Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

04. Ота-онанинг фарзанд устидаги ҳақлари

Ота-онага яхшилик қилиш, чиройли муомала қилиш, улар билан доим алоқада
бўлиш, алоқани узмаслик, уларга тавозели бўлиш, яхши ишларда уларга осий
бўлмаслик уларнинг фарзанд устидаги ҳақларидандир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага
яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг
(ота-онангизнинг) бирови
ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф»
тортма
[1] ва уларнинг
(сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун,
меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим,
мени
(улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга
раҳм-шафқат қилгин», деб
(ҳақларига дуо қил) (Исро: 23-24).

«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!
Ота-онангизга… яхшилик қилингиз!»
(Нисо: 36).

«Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик.
Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди
(яъни қорнидаги
ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни
(кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга
буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!»
Агар улар
(яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик
қилишга зўрласалар у ҳолда уларга итоат этма! Уларга
(гарчи кофир
бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган
кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра
(яъни қиёмат кунида) Ўзимга
қайтурсизлар, бас, мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини
берурман»
(Луқмон: 14-15).

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик (яъни ота-она ҳоҳ
яхши, ҳоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш
фарзанднинг бурчидир, аммо) агар улар сен ўзинг билмаган нарсаларни
(яъни сохта «худо»ларни) Менга шерик қилишинг учун зўрласалар, у ҳолда уларга
итоат этмагин!
(Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас (ана ўша кунда)
Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман»[2] (Анкабут:
8).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу
алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, қайси амал Аллоҳга энг суюмли?» деб сўрадим.
У зот: «Вақтида ўқилган намоз» дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Ота-онага яхшилик
қилиш» дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш» дедилар
(Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам айтдилар: «Фарзанд отасининг ҳаққини ҳеч қачон ўтай олмайди, фақат
қачонки уни қул ҳолда топса ва сотиб олиб, озод қилсагина ўташи мумкин» (Муслим
ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига жиҳодга боришга рухсат сўраб келган эди,
у зот: «Ота-онанг ҳаётми?», деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «Унда сен ўшалар ҳаққида
жиҳод қил (яъни, уларнинг розилигини топишга қаттиқ ҳаракат қил)», дедилар
(Муттафақун алайҳ).

Абу Саид розияллоҳу анҳу ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ота-онанг ҳузурига қайтиб, улардан изн сўра. Агар изн берсалар жиҳодга чиқ,
бўлмаса (хизматларини қилиш билан) уларга яхшилик қил», дедилар[3] (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким
ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, мен сиз билан
ҳижратга байъатлашиш учун келдим. Лекин ота-онамни йиғлаган ҳолда қолдирдим»,
деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар ҳузурига қайтиб, уларни
қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин», дедилар[4] (Саҳиҳ сунан ан-Насоий
3881).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи
ва саллам ҳузурларига келиб: «Мен сизга ҳижрат ва жиҳод қилишга байъат бериш
учун келдим, Аллоҳдан ажр истайман», деди. «Ота-онангдан бирорталари ҳаётми?»,
деб сўрадилар. «Ҳа, иккалови ҳам ҳаётлар», деб жавоб берди. «Аллоҳдан ажр
истайсанми?», дедилар. «Ҳа», деди. «Ота-онанг олдига қайтиб, уларга гўзал
муомалада бўл», деб буюрдилар (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам: «Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!», дедилар. «Ким ё Расулуллоҳ?»
деб сўралди. «Ким ота-онасидан бирини ёки ҳар иккаласини кексайган пайтларида
топса-ю, (уларни рози қилмагани сабабли) жаннатга кирмаса», дедилар (Муслим
ривояти).

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб айтдилар: «Жибрийл келиб: «Эй Муҳаммад, ким
ота-онасидан бирини топган бўлса-ю, (уларни рози қилмасдан) дўзахга кирган
бўлса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «омийн» денг» деган эди, «омийн» дедим (Табароний
ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2491).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятида: «Ким ота-онасини ёки улардан бирини
топган бўлса-ю, уларга яхшилик қилмасдан вафот этиб дўзахга кирган бўлса, Аллоҳ
уни узоқ қилсин, «омийн» денг» деган эди, «омийн» дедим. (Ибн Ҳиббон ривояти,
Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2492).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоятида: «Ким ота-онасини ёки улардан бирини
топган бўлса-ю, уларга яхшилик қилмаган бўлса, дўзахга кирсин ва Аллоҳ уни узоқ
қилсин» деган эди, «омийн» дедим. (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб
ват-тарҳиб: 2495).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорнинг розилиги отанинг розилигидадир,
Парвардигорнинг ғазаби отанинг ғазабидадир» (Термизий ва бошқалар ривояти,
Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2501).

Бир ривоятда: «Парвардигор таборака ва таолонинг розилиги ота-онанинг
розилигида, Аллоҳ таборака ва таолонинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир» (Баззор
ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2503).

Ота-онага яхшилик қилиш – Аллоҳ таолога восита қилинадиган улуғ
амаллардандир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Уч киши йўлда боратуриб, ёмғир
остида қолишди ва тоғ устидаги бир ғорга киришди. Шунда тоғдан бир катта харсанг
думалаб тушиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Улар бир-бирларига: Сизларни бу
харсангдан солиҳ амалларингизни восита қилиб Аллоҳга дуо қилишингизгина
қутқариши мумкин, дейишди. Улардан бирлари деди: «Эй Аллоҳим, менинг кекса
ота-онам бор эди. Мен ҳар куни кечқурун аввал ота-онамга сут соғиб ичирар, сўнг
бола-чақамга берардим. Бир куни бир иш билан ушланиб қолиб, кеч келсам ота-онам
ухлаб қолган эканлар. Уларга сутларини соғиб олиб кирсам ухлашаётган экан.
Уларни уйғотишни истамадим, болаларим оёқларимга ёпишиб йиғлашарди. Улардан
аввал бола-чақамга сут беришни ҳоҳламадим-да, қўлимда коса билан то тонг отгунча
уларнинг уйғонишларини кутиб турдим. Улар уйғонгач сутларини ичдилар. Эй
Аллоҳим, шу ишни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу харсангни
очгайсан.» Шунда харсанг улар чиқиб кетиша олмайдиган даражада бир оз очилди…»
(Муттафақун алайҳ).

Отага нисбатан риоя қилиниши лозим бўлган одоблар

Урвадан ривоят қилинади: Абу Ҳурайра икки кишини кўриб, бирларидан: «Бу киши
сенга ким бўлади?» деб сўради. У: «Отам», деди. Шунда Абу Ҳурайра: «Уни номини
атаб чақирма, олдига тушиб юрма ва ундан аввал ўтирма!», деди
(Саҳиҳул-адабил-муфрад: 32).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирон киши мажлисда ота-бола ўртасига ўтирмасин»[5] (Табароний
ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3556).

Отасининг вафотидан кейин унинг ҳаққига дуо қилиши, унинг номидан садақалар
қилиши, отасининг ёру дўстлари билан борди-келди қилиши, уларни иззат-икром
қилиши фарзанднинг отага нисбатан яхшиликларидан ҳисобланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам айтдилар: «Киши отасининг вафотидан кейин унинг дўсту ёрлари билан
борди-келди қилиши унга қилган энг катта яхшилиги бўлади» (Муслим, Термизий, Абу
Довуд, Аҳмад ривоятлари).

Абу Бурдадан ривоят қилинади: Мадинага келганимда Абдуллоҳ ибн Умар ҳузуримга
келди ва: «Нега олдингизга келганимни биласизми?» деб сўради. Мен: «Йўқ» деб
жавоб бердим. У деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким
қабрда ётган отаси билан силайи раҳм қилишни истаса, отаси ўтганидан сўнг унинг
биродарлари билан алоқа қилсин» деганларини эшитганман. Менинг отам Умар
розияллоҳу анҳу сизнинг отангиз билан биродар эдилар. Мен ўша алоқани тиклашни
истадим» (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2506).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам айтдилар: «Отангнинг дўсти билан алоқа қилишинг яхшиликдандир» (Табароний
«Авсат»да ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 5901).

Абу Усайддан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
олдиларида эдим, Бану Саламалик бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, ота-онам ўтиб
кетишган, ортларидан уларга бирон яхшилик қила оламанми?» деб сўради. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, уларга салот (дуо) йўллайсан, ҳақларига
истиғфор айтасан, қилган аҳдларини ижро қиласан, дўстларини иззат-икром қиласан,
қариндошлари билан алоқа қиласан» дедилар. Ҳалиги одам: «Нақадар кўп ва нақадар
яхши!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шуларга амал қил» дедилар
(Ибн Ҳиббон ривояти, Ҳоким саҳиҳ санаган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Вафотидан сўнг маййитнинг даражаси
кўтарилади. Шунда у: «Эй Роббим! Бунинг сабаби нима?» деб сўрайди. «Фарзандинг
сенга истиғфор айтди» дейилади (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 27).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам дедилар: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта
амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан
ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан (Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, онам
бирон васият қилмай вафот этди, унинг номидан садақа қилсам унга фойдаси
тегадими?» деб сўради. «Ҳа» деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 30).

Ота ўз фарзандидан бошқа бировлар ҳақли бўлмаган нарсаларга ҳам
ҳақли бўлади, фарзанд ва унинг қўлидаги бор мол-мулки отаники ҳисобланади…
Ота-онасининг хизматини қилган кишининг фазли.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам айтдилар: «Берган ҳадя ё совғасини қайтариб олиш ҳеч кимга ҳалол
бўлмайди, фақат ота фарзандига берган нарсасини қайтариб олса жоиз. Ҳадя бериб
кейин қайтариб оладиган одамнинг мисоли еб тўйганидан сўнг қусадиган, кейин ўша
қусуғини яна қайтиб ейдиган итга ўхшайди» (Аҳмад ва «Сунан» соҳиблари ривоят
қилганлар, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 7655).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам дедилар: «Кишининг энг покиза емиши касби ортидан топган (ризқ)идир.
Фарзанди ҳам кишининг касбидандир» (Ибн Можа, Насоий ривоятлари).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам айтдилар: «Кишининг фарзанди унинг касбидан, энг покиза касбидан. Ўз
молларингиздан еяверингиз» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3014).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, менинг
мол-давлатим ва бола-чақам бор. Отамнинг ҳам молимга эҳтиёжи бор» деган эди,
«Сен ҳам, молинг ҳам отангникидир. Фарзандларингиз энг покиза касбларингиздан.
Шундай экан, фарзандларингизнинг касбидан еяверингиз» дедилар (Ибн Можа, Абу
Довуд ривоятлари, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3015).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам айтдилар: «Фарзандларингиз Аллоҳнинг сизларга ҳадясидир, «У Ўзи
хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этади ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя
этади»
(Шўро: 49), улар ҳам, уларнинг моллари ҳам агар эҳтиёжингиз бўлса
сизларникидир» (Ҳоким ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2564).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам айтдилар: «Ким ота-онаси учун саъй-ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлида. Ким
бола-чақаси учун саъй-ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳ йўлида. Ким ўз нафси учун уни
пок сақлаш мақсадида саъй-ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳ йўлида. Ким мол-дунё
кўпайтириш учун саъй-ҳаракат қилса, у шайтон йўлида». Бир ривоятда: «тоғут
йўлида». (Баззор, Табароний, Байҳақий ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа:
3248).

Куфр ва ширк устида бўлган ота-онага яхшилик қилиш

Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам замонларида онам мушрика ҳолида меникига келди. Мен Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Онам (бирон нарса берармикин деган) илинжда
кепти, мен у билан алоқа қилаверайми?», деб сўрадим. «Ҳа, онанг билан алоқа
қилавер», деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Нифоқнинг боши бўлмиш
Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бир дарахт соясида ўтирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам унинг ёнидан ўтиб кетдилар, у: «Абу Кабшанинг ўғли бизга
чангитиб кетди» деди. Шунда унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Сизни иззат-икром қилган ва сизга Китоб туширган
Зотга қасамки, агар сиз истасангиз унинг калласини олиб келаман» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, аксинча, отангга яхшилик қил ва
унга чиройли муомалада бўл» дедилар (Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти,
Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3223).

[1] Киши
ота-онасига жеркиш ва малолланишни ифода этувчи ибораларнинг энг енгили бўлмиш
«уф» деган сўзни айтишики жоиз бўлмас экан, уларни арзимас сабаблар билан уриш
ва ёмон сўзлар билан ҳақоратлашга журъат қиладиган кимсалар ҳақида нима дейиш
мумкин?! Кейинги пайтларда бизга салибчи ғарбдан ёмон бир одат кириб келди.
Яъни, баъзи кимсалар фарзандлик бурчини адо этишдан қочиб – ёки танноз
хотинининг зуғумлари остида – ота-оналарини кексайган пайтларида фарзанду
набираларидан узоққа – қариялар уйларига олиб бориб ташлайдиган
бўлдилар!!

[2] Оят шунга
далил бўладики, ота-онанинг фарзанд устидаги ҳақлари ҳар қанча катта бўлишига
қарамай, уни Аллоҳ таолонинг маъсиятига буюришлари асло жоиз бўлмайди. Чунки
Холиққа маъсият бўладиган ўринда махлуққа итоат қилинмайди. Шунингдек, ҳозирда
кўпчилик ота-оналар фарзандлари бошига бирон кўргилик тушишидан қўрқиб ёки бошқа
арзимас ва номақбул сабаб ва баҳоналар билан қилаётганлари каби уни шаръий фарзу
вожибларни қилмасликка буюрсалар, бунда ҳам уларга итоат этиши жоиз эмас. Зеро
ота-онанинг ғазабидан кўра Аллоҳнинг ғазабини риоя қилиш лойиқроқ.

[3] Ҳадисдан
маълум бўладики, жиҳод фарзи кифоя бўлган ҳолатда ота-онага хизмат ва уларга
яхшилик қилиш билан машғул бўлиш жиҳоддан муқаддам ўринда туради, чунки уларга
яхшилик қилиш фарзи айндир. Фарзи айн эса фарзи кифоядан муқаддам туради. Аммо
жиҳод фарзи айнга айланган ҳолда у шак-шубҳасиз, муқаддам қўйилади.

[4] Бу ва шу
маънодаги ҳадислар ҳижрат мандуб (мустаҳаб) бўлган ва киши ўз диёрида динини
бемалол изҳор қилишга қодир бўлган ҳолатга ҳамл қилинади. Аммо ҳижрат фарз
бўлган ҳолатда Холиқнинг маъсиятида махлуққа тоат қилинмайди.

[5] Ўтиришларда
ота-боланинг ўртасига ўтиришдан қайтаришдаги ҳикмат шу бўлса керакки, ота кўп
ишларда фарзандининг ёрдамига муҳтож бўлади, улар ўртасига бошқа бировнинг
ўтириши ота эҳтиёжини фарзандига осонлик билан етказишига тўсиқ бўлиши мумкин.
Шунингдек, ёнида фарзанди бўлиши ота учун ёқимли ва кўнглига мос иш
бўлади.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.