Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

04.2 Фарзанд устида онанинг ҳақи кўпроқ, фарзандининг чиройли муомаласига она ҳақлироқ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, менинг яхшилгимга ким кўпроқ ҳақли?», деб сўради. «Онанг!» дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Кейин отанг!» дедилар (Муттафақун алайҳ).

Муовия ибн Жоҳима розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Жоҳима розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, мен жиҳод қилишни истаб, сиздан маслаҳат сўраб келдим», деди. «Онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Уни (хизматини) лозим тут. Зеро, жаннат унинг оёқлари олдидадир», дедилар (Аҳмад, Насоий, Байҳақий ривоятлари).

Бир ривоятда: «Уни (хизматини) лозим тут. Зеро, жаннат унинг оёқлари остидадир», дедилар (Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 1249).

Бир ривоятда: «Унинг оёғини маҳкам тут. Жаннат ўша ердадир» (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 1248).

Бир ривоятда: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ота-онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Уларни (хизматини) лозим тут. Зеро, жаннат уларнинг оёқлари остидадир», дедилар (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2485).

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ким она-болани бир-биридан айирса, қиёмат куни Аллоҳ уни суюкли кишиларидан айириб юборади»[1] (Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 6412).

Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Онангга, яна онангга, яна онангга, кейин отангга, кейин бошқа қариндошларингга (яхшилик қил)», дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 1399).

Саъсаъа ал-Мужошиъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Онангга, отангга, опа-синглингга[2], ака-укангга ва бошқа яқинларингга (яхшилик қил)», дедилар (Табароний, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 1400).

Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло оналарингизга (яхшилик қилишга) буюради, яна оналарингизга (яхшилик қилишга) буюради, кейин оталарингизга (яхшилик қилишга) буюради, кейин бошқа яқинларингизга (яхшилик қилишга) буюради (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 44).

Абу Бурдадан ривоят қилинади: Яманлик бир киши онасини елкасида кўтариб, Каъбани тавоф қилдира туриб Ибн Умар розияллоҳу анҳудан: «Эй Ибн Умар, нима дейсиз, онамнинг ҳаққини адо қилдимми?», деб сўради. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Битта тўлғоқ ҳаққини ҳам адо этмадинг» деб жавоб берди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 8).

Умму Ҳониъ бинт Аби Толибнинг озод қилган қули Абу Муррадан ривоят қилинади, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан бирга унинг Ақиқдаги ер-мулкига борди. У ерга кириб бораркан, (Абу Ҳурайра) бор овози билан: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, эй онажон!», деди. Онаси унга жавобан: «Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ», деди. «Мени кичиклигимда қандай тарбия қилган бўлсангиз, Аллоҳ сизга ҳам худди шундай меҳр-шафқат кўрсатсин, онажон!», деди. «Эй болам, қариган чоғимда менга қандай мурувват кўрсатган бўлсанг, Аллоҳ сени ҳам ўшандай мукофотласин ва сендан рози бўлсин» деб жавоб берди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 11).

Қариндошлар билан алоқа қилиш ризқнинг мўл-кўл ва умрнинг зиёда қилинишига сабабдир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда-ким Аллоҳ унинг ризқини улуғ ва умрини зиёда қилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин»[3] (Муттафақун алайҳ).

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қазони фақат дуо қайтаради, умрни эса яхшилик узайтиради» (Термизий ва Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 7687).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм қилсин!» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 1485).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким умри узайтирилишини ва ризқи зиёда қилинишини истаса, ота-онасига яхшилик қилсин ва қариндошлари билан алоқа қилсин!» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2488).

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Савоби энг тез бўлган тоат-ибодат силаи раҳмдир. Ҳатто бир хонадон аҳли фожир бўлганлари ҳолда бир-бирлари билан алоқа қилиб, моллари кўпаяди ва сонлари зиёда бўлади»[4] (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 5705).

Саҳл ибн Муоз отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ота-онасига яхшилик қилган одамга жаннат бўлсин, Аллоҳ унинг умрини зиёда қилсин» (Ҳоким «Мустадрак»да саҳиҳ санаган (4:154), Заҳабий унга қўшилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошларингиз билан алоқа қиладиган даражада насабларингизни ўрганингиз! Зеро, силаи раҳм хонадон аҳлининг муҳаббатига, мол-дунёнинг кўпайишига ва умрнинг зиёда бўлишига сабабдир» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2520).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқа қилсин» (Муттафақун алайҳ).

Алоқани узган яқинларга ҳам силаи раҳм қилиш ва ғаразгўй қариндошга садақа қилишнинг фазли ҳақида

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Халилим соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга яқинларим алоқани узсалар ҳам улар билан алоқа қилишни буюрдилар (Табароний ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2525).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда алоқа қилган одамдир» (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг қариндошларим бор, мен уларга алоқа қиламан, улар мендан алоқани узишади. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қилишади. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қилишади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар ўзинг айтаётганингдек бўлсанг, гўёки сен уларга қайноқ кул едиряпсан экан (яъни, улар оғзига чўғ солинган одам каби алам-оғриққа дучор бўлишади) ва модомики шу ҳолда давом этар экансан, улар қаршисига Аллоҳ тарафидан бир ёрдамчи сен билан бирга бўлаверади» (Муслим ривояти).

Умму Кулсум бинт Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг афзал садақа ғаразгўй (кекчи, адоват қилувчи) қариндошга қилинган садақадир»[5] (Табароний ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2535).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиб, у зотнинг қўлларидан тутдим ва: «Ё Расулуллоҳ, менга энг фазилатли амаллар ҳақида хабар беринг» дедим. «Эй Уқба! Сен билан алоқасини узган яқининг билан алоқангни тикла. Сени маҳрум этган кимсага сен инъом эт. Сенга зулм ўтказганни афв қил», дедилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2536).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Насл-насабларингизни ёдда сақлангиз, қариндошларингиз билан алоқа қилиб турасизлар. Зеро, қариндошлик алоқаси яқин бўлганида масофа узоқ бўлса ҳам узоқлик йўқдир, қариндошлик алоқаси узоқлашганда масофа яқин бўлса ҳам яқинлик йўқдир. Қариндошлик алоқаси қиёмат куни ўз эгаси олдида туриб, агар уни боғлаган бўлса боғлаган деб, узган бўлса узган деб гувоҳлик беради» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 54).

Сувайд ибн Омир ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саломлашиш билан бўлса-да, қариндошлик алоқасини жонлантириб туринглар», дедилар[6] (Вакиъ «Зуҳд»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1777).

Қариндошига бахиллик қиладиган одам ҳақида

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир қариндош қариндоши олдига келиб, Аллоҳнинг унга ато этган фазлу марҳаматидан сўраганида у унга бахиллик қилса, қиёмат куни у учун жаҳаннамдан «Шажоъ» деб аталмиш, тилини ўйнатиб турувчи катта бир илон чиқарилади, у унга ўралиб олади (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2548).

Силаи раҳм гуноҳларга каффорат бўлади

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен бир ёмон гуноҳ қилдим, қандай тавба қилсам бўлади?», деб сўради. «Онанг борми?», деб сўрадилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Йўқ», деди. «Холанг борми?», деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар (Термизий ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2504).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳузурига бир киши келиб: «Мен бир аёлга совчи қўйган эдим, у менга тегишга кўнмади, кейин бошқа биров совчи қўйса унга тегишга рози бўлди. Шунда мен рашк қилиб, у аёлни ўлдириб қўйдим. Тавба қилсам бўладими?» деб сўради. Ибн Аббос: «Онанг ҳаётми?» деб сўрадилар. «Йўқ», деди. «Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва қўлингдан келганича Унга ибодат қил», дедилар.

Ато ибн Ясор айтади: Мен Ибн Аббоснинг олдига бориб: «Нега онасининг ҳаётми, йўқлиги ҳақида сўрадингиз?» деган эдим, «Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳга яқин қилувчи бирон амални билмайман» деб жавоб берди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 4).

Тойсала ибн Майёсдан ривоят қилинади: Мен ҳарурий ва хаворижлардан бўлган Нажда қавми билан бирга бўлиб, уларда ўз фикримча гуноҳи кабира деб кўрган ишларни учратдим. Ибн Умарга бу ҳақда айтган эдим, у киши: «Қандай ишлар экан?» деб сўради. «Шундай-шундай ишлар», деб айтиб бердим. Ибн Умар: «Булар гуноҳи кабиралардан эмас. Улар тўққизта: Аллоҳга ширк келтириш, одам ўлдириш, жиҳод майдонидан қочиш, покиза аёлни бузуқликда айблаш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, масжидда ботил иш-сўзларга бурилиш, динни масхаралаш, оқпадар бўлиб ота-онани йиғлатиш». Ибн Умар менга яна шундай деди: «Дўзахдан қўрқасанми, жаннатга киришни истайсанми?» «Албатта», дедим. «Ота-онанг ҳаётми?», деб сўради. «Онам бор», дедим. «Аллоҳга қасамки, агар унга ширин сўзласанг, яхши едириб-ичирсанг, модомики гуноҳи кабиралардан сақланар экансан, албатта жаннатга кирасан», деди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 6).

[1] Ҳадис далолатига кўра, ота-она ажрашиб кетган ҳолда бола тарбиясига она ҳақлироқ бўлади.

[2] Ҳадис опа-сингилнинг ҳаққи ака-уканинг ҳаққидан муқаддам қўйилишига далил бўлади.

[3] Кишининг энг яқин қариндоши унинг отаси ҳисобланади.

[4] Мазкур ҳадисларни тушунишда баъзилар қийналадилар ва «инсоннинг умри яратилишидан илгари белгилаб қўйилган бўлса, унинг ажали бирон дақиқа аввал ҳам, кейин ҳам келмаса, қандай қилиб яхшилик ва силаи раҳм сабабли унинг умри узайиши мумкин?» дейишади. Жавоб шуки, бу икки иш ўртасида зидлик йўқ, зеро силаи раҳм қиладиган одам ҳали яратилмасдан туриб Аллоҳнинг илмида унинг силаи раҳм қилиши маълум бўлган, демак Аллоҳ уни яратмасидан туриб умри зиёда бўлишини тақдир қилиб қўйган. Агар силаи раҳм қилувчи бўлмаса эди, унга бу зиёдалик бўлмаган бўларди.

(Таржимондан: Уламолар юқорида ўтган ҳадислардаги «умри узайтирилиши» иборасини шарҳлар эканлар, баъзилари умри узайтирилиши ҳақиқий маънода бўлмаслигини, зеро бу Аллоҳ таолонинг «Ажаллари етиб келганида уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, муқаддам ҳам қила олмайдилар» (Аъроф: 34, Юнус: 49, Наҳл: 61) оятига зид келишини айтиб, ушбу иборани «унинг умрига барака берилади, яъни Аллоҳ таоло ҳаётини буткул хайрли ишлар ва тоат-ибодатлар билан ўтказишга муваффақ қилиб қўяди», «вафотидан сўнг узоқ вақтлар номи яхшилик билан эсланади», «ортидан дуо қиладиган солиҳ фарзандлар ва қариндош-уруғлар билан насибадор қилинади» каби маъноларда шарҳлаганлар. Баъзилари эса ҳақиқий маънода ҳам умри узайтирилиши мумкинлигини, бу Аллоҳ таъолонинг илмига хос нарса бўлиб, Ул зот ўз ҳузурида: «ушбу банданинг умри шунча, бироқ ихтиёрий ҳаётида мана бундай амалларни қилса, умрига шунча қўшилади» деб ёзиб қўйган бўлиши мумкинлигини айтганлар. Қаранг: «Фатҳул Борий», 5526-рақамли ҳадис шарҳи.)

[5] Чунки, бундай кимсага садақа қилиш бир тарафдан силаи раҳм бўлса, иккинчи тарафдан унинг қалбидаги мараз ва адоватни даволаш бўлади. Зеро, садақот бериш кўпинча уни олувчи кишининг қалбидаги адоват ва нафратни кетказишга сабаб бўлади. Натижада бу билан икки ажр – силаи раҳм ажри ва ҳалиги кишининг қалбини даволаш ажри ҳосил бўлади.

[6] Силаи раҳм энг камида
саломлашув билан амалга ошади, бу эса истаган одамга, ўртадаги масофа ҳар қанча
узоқ бўлмасин, имкони бўлган ишдир. Узоғингизни яқин қилувчи турли-туман алоқа
воситалари кенг тарқалган ҳозирги даврда ота-она ва қариндошлари билан алоқа
қилмайдиган одамга асло узр йўқ!

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.