Аллоҳнинг қулига айланди. Эзувчилар ва эзилувчилар, хўжайинлар ва қуллар, ҳокимлар ва маҳкумлар, золимлар ва мазлумлар деган айирмалар йўқолиб, ҳамма инсонлар фақат Аллоҳнинг бандаларига, дўст-биродар, оға-ини, Аллоҳнинг ҳукмлари олдида баробар бўлган тенг ҳуқуқли инсонларга айландилар. Аллоҳ улардан жоҳилият такаббурлигини ва ота-боболар билан фахрланишни кетказди. Бу жамиятда арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан, оқ танлининг қора танлидан ортиқлиги қолмади. Бу ерда афзаллик тақводагина бўлиб, кимнинг тақвоси ортиқ бўлса, афзаллик ўша одамда бўлиб қолди. Инсонларнинг ҳаммаси Одам алайҳиссалом зурриёти, Одам алайҳиссалом эса тупроқдан яратилгандир.

Шундай қилиб – мана шу даъват фазилатидан – араблар бирлиги, инсоният бирлиги, ижтимоий адолат, ҳам дунёвий муаммо ва масалаларда, ҳам ухровий масалаларда башарий бахт-саодат вужудга келди, давр чархпалаги ўзгарди, ер юзида ўзгаришлар содир бўлди, тарих ғилдираги тўғри изига тушди, тафаккур мезони ўзгарди.

Ушбу даъват келишидан олдин оламга жоҳилият руҳи ҳукмронлик қилар, оламнинг қалби бузилиб кетган, руҳи айниб кетган эди. Ундаги ўлчов ва миқёсларга халаллик етган, олам зулм ва қулдорлик ҳукмронлиги остида қолган эди. Бир томонда ҳаддан ортиқ тўқлик ва дабдабали ҳаёт, иккинчи томонда эса ўта ночорлик ва маҳрумлик яққол кўзга ташланиб турар, ҳамма ёқни куфр ва залолат зулматлари қоплаб олганди. Самовий динлар мавжуд бўлишига қарамай, уларга ўзгартиришлар киритиб юборилган ва ўта заифлашиб кетган, қалбларга таъсири йўқолиб, қотиб қолган расм-русумлардангина иборат, жонсиз ва руҳсиз жасадга айланиб қолган эди.

Ушбу даъват башарият ҳаётида ўз вазифасини ўтай бошлагач, башар руҳи ваҳму хурофотлардан, қуллик ва ҳуқуқсизликдан, бузилиш ва айнишдан, чиркинлик ва ахлоқсизликдан халос бўлди. Инсоний жамият зулму туғёндан, тарқоқлик ва емирилишдан, табақавий тафовутлардан, ҳокимларнинг истибдоди-ю, коҳинларнинг зўравонликларидан халос бўлди. Бу даъват оламни поклик ва тозалик, ижобийлик ва бунёдкорлик, ҳуррият ва янгиланиш, билим ва маърифат, иймон ва ишонч, адолат ва каромат, ҳаётни юксалтириш ва тараққий эттириш учун тинимсиз ҳаракат ва ҳаётда ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақ-ҳуқуқини бериш асосида бошқатдан бино қилди.

Ушбу ўзгариш ва тараққиётлар туфайли Араб жазираси ўз тарихида мисли кўрилмаган муборак уйғониш даврига шоҳид бўлди, у умрининг ўша ажойиб кунларида мислсиз ёруғлик таратиб, қуёшдек порлади.[17]

[1] Саҳиҳ Бухорий: 1/220,
451, 2/626, 671, Зодул маод: 3/25, 26, Ибн Ҳишом: 2/543-546.

[2] Зодул маод: 2/64, 68.

[3] Саҳиҳул Бухорий: 2/615,
616.

[4] Шарҳу Саҳиҳил Муслим
лин-Нававий: 1/33, Фатҳул Борий: 8/85, 86.

[5] Зодул маод: 3/45.

[6] Туянинг бир неча кунлаб
сув ичмай юра олишига ишора.

[7] Зодул маод: 3/26-28, Ибн
Ҳишом: 2/537-542.

[8] Зодул маод: 3/48.

[9] Фатҳул Борий: 8/94.

[10] Фатҳул Борий: 8/94-95,
Зодул маод: 3/38-41.

[11] Саҳиҳул Бухорий:
2/627, 628, Фатҳул Борий: 8/87-93.

[12] Зодул маод: 3/31,
32.

[13] Имом Аҳмад ривояти,
Мишкотул масобийҳ: 2/347.

[14] Фатҳул Борий:
8/93.

[15] Хузойр: «Муҳозарот
тарихил-умамил-исламия» : 1/144.

Мазкур элчи ва вакиллар келишлари тафсилоти билан қуйидаги манбалардан
чуқурроқ танишиш мумкин: Саҳиҳул Бухорий: 1/13, 2/626-630, Ибн Ҳишом: 2/501-503,
510-514, 537-542, 560-601, Зодул маод: 3/26-60, Фатҳул Борий: 8/83-103.

[16] Саййид Қутб: «Фий
зилалил Қуръан» (29/168, 169).

[17] Саййид Қутб: «Ма за
хосирал олам бинҳитотил-муслимийн» китоби муқаддимаси, 14-с.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.