Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

035. Пайғамбар хонадони

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонлари Маккада ҳижратдан
    олдин у зотнинг ўзлари ва аёллари Хадича бинт Хувайлиддан ташкил топган эди.
    Унга 25 ёшларида уйланган эдилар. Ўшанда Хадича 40 ёшда эдилар. У биринчи
    уйланган аёллари бўлиб, устига уйланмаганлар. Ундан бир неча ўғил-қизлар
    кўрдилар. Ўғилларидан бирортаси ҳам яшаб қолмади. Қизлари – Зайнаб, Руқайя, Умму
    Кулсум ва Фотима эди. Зайнаб ҳижратдан олдин холаваччаси Абул Ос ибн Рабиъга
    турмушга чиқди. Руқайяга, унинг вафотидан кейин эса Умму Кулсумга Усмон ибн
    Аффон розияллоҳу анҳу уйланганлар. Фотимага эса Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу
    анҳу Бадр билан Уҳуд жанглари орасида уйландилар ва ундан Ҳасан, Ҳусайн, Зайнаб
    ва Умму Кулсум номли фарзандлар вужудга келди.

    Маълумки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча ҳикматлар
    тақозосига кўра, тўрттадан ортиқ аёлга уйланишлари ҳалоллиги билан умматдан
    ажралиб турганлар. У зот жами ўн учта аёлни ўз никоҳларига олганлар ва вафот
    этганларида тўқизта аёллари бор эди. Аёлларидан иккитасига қўшилмаганлар. Иккита
    аёллари у зот ҳаётлик пайтларида вафот этишганди. Улардан бири Хадича ва
    иккинчиси уммул масокийн Зайнаб бинт Хузайма эди. Қуйида уларнинг номларини ва
    улар ҳақида қисқача маълумотларни бериб ўтамиз.

  2. Савда бинт Замъа. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга
    пайғамбарликнинг 10-йили шаввол ойида, Хадича вафотларидан бир ойча ўтиб
    уйланганлар. У илгари Сакрон ибн Амр исмли амакиваччаси никоҳида бўлган ва эри
    вафот этганди. Савда 54-ҳижрий шаввол ойида Мадинада вафот этган.
  3. Оиша бинт Абу Бакр Сиддиқ. Унга пайғамбарликнинг 11-йили шаввол ойида,
    Савдадан бир йил кейин ва ҳижратдан икки йил-у беш ой илгари уйланганлар.
    Уйланганларида у олти ёшда эди. Унга ҳижратдан етти ой ўтиб, Мадинада
    қўшилганлар. Ўшанда у тўққиз ёшга кирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
    саллам ундан бошқа қиз хотинга уйланмаганлар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
    салламнинг энг суюкли аёли, уммат аёлларининг энг билимдони ва энг олимаси эди.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бошқа аёллардан афзаллигини
    сариднинг (таом тури) бошқа таомлардан афзаллигига ўхшатганлар. У 57 ёки
    58-ҳижрийнинг 17-рамазонида вафот этган ва Бақиъга қўйилган.
  4. Ҳафса бинт Умар ибн Хаттоб. Унинг эри Хунайс ибн Хузофа ас-Саҳмий Бадр ва
    Уҳуд жанглари оралиғида вафот этганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
    унга 3-ҳижрийнинг шаъбонида уйландилар. 45-ҳижрийнинг шаъбон ойида, 60 ёшида
    Мадинада вафот этган ва Бақиъга дафн этилган.
  5. Бану Ҳилол ибн Омир ибн Саъсаъа қабиласидан бўлган ва мискинларга
    раҳм-шафқати кучлилигидан уммул масокийн (мискинлар онаси) номини олган Зайнаб
    бинт Хузайма. У олдин Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг никоҳида эди. Абдуллоҳ Уҳудда шаҳид
    бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 4-ҳижрийда унга уйландилар.
    Орадан уч ой ўтиб, 4-ҳижрийнинг рабиул-охир ойида Зайнаб вафот этди. Унинг
    жанозасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқидилар ва Бақиъга дафн
    этдилар.
  6. Умму Салама Ҳинд бинт Аби Умайя. У аввал Абу Саламанинг никоҳида бўлиб,
    ундан фарзандлари ҳам бор эди. Абу Салама 4-ҳижрийнинг жумодул-охирида вафот
    этганди. Шу йили шаввол ойининг охирларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
    саллам унга уйландилар. Умму Салама энг билимдон ва оқила аёллардан эди. У
    59-ҳижрийда – бир қавлда 62-ҳижрийда – 84 ёшида вафот этган ва Бақиъга
    қўйилган.
  7. Бану Асад ибн Хузайма қабиласидан Зайнаб бинт Жаҳш ибн Рабоб. У Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммаларининг қизи бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу
    алайҳи ва салламнинг асранди ўғиллари ҳисобланган Зайд ибн Ҳорисанинг никоҳида
    эди. Зайд талоқ қилиб, иддаси чиққанидан сўнг Аллоҳ таоло ўз пайғамбари
    соллаллоҳу алайҳи ва салламга «Бас, қачонки Зайд ундан (яъни Зайнабдан)
    ҳожатини адо қилгач (яъни уни талоқ қилгач), Биз сизни унга
    уйлантирдик»
    (Аҳзоб: 37) оятини нозил қилди, бу ҳақда Аҳзоб сурасида асранди
    ўғилнинг ҳукмини баён қилувчи оятлар нозил қилди, биз қуйироқда бунга алоҳида
    тўхталиб ўтамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга 5-ҳижрийнинг –
    4-ҳижрийда деб ҳам айтилган – зул-қаъда ойида уйландилар. Зайнаб ғоят ибодатли
    ва садақага қўли очиқ инсонлардан эди. У 20-ҳижрийда 53 ёшида вафот этди.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг у зотнинг аёллари ичидан биринчи
    бўлиб у вафот этди. Жанозасини Умар ибн Хаттоб ўқиган ва Бақиъга дафн
    қилинган.
  8. Жувайрия бинт Ҳорис. У Хузоанинг Банул Мусталиқ қабиласи бошлиғи Ҳориснинг
    қизи эди. Банул Мусталиқ асирлари ичида бўлиб, Собит ибн Қайс ибн Шимоснинг
    улушига тушганди. Собит уни маълум ҳақ эвазига озод қилишга келишгач, Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг озод бўлиш ҳақини тўладилар ва 6-ҳижрий –
    5-ҳижрий ҳам дейилган – шаъбонида унга уйландилар. У ўз қавмининг жуда катта
    баракотига сабаб бўлганди. Чунки, мусулмонлар Банул Мусталиқдан 100 хонадон
    аҳлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қудалари деган эътибор билан
    озод қилиб юборгандилар. У 56-ҳижрий – ёки 55-ҳижрий – рабиул-аввал ойида 65
    ёшида вафот этди.
  9. Умму Ҳабиба Рамла бинт Аби Суфён. У Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг никоҳи остида
    бўлиб, ундан Ҳабиба исмли қизи ҳам бор эди. Эри билан бирга Ҳабашистонга ҳижрат
    қилганди. Убайдуллоҳ ўша ерда диндан қайтиб, насронийликни қабул қилди, кейин
    вафот этди. Умму Ҳабиба эса исломда ва ҳижратда собит турди. Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам 7-ҳижрий муҳаррамида Амр ибн Умайя аз-Зомрий орқали
    Нажошийга мактуб йўллаганларидан сўнг Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
    саллам номларидан Умму Ҳабибага совчи бўлиб, уни у зотга олиб берди, ўзининг
    ёнидан 400 динор маҳр ҳам берди. Сўнг уни Шураҳбил ибн Ҳасана ҳамроҳлигида
    Мадинага юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Хайбар жангидан
    қайтганларидан сўнг хотин қилдилар. У 42 ёки 44 ёки 50-ҳижрийда вафот
    этди.
  10. Софийя бинт Ҳуяй ибн Ахтоб. У яҳудларнинг Бану Назир қабиласи бошлиғи Ҳуяй
    ибн Ахтобнинг қизи бўлиб, Хайбар асиралари орасида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу
    алайҳи ва саллам уни ўзларига танлаб олдилар ва унга Исломни таклиф қилдилар. У
    Исломни қабул қилди. Шундан сўнг уни озод қилдилар ва унга уйландилар. Бу воқеа
    7-ҳижрийда Хайбар фатҳидан сўнг бўлди. Хайбардан Мадинага қайтишларида Хайбардан
    12 мил узоқликдаги Саддус-саҳбоъ деган жойда у билан чимилдиққа кирдилар. Софийя
    50-ҳижрийда (52 ёки 36-ҳижрийда ҳам дейилган) вафот этди ва Бақиъга дафн
    этилди.
  11. Маймуна бинт Ҳорис. У Уммул-Фазл Лубоба бинт Ҳориснинг синглиси эди. Унга
    7-ҳижрийнинг зул-қаъда ойида, қазо умрасини адо этганларидан кейин уйланганлар
    ва Маккадан 9 мил узоқликдаги Сариф деган жойда қўшилганлар. У 61-ҳижрийда
    (63-ҳижрийда, 38-ҳижрийда ҳам дейилган) Сарифда вафот этган ва ўша ерга дафн
    этилган. Қабри жойлашган ўрин ҳозирда ҳам маълум.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ўн битта аёлга уйланганлар,
улардан икки нафари – Хадича ва уммул масокийн Зайнаб – у зот ҳаётлик пайтларида
вафот этишган, қолган тўққиз нафари эса у зотнинг орқаларида қолган.

Никоҳларига олгач, қўшилмаган икки нафар аёлнинг бири Бану Килобдан,
иккинчиси Киндадан Жуванийя исмли аёл эди. Булар борасида ихтилофли фикрлар бор
бўлиб, улар ҳақида сўзлашнинг ҳожати бўлмаса керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки нафар жориялари ҳам бор эди.
Бири Муқавқис у зотга ҳадя қилиб юборган Мория Қибтия бўлиб, ундан Иброҳим исмли
ўғиллари туғилган. Иброҳим гўдаклик чоғидаёқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ҳали ҳаётлик пайтларида, 10-ҳижрийнинг 28 ёки 29 шаввол куни (632-мелодий
27 январда) вафот этган.

Иккинчи жориялари назрлик ёки қурайзалик Райҳона бинт Зайд эди. Қурайза
асиралари ичидан бу жорияни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига
танлаб олганлар. Бир қавлга кўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
аёлларидан саналади, уни озод қилганлар ва уйланганлар. Ибнул Қаййим биринчи
фикрни устунроқ санаган. Абу Убайда яна икки жориялари бўлганини, улардан бири
асиралардан бўлган Жамила исмли жория, иккинчиси Зайнаб бинт Жаҳш совға қилган
жория эканини айтади.[1]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларига чуқурроқ назар солган
одамга маълум бўладики, у зот айни кучга тўлган пайтларида умрларининг 30 йилдан
кўпроғини ёши ўтган аёллар – аввал Хадича, кейин эса Савда билан ўтказганларидан
сўнг умрлари сўнггида бунча кўп аёлларга уйланишлари бирдан нафсларида уйғониб
қолган тийиқсиз ва шу қадар кўп сонли аёллар билангина босилиши мумкин бўлган
кучли шаҳватни қондириш учун эмас, балки бундан кўра улуғроқ ва олийроқ мақсад
ва ғаразлар учун бўлган эди ва ҳар бир турмуш қуришлари остида ўзига хос сабаб
ва ҳикматлар мавжуд эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умарнинг қизлари Оиша ва
Ҳафсага уйланиш билан бу икковларига куёв бўлишлари, шунингдек, қизлари Фотимани
Алий ибн Аби Толибга, бошқа икки қизлари Руқайя ва Умму Кулсумни эса Усмон ибн
Аффонга беришлари Ислом учун ўта оғир вазиятларда фидокорлик намуналарини
кўрсатган ва имтиҳондан чиройли ўтган мазкур тўрт улуғ саҳоба билан алоқаларни
мустаҳкамлашга уринганликларига далолат қиларди.

Араблар қадим-қадимдан қудачиликка эҳтиром назари билан қарашар, қуда-анда
тутиниш улар наздида турли-туман уруғ ва элатлар орасининг яқинлашиши рамзи
сифатида кўриларди. Қудаларга қарши уруш қилиш ва улар ерига босқин уюштиришни
ўзлари учун энг оғир шармандалик ва ор деб кўришарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам оналаримиздан бир нечаларига уйланиш билан улар мансуб бўлган
қабилаларнинг Исломга бўлган адоватини синдиришни ва нафрат ўтини ўчиришни қасд
қилгандилар. Мисол учун, Умму Салама Бану Махзум қабиласидан бўлиб, Абу Жаҳл ва
Холид ибн Валидлар ушбу қабилага мансуб эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам Умму Саламага уйланганларидан сўнг Холиднинг мусулмонларга нисбатан
Уҳудда кўринган адовати бутунлай ўзгарди, ҳатто кўп ўтмай у ўзи қизиқиб ва
ихтиёрий равишда Исломни қабул қилди. Шунингдек, Абу Суфён ҳам Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қизи Умму Ҳабибага уйланганларидан кейин у
зотга қарши урушга кирмади. Бундай ҳолни Банул Мусталиқ ва Бану Назир қабилалари
мисолида ҳам кўриш мумкин. Улар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
уларнинг қабиладошлари Жувайрия ва Софийяга уйланганларидан сўнг авввалгидек
адоват ва нафрат изҳор қилишдан тўхталишди. Жувайрия ўз қавми учун жуда
баракотли аёл бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга
уйланганларидан кейин саҳобалар унинг қавмидан бўлган юз хонадон аҳлини
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қудалари деган эътибор билан
асирликдан озод қилиб юбордилар. Бундай катта мурувват қалбларга ўз таъсирини
кўрсатмай қолмади.

Бу ерда ушбу айтиб ўтилганларнинг ҳаммасидан кўра ҳам каттароқ ва муҳимроқ
бир иш ҳам бор эди. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одоб-ахлоқ,
маданият ва маърифат тушунчаларидан узоқ бўлган қавмларни тарбиялашга ва уларни
жамиятни ҳурмат қиладиган зиёли инсонлар қилиб етиштиришга буюрилган
эдилар.

Ислом жамияти биносига асос бўлувчи қонун-қоидалар эркакларнинг аёллар билан
аралашиб юришларига йўл қўймас, шу боис аёлларни бевосита тарбиялаш осон бўлмас
эди. Ҳолбуки, аёлларни ушбу асосий мезон ва қоидалар асосида тарбиялашга бўлган
эҳтиёж эркакларни тарбиялашга бўлган эҳтиёждан ортиқ бўлса бор эдики, кам
эмасди.

Шундай экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу мақсад учун кифоя
қилгудек ҳар хил ёш ва қобилият эгалари бўлган аёлларни танлаб олишлари ва
уларни тарбия қилишлари, уларга шариат ва аҳкомларни ўргатишлари, уларни
шаҳарлигу саҳройи, ёшу қари, қизу жувонларни тарбия қилувчи муаллималар қилиб
етиштиришлари зарур эди. Шундан сўнг улар аёллар ўртасида тарғибот ва таблиғ
ишларини олиб боришга ўзлари кифоя қилишарди.

Уммаҳотул муъминийн (мўминларнинг оналари) бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам аёлларининг у зотнинг уй ичидаги ҳолатларини нақл қилиш ва
умматга етказиш ишида жуда катта ҳиссалари бор. Улар ичидан узоқроқ умр
кўрганлари ва хусусан, Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг сўзлари ва ишларидан жуда кўп нарсаларни ривоят қилганлар.

Ундан ташқари, у зотнинг яна бир никоҳлари ҳам борки, у чуқур илдиз отган
жоҳилий бир урф-одатни – асранди фарзанд ҳақидаги қоидани бузиб ташлаш учун
бўлган эди. Жоҳилият даврида араблар орасида асранди ўғил ҳақиқий ўғил эга
бўлган барча ҳурмат ва ҳуқуқларга баб-баробар эга бўлар эди. Бу қоида қалбларга
ўрнашиб, илдиз отиб кетган бўлиб, уни бекор қилиш осон иш эмас эди. Лекин, бу
қоида никоҳ, талоқ, мерос ва бошқа муомалот масалаларида Ислом ўрнатган асос ва
мезонларга зид келар ва Ислом жамиятдан йўқ қилишни истаган кўпгина фаҳшу
бузуқликларни келтириб чиқарар эди.

Аллоҳ таоло ушбу қоиданинг парчаланиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг қўллари билан ва у зотнинг ўз шахсиятларида бўлишини тақдир қилди.
Аммаларининг қизи Зайнаб асранди ўғиллари – Зайд ибн Муҳаммад номини олган –
Зайд ибн Ҳорисанинг никоҳида бўлиб, ўрталарида келишмовчилик юзага келган ва
ҳатто Зайд уни талоқ қилиш қасдига тушиб қолган эди. Бу ҳақда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтганида у зот уни бу ишдан қайтарган эдилар.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзага келган вазиятдан келиб
чиқибми ёки Аллоҳ азза ва жалланинг билдириши биланми, хуллас агар Зайд уни
талоқ қилса, иддаси чиққанидан кейин унга ўзлари уйланишларига тўғри келишини
билгандилар. Бу ҳодиса эса мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва
мусулмонларга қарши қутуриб ётган оғир пайтларда бўлаётган эди. У зот, агар ушбу
никоҳ вужудга келгудек бўлса, мунофиқлар, мушриклар ва яҳудларнинг ўзларига
қарши қўзғатадиган таънаю маломатларидан, иғвою фитналаридан чўчиётган,
қолаверса бу иғволар айрим иймони заиф мусулмонларга ҳам ўз таъсирини
кўрсатишидан хавфсираётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу
уйланиш босқичи мана шундай оғир ва чигал дамларга тўғри келишини
истамаганларидан Зайд талоқ ҳақида сўз очганида уни бу ишдан қайтараётган
эдилар.

Бироқ, Аллоҳ таоло Ўз Расулининг бундай тараддудланиши ва хавфсирашига рози
бўлмади ва у зотни қуйидаги сўзлари билан итоб-маломат қилди: «(Эй Муҳаммад
соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан)
инъом-марҳамат қилган ва сиз
(қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб
олиш билан) инъом қилган кишига (яъни Зайд ибн Хорисага): «Жуфтингни
ўз ҳузурингда ушлагин
(яъни талоқ қилишга шошмагин), Аллоҳдан қўрққин»,
деб Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизга яширдингиз ва Аллоҳдан
қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда, сиз одамлардан
(яъни уларнинг таъна
қилишларидан) қўрқдингиз». (Аҳзоб: 37).

Охир-оқибат, Зайд барибир Зайнабни талоқ қилди ва иддаси чиққанидан сўнг
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Бану Қурайза қамали давом этиб
турган кунлари уйландилар. Зотан, Аллоҳ таоло ушбу никоҳни фарз қилган ва у
зотга бу борада на ихтиёр ва на эътирозга ўрин қолдирган, ҳатто бу никоҳга
шахсан Ўзи бош-қош бўлиб, қуйидаги оятини нозил қилган эди: «Бас, қачонки
Зайд ундан ҳожатини адо қилгач
(яъни уни талоқ қилгач), Биз сизни унга
уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо
қилишгач
(яъни уларни талоқ қилишгач) уларнинг хотинларига
(уйланишларида) танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва Аллоҳнинг
амри иродаси қилингувчи бўлди»
(Аҳзоб: 37). Бу эса асранди ўғил ҳақидаги
қоидани амалий равишда парчалаш учун бўлганди. Аввалроқ уни оғзаки равишда бекор
қилинган эди: «Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шу Аллоҳ
наздида тўғрироқдир»
(Аҳзоб: 5), «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси
эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ
барча нарсани билгувчи бўлган зотдир»
(Аҳзоб: 40).

Қанчадан-қанча чуқур илдиз отиб кетган урф-одатлар борки, уларни оғзаки
гапнинг ўзи билан йўқотиб ёки ўзгартириб бўлмайди. Бунинг учун шу ишга даъват
қилаётган кишининг ўзи амалий равишда унга бош-қош бўлиши ва ўрнак кўрсатиши
керак бўлади. Ҳудайбия умрасида худди шу ҳол мусулмонлардан содир бўлганди. У
ердаги инсонлар Урва ибн Масъуд ас-Сақафий ўз кўзи билан кўрганидек, Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилсалар, таҳоратларидан ортган сувни
талашиб-тортишиб юз-кўзларига суртадиган, у зотнинг тупурган тупукларини ҳам
ерга туширмасдан илиб олишга уринадиган фидокор мусулмонлар эди. Бу мусулмонлар
дарахт тагида ўлимга ёки ташлаб кетиб қолмасликка байъат беришга ошиққан,
ораларида Абу Бакр Сиддиққа ва Умар ибн Хаттобга ўхшаган зотлар бўлган инсонлар
эди. Мана шундай фидоий саҳобалар сулҳ битими тузилганидан сўнг Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туриб, жонлиқларини бўғизлаш ва сочларини
олдиришга бўлган амрларига итоат қилишга шошилмадилар, улардан ҳеч ким ўрнидан
қўзғолмади. Бу ҳолдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгиллари
оғриб, изтиробга тушдилар. Шунда уммул муъминийн Умму Салама у кишига ўзлари
туриб, ҳеч кимга бир оғиз ҳам гап қотмасдан, қурбонликларини бўғизлашни маслаҳат
бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у айтганидек қилганларидан сўнг
ҳамма саҳобалар у зотга эргашишга шошилиб қолдилар ва қурбонликларини бўғизлашга
ошиқдилар. Мана шу ҳодисада чуқур илдиз отиб кетган одатни йўқотиш учун оғзаки
гап билан амалий равишда қилинган иш ўртасидаги фарқ аниқ-равшан кўринади.

Мунофиқлар ушбу никоҳ борасида жуда кўп фитна гапларни тарқатишди, ёлғон ва
бўҳтондан иборат даъволарни ўртага ташлашди. Бу гапларнинг баъзилари айрим
иймони заиф мусулмонларга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Бўлиб ҳам, Зайнаб
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бешинчи турмушлари бўлганди,
мусулмонлар эса тўрттадан ортиқ аёлга уйланишни ҳалол деб билмасдилар. Боз
устига, Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўғил сифатида кўрилар, ўз
ўғлининг аёлига уйланиш энг ёмон фаҳш ишлардан саналарди. Аллоҳ таоло «Аҳзоб»
сурасида ҳар икки мавзуни етарли суратда очиқ-равшан баён қилиб берувчи оятларни
нозил қилди. Шундан сўнг мусулмонлар асранди ўғил Исломда ҳақиқий ўғил сифатида
эътироф этилмаслигини ва Аллоҳ таоло уйланиш масаласида Ўз Расулига баъзи олий
ғараз ва мақсадлар сабабли бошқалар учун берилмаган имтиёзларни берганини билиб
олдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммаҳотул муъминийн бўлмиш ўз аёллари
билан ғоят гўзал, шарафли ва олийжаноб турмуш кечириб ўтдилар. Улар ҳам ўз
навбатида ул зотнинг бошқалар тоқат қила олмайдиган даражада содда ва ўта
фақирона ҳаёт кечиришларига сабр-тоқат билан ёндошиб, шараф, қаноат, тавозеъ,
эрга хизмат ва унинг ҳаққини адо этиш борасида юксак даража соҳибалари бўлдилар.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг то
вафот этиб кетгунларича ҳам (уйларида) на юмшоқ оқ нонни ва на қовурилган қўй
гўштини кўрганларини билмайман». Уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо жиянлари
Урва ибн Зубайрга айтишларича: «Биз ҳилолни (янги ойни) кузатардик, икки ой ўтиб
кетарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонларида қозон осилмас
эди». Урва: «Унда нима билан тирикчилик қилардинглар?», деб сўраганида: «Хурмо
ва сув билан», деб жавоб берганлар.[2] Бу ҳақда ривоят қилинган жуда кўп асарларни
келтириш мумкин.

Ана шундай фақирона ҳаёт кечиришларига қарамай, у (аёл)лардан дашном ва
маломатга лойиқ иш содир бўлмади. Фақат – инсонлик тақозосига кўра ва янги бир
ҳукмнинг жорий бўлишига сабаб бўлиб қолиши учун – бир марта шундай бир иш
бўлганида Аллоҳ таоло улар учун танлаш оятини нозил қилди: «Эй пайғамбар,
жуфтларингизга айтинг: «Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу-зийнатларини
истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларн
и (ўша нарсалардан)
баҳраманд этай ва чиройли талоқ қилай. Агар Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва
охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг
орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот — жаннатни тайёрлаб
қўйгандир»
. (Аҳзоб: 28, 29). Улар ҳам ғоят шарафли ва олийжаноб инсонлар
бўлганларидан Аллоҳ ва Расулини танладилар, улардан биронталари ҳам дунёни
ихтиёр этишга майл билдирмадилар.

Шунингдек, кўп сонли бўлишларига қарамай, улардан кундошлардан содир
бўладиган ҳолатлар содир бўлмади. Фақат айримларидан инсончилик тақозосига кўра
енгилгина бир иш содир бўлганида Аллоҳ таоло буни маломат қилди, шундан сўнг бу
иш улардан қайтиб содир бўлмади. Бу нарсани Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида
қуйидагича баён қилади:

«1. Эй пайғамбар, нега сиз жуфтларингизнинг розилигини истаб Аллоҳ сиз
учун ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб олурсиз?! Аллоҳ мағфиратли,
меҳрибондир.

И з о ҳ. Ушбу ояти карима нозил бўлишининг сабаблари ҳақида бир неча
ривоятлар мавжуд бўлиб, улардан бири «Саҳиҳул-Бухорий»да келтирилган қуйидаги
ривоятдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуфти ҳалоллари Зайнаб бинт
Жаҳш (Аллоҳ ундан рози бўлсин)нинг хоналарида истироҳат қилиб, онамиз қуйиб
берган асал шарбатидан ичиб ўтирар эканлар, бошқа аёллари Оиша ва Ҳафса
оналаримизнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) рашклари келиб пайғамбар соллаллоҳу
алайҳи ва саллам бу ердан чиқиб қайси биримизнинг олдимизга кирсалар: «Маъофийр
(ўзи лаззатли, аммо саримсоққа ўхшаган бадбўй таом) едингизми», деймиз деб
келишиб оладилар ва Расулуллоҳ олдиларига кирганларида ҳар иккалалари ўша сўзни
айтадилар. Шунда ҳар қандай бадбўй ҳидни ёмон кўрадиган пайғамбаримиз: «Йўқ, мен
фақат Зайнабнинг олдида асал шарбати ичган эдим», деб қайта асал тановул
қилмасликка қасам ичганларида юқоридаги оят нозил бўлади.

Дарвоқе, Аллоҳ сизлар учун (маълум миқдорда каффорат-эваз тўлаб)
қасамларингиздан қутулиб чиқишни буюрган-ку. Аллоҳ ҳожаларингиздир. У
билгувчидир ва ҳикмат соҳибидир.

Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни Ҳафсага) бир сўзни пинҳона
айтганини эсланг! Энди қачонки
(Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага)
хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида пайғамбарни Ҳафсанинг
қилмишидан) воқиф қилгач у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг)
баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди-билдирмади. Бас, қачонки
(пайғамбар Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар
бергач, у: «Ким сизга бу хабарни берди?» деган эди,
(пайғамбар) «Менга
билгувчи ва хабардор зот хабар берди», деди.
(Эй Ҳафса, Оиша) агар сизлар
(бу қилмишларингиз учун) Аллоҳга тавба қилсангизлар (ўзларингизга
яхшироқ бўлур). Чунки сизларнинг дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди!
(Аммо) агар сизлар (пайғамбарнинг) зиёнига (яъни у зот билан
аёллари ўртасини бузадиган ишлар устида) бир-бирингизга ёрдам берсангизлар, у
ҳолда шак-шубҳасиз Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўминлар ҳам унинг
мададкоридирлар. Яна, булардан кейин фаришталар ҳам
(пайғамбарга)
ёрдамчидир. Эҳтимол Парвардигори агар у сизларни талоқ қилса
унга сизлардан яхшироқ жуфтларни муслима, мўмина (Аллоҳ ва Унинг
пайғамбарига) итоат этувчи тавба-тазарру қилувчи, обида (мудом Аллоҳнинг
йўлида) кетувчи жувон ва қизларни алмаштириб берур» (Таҳрим: 1-5).

Кўпхотинлилик мавзусини чўзиб ўтиришга ҳожат йўқ, аслида. Европа халқлари
ҳаётини кузатган, ушбу асосдан юз ўгиришлари оқибатида улар бошдан кечираётган
аламлар, изтироб ва бахтсизликлардан хабардор бўлган, улар содир этаётган фаҳшу
разолат ва жиноятларга ҳамда уларнинг бошига келаётган балою офатларга гувоҳ
бўлган инсон учун мана шу нарсаларнинг ўзи ҳам Исломдаги кўпхотинлилик асосининг
нақадар адолатли низом эканига етарлича далил бўлади. Албатта, бу нарсаларда
қалб кўзи очиқ ва ақлли кишилар учун ибратлар бор.

Кўринишлари ва хулқ-атворлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васфидан қалам ожиз бўладиган даражада
гўзал қадду-қомат ва мукаммал одоб-ахлоқ билан ажралиб турардилар. Бунинг
таъсирида қалблар у зотни улуғлаш билан тўлиб-тошар, одамларнинг у зотни
асраб-авайлаш ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишлари борасида дунёда бошқа бирон кишига
насиб қилмаган мартабага эришган эдилар. Атрофларида яшаб турган кишилар у зотни
телбавор севишар, у зотга тирноқча заҳмат етиши ўрнига ўз бўйинлари
синдирилишига рози бўлишар эди. Башар авлодидан бирон кимсага ато этилмаган ва
фақат ўзларига хос бўлган камолот сифатлари у зотни одамларга шу қадар суюкли
қилиб қўйган эди. Қуйида биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг камолу
жамолларини тўла ифодалаб беришга ожизлигимизни эътироф этган ҳолда, шу ҳақда
келган ривоятларни қисқача баён қиламиз.

Ташқи кўринишларининг гўзаллиги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб бораётганларида
Умму Маъбад ал-Хузоия исмли аёлнинг чодири ёнида бир тўхтаб ўтгандилар. Ўша аёл
эрига у зотни қуйидагича таърифлаган эди: «Ғоят кўркам, юзларидан нур ёғилиб
турувчи, гўзал хулқли, боши ва қорнини на катталик, на кичиклик билан айблаб
бўлади, ҳусндор ва гўзал, кўз қорачиғи тим қора, киприклари узун, овозларида
бироз майинлик бор, бўйни салгина узун, кўзининг оқи тиниқ оқ, қошлари камон,
сочлари қоп-қора, сукут сақлаганида виқор, сўзлаганида эса кўркамлик балқиб
туради, узоқдан қараганда ғоят келишган ва кўркам, яқиндан кўрганда ғоят гўзал
ва ёқимли, сўзлари ширин ва дона-дона, сергап ҳам, камгап ҳам эмас, сўзлари
худди ипга терилган мунчоқдек, ўртабўйли, кўрган киши на пакана ва на дароз деб
айблай олади, икки новда ўртасида турган энг чиройли ва кўркам бўлиб турган
учинчи новда, ёнида ҳамроҳлари ҳам бор, улар унинг сўзларига жим туриб қулоқ
солишади ва буйруқларини бажаришга ошиқишади, улар унинг амрига мунтазир бўлиб,
ёнидан нари кетишмайди, у қовоқ уювчи ҳам, бировни камситувчи ҳам эмас».[3]

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
васфларини мана бундай таърифлаган эди: «У зотнинг бўйлари ўта узун ҳам, ўта
паст ҳам эмас, ўрта бўйли эдилар. Сочлари ўта жингалак ҳам, ўта силлиқ ҳам эмас,
жингалаклик ва силлиқлик ўртасида эди. Баданлари семиз ҳам, юзлари гўштдор ва
дум-думалоқ ҳам эмас эди. Юзлари бироз думалоқликка мойил, тиниқ оқ эди.
Кўзларининг қорачиғи тим қора, киприклари узун, елка ва бўғин суяклари катта,
кўкракларидан қоринларигача майин ва энсиз тук билан қопланган, баданлари жундор
эмасди. Оёқ-қўллари залворли, юрганда худди қияликдан тушиб келаётгандек салобат
билан юрардилар. Ўгирилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун гавдалари билан бурилар
эдилар. Икки кифтлари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор эди, у зот охирги
пайғамбар эдилар. У зот ғоят қўли очиқ, ниҳоятда журъатли, ўта ростгўй, аҳдига
вафодор, хулқ-атвори мулойим, ўта самимий инсон эдилар. Дастлаб кўрган кишини
ҳайбатлари босар, яқиндан таниган одам эса у кишини яхши кўриб қоларди. У зот
ҳақларида сўзлаган одам: «Мен у зотдан аввал ҳам, кейин у кишига ўхшаганини
кўрмадим», дер эди».[4]

Бир ривоятда Алий розияллоҳу анҳу айтади: «Бошлари катта, бўғин суяклари
йўғон, кўкракдан қорингача чўзилган майин тукли, юрганда қияликдан тушиб
келаётгандек зарб билан юрардилар».[5]

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг оғизлари каттароқ,
кўзларининг оқида бироз қизиллик бор, оёқ кафтлари гўштсизроқ эди».[6]

Абут-Туфайл розияллоҳу анҳу айтади: «Оппоқ, кўркам юзли, ўрта бўйли
эдилар».[7]

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Кенг елкали, тиниқ рангли эдилар,
ранглари жуда оқ ҳам, қора ҳам эмас эди. Соч-соқолларидаги оқ туклар сони
йигирматага ҳам бормасди».[8]

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу яна: «Икки чаккаларида бир оз оқ толалар бор
эди», деган. Бошқа бир ривоятда эса: «Бошларида (яъни сочларида) озгина оқи бор
эди, холос», дейди.[9]

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг пастки лаблари остида, соқолларида бир озгина оқини кўрдим».[10]

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу айтади: «Соқолларида бир нечагина оқ
толалари бор эди».[11]

Бароъ розияллоҳу анҳу айтади: «Хушқад, кенг елкали эдилар, сочлари
қулоқларининг юмшоғига етарди. Мен у зотни қизил ҳуллада[12] кўрдим, у кишидан
кўра чиройлироқ инсонни асло кўрмаганман».[13]

Олдинлари аҳли китобларга мувофақат қилишни истаб, сочларини пешоналарига
тушириб юрардилар, кейинчалик бошларида фарқ очиб юрадиган бўлдилар.[14]

Бароъ розияллоҳу анҳу айтади: «Одамларнинг энг гўзал юзлиси ва гўзал хулқлиси
эдилар».[15]

Ундан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қиличдекмиди?»»,
деб сўрадилар. У: «Йўқ, ойдек эди», деб жавоб берди. Бир ривоятда: «Юзлари
думалоқроқ эди», деди.[16]

Рубаййиъ бинт Муаввиз розияллоҳу анҳо айтади: «Мен у зотни кўрсам, порлаб
турган қуёшни кўргандек бўлардим»[17].

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «Мен у зотни ойдин кечада кўрдим.
Эгниларида қизил ҳулла (либос) бор эди. Мен бир ойга, бир Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва салламга қарардим. Назаримда у киши ойдан-да гўзалроқ эдилар».[18]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламдан гўзалроқ бирон кимсани кўрмадим. Гўё қуёш у кишининг юзларида юргандек
бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра тезроқ юрувчи бирон
кишини кўрмадим. Гўё ер у киши учун йиғилиб келгандек бўларди. Биз қийналиб,
ҳансираб қолардик, у зот эса хотиржам кетаверар эдилар.[19]

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Хурсанд бўлсалар, юзлари ойдек ёришиб
кетарди».[20]

Бир марта Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурида оёқ кийимларини ямаб ўтириб
терлаб кетдилар. Оиша ип йигириб ўтирарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг юзларидан нур ёғила бошлади. Буни кўрган Оиша ҳайратланиб деди:
«Аллоҳга қасамки, агар ҳозир сизни Абу Кабир ал-Хузалий кўрганида эди, ўзининг
мана бу шеърига ҳаммадан кўра сизнинг ҳақлироқ эканингизни билган бўлар
эди:

Боқсанг унинг нур ёғилган юзига

Чақмоқда ёришган оқ булут дейсан».[21]

وإذا نظرت إلى أسرة وجهه
برقت كبرق العارض المتهلل

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотни кўрган чоқ шундай дердилар:

Яхшиликка чорлар Амин Мустафо

Зулматни ёритган ойдек мусаффо.[22]

أمين مصطفى بالخير يدعو
كضوء البدر زايله الظلام

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Зуҳайрнинг Ҳарим ибн Синон ҳақида айтган қуйидаги
шеърини ўқирди:

لو كنت من شيء سوى البشر
كنت المضيء لليلة البدر

Агар бўлмасайдинг фарзанди башар,

Бўлардинг ойдинда нур сочган қамар.

Сўнгра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай эдилар», дерди.[23]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазаблансалар, юзлари қизариб кетар,
гўё ёноқларига анор сиқиб қўйилгандек бўлиб кетарди.[24]

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «Болдирлари бироз ингичка эди.
Кулсалар фақат табасум қилиб қўярдилар. У зотнинг юзларига боқиб, кўзларига
сурма тортилган деб ўйлардим, аслида сурма қўйилмаган бўларди».[25]

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг тишлари жуда чиройли
эди».[26]

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Курак тишларининг ораси очиқ бўлиб,
гапирган пайтларида тишлари орасидан нур таралаётгандек бўларди».[27]

«У зотнинг бўйинлари кумушдек соф, худди чизилган суратнинг бўйнидек,
қовоқларининг четлари эгикроқ, соқоллари қалин, пешоналари кенг, қошлари ингичка
ва ёйсимон бўлиб, бирـбирига туташмаган, бурунлари нозик ва узунроқ, ёноқлари
текис, бўғизлари остидан киндикларигача чўзилган майин туклардан ташкил топган
узун чизиқ бўлиб, қоринларида ҳам, кўкракларида ҳам бошқа жунлари бўлмаган. Елка
ва билаклари жундор, қоринлари билан кўкраклари бир текис, кўкраклари кенг,
билакларининг кафтга яқин қисми узун, кафтлари кенг, болдир ва билаклари
залворли, товонларининг ерга тегмайдиган қисми аниқ билиниб турувчи,
қадамларининг учлари чўзинчоқ, юрсалар шаҳдам қадам ташлаб, енгил юрар эдилар.[28]

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
кафтларидан кўра мулойимроқ бўлган на ипак, на бошқа нарсани ушламадим ва
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўйидан кўра хушбўйроқ бирон ҳидни
топмадим». Бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидларидан
ёки бўйларидан кўра хушбўйроқ на мушк, на анбар ва на бошқа бирон хушбўйлик
топмадим».[29]

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг қўлларини олиб, юзимга босдим.
Қўллари қордан-да муздек ва мушкдан-да хушбўйроқ эди».[30]

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу болалик пайтини эслаб айтади: «Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзимни силадилар, қўлларида салқинлик ёки
хушбўйликни ҳис қилдим, уларни гўё атторнинг қутисидан чиқаргандек эдилар».[31]

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Терлари маржондек эди. (Онам) Умму Сулайм: «У
(яъни терлари) хушбўйларнинг хушбўйи», деди».[32]

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Бир йўлдан юриб ўтган бўлсалар, у зотдан кейин
шу йўлдан юрган одам хушбўй ҳидларидан – ёки терларининг хушбўй ҳидидан – у
зотнинг бу ердан ўтганини билиб оларди».[33]

Икки кураклари орасида терилари рангида кабутар тухумидек катталикда
хотамун-нубувват (пайғамбарлик муҳри) бор эди, у чап куракларининг тепа қисмида
бўлиб, устида бўртиб чиққан дона-дона холлар бор эди.[34]

Руҳий камолотлари ва олий ахлоқлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларининг фасоҳати ва сўзларининг
балоғатида ҳам бошқалардан яққол ажралиб турардилар ва бу борада энг афзал
мақомда ва энг олий ўринда эдилар. Таъблари етук, тиллари равон, сўзлари
таъсирли ва маънолари равшан ҳамда ортиқча такаллуфдан холи бўлиб, пурмаъно
сўзлар ато этилган ва гўзал ҳикматлар билан хосланган эдилар. Арабларнинг
лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳлига уларнинг лаҳжасида хитоб қилар
ва уларнинг тилларида сўзлар эдилар. У зотда бадавийларга хос сўзамоллик ва
чиройли гапириш ҳамда шаҳарликларга хос аниқ-тиниқ иборалар қўллаб, сермазмун
сўзлаш жамланган бўлиб, бу борада, албатта, ваҳий орқали илоҳий мададга ҳам эга
эдилар.

У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳалимлик, чидамлилик, қодир бўла туриб кечириб
юбориш, азиятларга сабр қилиш сифатлари билан одоблантирган эди. Ҳар қандай
ҳалим одамдан ҳам гоҳо сабр косаси тўлиб, чидаёлмай қолиши ҳоллари учраб туради.
Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор кучайгани сари у зотнинг
сабрлари зиёда бўлиб борди, жоҳилларнинг жаҳолати кучайгани сари у зотнинг
ҳалимликлари ошиб борди. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам қачон икки иш ўртасини танлашга ихтиёрли бўлсалар, модомики
гуноҳ бўлмаса енгилроғини олардилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқ одам
бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун ўч олмаганлар,
фақат Аллоҳнинг ҳурматлари поймол этилса, Аллоҳ учун ўч олардилар».[35] У зот одамларнинг
энг ғазабдан узоқроғи ва розиликка энг шошувчироғи эдилар.

Саховат ва жўмардликда тенгсиз эдилар, фақирликдан хавфи йўқ кишининг
улашишидек улашардилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар.
Рамазонда Жибрил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб
кетардилар. Жибрил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан
Рамазоннинг ҳар кечаси учрашарди ва у билан Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан
ҳам тез эди».[36]

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «У зотдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон йўқ
демасдилар».[37]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам журъат, шижоат, мардлик каби
сифатларда тутган ўринлари ҳам маъруф ва машҳур. У зот энг шижоатли кишилардан
эдилар. Жанг майдонларида бир неча бор манаман деган жасур ва шижоатли кишилар
ҳам ташлаб қочган оғир лаҳзаларда ҳам мардонавор турганлар, олдинга интилиб,
ортга чекинмай, саросимага тушмай, душманга қарши жанг қилганлар. Ваҳоланки, ҳар
қандай жасур қаҳрамондан ҳам бир ёки бир неча бор жанг майдонидан чекиниш содир
бўлади. Алий розияллоҳу анҳу айтади: «Жанг қизиб, ҳолатлар танглашган ва
даҳшатдан кўзлар қизарган пайтларда биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг орқаларига ўтиб, жон сақлар эдик. Бирон бир одам у кишидан кўра
душманга яқинроқ бўлмас эди».[38] Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мадина аҳли бир
кеча ногаҳоний бир товушдан ҳузурсиз бўлди. Шунда одамлар овоз томонга қараб
юрдилар. Улар йўлда ортга қайтаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга
йўлиқдилар. У зот Абу Талҳанинг отини яйдоқ миниб, бўйинларида қиличлари билан,
ҳодиса хабарини билиб, қайтаётган эканлар. Одамларга: «Қўрқманглар, қўрқманглар,
ҳеч гап йўқ!», дедилар».[39]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёлари ҳам жуда кучли бўлиб,
бировларга тик боқмас эдилар. Абу Саид ал-Худрий айтади: «Чимилдиқдаги
келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бирон нарсани ёқтирмасалар, юзларидан
билинарди. Бировнинг юзига тик қараб турмасдилар, кўзларини ерга тикиб
турардилар. Ерга боқиб туришлари осмонга қарашларидан кўпроқ бўларди. Назарлари
асосан мулоҳазадан иборат бўлар, ҳаёлари кучлилигидан ва олижанобликлари туфайли
бировга у ёқтирмайдиган сўз билан мурожаат қилмасдилар, бировдан ўзларига
ёқмаган бирон иш содир бўлса, унинг номини атамасдан: «Одамларга нима бўлдики,
шундай ишни қилишаяпти?!», дердилар.

Фараздақнинг қуйидаги байтлари у зот шаънига энг муносиб келар эди:

Ерга тикар ҳаёла, маҳобатла кўзини

Табассумла сўзлагай ҳар бир айтган сўзини.

يغضي حياء ويغضي من مهابته
فــلا يكلـم إلا حيـن
يبتسـم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг адолатлиси, энг
иффатлиси, энг ростгўйи, энг омонатлиси эдилар. Буни у зотнинг душманлари ҳам
тан олишарди. Пайғамбар бўлишларидан илгариёқ «Амин» (омонатли) деб ном
олгандилар. Ҳали Ислом келмасидан, жоҳилият даврида ҳам одамлар у кишини ўз
можароларига ҳакам қилиб, ҳузурларига келишарди. Имом Термизий Алий розияллоҳу
анҳудан келтирган ривоятда Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
«Биз сени ёлғончи санамаймиз, лекин сен келтирган нарсани инкор қиламиз», деган
эди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки
бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар»
(Анъом: 33) оятини нозил
қилди.[40]

Ҳирақл Абу Суфёндан: «Сизлар уни шу айтаётган сўзларини айтишидан олдин
ёлғончиликда айблармидингиз?» деб сўраганида у: «Йўқ», деб жавоб берганди.

У зот ғоят тавозеъли, кибрдан узоқ киши эдилар. Ўзлари учун одамларни
подшоҳлар учун тургандек туришдан қайтарардилар. Мискинлар ҳолидан хабар
олардилар, камбағал-мискинлар билан бирга ўтирардилар, қулнинг чорловини ҳам
қабул қилардилар, асҳоблари ичида улардан бири каби ўтирардилар. Оиша розияллоҳу
анҳо айтади: «Ўз пойабзалларини ямар, кийимларини тикар, сизлардан бирингиз ўз
уйида нима ишларни қилса, у зот ҳам шуни қилардилар. Оддий инсон эдилар,
кийимларини ўзлари тозалар, эчкиларини соғар, ўз юмушларини ўзлари қилар
эдилар».[41]

У зот аҳдларга энг вафодор, қариндошлар билан алоқани энг ўрнига келтирувчи,
одамларга энг шафқатли, энг меҳрибон ва энг раҳмдил, муомала борасида энг
одобли, хулқ-атвор жиҳатидан энг оддий, ёмон ахлоқлардан энг узоқ киши эдилар.
Ёмон ишларни қилувчи, ҳаёсиз сўзларни сўзловчи, бозорларда шовқин қилувчи эмас
эдилар. Ёмонликка ёмонлик қайтармас, балки авф қилар ва кечирар эдилар. Бирон
кишини ўз ортларидан юришга қўймасдилар. Ейиш-ичишда ҳам, кийим-кечакда ҳам
қул-чўриларидан юқори бўлмасдилар. Ўзларига хизмат қилган кишига хизмат қилар,
ходимларига ҳеч қачон «уфф» демасдилар. Уларни бирон ишни қилгани ёки қилмагани
учун койиб, уришмас эдилар. Мискинларни яхши кўрар, улар билан суҳбатлашиб
ўтирар, жанозаларида иштирок этар эдилар, камбағални камбағаллиги учун камситмас
эдилар. Сафарларидан бирида қўй сўйиб, таом ҳозирлашга буюрдилар. Шунда бир
киши: «Мен сўяман», деди. Бирови: «Мен терисини шиламан», деди, яна бирови: «Мен
пишираман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ўтин териб
келаман», дедилар. Улар: «Сиз қўяверинг, ўзимиз кифоя қиламиз», дейишди. «Кифоя
қилишларингизни биламан. Лекин, сизлардан ажралиб туришни истамайман. Зеро,
Аллоҳ таоло бандасини шериклари ичида ажралиб кўриниб туришини ёқтирмайди»,
дедилар, сўнг туриб, ўтин териб келдилар.[42]

Ҳинд бинт Аби Ҳоланинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таърифлаб
айтган сўзларига қулоқ тутайлик, у жумладан, шундай дейди: «Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиддий ва серташвиш, доим фикрга чўмган инсон
эдилар, роҳат нималигини билмасдилар, керагидан ортиқча сўзламасдилар, кўп сукут
сақлардилар. Гапирганда оғизларини очиб, бошидан охиригача аниқ-тиниқ қилиб
гапирардилар, оғизларининг чети билан гапирмасдилар, дона-дона қилиб, ортиқча
чўзмай, жуда қисқа ҳам қилмай, сермазмун ва пурмаъно иборалар билан сўзлардилар,
беписанд ва таҳқирловчи сўзлардан йироқ эдилар. Озгина неъматни ҳам кўп
санардилар, бирон нарсани камситмас, таомни айбламас ва мақтамас ҳам эдилар.
Агар бирон нарса ҳаққа зид келиб қолса, то уни ўз ўрнига келтирмагунча у зотнинг
ғазабларига ҳеч нарса бас келолмасди. Ўз шахсиятлари учун ғазабланмас ва ўз
манфаатлари учун бировдан устун келмас эдилар. Ишора қилмоқчи бўлсалар, кафтлари
билан тўла ишора қилардилар. Ажаблансалар, кафтларини айлантирар, ғазаблансалар,
юз ўгирар ва қўлларини силтаб қўяр эдилар. Хурсанд бўлсалар, кўзларини
юмардилар, кулгилари табассумдан иборат бўлиб, тишлари дўл доначаларидек бўлиб
кўринар эди. Кераксиз сўзлардан тилларини тияр эдилар. Асҳобларини яқин
олардилар, уларни бир-бирларидан фарқламас эдилар. Ҳар бир қавмнинг улуғини
ҳурматлар ва уни ўз қавмига бошлиқ қилиб тайинлар эдилар. Одамларга ҳушёр
қарардилар, улардан ҳеч бир кишига бирон ёмонлик қилмаган ҳолда эҳтиёт чорасини
кўриб қўяр эдилар.

Асҳобларини йўқлаб турардилар, одамларнинг аҳволи ҳақида одамлардан
сўраб-суриштириб турардилар. Яхшиликни яхши санар ва унга рағбатлантирар,
ёмонликни ёмон санаб, унинг пайини қирқишга ҳаракат қилар эдилар. Ишлари
мўътадил, ихтилофдан узоқ эди. Одамларнинг ғафлатга тушишидан ёки малолланиб
қолишидан ташвиш қилиб, доим ҳушёр турардилар. Ҳар қандай ҳолат учун
тайёргарликлари бор эди. Ҳақдан қосирлик қилмасдилар, ҳақдан бошқасига ўтиб ҳам
кетмасдилар.

У зотнинг ёнларига энг яхши одамлар жамланган эди. У зотнинг наздларида
одамларнинг энг яхшилари энг холис насиҳат қилувчилари, даражаси энг улуғлари
эса бировларга ҳамдард ва қўллаб-қувватловчи бўлувчилари эди.

У зотнинг ўтиришлари ҳам, туришлари ҳам фақат зикр билан бўлар эди. Ўзлари
учун хос жой тайёрлатмасдилар, мажлисларда қаер бўш бўлса, ўша ерга ўтирардилар
ва одамларни ҳам шунга буюрардилар. Суҳбатдошларидан ҳар бирига етарлича аҳамият
қаратар, улардан ҳеч бири бошқа бировни у зотга ўзидан кўра яқинроқ санамас эди.
Қай бир одам бирон ҳожати юзасидан у зот билан бирга ўтириб ё туриб сўзлашиб
қолса, то у одам ўзи кетмагунича сабр қилиб турардилар. Биров бир нарса сўраса,
унга албатта сўраган нарсасини бериб ёки ҳеч бўлмаса, ширин сўз билан қайтарар
эдилар. Ҳаммага бирдек бағри кенглик билан муомала қилар, одамларга меҳрибон
отага айланиб қолган эдилар. У зотнинг наздларида ҳамма одамлар ҳақ олдида
баробар бўлиб, фақат тақволари билангина бир-бирларидан афзал бўла
олардилар.

Мажлислари ҳалимлик, ҳаё, сабр ва омонат мажлиси бўлиб, унда овозлар
кўтарилмас, ҳурматлар камситилмас, бир-бирларига тақво билан меҳр кўрсатишар,
каттани ҳурмат қилиб, кичикка раҳм қилишар, ҳожатмандга кўмак қўлин чўзишар,
ғарибнинг кўнглини овлашар эди.

Очиқ чеҳра, хушфеъл ва хушмуомала эдилар. Қўпол, тошбағир, бақироқ, оғзи
шалоқ, таънакор ва маддоҳ эмасдилар. Кўнгиллари истамаган нарсага рағбат
билдирмасдилар. Ўзларини уч нарсадан: риёдан, бойликдан ва кераксиз нарсани
сўзлашдан ажратган эдилар. Одамларни уч нарсада тарк қилгандилар: бировни
мазаммат қилмасдилар, уялтирмасдилар, айбини қидирмасдилар. Фақат савобидан
умидвор бўладиган ўринлардагина гапирардилар. Сўзласалар, суҳбатдошлари худди
бошларига қуш қўниб тургандек қимирламай қулоқ солишарди, у зот сукут қилиб
тургандагина гапиришарди. У зотнинг олдиларида низолашмасдилар, бир киши гапириб
бўлгунича бошқалари жим қулоқ солишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
асҳоблари кулган нарсадан кулардилар, улар ажабланган нарсадан ажабланардилар,
бегона одамнинг қўпол гапларига сабр қилардилар. «Ҳожатманд одамнинг бирон нарса
сўраб турганини кўрсангиз, унга инъом-эҳсон қилинглар», дердилар, мақтовни фақат
яхшиликка жавоб тариқасида бўлишини талаб қилардилар.[43]

Хорижа ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва
саллам виқор билан ўтирардилар, йиғиштириниб ўтирганларидан бирон аъзолари
ортиқча чиқиб турмасди. Кўп сукут қилардилар, заруратсиз ўринда сўзламасдилар,
ноўрин гапирган одамдан юз ўгирардилар. Кулгилари табассум эди, гаплари
дона-дона, ортиқча ҳам, кам ҳам бўлмасди. Асҳоблари ҳам у зот ҳузурларида
кулсалар, у зотнинг ҳурматлари учун ва у зотдан ўрнак олиб, фақат табассум
қилишарди.[44]

Хуллас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беназир камолот сифатлари билан
безанган зот эдилар. Парвардигорнинг Ўзи у зотга одоб берган ва одобларини
чиройли қилган эди. Аллоҳ таоло у зотни мақтаб: «Албатта сиз улуғ Хулқ
устидадирсиз»
(Қалам: 4) деб марҳамат қилган эди. Мана шу улуғ хислатлар у
зотни дилларга яқин ва қалбларга суюмли қилган, кўнгиллар унга қараб
талпинадиган йўлбошчига айлантирган эди, қавмларининг душманчилигини юмшатиб,
одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб киришларига сабаб бўлган эди.

Биз санаб ўтган бу хислатлар у зотнинг олий сифатлари ва камолот
кўринишларидан қисқагина сатрлар, холос. Аслида, у зотнинг улуғ хислатлари ва
буюк сифатлари моҳияти идрок этиб бўлмас даражада олий ва тубига етиб бўлмас
даражада чуқурдир. Парвардигорнинг нури билан зиёланиб, камолотнинг энг олий
чўққисига эришган ва хулқи Қуръонга айланган, борлиқдаги энг буюк бу инсоннинг
моҳиятини ким ҳам тўла ёритиб бера оларди?!

Эй пок Парвардигор! Иброҳимга ва унинг аҳли оиласига салавоту раҳмат
ёғдирганинг каби Муҳаммадга ва унинг аҳли оиласига ҳам салавоту раҳмат ёғдиргин.
Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан.

Эй пок Парвардигор! Иброҳимга ва унинг аҳли оиласига хайру баракот ато
этганингдек Муҳаммадга ва унинг аҳли оиласига ҳам хайру баракот ато этгин.
Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан.

Софийюрраҳмон Муборакпурий
Ал-жомиъатус-салафия, Банорас, Ҳиндистон
Ўзбек тилига таржимаси 14 рамазон 1429-ҳижрий (14.09.2008) ниҳоясига
етди.

[1] Зодул маод:
1/29.

[2] Саҳиҳул Бухорий:
2/956.

[3] Зодул маод:
2/54.

[4] Ибн Ҳишом: 1/401,
402, Жомиут Термизий: 4/303.

[5] Жомиут Термизий:
4/303.

[6] Саҳиҳ Муслим:
2/258.

[7] Саҳиҳ Муслим:
2/258.

[8] Саҳиҳул Бухорий:
1/502.

[9] Саҳиҳул Бухорий:
1/502, Саҳиҳ Муслим: 2/259.

[10] Саҳиҳул
Бухорий: 1/501, 502.

[11] Саҳиҳул
Бухорий: 1/502.

[12] Ҳулла – икки
қисмдан: елкага ташланадиган ридо ва белдан пастига ўраладиган изордан иборат
кийим (мато).

[13] Саҳиҳул
Бухорий: 1/502.

[14] Саҳиҳул
Бухорий: 1/503.

[15] Саҳиҳул
Бухорий: 1/502, Саҳиҳ Муслим: 2/258.

[16] Саҳиҳул
Бухорий: 1/502, Саҳиҳ Муслим: 2/259.

[17] Доримий
ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/517.

[18] Термизий
(Шамоил: 2-бет) ва Доримий ривоятлари, Мишкотул масобийҳ: 2/518.

[19] Жомиут
Термизий: 4/306, Мишкотул масобийҳ: 2/518.

[20] Саҳиҳул
Бухорий: 1/502.

[21] Ибн Асокир:
Таҳзибу тарихи Димашқ: 1/325.

[22]
Хулосатус-сияр: 20-бет.

[23]
Хулосатус-сияр: 20-бет.

[24] Мишкотул
масобийҳ: 1/22, Имом Термизий ривояти: 2/35.

[25] Жомиут
Термизий: 4/306.

[26] Имом Муслим
ривояти: 3/1107 (1479-ҳ).

[27] Доримий
ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/518.

[28]
Хулосатусـсияр: 19, 20-бетлар.

[29] Саҳиҳул
Бухорий: 1/503, Саҳиҳ Муслим: 2/257.

[30] Саҳиҳул
Бухорий: 1/502.

[31] Саҳиҳ Муслим:
2/256.

[32] Саҳиҳ Муслим:
2/256.

[33] Доримий
ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/517.

[34] Саҳиҳ Муслим:
2/259, 260.

[35] Саҳиҳул
Бухорий: 1/503.

[36] Саҳиҳул
Бухорий: 1/502.

[37] Саҳиҳул
Бухорий: 1/502.

[38] Қози Иёз,
«Аш-шифо»: 1/89, сиҳоҳ ва сунан асҳобларидан ҳам шу мазмундаги ҳадислар ривоят
қилинган.

[39] Саҳиҳ Муслим:
2/252, Саҳиҳул Бухорий: 1/407.

[40] Мишкотул
масобийҳ: 2/521.

[41] Мишкотул
масобийҳ: 2/520.

[42]
Хулосатус-сияр: 22-бет.

[43] Қози Иёз,
Аш-шифо: 1/121-126, шунингдек, Термизий, Шамоил.

[44] Қози Иёз,
Аш-шифо: 1/107.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.