Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

034. Ҳажжатул Вадоъ

Даъват ва рисолатни етказиш иши камолига етди, худоликни якка Аллоҳга исботлаш ва Ундан бошқасидан рад қилиш ва рисолатни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга исботлаш асосида янги жамият барпо қилиш тўла амалга ошди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларидаги ички бир туйғу у зотга дунёдаги вазифалари ниҳояланиб бораётгани ҳақида хабар бергандек бўлди. Бинобарин, 10-ҳижрийда Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга кузатаётганларида унга айтган сўзлари орасида: «Эй Муоз, сиз мен билан энди кўришолмаслигингиз мумкин, балки менинг масжидим ва қабрим ёнидан ўтарсиз», деган сўзлар бор эди. Шунда Муоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ажралиб қолишини ўйлаб йиғлаган эди.

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга йигирма йилдан ошиқ вақт унинг йўлида жуда кўп машаққатлар чеккан даъватлари самарасини кўришни насиб этди. Макка атрофида араб қабилалари вакиллари ва намоёндалари у зотдан диннинг қонун-қоида ва аҳкомларини ўрганишлари учун ва у зот омонатни етказганлари, рисолатни адо қилганлари ва умматга насиҳат қилганлари хусусида улардан гувоҳлик олишлари учун йиғилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мабрур ва машҳуд бўлган мана шу ҳажни адо этиш қасдини эълон қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилиш истагида Мадинага одам ёғилиб кела бошлади.[1] Зул-қаъда ойидан сўнги беш кун қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга ҳозирландилар.[2] Бошларини ювиб, сочларини мойлаб, изор ва ридоларини кийдилар, қурбонликка аталган жонлиқларга белги тақдилар, сўнг пешиндан кейин йўлга чиқиб, асрдан олдинроқ Зул-ҳулайфага етиб келдилар ва асрни икки ракъат қилиб ўқидилар. Шу ерда кечани ўтказдилар. Тонг отгач, асҳобларига: «Бу кеча Раббим тарафидан менга бир элчи келиб: «Мана шу муборак водийда намоз ўқинг ва «ҳаж ичра умра» деб ният қилинг, деди», дедилар.[3]

Пешин намозини ўқишдан олдин эҳром учун ғусл қилдилар. Сўнг Оиша розияллоҳу анҳо ўз қўллари билан у зотни зарира (бир турли хушбўйлик) билан хушбўйлаб қўйдилар, бошларига ва баданларига мушк суртиб қўйдилар, ҳатто хушбўйлик излари у зотнинг бошлари ва соқолларида кўриниб турарди, кейин уларни шу ҳолича қолдирдилар, ювиб ташламадилар. Шундан сўнг изор ва ридоларини (эҳром либоси) кийиб, икки ракъат пешинни ўқидилар. Сўнг намозгоҳларида ҳаж ва умрани қўшиб «Қирон» ҳажига ният қилдилар. Шундан сўнг туялари Қасвоъга миниб, «лаббайка» айтиб, йўлга чиқдилар.

Маккага яқинлашганларида Зу Туво деган жойда кечани ўтказдилар. Сўнг шу куни – 10-ҳижрий зул-ҳижжа ойининг тўртинчи куни тонг пайтида, бомдод намозини ўқиганларидан кейин ғусл қилиб, Маккага кириб бордилар. Йўлда саккиз кунни ўтказгандилар, бу ўртача масофа эди. Масжиди Ҳаромга кириб келиб, Каъбани тавоф қилдилар, сўнг Сафо ва Марва оралиғида саъй қилдилар. Умрадан сўнг эҳромдан чиқмадилар, чунки қирон ҳажига ният қилиб, жонлиқлар олиб келгандилар. Макканинг юқори тарафига, Ҳажунга тушиб, ўша ерда турдилар. Кейин то ҳаж тавофигача бошқа тавоф қилмадилар.

Қурбонлик учун жонлиқ келтирмаган асҳобларига эҳромларини умра эҳромига айлантиришни, Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилишгач, эҳромдан чиқишни буюрдилар. Уларнинг бунга бироз иккиланишаётганларини кўриб: «Агар ўтиб кетган ишимни қайтара олганимда эди, қурбонликка жонлиқ келтирмаган бўлардим, жонлиқларим бўлмаганида эҳромдан чиққан бўлардим», дедилар. Шундан сўнг жонлиқ келтирмаган кишилар у зотга итоат қилиб, эҳромдан чиқдилар.

Зул-ҳижжанинг саккизинчи куни – Тарвия куни – Минога йўл олдилар. У ерда беш вақт намозни – пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдод намозларини ўқидилар. Сўнг бироз туриб, кун чиққанидан кейин Арафотга йўл олдилар. Намирада у зот учун чодир тикиб қўйилган экан, ўша чодирга тушдилар. Кун тиккадан ўтгач, Қасвони эгарлатиб миндилар ва Батни Водийга бордилар. Атрофларида 124 000 (бир юз йигирма тўрт минг) ёки 144 000 (бир юз қирқ тўрт минг) одам йиғилган ҳолда уларга қуйидаги пурмаъно сўзлари билан хутба қилдилар:

«Эй одамлар, менинг сўзимга яхшилаб қулоқ тутинглар! Чунки, билмайманки, бу йилдан кейин бу ўринда сизлар билан ҳеч қачон учрашмаслигим мумкин».[4]

«Албатта, қонларингиз ва молларингиз ушбу ойингиз, ушбу юртингиз ва ушбу кунингиз ҳурматидек ҳаромдир. Огоҳ бўлинглар! Жоҳилият ишларидан ҳар бир нарса мана шу икки оёғим остига ташлангандир (бекор қилингандир). Жоҳилиятдаги қонлар (яъни, қасослар) ҳам бекор қилинди. Қонларимиздан мен биринчи бўлиб бекор қиладиган қон Рабиъа ибн ал-Ҳориснинг ўғлининг қонидир – у Бану Саъдга эмизиш учун берилган эди ва уни Ҳузайл қабиласи қатл қилганди – Жоҳилиятдаги рибо ҳам бекор қилинди. Риболаримиздан мен биринчи бўлиб бекор қиладиган рибо Аббос ибн Абдулмутталибнинг рибосидир. Унинг ҳаммаси бекор қилинди».

«Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, сизлар уларни Аллоҳнинг омонати билан олдингиз, уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олдингиз. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».

«Дарҳақиқат, мен сизларга маҳкам ушласангиз ҳеч қачон адашмайдиган нарсани – Аллоҳнинг Китобини қолдирдим».[5]

«Эй одамлар, мендан сўнг пайғамбар йўқдир, сизлардан сўнг бошқа уммат йўқдир. Бас, Раббингизга ибодат қилингиз, беш вақт намозингизни ўқингиз, бир ой рўзангизни тутингиз, молларингизнинг закотини кўнгилдан чиқариб адо қилингиз, Раббингизнинг Байтини ҳаж қилингиз, бошлиқларингизга итоат қилингиз, Раббингизнинг жаннатига дохил бўлгайсиз».[6]

«Сизлар мен ҳақимда сўраласизлар. Ўшанда нима деб жавоб берасизлар?», дедилар. «Албатта етказганингизга, адо этганингизга ва насиҳат қилганингизга гувоҳлик берамиз», дейишди.

Шунда у зот кўрсаткич бармоқларини осмонга қаратиб, сўнг у билан одамларга ишора қилиб, уч бор: «Парвардигор, Ўзинг гувоҳ бўл!», дедилар.[7]

Арафотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини Рабиъа ибн Умаййя ибн Халаф баланд овозда одамларга етказиб турган эди.[8]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбадан фориғ бўлганларидан сўнг у зотга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлди: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин бўлишига рози бўлдим» (Моида: 3). Ушбу оятлар нозил бўлганида Умар розияллоҳу анҳу йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Нега йиғлаяпсиз?», деб сўраганларида: «Динимизда зиёдалашиб бораётган эдик. Энди у комил бўлибди. Одатда, қай бир нарса комил бўлса, унга нуқсонлар кира бошлайди. Шунинг учун йиғладим», деди. «Тўғри айтасиз», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.[9]

Хутбадан сўнг Билол азон айтиб, сўнг иқома айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоатга имом бўлиб, пешинни ўқидилар. Сўнг Билол иқома aйтди, аср намозини ўқидилар. Икки намоз ўртасида бошқа ҳеч қандай намоз ўқимадилар. Сўнг туяларига миниб, мавқифга бордилар. Туялари Қасвонинг қорнини тошларга қилдилар. Пиёдалар у зотнинг олди тарафларида бўлиб қолди. Қиблага қараб турдилар ва шу туришларида то қуёш тўла ботгунча турдилар.

Сўнг Усомани орқаларига мингаштириб, Муздалифага келдилар. У ерда шом ва хуфтонни битта азон ва икки иқома билан ўқидилар, ўртада ҳеч қандай нафл намоз ўқимадилар. Сўнг бомдод бўлгунича ётдилар. Бомдод вақти бўлгач, азон ва иқома билан бомдодни ўқидилар. Кейин Қасвога миниб, Машъарул Ҳаромга келдилар ва қиблага юзланиб, дуо қилдилар, такбир, таҳлил ва тавҳид калималари айтдилар. То тонг ёришиб кетгунича шу ҳолда турдилар.

Кун чиққанидан сўнг Фазл ибн Аббосни мингаштириб, Муздалифадан Минога қараб йўл олдилар. Батни Муҳассарга келганларида бир оз тезладилар. Сўнгра Жамратул Куброга чиқадиган ўрта йўлга тушдилар. Дарахт олдидаги Жамрага келиб – у ҳозирги Жамратул Кубро бўлиб, ўша замонда унинг олдида дарахт бор эди, уни Жамратул Ақаба ва Жамратул увло деб аталади – еттита тош отдилар, ҳар бир тошни отганда такбир айтдилар. Тошларни Батни Водийдан отдилар. Кейин қурбонлик сўйиладиган жойга бордилар. Олтмиш учта туяни ўз қўллари билан бўғизладилар. Сўнг Алийга бердилар, қолган ўттиз еттита туяни у сўйди. Ҳаммаси бўлиб юзта туя сўйдилар, уни ҳам ўз қурбонликларига шерик қилдилар. Сўнгра ҳар бир туянинг гўштидан оз-оздан олдириб, қозонга солдириб пиширтирдилар. Икковлари ундан еб, шўрвасидан ичдилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловларига миниб, Байтуллоҳга бориб, ифоза тавофи қилдилар. Маккада пешинни ўқигач, Замзамдан сув тортиб, одамларга тарқатаётган Бану Мутталиб қавми олдига бордилар ва уларга: «Тортинглар, Бану Абдилмутталиб! Одамлар сизларнинг сувчилигингизга ғолиб бўлиб кетишидан қўрқмаганимда мен ҳам сизлар билан бирга сув тортган бўлардим», дедилар. Улар бир челакда сув узатишди, ундан ичдилар.[10]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни – яъни, зул-ҳижжанинг ўнинчи куни ҳам чошгоҳ вақти кулранг хачирга минган ҳолда хутба қилдилар. Алий ибн Аби Толиб у кишининг гапларини одамларга етказиб турди. Баъзилар тик турган, баъзилар ўтирган ҳолда у зотнинг хутбаларини тингладилар. Ушбу хутбаларида кечаги хутбаларида ўтган баъзи сўзларни яна такрор айтиб ўтдилар. Бухорий ва Муслим Абу Бакра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни бизга хутба қилиб: «Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган кунидаги ҳолатида айланиб турибди. Бир йил ўн икки ойдан иборат. Бундан тўрт ойи ҳаром ойлардир, учтаси бирин-кетин: зул-қаъда, зул-ҳижжа ва муҳаррам, ҳамда икки жумодий ва шаъбон ўртасидаги ражаб ойи» дедилар.

«Бугун қандай кунлигини биласизларми?», дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди. У зот бироз жим турдилар, энди биз уни бошқача ном билан атасалар керак, деб ўйлаб турган эдик: «Қурбонлик куни эмасми?!», дедилар. Биз: «Ҳа, шундай ё Расулуллоҳ», дедик. «Бу қайси шаҳар? Баладул-ҳаром эмасми?!», дедилар. Биз: «Ҳа, шундай ё Расулуллоҳ», дедик. «Сизларнинг қонларингиз, молларингиз, обрў-номусларингиз мана шу шаҳрингиз, мана шу ойингиз, мана шу кунингизнинг ҳаромлигидек ҳаромдир».

«Яқинда сизлар Раббингизга йўлиқасиз, У зот сизларни амалларингиз ҳақида сўроққа тутади. Огоҳ бўлингиз, мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич соладиган кофирларга айланиб кетманглар!».

«Огоҳ бўлингиз, етказдимми?!», дедилар. Биз: «Ҳа», дедик. «Парвардигоро, Ўзинг гувоҳ бўлгайсан. Шу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсинлар! Зеро, баъзи етказувчилар бўладики, ўзидан кўра яхшироқ англайдиган кишиларга етказадилар», дедилар.

Бир ривоятда: «Огоҳ бўлингиз, ҳар бир жиноят қилувчи фақат ўзининг зарарига жиноят қилади. Огоҳ бўлингиз, отанинг жинояти боласининг зарарига, боланинг жинояти отасининг зарарига бўлмайди. Огоҳ бўлингиз, шайтон сизларнинг бу диёрингизда маъбуд бўлишдан бутунлай умидини узди. Аммо, сизлар арзимас деб кўрган ишларингизда ҳам у учун итоат ҳосил бўлиб, у шундан ҳам рози бўлади».[11]

Ташриқ кунлари Минода туриб, ҳаж ибодатларини адо этдилар, унинг тартиб-қоидаларини таълим бердилар, Аллоҳни зикр қилдилар, Иброҳим алайҳиссаломдан бери келаётган суннатларни барпо қилдилар, ширк белгилари ва асоратларини ўчирдилар.

Ташриқ кунларининг бирида ҳам хутба қилдилар. Абу Довуд ҳасан санад билан Сарроъ бинт Наҳбондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руъус куни (ташриқ кунларининг иккинчиси) бизларга хутба қилиб: «Бу ташриқ кунларининг ўртаси эмасми?!», дедилар.[12] Бу кундаги хутбалари ҳам худди қурбонлик кунидаги хутбаларидек бўлди. Бу хутбаларини «Наср» сураси нозил бўлиши ортидан қилдилар.

Минодан қайтишнинг иккинчи куни, яъни зул-ҳижжанинг ўн учинчи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минодан қайтиб, водийнинг Бану Кинона тарафидаги ёнбағирга тушдилар. Ўша куннинг қолган қисмини ва тунни шу ерда ўтказдилар. Пешин, аср, шом ва хуфтонни ўқидилар, сўнг ётиб дам олдилар. Эртаси куни Байтуллоҳга йўл олдилар ва видолашув тавофини қилдилар, одамларни ҳам шундай қилишга буюрдилар.

Ҳажнинг барча расм-русумлари тамомига етгач, тин олиб, роҳатланиш учун эмас, балки Аллоҳ учун кураш ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодни яна давом эттириш учун Мадинаи Мутаҳҳарага қараб йўл олдилар.[13]

Охирги марта сарийя юборишлари

Рум давлатининг кибру ҳавоси уни Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган инсонларга яшаш ҳуқуқини беришдан ҳам бош тортадиган қилиб қўйди, бу давлат ўз фуқаролари ичидан Исломга кирган кишиларни аёвсиз ўлдира бошлади. Буни Рум томонидан Маъонга волий бўлиб турган Фарва ибн Амр ал-Жузомийнинг қатл этилиши мисолида ҳам кўриш мумкин.

Румдан бу қадар кеккайиш ва журъат содир бўлаётганини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Румнинг эсини жойига киритиб қўйиш ва ҳудуд яқинида яшовчи араблар қалбига ишончни қайтариш учун, омма онгига черковнинг зўравонлигини тийиб қўювчи куч йўқ, Исломга кириш дегани ўз жонини хатарга гирифтор этиш демакдир, деган фикр сингиб қолмаслиги учун 11-ҳижрийнинг сафар ойида улкан қўшинни сафарга ҳозирлашга киришдилар. Унга амир қилиб Усома ибн Зайд ибн Ҳорисани танладилар ва Фаластиннинг Балқоъ ва Дорум ҳудудларига қараб от суришга амр қилдилар.

Одамлар лашкарбошининг ёши кичиклиги жиҳатидан баъзи эътирозларни билдиришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар унинг амир бўлишидан норози бўлсаларингиз, бундан аввал унинг отасининг амир бўлишига ҳам рози бўлмаган эдингизлар. Аллоҳга қасамки, у албатта амирликка лойиқ эди ва мен учун энг суюмли одамлардан эди. Бу (яъни, унинг ўғли) ундан кейин менга энг суюмли кишилардандир», дедилар.[14]

Шундан сўнг одамлар Усоманинг атрофида йиғилиб, унинг лашкари сафига кира бошладилар. Қўшин йўлга отланиб, Мадинадан бир фарсах масофадаги Журфга бориб тўхтаган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг касалликлари ҳақида етиб келган хавотирли хабарлар уни тўхтаб туришга ва Аллоҳнинг у зот ҳақларидаги ҳукмини кутиб туришга мажбур қилди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ушбу қўшинни Абу Бакр Сиддиқнинг халифаликларида энг биринчи юборилажак қўшин бўлишини ирода қилган экан.[15]

Покиза умрнинг сўнгги кунлари
Рафиқи аъло сари. Видолашувнинг илк белгилари

Даъват такомиллашиб, Ислом вазият устидан тўла ҳукмронликни қўлга киритгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳисларидан ҳаёт ва тириклар билан видолашув кўринишлари белги бера бошлади, бу у зотнинг сўзлари ва ҳаракатларида сезила бошлади.

Ҳар йили рамазон ойида фақат ўн кун эътикоф қилиш одатлари бўлгани ҳолда, бу йил йигирма кун эътикоф қилдилар. Ҳар йили рамазонда Қуръонни Жибрил алайҳиссаломдан бир бор ўтказиб олардилар, бу йил икки маротаба ўтказдилар. Ҳажжатул Вадоъда (видолашув ҳажжида): «Билмайманки, балки сизлар билан бу йилдан кейин бу ўринда учраша олмасам керак», дедилар. Жамратул Ақабада (тош отиладиган жойда): «Ҳажнинг барча расм-русумларини мендан ўрганиб олинглар, балки мен сизлар билан бу йилдан кейин энди ҳаж қила олмасман», дедилар. Ташриқ кунларининг ўртанчи кунида у зотга «Наср» сураси нозил бўлди. Бу видолашув сураси ва ўзлари учун ўлим даракчиси эканини тушундилар.

11-ҳижрийнинг сафар ойи бошларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳудга чиқиб, шаҳидларга яна бир бор намоз ўқидилар, ўликлар билан ҳам, тириклар билан ҳам видолашгандек бўлдилар. Сўнгра қайтиб келиб, минбарга кўтарилиб: «Мен сизлардан олдин бориб турувчидирман ва мен сизларга шоҳиддирман. Қасамки, мен ҳозир ҳавзимга боқиб турибман. Менга ер хазиналарининг калитлари – ёки ернинг калитлари – ато этилди. Қасамки, мен сизларнинг мендан кейин мушрик бўлиб кетишингиздан қўрқмайман, балки ўша (ер хазиналари борасида) талашиб-тортишишингиздан қўрқаман», дедилар.[16]

Бир куни ярим тунда Бақиъга чиқиб, унда ётган маййитларга истиғфор айтдилар ва: «Ассалому алайкум, эй қабристон аҳли! Яхши инсонлар эришган нарсага эришганингиз муборак бўлсин. Фитналар қоронғу тун зулматлари каби бири бирини қувиб, келмоқда, кейингиси аввалгисидан ёмонроқ», дедилар, «Албатта, биз ҳам сизларнинг ортингиздан эргашувчимиз», деб уларга хушхабар бердилар.

Беморликларининг бошланиши

11-ҳижрий сафар ойининг йигирма саккизи ёки йигирма тўққизида, душанба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақиъдан бир жанозада иштирок этиб қайтаётганларида, йўлда бошларига оғриқ кириб, истмалари кўтарилиб кетди. Истманинг ҳарорати бошларига боғлаб олган мато устидан ҳам билиниб турарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликларида 11 кун одамларга имом бўлиб намоз ўқиб турдилар, беморликлари ҳаммаси бўлиб 13 ёки 14 кун давом этди.

Умрларининг сўнгги ҳафтаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам анча оғирлашиб қолдилар ва аёлларидан: «Эртага кимникидаман? Эртага кимникидаман?», деб сўрай бошладилар. Аёллари ҳам у зотнинг муродларини тушуниб, ўзлари истаган жойда бўлишларига изн бердилар. Шундан сўнг бошлари боғлиқ ҳолда, Фазл ибн Аббос билан Алий ибн Аби Толибнинг ўртасида оёқларини судраб босганларича Оишанинг уйига кўчиб ўтдилар ва ҳаётларининг сўнгги ҳафтасини шу ерда ўтказдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо муъаввизот (Фалақ ва Нос сураси) ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганган дуоларни ўқиб, у зотнинг қўлларига дам солиб, баракот умидида у зотни ўз табаррук қўллари билан силар эди.

Вафотларидан беш кун олдин

Вафотларидан беш кун олдин, чоршанба куни дардлари зўрайиб, истманинг қаттиқлигидан беҳуш бўлиб қолдилар. Ўзларига келгач: «Ҳар хил қудуқларнинг сувидан етти меш сув келтириб, устимдан қуйинглар, одамлар олдига чиқиб, уларга васият қилай», дедилар. У зотни тоғорага ўтқизиб, то ўзлари: «Бас, кифоя», демагунларича устларидан сув қуйдилар.

Шундан сўнг сал енгил тортгандек бўлдилар. Бошлари боғлиқ, елкаларини чойшаб билан ўраган ҳолда масжидга кириб, минбарга чиқиб ўтирдилар. Бу охирги марта минбарга ўтиришлари эди. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг: «Эй одамлар, менга яқинроқ келинглар», дедилар. Ҳамма дув этиб у зотнинг яқинларига борди. Уларга панду насиҳатлар қилдилар. Гаплари орасида: «Яҳуд ва насороларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарлари қабрларини масжид қилиб олишди», дедилар. Бир ривоятда: «Яҳуд ва насороларни Аллоҳ ҳалок қилсин, пайғамбарлари қабрларини масжид қилиб олишди», дедилар[17], «Менинг қабримни сиғиниладиган бутга айлантириб олманглар!», дедилар.[18]

Ўзларини қасосга кўндаланг қилиб: «Кимнинг орқасига дарра урган бўлсам, мана, менинг орқамга ҳам дарра уриб, қасосини олсин. Кимни ҳақоратлаб обрўсини тўкан бўлсам, мана, менинг ҳам обрўйимни тўкиб, ўчини олсин», дедилар.

Сўнг минбардан тушиб, пешинни ўқидилар. Кейин яна минбарга чиқиб ўтирдилар ва ҳалиги гапларини такрорладилар. Шунда бир киши: «Сизда менинг уч дирҳам ҳаққим бор», деган эди, «Эй Фазл, унга дирҳамларини бериб қўйинг», дедилар. Сўнгра ансорлар ҳақида васият қилиб: «Сизларни ансорларга яхшилик қилишга васият қиламан, чунки улар менинг энг яқин ва сирдош кишиларимдир. Улар ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этдилар, энди оладиган ҳақ-ҳуқуқлари қолди. Шундай экан, уларнинг яхшилик қилувчиларидан (яхшиликларини) қабул қилиб, ёмонлик қилувчиларидан (ёмонликларини) кечиринглар», дедилар. Бир ривоятда: «Одамлар кўпаядилар, ансорлар эса камаядилар, ҳатто таомнинг тузига ўхшаб қоладилар. Кимки, бировга фойда ёки зарар етказа оладиган бирон ишга волий (раҳбар) бўлса, уларнинг (яъни, ансорларнинг) яхшиларидан (яхшилигини) қабул қилсин ва ёмонларидан (ёмонлигини) кечирсин!», дедилар.[19]

Кейин: «Албатта, Аллоҳ бир бандасига истаганича дунё ноз-неъматларидан ато этиш ёки Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берди, банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани танлади», дедилар. Абу Саид ал-Худрий айтади: «Шунда Абу Бакр: «Сизга ота-оналаримиз фидо бўлсин», деб йиғлади. Биз ажабландик, ҳатто баъзилар: «Бу мўйсафидга қаранглар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир бандага Аллоҳ дунё ноз-неъматларини ё Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берганини айтсалар, у «Сизга ота-оналаримиз фидо бўлсин», деб йиғлаяпти», дейишди. Кейин билсак, ихтиёр берилган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари эканлар. Абу Бакр ичимиздаги энг олим киши экан».[20]

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, одамлар ичида Абу Бакрдан кўра менга ўзининг суҳбати ва молида марҳаматлироқ бўлган бирон киши йўқдир. Агар Раббимдан бошқа бировни халил (яқин дўст) қилганимда эди, албатта Абу Бакрни халил қилган бўлардим. Лекин Ислом дўст-биродарлиги афзалдир. Ушбу масжиддаги Абу Бакрнинг дарчасидан бошқа барча дарчаларни беркитиб ташлансин!»[21]

Тўрт кун олдин

Вафотларидан тўрт кун олдин, пайшанба куни қаттиқ дард чекиб ётган ҳолларида: «Келинглар, мен сизларга бир хат битиб берай, шундан сўнг сизлар асло адашмайсизлар», дедилар. У зотнинг олдиларида бир неча кишилар, шу жумладан Умар розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Умар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга оғриқ ғолиб бўлди, (хат ёзиш у зотга оғирлик қилади,) ҳузуримизда Аллоҳнинг китоби бор, шу ўзи кифоя» деди. Бошқалар унга қарши чиқишиб, ғала-ғовур кўпайди. Баъзилар: «(Қоғоз-қалам) келтиринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хат ёзиб берсинлар», деса, бошқалар Умарнинг гапини қўллаб-қувватлардилар. Шунда ул зот: «Туринглар бу ердан!» деб уларни чиқариб юбордилар.[22]

Шу куни уч нарсани васият қилдилар: яҳуд, насоро ва мушрикларни Араб жазирасидан бутунлай чиқариб юборишни васият қилдилар, ўзларидан кейин ҳам элчиларни худди у зот қандай қилган бўлсалар, ўшандай кутиб олиб, кузатишни васият қилдилар. Учинчи васиятлари ровийнинг эсидан кўтарилиб қолган экан. Балки, Китобу Суннатни маҳкам тутишга бўлган васиятдир ёки Усоманинг қўшинини тўхтатмаслик ҳақидаги васият бўлиши ҳам мумкин ё эса: «Намозга ва қўл остингиздаги (қул-чўриларингиз ҳаққида) бепарво бўлманг», деган сўзларидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ дард тортиб ётган бўлишларига қарамай, то шу кунгача – яъни, вафотларидан 4 кун олдин, пайшанба кунигача барча намозларни ўзлари ўқиб бериб турдилар. Шу куни шом намозини ҳам ўзлари ўқиб бердилар, унда «Вал-мурсалат» сурасини қироат қилдилар.

Хуфтон пайтига бориб, дардлари зўрайиб, масжидга чиқишга ҳам ҳоллари келмай қолди. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар намозни ўқидиларми?», деб сўрадилар. «Йўқ, ё Расулуллоҳ, улар сизни кутишмоқда», дедик. «Менга тоғорага сув солиб беринглар», дедилар. Биз айтганларини қилдик. Шундан сўнг ғусл қилдилар. Кейин ўрниларидан тураётиб, ўзларидан кетиб қолдилар. Ўзларига келгач: «Одамлар намоз ўқишдими?», деб сўрадилар. Шу ҳол, яъни, ювиниб, масжидга чиқишга уриниб, беҳол бўлишлари иккинчи ва учинчи марта такрорланганидан кейин Абу Бакр одамларга намоз ўқиб берсин, деб одам чиқардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг қолган кунлари мобайнида 17та намозни, яъни, пайшанба куни хуфтон намозидан бошлаб, душанба куни бомдод намозигача[23] Абу Бакр ўқиб берди[24].

Оиша розияллоҳу анҳо одамлар доим меҳробда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб ўрганиб қолганларидан у зотнинг ўринларида Абу Бакрни кўриб, уни ёқтирмай қолишларидан қўрқиб, икки-уч бор Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилиб, Абу Бакрни имомликдан озод қилишга ҳаракат қилиб кўрди.[25] Бироқ, у зот бунга кўнмадилар ва: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз аёллар Юсуф (қиссасидаги) аёлларнинг нақд ўзисиз. Абу Бакрга айтинглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқисин», дедилар.[26]

Уч кун олдин

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан уч кун олдин шундай деганларини эшитганман: «Огоҳ бўлингиз! Сизлардан бирон киши фақат Аллоҳга яхши гумон қилган ҳолда вафот этсин».[27]

Бир ё икки кун олдин

Шанба ёки якшанба кунига келиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бироз енгилллик ҳис қилгандай бўлдилар ва икки киши қўлтиқларидан олган ҳолда пешин намозига чиқдилар. Абу Бакр намоз ўқиб бераётган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, ортга чекинмоқчи бўлган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ўрнингизда туринг» деб ишора қилдилар ва: «Мени унинг ёнига ўтқизинглар», дедилар. Шундан сўнг у зотни Абу Бакрнинг чап томонига ўтиргиздилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқий бошладилар, Абу Бакр розияллоҳу анҳу иқтидо қилиб, одамларга у зотнинг такбирларини эшиттириб турди.[28]

Бир кун олдин

Вафотларидан бир кун олдин – якшанба куни – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғуломларини озод қилиб юбордилар, бисотларидаги 6 ё 7 динор пулларини садақа қилдилар, қурол-аслаҳаларини мусулмонларга ҳадя қилдилар. Кечқурун Оиша розияллоҳу анҳо чироқларини бир аёлникига юбориб: «Чироғимизга идишингдаги мойдан озроқ қуйиб бериб тургин», деб сўради.[29] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг совутлари эса бир яҳудий қўлида 30 соъ арпа эвазига гаровда эди.[30]

Ҳаётларининг сўнгги куни

Анас ибн Молик ривоят қилади: «Душанба куни одамлар бомдод намозида турган эдилар, Абу Бакр имом бўлиб намоз ўқиётган эди. Тўсатдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оишанинг ҳужралари пардасини очиб, бизга қарадилар. Сўнг табасум қилиб жилмайдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга чиқсалар керак, деган гумонда Абу Бакр сафга қўшилиш учун ортга тисарила бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб хурсанд бўлганимиздан намоздан чиқиб кетаёздик. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга қараб: «Намозингизни давом эттиринглар» деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар».[31]

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейинги намоз вақтига етмадилар.

Чошгоҳ вақти Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотимани чақириб, унинг қулоғига шивирладилар, Фотима йиғлади. Кейин яна чақириб, қулоғига шивирладилар, у бу сафар хурсанд бўлиб кулди. Оиша айтади: «Биз кейинчалик Фотимадан бу ҳақда сўраганимизда у: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу касалликларида вафот этишларини айтдилар, шунда мен йиғладим. Кейингисида аҳли оилалари ичидан биринчи бўлиб у зотнинг ортларидан борадиган киши мен бўлишимни айтдилар, шунда мен хурсанд бўлиб кулдим», деб жавоб берди.[32]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотимага бутун олам аёлларининг саййидаси эканини ҳам хушхабар бердилар.[33]

Фотима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дард азобида қийналишларини кўриб: «Воҳ, отам тортган дард-аламлар-а!», деган эди, у зот: «Бугундан кейин отангга дард-алам етмайди», дедилар.[34]

Ҳасан ва Ҳусайнни чақириб, ўпдилар ва уларга яхшилик қилишга васият қилдилар, аёлларини чақириб, уларга панд-насиҳатлар қилдилар.

Оғриқ тобора кучайиб борарди. Хайбарда оғизларига олган заҳар ўз таъсирини кўрсатаётган эди. Ҳатто у зот: «Эй Оиша, Хайбарда еган заҳарли таом аламини ҳануз тортаман. Ҳозир ўша заҳар таъсиридан томирим узилганини ҳис қилдим», дедилар.[35]

Юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олган эдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва мана шундай ҳолатда туриб: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди» деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар, «Араб ерида ҳаргиз икки дин қолмасин!», дедилар, бу сўзлар охирги сўзлари ва васиятлари бўлди.[36]

Одамларга: «Намозга, намозга (маҳкам бўлинглар) ва қўллларингиз остида бўлганлар (ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилинглар!)», деб васият қилдилар, буни бир неча марта такрорладилар.[37]

Жон беришлари

Жон таслим қилиш вақти Оиша у зотнинг бошларини қучоғига олди. У шундай дейди: «Аллоҳнинг менга инъоми бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда, менинг кунимда ва менинг бағримда жон бердилар. Ўлимлари олдида Аллоҳ таоло менинг тупугим билан у зотнинг тупукларини бирлаштирди. Абдурраҳмон – ибн Абу Бакр – кирди, қўлида мисвок бор эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суяб ўтирган эдим. У зотнинг мисвокка қараётганларини кўрдим ва мисвокни яхши кўришларини эслаб: «Сизга мисвокни олиб берайми?», дедим. Бошлари билан ҳа, деб ишора қилдилар. Мисвокни берган эдим, қаттиқлик қилди. «Юмшатиб берайми?», дедим. Бошлари билан ҳа, деб ишора қилдилар. Мисвокни юмшатиб берган эдим, уни (оғизларида) юргиздилар. (Бир ривоятда: яхшилаб мисвок қилдилар.) Олдиларида бир идишда сув бор эди, қўлларини сувга теккизиб, сўнг уни юзларига суртиб туриб: «Ла илаҳа иллаллоҳ, албатта ўлимнинг сакароти (мастлиги) бор…», дедилар.[38]

Мисвок қилганларидан сўнг қўлларини ёки бармоқларини кўтардилар, кўзларини шифтга тикдилар ва лаблари қимирлай бошлади. Оиша лабларига қулоқ тутганида у зот шундай деяётган эканлар: «Ўзинг уларга инъом қилган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилгайсан. Аллоҳим, мени мағфират қил ва раҳматингга ол. Мени Рафиқи Аълога етказ. Аллоҳим, Рафиқи Аълога».[39]

Сўнгги калимани уч марта қайтардилар, сўнг қўллари пастга тушди. Шу ҳолда Рафиқи Аълога етишдилар. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуун.

Бу ҳодиса 11-ҳижрий рабиъул-аввал ойининг 12-куни, душанба куни чошгоҳ маҳали юз берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари 63га тўлиб, тўрт кун ўтган эди.

Саҳобаларнинг чуқур қайғу остида қолишлари

Улкан мусибат хабари тарқалиб, Мадина аҳлининг кўзига дунё қоронғи бўлиб қолди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга (Мадинага) кириб келган кундан кўра нурафшонроқ ва гўзалроқ кунни кўрмадим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган кундан кўра қоронғироқ ва ёқимсизроқ кунни ҳам кўрмадим».[40]

У зот вафот этганларида қизлари Фотима: «Воҳ, Рабби чорлаганида ижобат қилган отам! Жойлари Фирдавс жаннатидан бўлган отам! Мусибатингиз хабарини Жибрилга берамиз, вой отам!», деб йиғлади.[41]

Умарнинг муносабати

Умар ибн Хаттоб: «Айрим мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни вафот этди деб даъво қилишмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлганлари йўқ, худди Мусо ибн Имрон Рабби ҳузурига кетиб, қавмидан 40 кун йўқ бўлиб, ўлди деб гап тарқалганидан кейин қайтиб келгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Раббилари ҳузурига кетдилар. У зот албатта қайтиб келадилар ва ўзларини ўлди деб айтган кишиларнинг қўл-оёқларини кесадилар», дея бошлади.[42]

Абу Бакрнинг муносабати

Абу Бакр Сунҳдаги уйидан отлиқ тушиб келди. Масжидга кириб, одамларга бир оғиз ҳам гапирмай, тўғри Оишанинг уйларига кирди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига борди. У зот йўл-йўл матога ўраб қўйилган эдилар. Юзларини очиб, бўса олди. Сўнг йиғлаб туриб: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, Аллоҳ сизга иккита ўлимни жамламайди. Сиз ўзингизга битилган ўлимни ўлибсиз», деди.

Сўнг ташқарига чиқди. Умар одамларга гапириб турган эди. Абу Бакр унга: «Ўтиринг эй Умар!», деди. Умар унга парво қилмай гапираверди. Шунда Абу Бакр ташаҳҳуд айтиб, гап бошлаган эди, одамлар Умарни тарк этиб, унга юзландилар. Абу Бакр шундай деди: «Аммо баъд. Сизлардан қай бир киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ибодат қилиб келган бўлса, билсинки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар. Сизлардан қай бир киши Аллоҳга ибодат қилиб келган бўлса, Аллоҳ ўлмайдиган барҳаёт Зотдир. Аллоҳ айтади: «Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон: 144).

Ибн Аббос айтади: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, одамлар то Абу Бакр тиловат қилмагунча ушбу оятни Аллоҳ нозил қилганини гўё билмагандек, уни биринчи бор эшитиб тургандек қабул қилдилар. Кимни кўрмай, мана шу оятни ўқиётганини эшитардим».

Ибн Мусайяб айтади: Умар деди: «Аллоҳга қасамки, Абу Бакрнинг ушбу оятни ўқиганини эшитганимдан кейингина мен унинг ҳақ эканини билдим ва оёқларимдан мадор кетиб, ерга ўтириб қолдим. Шундагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатан вафот этганларини англадим».[43]

Муборак жасадларининг тупроққа топширилиши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак жасадлари ерга қўйилишидан олдин хилофат (ўринбосарлик) масаласида бир қарорга келиш қийин кечди. Бану Соида шийпонида муҳожирлар ва ансорлар ўртасида бўлиб ўтган қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг охири Абу Бакр розияллоҳу анҳуни халифа қилиб сайлашга иттифоқ қилдилар. Душанба куни шу билан кеч кириб, тун қоронғуси тушди. Одамлар мана шу ғоят муҳим масалани ҳал қилиб олмагунларича – сешанба тонгигача – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасади шарифлари ётган ўринларида, йўл-йўл матога ўралган кўйи қолди. Аҳли-оилалари ҳужра эшигини ичкаридан беркитиб олишганди.

Сешанба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўйлаклари устидан ювдилар. Ювишда Аббос, Алий, Аббоснинг икки ўғли Фазл ва Қусам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озод қилган қуллари Шуқрон, Усома ибн Зайд ва Авс ибн Хавло иштирок этдилар. Аббос, Фазл ва Қусам муборак жасадни уёқ-буёққа ўгириб турдилар, Усома билан Шуқрон сув қуйиб туришди, ювиш ишини Алий бажарди, Авс кўкраги билан суяб турди.[44]

Уч марта сув ва сидр билан ювдилар, ювиш учун Саъд ибн Хайсаманинг Қубодаги Ғарс номли қудуғи сувидан фойдаландилар, у зот ҳаётликларида шу сувдан ичишни хуш кўрардилар.

Шундан сўнг муборак жасадларини пахтадан бўлган оппоқ учта яманий матога қаватма-қават қилиб кафанладилар, уларнинг ичида на кўйлак, на салла бор эди.[45]

У зотни қаерга дафн қилиш ҳақида ҳам бироз тортишув бўлди. Абу Бакр: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар бир пайғамбар қаерда жон таслим қилган бўлса, ўша ерга дафн қилинган», деганларини эшитганман» деганидан сўнг Абу Талҳа у зотнинг вафот этган ўрин-тўшакларини йиғиштириб, унинг ўрнида лаҳад шаклида қабр қазиди.

Одамлар бирин-кетин, ўнта-ўнтадан бўлиб, ҳужрага кириб, имомга эргашмаган ҳолда, ҳар ким ўзи танҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жаноза ўқидилар, аввал у зотнинг аҳли-оилалари ва қариндошлари, сўнгра муҳожирлар, сўнгра ансорлар, сўнгра ёш болалар, сўнгра аёллар ёки аввал аёллар, кейин ёш болалар кириб намоз ўқидилар.[46]

Сешанба куни ва чоршанбага ўтар кечанинг кўп қисми шу билан ўтди. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дафн қилинганларини чоршанбага ўтар тунда – бир ривоятда: туннинг сўнгида – белкураклар товушидан билдик».[47]

[1] Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажлари ҳақидаги боб: 1/394.

[2] Фатҳул Борий: 8/104.

[3] Имом Бухорий Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 1/207.

[4] Ибн Ҳишом: 2/603.

[5] Саҳиҳ Муслим: 1/397.

[6] Ибн Жарир, Ибн Асокир ривоятлари. Қаранг: Маъданул-аъмол (1108, 1109-ҳ).

[7] Саҳиҳ Муслим: 1/397.

[8] Ибн Ҳишом: 2/605.

[9] Абу Шайба ва Ибн Жарир ривоятлари, Тафсири Ибн Касир: 2/15, Ад-дуррул-мансур: 2/456.

[10] Саҳиҳ Муслим: 1/397-400.

[11] Термизий ривояти: 2/38, 135, Ибн Можа ривояти, Мишкотул масобийҳ: 1/234.

[12] Абу Довуд ривояти: 1/269.

[13] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажлари тафсилоти билан қуйидаги манбалардан танишишингиз мумкин: Саҳиҳул Бухорий: 1 ва 2/631, Саҳиҳ Муслим: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳажлари» боби, Фатҳул Борий, Китоби маносик, 3ـмужаллад, 8/103-110, Ибн Ҳишом: 2/601-605, Зодул маод: 1/196, 218-240.

[14] Саҳиҳул Бухорий: 2/612.

[15] Саҳиҳул Бухорий: 2/612, Ибн Ҳишом: 2/606, 612.

[16] Муттафақун алайҳ, Саҳиҳул Бухорий: 2/585, Фатҳул Борий: 3/ 248 (1344, 3596, 4042, 4085, 6426, 6590-ҳадислар), Саҳиҳ Муслим: 4/1795 (2296-ҳ).

[17] Саҳиҳул Бухорий: 1/62, Имом Молик: «Муватто»: 360ـбет.

[18] Имом Молик: «Муватто»: 65-бет.

[19] Саҳиҳул Бухорий: 1/536.

[20] Муттафақун алайҳ, Мишкотул масобийҳ: 2/546.

[21] Саҳиҳул Бухорий: 1/516.

[22] Саҳиҳул Бухорий: 1/22, 429, 449, 2/638.

[23] Бухорий маъал фатҳ: 2/193 (681-ҳадис), Муслим: 1/315 (100-ҳ), Муснад Аҳмад: 6/229.

[24] Муттафақун алайҳ, Мишкотул-масобийҳ: 2/102.

[25] Бухорий маъал фатҳ: 7/747 (4445-ҳадис), Муслим: 1/313 (93, 94-ҳ).

[26] Саҳиҳул Бухорий: 1/99.

[27] Табақот Ибн Саъд: 2/255, Муснад Аби Довуд ат-Таёлисий: 246-бет (1779-ҳ), Муснад Аби Яъло: 4/193 (2290-ҳ).

[28] Саҳиҳул Бухорий маъал фатҳ: 2/195, 238, 239 (683, 712, 713-ҳ).

[29] Табақот Ибн Саъд: 2/229.

[30] Саҳиҳул Бухорий (2068, 2096, 2200, 2251, 2252, 2386, 2509, 2513, 2916, 4167-ҳадислар).

[31] Саҳиҳул Бухорий маъа Фатҳил Борий: 2/193 (680, 681, 754, 1205, 4448-ҳадислар).

[32] Саҳиҳул Бухорий: 2/638.

[33] Айрим ривоятлар ушбу суҳбат ва башорат у зот умрларининг сўнгги кунида эмас, балки сўнгги ҳафтаси ичида бўлганига ҳам далолат қилади. «Раҳматан лил аламийн»: 1/282.

[34] Саҳиҳул Бухорий: 2/641.

[35] Саҳиҳул Бухорий: 2/637.

[36] Саҳиҳул Бухорий: 1/634 (435, 1330, 1390, 3453, 3454, 4441, 4443, 4444, 5815, 5816-ҳадислар), Табақот Ибн Саъд: 2/254.

[37] Саҳиҳул Бухорий: 2/637.

[38] Саҳиҳул Бухорий: 2/640.

[39] Саҳиҳул Бухорий: 2/638-641.

[40] Доримий ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/547. Анасдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келган куни Мадинанинг ҳамма тарафи ёришиб кетган эди. Вафот этган кунлари ҳамма тарафи қоронғилашиб кетди. У зотни дафн қиларканмиз, қўллар ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари тупроғини қоқмай туриб, қалбларимиз ҳам ўзгариб, илгаригидек бўлмай қолди» (Жомиъут Термизий: 5/588, 589).

[41] Саҳиҳул Бухорий: 2/641.

[42] Ибн Ҳишом: 2/655.

[43] Саҳиҳул Бухорий: 2/640, 641.

[44] Ибн Можа: 1/521.

[45] Табақот Ибн Саъд: 2/277-281.

[46] Имом Молик, Муватто: 1/231, Табақот ибн Саъд: 2/288-292.

[47] Муснад Аҳмад: 6/62, 274. У зотнинг рафиқи аълога етишишлари тафсилоти билан қуйидаги манбалар орқали танишиш мумкин: Саҳиҳул Бухорий (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бемор бўлишлари ҳақидаги боб ва ундан кейинги бир неча боблар), Саҳиҳ Муслим ва Мишкотул масобийҳ (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари ҳақидаги боб), Ибн Ҳишом: 2/649-665, «Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар: 38, 39-саҳифа, «Раҳматан лил аламийн»: 1/277-286. (Вақтлар таъйини асосан охирги манбадан олинди).

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.